OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲамидулла Акбаров
Асар номиЭйзенштейнга илҳом берган Тамарахоним
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Ҳамидулла Акбаров
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Мақолалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм13KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
"Ҳуррият" газетасидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Эйзенштейнга илҳом берган Тамарахоним
Ҳамидулла Акбаров

Халқ артисти Тамарахоним шўх, қувноқ, тетик кайфият уйғотадиган қўшиқ, лапар, рақсларни ёқтирарди. Аслида унинг ўзини ҳам ҳамиша шундай — руҳий тетик ҳолда учратардик. Сўнгги учрашувларимизнинг бирида хаста Тамара Артемовнанинг юзларидан табассум аримади. Айтган гаплари эса ҳам кулгу уйғотди, ҳам ўйлантириб қўйди:
— Мен билан видолашганингизда замбаракдан ўқ отиб туришсин. Ҳарбий унвоним бор. Фронтда бўлганман — ҳаракатдаги жанг қилаётган фронтда!

Бошқа кунлари эса меҳмондўст хонадоннинг бекаси сизга пешвоз чиқар, табассум ила ичкарига таклиф қилар, хушбўй, ранги ҳам тиниқ чой дамлаб олдингизга қўяр, сўнгра зални эслатадиган катта хоналарида ранг-баранг либосларини, фотосуратларини кўрсатар эдилар.
— Чойингиз хушбўй, ёқимли. Дамлашни қо­йил қилар экансиз! — десак, Тамара опа:
— Сир дамлашда эмас. Кўпроқ қуруқ чойда. Мана бу идишга ҳар хил чойларни аралаштириб қўяман. Ҳинд чойининг хушбўйлиги бор, Сейлон чойининг ранги, бақувватлиги — уни қайнацангиз ҳам айнамайди, — деб чиройли, бежирим идишларга чой қуйиб берар, суҳбат мавзусини чекламай гоҳ рақс санъатининг имконияти, гоҳ унинг мусиқага боғлиқлиги, гоҳ эса кўпдан кўп ҳамкасблари ҳақида сўзларди. Киночилардан Малик Қаюмов ва Раж Капурни тез-тез тилга олар, уларнинг филмлари ҳақида ҳайратга келиб сўзлардилар.

Бир гал чой охирлаб қолган, фотиҳа ўқилишига саноқли дақиқа қолганида анчадан бери ўйлаб юрган саволимни бердим:
— Сергей Эйзенштейн билан учрашгансиз, деб эшитганман. У маданиятимизни ўрганган, унга меҳр қўйган шахс...
— Ҳа, икки марта келган эди хонадонимизга. Ёнида яна бир амаки бор эди. Кўп савол бериб, тинглаб ўтирарди. Сўзлашдан кўра тинг­лашни ёқтирарди. Аслида тинглай билиш — бу санъат. Ҳар ким ҳам суҳбатдошининг гапини бўлмасдан эшитиб, фикр юритиб ўтиришга сабр-тоқат қилолмайди. Бизникида бир гал мендан рақс тушишимни, лапар айтишимни илтимос қилди. Яна бир келганида қизимнинг рақсини кўриб, чапак чалиб, нималарнидир шошиб-пишиб ёзган эди.

Тамара опанинг ҳикояси тафсилотлари бизни қизиқтириб қолди. Ахир жаҳон тан олган санъаткор ва олим юртимизда филм, сценарий яратиш ниятида бўлгани, Тамарахонимдек истеъдод соҳиби билан маслаҳатлашгани қизиқарли-да! Шу боис шахсий ва давлат архивларида кўп ҳужжатлар, фотосуратларни ўргандик. Москвадаги СГАЛИ (централный государственный архив литературы и искуство — санъат ва адабиёт архиви) фондлари, айниқса, диққатимизни тортди. Зеро, Сергей Эйзенштейн архивининг кўп қисми худди ўша ерда сақланади.

Сергей Михайловичнинг ён дафтарида Тамарахонимнинг Тошкентдаги хонадони адреси ёзиб қўйилган экан... Эйзенштейн чизган расмларда ўзбек рақси ҳолатлари, ҳаракатлари ўз ифодасини топганини кўриб яна хурсанд бўлдик. Ниҳоят, энг муҳим хусусиятни топгандек бўлдик. Режиссёр, сценарийнавис Тамарахоним билан бўлган учрашув ҳақидаги мулоҳазаларини ёзиб қолдирган экан! Қўлёзма сиёҳда ёзилган. Ўчирилган сўзлар, қайта тузилган жумлалар учрамайди. Ўткир зеҳнли муаллиф ўша учрашувдан таъсирланиб, завқ-шавқ билан ёзган кўринади. Ўша сатрларни сиз ҳам ўқиб кўринг. Таржимада қўлёзманинг руҳини сақлаб қолишга ҳаракат қилдик: «Кунлардан бир кун хайрлашиш мақсадида Тамарахонимнинг уйига бордик. Кўчанинг жазирама иссиғи, кичкинагина ҳовлининг димлигидан кейин меҳмонхона жуда салқин кўринди. Павленко (Пётр Павленко — С. Эйзенштейнга шерик муаллиф, машҳур ёзувчи) ўша куни бизга ҳамроҳ бўлмаган эди. Ўтган гал Тамарахоним ўзининг раққосалик санъатини намойиш этган эди. Бу гал эса мезбон бир совғаси билан бизнинг кўнглимизни олди. Ўртага ташланган гиламда унинг қизи — Лола пайдо бўлди. Рақсда Лола...»

