OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
Siz shu sahifadasiz: Hakim Sattoriy. Timsol / Kiril
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲаким Сатторий
Асар номиТимсол
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Ҳаким Сатторий
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Очиқ хатлар ва мактублар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Таржимон«Ёшлик» журналининг 2012 йил 5-сонидан олинди
Ҳажм26KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/26
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тимсол
Ҳаким Сатторий

Адабиётни ҳамма ўз мезони билан баҳолайди. Агар барчанинг қўлида тарозиси бўлса, унга турлича тош қўйилади. Умумийликдан хусусийликка ўтадиган бўлсак, мен учун адабиёт, аввало, дарс жадвалидаги машғулот эди. Муаллим қўнғироқ чалингач, кириб келади, худди бахши достон бошлашдан олдин дўмбирасининг қулоқларини тортиб қўйгандек, тийиқсиз болаларни тобига келтириб олади-да, дарсни одатдагидан бошқачароқ бошлайди, яъни «ўтган дарсни баҳоламай», бирданига янги дарсни баён этишга киришади.

Одатда, бугун ўтиладиган мавзу муҳимроқ бўлса, устоз шундай йўл тутади: кўнглига тугиб келган гапларини эмин-еркин тўкиб солиш учун вақтдан ютиш мақсадида. Агар у ҳафсала қилса, қўнғироқ чалингунча, яъни 45 дақиқа янги дарсни тушунтириши (баён қилиши) мумкин. Ҳайтовур, муаллимнинг қалбида ҳам қандайдир учқун бор шекилли, шавқ ва ҳафсала билан тўйиб гапиради. Гарчи унинг маърузаси анча узун бўлса ҳам болаларни зериктирмайди (ҳар ҳолда математика ёки физика эмас-ку), аксинча, устознинг завқи ўқувчиларга ҳам кўчиб, синфхонада жонли бир ҳаёт ҳукмрон бўлади. Унда тирик одамлар ё салбий қаҳрамон, ё бош қаҳрамон қиёфасида кезиб юради. Улар ёш қалблар учун бутунлай янгилик бўлган ҳаёт зиддиятларига дучор бўладилар, қийналадилар, изтироб чекадилар, ниҳоят, ўтларда куймай, сувларда чўкмай, «мурод-мақсадларига етадилар», улар дунёни асраб қоладилар. Улар борки, ҳаёт давом этади, улар борки, қуёш порлаб турибди. Балки уларнинг айнан ўзи Қуёшдирлар.

Устоз муболағани анча баланд олган, деганки, «Агар дунёда ҳақиқат бўлмаса, ҳаёт бўлмайди. Қуёш ҳаётни осмондан таъминлаб берса, Ҳақиқат ерда унинг томирини ушлаб туради». Шундай қилиб, мурғак қалбларда Ҳақиқатни ўргатадиган, уни васф этадиган фан сифатида Адабиёт муҳрланиб қолади ва «Адабиёт ҳақиқат фанидир, ким адабиётни билмаса, ҳаётни билмайди, чунки бундай одам ҳаётнинг ердаги асоси Ҳақиқатдан бехабар, уни танимайди, уни севмайди, уни ҳурмат қилмайди» деган момиқ патли тушунча пайдо бўлади.

Ва тажриба орта боргач, ана шу мўъжизани – Адабиётни яратувчи инсонлар бўлишини, улар Шоир, Ёзувчи ва яна бошқа номлар (масалан, Адиб, Танқидчи дегандек) юритилишини билиб оламиз ҳамда уларни қидира бошлаймиз. Қайсидир китоб дидимизга ўтирса, унинг муаллифи «Адабиёт яратувчиси!». Қарабсизки, бир рўйхат пайдо бўлади, у тўлиб бораверади. Таъбир жоиз бўлса, ҳазрат Алишер Навоийдан бошланган бу рўйхатнинг нечанчидир ўрнида ...Одил Ёқубовнинг исм-шарифи бўлгани аниқ.

