OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲаким Назир
Асар номиМаслаҳат (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Социалист реализм
Муаллифлар
   - Ҳаким Назир
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/25
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Маслаҳат (ҳажвия)
Ҳаким Назир

Таниқли адибга вилоятдан хат келди. Унда бир одам ижодга қаттиқ берилгани, кўпдан қоғоз қоралаб келаётган бўлса-да, ёзганлари матбуот юзини кўрмаётганидан нолибди. «Сиз асарни қандай ёзасиз, шуни хат орқали билдирсангиз. Ё бўлмаса, бевосита маслаҳат олиш учун ҳузурингизга борсаммикин», дебди. Ёзган нарсаларидан бир дафтарини хатга илова қилибди. Адиб, дафтарни варақлаб ўтирди-да, ўйланиб қолди. Қайси бири маъқул: хат ёзганими ёки ўзини чақириб маслаҳат берганими? Яхшиси, ҳаваскор узоқ йўл босиб овора бўлмай қўя қолсин, деб жавоб ёзишга жазм қилди.

«... Ҳозир, укажон, ошкоралик замони, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бор гапни дангал айтавераман. Ёзувчилик бу хамирдан қил суғуриш ёки қаймоққа патирни ботириб ейиш эмас. Ғалва, ташвишдан қочмаган одамнинг иши...

Мана, қўлга қалам тутдинг, дейлик. Агар у оппоқ қоғоз устида силлиққина юрақолса-ку, хўб-хўб. Руҳинг кўтарилиб, кўзингга олам гулистон кўринади. Ёзганларингни мухлисларинг пайсалга солмай босиб чиқаришса, ўзингни дунёда ҳаммадан омадли ҳисоблайсан. Яллама-ёр айтиб, оёқ ўйинига тушворгинг келиб қолади. Бироқ шу он яна юрагинг пўкиллай бошлайди. Танқидчи шоввозлар бор, улар нима дейишаркин? Xудо ярлақаб маъқуллашса, дўппинг осмонда, кўнглинг тоғдай кўтарилган, қилган меҳнатинг чарчоқлари чиқиб кетади. Ёзгинг ва яна ёзгинг келади. Бошингда янги ўй-фикрлар, воқеалар ғужғон ўйнаб, мани ёз, деб қистайди, янги қаҳрамонлар ўз домига тортади. Оламга бошқатдан келгандай бўласан. Гоҳо эса қаҳрамонларинг бошига оғир мушкулликлар, кулфатлар тушиб қолса-чи? Улар билан биргалашиб қайғурасан, юм-юм йиғлайсан. Бундай кезда яхшики ёнингда одам йўқ, агар бўлганда турқингни кўриб ҳар хил гумонларга борган бўларди. Шу ҳолда дастлаб учратадиган кишинг, албатта, умр йўлдошинг бўлади. У аҳволингдан ё кулгиси қистайди, ё эрим ақлдан оздими, деб чўчиб тушади, Ҳатто «тез ёрдам» чақирмоқчи бўлади. Сен уни аранг бу йўлдан қайтариб қоласан.

Ёзувчилик осон иш эмас. Ҳа, ижод йўлингга басталик тушиб, ҳолингга маймунлар йиғлайди гоҳо. Қўшга қўшилган ҳўкизга ўхшаб столга қапишасан-да, соатлаб қаққайганча ўтирасан, қаламинг қани қимирласа. Иш юришганда вақт қанчалик ғизилласа, иш юришмаганда кун имиллаб, соатлар тақа-тақ тўхтагандек бўлади. Xонадаги оғир сукунат гўё елкангдан ботмон дахсар бўлиб босаётгандай, шу сукунат юкидан қутулиш иложини ахтариб қоласан... Беихтиёр дилингни шубҳалар қоплайди. Ёзувчилигингга ишончсизлик ҳам кўланка ташлаб ўтади. Йўқ, дейсан ўзингни қўлга олиб. Қаламни зўрлаб юргизиб кўрасан. У асов хўтикдай бир ерда депсиниб тураверади. Ўрнингдан туриб кетай десанг, худди биров алланима деб таъна-това қилаётгандай, ўзингни босасан.

