OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲожиакбар Шайхов
Асар номиМутамах (илмий-фантастик ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Илмий тахайюлот
Муаллифлар
   - Ҳожиакбар Шайхов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм68KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/06/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мутамах (илмий-фантастик ҳикоя)
Ҳожиакбар Шайхов

Мириқиб хуррак отаётган генерал Нажот Оллоёр ўнг томонидаги ялтироқ жавончага қўйилган қирмизи телефоннинг асабий жирингидан уйғониб кетди. Деразадан оппоқ тонг мўралай бошлаган, хонага субҳидамнинг кумуш ёғдулари бамисоли шаффоф шалоладай оқиб кираётган эди. Генерал афтини тириштириб, ўлганининг кунидан дастакни қулоғига тутди-да, совуққина оҳангда:
— Лаббай, эшитаман,— деди.
— Жаноб генерал,— деган ташвишли овоз эшитилди дастакдан,— етмиш саккизинчи катакда номаълум учоқ пайдо бўлди. У Кумуштоғнинг жануби-шарқий этагига қараб пастлаяпти.
— Ҳарбий учоқми?
— Радар берган маълумотларга қараганда, у Қўшма Штатлар ёки Шўро Иттифоқининг ғайриоддий тузилишга эга ҳарбий учоғи.
— Сиртида бирор давлат белгиси борми?
— Йўқ... Кўпинча хуфия учоқларга ҳеч қандай белги қўйилмайди-ку?!
— Тушунарли. Дарҳол ҳарбий ҳолат эълон қилинг. Учоқ қўнишни мўлжаллаётган жой зудлик билан қуршовга олинсин. Учувчиларни тириклай ушлашга урининглар. Мен ярим соатда етиб бораман.
— Маъқул, жаноб генерал.

Нажот Оллоёр апил-тапил кийинаркан, ўйларди: «Қизиқ, бу фитнани ким уюштирди экан? Қўшма Штатларми ёки Шўро Иттифоқими? Ҳар иккала ҳолда ҳам хуфия учоқ қўлимизда ҳисоб. Нима бўлсаям уриб туширишимиз аниқ...»

* * *

Зуҳал юлдуз буржида истиқомат қилувчи фазогирлар ҳар эҳтимолга қарши уни доимо ўз кемаларида олиб юришарди. Кема остки қисмидан унга катта бўлма ажратилган, ана шу бўлманинг темир тўшамасида худди похол тиқилган қопдай чўзилиб ётаркан, у ҳафталар ва ойлар мобайнида на овқат, на сув талаб қилар, аҳён-аҳёнда кекса қайрағоч дарахти пўстлоғидай буришиб кетган шилимшиқ танасидан аллақандай кўкимтир суюқлик чиқариб, кейин яна ўзига сингдириб олар эди. Ҳаёт фаолиятини мўътадил сақлаб туриш учунми, у ётган бўлмага катта қувватли ҳаво совутгичлар ёрдамида турли кимёвий унсурлар билан бойитилган тоза ҳаво узлуксиз юбориб турилса ҳам, бўлмадан кўнгилни оздирадиган даражадаги қўланса ҳид сира аримасди. Бу ғаройиб махлуқ, агар зарурат туғилса, шунақанги даҳшатли ҳунарлар кўрсатиши мумкин эдики, уларни кузатган ҳар қандай онгли мавжудот хуши бошидан учиб, ақлдан озарди.

Кунларнинг бирида зуҳаллик фазогирлар Коинот сарҳадларининг чеккасида жойлашган улкан сариқ ёритгич буржининг олий ҳаёт мавжуд сайёраларидан бирига қўнишди. Зуҳал алломаларининг Галактикани ҳар томонлама тадқиқ этиш режаларига биноан, фазогирлар бу кичик сайёранинг жўғрофияси, об-ҳаво шароити ва унда истиқомат қилувчи тафаккур эгаларининг тараққиёт савиясини ўрганишлари, бундан ташқари, кема остки бўлмасидаги бадбўй мутант учун тўйинтирилган ҳаво заҳирасини ҳам жамғариб олишлари зарур эди.

Хуллас, сайёранинг кимсасиз тоғли туманига қўнган фазогирлар кўп ўтмай фавқулодда воқеанинг гувоҳи бўлишди. Кеманинг «О» ҳарфига ўхшаш эшиклари очилиб, келгиндилар ўзиюрар зиналар орқали энди пастга туша бошлаган ҳам эдиларки, кутилмаганда ердан чиқдими, осмондан тушдими, уларнинг тўрт томонида аллақандай найзасимон қуроллар кўтарган маҳаллий ерлилар тўдаси пайдо бўлди.

Кема дарғаси — бўйи икки газдан зиёд, қора тусдаги фазовий жомакор кийган, кенг пешонасида биргина катта кўзи чарақлаб турган миқти фазогир — уларни кўрган заҳоти радиоелектрон алоқа тармоғини ишга солиб, кемада қолган ёрдамчисига буюрди:
— Дарҳол кемани фантом ҳолатига келтир!

Бошқарув бўлмасида ўтирган дарға ёрдамчиси пултдаги ранг-баранг ва ғуж-ғуж тугмаларнинг бирини босди-да, юраги орқасига тортиб кетди. Унинг рўпарасидаги тўртбурчак кўзгучада бош компютернинг кеманинг қутбловчи тармоғи ишдан чиққанини билдирувчи қизил хоч белгиси акс этарди. Бу ноҳуш хабарни у дарҳол кема дарғасига етказди. Дарға унга жавобан:
— Зудлик билан ҳимоя қобиғини ишга тушир!— дея буюрди-да, шу аснода пастга тушиб улгурган ҳамкасбларига фикран мурожаат қилиб, атрофига тўплади. Яқин масофадан улар ўзаро ғойибона усулда фикр алмашишарди.
— Вазият қалтис. Нима қиламиз, азизлар?— сўради у сайёрадошларига бирма-бир синчков нигоҳ ташлаб.
— Тезда учиб кетишимиз керак. Йўқса, кемага зарар етказишлари ҳеч гапмас,— деди дарғадан сал пастроқ бўйли, дубулғаси остидаги жигарранг сочлари биргина камалак қошини чала-ярим беркитган аёл фазогир.
— Оддий найза билан қуролланган ерлилар биз учун қандай хавф туғдира олишлари мумкин?— эътироз билдирди озғинлиги туфайлими, ҳаммадан дарозроқ кўринаётган учинчи фазогир. У ўнг қўлидаги тўппончасимон алланимага бот-бот нигоҳ ташларди.
— Менимча, улар оддий найза кўтариб олишган, деб ўйласак, хатога йўл қўйган бўламиз,— деди дарға, хавотирга тушиб.
— Тўғри,— маъқуллади унинг фикрини аёл фазогир, ярим чақиримча наридаги тепаликдан шошилинч тушиб келаётган юз чоқли аскарлар тўдасига саросима аралаш тикиларкан,— чамамда, улар найзали автомат милтиқлар билан қуролланишган.
— Мутантдан фойдаланишимизга тўғри келмаса, деб қўрқаман,— деди озғин фазогир негадир изтиробли оҳангда.
— Йўқ, мумкин эмас!— деди кема дарғаси қатъий оҳангда.— Умумкоинот минтақалари уюшмасининг низомига қарши иш тутолмаймиз!
— Нега ахир?— эътироз билдирди озғин фазогир.— Ҳаётимизга таҳдид солаётган тажовузкор кучларга қарши уни ишлатишимиз мумкин-ку?!
— Ҳимоя қобиғи ичида эканмиз, бизга ҳеч ким ва ҳеч нарса хавф сололмайди,— деди дарға эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда.
— Вой, қаранглар!— кутилмаганда хитоб қилди фазогир аёл узун камалак қошини чимириб. — Ҳарбий учоқлар!..

