OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲабибулло Ҳайдар
Асар номиҚор эгаллаган кун (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ҳабибулло Ҳайдар
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/08/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қор эгаллаган кун (ҳикоя)
Ҳабибулло Ҳайдар

Тонг-ла аёлимнинг ҳиқиллашидан уйғониб кетдим.

– Нима бўлди?

– ...Онам... онам бечора қор тагида қолдилар.

Йиғлайвериб кўзлари шишиб кетибди.

Дераза оша ташқарига нигоҳ ташладим. Ишкомлар ва девор усти оқариб кўринди. Икки қарға ёнғоқ шохида қўнишиб ўтирибди. Қайнонам омонатини топширганига уч ой бўлди. Дафнидан кейин биринчи марта қор ёғиши. Ажабо, яқин одаминг¬ни қора ерга топшириш бир алам бўлса, оппоқ қор остида қолиши минг алам экан-да!

Тўрткўз ваҳимали ириллаб, дарвоза томон чопди. Елкаси қора, қорни оқ, қовоғи устида кўзсимон оқ қашқаси бор, унча келбатли бўлмаса-да, баджаҳл итимиз биров билан ҳадеганда чиқишиб кетавермайди. Аммо одам танишига қараб, ҳар сафар ёқа ушлаймиз. Яхши одамни билади... ёмонни ҳам. Афтидан дарвозани қоқаётган кимса – итим суймайдиган эски танишларимдан ё бирор бегона.

Қўл-бетимни совуқ сувда чайиб, чақирилмаган меҳмонни қаршилашга ошиқдим. Ерни бир қарич чамаси қор қоплабди. Уч-тўрт қадам юрмасимдан ковушим қорга тўлди. Аёлим қор илк учқунлаганда йиғи бошлаган бўлса керак, йўқса бунчалар бўғриқиб кетмасди.

Дарвозага етгунимча ковушим ичидаги қор эриди, оёғим жиққа ҳўл бўлди. Тошни суриб, омонат дарвозани очдим. Рўпарадан ўтган кўча садаф мисол ялтиллайди. Кўчада, наинки одам, издан-да нишон йўқ эди.

Совуқ ва мусаффо қор ҳидини эргаштириб уйга кирдим.

– Ким экан?

– Ҳеч ким.

О-о-о-о-о-о-о-в-м... О-о-о-о-о-о-о-в-м... О-о-о-о-о-о-о-в-м...

Масжид тарафдан азон товуши келди. Таҳорат олиб, бомдодга турдим. Аёлим уй ишларига алаҳсиб кетди. Бирин-кетин болалар уйғонди. Нонуштадан кейин ишга отландим.

– Кетдим, пешин келаман.

– Яхши бориб келинг.

Ҳамхонам Мурод ака билан у ёқ, бу ёқдан суҳбатлашиб, иш вақтини ўтказдим.

– Бўпти ака, мен уйга кетдим.

– Яхши кунларда кўришайлик.

Кўча бўйлаб ёлғиз қайтдим. Йўлда зоғ ҳам учрамади. Орқа-олдимда яккаш ўзимнинг изларим.

– Яхши келдингизми?

– Келдим. Ниманг бор?

– Ҳозир.

Болалар билан овқатландик.

Шу пайт дарвоза гурсиллади. Ит ҳурди.

– Ўзим қарайман.

Чиқдим. Итим ялтоқланиб дум ўйнатди. Унга эътибор қилмасдан дарвозани очдим. Кўча бўм-бўш. Фақат ўзим босиб келган излар. Уларни ҳам қор кўмай дебди.

– Ким тақиллатибди?

– Ҳеч ким.

О-о-о-о-о-о-о-в-м... О-о-о-о-о-о-о-в-м... О-о-о-о-о-о-о-в-м...

Пешин азони айтилди. Ибодатдан сўнг дераза бўйлаб қор учқунларини санай бошладим.

Бир...икки...уч...тўрт...беш...олти...етти...

Ухлаб қолибман...

Туш кўрдим...

