OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲамид Элхон
Асар номиАёл ва илон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ҳамид Элхон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм32KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/11/14
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2010-йил, 10-сонидан олинди.


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Аёл ва илон (ҳикоя)
Ҳамид Элхон

Рассомнинг тоққа келганига ҳафта бўлди. Аммо чизишни бошлашга ҳали киришгани йўқ. Ускунаси олдида бўёқлар терилганича, илк тасвир қоғози – эскиз эса оппоқлигича турибди .

Гап унинг кўп йиллардан бери яратишни ўйлаб қўйган, дурдона бўлмаса ҳамки, бош асари ғоясини чизишни дилида пишитиб, сўнгги чизгиларигача тасаввурига жойламаганида эмас, балки келиб қолган тоғ унгири, атроф манзара мўлжалидаги сурат учун ярашига кўзи етмаётганида эди. Ўртада тошлоқни ювиб чоғроқ сой оқарди. Икки тарафида учлари найзадек кўкка санчилган тик зовлар, тарам-тарам сойликлару қияликлар, адоқда эса қишлоқ, дов-дарахтли ҳаятлар, улар аро илонизи тош йўл чўзилган. Йўлдан отлиқлар, эшак минган хотинлар, қорамол ва қўй эчкиларни ҳайдаган болалар ўтишарди. Аҳён-аҳёнда трактор, машина, мотосикллар варанглаганча уларни ҳуркитиб, йўлни қуюқ чангга белаганча зинғиллашади. Лойсувоқ томли уйлар олдида болаларнинг қий-чуви, рўзғор ишлари билан банд аёлларнинг шанғиллаганлари эшитилади.

Айни манзарада техника асрига хос нишоналар сезилса-да, ибтидоий асоратлар ҳам сақлангандек. Балки насрий асар учун теша тегмаган тафсилотлар анчагина топилар, аммо мусаввирга нон йўқ, чамаси. Ҳа омади юришмаганга ўхшайди. Бунда замин таровату гўзалликни эмас, асрий ҳодисотлар акс-садосини куйлаётгандек. Борлиқ гўё илк яралиш чоғида қандай бўлса шундайлигича потраб ётарди. Тупроқ ва тошлар қип-қизил, кулранг ёки бўрта-буталару калтакесаклар, ҳатто одамларнинг туси ҳам шунга монанд.

Унинг қўналғаси – терскай бетдаги чоғроқ ҳаят анча баҳаво, сўлим кўринарди-ю, аслида нобопроқ жой чиқди. Шохлари тарвақайлаган заранг тагига ускунасини жойлаштирди. Ётадиган темир каравоти эса холисроқда. Негаки турли ҳашароту жониворлар ташрифидан безор. Шундоғам, ён-веридаги харсанг¬лар, зирклар орасидан илонлар биланглаб чиқиб ўтакасини ёрарди. Бу жойни: «Сенга жуда мос, шоҳ асарингни айнан шу ерда яратасан», деб роса мақтаган, ўрнаштириб, нон-чойига қарайдиган одам топиб берган курсдошидан дарғазаб эди. Унга Швейтсария тоғларидаги биллур кўллар, Венесуеланинг Анхел шаршараси, Япония сакуразорлари бўлмаса ҳамки, ўзимизнинг яшил арчали жайдари тоғларимиз бағридан жой топмасдан нақ мезазой эрасида вулқонларнинг осмону фалакка кўтарилишидан ҳосил бўлган шу тупканнинг тагига йўллагани таъбини тирриқ қиларди.

Қўлига ҳали бўёқ чўп тутмаган болалик дамларидан қалбида ардоқлаган, оқ қорли тоғлар этагида яшнаган воҳа, шарқираган дарё, боғ-роғлар, ложувард осмон, чарақлаган қуёш, ниҳоят улар бағрида висол қурган йигит ва қиз суратини чизиш учун нафис рангларни қаердан олади энди? У санъатни ташлаб ўзини кор¬чалонликка урган қовоқбош дўстини буралаб сўккиси келарди-ю, қаватида йўқлиги учун ноилож ғижинарди холос. Тўғри, хаёлий тимсоллар, фалсафий рамзлар орқали ишлаши мумкин, аммо унинг асари мавзуси Пикассонинг кабутари ёки Салвадор Далининг шаф¬фоф баданли хонимлари эмас, шарқона манзара – Беҳзод, Хокусай, Ўрол Тансиқбоев анъаналари… Яна воқеликни ўзича – ҳали илғанмаган чизгилар, янги шакл ва топилмалар орқали ифодалаши зарур.

