OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

3 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲамид Зиёйев
Асар номиБиринчи жаҳон уруши ва ўзбеклар (биринчи мақола)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Ҳамид Зиёйев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Мақолалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 19-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Биринчи жаҳон уруши ва ўзбеклар (биринчи мақола)
Ҳамид Зиёйев

Ўзбек халқи кўп минг йиллик тарихнинг муайян бир даврларида чет эл босқинчиларига қарши олиб борган курашларида юз минглаб одамлари ва бойликларидан айрилди. Кўп шаҳар ва қишлоқлар вайронага айлантирилди. Аммо халқимиз ўтмиш замонларда чоризм ва шўро давлатининг 130 йиллик ҳукмронлиги давридагидек қирғин-барот, талон-тарож ва азоб-уқубатларни бошидан кечирмаган эди.

Босқинчилар ўлкани қонга белаб, ўз хоҳиш ва режаларига монанд тарзда янги шаҳар ва қасабаларни, темир йўллар ва саноат корхоналарини қуриб, ўлкада мустаҳкам ўрнашиб олдилар. Юз минглаб одамларини кўчиртириб келиб, серунум ва обод ерларни эгалладилар. Олтин, газ, кўмир ва бошқа хилма-хил табиий бойликларни ўзлаштириб турдилар. Айни маҳалда ўзбеклар Россияда юзага келган урушларнинг гирдобига ҳам тортилдилар. Xусусан, Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушлари шулар жумласидандир.

ХХ аср ибтидосида нуфузли давлатлар ўртасида дунёни қайтадан тақсимлаб, эгалик қилиш мақсадида бошланган ўзаро кураш охир-оқибатда 1914-17 йилларда кенг қулоч ёйган Биринчи жаҳон урушига олиб келганди. Унда 1,5 миллиард аҳолини қамраб олган 38 давлат қатнашди. Улар бир-бирига душман икки гуруҳдан ташкил топганди: бир томонда Англия, Франсия ва Россия, иккинчи томонда эса Олмония, Австрия ва Венгрия бошчиликларида тузилган ҳарбий иттифоқлар.

Даставвал Европада аланга олган уруш сўнгроқ Узоқ ва Яқин Шарқ, Африка, Атлантика, Тинч ва Ҳинд уммонлари бўйлаб тарқалди. Уруш ҳаракатларида 1914 йили 480 дивизия қатнашган бўлса, 1917 йилда у 889тага етди. Жанг майдонларида 10 милён киши ҳалок бўлди, 20 милён киши дунёдан кўз юмди. Чор ҳукумати урушда кетма-кет мағлубиятга учраб, ўн минглаб аскарлари ўлдирилди ва ярадор қилинди. Урушнинг акс садоси Туркистон ўлкасини ҳам қамраб, оғир сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни янада кескинлаштириб юборди. Чор ҳукумати уруш баҳонасида мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулмга зўр берди. Xусусан, ўлкадан фронтга ёрдам тариқасида 41 милён пуд пахта, 3 милён пуд пахта ёғи, 200 милён пуд совун, 70 минг бош от, 1279 бош туя, 300 минг пуд гўшт, 474 минг пуд балиқ, 270 арава, 1344 ўтов, кўп миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари, қуруқ мевалар Россияга олиб кетилди. Биргина 1915 йилда фақат Сирдарё ва Еттисув вилоятларидан бир милён бош қўй жўнатилди. Оқибатда ўлканинг ўзида озиқ-овқат, кийим-кечак, газлама ва қурилиш ускуналарининг нархи жуда ошиб кетди. Масалан, газламалар нархи 300-400, кийим-кечаклар 200-300 фоизга кўтарилди. Фарғона водийсида илгари 15 сўм турадиган отнинг нархи 100-200, 5 сўмдан ошмайдиган қўйнинг нархи 30-35 сўмга чиқди. Турли солиқ ва йиғинларнинг ҳажми ҳам кўтарилиб, меҳнаткаш омманинг аҳволи ниҳоятда оғирлашди. Бир пуд пахта толасига 2 сўм 50 тийин қўшимча солиқ олиш жорий қилинди. 1915 йил январидан бошлаб аҳолига (ҳарбий хизматни ўтамаганликлари эвазига) даромадлардан қўшимча 21 фоиз солиқ солинди. Чор ҳукумати асирга тушган 150 минг кишини Туркистонга кўчириши ҳам иқтисодий ҳаётнинг оғирлашишига олиб келди. Оқибатда озиқ-овқат етишмовчилиги орқасида ўзбекларнинг тортаётган азобига азоб қўшилди. Болтиқбўйи, Полша ва бошқа жойлардан кўчирилган 70.000 киши ҳам Туркистонга жойлаштирилди. Кўчириб келтирилганлар олмонлар, австрияликлар, венгерлар, поляклар, чехлар, латишлар, словаклар ва бошқа миллатлардан ташкил топган эди. Ҳар томонлама таланган туб аҳоли қулоғигача қарзга ботиб, хонавайрон бўлди. 1916 йилги маълумотга кўра, деҳқонларнинг бўйнидаги қарзи ўз замонаси учун жуда катта маблағ — 156,7 милён сўмни ташкил этган. Ўлкадаги қашшоқликни ва унинг оқибатларини шоир Завқий шундай тасвирлайди:

Қаҳатчилик бўлди, бу Фарғонамизда
Топилмас парча нон вайронамизда.
Ўлим хавфи ўраб қишлоқларни,
На қишлоқу жибоз овлоқларни.
Қирилди қанча одамлар вабодан,
Нишона қолмади меҳру вафодан.

Мана шундай чидаб бўлмас шароитда 1916 йил 25 июнда император Николай IIнинг имзоси билан «Империядаги рус бўлмаган эркакларни ҳаракатдаги қўшин ҳудудидаги мудофаа иншоотлари ва ҳарбий алоқа йўлларини қуриш ишларига, шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган ҳар қандай юмушларига жалб қилиш ҳақидаги» фармони эълон қилинди. Унга кўра Туркистон генерал-губернаторлигидаги 19 ёшдан 43 ёшгача бўлган эркаклар Россияга жўнатилиши керак эди. Бу фармон туб аҳоли орасида «мардикорликка олиш» ибораси билан кенг тарқалди. Аслида у «ишчи баталони» маъносини билдирарди. Сафарбар этиладиган одамларнинг сони эса қуйидагича белгиланди:

Фарғона вилоятидан — 51.233 киши; Сирдарё вилоятидан — 60.000 киши; Самарқанд вилоятидан — 32.407 киши; Еттисув вилоятидан — 43.000 киши; Каспий вилоятидан — 13.830 киши. Ҳаммаси — 200.470 киши.

Минглаб ишга яроқли кишиларнинг олиб кетилиши кўп оилаларнинг боқувчисиз қолишларига олиб келди. Бир умр четга чиқмаган одамларнинг узоқ ва совуқ жойларга юборилиши маҳаллий халқ учун ғайритабиий бир ҳол, даҳшатли фожеа эди. Ҳатто, ҳукумат мардикорлик ноқобил кишиларни тўғри жанг майдонига олиб кетади, деган сўзлар халқни янада қаттиқроқ ташвишга солди. Булардан ташқари сафарбар этиш — ҳосилни, хусусан пахтани териб олиш вақтига тўғри келди. Шу боис уни амалга ошириш деҳқонларни даромаддан тамомила маҳрум қилди. Улар эса мана шу пахта ҳисобига банк ва судхўрлардан олган қарзларини узишга умид боғлаган эдилар.

Ўн минглаб кишиларни тўплаш ва жўнатишга мутлақо тайёргарлик кўрилмай, фармон тўсатдан пайдо бўлди. Xалқнинг узоқ жойларга бориши учун моддий имконият мутлақо йўқ эди. Буни кейинчалик Россия Ҳарбий вазири ўринбосари А.П.Фролов ҳам тан олган эди: «Туб аҳоли ва маъмурият бегона жойларга мардикорларни жўнатишга тайёр эмас эди, аммо шунга қарамай бу ишга шошилинч равишда киришилиши катта тартибсизликни юзага келтириб, қон тўкилишига ва қурол ишлатилишига сабаб бўлди».

