OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲожиакбар Шайхов
Асар номиСирли нур (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/совет адабиёти
Бўлимлар
   - Тахайюлот
Муаллифлар
   - Ҳожиакбар Шайхов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм71KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Сирли нур (ҳикоя)
Ҳожиакбар Шайхов

Сирли нур

Улуғбек! Улуғбек! Мен — биринчи. Қалай эшитяпсиз? Қабул.
— Биринчи! Биринчи! Мен — Улуғбек! Сизни яхши эшитяпман. Нима янгиликлар бор? Қабул.
— Нур тарқатаётган нуқта кўздан ғойиб бўлди.
— Ғойиб бўлди?.. Нега? Қачон?
— Бир неча дақиқа аввал мен сайёра атмосферасига кирдим, нурланаётган нуқта тепасида бир зум тўхтаб, кемани тўғри курсга олдим, кейин пастлай бошладим Икки юз метр ҳам тушишга улгурмагандим, нурланиш бирдан йўқолди.
— Ҳозир остингизда нима кўриняпти?
— Ҳозир кема қуюқ булутлар қуршовида. Телелокаторлар ҳеч қандай иш бермаяпти.
— Биринчи! Ниҳоятда эҳтиёт бўлинг. Булутлар қатламининг қалинлиги бизга номаълум. Сизни қуршаб олган туман сайёра сатҳигача чўзилган бўлиши эҳтимолдан узоқ эмас.
— Улуғбек! Қема булутлар қатламини ёриб чиқдн. Баландлик 15000 метр. Сайёра сатҳини кўряпман. Жигарранг ва алвон рангларни ажратса бўлади. Эҳ, юрагим ҳовлиқиб кетяпти! Шубҳасиз, сайёра юзаси қуюқ ўсимликлар билан,ўралган. Телелокаторлар йўналишини боя нур тарқатган нуқтага тўғрилаяпман.

Жимлик.
— Биринчи! Биринчи! Ўзи нима гап? Жавоб беринг! Ўша заҳоти разведкачи-фазогир Даврон Шариповнинг ҳаяжонли, айни пайтда севинчга тўла овози янгради: .
— Улуғбек! Сунъий қурилма кўряпман! Баландлик минг метр. Ўлай агар сунъий қурилма кўряпман!
— Xовлиқманг, биринчи, ховлиқманг. Уни тасвирлаб беринг.
— Тагимда, янглишмасам, шаҳар ястаниб ётибди.

Ўзга сайёра шаҳри! Ниҳоятда юксак қилиб қурилган тўғри формадаги тсилиндрларни кўряпман. Асосининг диаметри тахминан юз метрга тенг бу иншоотлар турар жой бинолари бўлса керак. Ҳар бир тсилиндр тепасида горизонтал йўналишда ва турли баландликка эга спиралсимон «бутоқлар» бор. Уларнинг ҳавода муаллақ турган энг чекка қисмй қалин мис ликопчани эслатади. Бинолар йигирма-ўттизтадан алоҳида-алоҳида жойлашган. Ҳар бир гуруҳ марказида бошқача шаклдаги — шарсимон, призмасимон, тўғри бурчакли қурилмаларни ҳам кўряпман. Чор-атроф ўт-ўлан, дов-дарахтлар билан ўралган. Албатта, агар қизил ва жигарранг баргли баҳайбат ўсимликларни дарахт деб аташ мумкин бўлса. Ўсимликлар биноларнинг девор ва пастки «бутоқлари»гача чирмашиб кетган.
— Биринчи! Нурланаётган нуқта ўрнида нима кўряпсиз?Диаметри икки-уч километрга тенг қорамтир доирани кўряпман. Янглишмасам, бу менинг нигоҳим қамрай шолиши мумкин бўлган бутун майдондаги ўсимликлардан ҳоли ягона жой. Эҳ, жин урсин! — Нима гап биринчи!
— Кечиринг, ўртоқ полковник. Оғзимдан чиқиб кетди. Баландлик икки минг метр. Менга энг яқин бинонинг кўп жойлари... шикастланганга ўхшайди!
— Шикастланиш қандай характерда?

