OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲадая Султон Ас-Салим
Асар номиАёл қалби (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Араб адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ҳадая Султон Ас-Салим
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонШаҳло Аҳмедова (Араб тилидан)
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Аёл қалби (ҳикоя)
Ҳадая Султон Ас-Салим

Мен азобларимни ҳеч кимга билдирмайман. Менинг йиғлашим мумкин эмас, чунки кўз ёшларим менинг қасамимни бузишга мажбур қилиши мумкин. Фақат тунда, ёлғиз қолганимда, ёстиққа юзимни босиб, тўйиб-тўйиб йиғлардим. Одамлар кўзига эса мен ўзимни қувноқ ва хушчақчақ қилиб кўрсатишим керак, юзимдан табассум аримаслиги керак.

Умидлардан холи ҳаёт, фақат азоб-уқубатлардан иборат кунлар қанчалик бефайз бўлишини билсанг эди!

Сен эса, дугонажон, яна мендан бахтлимисан, деб сўрайсан. Бошимга тушган ғамлардан сенга лоақал биттасини ҳам раво кўрмас эдим. Мен доим қўрқувда яшайман, токи менинг энг яқин кишим – севимли опам мени куйдириб кул қилаётган дўзахий алангани сезмасин. Акс ҳолда бу аланга ҳеч бир гуноҳи бўлмаган опамни ҳам жизғинак қилиши мумкин. Мен унга бахцизлик келтираман, ўзимни эса бир умр надомат азобига мубтало қиламан. Ҳамдардлик дардни енгиллаштиради. Мен шундан ҳам маҳрумман.

Сен менинг тақдиримни билмоқчимисан? Майли, айцам айта қолай.

Бунинг бошланганига анча бўлди. Ёрқин қувноқлик, бахтга умидворлик менга ҳам ҳамроҳ эди. Барчаси кўз ёш ва азоб билан якунланди. Xабаринг бор: мен ва опам ота-она меҳридан эрта жудо бўлган эдик. Эрта етим қолгач, амаким Абу Жасимникида паноҳ топдик. Амаким бизга ота, хотини эса оналик қилди. Улар бизнинг ота-онамиз йўқлигини билдирмасликка ҳарчанд ҳаракат қилишмасин, барибир она меҳрини нима ҳам боса оларди?

Мен болалигимдан уятчан ва орзуларга берилган эдим. Опамдан фарқли равишда ўзим ўйлаб топган хаёл ва орзулар оламида кезар эдим. Амаким ва келинойим менга меҳрибон эдилар, лекин мен ўзимни бегона ҳис қилар эдим. Биз улғайиб борардик. Амакимнинг ўғиллари Жасим ва Абдулваҳоб ҳам ўсиб боришар эди. Кичкиналигимизда биз доим бирга ўйнар эдик. Ёшлик палласи етганда дўстлик нозик боғлиқликка айланди. Биз энди опам билан мактабни тугатиб, бошқа ўқишга бормадик, ўша пайтдаги одатга кўра кун бўйи уйда ўтирар эдик. Бир куни мен амаким хотинига мана бундай деётганини эшитиб қолдим: «Хасса, қизларимиз бўй етиб қолишди. Ғанима Жасимга жуда муносиб, Xадича эса Абдулваҳобга мос. Узукка кўз қўйгандай улар». Ўша кундан бошлаб мен Абдулваҳобга бошқача кўз билан қарайдиган бўлиб қолдим. Кутилмаганда мен унда ўзим орзу қилган йигит тимсолини кўрдим. Назаримда, у менга умр йўлдошим сифатида тақдир ёшлигимда олиб қўйган муҳаббат ва меҳрни қайтариши мумкиндай эди.

Нигоҳларимиз тўқнашган пайтларда ҳаяжондан юрагим ҳаприқиб кетар, юзларим анордай қизариб, кўнглим бир дунё қувончга тўлиб, ўз хонамга учиб кирардим. Мен унга ёқишимни ва унинг қалбини забт этганимни ҳис қилардим. Биз ҳеч қачон муҳаббатимизни бир-биримизга ошкор қилмас эдик. Бироқ иккимиз ҳам кўнглимиздан кечаётган туйғуларни сезиб турар, нигоҳларимиз учрашганда вужудимизни кучли ҳаяжон босар эди. Мен келажак ҳақида орзу қилар, хаёлимда шинамгина уй, қувноқ болакайларимиз қий-чувига тўлган уйда яшаётгандай бўлар эдим. Абдулваҳоб ишдан қайтганда, қўлимда гўдак билан уни қучиб олишимни тасаввур қилардим. Мен қувонч билан бахтимни кутар эдим. Лекин доим ҳам бандасининг айтгани бўлавермас экан, денгизчилар тили билан сўзлаганда, кемага керакли шамоллар вақтида керакли томонга эсмас экан. Жасим Лондонга ўқишга кетди. Бир йилдан сўнг унинг кетидан Абдулваҳоб ҳам ўша ёққа йўл олди. Биз опам билан кун санаб, уларнинг қайтишини кутар эдик.