Чинданам, улар озғин фазогир ушлаб турган нарса устида пайдо бўлган катта кўзгу орқали ёнма-ён саф бўлиб учиб келаётган тўртта ҳарбий учоқни кўришди. Уларнинг ҳар бири тўрттадан ракета осиб олганини шу ердан туриб ҳам бемалол илғаш мумкин эди.

* * *

Мутлақо махфий!

Америка Қўшма Штатлари Президентига

Шўро Иттифоқи Президентига

ҲУКУМАТ НОМАСИ

Жаноб Президентлар! Ирот ҳукумати бизнинг жануби-шарқий ҳудудимиздаги Кумуштоғ тизмалари этагига ғайриоддий тузилишдаги ҳарбий учоқ давлат чегарамизни кўпол равишда бузиб ўтганини маълум қилиш билан бирга, унинг Шўро Иттифоқи ёки АҚШга тегишли-тегишли эмаслиги ҳақида зудтар хабар беришингизни илтимос қилади. Агар у хуфия мақсадлар билан ташриф буюрган ва бу иш давлатимизнинг сиёсий ва иқтисодий мустақиллигига раҳна солишга қаратилган бўлса, биз юқорида зикр этилган кемани асир олишга ёки бунга эришолмаганимиз тақдирда — уни буткул йўқ қилиб ташлашга мажбур эканлигимизни афсус билан маълум этамиз.

Камоли эҳтиром ила,

Ирот ҳукумати Президенти

...Генерал ўтирган парракли учоқ Кумуштоғ этагига ўттиз дақиқадаёқ етиб келди. Тўрт тарафдан оқ тўшли мағрур чўққилар силсиласи қад ростлаган, ўртада турфа ёввойи мевали дарахтлар ғуж-ғуж ўсган ям-яшил водий ястаниб ётибди. «Жосус» кема ана шу водййга, тоғ этагига туташган ялангликка қўнган эди.

Кемани тўрт тарафдан бир неча юз қуролли десантчи қуршаб олган, ўнг тарафдаги тепаликдан Шўро Иттифоқидан сотиб олинган ўнта танк худди денгиз тршбақаларидай бирин-кетин ўрмалаб келар эди. Икки тоғ оралиғидан эса, ракета осган тўртта қирувчи тайёра, тахминан уч юз-тўрт юз газ баландликдан учиб ўтарди. Генерал Нажот Оллоёр парракли учоқни номаълум кема ёнидаги майсазорга қўндиришни буюрди-да, радиомикрофон орқали танкчилар ва пиёда аскарлар қўмондонларига буйруқ берди:
— «Денгиз тошбақаси» кемани тўрт тарафдан қуршовга олсин! «Пиёда» ҳужумга тайёрлансин! «Қирғийлар» жуфт-жуфт бўлиб, кемани шимолдан ва жанубдан нишонга олсин! Ҳамма. бўлинмаларга алоҳида жанговарлик эълон қиламан!

Ажабо, шу пайт номаълум кема атрофида унга қурол ўқталиб турган аскарлар ҳаяжондан қичқириб юбораёзишди. Сира кутилмаганда кема сиртининг кумуш ранги ўзгариб, аста-секин худди шишадай шаффоф тус ола бошлади. У ҳамманинг кўз ўнгида кўздан ғойиб бўлаётган эди.

Пиёда лашкарлар қўшини қўмондонй шу маҳал майсазорга қўнган парракли учоқ қошига югураркан, эшикдан тушиб келаётган генералга қарата жон ҳолатда қичқирди:
— Нажот жаноблари! Кема кўздан йўқоляпти! Ҳозир у буткул ғойиб бўлади! Ўққа тутишга рухсат этинг!..

Кейинги воқеалар яшин тезлигида кечди.

* * *

Номаълум кема ичидагилар генералнинг аввал инглиз, сўнгра рус тилида радиомикрофонни турли узунликдаги тўлқинларга улаб алланималар деяётганини махсус қабул қурилмалари орқали аниқ эшитишди. Унинг келгиндилардан таслим бўлишни талаб қилаётгани кундай равшан эди.
— Ерлик мавжудотларга сира тушуниб бўлмайди,— деди кема дарғаси фиғони чиқиб.— Уларда тажовузкорлик майли шунақанги ривожланганки, ҳар қандай ёвузлик ўшанга яраша ёвузликни юзага келтириши ҳақида ўйлаб ҳам ўтиришмайди.
— Жуда тўғри,— қўллаб-қувватлади уни фазогир аёл.— Ерликларнинг одам бўлиши анча мураккаб жараён чоғи. Орадан асрлар ўтса ҳам уларнинг феъл-атвори ўша-ўша. Аср бошидаги сафаримиз ёдларингда бўлса керак. Ўшандаям бизни қирувчи тайёраларда роса таъқиб қилишганди.
— Фожиа шундаки,— деди озғин фазогир ўкиниб,— улар ўз қилмишларининг оқибатларини идрок этишга ҳам ожизлар. Бу оламда ҳен нарса изсиз қолмаслигини наҳотки тушунишмаса?..
— Бу бемаъни сайёрани тезроқ тарк этиш керак. Улардан ҳамма нарсани кутиш мумкин,— деди фазогир аёл афсус-надомат бйлан.
— Афсуски, ҳозир ҳеч қаёққа жилолмаймиз,— деди дарға, бошини сараклатиб, — Таъмирчи темиртан билан ёрдамчим кема қусурини тўла тиклашларига ҳали яна ўн дақиқа бор.
— Ҳаммадан даҳшатлиси шундаки,— деди озғин фазогир бешбаттар хафа бўлиб,— биз улар билан мулоқот ҳам ўрнатолмаймиз: таналаримиздаги аксилмодда улар учун ўта ҳалокатли. Ҳатто овозимиз, фикримиз, нигоҳимиз ҳам уларга катта хавф туғдириши мумкин.
— Таъмир ишлари тугамай туриб, улар кема қобиғини ишдан чиқаришса нима бўлади?
— Нима бўларди? Сиз билан биз кема ва жасадларимиздан жудо бўлиб, руҳларимизни капсулада Зуҳалга жўнатишимизга тўғри келади. Лекин бу — сўнгги чора. Даҳшатлиси шундаки, бу ҳолда мутант жиловсиз қолади ва у озодликда бамисоли ерликларнинг афсоналаридаги даҳшатли аждарҳога айланади.

