OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲерманн Ҳессе
Асар номиНюрнбергга саёҳат
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Швэцария адабиёти
Бўлимлар
   - Модернизм
Муаллифлар
   - Ҳерманн Ҳессе
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонМирзаали Акбаров
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Нюрнбергга саёҳат
Ҳерманн Ҳессе

«
Бу йил жаҳон жамоатчилиги ХХ аср адабиётининг улуғ намояндаларидан бири, Нобел мукофоти соҳиби, буюк олмон адиби Ҳерманн Ҳессе (1877—1962) таваллудининг 130 йиллигини кенг нишонлайди. Ҳерманн Ҳессе энг кўп мутолаа қилинадиган олмон адибларидан биридир. Унинг кўплаб роман, қисса, ҳикоялари, шеърлари, сиёсий, адабий-танқидий руҳдаги асарлари чоп этилган. Улар орасида, айниқса, «Чўл бўриси», «Маржонлар ўйини», «ўилдираклар остида», «Демиан» каби асарлари алоҳида довруғ қозонган. Адиб, шунингдек, маънавий-маърифий йўналишда ҳам кўплаб асарлар ёзган. Юқорида тилга олинган «ўилдираклар остида» романи, шунингдек, «Нюрнбергга саёҳат» сафарномаси ва бошқа кўпгина асарлар шулар жумласидандир. Қуйида ёзувчининг «Нюрнбергга саёҳат» сафарномасидан бир парчани ўқувчиларимиз эътиборига ҳавола қилмоқдамиз.
»

Йўлга чиққан куним ҳавонинг авзои бузуқ, қор аралаш ёмғир ёғарди. Яна Аугсбург ёнидан ўтдим, шаҳар узра катта бутхона ва Санкт-Моритс қад ростлаб турарди, шундан сўнг нотаниш жойлар кўз ўнгимдан ўта бошлади, бекатлар орасидаги охирги масофада эса одам оёғи етмаган, хилват, қалин ўсган ажойиб қарағайзор ўрмонлар бошланди, дарахтлар учи қор бўронида чайқаларди. Бу манзара гўзал ва сирли, шу билан бирга мен, жанублик учун нохуш ҳамда ваҳимали эди.

