OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲерманн Ҳессе
Асар номиТунги чипор капалак (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Швэцария адабиёти
Бўлимлар
   - Модернизм
Муаллифлар
   - Ҳерманн Ҳессе
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонМирзаали Акбаров (Олмон тилидан)
Ҳажм27KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тунги чипор капалак (ҳикоя)
Ҳерманн Ҳессе

Кеч кириб, қош қораяётган пайт эди. Меҳмоним ва дўстим Ҳайнриҳ Мор кечки сайрдан қайтиб келиб, иш хонамда камина билан бирга ўтирарди. Ўйдим-чуқур деразадан олисдаги қирғоқлар кўл ғира-шира кўриниб турарди. Кичик ўғлим бизга хайрли тун тилаб кетди-ю, суҳбатимиз беихтиёр болалик ва у билан боғлиқ хотираларга кўчди.
– Фарзандли бўлганимдан бери, – гап бошладим мен, – болалик давримдаги баъзи бир ишқибозликлар яна қўзий бошлади. Ҳатто капалак йиға бошлаганимга ҳам қарийб бир йил бўлиб қолди. Капалакларимни кўрасанми?

У «ҳа» деди ва мен енгилгина қоғоз қутиларимдан икки-учтасини олиб келгани кетдим. Олиб келиб, қутиларимдан биринчисини очганимда, аввалига унинг ичи қорайиб кетганини сездик; қанотлари тик капалаклар эса бир-бирини ажратиб бўлмайдиган ҳолда эди.

Чироқни ёққани гугурт чаққандим, бирдан ташқаридаги манзара аллақаёққа ғойиб бўлди, деразани тунги кўкимтир зимистон чулғаб олди. Энди капалакларим чироқ ёруғида қути ичида ажойиб бир тарзда ярақлаб кетди. Биз қутичага энгашиб, чиройли, ранг-баранг капалакларни томоша қилиб, уларнинг номларини атай бошладик.
– Мана бу сариқ рангли тасма капалак, – дедим мен унга, – лотинча номи «фулминеа» деб аталади, бу ерларда кам учрайди.

Ҳайнриҳ Мор қутидаги капалаклардан бирини игнаси билан олди-да, унинг қанотлари остига синчиклаб разм сола бошлади.
– Қизиқ, – деди у, – капалакларни кўришим билан болалик хотираларим бу қадар аниқ ёдга тушади деб сира ўйламовдим.

У капалакни яна ўз жойига қадаб қўяркан, қутича қопқоғини ёпиб, «Бас, етар! » деди.

Бу гапни у тўсатдан ва шу қадар тез айтдики, назаримда ушбу хотираларни эслаш унга ёқмаётгандек туюлди. Қутичани жойига элтиб қўйиб, қайтиб келганимда унинг энсиз, қорамтир чеҳрасида табассум пайдо бўлганди. У мендан сигарета сўради.
– Капалакларингни яхшилаб кўрмаганимга мендан хафа бўлма, – деди у.
– Болалигимда менинг ҳам худди шунақа тўпламим бор эди, лекин афсуски, у билан боғлиқ хотирага менинг ўзим нуқта қўйганман. Бу воқеани эслаш камина учун уят бўлса ҳам, уни сенга айтиб бермоқчиман.

У сигаретани чироқ шишаси устига тутиб ёндирди, чироқнинг яшил қалпоқчасини ёпиб қўйди, юз-кўзларимизни қоронғилик қоплади, у очиқ турган дераза рахига чўнқайди. Энди унинг озғин, келишган жуссаси зимистон ичида кўринмай қолди. Камина сигарета тутатдим, ташқарида, узоқда қурбақаларнинг вақир-вуқир овозлари тунни тутиб кетди, дўстим эса ҳикоясини сўзлай бошлади.

* * *

Капалак йиғишни саккиз ё тўққиз ёшларимда бошлаганман. Даставвал бунга ўта берилиб эмас, балки шунчаки бошқа ўйинлар ва қизиқишларим қатори қараганман. Аммо иккинчи ёзда, ўшанда камина ўн ёшлар атрофида эдим, ушбу қизиқишим мени бутунлай ўзига ром этиб, шунақанги ишқибозликка айландики, буни менга бир неча марта тақиқлаб қўйишларига ҳам тўғри келганди, чунки капалакдан бошқа ҳамма нарсани унутиб юборгандим. Капалак тутаётганимда шундай берилиб кетардимки, ҳатто минорадаги соатнинг бонг уриши ҳам қулоғимга кирмасди, бундай ҳол мактабга бораётганимда ёки тушлик вақтида, шунингдек, таътил пайтларида ҳам тез-тез бўлиб турарди, кўпинча овқатлангани уйга ҳам келмасдан, эрталабдан то шомга қадар уйдан олиб чиққаним бир бурда нон билан қаноатланиб юраверардим.