Бу саволга жавоб бериш учун бинога яқинроқ боришим керак. Ёнлама тортув двигателини ишга соляпман.
— Биринчи! Эҳтиёт бўлинг! Гравитатсион ва майдон ҳимояси қурилмалари ишини яна бир текшириб чиқинг. Орага яна жимлик чўкди. Кўп ўтмай, тағин Даврон Шариповнинг ҳаяжонли, айни пайтда ҳавотир аралаш овози эшитилди:
— Улуғбек! Мен —биринчи! Спирал шаклдаги бино қошидаман. Бино ниҳоятда қалин ва тартибсиз ўсган ёввойи ўсимликлар қуршовида. Уй бурчаклари нураб кетган, деворларида катта-катта ёриқлар ва чанг босган тешиклар бор. Яқин атрофдаги бошқа бинолар ҳам худди шу аҳволда. Агар бу шаҳар бўлса, у — ташландиқ, ўлик шаҳар!
— Биринчи! Шикастланиш ҳарбий ҳаракатлар натижасида юзага келган, деб тахмин килиш мумкинми?
— Йўқ! — қатъий жавоб берди Шарипов. — Йўқ! Менимча, бинолар вақт ўтиши билан шу аҳволга тушган. Уларни кўп йиллик чанг қатламлари босган. Мен яқин келишим билан қандайдир майда жонзотлар тўдаси «гув» этиб тешик ва ёриқлардан чиқиб, бинонинг орқасига ўтиб кетишди...
— Биринчи! Дарҳол қорамтир доира нимадан иборатлигини аниқланг.
— Xўп бўлади!

Жимлик.
— Улуғбек! Мен — Биринчи! Доира устидаман. У чор-атрофини мазкур планетага хос қалин ўсимликлар ўраган оддий майдон экан. Аммо майдон ичи ўсимликлардан холи.
— Унда бирор махсус қурилма кўринмайдими?
— Йўқ.
— Майдоннинг релефи қандай?
— Текислик. Xудди яқинда текислаб чиқилганга ўхшайди.
— Ариқлар йўқми?
— Йўқ. Лекин ўртаси бир оз кўпчиброқ турибди, Ўртоқ командир, менда бир таклиф бор.
— Айтинг?
— Доира ўртасига қўнишимга рухсат берсангиз. Ўшанда ажойиб обзорга эга бўламан, лозим бўлса, дарров учиб кетишга ҳам улгираман, Анализаторлар ҳавони текшириб чиқишди. Ҳаммаси жойида. Радиатсия йўқ,

Унча узоқ бўлмаган жимлик. Кейин «Улуғбек» юлдузкезар кеммаси командирининг қатъий овози янгради:
— Қўнишга рухсат!

Зиё юлдузидан биринчи сигнал Плутон яқинидаги космик зондлардан бири ёрдамида қабул қилинди. Айтиш керакки, бир неча аср давомида зондлар фазони узлуксиз тинтишар, бироқ бирор натижага эришганича йўқ эди.

Мана, ниҳоят, биринчи сигнал — ўзга дунё тсивилизатсиясидан илк хабар олинди. Биринчи сигналдан кейин иккинчиси, сўнгра маълум вақт оралиғида бошқалари қабул қилинди. Ҳамма сигналлар бир хил, маълум. тартибда юборилмоқда, уларнинг сунъий усулда юзага келтирилаётгани эса аниқ эди.

Фазо лингвистлари дарров қабул қилинган сигналларни матритса формасида ёзиб олиб, аниқлашга киришишди. Бироқ матритсаларда акс этдирилган белгиларнинг асл маъносини аниқлашга келганда фикрлар бўлинди.

Матритсадаги сигналлар икки гуруҳга бўлинган эди. Биринчи гуруҳда етти сайёрадан иборат қандайдир юлдуз системаси ифодаланиб, улардан иккинчи сайёра алоҳида ажратиб кўрсатилганди. Кейин сайёрада истиқомат қилувчи мавжудотлар, ўсимликлар, баъзи кимёвий элементлар ва қатор математик функтсияларнинг шартли белгилари акс этдирилганди.

Иккинчи гуруҳ белгилар ҳам биринчисининг деярли аниқ нушасидан иборат эди. Белгилар биринчи гуруҳдагидай кетма-кет ва маълум вақт оралиғида узатилганди. Уларда биргина фарқ бўлиб, биринчи гуруҳдаги тирик мавжудотларнинг тасвири тушириб қолдирилган эди.