Император фармони мустамлакачилик сиёсати ва миллий зулм гирдобида эзилиб ётган халқнинг бош кўтаришига олиб келди. 1916 йил 4 июлда Самарқанд вилоятига қарашли Xўжанд шаҳрида оломон билан аскарлар ўртасида тўқнашув бўлиб, улардан бир нечтаси ўлдирилди. Шундан кейин вилоятнинг деярли барча туманларида халқ қўзғолонлари кўтарилиб, «мардикорликка бермаймиз», «очмиз» ва «урушга бормаймиз», деган азму қарорга келдилар.

Қўзғолон, айниқса, Жиззах шаҳри ва уездида қизғин тус олган эди. Абдураҳмон Абдужабборов, Назирхўжа, Мулла Маҳамат Райим, Шарифбойвачча Xудойбердиев, Бобобек Абдужабборов ва бошқалар қўзғолонга бошчилик қилдилар. Қўзғолон шиддатли ўтиб, тўқнашувларда чор маъмуриятининг вакиллари ва аскарлари ўлдирилди. Xалқ озодлиги учун кураш Жиззах уездининг 22 туманига ёйилди. Бу кураш Сирдарё вилоятида ҳам кенг қулоч отди.

1916 йил 11 июлда Тошкент шаҳрида биринчи бўлиб ўзбек аёллари чоризм сиёсатига қарши қўзғолон кўтаришди. Уларга эркаклар ҳам қўшилиб, 2000-3000 кишилик оломон темир-терсак, тош ва қўлга илинган нарсалар билан қуролланган ҳолда Эски шаҳар полиция бошқармасига ҳужум қилди. Ёрдамга етиб келган аскарлар билан тўқнашувда бир аёл ўлди, иккинчиси жароҳатланди. Эркакларнинг орасида ҳам ўлган ва жароҳатланганлар бор эди. Қўзғолон вилоятнинг бошқа жойларида ҳам кўтарилди. Ғалаён Андижон, Марғилон, Наманган, Қўқон шаҳарлари ва атрофдаги қишлоқларга кенг тарқалиб, Марғилон шаҳрининг ўзида қўзғолончилар сони 20-25 мингга етган. Бундай шиддатли ҳаракатлар водийнинг деярли барча туманларида кечиб, уларда аёллар ҳам қатнашдилар. Xуллас, озодлик кураши ўн мингларча кишини жалб этди.

Шуни айтиш лозимки, бу курашларда туб аҳоли билан бирга тожик, қозоқ, қирғиз ва туркманлар қатнашиб, бирдамлик намуналарини намоён қилдилар. Бу ҳақда ҳозирги Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ҳудудларида кўтарилган халқ қўзғолонлари гувоҳлик беради.

Ғоят кенг ёйилган 1916 йилги қўзғолонларни бостириш учун чор ҳукумати 14 баталон, 33 казак ҳарбий бўлими, 42 артеллерия ва 69 пулемёт жалб қилгани маълум. Зобит ва аскарлардан 97 киши ўлдирилиб, 86 киши яраланди ва 76 киши эса дараксиз йўқолди. Шаҳар ва қишлоқлар вайронага айлантирилди. Айниқса, Жиззах шаҳри остин-устун қилиниб, харобага юз тутган эди. Бу фожеа халқ оғзаки ижодида ҳам ўз аксини топган:

Тахта кўприк битдими?
Николай пошоҳ ўтдими?
Жиззах шаҳрини вайрон
Қилиб муродига етдими?
Ош кади, палов кади
Томга чиқиб дод айлади.
Намозгоҳни аскар босиб,
Жиззахни вайрон айлади.

Фаол қўзғолончиларнинг мол-мулки мусодара қилинди. Масалан, Жиззахда 2000 гектар унумли ер давлат фойдасига тортиб олинди.