Ўтган йили Дрездендаги кўргазмасида бир немис санъатшуноси унинг «Жамраш» номли суратига тикилиб туриб бошини чайқаганди:

– Она-бола топишуви шоирона тасвирланган.

Оддий этюдда қўзиларнинг соғим арафасида кўгандан бўшалиб совлиқни эмиши акс этганди. Рас¬сом бироз тушунолмай ундан нимани назарда тутаётганини сўраганида:

– Меҳрни, – деди немис ҳозиржавоблик билан. – Ўзбекларда асл ҳис-туйғулар яхши сақланганидан далолат бу. Қўйни қаранг, оч қолган боласини бағрига олиб қуйруқчасини ҳидлаганча эмизмоқда. Кўзларидаги муҳаббат ва эзгуликни етказиб тасвирлабсиз, офарин!

Демак мажознинг янги йўли, ҳаётийликни ёндош тимсоллар орқали ифодалаш! Касбдошлари унга: «Бу усул ғордаги деворга тош билан ўйиб расм чизиш давриларидан бери бор-ку!» дейишганида: «Ҳали кўрасизлар, янги суратим кутилмаган янгилик бўлади», деб жавоб қилган. Нималигини эса ҳали ўзи ҳам аниқ билмас эди.

Унга қарайдиган хонадон соҳиби ўттиз ёшлар чамасидаги давангирдай эркак ва андак ёшроқ хотини ҳали бола кўрмаганлари учунми келин-куёвга ўхшайдилар. У дастлаб ҳашорату газандалар кўп¬лигидан ва зовларнинг ваҳмидан қочиб уларнинг меҳмонхонасида тунаб юрди. Жувон чой дамлаб, дастурхон ва егулик олиб ёнига киритиб турарди. У ҳам қуруқ қўймасди, мева-чева, гуруч-мой дегандай… Аёлнинг бироз тўпорилиги, ўзини такаллуфсиз тутиши, керагидан ортиқроқ эътибор қилишини демаса қарийб муаммо йўқ ҳисоби.

Ниҳоят ишга киришди. Орқада саф тортган тик қояларни, улар юзидан жимирлаб тўкилаётган зилол сувларни, зирклар, мох ва лишайникларни, зангори япроқли зарангларни хомаки нусхага туширди. Расм анча маҳобатли, табиий унсурларга бой, аммо унда ҳаёт асари кўринмасди. Шунда у эскизни йиртиб ташлаб, бошқатдан кулранг чағилларни менг тупроқли оловранг ёнбағирларда битган қип-қизил ковулларни, оппоқ оқчайир ва ковракларни, қирғийлару илонларни тасвирлаган эди, сурат бирдан жонланди. Энди қуёшнинг заррин нурларига беланган борлиқ ибти¬доий ранглар оғушида ловулларди. Кўзга ярқ этиб ташланадиган бу манзарада чиндан-да нотаниш олам намоён бўлди-қолди. Энди олд кўриниш – висол тасвирига илҳом билан киришса ҳам бўлаверади. Номини ҳам олдингидек «Ҳаёт қўшиғи» эмас, фал¬сафийроқ, яъни «Илк яралиш», деб қўяди.

Рассомнинг шашти баланд эди. Бироқ аҳа¬миятсиздек туюлган икир-чикирлар ишнинг унумини пасайтирди. Бири бевосита ижод жараёни билан боғлиқ. Эскизда динозаврларни бутунлай қириб юборган қаттол юра даври – вулқонлар, магма ва қайноқ лавалардан сўнг миллион йиллар ўтиб сови¬ган, мўътадиллашган борлиқда тирикликнинг қайта яралиши мана-ман деб турарди. Бунақа кескин фонга гулдай нозик қизча билан маъсумгина ўспирин мос келармикан? Ҳатто Тоҳир-Зуҳралар ҳам анча жасоратли бўлишган.