Ўша ондаёқ, нимададир янглишилган, деган тахмин пайдо бўлди. Афтидан, белгиларнинг жойларини алмаштириш, яъни матритсани тескарисига ўқиш лозим эди. У ҳолда биринчи ўринга тирик мавжудотлар акс этдирилмаган гуруҳ чиқарди ва гўё Зиё тсивилизатсияси ана шу усулда сайёрада ҳаёт пайдо бўлгани ҳақида ахборот бермоқчи эди.
— Йўқ,— дея қатъий эътироз билдиришди фазо лингвистлари.— Матритсани фақат бир хил усулда тузиш мумкин. Ҳозир қандай юзага келтирилган бўлса, худди шундай ҳолда. Уни тескарисига ўқишга интилиш тўла маъносизликка олиб келади, чунки бу ҳолда ҳамма белгилар ўз ячейкаларидан турли катталикда силжийди ва бутун тасвир сочилиб кетади. Матритсанинг формаси ҳақида ортиқча гап юритишнинг сира ҳожати йўқ. Олинган натижани изоҳлаш лозим.

Баҳслар авж олди, янги тахмин ва гипотезалар ўртага ташланди. Асосийси эса, ерликлар, ниҳоят, поёнсиз коинотда ёлғиз эмасликларини узил-кесил билиб олган эдилар.

Уч, аср аввал инсоният Қуёш системасидан ташқарига чиқди. Энг яқин юлдузларнинг чор-атрофи синчиклаб ўрганилди.

Вақт ўтаверди. Юлдузлар сари учиш мислсиз тезликда ривож топди. Коинотда ўта юқори тезликда ҳаракатланишнинг янги усуллари кашф этилди. Инсон олис ёритгичлар сари дадил қадам қўйди. Бироқ ҳамма жойда у сўниб бораётган ва сатҳи музлаган гелийдан иборат улкан космик сайёралар ёки эндигина туғилаётган оловли, шиддаткор дунёларга дуч келди.

Одам ўзи каби одамлар билан мулоқат қилмасдан ёлғиз яшай олмагани каби, яхлит тсивилизатсиялар ҳам ўз тараққиётининг маълум бир босқичида ўзаро мулоқат қилиш учун ўткир эҳтиёж сезишади. Кейин олис фазоларни тадқиқ қилишга киришишди...

Зиёдан келган сирли сигналларнинг улкан қувонч ва ўта кўтаринки кайфиятда кутиб олинганлигининг боиси ҳам ана шунда эди. Дарров юлдузлараро учишга ҳозирлик кўрила бошланди.

Мана, ниҳоят, юлдузкезар «Улуғбек» кемаси Зиё юлдузи орбитасида айланувчи иккинчи сайёра яқинида.

Одатда юлдузкезар кемалар сайёраларга қўнишмас эди. Улар фазода маълум орбитада маневр қилиб юришар, унинг экипажи эса, махсус планетолетларда юлдузкезар кема ва ўрганилаётган сайёра ўртасида қатнаб иш олиб боришарди. Сайёрага биринчи бўлиб разведкачи фазогир отланди.

«Улуғбек»да разведкачилик вазифаси тошкентлик ёш фазогир Даврон Шариповга топширилган эди.

Кема Зиёга яқинлашаётганидаёқ сайёра юзасида нурланаётган доғ аниқланган эди. Сайёрани ўраб олган қалин булутлар энг сезгир локаторларга ҳам панд берган ва нурланаётган нуқта ягона мўлжал бўлиб хизмат қилаёттан эди.

Бироқ... кутилмаганда у қаёққа йўқолган бўлиши мумкин?
— Улуғбек! Мен — Биринчи! — доклад қилди Даврон Шарипов сайёрага қўнгандан кейин бир неча минут ўтгач.— Ўрмонда қандайдир ҳаракат бошланди.
— Аниқроқ гапиринг, нима ҳаракат?
— Дарахт таналари орасида ғалати соялар ғимирлаяпти, шохлар силкиняпти, энг асосийси, гўё улкан филлар подаси қуруқ шох-шаббаларни босиб, янчиб ке-лаётгандай қаттиқ шовқин эшитиляпти.
— Бунинг сабаби кучли шамол эмасми? ЁКИ бирор маҳаллий қуюн кўтарилгандир?
— Балки. Аммо... Йўқ, бу шамол эмас, албатта. Дарахтлар орасидан қандайдир қора масса судралиб чиқяпти. У секин-аста мен томонга келяпти.
— Биринчи! Тезлик билан учиб кетишга шай туринг.

