OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲамидбек Юсупов
Асар номиСуянчиқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ҳамидбек Юсупов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм12KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/20
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Суянчиқ (ҳикоя)
Ҳамидбек Юсупов

— Отамизнинг эслари ҳам сал... — дея минғирлади Солижон, чолнинг ёнидан чиқаркан. Хотини Матлуба бўлса: «Жим, биров эшитиб қолмасин», дегандек лабига бармоқ босди. Ичкаридан яна ғовур-ғувур овоз эшитилди:
— Ота, лоақал ётганингизда тинч қўйинг шу ҳассангизни... Бу Солижоннинг опаси Холбека эди.
— Сенлар мени тинч қўйларинг! — отанинг товуши касалникига ўхшамай, баландроқ чиқди. Яна сал минғир-минғирдан сўнг Холбека ҳам чиқиб келиб, келинга деди:
— Ҳой Матлуба, овқатингиз тайёрми? Сузаверинг, отамиз барибир емайдилар. Эски қайсарликлари тутди яна.

Козим отага болалигиданоқ «қайсар» дея лақаб қўйишгани бежиз эмасди. Икки ой бўлдики, аҳвол шу: чолни қандайдир ваҳима босган, ўзича омонатини топширишга ҳозирлик кўради. Биров билан гаплашгиси келмайди, овқатни ҳам номигагина ейди. Уйқусининг мазаси йўқолганига-ку анча йиллар бўлган. Фарзандлари, набиралари билан суҳбатлашишни истамайди. Ёнига киришса жеркиб ташлайди. Гоҳида ўзи биланми, марҳума кампири биланми гаплашади. Қўни-қўшни унинг шу феълини билиб, олдига кўпам киравермайди. Солижон болаларини вақтинча опасиникига олиб бориб қўйган. Энг ажабланарлиси — Козим қайсар ҳассасини еру кўкка ишонмайди. Қўлида олиб юргани-ку майли-я, ўтирсаям, ётсаям ҳассаси ёнида бўлмаса жиғибийрон бўлади.

Мана, ҳозир ҳам ётган жойида ҳассасини қўлига олиб, ўзича шивирлаяпти:
— Эҳ, барибир ўзингдан бошқаси мени англаёлмайди... Сен бўлмасанг кимга ҳам суянардим мен ғариб...

Ҳасса бир замонлар томорқанинг четида ўсган ўрик дарахтининг шохидан ясалганди. У пайтлари Козим қайсар эллик ёшлардаги қўли гул уста эди. Аслида бу ҳассани хотини ясаттирганди ўшанда. Айтган гаплари ҳозиргача қулоғидан кетмайди: «Ҳой отаси, мана шу шохлар ҳам буткул ўтин бўлиб кетмасин. Жиллақурса битта йўниб беринг менга, қариганда суянаман...» Козим қайсар ҳазиллашиб: «Қарисанг мана мен борман, ўзим суянчиқ бўламан», деса, хотини: «Сиз ўлиб кетсангиз дейман-да...», — дея кулганди.

Томорқанинг ортидаги ўрик дарахти улар учун қадрдон эди. бир қизу бир ўғилни шу ҳовлида тарбиялаб, шу ўрик тагида катта қилишди. Қизни узатишди, келин туширишди. Фақат Солижоннинг фарзандли бўлишини сал кутиб қолишди. Кампири келинни олиб у табибга борди, бу дуохонга ўқитди, яна кимларнингдир гапи билан аллақандай ирим-сиримларни қилди. Холбека болаларини олиб келса, уй яшнаб кетади. Шундай пайтда Козим ота: «Келиннинг кўнгли ўксиб қолмасин», деб қизини тезроқ уйига жўнатиш пайида бўларди.

Кунларнинг бирида раис келиб: «Қишлоқнинг қоқ ўртасидан катта йўл тушаётганини айтиб қолди. Шу йўл Козим отанинг томорқасидан ўтаркан. Шунинг учун дарахтларни кесишга тўғри келармиш».
— Ие, нега кесарканмиз? — кампирнинг аввалига ғаши келди. Шунча йилдан бери бизни боқиб, соя берган ўригимни-я? Э, йўқ, бўлмайди. Йўлингни бизга кераги йўқ, болам. Нарироқдан ўтказавер.

Бу гапга Козим ота ўйланиб қолди, раис бўлса бир кулиб қўйди-да, бунинг иложи йўқлигини тушунтира бошлади. Шу пайт дастурхонга чойнакни қўйиб, ортига ўгирилган Матлуба бошини ушлаб, секин ўтириб қолди. Кампир «ҳай-ҳай»лаганича уни ушлади. Раис доктор чақиришга чопди, Козим ота бўлса Солижонни айттириб келиш учун қўшнининг ўғлини далага югуртирди.