Шу чоқ фазогирлар саросима ичида қичқириб юборишди.
— Ё фалак! Улар кемамизни ўққа тута бошлашди!—хитоб қилди фазогир аёл, камалак қоши остидаги қўрқув тўла танҳо кўзининг киприкларини пирпиратиб.
— Аскарларнинг ўқлари кемага зарар етказолмайди.
— Танклар ҳам...
— Лекин анави қирувчи учоқлар...
— Ҳар эҳтимолга қарши капсулалар тайёрлансин!
— Хўп бўлади,— озғин фазогир кема омборхонасига қараб югурди.
— Ахир, ҳозир кемамиз кўринмас қобиқ остида-ку? Улар таваккалига ўққа тутишяптими?
— Ҳа-да. Ерликлар азалдан шунақа: уруш-жанжални пулга сотиб олишади. Коинотда бунақа сайёралар ҳамон мавжуд экан, ҳар хил мутантларни олиб юришга мажбурмиз-да...
— Бари бир ерликларга раҳмим келяпти,— деди фазогир аёл маъюсланиб.— Мутант уларнинг бошига не кулфатларни солмаса гўрга эди.
— Энди бўлар иш бўлди. Уларни Коинот Олий Тафаккури ўз паноҳида асрасқн.
— Айтганингиз келсин.

Улар худди фотиҳа қилаётгандай, кафтларини юзларига тортишди.

* * *

Генерал Нажот Оллоёр кемани ўққа тутишга рухсат берди-ю, лекин ичидан зил кетди. Вужудини негадир ғулғула ва хавотир ҳислари чулғаган, ўзини қўярга жой тополмай, худди қафасдаги сиртлондай типирчилаб, у ёқдан-бу ёққа одим ташларди. Йўқ, лаънати кема кўздан йўқолган бўлсаям, жойида турган бўлиши керак. Унинг нимасидир ишдан чиққан-у, учолмай қолган, холос. Ҳозир таъмир қилишаётган бўлса ҳам ажаб эмас.

Ё тавба, аскарлар тўрт тарафдан отаётган ўқлар худди кўринмас пўлат деворга бориб урилаётгандай учқунланиб, ҳар ён сачраяптими? Демак, кеманинг учолмагани, ҳамон жойида тургани аниқ. Аскарларнинг бир иш чиқариши амри маҳолга ўхшайди. Танкларни ишга солиш керак!

Кемани чор-атрофдан қуршаб олган «денгиз тошбақа»ларининг ҳамма ёқни ларзага келтириб отган ўқлари ҳам зое кетди.

«Оббо, лаънатилар-эй! Бу қанақа қотишмадан тайёрланган кема экан? Ракета отишга тўғри келадими дейман?»— хаёлидан ўтказди генерал, ҳамон кўнглидан алланечук хавотир ҳисси аримай.

Шу пайт қарама-қарши йўналишда учаётган қирувчи учоқларнинг икки нафари пастга, номаълум кема турган тарафга шўнғиди-ю, генералнинг буйруғи билан аввал бир жуфт, кейин яна бир жуфт ракетани қўйиб юборди.

Айни шу маҳал кемани ўраган аскарлар ҳайратдан қичқириб юборишди. Кема яна шаффофлашиб, аста-секин ўзининг кумушранг тусини ола бошлаганди. Лекин кетма-кет келиб урилган ракеталар туфайли ҳамма ёқни гумбурлаган овозлару кўм-кўк тутун қоплаб, ҳеч нарса кўринмай қолди.

Дилидаги ғулғула тобора ортиб бораётган генерал Нажот Оллоёр, чамаси, парча-ланиб, кетган кеманинг тепасидан бир неча нозик нур оқими юқорига— коинот қаърига отилганини пайқади. Лекин бунинг нималиги ҳақида ўйлаб кўришга ҳам улгурмади. Чунки тутун бирмунча тарқаб, кўз ўнгида даҳшатли манзара намоён бўлди. Ҳозиргина номаълум кема турған жой ўрнида кекса қайрағоч пўстлоғидай буришиқ ва шилимшиқ танали баҳайбат бир маҳлуқ чўзилиб ётар, унинг танасидан кўнгилни оздирувчи кўм-кўк суюқлик чиқа бошлаган эди. Маҳлуқнинг ҳайбати эртаклардаги аждаҳолардай улкан бўлиб, кўриниши жуда ғалати: ўнлаб «бошнлари ва панжасимон «қўл»лари узлуксиз кўтарилиб-тушиб, буралиб-эшилиб турар эди. Ҳадемай унинг танаси қуриб қолди-да, ўзи дум-думалоқ шарсимон шаклга кирди ва жойидан кўтарилганча, ўзини ўраб турган аскарлар сари шиддат билан учиб кетди.

* * *

Мутлақо махфий!

ҲУКУМАТ НОМАСИ

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саркотибига

Муҳтарам Саркотиб!

