OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲалима Аҳмедова
Асар номиРуҳ олмошлари (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ҳалима Аҳмедова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм30KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 9-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Руҳ олмошлари (ҳикоя)
Ҳалима Аҳмедова

Мен

Ҳаво тундлашгандан тундлашди. У гўё лаҳза сайин қоронғулашиб бораётган қисматимга ўчакишаётгандек эди.

Мен шоша-пиша ишдан қайтар эдим. Уст-бошим шаллаббо. Ёмғир тинай демасди. Шу дам негадир ёмғирнинг таъмини билгим келди ва ҳовучимни беҳуш ёғаётган ёмғирга тутдим.

Бир зумда ҳовучим тўлди. Болалигимда ариқ сувини ичгандай уни ютоқиб сипқордим. Бунча тотли. Мен доим ёмғир ёғишини осмон йиғлаяпти, деб таърифлардим.

Айтишларича, ғамдан йиғласанг кўз ёшинг шўр, шодликдан йиғласанг ширин бўлар экан... Осмон бунча хушбахт бўлмаса?!

Мен ҳамон кетардим ўзини таниб-танимаган ёмғирлар билан, менинг босган қадамларим елкасига малол келаётган йўл билан... Ортимдан келаётган бир эркак ҳансираганича қўлидаги улкан қора соябони панасига мени ҳам таклиф этади. Унга миннатдор боқиб: "Соябонни хуш кўрмайман", дейман. У менинг ёмғир ювиб бораётган юз-кўзимга ажабланиб қараганча югуриб кетади. Мен нега ўзи соябонни ёмон кўраман? Негадир соябон менинг бошимни қўриқлабгина қолмай, балки эркимни ҳам бўғиб қўяётгандек бўлаверади. Яратганнинг ўзи кечирсин-у, баъзида осмон ҳам бошимда улкан бир соябонга айлангандек бўлади. Ўшандай пайтларда шу қадар сиқилиб кетаманки, бўғилиш жаҳдида беихтиёр осмон ортидаги дунё ҳақида ўйлай бошлайман. Қизиқ, у ерда нима бор экан-а? Ҳарчанд уринмай чала-чулпа ўқиган китобларимдаги баъзи манзаралар ва аллақандай фаразларимдан бошқа ҳеч нарса тополмайман.

Ҳозир эса ёмғирли олам ичра борар эканман, рўпарамдан бир-бирининг пинжига кирганча келаётган ёшгина ошиқ-маъшуқларга кўзим тушаркан, нима ҳақда ўйлаётганимни эсимдан чиқараман. Уларга қорни оч қолиб севимли таомининг ширин ҳиди димоғини қитиқлаётган одамдек энтикиб қарайман. Шу пайт бир томчи ёмғир кипригимга илиниб кўзимга тўлаётган сув билан ўйнашгиси келгандай шўхлик қила бошлайди. Энди юзимда ширин ва шўр сув бир-бирининг пинжига кирган ошиқ-маъшуқлардай битта бўлиб оқа бошлайди.

Кўча чироқлари бирин-кетин ёниб, атрофимда бахтиёр рақсга тушаётганга ўхшайди. Мен ҳануз каловланиб бораяпман, аммо қаерга?! Албатта уйимга-да, деб ўйлайман, мискин карахтлик билан. Менинг уйим. У қаерда эди, ўзи бор эдими?! Таҳликали бир савол бутун вужудимни уйғотмоқчи бўлгандай бармоғимдан сочим учигача совуқ ўрмалайди. Мен эса лоқайд дунё-нинг бир лоқайд саволи янглиғ ҳамон қаёққадир суд-раламан. Кошкийди шу дамда ( ҳатто қаттол ғанимим бўлса ҳам майли) кимдир йўлимни тўсиб чиқиб, мендан ҳол сўраса. О, ўшанда булутдай тилкапора бўлиб тўкилардим. Айтаверардим, йиғлайверардим, айтаверардим, йиғлайверардим. Мендан ҳол сўраган устимдан кулса ҳам майли...