...Қўлимга бир китобча тушиб қолганди, кафтдеккина, устига япроқларнинг сурати туширилганмиди-ей. Бу Одил Ёқубовнинг »Муҳаббат» ва «Тилла узук» қиссалари жамланган тўплам эди. Уни мутолаа қилиб бўлгач, улуғ орзулар, инчунун, олий ўқув юртига кириб ўқишни дилига тугиб юрган ўсмир кириш имтиҳонидаги қаллобликдан қаттиқ изтиробга тушганман, ҳаётда шунақа ҳолга дуч келсам, нима қилардим, дея мулоҳазага борганман.

Бу ҳозиргача шундай оламда яшаган ўқувчининг эртаклар, афсоналар, муболағалар оламидан жонли ҳаёт қўйнига тушиши эди ва бу вазифани ҳурматли ёзувчининг айнан воқеликдан олиб ёзилган ва унинг «нашъу-намолари» жуда таъсирчан акс эттирилган мўъжазгина асари бажарганди. Шундан кейин ёш ҳавойи кўнгилни бўшлиқдан заминга тушириб қўйишга қодир бўлган «адабиёт»нинг муаллифи қадрдон бўлиб қолди ва бу адибнинг ёзганларини қолдирмай ўқиш одатга айланди. Кейинроқ мутолаадан чиққан китобларни йиға бошладим, уларни дафтарга қайд қилиб бордим. Рўйхатнинг бошида ўша китобчанинг номи қайд қилинган эди. Шундай қилиб, кўпчилик «Маънавий хазинам» деб атайдиган шахсий кутубхонанинг биринчи бисоти ҳам Одил Ёқубовнинг асари бўлди.

Миллий адабиётимиз нақадар бой, унинг сафини бир-бирига ўхшамаган, бетакрор кўплаб сўз санъаткорлари ташкил этади. «Ўнта бўлса, ўрни бошқа» деганларидек, ҳар бирининг ўз олами, айтар сўзи бўлган, бор. Мусиқа асбоблари бирининг ўрнини бири босолмаганидек ёхуд уларнинг бирини яхши, бирини ёмон, деб бўлмаганидек, сўз аҳлининг ҳар бири ҳам мухлислар қалбида ўзига хос тимсол кашф этган. Афсуски, вақт ва замон нуқтаи назаридан қаламкашларнинг ҳаммасини бир хил баҳолаб бўлмайди. Уларнинг қай биридир минг йилларнинг нарисида умргузаронлик қилган бўлса, бировлари юз йиллар уфқидан борлиққа назар солиб туради. Лекин Одил Ёқубов билан бизлар замондош эдик. Яна менга у зотни кўриш, қўл олиб саломлашиш насиб этган. Қолаверса, ўгитларини тинглаш, марҳаматларидан баҳраманд бўлишга ҳам улгурганман.

«Ўзбекистон маданияти» газетаси «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» номи билан қайта ташкил этилгач, у тез орада мухлислар қалбини забт этишга улгурди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор бош муҳаррир бўлган нашр матбуотимизда янги йўл оча олди. Унинг саҳифаларида эълон қилинган долзарб ва қизиқарли мавзулардаги таҳлилий мақолалар ижтимоий фикр осмонида чақмоқдек из қолдира бошлади. Албатта, қисқа даврда рўй берган бундай «портлаш эффекти»ни Одил Ёқубов раҳбар бўлгач, изчил давом эттириш осон эмас эди. «Чемпион бўлиш осон, уни сақлаб қолиш қийин» деганларидек, янги бош муҳаррирнинг зиммасида қозонилган ишончни оқлаш, шу билан бирга мухлислар қалбига яна чуқурроқ йўл топиш вазифаси турарди. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, бу талаб тўла бажарилди, боз устига ошириб уддаланди. Газета мавзулари яна ҳам кенгайди, энди босиқ, ўйлашга ундайдиган руҳ устивор бўла бошлади.

Хуллас, газета «чарақлаб» турган кезларда журналистика факултетининг учинчи курс талабаси амалиётни ана шу нашрда ўтай бошлади. Бу машғулот унга қанчалик завқ-шавқ улашганини тасаввур қилиш қийин эмас. Амалиётчилар таҳририятнинг барча машваратларига рухсат этилавермаса-да, ҳафталик адабий муҳокама (летучка)да қатнашишга ижозат бўлганди. Ана шу аснода бош муҳаррирнинг ижодий жамоа билан муносабатига яқиндан гувоҳ бўлишга муяссар бўлганман.