Ҳимоя майдони кучланишини оширинг.
— Тушунарли. Аммо бунга ҳозирча ҳожат йўқ. Масса негадир ҳаракатдан тўхтади. Ундан ингичка тармоқча ажралиб чиқиб, катта тезликда планетолет сари келаяпти. Мана, энди аниқ кўряпман... Ҳа! Бу ёққа, янглишмасам, ё қўнғиз, ёки чумолиларнинг зич тўдаси жадал юриб келяпти!
— Уларни дурустроқ тасвирлаб беринг.
— Олдиндаги қўнғизнинг орқа томони ярим айлана шаклида, устида учта оқ доира бор. Олтита оёқ ёки қўл ёрдамида ҳаракатланади. Бош ўрнида кичикроқ ярим сфера жойлашган, ундан узун мўйловлари чиқиб турибди.
— Унинг катталиги қандай?
— Узунлиги бир метрга яқин. Баландлиги қирқ сантиметрча. Юрганида бу ўлчам бир оз катталашади. Танаси жигарранг тусда, оёқ-қўллари қоп-қора. Уларда иккитадан бўғин бор. Оёқ-қўллар пастроқда йўғонлашиб, япалоқ шаклда тугалланган.
— Афсуски, биз олти оёқли қўнғизларни сизга қўшилиб томоша қилиш имконига эга эмасмиз. Нурланиш берганимизга қарамай, булутлар қатлами ҳалигача тар-қалмади, телелокаторлар ҳамон жим...
— «Улуғбек!» Менимча... қаршимдагилар бирор маҳлуқ ёки ҳашарот эмас.
— Нима учун?
— Сайёра атмосферасининг состави бу ерда тез-тез кучли чақмоқлар чақнаб туришидан далолат беряпти. Демак, ҳайвонлар яшин ва у билан боғлиқ хавфни яхши билишади. Негаки, мен қўнаётганимда тормозлаш двигателидан фойдаланиб, хийла узоқ муддат кеманинг тагидан пастга олов пуркаб турдим. Лекин мен уларда оловдан қўрққанлик аломатларини пайқамадим. Бу— ҳайвонларга хос бўлмаган хислат. Бунинг устига, бу, албатта, субъектив мулоҳаза, менга қўнғизларнинг ҳаракати ҳаддан ташқари оқилона туюляпти. Ҳайвонлар юрганда ўз энергиясини бунчалик аниқ ҳисоб-китоб билан сарфлай олмайди.
— Мабодо, қаршимда ақлли мавжудотлар турибди, Деб айтиш ниятингиз йўқми?
— Бундай деб тахмин қилинса ҳам, менимча, нотўғри бўлмайди. Мен ҳар хил тсивилизатсия вакиллари бир-бирига икки сув томчисидай ўхшаши керак, деган назария тарафдори эмасман. Мен жигарранг қўнғизларнинг олий ақлга эга эканига ишонишим мумкин. Бироқ у ҳолда ташландиқ шаҳарни қандай изоҳлашни билмаяпман.
— Биз ҳали, бириичи, кўп нарсаларни изоҳлашимиз керак!
— Яна: кичкина қўнғизлар учун спирал шаклдаги баҳайбат бинолар нима учун зарурлиги ҳам муаммо...
— Xўш, у ҳолда яна қандай тахмин қилишимиз қолди?
— Менимча, улар машиналар. Ёки роботлар. Ё бўлмаса, киберлар.
— Олти оёқли киберлардан қандай наф бор?
— Бу сайёра учун худди шундай киберларгина иш бера олади. Атрофимдаги чангалзорларни бир кўрганин-гизда эди! Ғилдираклар ёрдамида улар орасида юриш мутлақо мумкин эмас. Фақат қадам ташлаб юрувчи киберларгина амал-тақал қила олиши мумкин. Қадам ташлаб юрувчи механизм учун эса, оёқларнинг оптимал сони, ўзингизга маълум, олтита бўлиши керак.
— Сизнингча, робот-қўнғизлар планетанинг чангалзорлар билан қопланишини аввалдан билиб яратилган экан-да?
— Мен бундай деб қатъий тасдиқламоқчи эмасман, Бироқ бир вақтлар инсоният томонидан яратилган киберлар ўз-ўзларини созлаб, яна такомиллашиб, бошқат-дан бунёдга келишган ва бирданига одамзодни йўқ қилиб ташлаган, дея тахмин қилиш нега мумкин эмас экан? Ана унда ҳаммаси тушунарли бўлади: ташландиқ шаҳар, чангалзорлар, манави мавжудотлар тўдаси...
— Нима тушунарли бўлади? Сигналлар-чи?., Яқиндагина нур таратган нуқта-чи? Ахир у бир неча соат давомида бекорга нурланмагандир? Бу кимдир ўзи ҳақида билдирмоқчи бўлганидан далолат бермайдими? Ўзингиз қўнган қора доира ҳақида нима дея оласиз?
— Менда ҳозирча бошқа тахминлар йўқ... Диққат! Жигарранг масса яна ҳаракатга келди. У, боя айтганимдай, қўнғизларнинг тиғиз гуруҳи экан. Улар олдин-ги қўнғизлар тузган икки йўлнинг нариги чеккасига «оқиб» келишяпти. Боядан бери эшитилаётган ноаниқ шовқин бирдан қулоқни қоматга келтирувчи қасир-қусурга айланди. Нима бўляпти ўзи? Жигарранг масса олға интилиб, гўё ўрмонни бир чеккадан ямлаётгандай орқасидан йўл очиб кетяпти!