Ирот ҳукумати ғайриоддий тузилишдаги ҳарбий учоқ давлат чегарамизни қўпол равишда бузиб, мамлакат жануби-шарқий ҳудудидаги Кумуштоғ тизмалари этагига қўнганини Сиз жаноби олийларига маълум қилади. Сўнгги маълумотларга қараганда, кема на АҚШ ва на Шўро Иттифоқига тегишли. У билан алоқа боғлаш борасидаги барча уринишларимиз бехуда кетди. Кема учувчилари биз билан тинч мулоқотга киришишдан мутлақо бош тортишди. Орадан кўп ўтмай бизга номаълум йўсинда, турган жойида кўздан ғойиб бўла бошлади. Унинг давлатимизга қарашли стратегик нуқталар устидан учиб ўтганини ҳисобга олиб ва кўпгина давлат сирларимизни қўлга киритиб, ғойибона тарзда жўнаб кетишининг олдини олиш мақсадида кемани портлатишга маж-бур бўлдик. Аммо Сизга шуни алоҳида таъкидлаб хабар қиламизки, кемада биз учун мавҳум йўсинда ишловчи биологик қурол мавжуд экан. Бу шундай ажабтовур қуролки, уни на ўқ олади, на бирор ракета. У ўз-ўзини бошқариш, ўз тўқималарини осонгина қайта тиклаш ва йўлида учраган жамики биологик тузилишга эга жонзот, ҳайвонот ва наботот борки, емириб, қуритиб-қовжиратиб ташлаш қурбига эга. Кема портлаши билан эркинликка чиққан бу шафқат билмас мутант юзга яқин аскарларимизни бир неча дақиқа ичидаёқ гумдон қилди. Лазер билан қуролланган генерал Нажот Оллоёр бошлиқ ҳарбий бўлинмамиз шарсимон мутантни парракли учоқларда таъқиб қилиб бормоқда. Лекин бундан бирор натижага эришиш амримаҳол, деган фикрдамиз.

Ҳозирги вақтда бу даҳшатли биологик қурол тобора катталашиб, Кумуштоғ тиз-малари оша Шўро Иттифоқи сарҳадлари сари йўл олган.

Муҳтарам Саркотиб жаноби олийлари!

Сизга шуни ошиғич маълум қиламизки, зудлик билан Хавфсизлик Кенгаши мажлисини чақириб, ушбу номаълум мутантга қарши жиддий чора-тадбирлар кўрилмаса, у мамлакатимиз, шунингдек, Шўро Иттифоқининг жанубий ҳудудларидаги тинч аҳоли яшайдиган кўп жойларни тамоман хонавайрон қилиши мумкин.

Камоли эҳтиром билан,

Ирот ҳукумати Президенти

Мутлақо махфий!

ҲУКУМАТ НОМАСИ

Шўро Иттифоқи Президентига

Муҳтарам Президент!..

(Нома юқорида келтирилган тафсилот баёнидан сўнг мана бундай давом этган): Номаълум биологик қуролнинг тобора катталашиб бораётганлиги ва унинг Шўро Иттифоқи жанубий худудларига жиддий хавф туғдириши мумкинлигини эътиборга олиб, БМТ билан яқин ҳамкорликда чоралар кўришингиз ва мутантни таъқиб қилиб бораётган ҳарбий парракли учоқларимиз мамлакатингиз сарҳадларида бетаҳдид ҳаракат қилишлари учун ижозат беришингизни Сиздан ўтиниб сўраймиз.

Самимий саломлар ила,

Ирот ҳукумати Президенти

* * *

Шарсимон мутант тирик қолган ва энди буталар оралаб шаталоқ отиб қочаётган сўнгги аскарлардан бир нечтасини қувиб етгач, бир қанча илонсимон узун «қўл»ларини худди ўқдай отиб, уларни ҳам ўраб-чирмаб ўз «бағри»га олди. Лаҳза ўтмай, «шар»нинг остидан шўрлик аскарларнинг қорайиб кетган суяклари ва мажақланган қуролларнинг темир парчалари кетма-кет тўкилиб тушди. Сўнгра бу ғаройиб мавжудот шарқ тарафдаги кумушранг тоққа қараб жилди. Ажабо, у генерал Нажот Оллоёр бораётган паррак учоққа эътибор ҳам бермасди. Чамаси, уни фақат ўсимлик ва жонли мавжудотларгина қизиқтирарди.

Уфқда яна учта парракли учоқ кўринди. Булар яқинда генерал чақиртирган қўшимча кучлар эди.

Даҳшат ва саросимадан ранги докадай оқарган Нажот Оллоёр ўта асабий кўринар, шунинг учунми, парракли учоқдаги капитан билан сержантга бераётган буйруқлари ҳам узуқ-юлуқ эди.
— Лазер!..— хитоб қилди у бирдан, пастда тоғ бағри бўйлаб юқорига кўтарилаётган мунтантга ҳаяжон билан тикиларкан.— Дарҳол лазерни ишга солинглар!

Бақалоқ юзли барзанги капитан сержантга имо қилган эди, у орқадан автоматсимон квант генераторини олиб, эшик ёнига ўтди.
— От! — қичқирди генерал пастдаги шарсимон маҳлуқнинг дуч келган арчага ўзини урганини ҳайрат билан кузатаркан. Мана, у арчани ўпқондай ичига тортди. Лаҳза ўтмай ҳамон олға жилаётган мутантни ортида қуриб-қовжираб қолган яланғоч дарахт танаси кўринди. «Шар» шу ондаёқ сезиларли даражада «семириб» улгурган эди.

Сержант квант генераторининг нилини шарсимон мутантга тўғрилаб, тугмани босди. Парракли учоқнинг шовқинига лазернинг бўғиқ гувиллагани қўшилиб, қулоқни қоматга келтирди. Ажабо, махлуқ худди ари чаққан одамдай сесканиб, ирғиб тушди. Юмалоқ танасининг жаҳаннамий нур теккан қисми худди пичоқ билан қирқилгандай палахса-палахса бўлиб бўлина бошлади. Лекин нур туфайли ажралган тўқималар шу заҳоти бир-бирларига туташиб, ўзаро яна чиппа ёпишиб қолаверди.
— Йўқ, бу ҳаддан зиёд хавфли махлуқ! — қичқирди генерал, бешбаттар асабийлашиб.— Аждаҳонинг ўзгинаси! Агар тезда жилови қўлга олинмаса, сайёрамизни чинакамига хонавайрон қилиши ҳеч гапмас!

Генералнинг лазер қурилмасига қарата ҳафсаласиз қўл силтаганини кўрган барзанги капитан сержантга:
— Бас қил, фойдаси йўқ,— деди овозини пасайтириб.

Шарсимон махлуқ йўл-йўлакай арчаларни «ямлаб», ҳамон юқорилаб бораркан, атрофида гирдикапалак бўлаётган парракли учоқларга сира эътибор қилмас, уни Ернинг қишин-ёзин кўм-кўк бўлиб яшнаб турувчи дарахтлари кўпроқ қизиқтирар эди.

* * *

Мутлақо махфий!

ҲУКУМАТ НОМАСИ

Ирот ҳукумати Президентига

Жаноб Президент!

