OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

1 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲасан Қудратуллаев
Асар номиБобур – миллий артиллерия асосчиси
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Ҳасан Қудратуллаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Мақолалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм26KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 2-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бобур – миллий артиллерия асосчиси
Ҳасан Қудратуллаев

Тарихда ўтган ҳарбий муҳорабалар сирлари, армияни сақлаш, тартиб билан иш юритиш, уни янги аслаҳалар билан бойитиш тажрибалари бугунги ёш аскару зобитларимизда Ватанга муҳаббат, ўтмишимиздан ғурур, янгилик яратишга ҳавас уйғотиши шубҳасиз. Айниқса, Амир Темур ва Заҳириддин Бобурнинг ҳарбий маҳоратини, уларнинг юксак жанг тажрибаларини имкон қадар ўрганиб, мустақил юртимиз мудофаа тарихининг айрим саҳифаларини тўлдириш долзарб вазифалардандир.

Мазкур мақолада биз шу катта мавзунинг бир жиҳати — Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг миллий артиллериямиз асосчиси сифатидаги фаолияти ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Заҳириддин Бобур Ҳиндистонни тасарруфига киритгунга қадар, энди қирқ ёшни қоралаётган паллада юрт олиб юрт берган, муҳорабаларда суяги қотган, дўст вафосидан кўра атрофидагиларнинг хиёнати, бевафолигидан кўп озор чеккан саркарда эди. Унинг ягона мақсади бобоси Амир Темурнинг бепоён салтанатини асраш, кўпинча ўзларининг тор манфаатларини кўзлаб, низо-жанжаллар гирдобига тушаётган тахтпараст беклар бошини бириктириш эди.

Бобур Ҳиндистонга юриш қилгунга қадар, аввал Мовароуннаҳрда Аҳмад Танбал, кейинчалик Xисравшоҳ, Шайбонийхон, Бухоро учун курашда Абдуллахон билан жанг қилган, ғалабалар нашидасини сурган, мағлубиятлар аламини тортган — улкан муҳораба мактабини ўтаган. Бобур юз-юз эллик минг аскар, айниқса, икки мингта жанговар филга (таъбир жоиз бўлса, бу филлар ўша пайтда муҳораба майдонида бугунги танк вазифасини ўтаган) эга ҳинд саркардаси Иброҳим Лўдий армиясига қарши нисбатан кам сонли лашкар билан курашиб, ғалаба қозонган.

Бу жангларда Бобур туфанг мавқеига катта эътибор беради. У, биринчи галда, ҳинд, пушту ва балужларнинг жанг майдонида ҳали бу аслаҳага дуч келишмаганини билиб, ундан руҳий таъсир воситаси сифатида ҳам фойдаланади. Кашмир яқинидаги Бажавр жангида унинг туфангчилари шижоат кўрсатиб, ғанимни таҳликага солиб қўйишади. Бу эса Бобурга янада мукаммалроқ қурол яратиш ғоясини беради: «Бажавр эли чун туфангни кўрмайдур эдилар, туфанг унидин ҳеч парвое қилмадилар, балки туфанг унини эшитгач тамасхур қилиб, муқобалада шаниъ ҳаракатлар қилурлар эди. Ўшал куни Устод Алиқули беш кишини туфанг била отиб йиқди. Ўзга туфангандозлар ҳам туфанг отмоқта бисёр жалодат кўрсатиб, яхшилаб оттилар. Калқондин, жибадин, говсардин ўткара-ўткара, йиқита-йиқита оттилар. Оқшомғача шоядким, етти-секкиз-ўн бажаврий туфанг била йиқилди. Андин сўнгра андоқ эдиким, туфангнинг зарбидин бош чиқара олмаслар эди».

