OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲасан Қудратуллаев
Асар номиБобур ва Шарқ тамаддуни
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Ҳасан Қудратуллаев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Очиқ хатлар ва мактублар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2005 йил 27-сонидан олинди.
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бобур ва Шарқ тамаддуни
Ҳасан Қудратуллаев

Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарини мутолаа қилар эканмиз, у замонасининг юксак ижодкори, янгиликка интилувчи шахс сифатида қаерда бўлмасин бунёдкорлик билан шуғулланганига гувоҳ бўламиз. Айниқса, Афғонистон ва Ҳиндистонда амалга оширган ишларининг адоғи йўқ. Бобур бу ўлкаларнинг маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган. Аввало, давлатчилик ва ижтимоий бошқарувни қарор топтиришга, ободончилик ишларини авж олдиришга, ҳарбий тузилмани ислоҳ этиш, бу соҳага ҳам янгиликлар киритишга интилган. Ўзининг қисқа, 47 йиллик умри ҳисобсиз жангу жадалларда ўтган Бобур давр султони, шоҳ вазифасини адо этиб, яна биз авлодларга бебаҳо «Аруз рисоласи»дек илмий асар, шеърий девон, дин ақидаларига оид ганжиналар қолдирган.

Қаерда бўлмасин, у бирор-бир янгиликка қўл уришдан олдин бу иш жамият ва салтанат манфаатига қанчалик хизмат қилишини ҳар томонлама ўйлаб кўрган. Масалан, Ҳиндистонга дастлаб келган пайтида бир маъбудахонага кириб, бутларни синдириб боғ яратишга амр беради ва ҳаял ўтмай бу ҳаракати ерлик аҳоли норозилигига сабаб бўлишини тушуниб ишни тўхтатади. Фарзандларига мактуб ва васиятларида диний, ирқий, маънавий қадриятларга зид ҳаракатларни қилмаслик, диний бағрикенглик билан иш юргизиш зарурлигини алоҳида таъкидлайди.

Ҳиндистон об-ҳавосининг диққинафаслиги, тоза ичимлик сувининг танқислиги ва сурункали ёмғирлар Мовароуннаҳрнинг хуш ҳавосига ўрганган Бобур учун жуда оғир кечади. Агра шаҳрига яқин жойда шинам бир боғ яратишни мақсад этиб, у жуда кўп жойларни айланиб чиқади ва ботқоқликлар, ўнқир-чўнқир ерлардан ўзга жой тополмагач, ниҳоят Жуун деган манзилни танлайди: «Андоқ бесафо ва хароб ерлар эдиким, юз кароҳат ва нохушлуқ била андин убур эттук. Бу ернинг макруҳлиғи ила нохушлиғидин чорбоғ хаёли хотирдин чиқти. Мундин ўзга мундоқ ёвуқ ер Аграда чун йўқ эди, неча кундин сўнг зарур бўлуб, бу ерга — ўқ илик қўюлди».

Кўриниб турибдики, танланган бу жой иморат, иншоот қуриш учун унча мувофиқ бўлмаган. Шунга қарамасдан у жадаллик билан ишни бошлатади. Муҳим томони шундаки, Бобурнинг бу бунёдкорлиги Ҳиндистон учун мутлақо янгилик бўлиб, Мовароуннаҳр сивилизацияси, маданий қатламининг Ҳиндистонга кўчганидан далолат беради. У яратган иншоотлар муҳандислик фанининг барча талабларига жавоб берибгина қолмасдан, эстетик жиҳатдан ҳам, қурилишда ишлатилган материалларнинг мувофиқлиги ва пухталиги билан ҳам кишини ҳайратга солади. Энг муҳими, бу қурилишларнинг тарҳи, жойи, сатҳини унинг ўзи танлаган, лойиҳасини яратишга бош бўлган, қурилишни бошқарган, изчил назорат қилган: «Ул улуғ чоҳким, ҳаммом суви андиндур, бунёд бўлди. Яна бу парча ерким, анбалий дарахтлари ва мусамман ҳавз андадур, булардин сўнг улуғ ҳавз андадур, булардин сўнг улуғ ҳавз саҳне бўлди. Андин сўнг тош иморат олидағи ҳавз ва саҳне бўлди. Андин сўнг «Хилватхона» боғчаси ва уйлари бўлди. Андин сўнг ҳаммом бўлди. Мундоқ бесафо ва бесиёқ Ҳиндта тавр тарроҳлиқлар ва сиёқлиқ боғчалар пайдо бўлди».