Ғийқиллаган кескин бир овоз йўлнинг ўртасида мени ўзимга келтиради. Ҳашаматли машина эгаси бошини чиқариб, сўкинади:
– Ўлгинг келган бўлса, бошқа жой изла, ифлос, сенинг касофатингга қолайми энди?!

Бир зум ҳушёр тортаман: "Ифлос дедими?" Нимадандир жаҳлим чиққандек бўлади. Аммо, зум ўтмасдан яна лабимга лоқайд табассум сигир елинига ёпишган канадай ёпишади. Бу табассум шу қадар мазмунсизки, агар шу лаҳзада кимдир менга боқса йиғлаб юбориш ҳеч гап эмас, деб ўйлайман.

Нега тўрт томоним бўм-бўш, кўнглимнинг ичида ҳувиллаётган кимнинг овози?! Мен қаёққа кетаяпман?!

Хуллас, мана шундай саволлар арқонига ўзимни чандиб ташлаганимга анча бўлди. Ҳар тонгда сўнгги жангга отланган мажолсиз аскардай ҳаётга кираман. Фақат бу жанг сўнгида ғолиблигимни ҳам, мағлублигимни ҳам англолмайман. Ҳозир эса ёмғирлар шаффоф қамчисида мени савалаб ана шу оғир хаёллар ичидан қувиб чиқармоқ учун зўр бераётгандек. Афсуски, мен аллақачон ўша хаёлнинг ўзига айланиб бўлганман.

Ёмғирли шомнинг соясига қоқилиб кетаман. Xайрият-ей, йиқилмадим. Мени бекатда анчадан буён автобус пойлаётган бир аёл суяб қолади. Унга раҳмат айтганча, шошилиб сўрайман:
– 21- автобус ўтмадими?

У аёл паришон жавоб беради:
– Ўтмади шекилли.

Бу аёл кўзимга жуда таниш кўринади. Уни аввал қаёкда кўрган эдим-а? Унинг бир тутамгина бўлиб қолган юзи, тарам-тарам ажинга тўла пешонаси, кўзлари ичидаги мунг юрагимни азоб тирноғида қитиқлай бошлайди.

Бекатда у аёлдан бошқа ҳеч ким бўлмаганлиги боисми ёки юрагимдаги ғашликни тарқатиш учунми, уни суҳбатга тортгим келади:
– Сиз қайси автобусни кутаяпсиз?
– Билмайман.
– Нима, адашиб қолдингизми?
– Адашганимга анча бўлган.
– Фарзандлардан нечта? – сўрайман суҳбатга сал илиқлик киритиш учун.

Аёл аввалги оҳангда жавоб беради:
– Битта ўғлим бор...

У шу сўзни айтиб, назаримда жукнжиккандек бўлади. У ёқдан бу ёққа бетоқат юра бошлайди. Аёлнинг бу ҳолатини кузатиб туриб, ўсмоқчилаб сўрайман:
– Нимадандир хафамисиз?
– Ўзимдан хафаман, – дейди аёл кўзларига тўлиб бораётган қоронғуликни яшириб.
– Қизиқ, мен сизни қаердадир кўргандекман. Қаерда ишлайсиз?
– Радиода ишлайман, – дейди у нимадандир толиққан ва нимадир жонига теккандай.
– Мен ҳам радиода ишлайман, аммо сизни у ерда кўрмаганман, – дейман ҳовлиқиб.

Аёл менинг кўзларимга маносиз боқади. Руҳимда жинлар базм қура бошлайди, жоним қандайдир нохушликни сезгандай тинимсиз типирчилайди. Бор кучимни тўплаб сўнгги саволимни бераман:
– Узр, кўнглингизга келмасин-у, қаерда яшайсиз?

Аёл тошдан йўнилган ўрта аср ҳайкалидай совуқ ва пинагини бузмасдан мен яшайдиган манзилни айтадию бориб бекатдаги ўриндиққа ўтиради. Одмигина сумкасини чангаллаган қўлларига боқаман. Унинг бармоқларида менинг севимли кумуш узукларим синиққина жилмаяди. Менинг эса бу аёлнинг олдидан тезроқ кетгим, ёмғиргами, шамолгами айлангим келади. Овозсиз бир овозда бақираман:
– Мен кимман, у аёл ким?!