Юқоридаги парчадан муҳорабада туфангчилар яхши ҳаракат қилишгани, натижадан Бобурнинг қувонгани кўриниб турибди. Бироқ унинг хаёлига туфангдан кўра мураккаброқ аслаҳа яратиш фикри келади ва изланади. У Xуросон ва Мовароуннаҳрдаги жангларда «Рум дастури била» уруш олиб борган. Бу услубдаги жангда ҳарбий аробалардан фойдаланиш кўзда тутилган. Шу дастурга Бобур янгилик киритишга ошиқади: туфангчиларнинг жанг майдонидаги ўрнини алмаштириб, улардан олдин янги ихтироси бўлган аробаларни қўяди. Бу янгилик аввалги туфангандозлар кўрсатган жасоратдан кўра самаралироқ бўлади ва Бобурга янги изланишлар эшигини очади: «Рум дастури била аробаларнинг орасида занжир ўрнига... арғамчилар эшиб, бир-бирига боғлайдилар. Ҳар икки ароба орасида олти-етти тўра бўлғай. Туфангандозлар бу ароба ва тўраларнинг кейнида туруб, туфанг отқайлар. Бу асбобнинг тартиби жиҳатидин беш-олти кун бу юртта таваққуф бўлдук».

Заҳириддин Бобур ҳарбий қуролни янада такомиллаштириш, «фаранги» отиш устида ўйлай бошлайди. «Фаранги», бугунги ибора билан айтганда, ўқ отар тўп бўлиб, биринчи марта Бобур томонидан ҳинд муҳорабасида қўлланилган. Бундан олдин ҳам бу қуролнинг одмироқ нусхасидан фойдаланилган. Бобур туфангни такомиллаштириш, душманнинг кенгроқ майдондаги сафига зарба берадиган фарангий қурол ясашга астойдил киришади.

Шундай қилиб, 1525 йил воқеалари баёнидан бошлаб, «Бобурнома» саҳифаларида Устод Алиқули — ҳарбий тўп ясовчи уста номи тез-тез келади: «Устод Алиқули ҳам ғулнинг олдидин неча қатла яхши фарангилар отти. Мустафо тўпчи ҳам ғулнинг сўл қўлидин ароба устидаги зарбзанлар била яхши зарбзанлар отти». Мазкур парчадаги бир жиҳатга эътибор берайлик: Бобур ҳарбий аслаҳалари қаторига энди аробаларга ўрнатилган зарбзан қурол ҳам қўшилган.

Туфанг, тўп, зарбзанларнинг душман аскарларини ваҳимага солгани Бобурда янги ғояларни амалга ошириш иштиёқини туғдиради ва бу ишнинг устаси Устод Алиқули билан бирга мутлақо янги қурол — артиллерия аслаҳасининг илк намунасини яратишга киришади. Бобурнинг бу ишни охирига етказгунга қадар сабр-бардош, чидам, узлуксиз изланиш олиб боргани ғоят ибратлидир.

Ҳиндистондаги Бияна қўрғонини эгаллаш анча мушкул кечади. Қўрғоннинг баландлиги, ичкарига киришнинг мушкуллиги бор ҳарбий имконият билан уни эгаллашга йўл бермайди. Шунда Бобур янги қуролини маълум бир жойга ўрнатиб, катта ҳажмдаги нишон ўқини узоқроқ масофага етказадиган ускуна устида иш бошлайди. Бу ғояни Устод Алиқулига айтиб, топшириқ беради. Қисқа вақт ичида Устод Алиқули ускуна мажмуаси билан тайёр бўлганини билдиради. Бобур бу аслаҳанинг «қозон қуярининг тафарружига бордик», деб ёзади. Бунда «қозон» тўпнинг пороххонаси бўлиб, унинг чидамлилиги, ҳисоб-китоби (ўтга дош бериш даражаси, тебраниш ҳолати, ўқни аниқ масофа ва мўлжалга етказа билиши ва бошқалар) аниқ бўлиши лозим эди.