Бизни мамлакатимизнинг жанубий ҳудудларидаги жиддий хавфдан огоҳ қилганингиз учун Сизга самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашидаги мухтор вакилимизга бу фавқулодда масала билан дарҳол шуғуллана бошлашга кўрсатма берилди. Номаълум хавфга қарши ҳамкорликда курашиш мақсадида ҳарбий учоқларингиз иттифоқимизнинг жанубий ҳудудларида бетаҳдид ҳаракат қилишлари учун ижозат этилди. Бу ҳақда чегара қўшинлари қўмондонлигига тегишли фармон берилди.

Дўстона салом билан,

Шўро Иттифоқи Президенти

Шўро ҳукумати раҳбарининг бу номаси билан ратсия орқали танишган генерал Нажот Оллоёр айтарли хушнуд бўлмади. У парракли учоқнинг очиқ ойнаси орқали ҳамон илгарилаб бораётган шарсимон махлуққа ғамгин тикиларкан, ўйга толган эди. «Нафсиламрини айганда, уларнинг қўлидан нимаям келиши мумкин? Хўш, таъқиб қилиб чегарага ҳам етиб бордик, дейлик. У ёғида Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарлари бошланади. Шарсимон мутант одам овлашга киришаркан, борган сари «семираверади». Тўрт қаватли бинодай йириклашгач, ови янада юришади. Кўчаларда одам зоти қолмагач, дарахтларни ямлашга тушади. Турфа мевали дарахтлару хиёбонларга чиройлик қилиб экилган арча дарахтларини... Дарвоқе, арча... Арчалар ёрдамида иш тутилса-чи?.. Айтайлик, шарсимон махлуқнинг олдига ҳар ярим чақирим масофада арча шохи ташлаб борилса, у «емиш» ортидан бамисоли итдай эргашиб келаверади. Шу тариқа уни сайёрамизнинг истаган нуқтасига бошлаб бориш мумкин. Лекин қаерга?»

Нажот Оллоёр бир вақтлар ҳарбий академияда янги кимёвий қуроллар яратиш устида тадқиқот ишлари олиб борган, бу соҳада ҳатто шўро олимлари билан ҳам ҳамкорлик қилган эди. Генерал инглизларга қарши, сўнгра Шўролар ташаббуси билан бошланган катта урушларда қатнашган, кўп янги қуролларни билар, лекин бунақанги биологик қуролни етти ухлаб тушида ҳам кўрмаган эди.

...Уни қаерга бошлаб борса бўларкин?.. Кучли радиатсия мавжуд жойгами? Масалан, Чернобил қаҳрабо стантсиясига... Менимча, фойдаси йўқ. Лазер таъсир қилмади-ку, ахир...

Шарсимон махлуқ ва унинг изидан таъқиб қилиб бораётган парракли учоқлар битта тоғ чўққисидан ошиб ўтишди. Ўртадаги торгина водий бўйлаб катта илонизи сойлик ўтарди. Сойда кўм-кўк зилол сув илонизи ўзани бўйлаб шиддат билан оқар, тошлар ва харсангларга урилиб, атрофга инжудай оппоқ кўпиклар сочар эди. Мутант йўл-йўлакай арчаларни «ямлаш»да давом этиб, пастга интиларкан, йўлни тўппа-тўғри кейинги энг яқин арча томонга соларди. Демак, у ўзига керакли нарса ёки мавжудотларни олисдан сезиш қобилиятига эга!..

Сой бўйига яқинлашганда, генералнинг миясига яна бир фикр келди.
— Нол тўққиз билан алоқа боғла,— буюрди Нажот Оллоёр орқасидаги капитанга, яна радиомикрофонни қўлига оларкан...

Орадан бир неча фурсат ўтгач, ёнига қизғиш рангда катта-катта қилиб 09 рақами ёзилган парракли учоқ сой соҳилига қараб учиб кетди. У сой бўйига қўнгач, ичидан бир аскар отилиб чиқиб қўлидаги сувдонга сув тўлдирди, кейин қайтиб ўтириши билан парракли учоқ шарсимон махлуқнинг тепасига учиб борди-да, бир зум муаллақ қотди. Худди шу дақиқада ҳалиги аскар деразадан сувдон чиқариб, «шар»нинг устига сув қуйиб юборди. Маҳлуқни синчковлик билан кузатаётган генерал алам билан тиззасига бир урди. Сув мутантнинг «елка»сига тегиши ҳамон вижиллаб қайнаб, буғланиб кетган эди.
— Ие, ҳарорати жуда баланд-ку?! — хитоб қилди бақалоқ капитан, ҳайрат ичида махлуқдан кўз узмай.
— Минг лаънат!.. — деди генерал бешбаттар фиғони ошиб, кейин пича ўзини босиб олгач, буюрди: — Энди мени давлат департаменти билан боғла!

Унинг ўйчан кўзларидан қатъий бир фикрга келгани кўриниб турарди.

* * *

Мутлақо махфий

ХУКУМАТ НОМАСИ

Шўро Иттифоқи Президентига

Жаноб Президент!

Номаълум махлуқ-мутантнинг Ўзбекистон шаҳарларига бостириб киришининг олдини олиш мақсадида, шунингдек, унинг узлуксиз арча истеъмол қилишга мойиллигини эътиборга олиб, қишлоқ меҳнаткашларимизни тоғлик туманларда арча шохлари кесишга сафарбар этдик. Бу шохларни ҳозироқ юк машиналарида Ўзбекистон чегарасига етказиб беришга тайёрмиз. Чегарада юкларни қабул қилиб олишни уюштиришингиз ва бизга ёндош жумҳуриятда ҳам арча кесиш ва генерал Нажот Оллоёрнинг тавсиясига биноан уларни тегишли жойга етказиб беришни ташкил эти-шингизни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Камоли эҳтиром ила,

Ирот ҳукумати Президенти

Ўзбекистон жумҳурияти президенти нимадандир фиғони чиққан, аллаким билан телефонда асабий гаплашар эди.
— Бу ёзувчилари тиниб-тинчишадими йўқми ўзи? Қачон қараманг гуруҳбоз-лик, лўттибозлик. Бизлар ўлиб-тирилиб халқнинг ғамини чекяпмиз-ку, булар нуқул бир-бирининг тагига сув қуйиш билан овора. Тунов куни дордан қочган бир ёзувчингиз — ўзи шапалоқдай иккита китобча ёзганми-йўқми, худо билади,— ҳузуримга кириб, менга ҳам амал берсангиз, дейди. Бу қандай гап, ахир? Кап-катта одам, уят эмасми?! Ёзувчиларга ҳам беряпмиз амални. Барча ҳамюртларимиз қатори зўрларига беряпмиз. Ҳамма шароитларни яратяпмиз...