Бошқа муаммо – бировга айтса кулгили, аммо жиддий бўлиб уй соҳибасининг ғалати табиати, тушуниксиз муомаласидан келиб чиқди. Жувон унинг ишлашига мутлақо халақит бермасди, чизаётган рас¬мига қиё ҳам боқмасди, балки ўзига… Қисқаси ортиқча диққат-эътибори билан хаёлини бўлар эди. Атрофида айланишиб у билан сўзлашишни, энг ёмони – гап уқтиришни хуш кўрар, нон келтирса, чой дамлаб кирса кўзларини вожиллатиб доимо ниманидир урғу¬лагандек унга қаттиқ тикиларди. Ҳаракатларида, овозида, нигоҳларида номаълум имдод, аниқроғи тажо¬вузкорлик зоҳирдек. Қаерда, қай ҳолатда бўл¬масин, ҳарислик билан боқар, унга дахлдор нимаики бўлса барига қизиқар эди. Йўқлигида жомадонини, нарсаларини ковлашни хуш кўрар, ишлатишни унча билмаса-да радио, фотокамера, дазмол, фен, совун, шампун, атирларини олар, айниқса консервалар, конфету печенелар жону дили эди. Қизиқ томони, ўр¬нига нуқул қотган нон, ачиган қатиқ ва маза-матрасиз ёвғон овқатларини тутқазарди.

Кейинги пайтда уни-буни баҳона қилиб у тунайдиган хонага тез-тез кирадиган бўлиб қолди. Ҳатто кечалари, ўринда ётганида ҳам бостириб келаверарди. Рассом унинг одатларини тўпориликка йўйди. Яхшиямки, келинчак нарсаларигагина ўч, кўнглида бошқа гап йўқ. Хизматга шайлиги, манзиратлари унга малол кела¬ётганини қаёқдан билсин. Балки уй бекалиги, аёллик сезгиси уни меҳмонга ғамхўрлик қилишга ундаётгандир… Бироқ тез орада чучварани хом санаганини тушунди. Жувон майда-чуйдага андармон бўлиш билан бирга атрофида ҳуда-беҳуда айланишини ҳам канда қилмасди. Эрталаблари ўринда ётганида, ечиниб ариқда ювинаётса, ёхуд бадантарбия қилаётган пайтларида…

Табиийки, рассом у билан иложи борича камроқ мулоқот қилишга, кўп бақамти келмасликка тиришарди, аммо жувон ҳамиша, ҳамма ерда рўпарасидан чиқиб, чағир кўзларини вожиллатганича нимадир дер эди: «Манавини енг», «қатиқни симиринг», «шўрвага нон тўғранг», «пиёлани олинг» ва ҳоказо. Гапларининг меҳ¬рибончиликми, танбеҳми эканини билиш қийин. Гоҳида илкис ҳаракатланиб тўсатдан унга яқинлашар, бирор нарса узатаётиб қўлига ёки ёнбошига тегиб кетарди. Одатлари, хоҳиш-истаклари аслида нимадан иборатлиги рассомга буткул қоронғу эди. Гўё шунчаки, нечук бандалигига қизиқсинганидан кўпроқ мулоқот қилиб синашта бўлгиси келаётганга ўхшарди.