Устод Алиқули билан «ҳаммуаллифликда» янги қурол яратиш жараёни Бобурнинг инсон руҳий кечирмаларининг билимдони эканини кўрсатадики, «Бобурнома»даги Устод Алиқулининг ҳолати тасвири бунга мисол: «Бияна ва баъзи кирмаган қўрғонлар маслаҳатиға бир улуқ козон Устод Алиқулиға буюрилиб эрдиким, қуйғай. Ўра ва жамиъ масолиҳини тайёр қилиб, манга киши йиборди. Душанба куни муҳаррам ойининг ўн бешида (еътибор берайлик, Бобурнинг ўзи ҳам бу тарихий воқеанинг кунини аниқ бермоқда, назаримизда унинг ўзи ҳам бу янгиликни тарихий воқеа эканлигини таъкидлаган бўлса ажаб эмас — Ҳ.Қ.) Устод Алиқулининг қазон қуярининг тафарружиға бордук. Қозон қуяр ернинг гирдида секкиз қўра қилиб, олотни эритибтур. Ҳар кўранинг тубидин бир ариғе бу қозоннинг қолибиға рост қилибтур. Биз борғоч, кўраларнинг тешукларини очти, ҳар ариғдин эриган олот сувдек шарилдоб қолибға кирар эди. Бир замондин қолиб тўлмай, бу кўралардин келатурган эриган олотнинг келмоғи бирар-бирар мунқатиъ бўлди. Кўрада ё олотта қусуре бор экандур. Устод Алиқулиға ғариб ёмон ҳолате бўлди. Дарин эдиким, ўзини қолиб ичидаги эриган мисқа ташлағай. Устод Алиқулиға дилжўйлик қилиб, хилъат кийдуруб, бу инфиъолдин чиқардук».

Мазкур матннинг охирги жумласига эътибор берайлик: бунда ҳунарманд меҳнатини ғоятда қадрлайдиган, қўл остидагиларга адолат ва инсоф билан ҳукм чиқарадиган саркарда Бобур шахсияти гавдаланади. Шунингдек, парчада Бобурнинг буйруғига кўра, жуда масъулиятли муҳораба олдидан аниқ муддатда ясалиб, амалга татбиқ этиш лозим бўлган аслаҳа ҳақида гап кетаётир. Илк тажриба муваффақияциз чиққан. Шунга қарамасдан, Бобур бошланган ишининг самарасига ишонади, Устод Алиқулини ўта ўнғайсиз ҳолатдан чиқариб, кўнглини кўтаради, ҳатто инъомлар ҳадя этади. Бу ўз навбатида, Бобурнинг ижодкор шахсга муносабатини, янгилик яратиш сабр-бардош талаб этишини чуқур англаганини кўрсатади.

Жазо ўрнига мукофот олган уста бутун қобилиятини ишга солиб, тажрибада синалаётган тўпнинг қусурини топади ва бу хабарни Бобурга етказишга шошилади. «Устод Алиқули кўп башошат била киши йиборибтурким», дер экан, Бобур устанинг тўпдаги камчиликни қисқа муддатда аниқлаб, яна зудлик билан бу масаладан лашкарбошини хабардор этишни ўз бурчи деб билганини таъкидлайди: «Бир-икки кун қолиб совуғондан сўнг очтилар. Устод Алиқули кўп башошат била киши йиборибтурким, қозоннинг тош уйи беқусурдур (бунда бир масалага диққатни қаратиш зарур: тўпни яратишда унинг қозони — пороххонаси, назаримизда, техник жиҳатдан энг мураккаб муаммо бўлган кўринадики, Бобурнинг хавотири ҳам Алиқулининг аслаҳанинг шу нозик қисми бутунлигидан хурсандчилигини шоҳга етказишга шошгани ҳам шу билан изоҳланади — Ҳ.Қ.). Дорухонасини қуймоқ осондур. Қозоннинг тош уйини чиқариб,жамеъни анинг ислоҳиға таъйин қилиб, ўзи қозоннинг дорухонасини қуймоққа машғул бўлди».

Хуллас, Бобурнинг сабри, устанинг маҳорати тез орада юксак натижа беради: ҳарбий аслаҳалари ичида энг қудратли, муҳорабаларда душманга даҳшат солувчи тўп яратилади: «Якшанба куни ойнинг секкизида Устод Алиқули ўшул улуқ қозони билаким, қуярда тош уйи бенуқсон эди, тош отарида таварружиға бордим. Намози дигар бор эди, тош отти. Минг олти юз қадам борди. Устодга камар ханжар ва хилъат ва тупчоқ от инъом бўлди». Бобур бу ўринда икки масалада ўзининг синчковлигини намоён этаётир: биринчидан, у тўп нишонининг масофасини аниқ белгиламоқда, чунки бу қуролнинг асосий сифат белгиси — ўқ қанчалик узоқроққа етишига боғлиқ. Иккинчидан, унинг Устод Алиқулига қилган инъоми фақат энг катта хизмат кўрсатган, эътиборли кишиларга аталадиган совға бўлиб, бу ҳам Бобурнинг мазкур масалага нечоғли эътибор билан қараганини кўрсатиб турибди.