Ҳар қалай, яхшиликка экан. Врач унинг фарзанд кутаётганини айтиб, чол-кампирни хурсанд қилди. Раис дарров қувлик қилди:
— Ана яшанг! Ўзингиз неварали бўламан деб турибсиз-у, тағин биттагина дарахтга куюнганингизга ўлайми!..
— Ҳа майли, кесақол, — деди кампир хурсанд бўлиб.

Ўрик кесилган куни келиннинг кўзи ёриди. Кампири ўшанда қистов билан ўрикнинг бақувват бир шохидан ҳасса йўндириб қўйганди. Аммо кампирига ҳассага суяниб қариш насиб этмади.

Кампири ўтганидан сўнг чол тез қарий бошлади. Болалари, қўни-қўшни хабар олиб туришади, невараларини кўрганда чаҳраси ёришади, аммо барибир кўнгли кемтик. Иссиқ-совуғига қараб туришибди, ёлғизлатиб қўйишмайди, лекин... барибир кампирининг ўрни билиниб турарди-да. Икки йилда кексайиб, ҳассани қўлига олганидан сўнггина сал тинчигандек бўлди. Яхшиямки, бахтига шу ҳасса бор...

Яқинда Козим ота раҳматли кампирини яна тушида кўрди. У қийғос гуллаган ўша ўрикнинг остида, оппоқ кийимида, елпиниб ўтирарди. Чол унга талпиниб, бирданига уйғониб кетди. Юраги дукиллаб ураётганини эшитди. Шоша-пиша ҳассасини ахтарди. Топиб бағрига босганича кўзларини қаттиқ юмди. Мижжаларидан ёш сизиб чиқди...

Ўшандан бери чолнинг қайсарлиги авжига чиққан, ҳеч нима ёқмайди. Ҳаммани хонасидан чиқариб юбориб, фақат ҳассаси билан ҳасратлашади. Уни кўришга келувчилар олдида фарзандлари ҳам ҳижолат. Яхшиямки, отанинг феълини қишлоқдошлари азалдан билишади. Чолнинг ўзи бўлса ҳеч кимни ёнига қўйгиси келмайди.

Охири Солижон доктор чақиришга мажбур бўлди: отаси кўкрагини чангаллаганича инграб қолганди. Уни кўрган шифокорлар зудлик билан олиб кетишга чоғландилар. «Тез ёрдам» машинасига олиб киришаётган пайти чолнинг ҳуши ўзига келди ва қўли билан тимирскиланиб қолди. Қизи дарҳол тушуниб, укасига буюрди:
— Югур тезроқ, ҳассаларини олиб чиқ!
— Нима? — буни эшитган докторнинг энсаси қотди. — Ҳассанинг кераги йўқ касалхонада. Жуда зарур бўлса қўлтиқтаёқ берармиз.
— Йўқ, отамга ҳассалари бўлмаса бўлмайди, — деди Холбека.

...Козим қайсар касалхонадаги муолажалар туфайли икки кунда анча ўзига келиб қолди. Инфарктга чалинган экан, шифокорларнинг ҳаракати билан уни бир амаллаб сақлаб қолишди. Лекин бундан чолнинг ўзи сираям мамнун эмасди. Бир куни қизига нолиди: «А-ахир, онанг ч-чақиряпти, боришим керак...» Холбека буни одатдаги инжиқликка йўйиб, индамай қўя қолди.

Учинчи куни докторлар Козим отага жиддийроқ қараб туришни навбатчи ҳамширага тайинлаб, қариндошларига рухсат беришди. Отага алоҳида палата ажратилгани яхши бўлди, чунки одамни суймасди жини. Яна ҳассасини қўлтиғига олиб, олдингидек у билан дардлаша бошлади. Фақат энди хаёлан гаплашарди, чунки... тилдан қолганди. Кўзларини юмиб, мудрай бошлаши билан, тағин кўз ўнгида кампири намоён бўлди. У энди анча хурсанд кўринарди:
— Ҳой отаси, келмайсизми энди? Бўлди-да, ташланг шу ҳассангизни, келинг бу ёққа. Қани, қўлингизни беринг-чи...

Козим қайсар бу гапдан сўнг ўзи ҳам ёшариб бораётганини ҳис қилди. Қўлидаги ҳассага охирги марта бир қараб қўйди-да, уни ташлаб юбориб, хотинининг қўлидан тутди...

...Коридордан ўтиб кетаётган навбатчи ҳамшира чолнинг палатасидаги тарақлаган товушни эшитиб қолди. Чопиб киргач, аҳволни тушунди...

Отасини тупроққа топширадиган пайти Солижоннинг эсига бир нарса тушиб қолди. Қўшнисининг боласига бир нималар деб шивирлади-да, уйига жўнатди. Бола ҳассани олиб келгач, Солижон майитнинг ёнига ҳассани ҳам қўшиб қўйди.

Буни ҳар ким ўзича тушунди, лекин ўғилнинг кўнгли сал енгил тортгандек бўлди. Ахир, у отасининг айта олмай кетган васиятини бажарганди-да...