Ҳозир ҳам баъзан фавқулодда чиройли капалакка кўзим тушиб қолгудек бўлса, ўша ишқибозлигим тутиб қолади. Шунда камина яна болаларга хос қандайдир номаълум, ўтли завқ-шавқ чулғаб олади. Болалигимда илк марта махаон (қора хол-хол катта сариқ капалак)ни тутган пайтимда ана шундай қувонгандим. Шундан кейин, болалик чоғларимда тушдан кейинги жазирама иссиқларда қуруқ ҳовурли дала-ю ўтлоқларда, эрталабки салқин боғларда ёки кечки сирли ўрмон этакларида худди хазина изловчига ўхшаб, дақиқа сайин ажойиб тасодифларга, кутилмаган ҳодисаларга ва омадга умид боғлаб, қўлда тўр билан пайт пойлаб юрган адоқсиз дамларим бирин-кетин ёдга тушади. Ўшандай дамларда чиройли бир капалак, майли жуда ноёб бўлмаса ҳам, гул бандига қўниб, қуёшда товланиб, ранг-баранг қанотларини бирма-бир ёзиб-йиғиб турганини кўриб қолсам борми, қувончдан энтикиб, нафасим бўғзимга тиқилади, унга яқинроқ бориб, қанотларидаги тип-тиниқ томирчаларни, ялтироқ ранг-баранг доғларини, тумшуқчасидаги ҳар бир нафис тукни томоша қилиш менга шунақанги зўр, ёқимли қувонч бағишлардики, каминага бундай гўзал туйғуни ҳис этиш кейинги ҳаётимда ҳам насиб этмаса керак.

Капалакларимни оддий эски қутида сақлардим, чунки ота-онам камбағал бўлганликлари сабабли менга қиммат нарсаларни совға қилолмас эдилар. Қути ичига игналарни қадаб қўйиш учун шиша тиқинидан кесиб-кесиб олинган пўкак парракларни елимлаб чиққандим, бойлигимни қутининг ана шу майда-майда картон қопқоқчалари орасида асраб-авайлар эдим. Аввалига уни ўртоқларимга бажонидил ва тез-тез кўрсатиб турардим, бироқ бошқаларнинг ойнаванд қопқоқли ёғоч қутилари, капалак қуртга мўлжалланган яшил дока қопламали ва ундан ҳам зўр қутилар бор эди, шу сабабданми, мен ўзим ясаган оддийгина жиҳозим билан улар олдида мақтана олмас эдим. Бунга унчалик эҳтиёж ҳам сезмасдим, шу тариқа бинойидек ва ҳатто қойилмақом ўлжа тутганимда ҳам, буни ҳеч кимга айтмасдан сир сақлашга, фақат сингилларимгагина кўрсатишга одатлангандим. Кунларнинг бирида бизда кам учрайдиган кўк рангли капалак тутиб олдим, қанотларини таранг тортиб, қуритгач, уни ҳеч бўлмаса қўшниларимизга, ҳовлининг нариги тарафида яшайдиган муаллимнинг ўғлига кўрсатиб, мақтангим келди. Бу боланинг айби, ниҳоятда пухта иш қиларди, бу хусусият баъзи болаларда айниқса кучли бўлади. Унинг ҳам арзимаган капалаклар тўплами бўлиб, уни жуда эҳтиёт қилиб сақлар, шу боис уни хазина дейиш мумкин эди. У ҳатто капалакларнинг синган ва шикастланган қанотларини ҳам елимлаб, қайта тиклай олишдек ноёб ва қийин ҳунарнинг ҳадисини олганди. Тўғриси ҳар жиҳатдан қобил бола бўлганидан унга ҳасад аралаш ҳавас билан қарардим.