Тағин жимлик чўкди.
— Ақл бовар қилмайди! Бизнинг магистрал шосселардан қолишмайдиган катта йўл бир неча минут ичида ўрмон ичига шу даражада кириб кетдики, жигарранг масса, ҳатто, кўринмай қолди. Қаршимда тизилган қўнғизларнинг икки сафининг охири йўл бошига бориб тақалди... Йўл бошида қандайдир қора нуқта кўринди.У мен тарафга қуюндай тезликда учиб, тобора катталашиб кўриняпти. Мана, у олдимдаги майдонга етиб келди. Кемадан қирқ метрча нарида тўхтади. Бу... бу ҳаво ёстиқчалари ёрдамида ҳаракатланувчи оддий арава экан. Унда момиқсимон оппоқ бир нима ётибди. Афтидан, мени меҳмонга таклиф қилишаётир... Улуғбек!..

Жавоб бўлмади.
— Улуғбек! Улуғбек!..— Даврон Шарипов бир неча минут бақириб, микрофонни силкитиб кўрди. Бироқ яна ҳеч қандай жавоб бўлмади. Негадир алоқа узилиб қолган эди.

Олдиндаги қўнғизлар ҳаракатга келишди. Улар арава олдида тўпланишиб, торгина йўлакча ҳосил қилишди. «Нима бўляпти ўзи?» — ўйларди Даврон уларнинг ҳаракатини кузатаркан.— Улуғбекка ҳеч нима қилмаган, албатта, юлдузкезар кема сайёрадан анча нарида, бунинг устига кучли қувватли ҳимоя майдони билан таъминланган».

У ўрнидан турди, асбоб-ускуналарга тўла тор кабинада уёқдан-буёққа юра бошлади.

Балки алоқа узилиб қолгани қайтанга яхши бўлгандир? Энди у юзага келувчи ҳар қандай вазиятда ўзи мустақил қарор қабул қила олиш ҳуқуқига эга. Уч аср! Уч аср давомида одамзод фазода ўз ақлли қардошларини қидиради. Ким билади, балки шлюз-камерагина олис Ер вакилини орзу қилинган тарихий учрашувдан ажратиб тургандир?

Шарипов ўзининг маҳаллий олий ақл эгаларига қирғин келтирган қўнғизлар ҳақидаги тахминига ўзи ҳам ишонмаган, у сайёрадаги сирли ҳодисаларга изоҳ қидираётганди, холос. Изоҳ ҳозирча йўқ, бироқ сигналлар ҳам, ёруғ тарқатган нуқта ҳам, ғалати булутлар ҳам, ҳаммаси кимдир томонидан умумий бир ип билан боғлангандай эди Даврон Шарипов яна бир марта эфирга чиқиб, алоқа ўрнатишга ўриниб кўрди. Бироқ ҳеч қандай жавоб ололмади. Шунда у скафандрини кийди, лазер-автоматни қўлида бир айлантириб кўриб, яна жойига қўйди. Кейин ўзи билан бир неча кислород баллони олиб, шлюз-камера сари йўналди.