Агар шундай кетаверадиган бўлсам, ўйлардим мен, янада кўпроқ қарағайлар, янада кўпроқ қорлар учрайди, ундан сўнг эҳтимол Лайптсиг ёки Берлин бошланар, кейин эса Шпитсберген ва Шимолий қутб кўриниб қолса, ажабмас. Э худо, яхшиямки, Дрезденга таклифномани қабул қилмаганим-а! Буни тасаввур ҳам қилиб бўлмасди. Бусиз ҳам йўл узоқ, ҳаддан зиёд узоқ эди, мен Нюрнбергга етиб келгач, хурсанд бўлиб кетдим. Кўнглимда мен бу готик шаҳарда ҳар турли мўъжизалар кутгандим. Ҳоффманн ва Вакенродер руҳи билан учрашаман деб умид қилганман, бироқ афсуски, бундан ҳеч нима чиқмади. Шаҳар менда даҳшатли таассурот қолдирди, бунга албатта, ўзим айбдорман. Мен ҳақиқатан ҳам мафтункор, Улмдан кўра бойроқ, Аугсбургдан кўра ўзига хосроқ эски шаҳарни кўрдим. Авлиё Лорентс ва авлиё Зебалдни, ратуша ва унинг таърифлаб бўлмайдиган даражада ғоят гўзал фаввора турган ҳовлисини томоша қилдим. Мен буларнинг барчасини кўрдим, ҳаммаси жуда гўзал эди, бироқ барчаси катта, лоқайд, зерикарли корчалон шаҳар бинолари билан ўраб олинган, моторларнинг гувиллаган шовқин-сурони остида, автомобиллар қуршовида эди, барчаси тўрсимон гумбазлар қурмайдиган ва жимжит ҳовлиларга фаввораларни гуллардек гўзал қилиб ўрната олмайдиган бошқа бир замон суръати остида аста титрарди, барчаси йиқилай-йиқилай деб турарди, чунки на руҳ, на маъно бор эди. Қандай гўзал, қандай мафтункор нарсаларни кўрмадим бу маҳобатли шаҳарда! О, нафақат ажойиб диққатга сазовор жойлар, черковлар, фавворалар, Дюрер уйи, қалъа, балки майда, тасодифий, аслида менга қадрли бўлган бир талай нарсалар. «Шар» деб аталадиган бир дорихонада (у мустаҳкам, муҳташам эски бинода жойлашган эди) ўзимга чўмилиш учун янги кўзойнак сотиб олдим, бу ердаги витриналардан бирида ҳозиргина тухумдан чиққан тимсоҳчанинг тулуми тухум пўчоғи билан бирга қўйиб қўйилибди. Бу ерда мени шунга ўхшаш яна кўпгина нарсалар ўзига тортди. Бироқ менга ҳеч нарса ёрдам беролмади. Назаримда, барчасини манови лаънати машиналардан чиққан газ қоплаб олган, барчаси емирилган, барчаси инсоний эмас, балки иблисона ҳаётдан зириллаган, бариси ўлишга, йўқ бўлишга тайёр, бу дунёга нафратдан қулаб тушишга ва ҳалокатга ташна, беҳуда тураверишдан, руҳсиз гўзалликдан чарчаган эди. Адабий уюшмада очиқ чеҳра билан кутиб олишгани ҳам, сўнгги (узоқ вақт, балки бир умрга) маърузамни тугатганимдан кейинги енгил тортиш ҳам, ҳеч нарса ёрдам бермади. Ҳеч қандай рўшнолик йўқ эди бу ерда. Меҳмонхона буғ билан иситиларди, керагидан ортиқ қиздириб юборилганидан хона исиб кетган, кечаси билан ҳам совимас, деразани очай десам, серқатнов кўча шовқини, бу ёқда манови ярамас аппарат - телефон кечаси оғриқ кучайиб, ухлаёлмаганимга яраша тонгда озгина мизғиб олишга ҳам қўймасди.

Айнан Нюрнбергда ўзимни тўқсон яшар ўлаётган чолдек ҳис қилдим, шу ерда мени жойимга қўйиб қўя қолишсин, деган тилакдан бошқа ҳеч қанақанги истак-хоҳиш йўқ эди, айнан шу ерда мен кўпроқ ёшлар билан мулоқотда бўлдим. Улардан бири, ўқувчи ё талаба бўлса керак, маърузадан сўнг мени бироз хижолат қилиб қўйди. У китобга бир нима деб ёзиб беришимни сўради, нима ёзишни билмай турганимда (шу пайтда миямга нима фикр ҳам келарди) грекча сўзларни, китобларимдан бирида учрайдиган «Инжил»дан иқтибос ёзиб беришимни таклиф қилди. Йигирма йилдан ошди, грекча ҳарф ёзмаганимга; худо билади, ёзувим қанақа чиқди! Бошқа бир йигит ёш шоир экан, Нюрнбергда ўтган ўша қисқа вақтимнинг каттагина қисмини у билан бирга ўтказдим ва ундан хурсанд бўлдим. У ўзи менга илгариёқ ёқиб қолган эди, қисман мен ҳақимдаги жиддий мақоласида шеърий машқларимнинг беҳуда уриниш эканлигини ва бунинг сабабларини жуда яхши кўрсатиб берган эди, қисман эса кичкинагина достон муаллифи сифатида (ушбу достон чинданам жозибали ёзилган бўлиб, унинг қаҳрамони шоир Граббе эди) йигитча менга ёқиб қолган эди. Бу ёш шоир мен билан Нюрнберг бўйлаб бирга юрарди, ўзи ўткир ичимликлар ичмаса-да, кечқурунлари қаҳвахоналарда сабр-тоқат қилиб мен билан бирга ўтирарди, у ўзининг ёқимтой чеҳраси ва кичкина нозик қўллари билан баъзи дақиқаларда мени бу шаҳарда хавф-хатардан асраш учун буюрилган фариштага ўхшаб кетарди.