Ана шу қобил болага товланадиган рангин капалагимни кўрсатдим. У уни омилкор мутахассис сингари синчиклаб кўздан кечирди, унинг ноёблигини эътироф этди ва унга салкам йигирма пфенниг[1] нарх белгилади; Эмил чиндан ҳам тўпламга тааллуқли барчи ашёларни, айниқса, почта маркалари ҳамда капалакларни қийматини чамалаб, баҳолай биларди. Бироқ, шундан сўнг у товланадиган кўк рангли капалакларни танқид қила бошлади, унингча, капалакларнинг қанотлари таранг тортилмаган, ўнг муртчаси букилган, чап муртчаси эса тиккайган эмиш, шу аснода у яна бир камчиликни тўғри топди, яъни капалакнинг иккала оёғи ҳам йўқ эди. Менимча, булар унчалик катта нуқсонлар эмас эди, лекин шундай бўлса ҳам, манови инжиқ менинг қувончимга оз бўлса-да, путур етказиб бўлганди, шундан сўнг капалакларимни унга кўрсатмайдиган бўлдим.

Орадан икки йил ўтди, биз энди кап-катта ўсмир болалар бўлсак-да, лекин менинг капалаклар тутишга бўлган иштиёқим ҳамон авжида эди. Бир куни ўша Эмил тунги катта чипор капалак тутибди деган миш-миш тарқалди. Бу гап мени бугун бир ўртоғимнинг бир миллион меросга эга бўлгани ёки Ливиуснинг йўқолган китобларини топиб олгани ҳақидаги хабардан ҳам кўра кучлироқ ҳаяжонга солди. Тунги чипор капалакни бизлардан ҳали ҳеч ким тутолмаган эди, мен уни ўзимдаги капалаклар ҳақидаги эски китобга солинган расмдангина билардим, ундаги мисдан ишланган нақшин гравюра менга баъзи замонавий ранг-баранг босма нашрлардан ҳам кўра гўзалроқ ва пухтароқ туюларди. Номларини ўзим биладиган ва ҳали қутичамдан жой олмаган барча капалаклар ичида тунги чипор капалакни қидириб топишга бўлган иштиёқим ниҳоятда кучли эди. Шу боис унинг китобимдаги суратини тез-тез томоша қилиб турардим. Бир ўртоғим менга у ҳақда шундай деганди: «Агар дарахт танасида ёки қояда қўниб турган жигарранг капалакка бирон қуш ё парранда ёки бошқа бир ғаними ҳамла қилмоқчи бўлса борми, у дарҳол олдинги қорамтир қанотларини ёзиб юбориб, чиройли орқа қанотларини кўрсатар, шунда улардаги катта тиниқ кўзлар ногаҳон ғалати кўриниб кетаркан, бундан чўчиган қуш эса капалакни холи қўяркан».

Шундай ажойиб капалакка келиб-келиб ўша мижғов Эмил эга чиқиб ўтирса-я! Буни эшитиб, аввалига суюндим, мана, ниҳоят, ноёб капалак ҳам кўрарканман, деб қизиқишим баттар ортди. Кейин эса, шундай сирли ва ноёб капалакни мана шу мижғовнинг қўлига тушса-я, деб беихтиёр алам қила бошлади. Ниҳоят, ўзимни босдим ва уникига боришни ҳам, тутган капалагини томоша қилиб ўтиришни ҳам ўзимга эп кўрмадим. Бироқ ана шу воқеа сира хаёлимдан кетмади ва эртаси куни мактабда ўша миш-миш тасдиқлангандан сўнг, боришга қатъий қарор қилдим.

Тушликдан сўнг уйдан чиқишнинг имкони бўлди дегунча ҳовлидан чопиб ўтиб, қўшни уйнинг тўртинчи қаватига кўтарилдим, у ерда хизматкор қизларнинг хоналари ва тахта деворлар бўлиб, уларнинг ёнидаги мен ҳавас қиладиган мўъжазгина хонада муаллимнинг ўғли ёлғиз ўзи яшарди. Йўлда бораётган ҳеч кимни учратмадим, юқорига чиқиб хона эшигини тақиллатгандим, ҳеч қандай жавоб бўлмади. Эмил уйда йўқ эди, тутқични босгандим, эшик очилди, одатда уни ўзи йўқлигида эринмай маҳкамлаб беркитиб юрарди. Ичкарига кириб, ҳеч бўлмаса капалакни кўрай деб, дарҳол таранг тортиб қўйиладиган токчада бўлиши мумкинлиги хаёлимга келгунга қадар уни беҳуда қидирдим. Ҳақиқатдан ҳам мен уни ўша ердан топдим: жигарранг қанотлари энсиз қоғоз тилимчалари билан таранг қилиб тортиб қўйилган тунги катта чипор капалак токчада осиғлиқ турарди, унга томон энгашиб, унинг тук босган оч жигарранг муртларини, хушбичим ва нафис рангин қанотларининг четларини, қуйи қанотлари остидаги, четидаги нозик тукларини, барчасини шундоқ яқиндан туриб томоша қилдим. Фақатгина кўзларини кўролмадим, чунки уларни қоғозчалар тўсиб турганди.