Газетанинг қайноқ муҳити оҳанрабодек ўзига тортди. Бизлар ҳам устозларга тақлид қилиб (ўзи, кўплаб хайрли ишлар яхши маънодаги тақлиддан бошланади), муаммоли мақолалар ёзишга бел боғладик.

Мен ҳам чўлларда янгидан ташкил этилган аҳоли яшаш қароргоҳлари – посёлкалар билан боғлиқ қандайдир масалалардан баҳс этувчи «Бугунги посёлка – эртанги шаҳар» сарлавҳали мақола ёздим. Бўлим муҳаррири, адабий котиб сингари босқичлардан ўтиб, мақола эпақага келди, босмахонага тушиб, терилиш бахтига ҳам муяссар бўлди. Энди асосий гап – газета саҳифасида кўриниши қолган эди. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»да мақоланг чиқибди» деган хушхабарни эшитаман, деб кунларни санаб ўтказа бошладим. Бу орада амалиёт муддати ҳам тугади, ўқишлар ҳам бошланди. Энди кунлар изидан ҳафталар ўта бошлади, бироқ мақола ёруғлик юзини кўрмасди. Ҳафталарни қувиб, ойлар ҳам ўтди, амалиётдан имтиҳон топшириш муддати ҳам яқинлашди.

Ростдан ҳам, таҳририят папкаси мақолаларга тўлиб кетган, энг яхшилари сараланиб-сараланиб эълон қилинардими ёки талабанинг «ижоди» унчалик оҳанраболи эмасдими, хуллас, посёлкадан шаҳар пайдо бўлишга етадиган муддатда ҳам мақола чиқмади. Нима қилиш керак? Қуйидаги барча ходимларга илтимослар беиз кетган, ҳатто амалиёт раҳбари – бўлим муҳаррирининг саъй-ҳаракати ҳам иш бермаган эди. «Ётиб қолгунча отиб қол» қабилида ўзим бош муҳаррирга киришга қарор қилдим. Анча тайёргарликдан сўнг шу ишни амалга оширдим.

Котиба менинг кирмоқчи эканимни билдиргач, раҳбар, ҳайтовур, қабул қилишни эп кўрди (ҳолбуки, ўтган йил амалиёт ўтилган бошқа бир тармоқ газетасининг раҳбари ўзи қабул қилмай, муовинига йўллаган эди). Роса тўлиб кетган эканманми, ҳасратимни тўкиб солган бўлсам керак-да, таниқли ёзувчи ҳам мутаассир бўлиб, ўз туйғуларини изҳор этган. Шу суҳбатда бир гап хотирамда алоҳида ўрнашиб қолган: «Кўплаб ёшлар туфлисининг изидан эргашиб юради, ўзи миясини ишлатиб, ҳаракатини бошқара олмайди». Кейин бир оз таскин бериб, «Ҳали кўп мақолалар ёзасиз, катта журналист бўласиз. Ҳар нарсага хафа бўлаверманг» деганлар. Шундан кейин масъул котибни чақириб, «Талабанинг мақоласи уч ойдан бери терилган турибдими, нега бериб юбормадинглар?» қабилида бир оз дашном берганлар. Мақола шу сонда эълон қилинган. Унинг чиқиши курсдошларим ўртасида мен учун обрў бўлган.

«Бир кўрган билиш, икки кўрган таниш» деганларидек, кўплаб китобхонларга эга бўлган ёзувчи энди менга ҳам яқинроқ эди ва бундан чинакамига ичдан фахрланар эдим. Таассуротларим ҳар ҳолда теранроқ мулоҳаза юритишга ҳам ундарди. Чунончи, «Нима учун ёзувчи бўладилар? Ниҳояти қозон қайнатиш учунми? Бунақада тирикчиликнинг унғайроқ йўллари ҳам бор-ку (бундай фикрга келишимнинг сабаби – олий таълим таҳсилидан ёзувчи-шоирларнинг ҳаёти силлиқ кечмаганини, улар ҳамма жойда «ўзларининг борлиги»ни билдириб, бошига ташвиш орттириб юришларини билган эдим), масалан, қўлига бигиз олиб, этикдўзлик қилиши ёки ош дамлаб одамларни боқиб ҳам кун кўриши мумкин» қабилидаги одми мулоҳазаларга ҳам изн берарди.