Ҳа, албатта, қизиқсиниш, заифаларга хос хусусият. «Аёллар баъзан нимани исташларини ўзлари ҳам билишмайди», деган ибора ҳам бежизга тўқилмаган. Яна айтишларича, нозик жинс соҳибаларида бошқа жонзотларга мижоздошлик кўпроқ кузатиларкан. Масалан қушларга, мушукларга, яна алланималарга... Рассомимиз эса ҳар сафар келиннинг табиатида, ташқи кўринишида ва ҳаракатларида нечундир илонга хос аломатларни кўрарди. Уни аёл гўзаллиги ҳақидаги таърифларнинг бирортасига менгзаш ўринсиз – чиройли ҳам, жозибали ҳам, хуш қилиқли ҳам эмасди. Лекин!.. Борлиғидан вулқондай тошиб келаётган енгиб бўлмас шиддатли куч ёғиларди. Бўлиқ қадди-қомати, товатошдай ялпоқ юзи атрофдаги харсангларга монанд бўрта, кўкраги, билаклари лорсиллаган, кишига худди ўлжасига ташланишга ҳозирланган урғочи илондай ваҳшат билан боқарди. Бошқа аёлларга хос безаниш, бўяниш, ноз-карашма, латофат унга ёт эди. Рассом анча кўркам, ижод аҳлига хос тамкин ва мутаассир инсон. Бироқ келинчак унга асло ҳавасланиб, ишқ-муҳаббат билан қарамас, аксинча зардаю дашномларини бошига ёғдургудек сертангларди. Рассом эса бунда не маъно ва мақсад борлигини билолмай юраги така-пука. Тўғри, унинг аёллардан безорлиги йўқ, гоҳида натурачи қизларга ишқибозлик қилиб турарди. Бироқ буниси… Бир куни ўрин йиғаётиб ундан кўмак суради. Рассом бажонудил кўрпани баланд тахмонга жойлашга ёрдамлашди. Шунда жувон кўтаришаман деб чалқайганча, кутилмаганда унинг оғушига ўзини ташлади...

Дунёда қурту қумурсқалардан тортиб йўл¬барс¬ларгача одамдан ҳайиқиши азалдан маълум. Бу тушунча ҳамиша ҳам тўғри бўлавермайди албатта. Жониворлар насл қолдириш ва қорин тўйдириш учун муттасил бир-бирларини қирадилар. Уларнинг асосий диққат-эътиборлари ўлжага қаратилиб, ҳимоя тўғрисида кам бош қотирадилар. Кучсизмисан, қочиш¬га улгурмадингми, тўппа-тўғри ғолибнинг жиғил¬донига бориб тушасан. Инсон эса ўз ақли билан омон қолишнинг жуда кўп усулларини билади. Энг таъсирчани – қарши ҳужум! Жониворлар шунинг учун одамдан чўчиса керак. Бироқ ҳозир қорин ғамида эҳтиёткорликни унутиб рассомнинг гирдида бемалол изғишарди.

Заранг таги баҳаво, шинам, гилам тўшалгандай қалин барра ўтлар, қоқигуллар гуркираб ўсиб ётарди. У бўяшдан эринган паллаларда кўкаламда роса ағнаб ҳордиқ чиқарар, тушликниям шу ерда қиларди. Кейинги пайтда «ҳамсоялар» ташрифи кўпайганини пайқади. Тез орада бунинг сабаби аён бўлди. Қарангки, бу ҳол у билан боғлиқ экан. Чумолилар, қуртлар, қўнғизлар, сичқонлар унинг дастурхонидан тўкилган мазали увоқларни, меваю ширинликлар бўлакларини иштиёқ билан териб ейишар, уяларига ташишар, калтакесаклар эса уни безорижон қилувчи чивин ва сўналарни «ҳап» этиб ютишар, илонлар заранг шохига илинган овқат, нон ва бошқа егуликларни қитирлатаётган сичқонларга ва чигирткаларни тумшуғига қистирган чумчуқларга ҳамла қилишарди. Гоҳида осмонда тек қотган қирғий шувиллаб пастга қуйиларди-да, ҳозиргина ютган кўрсичқонни ҳазм қилиш учун шохга ўралиб ётган кўлвор илонни кўтариб қочарди. Хуллас, уни ўраб турган маконда ғўнғиллаш, чириллаш, вижирлаш, вишиллаш бир зум ҳам тинмас эди. Безор бўлган рассом уларни хипчин билан қувалар, ўлдирар, ўзини ва егуликларини улардан асраш учун жонини жабборга берарди, аммо газандалар кўпайса кўпайишардики, асло камаймасди. Жониворлар фақатгина жиғилдон ғамида эмас, бу ерда ўзлари учун ўнғай ва роҳатижон муҳитни – ўзига хос жаннатни яратиб олишган, эмин-эркин ирғишлашар, турли-туман овоз чиқариб завқланишар, ора-сира «севги»га мубтало бўлиб гашт қилишарди. У тўшагини бошқа жойга, шийдам ўрик тагига кўчирган эди, ажабки, шўх-шаддод қўшнилари у ерга ҳам «гурунгга» борадиган одат чиқаришди. Гоҳо калтакесак туфлисининг ичига кириб олса, илоной бутоққа илинган жинси шимининг пойчасидан бошини чиқариб қоп-қора айри тилини қимирлатарди.