Шу пайт эшик очилиб, остонада қирқ беш ёшлардаги ўрта бўйли, чуваккина ёрдамчиси пайдо бўлди.
— Маъзур тутасиз,— деди у паст овозда Президентнинг тепасида энгашганча,—сизни ҳукумат телефонида катта Президент йўқлаяптилар.
— Хўп, майли,— деди Президент гапга якун ясаб,— сиз билан бу мавзуда яна батафсил гаплашамиз. Менга марказдан қўнғироқ бўлиб қолди. Соғ бўлинг!..

Президент бир телефон дастагини қўйиб, иккинчисини олди. Ёрдамчиси унинг имоси билан эшикка йўналди.
— Алло, эшитаман, саломалайкум!
— Салом, вақтимиз ўта зиқлигини эътиборга олиб, асосий гапга ўтаман. Чегарадан жуда ташвишли хабар олдик. Қандайдир номаълум махлуқ — мутантми-эй, аждарҳоми-эй, қўшни мамлакатдан ўтиб, Термиз шаҳрига яқинлаша бошлабди. У йўлида дуч келган жонзотни ҳалок қилармиш. Хуллас, олдимизда ақл бовар қилмайдиган яна бир жиддий муаммо кўндаланг турибди. Уни зудлик билан ҳал қилишимиз керак. Туркистон ҳарбий округи қўмондонини ёнингизга олиб, ҳозироқ Термизга учишингиз шарт. Иложини топсангиз, биолог олимлардан ҳам битта-яримтасини хамроҳ қилиб олинг. Бу ишга Давлат Хавфсизлиги Қўмитаси ҳам жалб этилган. Чегарада Ирот армиясининг генерали жаноб Нажот Оллоёр билан учрашасиз. Дарҳол биргаликда чора кўриб, натижасини кечиктирмасдан айтарсиз. Тушунарлими?
— Тушунарли, лекин...
— Ҳеч қандай лекин-пекини йўқ. Вақтимиз жуда зиқ, деб айтдим-ку... Оқ йўл!.. Жумҳурият президенти ҳеч қачон Шўро Иттифоқи президенти билан бу вақтда ва бу тарзда гаплашмаган эди. Тўғри, унинг бот-бот асабийлашгани, қизишганининг гувоҳи бўлган, лекин унинг бу даражада саросимали ва хавотирли овозини биринчи эшитиши эди. У паришонхотирлик билан дастакни жойига қўяр экан, столига маҳкамланган қора тугмани босиб, ёрдамчисини чақирди. У йигит кириб келиши билан буюрди:
— Армия генерали ўртоқ Фуженкони чақиринг. Ҳозироқ етиб келсин. Прези-дентнинг зарур топшириғи хусусида, денг.
— Иван Василевич ҳозиргина қўнғироқ қилиб, ҳузурингизга келаётганини айтувди.
— Демак, унга бизлардан бурун хабар етибди-да. Қизиқ... У ҳолда... Фанлар академиясида Аскар Холмуродов деган ёш бир академик бор, танисангиз керак. Биотехнолог. Президент билан бирга Термизга учиб кетишингиз керак экан, денг. Тезда етиб келсин. Кейин қўналғага сим қоқсангиз, учоқ ҳозирлашсин.
— Хўп бўлади,— ёрдамчи бош ирғаб эшикка отланди.

Ўзбекистон Президенти ўйчан ниғоҳини тўғрисидаги бир нуқтага қадади. «Эй худо, бу яна не савдо бўлди?,,»

* * *

Генерал Нажот Оллоёр ҳамроҳлари билан парракли учоқда шарсимон маҳлуқ изидан Амударё узра учиб ўтиб, Шўро ҳудудига кириб борганида, рўпараларидаги уфқда биқинига қизил юлдуз шакли туширилган парракли учоқ кўринди. Бу — Ўзбекистон жумҳурияти президенти бошлиқ Шўро ҳокимияти вакиллари тушган учоқ эди.

Мутант айни маҳалда дарё ёқалаб ястаниб ётган дашти-биёбон осмони узра шошилмай олға интиларди. Генерал харитага қараб, унинг Термиз томонга йўл олганини пайқади. Дарё ёнидан дашт йўли ўтган, йўл ёқалаб эса, чегара эмасми, ҳар жой-ҳар жойда соқчилар турадиган миноралар қатори кўзга ташланарди. Йўлнинг нариги чеккасидан устига брезент ёпилган «Газик» машина учиб келарди.
— Йўл ёқасига қўндир,— буюрди генерал учувчига. Ерга қўнишганида, Нажот Оллоёр бир зум кўзини юмди. Чарчоқ ва узлуксиз асабийлашиш ўз ишини қилаётганди. Воажаб, шу пайт генералнинг — гарчанд кўзлари юмуқ бўлса ҳам! — кўз олди ёришиб, шундоқ бурнининг устида қизил, яшил, бинафша, қора ранглар жилвалана бошлади. Сўнгра кутилмаганда бу ранглар худди тумандай чекиниб, уларнинг ўрнини чор-атрофи қум саҳросидан иборат митти денгиз эгаллади. Денгиз суви негадир қоп-қора эди. Денгиз атрофини қуршаган даштда эса, қумлоққа ярим ботган, қийшайган, мачталари синган эски кемалар, катта-кичик қайиқлар кўзга ташланарди. Шу пайт денгиз устида нуқтадай шаклда ҳалиги шарсимон маҳлуқ пайдо бўлди.
— Ахир, бу — Орол-ку! — Шартта кўзларини очган генералнинг кўксидан нидо отилиб чиқди. Ҳеч нарсага тушунолмаган ҳамроҳлари унга ҳайрон бўлиб тикилишди. У эшикни очиб, сакраб пастга тушди-да, асабийлашиб у ёқдан-бу ёққа одимлай бошлади. Нажот Оллоёр асл мусулмон, художўй одам эди. «Бу нима? Тушимми, ўнгимми? Туш бўлса, таъбири қандай? Худо нималарни кўнглимга солди ўзи?..»

Ортиқ хаёл суришга вақт қолмаган, чунки бир томондан ҳалиги «Газик» машина келиб тўхтаган, булар — Давлат хавфсизлиги қўмитаси ходимлари ва чегарачи офитсерлар эди, иккинчи томондан эса, биқинига қизил юлдуз шакли туширилган ҳаворанг, парракли учоқда Президент ва унинг ҳамроҳлари қўнишган эди.