Кўп ўтмай, бу саволларимга жонли ҳаётнинг ўзидан жавоблар топилиб қолди. Қизил империя ҳаёт-мамот дамларини кечираётган паллада турли миллат ва маданиятнинг энг етук вакиллари бош қароргоҳга тўпланиб, машварат қиларди. Бу издиҳом аксарият «Мотамга борган ўз дардини айтиб йиғлайди» қабилида тус оларди. Бу «айтиш»нинг салобати оғир, аввало, навбат тегиши ҳам даргумон, айтувчиларнинг мавқеи бир-биридан баланд, кейин эса бу талотўпда тил учидаги гапни эплаб айтиш ҳам алоҳида маҳорат талаб қиларди. Ана шу кўпкарида худди халқимиз тимсолидек камтар, камсуқумлик билан Одил Ёқубов ҳам маърузалар қилганди.

Ёзувчимизнинг чуқур изтироб, тўла дард билан айтган гаплари иштирокчиларни ҳаяжонга сола олган, улар қарийб жаннат деб таърифланувчи ўлкада ҳам жиддий муаммолар борлигини ҳис эта олган эдилар. Жумладан, осмондан тонналаб ёғилувчи заҳри қотиллар – гербициту пестицидлар одамларнинг жигарини эритиб юборибгина қўймай, оналарнинг наслини ҳам абгор қилганлиги ҳақидаги дардли маърузалар ҳаммани ҳушёр торттирганди. Шунда ёзувчи Одил Ёқубовнинг нутқи катта суронларда халқининг овози бўлиб янграган, уни миллат, халқ учун жонфидо ватанпарвар сифатида кашф қилганмиз. Шу ўринда ёзувчиликнинг моҳияти ҳам аён бўлган. Бу касб кишисида ўзини ўтга-чўққа урадиган журъат бўлиши лозимлигини ҳис этганмиз.

Ўша чиқишларнинг бирида ўзбекча «халфана» деган ибора ишлатилган, шерикчиликнинг талаблари қадимий қадриятимиз мисолида тушунтирилиб, умумий қозонда ҳар бир иштирокчининг улуши унга солган масаллиғига қараб тенг тақсимланиши ҳақидаги бизда қарор топган қадимий удум эслатилган. Ҳолбуки, ўша пайтларда (умуман, шўро замонида) бу меъёр бузилган, бошдан-охир унга амал қилинмаган, кимдир нуқул масаллиқ ташиган, кимдир фақат тайёр ошга баковул бўлган. Шу латиф танбеҳ орқали Одил Ёқубов ўз халқининг фарзанди, миллий қадриятлар билан вояга етган, улғайган зиёли эканини кўрсата билган эди.

Юртимиз мустақиллигининг бир йиллиги нишонлангач, анча олдин ташкил қилинган «Амир Темур ўтган йўллар бўйлаб» ёшлар сафари иккинчи босқичини Ўтрор йўналиши бўйича давом эттирадиган бўлди. Шу сафар асносида Одил Ёқубовнинг киндик қони томган Қарноқ қишлоғига ҳам ташриф буюрилди, хонадонларнинг бирида тунаб ҳам қолинди. Эртаси қишлоқ атрофларини кўздан кечирдик, кўплаб одамлар билан мулоқотда бўлдик. Бу кезишлар яна бир марта атоқли ёзувчи оламини ҳис этишда асқотди.

Бу гўшада муболағасиз буюк аждодларимиз нафасини туйиш мумкин эди. Бир нечта улкан ва қадимий қабристонлар, масжидлар, минг йиллар олдинги улуғ тараққиётни бағрида сақлаб ётган тепаликлар ана шу теран ҳақиқатни тасдиқларди.