Менинг ҳайқириғимни бекатда дайдиб юрган ёмғирли шамол ютиб юборади.

Сен

Тун эди. Сен чўчиб уйғондинг. Ким учундир яшириб қўйганинг хаста юрак, энди ҳеч кимга керак эмаслигини сезганиданми, созанда ёмғирлар чертаётган дераза ойнасидан таралаётган куйга ўзига қасд қилгандек тинимсиз рақсга тушар, унинг бу зарби сенинг кўкрак қафасингга оғирлик қилар эди.

Сен ўзингга бўйсунмаётган вужудингни судраб, бир амаллаб деразани очиб юбординг. Баҳор ва ёз қовушган туннинг ҳавоси хонангга гупириб кирди. Яна ёмғирда ивиган тупроқнинг жуда таниш ҳиди димоғларингни тўлдирди. Ногаҳон унда онангнинг ширин бўйини туйиб, энтикиб қўйдинг.

Дераза рахига суяниб узоқ ўтирдинг. Қизиқ, ёмғир ёғаяпти-ю, ой ҳеч нарса бўлмагандек булутлар оша кулиб турибди. Шу дамда ойга жуда ҳавасинг келиб кетди. Қанийди мен ҳам барча ғаму қайғуларим устидан кулиб яшай олсам эди, деб ўйладинг.

Аммо ўйларинг ҳам шу қадар ожиз эдики, руҳингдаги қоронғуликдан чўчиб сени бир зумда тарк этди.

Яна судралиб келиб, совиб улгурмаган ўрнингга ётдинг. Уйқусизликдан оғриётган кўзларингни ҳарчанд юмишга уринмагин, улар ухлашдан бош тортарди.

Шунда бирдан очиқ деразадан кириб келган оппоқ нурга нигоҳинг тушди. У нур хонангни обдон айланди ва ғалати овозда шивирлади:
– Уйқунг келмаяптими?

Аввалига ғайритабиий бир қўрқувдан титраб кетдинг. Сўнг эса ақлдан озаяпман шекилли, деган хаёлга бординг. Нур сенда кечаётган ҳолатни сезди. Ва яна тилга кирди:
– Мени танимадингми, дейман.
– Сен ўзингни қўлга олишга уриндинг ва хаста овозда сўрадинг:
– Сен кимсан?

Нур сенинг ёшликдаги овозингда узоқ қаҳқаҳа урди.

Нигоҳингга киргудай бўлиб шивирлади.
– Энди танидингми?
– Танигандайман...
– Мен сенинг жонингдан қочган нурман.
– Нега жонимдан қочдинг?
– Сен билан бирга туғилган эдим. Мен билан нақадар гўзал эдинг, хушбахт эдинг. Афсус, мени қадрлай олмадинг. Менга хиёнат қилдинг.
– Xиёнат, қандай хиёнат?!
– Арзон гаровга қайғу, ғамларни сотиб олавердинг. Сенда шаффоф бир ишқ бор эди. Уни ёлғоннинг бир бўсасига туҳфа қилиб юбординг. Агар ёдингдан чиққан бўлса, мана кўр.