Бирпас хаёл тизгинини ўз ҳолига қўйворасан. Деразадан ташқарига назар ташлайсан, эҳе... Тип-тиниқ мовий осмоннинг бир парчасини тўсиб турган дарахтлар шовуллаши, ям-яшил баргларда олтиндай жимирлашиб ўйнаётган шуълалар, шохлардан-шохларга учиб-қўниб яйрашаётган қушчалар чириқ-чириқи... Бирдан қулфи дилинг очилиб, қаламга қўл чўзиб қоласан. Сўз кетидан сўз, жумла кетидан жумла селдай шовуллаб келади. Қаршингдаги қоғознинг яримчаси қораланади-ю, шу билан қалам хитлик қилиб қолади. Қайта-қайта чуҳлаб юргизворай, миянгга теша тегмаган фикр келай деб турганда, ногаҳон қулоғингга сур пашша қўнади-ю, хаёлингни қочириб, ишнинг белига тепади. Янгангиз бугунги газеталарни ташлаб кетганда, эшикдан хонага пашшалар кириб қолган экан-да. «Мен ижод қилаётганда эшикни очманглар, телефон узиб қўйилсин, ёнғин хавфи туғилган тақдирда ҳам каминани безовта қилинмасин!» деб эслатилган-ку, барибир фойдасиз. Фаромушхотирлик ҳам эви билан-да!

Хулласи, шап-шапни қўлга олиб, пашшаларни шапиллатиш бошланади. Моховларнинг уруғи кўплиги-чи! Катталарини қирсанг, энди учирма бўлган дувараклари ҳужумга ўтади.

Кўп уриниш пировардида пашшалар ҳужумидан қутулгандай бўласан-у, бироқ илҳом париси пир этиб номаълум ёққа учиб кетгани ёмон бўлади. Мияда ҳосил бўлган саҳродай бўшлиқни энди нима билан тўлдирасан, илҳом париси қайтиб келармикан-а? Қайтиб келади, дейсан ўзингга далда бериб. Вақтинча бўлса-да, бўшлиқни тўлдириб туриш учун қандайдир овунчоқ, анчайин баҳона ахтариб қоласан. Қўлингга янги газеталарни олиб варақлашга тушасан. Бугунгиларида ҳам ўқийдиган олди-қочдилар кўпга ўхшайди.

Йўқ, укажон, бу сўзларимдан ажабланманг, мени мабодо асабийликдами, инжиқликдами айблай кўрманг. Ижод ишининг бўган-тургани шунақа нозик. Xиёл нарса — узоқдан келадиган вертолёт гумбирими, болалар учираётган варрак дириллашими, чумчуқлар чириллашими, ҳаммаси таъсир этаверади. Ижодчи ўзини қил устида тургандай ёки якка чўпдан ўтаётгандай ҳис этади. Сал тойдими тамом — пишиб келаётган хаёл қозони ағдар-тўнтар бўлади. Қозонни бошқаттадан масаллиққа тўлдириб, ўчоққа оловни янгидан ёқиш керак бўлади.

Азиз укажон, жавоб хатим чўзилган бўлса, узр. Уни шу ерда тўхтатиб, дил-дилимдан айтгим келади. Йигит кишига етмиш ҳунар оз, дейдилар. Бошқа ҳунарингиз бўлса, ўшандан қолмаганингиз маъқулмикан, дейман. Яна ўзингиз биласиз...»

Ҳаваскор ўртоқ хатимни олиши биланоқ, жавоб ёзишга шошилибди: «Қаламкашликнинг сирларини менга ошкора қилганингиз учун ташаккурлар бўлғай. Фақат «Укажон» деб камситганингиз сал ботди. Негаки, сиз жанобларини ойнаи жаҳонда неча бор кўрганман. Чамамда, элликлар нари-берисидасиз. Каминангизни бўлса, олтмишдан нарёқда деб биласиз...»

Оббо, умримда бир марта ижодий маслаҳат берибман-у, шунда ҳам қовун туширибман-да, а?