OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲабиб Сиддиқ
Асар номиҲомий қидиряпман (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Ҳабиб Сиддиқ
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм16KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ҳомий қидиряпман (ҳажвия)
Ҳабиб Сиддиқ

Янги ишга келган пайтларим эди. Бир ишни эплолмай қолувдим устамнинг жаҳли чиқиб кетди.
— Сурат экансан-ку, хумпар.
—Ҳа-ҳа, Сураталиман, — дедим.
— А? …
— Чиндан ҳам шундай. Исмим Суратали, фамилиям Робиев.

Уста сал жаҳлидан тушиб жилмайди.
— Унча мунча шеър ҳам ёзиб тураман, — дедим.
— Йўғ-э?... Тахаллусинг ҳам бордир.
— Бўлмасачи!.. Тахаллусим Сур Роб. Исми шарифимни юқорида айтдим-ку! Шундан қисқартириб устозим қўйиб берганлар.
— Э-ҳа. Ўзинг ҳам исми жисмига монанд сургина йигитга ўхшаб турибсан.

Устанинг бу мақтовидан анча талтайиб кетдим. Бир иккита шеърларимдан ўқиб бердим.
— Балосан-ку, хумпар, — деди уста. – Бу китоб-митоб чиқарай демаяпсан-ми?

Ўзиям шунақа деб сўрайдиган одамни тополмай юрувдим. Дардимни бир бошдан тўкиб солдим.

Аслида-ку, туман газитида қўшнимизнинг қўйи эгиз қўзилагани ҳақидаги хабарим босилиб чиққандаёқ анча машҳур бўлиб кетганман. Кейинчалик бир нечта тенг тушларимизнинг туғилган кунларида, тўйларда шеърлар ўқиб қишлоғимиз одамлари орасида оғизга тушдим. Ҳатто битта шеърим вилоят газетасида ҳам босилган. Ўшанда роса қизиқ бўлган-да. Айтсам куласиз. Сарлавҳасини ўзгартириб юборишибди. Сатрларимни ҳам андак таҳрир қилишган экан. Ўқидим. Таниш гапларга ўхшайди, лекин қаерда кўрувдимикин?.. Ие, хаёлим қурсин, тагида тахаллусим турибди-ку!.. Шеър меники эканлигини билгач, хурсандлигимдан дўппимни осмонга отганман. Ана шунда китоб чиқарсам, деган орзу кўнгилда пайдо бўлди. Аммо бунинг учун ҳомий топишим керак эканлигини анча кеч билдим. Шеърларимни мактабимиз директорининг котибасига машинкалатиб, китоб чиқарадиганлар мени кўрганда шошиб қолишмасмикин деган ҳадик билан ўзимни сал сипороқ тутиб, нашриётга кириб бордим.

Салом-алик ва қисқагина танишувдан кейин бу ердаги жовонларда, столларда, ҳатто полда ҳам тахланиб, чанг босиб ётган папкаларни кўриб ҳайратга тушдим. Ҳаммаси бўлғуси китобларнинг қўлёзмаси эмиш. Тўпламим ана шундай чанг босиб ётмаслиги учун олдимда битта йўл бор экан. У ҳам бўлса бирорта бели бақувватроқ ҳомий топиш.
— Асаринг билан ишимиз йўқ. Ҳомий топсанг бўлди. Бадиий савияси учун масъулиятни ҳам олмаймиз. Босиб бериш биздан, — деди хусусий нашриёт директори. — Ҳомийларни топиш бўйича эса ижодий изланиб ишлашинг керак-да, жигар. Кеча газетда битта шоирни мақтаб ёзишибди. «Изланишлари ўз самарасини берди. Энди у муҳлислардан кўра ҳомийларни осонроқ топяпти» деб. Бир амаллаб қитиғини топасан-да энди. Бекордан бекорга ким ҳам сенга бир нарса беради. Бирорта бели йўғоннинг этагига ёпишиб, енгидан кириб ёқасидан чиқасан.