Устод Алиқулининг ютуғи Бобурни қаноатлантирган, албатта. Аммо у тўпни янада такомиллаштириш, зарба бериш қудрати ва ўқининг учиш узоқлигини ошириш устида бош қотирган. Изланиш ва тажрибалар, аввалги лойиҳага нисбатан натижали бўлса-да, нуқсондан ҳоли эмас эди. «Якшанба куни Устод Алиқули улуғ қозон била тош отти (бунда Бобур атай «қозон»га «УЛУҒ» сўзини илова қилмоқда — Ҳ.Қ.) Агарчи тоши йироқ борди, вале қазон пора-пора бўлди. Бир пораси жамеъни бости. Бу жумладин секкиз киши ўлди». Тажриба чоғида тўпнинг қозонхонаси ёрилиб, бир парчасигина саккиз кишининг жонига зомин бўлган экан, бу тўпнинг катталиги қанча бўлган? Бобур даврида бунчалик иссиқбардош, юқори даражадаги ўтга чидамли металлар қаердан олинган? Бу саволларга бериладиган жавоблар миллий армиямиз тарихига доир ихтиролар таҳлилига боғлиқки, бу ўринда биз турли соҳалардаги олимларимизнинг жавобига бугунги ўқувчининг чанқоқлигини айтишни истар эдик.

Хуллас, Заҳириддин Бобур масалага жиддий қарайди: тўп ўрнатиладиган жой тупроғи, тупроқнинг таркиби, ернинг тўп зарбига бардошлилиги, муҳораба майдонининг мувофиқлигини ўрганади ва бу ишлар назоратини бевосита ўз қўлига олади. Тўп отишда, тажриба чоғидаги каби, фожиа такрорланмаслигини истаб, бу ишни ўрганишга масъул «муҳассислар ва белдорлар»дан иборат ҳайъат тайинлайди. Ана шу ишлар бажарилиб, кўнгли тўлгандан кейингина бошқа қурол, анжомларни ҳозирлашни буюради: «Устод Алиқули тош отар учун бир боғда ясси ерни ихтиёр қилди. Муҳассислар ва белдорлар таъйин бўлдиким, қозон қурари учун булжор қўпорғайлар. Жамиъ черик элига фармон бўлдиким, тўра ва шоту ва навкари тўраниким, қалъагирлик асбобидур, тайёр қилгайлар».

Шу ўринда бир масалага диққатни тортмоқчимиз. Бобур янги ихтиро қилинган тўпни жангга ҳозирламагунча эгаллаши қийин бўлган қўрғон ҳужумига ўтмаган. «Бобурнома»да Бияна қўрғонининг жуда баланд, мустаҳкамлиги бир неча марта такрор айтилганки, унга қилинган ҳужумлар зое кетиб, мақсадга эришилмаган. Анча мукаммаллаштирилган тўпнинг яратилганига ишонч ҳосил қилганидан сўнг Бобур «қалъагирлик асбоб»ларини ҳозирлаш вақти етганини билдирмоқда. Шундан ҳам бу аслаҳанинг яратилиши Бобурнинг Ҳиндистонни ўз тасарруфига киритишида нечоғли зарур бўлганини билиш мумкин.