* * *

Салом-аликдан сўнг шарсимон махлуқни кузатиб, дарров муҳокамага ўтишди. Мутант билан боғлиқ тафсилотларни эшитган Президент аввал ҳаяжонга тушди, кейин қаттиқ хафа бўлди. «Шўрлик халқимизнинг бошида шу ташвиш ҳам бор экан-да энди...»
— Хўш, энди нима қилишни маслаҳат берасиз? — сўради у бирдан ўзини қўлга олиб.
— Уни шаҳардан чеккага, даштга бошлаш керак,— деди Нажот Оллоёр қатъий оҳангда.
— Арча шохлари ёрдамида уни истаган тарафга йўналтириш мумкин, денг?
— Худди шундай.
— Чамамда, арчаларни таший бошлашди, шундайми, ўртоқ Фуженко? — Дея ёнидаги ҳамроҳларидан бирига ўгирилди президент.
— Худди шундай,— жавоб берди Туркистон ҳарбий округи қўмондони, эллик беш-олтмиш ёшлар атрофидаги тикқомат генерал.— Ҳарбийларимиз арча шохлари ортган элликта вездеходда чорак соат аввал чегарадан йўлга чиқишди. Яна ярим соатда етиб келишади. Худди шундай яна элликта вездеход Китоб шаҳридан келяпти.
— Хўп, яхши. Лекин уни қайси даштга бошлаймиз?

Нажот Оллоёр бу сафар жавоб беришга шошилмади. У иккиланаётган эди.
— Биламан, сизлар худога ишонмайсизлар,— деди у негадир каловланиб.
— Нега энди? — аянчли бир тарзда кулумсиради Ўзбекистон Президенти (ҳозир сира кулгининг маврида эмас эди-да).— Коммунистлар ҳақида унчалик ёмон ўйга борманг...
— Лекин худо кўнглимга солди: уни Оролга бошлаш керак! Президентнинг энди чинакамига ғазаби ошди.
— Нималар деяпсиз ўзи?!—деди у қичқиргудай оҳангда.— Орол халқи шундоқ ҳам касалманд, қирилиб кетяпти! «Ўлганнинг устига тепган» қабилида.иш тутган бўламиз-ку!
— Мени тўғри тушунинг, ахир,— деди Нажот Оллоёр босиқлик билан,— Сабабини ўзим ҳам билмайман, лекин махлуқнинг Оролда гумдон бўлишига шахсан менинг ишончим комил.
— Бўлмаган гап! — хитоб қилди президент тобора қизишиб.— Афсона бу! Бизлар бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз!..
— Унда ўзларингиз биласизлар,— деди генерал маъюс оҳангда, елкасини қисиб.— Мен инсонийлик бурчим туфайли ёрдамга келганман, холос.
— Уни кимсасиз саҳрода йўқ қилишининг бирор иложи йўқми ахир? — сўради жумҳурият раҳбари, энди бир оз ҳовуридан тушиб.— Ўртоқ Фуженко, сиз нима дейсиз?

Ҳарбий округ қўмондони ҳам барча Шўро генераллари сингари фикр юритишга унчалик ўрганмаган, у ҳам юқоридан берилган буйруқнигина бажаришга устаси фаранг эди. Шунинг учунми, тусмолланиб:
— Менимча, бу шароитда марказдан одам чақириш керак, мутахассисларни...— деди.— Кейин буйруқ берсанглар, бирор иложини қилса бўлар...

Президент энди боядан бери сукут сақлаб турган барвастақомат, дўнгпешона академикка мурожаат қилди:
— Бу масалада сизнинг фикрингизни билишни истардим, ўртоқ Холмуродов? Юзидан суқротонй донишмандлик балқиб турган Асқар Ғаниевич шошилмай гап бошлади.
— Ўйлашимча, бу — фанга ҳали мутлақо номаълум бўлган мавжудот. Балки у чинданам сунъий йўл билан тасодифан яратилган мутамах, яъни мутантлашган махлуқдир? Эҳтимол, у иротлик жаноб генерал айтаётган кемада коинотдан тушгандир? Унинг биологик қурол экани ҳақидаги тахминга ҳам қўшилиш мумкин...
— Тушунарли. Лекин уни қайда ва қай тариқа йўқ қилсвк бўлади? Бизларни шу масала қизиқтиради.
— Ўйлашимча, биз бу ерда дунё тарихида кўз кўриб-қулоқ эшйтмаган ғаройиб ҳодисага дуч келиб турибмиз. Мана, сиз уни бирор кимсасиз саҳрода гумдон қилишнинг бирор иложи борми, деб сўраяпсиз. Маълумки, ҳар қандай саҳрода ҳам ўеига хос биологик ҳаёт бўлади. Ҳаёт бор, жой эса, анави махлуқ учун — озуқа манбаи шундай саҳро топиш керакки, у ерда ҳеч қандай ҳаёт асари бўлмасин, нафас олиш ҳам қийинчилик туғдирсин. Ана шундай омол жой — қуриётган, туз ва ҳар хил тузсимон заҳарли моддаларга тўлиб-тошган Орол соҳиллари. Ахир, халқимиз «заҳарнй заҳар кесади», деб бежиз айтмаган. Шуларни эътиборга олиб, мен иротлик жаноб генералнинг фикрида жон бор, деб ҳисоблайман.
— Бунинг айнан сизлар ўйлагандек бўлишига ким кафолат бера олади? Мабодо у Оролда ўлмаса нима бўлади?
— У ҳолда,— гап қўшди генерал Нажот Оллоёр,— махлуқни йўқотишнинг бирор ўзта чорасини топгунимизча уни истаган бошқа саҳрога бошлаб бораверишимиз мумкин... Фақат... кўпроқ арча шохлари жамғаришимизга тўғри келади, холос.

Президент ҳар қандай масалани шартта-шартта ҳал қилишни яхши кўрадиган, чўрткесар одам эди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. У саҳро узра тобора узоқлашиб бораётган шарсимон махлуққа тикиларкан:
— Бўпти, келишдик!—деди қатъий оҳангда.— Бўлмаса, олислаб кетмасидан уни оролга буринглар! Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳам бутун масъулиятнихиз билан бизнинг зиммамизга юклабди. Вазият ўта жиддий. Илло, энди бизга дунё кўз тикиб турибди...

Худди шу чоқ йўлнинг нариги бошида дарё ёқалаб келаётган вездеходлар сафи кўринди. Уларнинг устига арча шохлари ортилган эди.