Дарахтлари осмонни тўсган чароғон бир боғ. Бир шохда мен аввал кўрмаган гўзал қуш ғаройиб товушда сайраяпти. Шу лаҳзада хаёлимдан жаннат деган ўй ўтди. Қувониб кетдим. Бир вақт ҳалиги қуш оппоқ либосга ўранган қизга айланди. Қиз менга таъзим қилди, сўнг боғ оралаб йўл бошлади. Унга эргашдим. Ям-яшил бир ўтлоққа чиқдик ва гул япроқлари билан ўралган бир чайлага дуч келдик. Ичкари кирдик. Оёқ остига тўшалган, кўм-кўк майсада ўзимга ўхшайдиган, аммо ёши улуғроқ, соқол-мўйловли, бошига оқ дўппи, эгнига узун оқ кўйлак кийган нуроний киши ўтирибди. Салом бердим. У алик олди ва менга: «Қорахўжа эшонбобо келдилар. Энди сен Нурхўжа эшонбобони олиб келишинг керак.?»– деди. Маъқул маъносида бош ирғаб йўлга тушдим. Ўтлоқ оралаб анча юриб, зилол сувли дарёга йўлиқдим. Қирғоғида бир қайиқ боғланган. Қайиққа чиқиб, эшкак эша бошловдимки, ортимдан овоз эшитилди. Ўгирилиб қарадим-у, бояги қизни кўрдим. Тез чопганидан бошидаги рўмоли сидирилиб тушибди. Қиёфаси танишга ўхшади. Ҳа, ҳа, ўша – қиз... Ҳайрон бўлдим. Юрагимда титроқ турди. Қиз эса ҳамон ошиқади. Югура-югура: «Мен бу ерда қолмайман, бу ерда қолмайман, Иброҳим пайғамбаримизга ўхшаган йигит билан кетаман», деб йиғлайди... Ортга қайтмадим. Оқим бўйлаб эшкак эшдим...

– Туринг, ит ҳуряпти. Биров келганга ўхшайди.

Аёлим овозидан уйғониб кетдим. Дарвоза гурсиллар, унга жўр бўлиб ит ирилларди. Йўлакдаги изларимдан нишон ҳам қолмабди. Қор эса ҳамон элашда давом этяпти. Бора-бора мусаффо қордан ҳовучлаб олдим-да, қўл-бетимни ювдим. Дарвозада биров йўқлигига амин бўлгач, уйга қайтдим.

– Ким келибди?

– Ҳеч ким.

О-о-о-о-о-о-о-в-м... О-о-о-о-о-о-о-в-м... О-о-о-о-о-о-о-в-м...

Аср азони айтилди...

Кичик ўғлим савол беришни яхши кўради.

– Ота, қор қаердан келади?

– Ердан-да, ўғлим.

– Бўлмаса, осмонга қандай чиқди?

– Буғ бўлиб.

– Қандай буғ бўлади?

– Айтган сўзларимиздан.

– Сўз буғми, ота ?

– Ёлғон қўшсанг буғ-да.

– Ёлғон сўзимни буғлатадими?

– ...

– Ота, нимага юзингиздан тикан ўсиб чиққан?

– Қилган гуноҳларим учун.

– Гуноҳ қандай қилинади?

– ...

– Гуноҳ нима, ота?

– ...

– Ота!!!

– ...

Қизчам укасига жўр бўлади. Индамайман. Кўрган тушим таъбирини ўйлайман. Юрагим тўрида бир нима ғимирлайди.

«Ўткан кунлар»ни ўқишга тушдим... Дарвоза гурсиллади. Ит ҳурди. Тағин кимсасиз кўча билан юзлашиб қайтдим.

– Чақирган ким экан?

– Ҳеч ким.

О-о-о-о-о-о-о-в-м... О-о-о-о-о-о-о-в-м... О-о-о-о-о-о-о-в-м...

«Атрофдан шом азони эшитиладир...» Аср таҳорати билан шомга юзландим.

Телевизорда Европа шаҳарларини кўрсатишди. Бир шаҳарда йигирма тоннали машинани шамол кўтариб кетибди. Қисқа ва лўнда ахборот. Қадимда туяни шамол учирса, эчкини осмонда кўр дейишарди. Бир шаҳарни уч метр қор қоплабди. Одамлари қинғир-қийшиқ йўлакчалар очиб ишга қатнашаётган экан. Яна ўғлимнинг савол халтаси очилди.

– Ота, улар ёлғончими?

– ...

Яна дарвоза гурсиллади. Ит ҳурди. Бу сафар аёлим шитоб ўрнидан турди.

– Мен чиқа қолай.

– Қўрқмайсанми? Болалардан бировини олиб чиқ.

Бир оздан сўнг ким биландир сўрашиб кириб келаётган аёлимнинг оёқ товуши эшитилди. Овоз қўйиб сўрадим:

– Ким экан?

– Қишлоқдан келишибди.

– Ким келибди, нима гап?

– Опангиз...Опангиз ўтиб қолибдилар...

О-о-о-о-о-о-о-в-м... О-о-о-о-о-о-о-в-м... О-о-о-о-о-о-о-в-м...

Сўфи хуфтон азонини айтди...

«Шарқ юлдузи» журналининг 4-сонидан олинди.