Оёқлари остидаги тупроқ ниҳоятда юмшоқ, у худди пружинадек босилиб, оёғини олиши билан яна кўтарилиб қоларди. Шарипоз бу буюк дақиқаларга мос тантанали бир гап айтмоқчи эди, бунинг ўрнига бирдан қўнғизларга қараб:
— Ҳей! Сизлар тишламайсизларми? — деб сўради.

Қўнғизлар сукут сақлаб туришарди.Йигит худди эс-ҳушини йўқотгандай, ҳеч қаёққа қарамай, тор йўлакдан қўнғизларнинг мўйловига тегар-тегмас бўлиб, арава томонга юрди.

Арава унчалик баланд эмас, бир метрча келарди. Бир неча зина унинг платформасига олиб чиқди. Даврон момиқ деб ўйлаган нарса момиқ эмас эди, албатта. Унинг тизалларигача ботиб кирган оёқлари бу оппоқ материал орасида бемалол ҳаракат қиларди. У оёғи остидаги ғалати матони ушлаб кўргиси келди, лекин скафандр қўлқоплари бунга имкон бермади.

Бирдан унинг ўтиргиси келди. У чўккаламоқчи эди, бироқ, кутмаганида қулай ва юмшоқ креслога ўтираётганини ҳис қилди. У орқаси билан креслога суялди, тирсаклар юмшоқ тиргагичларга тиралди. У момиқсимон материал билан ўралган креслонинг шаклини аниқлашга интилиб, қўлини пастга юборган эди, бўшлиқдан бошқа ҳеч нимани топмади.

У ўзини ниҳоятда яхши ҳис қилиб, хотиржмлик оғушига чўмди. Оёқларини узатиб юборди, роҳатланиб керишиб, кўзларини юмди. Уйқу аралаш енгил шовқин эшитди: арава жойидан жилган эди.

Даврон кўзини очганда, атроф ярим қоронғилик оғушида эди. У ҳамон аравада оппоқ момиқсимон материалга ботиб ётарди. Арава деворлари жигарранг кублардан ташкил топган тор ва узун коридорда турарди. Ҳар бир кубнинг ён томонида матритса шаклида жойлашган кўплаб тешикчалар мавжуд эди. Баъзи тешикчалар ўзидан қизғиш нур таратиб турарди. Давронга шип кўринмас, бироқ ёпиқ бино ичидалигини аниқ сезиб ётарди.

У кутилмаганда ўзига келиб, кескин ўрнидан турди-да, полга сакраб тушди. Ўша заҳоти тепадан ёқимли, унча ёруғ бўлмаган нур таралди. Арава енгил сирпаниб, коридор бўйлаб нари кетди. Паст, хотиржам, айни пайтда ёқимли овоз эшитилди:
— Xавотирланманг. Сиз ҳар қандай хавфдан холисиз.
— Мен қаердаман?
— Сиз Кибернетик Марказнинг бош пултидасиз.
— Ўзингиз кимсиз?
— Кибернетик Марказнинг товушга тақлид қилувчи модулятори.
— Сиз бизнинг тилимизни қаердан биласиз?
— Марказ учун сизнинг тилингизни ўзлаштириш қийин бўлмади. Ажабланарлиси шундаки, сизлар ҳалигача телепатияни ўзлаштириб олмай, ҳар бири маълум маънога эга бўлган «сўзлар» деб аталувчи товушларйиғиндиси ёрдамида ўзаро мулоқат қилар экансизлар.Тилингизни тўла ўрганиш учун Кибернетик Марказга

Игсизнинг юлдузкезар кемадагилар билан гаплашган сўзларингиз ёзиб олинган плёнкани бир неча дақиқа анализ қилиб чиқиш кифоя қилди.
— Улуғбекка нима бўлди? Нима учун алоқа узилиб қолди?
— Юлдузкезар кемангиз мутлақо хавфсизликда.Тўғри, экипаж яна бир неча соат сиз ҳақингизда ҳеч қандай хабарга эга бўлмайди. Бунинг сабабларини

сизга кейинроқ билдирамиз.
— Менинг кема билан алоқа қилишимга ким монелик кўрсатди?
— Кибернетик Марказ.
— Сиз нима учун ҳадеб Кибернетик Марказ ҳақид гапиряпсиз? Унинг бунёдкорлари одамларингиз қани?
— Саерада одамлар йўқ. Ҳамма одамлар ўлиб кетишган.
— Нима-нима? Қанақасига?..
— Буюк Ўлим Асрида ҳаммаси ҳалок бўлишган.
— Буюк... Улим... Асрида?..
— Ҳа.
— Ҳаммаси ҳалок бўлишган, дейсизми? Ҳаммаси-я? Энг сўнгги одамгача-я?..
— Ҳозир ҳаммасини ўзингиз кўрасиз.