* * *

Орадан чамаси икки соат ҳам ўтмай, башарият тарихида мисли кўрилмаган ғалати карвон йўлга тушди. Олдинда президент, унинг ҳамроҳлари ва йўл кўрсатувчи мутахассислар ўтирган парракли учоқ учиб борар, кетма-кет пастда арча ортган вездеходлар сафи елар, улар ҳар икки юз-уч юз газ масофада биттадан арча шохи қолдиришар, уларнинг орқасидан эеа, шарсимон маҳлуқ худди қармоққа илинган балиқдай судралиб, саҳро узра соатига тахминан ўттиз-қирқ чақирим тезликда учиб борар эди. Нажот Оллоёр бошлиқ Ирот ҳарбийлари тушган парракли учоқ карвоннинг охирида кетарди. Президентнинг «ватанларингга қайтаверинглар» деган таклифларига қарамай, генерал ишни ниҳоясига етказишни лозим топганди.

Саҳролар, пахтазорлар, сойликлар, қир-адирлар ва тепаликлар оша йўл босишаркан, вақти-вақти билан юки соб бўлган вездеходлар ўрнини бошқалари эгалларди. Шу тариқа, ғаройиб карвон кечани кеча, кундузни кундуз демай олға интиларди.

Нукусга ўн чақиримча қолганда, мутамаҳнинг авзоида ўзгариш юз берди. У кутилмаганда истиқболидаги «озуқа»лардан воз кечиб, шаҳар тарафга йўл солди.

Жон-пони чиқиб кетган одамлар саросимага тушиб қолишди. Агар махлуқ шаҳарга кириб борса, воқеалар қандай тус олишини яхши тасаввур қилган Нажот Оллоёр ратсия орқали арчаларни энди ҳар эллик газ масофада қолдиришни тавсия этди. Шу йўл билан махлуқни ўзларига яна эргаштиришга аранг муваффақ бўлишди.

Ниҳоят, бир вақтлар лиммо-лим денгиз туби бўлган, энди эса қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган ўлик саҳрога айланган заҳилранг Орол соҳиллари бошланди. Олисда қумлоққа ярим ботган турфа-туман кемалар, катта-кичик қайиқлар кўринди. Денгизгача яна юз чақиримдан зиёд йўл босиш керак эди.

Энди шарсимон махлуқ «семириб», тўрт қаватли бинодай катталашиб, кўринишининг ўзиёқ уни кузатиб бораётганлар қалбини даҳшатга сола бошлади. Уни тамомила йўқотишга шубҳаси тобора ошиб бораётган Президент асабийлашиб, парракли учоқда ўзини қўярга жой тополмай қолди. У ёнидаги ёш академикни бот-бот саволга тутар, жавобларидан унчалик қониқиш ҳосил қилмас, боз устига унинг ҳамма академикларга хос ўта хотиржамлиги жиғига тега бошлаган эди.
— Энди у тезлигини камайтира бошлаши керак,— деди Холмуродов, дераза орқали шарсимон махлуқни кузатишда давом этиб.
— Нима учун? — сўради президент хавотирга тушиб.
— Чунки бу ернинг ҳавоси бузуқ, нафас олиши қийинлашади.
— Ҳали у нафас ҳам оладими?
— Албатта-да. Ҳар ҳолда биологик мавжудот-ку.

Пича сукутда қолган президент яна олимни саволга тутди:
— Дарвоқе, маҳлуқ нега энди арчага бунча ишқибоз?
— Чунки арча ўзидан бошқа ўсимликларга нисбатан кўпроқ кислород чиқаради. Боз устига унинг таркибида мутамах учун ўта тўйимли ҳар хил ёғсимон, мутаген таъсирга эга моддалар ҳам мўл-кўл-да.

Чинданам, кўп ўтмай мутамах тезлигини камайтирди. Шунда ратсия қурилмаси орқали Нажот Оллоёрнинг ҳаяжонли овози эшитилди:
— Жаноб Президент, маҳлуқ ўзидан қандайдир кўкимтир суюқлик чиқара бошлади!

Академик Холмуродовнинг кўзлари бирдан чақнаб кетди.
— Жуда соз! — деди у ҳаяжонини аранг босиб.— Емирилиш бошланди. Президент унга томон кескин бурилди:
— Емирилиш?
— Ҳа, танаси емирила бошлади. Фанда буни автолиз дейилади. Энди орқага кайтишга интилмаса гўрга эди.

Орада ярим соат ўтмай, саҳрода туз бўрони бошланиб, олисда асоси осмонга қараган улкан қуюн пайдо бўлди. У шиддатли тезликда ғаройиб карвон жилаётган жойга яқинлашиб келар эди.
— Арчаларни қуюн йўналишига ташланглар! — қичқирди Холмуродов бор овози билан. Азбаройи зўриққанидан кенг пешонасидан тер томчилари сизиб чиққан эди. Генерал Фуженко унинг буйруғини зумда вездеходларга етказди.

Яна бир неча фурсатдан сўнг таркибида гербитсид, пеститсид сингари заҳарли моддалар тўлиб-тошган бу мудҳиш қуюн шарсимон махлуқ ёнига етиб келди-да, гувлаб уни «ялаб» ўтди. Улар тўқнашган жойда бамисоли яшин чақнаб, ер-кўк жунбушга келди. Оламнинг борлиқ заҳар-заққумлари жамланган бу жаҳаннамий нуқтадан отилган унсиз оҳ-фарёд гўё бутун Коинотга таралаётгандай эди. Мутамахнинг уюрма тегиб ўтган қум барханидай катта бўлаги шу заҳоти емирилиб, эриб тушди.

Шундан кейин у фавқулодда шаҳдидан тушиб, тошбақа юриш қила бошлади. Тана-си ҳам сезиларли даражада кичрайиб бораётгани яққол кўриниб турарди.
— Йўқ, у энди орқага қайтолмайди! — деди академик ҳаяжон ичида худди ёш боладай суюниб.— Қуввати етмайди. Ўзиям айни кушандасига йўлиқди. У энди бир неча дақиқадаёқ адойи тамом бўлади!..

Азбаройи хурсанд бўлиб кетганидан Президентнинг кўзлари ёшланди. У бир неча йилга татигудек ўтган сўнгги кунлар мобайнида илк марта енгил нафас олди.
— Кислотага тушган ишқордай эриб кетади!..— деди академик ҳамон мамнунлигини яширолмай.
— Э, худо! — хитоб қилди президент овози титраб.— Халқимизга минг бор букилиб таъзим қилсак арзийди! Бу жойларга коинотдан тушган шундай даҳшатли махлуқ ҳам бардош беролмади, у эса ҳалиям чидаб яшаяпти!..

У чуқур изтироб билан ҳамроҳининг забардаст елкасига қўлини қўйди.

«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 8-сон