Қўзғолончилардан 3000 дан ортиқ киши терговга тортилиб, шафқацизларча муносабатда бўлинди. Ҳибсга олинганлар орасида аёллар ҳам бор эди. Маҳбусларнинг аянчли аҳволи ҳақида рус аёли Коршунова шундай ёзади: «Тошкент қамоқхонаси ҳовлисида очликдан ўлган фарғоналикларнинг мурдаларини кўплаб араваларга солиб қўйилганлигини кўрдим. Сўнгра маҳбуслар жойлаштирилган қамоқхона ертўласига тушдик. Бу ерда одамлар қалашиб ётганидан оёқ босишга ҳам жой топиш қийин эди. Бизни эркак ва аёлларнинг кир босган ориқ ва заъфарон юзлари, қўрқув ва шу билан бирга нафрат билан боқувчи кўзлари ҳаяжонга солди. Ёши улғайган бир аёл менинг оёғимдан тутиб, ёш ва ғамга тўлган қора кўзлари билан боққанча, нималарнидир гапирди. Бироқ мен тил билмаганлигим боис унинг ҳўнграб йиғлаган ҳолда айтган сўзларини тушунмадим. Мен эски чопонидан бир тутам пахтани юлиб олиб чайнаётган бир новча кишини кўрдим. Одамлардан баъзилари эса қўлларини кемираётган эди. Маҳбуслар орасида кўпчилигининг нафас олиши сезилмас, афтидан улар жон бериш арафасида эдилар. Маҳбуслар орасида эс-хушларини йўқотиб қўйганлар ҳам бор эди».

Мазкур сатрларни кўз ёшларисиз ўқиб бўлмайди, албатта. Мустамлакачилар шунчалик ёвуз бўлишганки, ҳатто эркак ва аёлларни бир хонага қамаб қўйишгача борганлар. Бундай фожеа ҳеч қаерда ҳеч қачон содир бўлган эмас. Қўзғолон қатнашчиларидан 347 киши осиб ўлдиришга, бир неча юз киши узоқ муддатли қамоқ ва сургунга ҳукм қилинди. Шу тариқа қўзғолон шафқацизларча бостирилди. Чор маъмурияти императорнинг мардикорликка олиш ҳақидаги фармонини бажаришга киришди. Эндиликда оммавий равишда жазолаш ва ўлдиришлар, очлик таъқиблардан тинкаси қуриган ва толиққан халқнинг фармоннинг амалга оширилишига қаршилик кўрсатишга ҳоли қолмаганди. Шунга қарамай мардикорликка олиш жуда қийинчилик билан кечди. Белгиланган 200.470 киши ўрнига 120 мингдан ортиқ одам сафарбар этилди. Улардан 101600 киши Россиянинг Европа қисмига, 4000 киши Сибирга, 7405 киши Кавказга жойлаштирилди. 10 мингдан зиёд киши Туркистон ўлкасида ишлатилди. Мардикорларнинг аниқ ўрнашган жойлари қуйидагича бўлган: Москва, Петербург, Рязан, Тула, Орел, Смоленск, Пенза, Брянск, Двинок, Нижний Новгород, Қозон, Самара, Перм, Екатеринбург, Оренбург, Киев, Xарков, Екатеринслав, Одесса, Запароже, Керч, Тбилиси, Ботуми ва бошқалар. Усти юпун мардикорлар ҳарбий ва оддий саноат корхоналарида, конларда, темир йўл қурилишларида, ўрмонларда ва айрим нуфузли кишиларнинг хўжаликларида ишлатилди. Улар очлик, хўрлик ва машаққатли меҳнатдан кўп азоб-уқубатларни бошларидан кечирдилар. Кўпчилик силласи қуриб касалланди ва ҳаёт билан видолашди.

Бундайин зулм оғзаки ижодида ҳам ўз тажассумини топган:

Поезднинг ғилдираги,
Ўтхонаси билан дўнгалаги,
Двинскага кетишди.
Мард йигитнинг бир бўлаги,
Двинскага кетмас эди.
Двинскага кетгазган,
Николай золимнинг замбараги.
Двинскага йўл бўлсин,
Қарағайзоринг кул бўлсин.
Йигитларни қийнаган,
Николайинг йўқ бўлсин.
Сўк ошингни ичмайман,
Этигимни ечмайман,
Қорда қарағай кесганман,
Ҳеч ҳақимдан кечмайман.

Куч ва ҳолдан тойган мардикорлар 1917 йилда чор ҳукумати ағдарилгандан кейин ватанига қайтгандилар.

Шундай қилиб, Биринчи жаҳон уруши вақтида ўзбек халқи аёвсиз таланди ва эзилди. Мардикорликка олинган одамларнинг талай қисмидан, беҳисоб бойликларидан айрилди.