Оқ нур бир айланиб кўзгуга айланди-да, сенинг ўтган кунларинг бу кўзгуда акс эта бошлади. Сен уларни кўра туриб ҳайқириб юбординг:
– Бас, бас, етар. Мақсадинг нима ўзи сенинг? Ё мени ажалимдан бурун ўлдирмоқчимисан?!
– Йўқ, асло ундай эмас ваҳоланки неча йилдан буён эшигинг ортида ажалинг сени пойлаб турибди... Фақат мен уни чалғитиб сени ундан асраяпман.
– Ташаккур, мендан аразлаб кетганингни билдим, аммо қайтишингнинг боиси нима?
– Сенга жуда раҳмим келди.
– Ҳозир қаерда яшаяпсан?
– Баланд оқ теракнинг учидаги бир япроқда...
– Жонимга қайцанг бўлмайдими?
– Йўқ, энди у ерга қайтолмайман. Фақат бу дунёни тарк этганингда жонингни кўтариб Ҳақнинг олдига боришим керак..
– Унда айт-чи, яна қанча яшайман?
– Буни айтишга ожизман. Фақат қушларнинг кўзига қамалган осмон озод бўлган куни омонатингни топширишингни биламан, холос.
– Яқингинамда яшар экансан, нега олдинроқ келмадинг?
– Сени ҳар куни кузатаман. Бу тун жуда абгорсан, таскин берай деб келдим. Биласанми, сенинг чеккан ҳар оҳинг менга бориб тегади ва менинг кучимни заифлаштиради. Наҳотки ҳаётдан рози бўлиб яшашингнинг иложи бўлмаса?!
– Мен кўп ҳаракат қилдим. Аммо...
– Йўқ, бу шунчаки баҳона. Мен сени яна бир сирдан огоҳ этмоқчиман. Барча дўстларингнинг юзида, ҳаттоки севган инсонингнинг юзида ҳам ниқоби бор. Сенинг энг катта фожианг дунёга ниқобсиз боқишингда.
– Йўғ-ей, наҳотки дўстларим мени алдаса?! Айтгандай мен севган инсондан хабаринг борми?! У бахтлими?!
– Уни билмадиму, аммо сени аллақачонлар унутиб юборган...
– Унутиш шунчалар осонми?!
– Ҳар ҳолда ниқоби борларга яшаш анча осон... Айтгандай тунларда деразангдан қандайдир нигоҳ сени кузатганини сезасанми?
– Сезганман. Менга шундай туюлади деб ўйлардим...
– Йўқ, у бир сенга ўхшаган аламзада аёлнинг нигоҳи.
– Тушунмадим.
– Бу дунёни тарк этар чоғда ҳаётга тўймаган инсонларнинг руҳи дарахтлар руҳи билан қовушади.
– Наҳотки?!
– Ҳа, шундай, деразанг олдидаги катта ўрик дарахтига ўша аёлнинг руҳи кўчган. У аёл бир пайтлар жуда дилбар ва давлатманд бўлган. Ҳуснининг давлати ортида туриб ўз ишқига хиёнат қилган. Ишқнинг қарғиши урган.
– Қандай қилиб?!
– Яқин бир дугонаси заҳарлаб ўлдирган. Қилган хиёнатини ўзга бир хиёнат оғуси билан ювган бу аёл қиёматгача дарахтдан дарахтга кўчиб яшайди.
– Сен буларни қаердан биласан?
– Эсингдан чиқарма, мен Оқ Нурман.
– Тушундим. Аммо менга қайтишингнинг ҳеч ҳам иложи йўқми?
– Иложи бўлганда қайтган бўлар эдим. Майли, мен кетдим.
– Шошма, шошма, яна келасанми?!
– Балки....
– Айт-чи, мен қандай қилсам яхши яшайман?!
– Ҳаётнинг кўзига қўрқмасдан қара. Ҳаёт кучлиларни яхши кўради...

Оқ Нур хонангни яна бир бор айланиб чиқди-да, хайр дегандай бир силкиниб чиқиб кетди. Сен эса ўзингни анча бардам ҳис қила бошладинг.

Ёмғир ҳам тинди. Осмоннинг оппоқ шоҳи рўмоли сирғалиб ерга тушди. Тонг майингина жилмайди. Тун бўйи ёмғир бодасидан тўйган ғунчалар керишиб кўз очди.

Фаррошларнинг супургиси тирикликнинг янги қўшиғини куйлай бошлади.

Сен титраб турган баланд оқ теракнинг учидаги япроққа кўз тутдинг. Унда қандайдир нур порлаб турарди. Жонинг ўша нурга ёмон талпинди.

У

У Бухородан анча олис, аммо илдизлари Бухородан сув ичган, кичик бир қишлоқчада яшар эди. Болалиги капалаклар қанотидай ранг-баранг кунлар жилвасида ўтди. Қушлар, қумурсқалар, майсаю гиёҳлар тилини ўрганишдан асло эринмади.

