OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲамрохон Мусурмонова
Асар номиҚиёфа (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ҳамрохон Мусурмонова
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 7-8-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қиёфа (ҳикоя)
Ҳамрохон Мусурмонова

Ерга гиламдек тўшалган хазонларни бир-бир босиб бораётган Гулсумнинг хаёли паришон эди. Нохуш ўйлардан халос бўлишга урингани сайин, руҳиятида саросар кезаётган эзгинлик уни кўпроқ маҳв этарди. Дугонаси Нигина пластик операция қилдиргунига қадар у ҳам бошқалардек хуш хандон юрар, ўз қиёфаси ҳақида кўп ўйламас, юз тузилиши, қошу кўзидан гап очилса, ҳа, энди Xудонинг бергани-да, деб қўя қоларди. Ич-ичидан Нигинага ўхшашни орзу қилгани рост. Ахир у курсдаги энг чиройли қиз. Зийнатланиб, ороланиб юради. Айтишича, қиз бола кўзгуга қарашни билиши, кунига камида эллик марта ойнага кўз ташлаши керакмиш. Тавба, ҳамма қизлар ўзига маҳлиё бўлиб ўтираверса, дунёнинг ишлари кимга қолади, деб ўйлайди Гулсум. Нигинанинг эса дунёқараши бошқача. Бир хилликни ёқтирмайди. Доим ўзгариб туришни, ҳамманинг диққат марказида бўлишни хоҳлайди. Гулсум унинг акси. Ҳашамдорликдан юраги сиқилади. Такаббур қизлар даврасида бегона оламга тушиб қолгандек қисинади, гап-сўзлари, қилиқлари, ҳатто кулгулари ҳам қовушмайди. Ораларида шунчалик фарқ бўлишига қарамай иккаласи қалин дугона. Одам ўзида йўқ нарсага интилади, деган гап бежизга айтилмагандир балки...

Гулсум дугонасининг қиёфасида эркинлик тимсолини кўради.

...Ўшанда эшикдан ял-ял ёниб кириб келган Нигина:
– Қалай, чиройлиманми? – дея ўзини тошойнага сола бошлаганида Гулсум ҳайратдан қотиб қолганди.
– Жуда чиройлисан!
– Қани айт-чи, юзимда нима ўзгарган?

Дугонаси ўзининг Xудо берган қошини аллақачон битта қўймай юлиб ташлаб, худди Голливуд актрисаларидек ингичка, нафис қош-чизиқ торттирганди. Кўзлари улама киприк остида мунчоқдек бўлиб турибди. Одамнинг кўзини ўзгартириб бўлмайди, деган гап ҳам бекор экан. Нигина аллақачон буниям йўлини топган: сочини бошқа рангга бўяганда кўзига шу хилда линза тақиб олади. Бир қарасангиз, рус қизларидек малласоч, мовий кўз бўлиб кўринса, бошқа сафар қўнғир соч, қўй кўз бўлиб товланиб туради.
– Қошинг жойида. Кўзингга линза таққансан, юзингни тозалатиб, оро бергансан. Бурнинг ҳам жойида.

Нигинанинг фақат бурнигина ўзгармаган, асли қандай яратилган бўлса, шундай турарди.
– Ҳим-м-м, лабларинг, – дея кузатувни давом эттирди ва қийин масалани ечган одамдек, бирдан қичқириб юборди: – Вой тавба, лабинг бошқачароқми?
– Э, хайрият-ей, – дея енгил хўрсинди Нигина. – Бир амаллаб шуни сездинг-а? Қойилман сенга! Синчковликдаям Xудо урган бандасан-да! Қалай, ярашибдими?
– Чиройлику-я, лекин ўзингникиям ёмонмасди.

Нигинанинг ясама лаблари бир оз бурилди:
– Нима бўлди, ҳасад қиляпсанми? Қара! Яхшилаб қарагин! Ахир бу – супер гўзалларнинг лаби-ку! Анчадан бери худди шунақа қиёфани орзу қилардим. Зўр дўхтир топдим. Қўли енгил. Пластик жарроҳликда бу атрофда унинг олдига тушадигани йўқ. Замонавий, ясан-тусанларга қизиқадиган дугоналарим кўп, ҳали мени кўриб улар ҳам сизни қидириб келишади, дедим. Арзонроқ нарҳда операция қилди. Ўн кун даволандим. – Нигина гапира туриб, Гулсумнинг юзига синчков қаради: – Менга қара, сен ҳам борсанг бўларди, қачонгача манави дўрдоқ лабинг билан яшайсан. Агар борсанг, дўхтир мана мундоқ, бежирим қилиб берарди.
– Йўғ-е, лабим биноийдек, – деди Гулсум бир оз ўнғайсизланиб.

– Ҳа, – қошини чимириб иддао билан кулимсиради Нигина, – ҳар кимники ўзига, ой кўринар кўзига. Агар билсанг, ҳар бир замонавий қизнинг ўз қиёфаси бўлиши керак. Чиройли қиёфаси!