Кунлардан бир кун амаким уйга чуқур қайғуга ботиб келди. У ўз одатига хилоф тарзда ҳеч кимга кулиб ҳам қарамади ва тезгина ўз хонасига кириб кетди. Келинойим изидан хонага кирди-ю, унинг йиғлагани қулоғимизга чалинди. Биз ичкарига чопиб кирдик. Келинойим ерда беҳуш ётар эди. Аввалига биз ўзимизни йўқотиб қўйдик, кейин эса уни ўзига келтира бошладик. Ўзига келгач, у бошига уриб: «Оҳ, болажоним!» деб фарёд қила бошлади. Амаким унсизгина йиғлар эди. Жасим ўлган эди. Бутун уй фарёдга тўлди, биз аламдан кийимларимизни йиртар эдик.

Ўша кундан бошлаб уйимиздан хурсандчилик юз ўгирди. Мен опамга ҳамдард бўлиб кўз ёши тўкар эдим. Болалигим ёдгори, жигарим, ҳаётдан тез кетган дўстим Жасимга аза тутар эдим. Мен тақдирнинг кутилмаган зарбаси натижасида сочи оқарган амаким ва келинойимнинг дардига шерик бўлиб, кўз ёши тўкар эдим. Лекин кўнглимнинг туб-тубидан Абдулваҳоб ўлмаганига хурсанд эдим.

Ғам-андуҳга кўмилган хонадонда қайғули кунлар бошланди. Амаким ҳеч ёққа чиқмас, кўз ўнгимда сўлиб борар эди. Дўстлари уни бу ташвишлардан чалғитишга уринсалар ҳам фойдаси йўқ эди. Агар биров нохос уни «Абу Жасим» деб чақириб қолса, у мусофир юртида жувонмарг бўлган тўнғич ўғли тирилиб келгандек аланг-жаланг бўларди.

Вақт ўтиб борарди, Аллоҳга астойдил сажда қила-қила аламлардан бироз ўзига келиб қолган бўлса-да, амакимнинг юзидаги табассум бир умрга сўнган эди. Одамлар, ҳамма нарса майда-чуйдадан бошланади, дейишади. Лекин биз яқинларимиздан жудо бўлганимизда бунинг акси бўлади. Дастлаб дард бениҳоя оғир бўлиб, жуда секинлик билан унутилади, охири элас-елас хотираларгина қолади. Опамда ҳам шундай бўлди. Дастлаб у анча кун туз тотмади, алаҳсиради, бетоқат бўлди. Лекин вақт ўтиши билан у ўзини тутиб олди. Соғлиғи ҳам тикланди.

Уч йил ўтгач, Абдулваҳоб уйга қайтди. У етилиб, ҳақиқий эркак бўлган эди. Айрилиқ, кутиш азоблари тугади. Биз яна нигоҳларимиз тўқнашганда андишадан ҳаяжонланиб, қизара бошладик, қалбларимизда яшириниб ётган сўзларни эшитардик. Абдулваҳоб келгач, уни уйлантириш ҳақида гап қўзғала бошлади. Бу гапларни ҳар эшитганда қотиб қолар эдим ва тезроқ тўй бўлишини ич-ичимдан хоҳлар эдим. Бир куни тушликдан кейин меҳмонхонада ўтирган эдим, амаким билан Абдулваҳоб кириб келишди. Одоб юзасидан мен хонадан чиқдим ва ошхонада уларга чой дамлай бошладим. Эшикка яқинлашганимда, амакимнинг сўзлари қулоғимга чалиниб қолди:
– Амакингнинг қизи сенга жуда муносиб, Абдулваҳоб.
– Бироқ мен унга акасидайман-ку! Ахир, қандай қилиб эр-хотин бўламиз?

Кўз олдим қоронғилашиб кетди! Бу гапларни Абдулваҳоб айтаяптими?

Наҳотки, ўйлаган нарсалар фақат орзу бўлиб қолса? Кўзларидаги ҳалиги муҳаббат-чи? Наҳотки, бу ҳам кўзбўямачилик бўлса? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Мен бунга ишонмайман. Йўқ, ишонмайман! У мени севишини унинг қарашларидан, учрашганимизда рўй берадиган сурурли ҳаяжонлардан сезардим-ку! Наҳотки, у шундай осонлик билан мендан воз кечса?

Мен бировлар гапини ўғринча эшитишни хуш кўрмас эдим, лекин эшик ортидаги гаплар қулоғимга ўзи баралла эшитилмоқда эди.
– Мен сени ўстирдим, маълумотли қилдим, – дерди амаким, – сени йўқотгим келмаяпти. Ҳа, ўғлим, амакингнинг қизи сенга жуда муносиб.
– Мени ҳам тушунинг, ота. Аллоҳ шоҳидки, сизни норози қилиш ниятим йўқ. Лекин бу қиз менга сингил қатори бўлиб қолган.
– Яна ўша гапми? Мен бу сўзларни эшитишни истамайман. Сен унга уйланасан.
– Отажон! Ўтинаман!
– Гапим – гап: унга уйлансанг ҳам уйланасан, уйланмасанг ҳам уйланасан!