Аммо негадир уни шамол севгиси ўзига жалб қилар, қаерда бўлмасин шамолнинг соғинчи билан яшар эди.

Беда гулларининг нафис ҳидига кўмилган далаларда шамол билан ўйнашдан чарчамас, ичидаги бор- йўқ дунёсини унга туҳфа қилгиси келарди. Сунбуланинг сочларига қуёш ўзини осган кунда шамол унинг юрагини сирли чимчилади. Ва Уни ортидан бошлаб катта шаҳарга йўл олди.

У йўл бўйи болаликдан ёд бўлган қўшиқни хиргойи қилиб борди:

Шамол-шамол кокили ҳайдар.
Сен дарбадар, мен ҳам дарбадар...

Бу қўшиқни у шамол билан шу қадар кўп куйладики, бундан чарчаган ҳаёт уларнинг овозини эшитмаслик учун қулоғини беркитди. Шундан сўнг ҳаётнинг қулоғи эшитмайдиган бўлиб қолди.

Хуллас, у шамолнинг ортидан эргашиб, нокаслар оёғи остида таъна-маъломатлардан эзилиб юраги тошга айланган шаҳарга келиб қолди.

Шамол билан бу шаҳарни обдон айланди. Узоқ йиллар бу шаҳардан нимадир излади. Аммо нима излаётганини ўзи ҳам билмас эди. У шодликдан ҳам, ғамдан ҳам тўйиб бўлган бир пайтда, содиқ дўсти шамол унинг қулоғига шивирлади:
– Юр, сени дунёнинг энг тоза жойига олиб бораман. У аввалига шамолнинг гапига ишонмади. Чунки у бу дунёда тоза жой қолмаган деб ўйларди.

Аммо азбаройи зерикканидан шамолнинг ортидан яна йўлга тушди. Ва ниҳоят боғ деса боққа, тоғ деса тоққа ўхшамайдиган жойга етиб келди. Қизиқ, боғ деса, дарахтларининг меваси йўқ, ўрта-ўртасида мармар тошлар бош кўтариб турибди. Тоғ деса чўққиси йўқ...

Бу жой шунчалар сокин эдики, у кар қулоқларининг ичидаги безори шовқиннинг акс-садоси янада баландлашганини сезди.

Ногаҳон кўзи ялтираб турган қора мармартош устида оёқларини ўйнатиб хотиржам ўтирган ўсмирга тушди. Ўсмирнинг кўзлари ичидаги армонли шуъла шу қадар оғир эдики, у буни кўтара олмай, беихтиёр ерга ўтириб олди.

Ўсмир ҳайрон бўлиб унга узоқ тикилди. Ва унингг севимли қўшиғини баралла куйлай бошлади:

Шамол, шамол кокили ҳайдар,
Сен дарбадар, мен ҳам дарбадар.

Авваллига бу бола уни масхаралаётгандай туюлиб, роса, жаҳли чиқди.
– Ҳей, бола, уялмайсанми ўзингдан каттани масхара қилишга?!
– Мен ҳеч кимни масхара қилганим йўқ, бу болаликдаги севимли қўшиғим.
– Сенга бу қўшиқни ким ўргатган?
– Шамол ўргатган. Сиз ҳам биласизми бу қўшиқни?!
– Биламан.
– Келинг, биргалашиб айтамиз бўлмаса.

Боланинг кўнгли учун У бу қўшиқни жўр бўлиб айтди.

Қўшиқ тугагач, боладан сўради:
– Сен бу ерда нима қиляпсан?
– Мен уч йилдан буён шу ерда яшайман.
– Нега, уйинг йўқми?
– Мана менинг уйим,– деди бола катта қора мармартошнинг остини кўрсатиб...

Шундагина унинг кўнгли совуқ бир нимани сезгандай бўлди.
– Сени бу ерда яшашга нима мажбур қилди?
– Ўзим, – деди бола пушаймонлигини ошкор этмоқчидай.