Ана шундан кейин белни боғлаб ҳаракатга тушдим. Ҳомий деганлари ҳам осонгина топилавермас экан. Борган жойларимда мендек шоирнинг ташрифидан ортиқча ҳаяжонга тушиб қолишмасин, деган фикр билан ўзимни сипороқ тутишга ҳаракат қиляпман. Камтарлик яхши-да. Туманимизнинг катта шоирларидан бириман деб юрган бўлсам ҳам ҳар борган жойимда ўзимни таништиришга тўғри келди. Танишувдан кейин эса бўлғуси ҳомийларимга ижод намуналаримдан ўқиб ташлайвердим. Ким билан гаплашаётганини билиб қўйишсин-да. Шеърларимни тинглаб баъзиси «Ў-ҳў» деб юборди, бошқаси индамай жилмайиб башарамга қараб бош чайқаб қўйди. Ҳатто «олло сабр-қаноат берсин, бу ҳам бир кўргилик-да», дейдиганлар ҳам бўлди. Шунга қарамасдан, астойдил излаган албатта топади, деган гапга амал қилиб ҳомий излаш бўйича ҳаракатимни бўшаштирмадим.

Бўрдоқичилик базасидаги амакимга таклифим маъқул тушмади.
— Ҳомийинг нимаси? – деди сал анқайиброқ. – Э-э, испонсўр деганида-а?... Хўш, қанча пул керак … Уч юз минг?!. Ие, ҳазиллашма-э, жиян. Қўй, бунақа гапларни. Сенинг шеърингдан менинг буқаларим семириб қолмайди. Улар китобингни ўқишмайди, мен ҳам…Бундан ташқари сенга ким қўйибди китоб чиқаришни. Кўрпангга қараб оёқ узат. Ўзи аҳволинг нима-ю! Ундан кўра, аввало, рўзғорингни бут қип қўй. Бечора хотининг ҳам ҳомий қидириб кетиб қолмасин тағин.

Аъзойи баданимдан тер чиқиб кетди.
— Хафа бўлма, жиян, — деб мени юпатган бўлди амаким. – Бу аҳволга тушган битта сен эмас. Ана биттаси сигирларни сунъий урчитиш бўйича оммабоп китоб ёзган экан, ҳомийлик қиласиз деб тихирлик қиляпти. Ёрдам беролмаяпман.

Ана шундан кейин тоғамга умид боғлаб кўрдим. У киши қассобларнинг каттаси. Мана, ҳайрият китоб чиқаришнинг ҳамма ҳаражатини бўлмаса ҳам бир қисмини кўтарадиган бўп турибди. Лекин, огоҳлантириб қўйди:
— Китопингни шапалоқдек қилиб бостирмагин-да. Катта парматда босишсин. Жа-а бўлмаса гўшт ўраб сотворамиз. Ана ундан кейин китобинг ҳам, пичоғинг ҳам мой остида бўлади. Пистапурушлар билан гаплашиб кўриш керак. Улар ҳам анчадан буён ҳар хил китоб ёзадурғонлар билан ижодий ҳамкорлик қилиб туришади.
— Китобимда сизнинг хўжалигингиз одамларининг образини яратганман. Ҳомийлик қилмайсизми? – дедим ўзимиз яшайдиган ҳудуддаги ширкат хўжалигининг раисига.
— Биласанми, ука, бу масалада ҳисобчимиз билан бир гаплашиб кўришинг керак.
— Китопингни биззи калхўз ҳақида дейсан-ми .. Материалларни ким берган?... Ўша фактлардан фойдаланганинг учун хўжалик кассасига пул тўлашинг керак. Ҳозир ҳисоблаб бераман…

Ҳисобчи кўзойнагини тақиб чўтини яқинроқ сурувди, секин сирғалиб қочиб қолдим.
— Ҳали унга ҳомийлик, ҳали бунга ҳайрия, деб хўжаликларга кўрсатма беравериш ҳам ноқулай бўляпти, — деди туман ҳокими муовини.— Бизда пахтачилик бўйича ихтисослашган хўжалик бор… боғдорчилик, чорвачилик бўйича ҳам бор. Қани энди, ҳомийлик бўйича ҳам ихтисослашган хўжалик бўлса-ю, бошқаларга сарғайиб ўтирмасанг. Ахир, ўзларига енг бўлолмаётганлар бошқага ёқа бўлармиди?.. Ўзи бу кетишда дунё иккига — ҳомийлар ва ҳомийталабларга бўлиниб қолмаса деб қўрқаман.
— Озгина кеч қолибсан-да. Биз яқинда битта китоб чоп этишга ҳомийлик қилдик, — деб афсусланди яна бир танишим. — Илмий оммабоп асар эмиш. Номиям зўр: «Пашшанинг горизонтал учишининг сув омбори тўғони мустаҳкамлигига таъсири» деган.
— Қанақа пашшанинг? Хира пашшанингми? — дедим энсам қотиб.
— Қаёқдан биламан? Худди мен ўқиб кўргандай сўрайсан-а?.. Ҳа, дарвоқе ўша олим кеча яна қўнғироқ қилибди. Йўқ эканман, котибам билан гаплашибди. Энди тўғоннинг мустаҳкамлигига чивиннинг таъсири ҳақида китоб ёзаётган эмиш.