Юрагим дукиллаб, васвасага тушдим, қоғозларни шартта олиб ташладим-да, нина-тўғнағични суғуриб олдим. Тўртта катта-катта кўз менга қараб турар, улар расмдагидан чиройлироқ ва ажойиброқ эди, уларга қараб турарканман, шу тобда мени гўзал капалакни қўлга киритишга бўлган шунақанги кучли иштиёқ чулғаб олгандики, ўйлаб ҳам ўтирмасдан, ҳаётимда биринчи марта ўғриликка қўл урдим, аллақачон қуриб қотган ва шакл-шамойилини йўқотмаган капалакни игна-пигнаси билан аста суғуриб олиб, кафтимда кўтариб хонадан олиб қочиб кетдим. Шу онда мен фавқулодда зўр қониқиш туйғусидан бўлак ҳеч нимани ҳис этмас эдим.

Капалакни ўнг қўлимда яширганимча, зинадан туша бошладим. Шунда пастдан кимнингдир менга томон келаётгани эшитилди, бирдан виждоним қийналаётганини, ўғирлик қилиб қўйганимни ва ўзимнинг ярамас бола эканлигимни англадим. Айни пайтда азбаройи сирим фош бўлиб қолишидан қўрққанимдан савқи табиий равишда ўлжани тутиб турган қўлимни нимчам чўнтагига солдим-да, аста йўлимда давом этдим. Менга қараб келаётган оқсоч қиз ёнидан қўрқа-писа, аблаҳлик ва шармандаликдан елкамни қисиб ўтиб, уйимиз эшиги олдида туриб қолдим. Юрагим ҳамон дук-дук урар, пешонам терлаб кетган, ўз-ўзимдан даҳшатга тушиб, нима қилишимни ҳам билмасдим.

Ниҳоят, капалакни ортиқ ушлаб туролмаслигимни, бунга ҳаққим ҳам йўқлигини ва уни жойига қайтариб олиб бориб, ҳеч нарса бўлмагандек қилиб қўйишим кераклигини тушуниб етдим. Шундан кейин йўлда кетатуриб, бирон кимсани учратиб қолишдан ва сирим фош бўлишидан ҳам қўрқмасдан, тез ортимга бурилдим, зинадан югуриб чиқиб, бир дақиқадан сўнг яна Эмилнинг хонасида пайдо бўлдим. Қўлимни авайлаб чўнтагимдан чиқардим-да, капалакни стол устига қўйдим. Унга бир қур назар ташлаб улгурмаёқ, фалокат содир бўлганини кўриб, сал бўлмаса ҳўнграб юбораёздим, чунки тунги чипор капалак бутунлай дабдала бўлган эди. Унинг ўнг олд қаноти ва ўнг мурти йўқ эди, шунда синган қанотни эҳтиёткорлик билан чўнтагимдан олмоқчи бўлган эдим, у ҳам титилиб кетди, энди уни ямаб бойлашнинг сира иложи йўқ эди.

Шу топда мени ўғриликка қўл урганим ҳақидаги ўйдан ҳам кўра ўзим абгор қилган ана шу гўзал ва ноёб капалак нигоҳи кўпроқ қийнарди. Бармоқларимга ҳарир жигарранг қанот чанглари ёпишиб қолган, синган қанот ҳам шу ерда эди, мен шу онда уни қайтадан бутлаш учун бор мол-мулким ва ҳар қандай қувончимни қурбон беришга ҳам тайёр эдим.