Заҳириддин Бобур Иброҳим Лўдийга қарши муҳорабага жуда жиддий ҳозирлик кўради. Бу унинг учун ҳаёт-мамот жанги эди. «Бобурнома»нинг шу жангга оид саҳифаларини ўқир эканмиз, Бобурнинг муҳораба майдонларида лашкари жойини белгилашида, аскарларни душман зарбасидан ҳимоя этиб, ҳисобсиз қирғинларга йўл қўймасликда, аввало, ўзи яратган, такомиллаштиришда бош бўлган тўпларга, тўпчилар хавфсизлигини таъминлашга диққат қилганини кузатамиз. У аввал тўп ўрнатиладиган майдонни танлаб, тўпни жойлаштириб, кейин муҳорабанинг бошқа бўғинларига эътибор қаратган: «Устод Алиқулининг фарангий ва зарбзан отмоғини тафарруж қилдим. Ушбу кун Устод Алиқули фарангий тоши била икки кемани уруб синдуруб, ғарқ қилди. Мустафо ҳам ул юздин фарангий тоши била икки кема уруб синдуруб, ғарқ қилди. Улуғ қозонни жанг жойиға элтиб, ерини ясамоққа Мулло Ғуломни муҳассил қўюб, бир пора ясавуллардин ва жалд йигитлардин анга кўмак таъйин қилиб, ёниб келиб, ўрду тўғриси бир оролда маъжун едук.»

Бобур Мулло Ғулом исмли кишига тўпларни ўрнатиш ишини назорат қилишни тайинлаб, ўзи оролчага бориб нафасини ростлар экан, шу жойдан туриб тўпсозлар ишини кузатади, зарур топшириқларни бериб, бу жараённи бир лаҳза ҳам назаридан четда қолдирмайди: «Намози пешин Устод қошидин киши келдиким, тош тайёр бўлубтур, не фармон бўлур? Фармон бўлдиким, бу тошни оцун, яна мен борғунча яна бир тошни тайёр қилсун».

Бобур ўзининг бу яратувчилик фаолияти, ихтироси натижасини Иброҳим Лўдийни буткул тор-мор этганда кўп эслайди. У жанг майдонидан ғолиб чиқаркан, «бенгалийларнинг оташбозлик била шуҳрати бор эди», деб ҳинд лашкаридаги ҳарбий мушак отишларни ўзининг тўплари зарбалари билан қиёслайди ва бу жараённи таҳлил этиб, фахр билан ўз туйғуларини яширмай шундай ёзади: «Намози дигарда кичкина Бангалий завраққа кириб, мўлжор қўпорғон ерга бордим. Устод бир навбат улуғ тош отти, яна бир неча фарангий отти. Бангалийларнинг оташбозлиқ била шуҳрати бор эди, бу навбат яхши синадук, бир ерни чоғ қилиб отмайдурлар, ҳар тавр била отадурлар».

«Бобурнома»да 1528 йилнинг охиридаги воқеалар тасвирида Бобур уста номини аввалгидек Устод Алиқули деб эмас, балки УСТОД билан келтиради. Бу бежиз эмас. Бу, биринчи марта Бобурнинг юксак бир нияти, орзуи — ўша даврда мукаммал тўп яратишни амалга оширган моҳир қуролсоз устага эҳтироми, унинг хизматини қадрлагани бўлса, иккинчидан, таъкидлаганимиздек, худди шу қурол Ҳиндистонда унинг ғалабасини таъминлашда муҳим омиллардан бири бўлган. Яна бир жиҳатга эътиборни қаратайлик. «Бобурнома»да муаллиф қуйидаги жумлани келтиради: «Нодирул-аср Алиқули ўз улуси билан ғулнинг олдида эди ва милтиқ ва зарбзан ва тош отмоққа ишлар қилур эдилар». Бунда давр шоҳи ўзининг моҳир ҳунарманд устасига «нодирул-аср», яъни асрнинг нодир кишиси, деб баҳо бермоқда. Бу Устод Алиқулининг юксак эътиборга ноил бўлганини кўрсатади. Яна худди шу парчадан биз Устод Алиқули шунчаки устоз эмас, балки Заҳириддин Бобур армиясида, агар таъбир жоиз бўлса, артиллерия бош қўмондони вазифасини бажарган. Асарда унинг барча ўқотар, артиллерия қуролларига бошчилик қилганлигининг гувоҳи бўламиз.

Хуллас, биз Заҳириддин Бобурнинг ҳарбий маҳоратига оид бир жиҳатни кўриб чиқишга ҳаракат қилдик. Бу бизга буюк ватандошимиз умр саҳифасининг бир палласига назар солиш имконини берди.