Шундай бўлса ҳам, ҳарҳолда хийла саросимага тушган ва умидсиз кайфиятда эдим. Бир нарса менга аниқ эди - у ҳам бўлса, бу ердан имкони борича тезроқ кетиш. Мюнхенда ишонарли, яхши бир дўстим бор эди, у билан телеграф орқали боғланиб, бу ерда ортиқ туролмаслигимни, иложи бўлса, мени кейинги тезюрар поезд билан Мюнхенда кутишини маълум қилдим. Бор будимни яна жомадонга наридан-бери тиқдим-да, меҳмонхонадан вокзалга бир амаллаб етиб олдим ва қутулганимга шукр қилиб, гўёки ҳалокатга маҳкум Нюрнбергдан жўнаб кетдим. Поезд Мюнхенга етгунча ҳеч қаерда тўхтамади, бироқ манзилга етиб боргунимча бўларим бўлди, йўл жуда узоқ туюлди, аллақанча вақт ўтди, дилим хуфтон, кўзларим қизарган, тиззаларим қалтирар, йиқилгудек бир алпозда эдим. Эҳтимол, бу саёҳатимнинг энг гўзал лаҳзасидир. Мен яна Мюнхендаман. Ҳартугул тирикман, барчаси ортда қолган, энди ҳеч қачон маъруза ўқишим керак эмас эди. Дўстим эса, бўйчан ва бақувват, кўзлари кулиб турар, қўлимдан дарҳол юкимни олиб, кўпам сўраб-суриштириб ўтирмасдан, бизни фалон-фалон ресторанда танишларимиз кутишаётганини айтди. Менга қолса, ҳозироқ ўзимни каравотга ташлаган бўлардим, аммо ресторанда ўтириб отамлашганга не етсин?!

Стол атрофида адиб ва танқидчилар ўтиришар, бизни кутишаётган, қадаҳларга эса ҳақиқий асл мозел қуйилган эди, энг қизиқарли мавзулардаги суҳбат ва мунозараларга қулоқ солиб ўтирардим, бундан мамнун эдим, чунки бу гапларнинг менга мутлақо алоқаси йўқ, мендан ҳеч нарса талаб қилмас, қизиқарли эди, холос.

Мюнхен яқинидаги қишлоқ жойда истиқомат қиладиган ошнамникида бироз дам олиб, уйга қайтиш уловини аниқлаёлмай яна бир неча кун қолиб кетдим. Бавариялик энг яхши кўрган дўстларимдан бирини бир кечага чақириб олишга муваффақ бўлдим, оқшом зўр ва самимий ўтди, уни ҳеч қачон унутмайман. Ёзувчи Ёзеф Бернҳарт билан бирга ўтган бир соат вақт ниҳоятда самарали бўлди. Бир кечани Томас Манн ҳузурида ўтказдим. У билан алламаҳалгача гаплашиб ўтирдик, бу кеча учун ундан миннатдорман. Энди «Симплитсиссимус»да босилаётган «Санъаткорлар мактублари»нинг муаллифи Ёахим Рингелнаттсни ҳам кўргим келди, у бир кечага ташриф буюрганимдан ғоят хурсанд бўлди.