Ҳафсалам пир бўлиб юрганимда яна биттасини тавсия этишди. Бу ёғини сўрасангиз бунисининг гаплари ҳаммасидан ҳам ўтиб тушди:
— Ҳомий ҳам ҳар хил бўлади. Мен назарий ҳомийлик қилишим, маслаҳат беришим мумкин. Кейин даромаднинг қанча фоизи менга тегишини айтиб қўйсанг бўлди. Масалан, газли сув дўкони очсанг бўлади. Дарчанинг тагида ўтириб «танга, санга, манга, пул, гул, тул» деб қофиялаб шеърингни тўкиб ўтираверасан. Э-э, бу ерга не-не одамлар келмайди. Ойнаванд хонада ўтирганинг учун ҳам башаранг ҳаммага таниш бўп кетади. Анча–мунча шеърларингдан ўқиб ўтирсанг шу ернинг ўзидаёқ машҳур бўп кетишинг ҳеч гап эмас. Айтишларича Ўрисиянинг катта шаҳарларида шоирлар йўл бўйида ўтириб шеър ўқиб ҳам анча-мунча пул ишлаб олишармиш. Бахтинг чопиб каттароқ шоирлар келиб қолса кўзга ташланиб қолишинг ҳам ҳеч гап эмас. Бошланишига ўша дўконни тебратиб турасан. Ишинг юришиб кетса билярдхонами, яна қанақадир хона қип қўйсак китопингни чиқими чўт бўмай қолади.

Ҳомий қидириб югуравериб суробим тортилиб қолди. Шуҳрат пиллапояларидан юқори томон ўрмалашнинг ягона йўли ҳомий топиш ва китоб чиқариш экан — чидамасдан иложим йўқ. Бахтим очилиб кетиб китобим чиқиб қолса барча таниш-билишларга тарқатиб чиқаман, деб турибман. Бизникидан борган совчиларни мулзам қилиб қуруқ қайтарган Маҳмуд найновнинг қизи Сухсуройнинг эри Холмат сўтакка ҳам тагдор дастхат билан биттасини бераман. Хотинига олиб бориб кўрсатади-да. Ана ўшанда бечора билмасдан ноз қилиб қўйиб мендай машҳур шоирнинг хотини бўлолмай қолганига афсусланиб, пахмоқ сочини чангаллаб, бир умр армон билан ўтса керак.

Чиқмаган жондан умид деб ҳаракатимни давом эттиряпман. Ўзиям энди ишим юришиб кетадигандай бўп турибди.
— Майли розиман. Фақат мени ҳам китобингга сўаптир қиласан, генаралини бўламиз? — деди ҳомийликка навбатдаги номзод.
— Генерал эмас, гонорар – қалам ҳақи дегани.
— Шапалоқдек китобига фалон минг сўм генерал олишади, дейишади-ку.
— Унчалик эмас. Бундан ташқари сиз умрингизда ҳеч нарса ёзмаган бўлсангиз.
— Нега ёзмай? Ёзганман. Қолаверса ўша китоби чиққанларингни ҳаммаси ҳам ўзи ёзмаган. Бир жойда эълон ёзиб қўйишганмиш: «Ҳаммуаллифлар гуруҳига муаллиф керак» деб.
— Майли, — дедим охири бошқа йўл қолмаганлигига ишонч ҳосил қилиб.— Сизни ўзингиз айтгандай «сўаптир» қиламан. Тахаллус ҳам топиб қўйдим.
— Қандай?

Айтдим. Маъқул тушди. Шундан бери ўша бошлиқнинг кетидан чопаман. Тахаллусини эшитганда ийиб кетармикин деган умидда эшигини аста чертиб ичкари кираман-у қўлимни кўксимга қўйиб дейман:
— Ассалому алайкў-ўм, Мавлоно Ҳомий.

Ана… Ҳомий ҳазратлари жилмайиб қарши олдилар. Энди қуёш биз томондан чиқадиганга ўхшаб турибди. Дўконларни кузатиб тураверинг…Пештахтада Мавлоно Ҳомий ва Сур Робнинг «Шиллиққуртнинг парвози» китобига кўзингиз тушса, билингки, бизнинг кўчада байрам бошланган бўлади.