Матндаги бир жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчимиз: Бобур ўзи яратган иншоотларидан, Ҳиндистонга олиб кирган сивилизациясидан мамнун бўлмоқда, яратган ансамблнинг муҳандислик хусусияти, чиройи унинг ўзини ҳам мафтун этмоқда. Бу лаҳзалар Бобур умр дафтарининг энг лаззатли дамлари бўлса ажаб эмас.

«Бобурнома»даги кўплаб мисоллар сивилизацияга ўта мойил бунёдкор инсон — фақат шоҳ Бобурни эмас, том маънодаги муҳандис Бобурни, яратилаётган иншоотининг чинакам жонкуярини кўз олдимизда гавдалантиради. Қуйидаги парчадан яратувчилик ишидан мамнун, ҳар бир қўйилаётган ғишт, тошдан ҳаёт завқини туйган кишининг ҳолатини сезамиз: «Тонгласиға буюрулғон ерларни юруб сайр қилдим. Якпора тошда буюрулғон кайладор ҳавзнинг юзини бир мартаба тамом кўтармайдурлар эди, буюрулдиким, сангтарошлар кўпрак келиб, бир мартаба, ҳавзнинг тубини дурустроқ олсунларким, сув қуйиб, атрофини тарозу қилса бўлғай. Кеч намози дигар ҳавзнинг бир мартаба юзини тамом олдилар. Буюрдимким сув тўлдирдилар. Атрофини сув била тарозу қилиб, ҳамвор қилмоққа машғул бўлдилар. Бу навбат яна бир обхона буюрдимким, ерини якпора тошдин тарош қилғайлар, ичидаги кичик ҳавзни ҳам якпора тошдин қозғойлар».

Бобур Мовароуннаҳрда, Ҳиндистон ва Афғонистонда фақат қурилиш ва ободончилик билан шуғулланмаган, балки туб ислоҳот ишларини ҳам олиб борган.

ХВ — XVI асрда, ундан олдин ҳам савдо-сотиқ муносабатлари, давлатлараро борди-келдиларнинг хавфсизлигини таъминлаш энг катта муаммо, харажатталаб масала ҳисобланган. Карвон йўллари қулай юртнинг иқтисодий аҳволи яхши, халқининг тинчлиги барқарор бўлган. Айтиш жоизки, Амир Темур салтанатида бу мезон ўрнига қўйилган, бироқ Соҳибқирон вафотидан кейин унинг қаламравидан чет ерларда қароқчилик ҳоллари учраб турган. Ана шу масалани тубдан ислоҳ қилиш, тасарруфидаги ерларда осойишталикни сақлаш учун Бобур Кобул — Нингнаҳор йўлининг хавфсизлигини таъминлашни асосий вазифа деб билади. Кейинчалик бу ишни бутун Ҳиндистон ҳудудида ҳам жорий этади. «Бу орада маъмура йўқ эди», дейди Бобур. Демак, Кобул — Нингнаҳор йўлининг жўғрофий шароити қийинлиги бошбошдоқликка сабаб бўлган. Шу йўлнинг энг оғир қисмида тартиб ўрнатганини, осойишталикни қарор топтирганини инобатга олсак, Бобурнинг саъй-ҳаракатлари нечоғли улкан ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этганини кўрамиз: «Кобулдин шарқ сари ўн уч йиғоч йўлдур. Нингнаҳор била Кобул ораси асру қаттиқ ёмон йўлдур. Уч-тўрт ерда кичикрак-кичикрак кўталлари, икки-уч ерда тангилари бор. Xириджи ва жамиъ қуттоут-тариқ афғонлардур. Бу йўлни урурлар эди. Бу орада маъмура йўқ эди. Қўриқсойнинг оёғи Қоратуни мен маъмура қилдурдим. Бу жиҳатдин ер эмин бўлди».

