OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲабиб Сиддиқ
Асар номиНомталаш (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Ҳажв
Муаллифлар
   - Ҳабиб Сиддиқ
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм5KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/25
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Номталаш (ҳажвия)
Ҳабиб Сиддиқ

Ростини айтай: ҳажвияга «номталаш» деб сарлавҳа қўяйми ё «хомталаш», дейми... анча ўйландим. «Нега?» дейсизми? Келинг, бир бошдан сўзлай...

Топоним комиссия раиси қон босими ошиб шифохонага тушиб қолгач, мана шу ташвишлар менинг бошимга тушиб турибди-да. Энди англаяпман, бечоранинг қон босими бекорга ошмаган экан. Кимдир мажлис куни келиб фалон кўчага фалон номни берайлик деса, бир овоздан маъқуллаб кетаверар эканмиз. Эрталаб телефон жиринглаб қолди.
— Петровский кўчасига Шунқорий номини берайлик.
— Ким экан у Шунқорий?
— Туман рўзномасида туркум шеъри чиққан маҳаллий шоир.
— Э-е, унақалар кўп.
— Бердисини айтгунча шошманг. Мардон Пардаевичнинг поччалари-я!
— Унақа бўлса номини каттароқ кўчага бериш керак экан, — дедим кесатиб.
— Бу кўчага бошқа харидорлар ҳам бор, ўйлаб кўриш керак, — деди комиссия аъзоларидан бири эртасига йиғилишганимизда.
— Мактабдагилар бир ўқитувчининг номини қўйсак деб таклиф қилишяпти.
— Ие, қўйсаларинг-чи, нима уларга кўча кўчада қоптими?
— Нима қилсак экан?
— Ҳайронман.
— Ўтирасизми, — деди битта шумроғи. — Ким ошди савдоси қилиб қўяқолмайсизми?
— Ҳозир ҳазилнинг вақти эмас, — дедим хуноб бўлиб. — Эртагача ўйлаб таклифларингни айтинглар.

Бекор қилган эканман. Эртасигача яна қанчаси бошимни қотирди.
— Битта қўчқорни боқиб қўйибман. Оёғингиз тагига сўяман, ака. Шу кўча қўлдан чиқиб кетмасин. Отамиз номини бердирсангиз биздаям қолиб кетмайди.
— Кўчанинг ўнг бетига бошқа, чап бетига бошқа ном берсак бўлмайдими-а? — деди аъзолардан бири.
— Мен ҳал қилмайман. Бизнинг хулосамиз бир таклиф кучига эга, холос, — дейман ҳолдан тойиб.
— Майли, сиз шу таклифни тўғриланг, у ёғини бизга қўйиб беринг.

Уйга келсам, келинингиз яна бир ғалвани бошлаб ўтирибди. Қайнотамиз номини абадийлаштириш масаласи...

Томоғимга бир нарса тиқилгандай бўлди.
— Бу ёғи сизга боғлиқ эмиш. Бир иложини қилинг. Эл-юрт олдида тилимиз қисиқ бўлмасин.

Нима деб ғўлдираганимни ўзим ҳам билмайман. Ечиниб «юз эллик»ни отиб, совиб қолган овқатни апил-тапил туширдим-да, бошимни ўраб ётиб олдим.

... Тушимда ҳамма кўчалар, мактаблар, боғчалар, дала шийпонлари, тижорат дўконларига ном қўйиб бўлинганмиш. Xўжалик бўлимлари, бригада пайкаллари, фермалар, емакхоналар номлари кимларнинг номида бўлиши аниқлаб бўлинганмиш. Фақат ном берилмаган битта тепалик қолганмиш. «Ҳеч кимга бермайман бу тепаликни, ўзимнинг номимни қўяман», деб қичқираётган эмишман...

Ташқарида нимадир қарсиллаб чўчиб уйғониб кетдим. Бошим ванг ётгандим, радио дикторининг овози эътиборимни тортди. Жойларга ном қўйиш тартиби ҳақида янги қарор чиқибди. Комиссиямиз тарқатилиб юбориладиган бўпти.

Енгил нафас олиб, аста ўрнимдан турдим.