Нигина кетгач, Гулсум тошойна ёнига борди. Шунча пайтдан бери эътибор қилмаган экан, ростдан ҳам лаби сал дўрдоқ эди. Шунданми юзи беўхшовдек юраги хижил тортди.

«Одам деганиям шунақа хунук бўладими», деб ўйлади ижирғаниб. Кечгача дилгир бир аҳволда юрди. Овқатлангиси, дарс тайёрлагиси ҳам келмади. Юрагидаги хижиллик кучайгандан кучайиб бораверди. Дугонасининг бахтдан сармаст, хушчақчақ қиёфаси кўз олдидан кетмай қолди. У жуда эркин, бошқалар билан ҳисоблашиб ўтирмай, кўнглига келган ишни қилади. Шунинг учун ҳам бахтиёр, деган қарорга келди. «Агар акамдан ҳайиқмаганимда, пластик операция қилдириб, Нигинага ўхшаб чиройли бўлардим», деб ўйлади. Нигина кези келганда урф-одатларни ҳам писанд қилмайди. Гулсум эса бундай эркинликдан йироқ. Катталарнинг: «Қиз бола ундай ўтирмайди, бундай юрмайди, шарақлаб кулмайди, қаттиқ гапирмайди, уят бўлади», деган таъкидлари ҳалигача уни таъқиб этади. Бир ишни қилишидан олдин, маҳалладагилар, таниш-билишлар нима деб ўйларкан, деган андиша юрагини ялаб ўтади.

Кечаси уйқуси қочди. Ота-онасига, яқинларига билдирмай лабини операция қилдиришнинг минг хил йўлини ўйлади. Аммо ҳамма ўйлари, ҳамма йўллари уни чорасизлик бекатига элтарди. Эрталаб бошида қаттиқ оғриқ билан уйғонди. Дарсга боргиси келмаса-да, қаттиққўл ўқитувчиларнинг «НБ»ларидан юрак олдириб қўйгани учун ноилож ўқишга жўнади.

Нигина тун қўйнида порлаб турган Зуҳро юлдуздек нур сочарди. У нафақат курснинг, балки бутун факултетнинг, ҳатто институтнинг маликасига айланганди. Атрофида ҳамма парвона. Йигитлар ундан кўз узишолмасди. Чизилган қошлари ҳам, ясама лаблари ҳам, кўзидаги мовий линзаси-ю, малларанг сочи ҳам ўзига жуда ярашиб турар, устига-устак кийимларининг рангини рангига мослаб, саралаб кийиб олгандики, кўрган одам бусбутун санъат асарига дуч келгандек унга бир зум термулмай туролмасди.

Дугонасига қарагани сайин Гулсумнинг дили баттар хуфтон бўлар, бу ғашлик сабабини билолмас, «Ҳасад қиляпманми?», деган саволни ўзига қайта-қайта берарди. Кўнглининг бир чеккасида: «Дунё яралибдики, кўримсиз қизлар, чиройлиларга ҳасад қилишган», деган иқрор ҳам йўқ эмасди. Нигинанинг бежирим лабларига кўзи тушиши билан ўзининг ҳеч қачон пластик операция қилдира олмаслигидан, бир умр мана шу дўрдоқ лаблари билан ўтиб кетишидан ўкинарди. Ҳатто келинчак бўлганида ҳам шу лаблари билан гўшангага киради, унга яқин келган куёв «лаби дўрдоқ экан, нега аввал пайқамабман», деб афсус чекади. Кейин умрининг охиригача мана шу афсус билан яшашга маҳкум бўлади.

Ўкинчлар оғир тош бўлиб Гулсумнинг юрагига чўкиб борарди.

Нигинанинг ясама лабларига ҳавас қилган қизларнинг кўпчилиги пластик жарроҳнинг манзили, нарх-навосини суриштира бошлашди. Кўп ўтмай хонадоши Доно ҳам Гулсумнинг юрагини ўртаган бежирим лабларга эга бўлди. Уни кўриб гарчи ҳаваси келган бўлса-да, негадир мутлақо ҳайратланмади. Ажабки, Дононинг лаби билан Нигинанинг лаби бир хил эди! Сира фарқи йўқ.

Гулсум таътилга чиқиб, уйига борганида онасини кўндиришга уриниб кўрди:
– Аяжон, йўқ деманг, ахир лабларим дўрдоқ...
– Ҳечам дўрдоқ эмас, – деди она қатъий оҳангда. – Бекорларни бештасини айтибсан! Xудонинг берганига қаноат қилиш керак!
– Қаранг, Нигина қандай чиройли бўб кетган, – дея дугонасининг расмини онасига узатди у.
– Нимаси чиройли? Қош ўлгур қани! Бу чизиқ яна нимаси?! Ҳали шунга ҳавас қиляпсанми?! Қошу кўзингни ўзгартиришга уриниб кўргин-чи, отанг нима қиларкан!