Хафа бўлиб уйга бордим ва тушдан сўнгги бутун вақтимни ўзимизнинг мўъжазгина боғимизда ўтказдим, кеч тушганидагина юрак ютиб, онамга ҳаммасини айтиб беришга журъат этдим. Онам қўрқиб кетди ва хомуш бўлиб қолди, бироқ айбимга иқрор бўлишимнинг ўзиёқ менга ҳар қандай жазога мустаҳиқ бўлишимдан кўра қимматга тушганини дилдан ҳис этиб турарди, чоғи.
– Сен Эмилнинг олдига бор ва ўзинг унга ҳаммасини айтиб бер,– деди онам ниҳоят, қатъий оҳангда. – бу сен учун бирдан-бир ва ягона имконият, токи бу ишни қилмас экансан, мен сени кечира олмайман. Унга айт, нарсаларингдан ўринма-ўрин ўзига ёққанини танлаб олсин, ва албатта, ундан кечирим сўрашни ҳам унутма.

Бу иш ўша намунали боладан бошқа ҳар қандай ўртоғимда осонроқ кечиши мумкин эди. Унинг мени тушунмаслигини ва эҳтимол, менга умуман ишонмаслигини ҳам олдиндан ҳис қилиб турардим. Кеч кириб, қоронғи тушай деб қолган бўлса ҳам, у ерга қандай қилиб боришни билмасдим. Пастда, даҳлизда онам учраб қолиб, яна уқтириб секингина деди: «Унга шу бугуноқ бориб айтишинг керак, ҳозироқ бор!»

Ниҳоят, бордим ҳам, пастки қаватдан Эмилни сўрадим, у келди ва бирданига кимдир унинг тунги чипор капалагини расво қилганини сўйлай кетди, у бу ишни ким қилганини, биронта ёмон болами ё қуш-муш ёки мушукми, билмас эди. Шунда мен билан бирга юқорига чиқиб, менга ўша капалакни кўрсатишини илтимос қилдим. У билан бирга юқори қаватга чиқдик, ўша хона эшигини очиб, шамни ёқдик, токчада дабдаласи чиққан капалак ётарди. Унинг капалакни қайтадан тиклаш устида ишлагани кўриниб турарди, синган қанот авайлаб ёйилган ва момиқ қоғоз устига қўйиб қўйилган, лекин уни қайта тузатиб бўлмасди, чунки энди капалакнинг мурти йўқ эди – у йўқолганди.

Ниҳоят, унга бу ишни мен қилганимни айтиб, ҳаммасини гапириб тушунтиришга ҳаракат қилдим. Шунда Эмил аччиғи чиқиб, бақириш ўрнига, тишлари орасидан секингина ҳуштак чалиб менга узоқ тикилиб тургач, деди: «Шунақами, демак, ҳали шунақаман дегин...»

Мен унга барча ўйинчоқларимни таклиф қилдим, у ҳовуридан тушган бўлса-да, менга ҳамон нафрат билан қараб турарди, шунда унга бутун капалакларимни таклиф қилиб кўрдим. Аммо у менга:
– Катта раҳмат, сенинг капалакларингни биламан. Қолаверса, капалакларга қандай муносабатда бўлишинг ҳам бугун аён бўлди.

Рости унинг гирибонидан олишимга бир баҳя қолди. Энди ҳеч нарса қилиб бўлмасди, мен аблаҳ, ярамас одам эдим ва шундайлигимча қолгандим, Эмил эса менинг олдимда худди дунёда адолат ва тартиб рамзидек совуқ ва нафратомуз қиёфада турарди. У мени ҳатто койимади ҳам, фақат менга қараб турар ва мендан нафратланарди.

Шунда мен, агар бир марта хато қилдингми, уни қайта тузатиб бўлмаслигига илк бор гувоҳ бўлдим. Уйга кетдим, онам сўраб-суриштириш ўрнига юзимдан ўпиб, индамай қўяқолганидан хурсанд эдим. Вақт алламаҳал бўлиб қолган, ётиб ухлашим лозим эди. Лекин аввал ошхонадан яширинча катта жигарранг қутини олиб чиқдим, уни каравот устига қўйиб, қоронғида очдим. Кейин капалакларимни бирма-бир қўлимга олдим-да, бирин-кетин бармоқларим орасида чангини чиқариб эзғилаб ташладим.


  1. Пфенниг – чақа, олмон маркасининг юздан бири.