Бу қандай гап? Наҳотки, севгилимни тортиб оладиган бошқаси пайдо бўлган бўлса? Ким у?

Туни билан йиғлаб чиқдим, юрагим зим-зиё эди. Эрталаб мен Абдулваҳобнинг кўзларида мени мафтун қилган ҳамон ўша меҳрибонликни кўрдим, лекин энди аввалги хурсандлик ўрнини қандайдир маъюслик эгаллаган. Йўқ, менинг қалбимни алдаш қийин. У фақат мени севади. Лекин нимага у менга уйланишга қарши? Балки биронта башанг аёлнинг макрига илингандир? Майли, менга у бахтли бўлса бўлди. Xоҳлаганига уйлансин. Мен эса Аллоҳдан унинг бахтини сўраб, кўз ёш тўкаман. Ўзингни қурбон қилиш ҳам бир бахт. Мен уни мажбур қилолмайман.

Бугун ҳам ўша гапларни эшитдим. Лекин охири Абдулваҳоб рози бўлди. У худди ўлимга кетаётган одамга ўхшарди. Наҳотки мен унга шунчалар жирканч кўринсам? Мен уни севаман, лекин бундай никоҳга рози эмасман. Мен рози бўлолмайман. Унга ортиқча даҳмаза бўлишни истамайман.

Энди уйда фақат бўлажак тўй ҳақидагина гаплашишар эди. Мен ва Абдулваҳобдан бошқа ҳамма буни хурсандчилик билан кутмоқда. Мен ўзимни ҳақоратлангандек ҳис қилардим. Абдулваҳоб эса тобора қайғуга чўкиб, сўниб борарди. Унга ачинардим-у, аммо нима қилишни билмасдим.

Ниҳоят, мен ҳаммасидан хабар топдим.

Маълум бўлишича, турмушга мен эмас, опам чиқаётган экан. Катта қиз кичкинасидан олдин турмушга чиқиши керак. Бу бор гап. Бу ерда севги-певгининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Мен тентак эсам, Абдулваҳобни хиёнатда айблаб, ранжиб юрибман. Аслида мен ҳам, у ҳам тақдир ва одат қурбонлари бўлган эканмиз, холос. Менинг опамдан хафа бўлишга ҳақим йўқ эди – унинг ҳеч гапдан хабари йўқ-да. Абдулваҳобдан ҳам ранжишга ҳаққим йўқ. У ота юзига оёқ босолмасди. Унинг учун отанинг норози бўлишидан даҳшатли нарса йўқ. Нима бўлганда ҳам бизнинг бундан буёнги ҳаётимиз дўзахга айланадиган бўлди-да.

Тўй куни юрагим зардобга тўлиб кетган бўлса-да, ўлганимнинг кунидан жилмаяр эдим. Келин-куёв ёлғиз қолишганда мен аламимни йиғидан олардим. Ичимдан ўтганини ўзим биламан, рашкдан куйиб-ёнсам ҳам сир бой бермаслигим керак. Мен энди унга қарай олмайман, чунки у энди опамнинг эри. Мен энди ўз туйғуларимни унутиб, шу ҳаётга кўникишим керак. Опам ҳозир фарзанд кутмоқда. Оиладаги тинчликни бузгандан ўлганим афзал. Мен опамни яхши кўраман.

Амаким эса ўз бурчимни бажардим деб, хурсанд. Энди улар келинойим билан қандай қилиб набира боқишни ўйлашар эди. Сен мендан энди нима қилмоқчи эканимни сўраяпсан. Ҳеч нима. Абдулваҳоб мени унутишини истайман. Балки у ўзини қўлга олар ва унинг нигоҳидаги мени ёндирувчи ўт сўнар. Бўлмаса, мен ҳам чидолмайман. Шикоят қилгандан нима фойда, дугонажон! Бахциз бу дунёда бир мен эмасман-ку! Менга ўхшаб, дардини ичига ютган қизлар қанча! Кунлар қанчалик бир-бирига ўхшаш зерикарли! Кун ботганда ўзингда бир қадар енгиллик сезасан, лекин кейинги тонг кун янада узунроқ келишини башорат қилади.

Сен Абдулваҳоб бор гапни отасига гапириб, кураша олмасмиди, деб сўрайсан. Бунинг иложи йўқ. Нега бунга рози бўлдинг, дейсанми? Ўзинг айт-чи, бизга ўхшаш қизлар қачон кўнглидагини айта олган?

Менинг бахциз тақдирим ҳақидаги гаплар шулар, дугонажон! Сендан илтимос, бу ҳикояни одамларга айтиб бер, токи улар аёлнинг ҳам қалби борлиги, фақат бошқалар тиккан алам ва қайғу либосини киймасдан, у ҳам ўз тақдирини ўзи ҳал қилиши мумкинлигини билишсин.