Гулсумнинг юрагига ғулғула тушди. Отаси унга очиқ-ошкор қаттиқ гапирмаган бўлса-да, хонадон қизлари ундан ҳайиқиб туришади. Агар онаси шундай танбеҳ берса-ку, юраклари зириллаб кетади.

Гулсум чорасизлик манзилидан чиқолмай бошини хам қилиб ўқишга қайтди. Қизлардан яна икки-учтаси ўзгариб, чиройли бўлиб қолгандек эди. Нега ҳамма қилган ишни битта мен эплолмайман, шунчалик қўрқоқ, шунчалик эрксизманми, деган ўй Гулсумнинг ич-етини кемира бошлади. Узоқ иккиланишлардан кейин, пластик операция қилдиришга менинг ҳам ҳақим бор. Ахир XXI асрда яшаяпман. Кап-катта қизман, ўз муаммоларимни ўзим ҳал қилишим керак, деган қарорга келиб, Нигинанинг етовида жарроҳ ҳузурига йўл олди.

Чиройли бўлишга талабгорлар кўп эди. Гулсум ҳам навбатга ёзилиб, шинамгина жиҳозланган қабулхонада юмшоқ оромкурсида ўз галини кута бошлади. Деворга илинган турли фотосуратларга кўз ташларкан, улардаги қиёфалар бир-бирига жуда ҳам ўхшашлигини илғади. Нигинанинг юз-кўзлари, қарашлари-ю, кулишлари ҳам фотосуратлардаги қиёфалар билан бир хил эди. Чиройли, бежирим ва айни пайтда нимасидир кемтик... Гулсум ичкарига кириб чиқаётган қизларни зимдан кузатаркан, ўз-ўзи билан мунозарага берилди: бу қизлар ҳам операциядан кейин анавиларга ўхшаб қоладими? Мен-чи?..
– Сизга учта вариант таклиф қилишимиз мумкин, шулардан бирини танланг, деган овоз унинг хаёлини бўлди.
– А-а...
– Манави учта лабдан бирини танланг, дейман, –деди Нигинага қаеридир жудаям ўхшаб кетадиган бир қиз бир оз энсасини қотириб.

Гулсум аввал қўлидаги суратларга, кейин девордаги фотосуратларга кўз ташлади. Қиёфаларни бир-бирига уйғунлаштириб турган нарсалардан бири айнан мана шу уч хил лаб эди. Бор-йўғи уч хил! Тавба, нега энди уч хил?! Бор-йўғи уч хилми?! Энди мен ҳам мана шу қиёфада яшашга маҳкумманми, деган саволлар яшин тезлигида миясига урилди. Яна бир бор фотосуратларга, кейин дугонасига кўз ташлади. Шунда бир-бирига уйғун гўзалликдаги кемтикликни топди: бу чеҳраларда одамни ўзига тортадиган иссиқлик, жозиба йўқ эди! Гўзал ва айни пайтда жозибасиз қиёфалар! Бирдан унинг хафсаласи пир бўлди.
– Гулсум Норова, сизнинг навбатингиз...

Нигина алланечук тараддуд билан унга қараб жилмайди. Икки дугона бир вақтда икки тарафга қадам ташлашди. Жарроҳ хонасига ошиқаётган Нигина бошини хам қилганча эшикка қараб бораётган Гулсумга етиб олди-да ҳайрон бўлиб:
– Қаёққа кетаяпсан? – деб сўради.
– Мен воз кечдим. Қиёфамни ўзгартиролмайман!
– Эсинг жойидами?! Навбатингни тезлатиш учун озмунча уриндимми, тентак? – деди Нигина тутоқиб.

«Қизиқ, жаҳли чиққанда анави қизларнинг лаби ёнида ҳам Нигинаники сингари чизиқча пайдо бўлармикан», деган ўй ўтди Гулсумнинг хаёлидан. Шу асно онасининг гапларини эслади: «Оллоҳ ҳар бир нарсани буюк ҳикмат билан яратган, уни ўзгартирган одамнинг ҳоли вой бўлади».

Гулсум кўчага чиққач атрофдагиларга синчковроқ қарай бошлади. Унинг назарида Нигинанинг соч турмаги, улама киприклари, улама тирноқлари, ҳатто табассуми аста-секинлик билан тарқалаётган хавфли касаллик каби бошқа қизларнинг ҳам чеҳраларини қамраётган, атрофидагилар келишиб олгандек оммавий қиёфага кираётгандек эди.

Ётоғига шом пайти қайтиб келди. Кўнглини ҳалиям эзгин кайфият тарк этмаганди. Бир-бир босиб тошойнага яқинлашди. Кўзгуда кўз-қошлари, ҳатто дўрдоқ лаблари ҳам чеҳрасига ярашимли, қиёфаси бошқаларникига ўхшамайдиган бир қиз унга қараб турарди. Юзига табассум югурди. Табассумида нафис бир жозиба аксланди. Шунда юрагини эзаётган нохуш ўйлар саробдек тарқалаётганини ҳис этди. У ўзининг, ҳа, битта ўзининг қиёфасини топган эди.