Кейинчалик қоғозга тушган шу кунлар шарҳида шундай сатрлар бор экан: «Қарноқда энг яйраган Искандар бўлди. Бу жой унинг ота юрти, падари бузруквори – машҳур ёзувчи Одил Ёқубов шу қишлоқда туғилган. Уларнинг ҳовлиси Ирмоқ дарёси ёқасида, илон изи сув йўли бўйида. Минглаб толлар шохларини тарвақайлатиб, қўр тўкиб туришибди. Шу манзарада бир ажиб сеҳр бордек туюлади. Яна қимматли томони шундаки, етти хил маъдандан Қарноқда қуйилган дошқозоннинг усталари сафида шу қишлоқликлар ҳам бўлишгани тарихдан маълум. Агар Амир Темур унча-бунча одамга ишонч билдиравермаганини ҳисобга олсак, бу ерда қадимдан ҳунармандчилик ривожланганига шак-шубҳа йўқ».

Атоқли ёзувчи эса ўз она қишлоғига, унинг одамларига муҳаббатини «Улуғбек хазинаси» романидаги Қаландар Қарноқий тимсоли орқали ифодалаган.

Гарчи бир шаҳарда яшаб, матбуотда фаолият кўрсатиб турган бўлсам ҳам Одил Ёқубов билан муттасил мулоқотда бўлиш насиб этмади. Катта шаҳар ҳаёти, бўҳронли қаламкашлик оламида бу одатдаги ҳол. Агар бирор тасодиф ёки саховатли одам сабаб бўлмаса, ён қўшнингни ҳам танимай ўтиб кетишинг мумкин шаҳарда. Бироқ адибнинг 80 йиллик тўйи бўлишини эшитиб, кўп қатори олим акамиз Маҳмуд Сатторов ҳамроҳлигида ихлос билан ошга ташриф буюрганмиз, азбаройи меҳримиз, ҳурматимиз туфайли оқшом ёзувчининг хонадонига ҳам «ешикни тақиллатмай» (бу даргоҳнинг самимияти шунга изн берарди) кириб бораверганмиз.

Дастурхон атрофидаги суҳбат кинолентасидек тасаввурда абадий яшайди. Ўзбекона меҳмоннавозлик асносида бепоён кенгликлар бағрида улғайган, зуваласига ҳалоллик ва диёнат қоришган муҳтарам зотнинг элга манзур қилган фазилатлари моясини илғашга, асарларида дўлвор, шижоатли, мард кишилар қиёфасини яратган санъаткорнинг эстетик оламини тасаввур қилишга интилганмиз...

Яна бир жонли таасссуротлар асосидаги лавҳа шуки, қор ёққан, ер музлаган бир кун, озиқ-овқат дўкони қаршисида телпагини чуқур бостириб олган, сирпаниб кеца, йигитлар ҳам чархпалак бўлиб кетадиган омонат кўприк бошида жаҳд билан турган, «нозик меҳмон» учун тансиқ таомни айнан ўзи танлаб харид қилиш учун атайлаб чиққан бузруквор. Унинг кўчани тўлдириб турган талъати.ҳар доим шу жойдан ўтганда гоҳ кулги (гувоҳлар бу дўконни ҳамон «Одил аканинг магазини» деб яйрайдилар), гоҳ маҳзунлик қўзғаб («бино қўнқайиб турибди, қани Одил Ёқубов?»), ўйчан хотира сифатида бир умр сақланиб қолди (балки кейинчалик эсдалик лавҳаси қўйилар).

...Кўплаб муҳташам биноларга мафтун бўлиб улғайган ошуфта қалб эгаси вақтлар ва замонлар эврилиб, ўзи ҳам бирор кулба тиклашга жаҳд қилади. Бор меҳри, маҳорати билан ишга киришади. Шубҳасиз, унинг режаси, хатти-ҳаракатларида бир вақтлар тасаввурида қолган, ёрқин таасссуротлар асносида жонланган ўша иморатлар тарҳи тимсол бўлиб суратланади...