У разм солиб болага қаради шундагина боланинг бўйнида қолган арқон изларини кўрди.
– Нега ахир бундай қилдинг?!
– Қадримни ўтказмоқчи эдим.
– Xўш, ўтказа олдингми?
– Бир йилча эслаб йиғлаб олдимга келиб юришди. Аммо кейин ҳамма дўстларимнинг ёдидан чиқдим. Биласизми, синфимизда жуда гўзал бир қиз бор эди. Уни яхши кўрардим. Аммо у менга қиё ҳам боқмасди. Мен учун куйдими, йўқми – билмайман...

Шу пайт юзларига ғам соя солган бир аёл тўғри ўсмир ўрнашиб олган мармар тош томон кела бошлади.

Бу аёлни кўрган бола сакраб тушдию, "ойижон" деганча аёлга талпинди. Аёл карахт эди. Мук тушиб йиғларкан, бўйнига осилган боланинг меҳрибон қўлларини сезмасди. У мунг ҳайкалига айланаёзган онага ва ўз хатосини кеч англаган ўсмирга қандай сўз ила таскин беришни билмасди.

Уларни холи қўйиб, яна шамол этаги билан эринмай артаётган мармар тошлар оралаб борар экан, У кар қулоғини қоматга келтирувчи баланд- паст, турли-туман овозларни эшита бошлади.

У гўё қиёматнинг шаҳрига келиб қолгандай эди.

Маҳобатли мармар тошга суянган, қирқ ёшлардаги сочи оппоқ киши ўзидан сал наридаги яқиндагина қорни дўппайган тупроқ бошида абгор ўтирган кекса одамга қаҳрини тўкарди.
– Охири келар экансанку мен келган жойга. Нега шундай қилдинг-а, сенга менинг унвоним керакмиди, сени дўст деб ишонибман. Уялмай-нетмай ўзинг қилган расволикни менинг бўйнимга юкладинг. Бечора бир қизнинг шаънини булғаб, яна уни ўлдириб юбординг. Ҳаммаси учун эса мен жавоб бердим. Бу кўргуликларга юрагим дош берганда эди, ҳаммаси бошқача бўларди.

Биласанми, ўша қиз ҳар тунда келиб менга дардларини айтиб кетади...
– Мен нобакорни кечир, дўстим.
– Дўст дема, ҳеч қачон дўст дема...

Мармар тошлар аро у ёқдан бу ёққа югуриб юрган бир телба аёлнинг фиғони икки дўстнинг суҳбатини босиб кетди.

Мармартошларнинг совуқ, сирли нигоҳи телба аёлга тикилади.

Аёл тинимсиз:
– Ўғри, ўғрини ушланг, топган барча бойлигимни ўғирлаб кетди....

У бу телба аёлнинг суратини қайсидир мармартошда кўргандай бўлди. Қўрқувданми ёки бу жойнинг совуқ нафасиданми, эти жунжикиб кетди.

Телба аёл югура-югура ўша сурати акс этган мармартошнинг оёғида ҳушидан кетиб, оғзидан кўпик оқа бошлади. Аммо ҳеч кимнинг у билан иши йўқ эди.

Зотан, ҳаёт бу гўшадан аллақачон оёғини узган. Унинг қонуни бу ерда кор қилмас эди.

У бу ерда қорни дўппайиб, умид билан фарзанд кутаётган оналарнинг алласини эшитди, висол тунидан айро тушган келинчакларнинг ёр-ёрини тинглади. Аммо улар жуда совуқ, умидсиз эди. Улардан қуёшнинг нур томирлари аллақачон узилган эди.

Ўзидан кетиб бораётган руҳини маҳкам қучоқлаганча У шамолни чақирди .Аммо шамол жавоб бермади.

Тоғ деса тоққа, боғ деса боққа ўхшамайдиган жойдан бир амаллаб чиқди-ю, ҳаётни тўйиб-тўйиб ҳидлади.

– Майли, арзу-додимни эшитмайдиган кар бўлса ҳам Ҳаёт жуда хушбўй, жуда ширин, – деди у юрагининг рангини ўғирлаб, кўзига қарай олмай ботишга чоғланган офтобга боқиб...