Афғонистоннинг Ғазниси мамлакатнинг йирик вилоятларидан бўлиб, унда тарихий обидалар, исломгача бўлган Будда маданий ёдгорликлари талайгина. Жумладан, султон Маҳмуд Ғазнавий мақбараси, ғазнавийлар саройи қолдиқлари ҳозиргача сақланган. Шу билан бирга, бу ерда Маҳмуд Ғазнавий фармони билан катта сув тўғони қурилган. Тўғон Чингизхон истилоси даврида бузиб ташланган. Заҳириддин Бобур Ғазнида бўлганида бу тўғоннинг ҳолатини кўриб, уни қайта қуришга амр беради: «Султон (Маҳмуд) замонида уч тўрт банд бор экандур, бир банд ушбу Ғазни суйида, Ғазнидин шимол сари уч ёғоч сув юққори Султон бир улуғ банде солибтур, бу банднинг баландлиғи қирқ-еллик қари бўлғай, узунлиги тахминан уч юз қари бўлғай, сувни анда заҳира қилиб, бақадри эҳтиёж экинга сув очарлар эркандур... Ҳиндустонни фатҳ қилғон йил бу бандни ясамоқ учун Xожа Калондин ярмоқ йиборилди. Тенгри иноятидин умид борким, бу банд ободон бўлғай».

Камина бир неча йил Афғонистонда, жумладан, Ғазнида ҳам бўлдим. У ердаги кишилар билан суҳбатларимизда ерли аҳоли Бобур даврида ана шу тўғонда жиддий таъмир ишлари олиб борилганини, шундан сўнг ўнлаб йиллар давомида қақраб ётган ерларга сув чиққанини гапириб бердилар. Ҳатто биз бориб кўрган банди Султоннинг қайси қисми ўша даврда Бобур амри билан таъмирланганини маҳаллий муҳандис бизга аниқ кўрсатди. Бу оддий халқнинг Бобурга эҳтироми рамзи эди.

Ҳиндистонни тасарруфига киритган Бобур, биринчи галда, бу юртнинг архитектурасига, обидалари, бутхона ва муқаддас биноларига эътиборини қаратади, уни Мовароуннаҳр ва Xуросон обидалари билан чоғиштиради, ижобий томонларини зикр этиш билан бирга уларга танқидий ёндошади. Xусусан, Гвалиярдаги иморатлар билан қизиқиб, ичига кириб томоша қилади: «Ман Сингнинг ва Бикрамажитнинг иморатларини тамом юруб, сайр қилдим, ғариб иморатлардур. Агарчи бўлук-бўлук ва бесиёқдур, тамом санги тарошидадиндур. Агарчи ҳиндустоний такаллуфлар қилибтурлар, вале беҳавороқ ерлардур».

Бобурга Ҳинд архитектураси ҳамма вақт ҳам маъқул бўлмаган. Шу боис, у Ҳиндистонда ўз юрти Мовароуннаҳрни эслатиб турадиган кошоналарни яратишга киришади, уларни қуришга амр беради. Ушбу мисол фикримизга далилдир. Раҳимдод исмли шахс ҳинд элида қурган «кичикроқ толорғина» — кичик айвон ва боғча Бобурга ўзи туғилиб ўсган Мовароуннаҳрни эслатади. Зеро, бу иморат айнан Бикрамажитнинг бесўнақай иморатларининг ёнгинасида, гўё таққослаш учун бунёд этилгандек: «...Ушбу улуғ гумбазнинг устида Раҳимдод бир кичикрак толорғина қилибтур. Раҳимдод ушбу Бикрамажитнинг иморатларида ўлтурубтур. Бу иморатларни сайр қилиб, отланиб Раҳимдод солғон мадрасани кезиб, қўрғоннинг жанубий тарафида бир улуқ ҳавзнинг ёқасида Раҳимдод солғон боғчани тафарруж қилиб, кеч ўрду тушган чорбоққа келдук. Бу боғчада хейли гуллар тикибтур. Xушранг қизил канейр боғчада хейли бор. Бу ерларнинг канейри қип-қизил хушранг канейрлардур. Бир пора қизил канейрни Гвалеярдин Агра боғларига келтуруб эктирдум».