Воқеанинг давомини ҳар ким дарҳол англаши мумкин.

Павленко билан учрашганимизда янги ечим йўлини айтдим. Тўхтасиннинг («Фарғона канали» филми қаҳрамони) яна бир қизи бўлади. Бу қизалоқнинг рақсини Тўхтасиннинг қувончи билан боғлаймиз. Xудди шу рақс сувдан, борлиғидан ажралиб қолган Тўхтасиннинг драмаси билан боғлиқ бўлади. Жажжи қиз Лола сценарийни яна бир жиҳатдан бойитади: унинг ўлими отаси юртидан бош олиб чиқиб кетишига сабабчи бўлади. Тўхтасин тарки дунё қилиб чўлга, тоғларга, харобаларга кетишга мажбур бўлади. Элидан нарироқда, заминдан йироқда бўлишни истайди. Зотан, у ерда кимдир пешонаси терини тўкиб меҳнат қилади. Сув эса бир ҳовуч бойларнинг қўлида... Кичкина Лоланинг драмаси сценарийнинг иккинчи қисмини учинчиси билан узил-кесил боғлайди».

Москвадан қайтиб келгач, Тамарахонимнинг хонадонига яна йўл олдим. Бу гал ҳам Xоним табассум билан кутиб олдилар, тўрга ўтказиб машҳур чойларини дамладилар. Суҳбат аввалида ўз ансамблларига Европада тарқаган чол­ғуларни ҳам киритмоқчи бўлганларини айтдилар:
— Негадир мени ҳамма ҳам қўллаб-қувватламаяпти, ансамблингизда фақат ўзбек чолғу асбоблари бўлсин, шунда мусиқа ижроси, овозингиз ажралиб туради, дейишиб йўлга тўғаноқ бўлишяпти, — деб бироз дардларини айт­дилар.
— Тамара Артемовна, афт этасиз, ҳинд хонандаси ўз ансамблига скрипкани киритишга кўнмаса керак. Скрипка нозик чолғу. Унинг овозини бирорта чолғу бера олмайди. Лекин ўзига хос куйини ижро этадиган анъанавий ҳинд ижро услубига содиқ қолган ансамблга Европа чолғуси тўғри келмас. Сизнинг репертуарингиз кенгроқ. Шароит бирмунча ўзгача, лекин ижронинг ўзига хослигини сақлаб қолиш учун бу ҳақда ўйлаб кўриш керакмикин, — дедим-да, ташрифим сабабини айта бошладим: — Кеча сафардан қайтдим. Москвадаги архив­да С. Эйзенштейннинг қўлёзмаси сақланар экан. Унда Сергей Михайлович 1939 йилнинг саратон кунлари хонадонингизга келганини ёзган экан. Эшитинг, — деб «Фарғона канали» сценарийси муаллифининг мулоҳазаларини ўқиб бердим.
— Ўша филм нима учун суратга олинмаган экан? — деб сўраб қолдилар Тамара опа.
— Тақиқланиш сабаби бирорта ҳужжатда қайд этилмаган. Фақат Тошкентга Павленко юборган бир телеграммада «ХХХ нинг биринчи (тарихий) қисмини вазирликда қисқартиришди. Кўнмаяпман...» деб ёзилган. Шайҳонтоҳурдаги киностудияга — Эйзенштейн номига юборилган худди шу телеграмманинг орқа бетига Сергей Михайлович шошилиб ёзган жавоб матни ҳам сақланиб қолган экан: «Биринчи қисмини механик тарзда сценарийдан олиб ташлаб асарнинг яхлит композициясини сақлаб қолиб бўлмайди. Сценарийни тўлалигича сақлаб қолиш учун барча тадбирларни кўринг. Эйзенштейн».
— Зўр филм бўларди-да! Жуда қизиқиб, масъулиятни сезиб иш бошлаган эдик. Бирорта кадр топилмадими? Менинг уйимда ҳам суратга олишган эди-ку?
— 2000 метр кино тасмасига тасвир туширилган. Москвага қайта ишлаш учун юборилган. Қайтиб келмаган. Йўқ қилинган, чамаси. Бормаган архивим қолмади: Красногорскдаги, Белые столбыдаги, Москванинг ўзидаги

СГАЛИ фондларини кўп ўргандим.

Тамара опа ўйлаб қолдилар. Сўнгра:

— Бу иш билан шуғулланадиган бўлсангиз, эсингизда бўлсин, Эйзенштейн Иззат Султон билан кўп гаплашган. Усмон Юсупов билан яқин алоқада бўлган. Аслида Эйзенштейн бошчилик қилган ижодий гуруҳни Тошкентга таклиф этган киши Усмон ака эдилар, — деб маслаҳат бердилар. Шу боис суҳбатнинг давоми Иззат Отахонович билан бўлган эди.