Ўша сафарги «воқеа« дан кейин меҳмонхонага киришга юраги бетламай қолди. Уй эгаси қўйдай юввош йигит, дала юмушлари билан банд бўлиб уйда кам кўринади. Баъзан картошка чопгали ҳаятга келганида уёқдан-буёқдан гурунглашишади. Меҳмонга яхшироқ қарашни хотинига тайинлайди. Рассом эса хижолат чекарди. Охири даррандалардан нечоғли хавфсирамасин, ҳаятда тунайдиган бўлди. Тунги сим¬фония эса...

Бир куни тўлин ойнинг ёруғида ажриқ устида чирмашган «ошиқ-маъшуқ» илонларни кўриб ҳайратдан донг қотди. Бундан-да мароқлироқ, шавқлироқ ман¬зарани умрида кўрмаган эди. Илонларнинг баданлари рангдор, баайни ғожари гиламнинг нақшларидай гўзал, кўзлари одатдан ташқари ялтирар, оғизларини очиб бир-бирларини ялаб юлқашар, гўё ғажишаётгандек қаттиқ вишиллашарди. Кейин ҳар иккиси ўлиб қол¬гандек ажриққа чўзилишди.

Рассом қимирламай ётаркан, нима қилишни ўйларди. Қўл узатса етарли жойдаги газандаларга дахл бермасликнинг иложи йўқ эди. Ниҳоят ўриндан аста туриб ёнидаги заранг таёқни олди-да, мўлжаллаб урди. Бири дарҳол қочиб шувуллаганча ғужум зиркнинг тагига кириб кетди, иккинчиси тўлғониб-тўлғониб қимирламай қолди. Боши мажақланиб кетган экан, таёққа илдириб қалоқ сиртидаги баланд харсанг устига ташлади. Ўша тунда алламаҳалгача мижжа қоқмади. Болалигида бобоси: «Илонни ўлдирсанг лошини ёқиб юбор, бўлмаса шериги келиб сени чақади,» деган эди. Хайриятки, ҳеч бири уни ортиқ безовта қилмади.

У кўрганларини унутиб боши билан ижодга шўнғиди. Янги тасвирни янада мукаммаллаштирди, шакллар ва рангларни бўрттирди, севгилисини оғуш¬лаётган рангпар ўспиринни Фарҳоддек баҳодирга айлантирди. Юзидаги тарам-тарам мускуллари, чўян¬дек оғир билаклари ёри учун тоғу тошларни кул қилиб юборишга қодирдек. Асар жуда ёрқин, мутлақо янги, экспрессионистлару авангардчиларнинг тушларига ҳам кирмаган йўналиш касб этган эди. Тасаввуридаги илк ҳаёт, яралиш учун курашаётган тимсоллар энди тамомила ўзгача, ҳатто аждаҳо, динозаврлар қиёфасида намоён бўларди

Тунларнинг бирида босинқираб уйғонди ва даҳ¬шатдан қотиб қолди. Тушида уй соҳибаси: «Э буерда экансиз-да. Мен сизни қидириб юрибман. Мендан қочиб қутулиб бўбсиз!» дея кўрпани кўтариб шувуллаганча қўйнига кирганмиш. Жувон гоҳо пари, гоҳо илон қиёфасига кириб гул-гул яшнаганча уни суярмиш. Шу қадар меҳрли, латофатли, ширин сўзлар билан эркалар эмишки, оловли нафасидан умрида кўрмаган эҳтирос ва лаззатни ҳис этармиш. Бир пайт у бўйнини нимадир оҳиста бўғаётганини, танасида ғалати қайноқ тўлқинни рўй-рост ҳис этди. Кўзларини ярқ очиб устидаги кўрпани итқитди. Тоғдан мўралаган ўн беш кунлик ойнинг ёғдусида танасига ўралиб ётган илоннинг нақшинкор териси минг алвонда товланар, узун айри тили билан эса лабларини ялар эди. Дафъатан, у қўрқув ҳиссини туймади, аксинча дарранда танасининг тўлғаниши, баданидаги ранглар ва нақшлар жилоси, бошини саранглатиши, кўзларининг ялтираши хаёлини олиб оҳанграбодек ўзига тортарди... Ниҳоят! Ёнаётган одамдек каравотдан сакраб туриб қишлоқ томон қоча бошлади. Таниш уйга етиб жон ҳолатда эшикни қоқди. Уй эгаси чиқиб унинг ярим ялонғоч тарзига, энка-тенкаси чиққан бўздай рангига қараб ваҳм билан сўради:

– Ҳа, рассом ака, нима бўлди, бемаҳалда бундай юрибсиз?

Унинг тишлари такилларди:

– И... И … Илон! Менга тармашди.

– Илон? Ҳеч нарса йўқ-ку. Қўрқибсиз-да, уста, сув ичинг. Ҳой, сув келтир! – дея ёнига келган хотинига буюрди.

Рассом сув ичгач, сал ўзига келиб бўйнини ва бошқа жойларини сийпалади: илон-пилон йўқ эди. Ҳамон қалтираркан, ғўлдираб узр айтди:

– Маъзур тутасизлар, безовталик учун… Ёмон туш кўрибман шекилли … Жуда қўрқинчли.

– Бўлиб туради. Озгина ҳадик олгансиз-да, – деб хотиржам қилди йигит меҳмонни. – Ҳаят овлоқ, ўрганмаган одамсиз. Хотин, тез меҳмонхонага жой сол. Уста, уйга киринг, манави чопонни кийинг.

Рассом у узатган чопонни кийгач, кетмоқчилигини айтди.

– Э, қўйинг, уста. Уйқунгиз яхши бўлмайди энди. Шу ерда қолинг.

Лекин меҳмон кўнмади, атрофга олазарак тер¬милганча яна ҳаятга чиқиб кетди. Ажабо, жисмида ва руҳида сирли илҳом туғёни ғалаён қиларди. Онги одатдан ташқари тиниқлашиб, мияси миллион йил¬ларни қамрайдиган тезликда янги тимсоллар яратиш билан банд эди…

Эрталаб қуёш заранг япроқлари орасидан энди¬гина зарҳал нурларини сочган чоғда у молберт олдига ўтирди. Этюддаги қиз тасвирини ҳеч иккиланмай ўчи¬риб ташлади-да, ўрнига тушида кўрганларини тасвирлади: илон тимсолидаги аёл! Боши, юз ва кўзларида, бутун борлиғида аёллик олами, моҳияти барқ урган. Қадди-қомати бўлиқ, қўш кабутардай кўк¬ка талпинган кўкраклари узра соч ўримлари белига чулғонган, илон нусха каштали бадани шиддаткор эҳтирос билан алпқомат йигитга чирмашган. Нигоҳлари бутун борлиқни ёндиргудек оташин!..

Рассом суратни чизиб бўлгач, унга боқиб ҳайратдан лол қолди. Ҳеч қачон ўзи ўйламаган, тасаввур қилмаган манзарани яратган эди. Эртак китобларга ишланадиган расмлардан кескин фарқи – ундан мисли кўрилмаган ҳаётийлик барқ урарди. Айниқса ошиқларнинг ташқи ва ички оламида ақл бовар қилмас куч-қудрат, жозиба зоҳир, кишига ғоятда таниш, гўё қачонлардир айни маконда улар билан илк ҳаёт яралишида бирга жавлон ургандек, номаълум, қадрдон кечмишларини намоён этаётгандек ғалати таассурот қолдирар эди.

Рассом суратни асил нусхага кўчириб сўнгги бўёқ¬ларни юргизаётганида ғалати ҳодисанинг шоҳиди бўлди. Орқасида қўлида дастурхон ва чойнак тутган барваста келинчак худди сеҳрлангандек расмга тики¬либ турарди. Нарироқда эса… Харсангтош устида белидан юқориси бир газ кўтарилган илон ҳам тошдек қотганча суратни томоша қиларди. Ҳар иккиси гуё миллион йиллар илгари унут бўлган асл оламлари ичра ҳозир бўлган каби сўнгсиз ҳайрат ва ҳаяжон оғушида эдилар…