Бобур Ҳиндистонни ўз тасарруфига киритгач, биринчи навбатда, Xуросон, Афғонистон ва Мовароуннаҳр билан алоқани тиклаш, маълумот ва хабарларни имкон қадар тезликда етказишни ўйлайди, алоқа хизматини йўлга қўйишга жазм этади. «Бобурнома»да ўқиймиз: «Ҳар тўққиз куруҳ манор қўпорғайларким, манорнинг баландлиғи ўн икки қари бўлғай. Устида бир чордара қўпорғайлар. Ҳар ўн секкиз куруҳда олти ём оти боғлағайлар. Ёмчи ва сайисға улуфа ва отларға алиқ таъйин бўлғай. Андоқ фармон бўлдиким, бу ём оти боғлатур ер агар бир холисаға ёвуқ бўлса, бу мазкур бўлғонларни андин саранжом қилсунлар, йўқ эрса, ҳар бекнинг парганасига воқиъ бўлса анинг уҳдасига қилсунлар. Ушбу кун Чақмоқ била Шоҳий Аградин чиқтилар. Бу куруҳларни мил била мувофиқ таъйин қилилди».

Юқоридаги парчадан Бобурнинг Шарқда мавжуд бўлмаган алоқа тизимини ишлаб чиққанини кўрамиз. Бунда ўша даврдаёқ алоқанинг барча жиҳатлари: маълум масофада қанча ва қайси сифатдаги отлар боғланиб, парваришланиши, уларнинг озуқаси, отбоқарлар, уларга сарфланадиган сарф-харажатлар миқдори назарда тутилган. Xаражатлар Бобурнинг ҳукмронлиги остидаги ҳудудда бўлса ўша жойнинг беклари ҳисобидан, агар ўзга ҳудудда бўлса ҳақ тўлаш йўли билан амалга оширилишигача инобатга олинган.

Ўша даврда узоқ масофа асосан «куруҳ» ўлчови билан белгиланган. Бобур Ҳиндистондалиги боис «бу куруҳларни мил била мувофиқ таъйин қилилди», дейди. Шунинг ўзи ҳам маҳаллий шароитга мослашиш, у ерда қабул қилинган умумий ўлчовлардан фойдаланиш — зулм орқали ўз тартибини ўрнатмаслик сиёсатини олиб борган Бобурнинг олийҳимматлигидан далолат беради.

Бобур томонидан Ҳиндистонда масофани ўлчаш, хазина миқдорини белгилашда қулай, ўзига хос арифметик атама ва ҳисоблаш услуби янгилик сифатида киритилган, жанг тактикасига оид кўплаб атамалар жорий этилганки, буларнинг барчасини ўрганиш бугунги авлодларни қадим маънавиятимиз ютуқларидан хабардор этади, уларда юксак ифтихор ҳиссини уйғотади. Масалан, Бобур Афғонистонда ўз салтанатини барқарор этаркан, аскарларга амр ва фармонларни аниқ, мазмунли етиб бориши учун жуда кўп афғонча, арабча амр сўзларини туркчага ўзгартиради. Буни Бобурнинг ўзи катта бунёдкорлик деб билади. Бугунги армиямизда ҳам уларни қўллай бошлашимизни мустақиллик йилларидаги қадриятларимизга юксак эҳтиром сифатида қабул қилиш мумкин.