Шаҳар ташқарисида - Нимфенбургда роҳат қилдим, мени эркалатиб юборишди, мен у ерда кун бўйи кўзларимни сувдан узмай ўтирар ёки кекса азим дарахтлар остида у ёқдан-бу ёққа бориб келардим, шамолда шодон ўйнаётган сўлғин япроқларни - ўзимизнинг митти оғаларимизни кузатардим. Уларга қараб туриб ғамга ботардим, дам кулиб қўярдим. Худди уларга ўхшаб, мен ҳам бугун Мюнхенга, эртага эса Сюрихга учаман, сўнг яна ортга қайтаман, муттасил ниманидир қувиб, изтиробдан қочишга, ўлимни яна бироз кейинга суришга интиламан. Нега энди бунчалар қаршилик кўрсатамиз? Ҳаёт ўйинидан гоҳо хафа бўлар, гоҳо кулардим. Бинобарин, кулги мен учун яхши ҳамда кўнгилдаги нарса экан, ошнамдан Мюнхенда мен илгари кўрганимдақа ҳозир ҳам ҳақиқий классик комиклар борми-йўқми, деб сўрадим. Албатта бор, дўстим шунақалардан биттасини биларкан, унинг исми Валентин экан ва биз газеталарни титкилашга тушиб кетдик, маълум бўлишича, у кечқурунлари камер театрида ўзининг «Мюнхенлик қароқчи-қуролбардорлар» номли песасини қўяркан. Бир куни оқшом театрга тушдик. Бу мўъжазгина театрда соат ўнгача Стриндбергни қўйишди, сўнг Валентинга навбат келди. У ушбу ажойиб песа, фавқулодда бемаъни сафсата - «Мюнхенлик қароқчи-қуролбардорлар»ни кичкинагина труппа билан бирга ижро этди. Песанинг бор мазмуни шу эдики, Валентин узун қилични тақиб олиб, соқчи сифатида у ёқдан-бу ёққа юриб турар ва шу аснода кулгили гапларни гапириб, ғалати қилиқлар қилар эди. Баъзан эса воқеа йиғлаб юборгудек даражада ғамгин тус оларди, масалан, у кечки аёзда шаҳар девори олдида ўтириб, гармон чалган кўйи ёшлигини эслар, мудом уруш ва ўлим ҳақида ўйларди. Ёки ўйланиб, кўрган тушини сўйларди, тушида у ўрдак эмиш, сал бўлмаса узун чувалчангни ютиб юбораёзибди. Шу ўринда инсоннинг билиш қобилияти чекланганлиги энг содда шаклда, ғоят ажойиб тарзда тасвирлаб берилганига қойил қоласан. Ўша гармон жўрлигидаги фожеавий ҳикоя ҳам бирданига кўтарилган қаттиқ кулги, қаҳқаҳалар билан кутиб олинарди, мен ҳали бундай мамнун томошабинларни учратганимча йўқ. Одамлар ҳам кулишни ёқтиришаркан, қаранг! Ҳавонинг совуғига қарамасдан улар, бироз кулишайлик деб узоқ шаҳар атрофларидан келишади, пул тўлашади, тун ярмидан оққандан кейингина уй-уйларига тарқалишади. Мен ҳам роса кулдим, менга қолса, ушбу песа эрталабгача давом этаверса, дердим. Худо билади, энди яна қачон кулишамиз. Қизиқчининг маҳоратига, унинг аҳмоқона хатти-ҳаракатларимизни ҳамда бемаъни ва мудҳиш қисматимизни қанчалик даҳшатли ва ночор тарзда тасвирлаб, кулги формуласига келтира олишига қараб, шунчалик кўп кулиш мумкин! Ортимизда ўтирган томошабинлардан бири, ёшгина аёл кутилмаганда иккала тирсагини елкамга қўйиб олди. Мени севиб қолдимикин, деб ўйлаб ўгирилиб қарасам, йўқ, бу кулгининг таъсири, у кулгидан ўзини тутолмай, жин ургандек менга қараб сапчиган экан. Валентин ҳақидаги ушбу хотира - мазкур саёҳатнинг жавоҳирларидан биридир.