Заҳириддин Бобур Ҳиндистонда Мовароуннаҳрни эслатувчи ҳар қандай янгиликка астойдил қўл урган, уни амалга оширишга ҳаракат қилган. Бу ишларни унинг оддий ҳаваси, десак янглишамиз. Улар Ватанга бўлган юксак эҳтиромнинг, муҳими, келажакка умид билан қараб иш тутишнинг Бобур қалбида ҳамиша ғолиб бўлганини кўрсатади. Қуйидаги мисолга назар солайлик: у Мовароуннаҳрда ўсадиган, бироқ Ҳиндистонда бўлмаган дарахт, полиз ва боғдорчиликка оид набототни янгилик сифатида жорий этиб, хурсанд бўлганини ошкора баён этади, бу ютуқларни интилишларининг меваси деб билади: «Балхий полизкорни қовун эккали қўюлуб эди. Бир неча қовун сахлағон экандур, келтурди. Xейли яхшиғина қовунлар эди. Бир икки бута ток «Ҳашт беҳишт» боғида эктуруб эдим, анинг ҳам яхшиғина узумлари бўлуб эди. Шайх Гуран ҳам бир сабад узум йибориб эди, ёмон эмас эди. Ҳиндустонда қовун, узумнинг мунча бўлуридин филжумла хурсандлиғе бўлди».

Ҳумоюнга ёзган мактубида Бобурнинг нақадар бағрикенг бунёдкор шоҳлигига гувоҳ бўламиз. Ҳиндистонда туриб ёзган бу мактубида у ўзининг жуда кенг салтанатига бир хилда қараган: бунёдкорлик ишлари хоҳ Мовароуннаҳр, хоҳ Xуросон ва Афғонистон ёки Ҳиндистон ўлкасида бўлсин, уларнинг барчасига Бобур бир хилда қайғурган. Мактубни Бобур умрининг охирларида, сурункали бетоб пайтида ёзганини эсласак, шу ҳолатда ҳам унинг юрак дарди, салтанат шуҳрати ва ободончилик учун куйиб-ёнганини кўрамиз: «Корвонсаро ва ҳаммомларнинг мараммати, яна аркта Устод Ҳасан Али қилғон пишиқ хишт била нимкора иморатнинг итмоми, бу иморатни Устод Султон Муҳаммад била машварат қилиб, муносиб тарҳ била буюрулсун. Агар Устод Ҳасан Али тортқон бурунғи тарҳ бордур, худ ўшандоқ — ўқ тамом қилсун, йўқ эрса, иттифоқ била бир ширин тархлиқ иморат солсун. Андоқким, саҳни девонхона саҳни била баробар бўлғай. Яна Xурд Кобулнинг бандиким, тангининг Xурд Кобул сари чиқарида Бутҳоқ суйиға боғлағулуқтур. Яна Ғазнининг бандининг мараммати, яна Боғи Xиёбон ва хиёбон. Яна бу боғнинг суйи оздур, мунга бир тегирмон суйи сотқун олиб, келтурмак керак. Яна Xожа Бастанинг ғарби-жануб тарафида Тутум дара сувини бир пушта устига келтуруб, ҳавз қилиб, ниҳоллар тиктуруб эдим...».

Хуллас, барча замонларда бунёдкорлик эъзозланган. Қурилган муҳташам иморатлар, равон йўллар асрлар ўтиб ўша давр сарварининг эзгу ниятлари, чеккан ташвишлар ва орзу умидларидан далолат бериб турган, инсоният томонидан қадрланган Заҳириддин Бобур, шубҳасиз, шундай юксак ардоққа лойиқ. Унинг бунёдкорлиги ҳаёт пайтидаёқ унга мислсиз шуҳрат келтирган эди. Бугунги кунда эса, бу эзгу ишлари янада салобат, кўркамлик касб этиб, Шарқ тамаддунининг ифтихорига айланди.