Тепадан тушаётган майин ҳаворанг нур сўнди, лекин ўша заҳоти кўзни қамаштирувчи ёрқин қизғиш нур пайдо бўлди. Даврон жигарранг, текис полда кубларнинг жилваланаётган ва узлуксиз ўчиб-ёнаётган туйнукчаларига тикилганча, ҳамон қотиб турар экан, кутилмаганда ўзини қоронғи ва ёйсимон тоннел бўйлаб учиб кетаётгандай ҳис қилди.

Қўққисдан... унинг нигоҳи остида яна шаҳар кўринди. Яна ўша спиралсимон баланд бинолар, призмалар, шарлар... Лекин бу энди ўлик ва ташландиқ эмас, балки ҳаёт гуркираб яшнаган, нур ва гулларга тўла шаҳар эди.

Баъзи бинолар ўзаро томчисимон автомобиллар қатнаётган катта йўллар билан туташган. Осмонда учаётган турли-туман шаклдаги аппаратлар маълум йўналишлар бўйича ҳаракат қилар, афтидан, улар шаҳарнинг асосий транспорти вазифасини ўтарди. Даврон учувчи аппаратлар биноларнинг горизонтал «бутоқлари»даги «ликоплар»га қўнишаётганини пайқади.

Бироқ шаҳар қанчалик ғаройиб бўлмасин, Давроннинг эътибори ҳозир унда эмас эди.

Унинг кўзи пастдаги, энг яқин тцилиндр асосидаги одамларга тушган, бироқ улар узоқда бўлганлари учун қоматлари ва юз тузилишларнни кўролмай фиғон бўлаётганди. Қани энди уларни яқиндан кўришнинг иложи бўлса.

Бу нарса хаёлига келиши билан, бирдан зиёлик қаршисида пайдо бўлди.

Зиёликнинг боши тухумсимон шаклда эди. Кўзлари — ерликларникига нисбатан ўзаро анча узоқда жойлашган ва дўппайиб чиққан қорачиғлар унга айни бир пайтда бутун чор-атрофни кўриш имконини берарди. Эҳтимол, шунинг учун бўлса керак, зиёликнинг бўйни анча суст ҳаракатланар, бунинг устига, у нисбатан калта ва йўғон кўринар — бош тўғридан-тўғри танага туташиб кетгандай туюларди. Очиқ қўллари, танасининг териси худди юзиники каби майин ва силлиқ эди.

Кенг ва япалоқ бурни пешанасидан бошланиб, юзининг ўртасида биргина ёйсимон тешик билан тугаганди; Афтидан, бурун зиёликлар организми учун яна қандайдир бошқа, алоҳида вазифани ҳам ўтарди. Лаблардан деярли холи бўлган оғзи эса хийла катта бўлиб, икки чеккасида эшитиш органлари — қопқоқсимон пластинкали икки тешик жойлашганди.

Зиёликнинг бўйи сайёранинг гравитатсион кучига мос — тўрт метрча эди. Бармоқлардан ҳоли қўллари икки қизғиш сўрғичлар билан тугалланганди. Давронга унинг қўл ва оёқлари суяксиздай туюлди. Эҳтиёжга қараб улар катта ва кичик радиуслар бўйича бемалол эгила оларди.

Қўнғизлар қатори илк пайдо бўлганида, уларнингақлли мавжудотлар тоифасига кириши ҳақида баҳс қилиш мумкин эди. Бироқ ҳозир ҳаммаси ҳеч қандай баҳссизоқ, равшан эди. Зотан зиёликка бир қарашнингзидаёқ унда узоқ асрлар мобайнидаги мураккаб тараққиёт жараёнида юзага келувчи фикрловчи мавжудотга хос ҳамма сифатлар — ақл, фаросат, баҳодирлик, кўтаринки руҳ, олижаноблик, юмор ва ҳоказоларни пайқаб олиш сира қийин эмасди. У қоматдор, хушбичим ва баҳодир эди. Ер ўлчамлари мезони бўйича эмас, албатта. Бироқ унга тикиларкан, Даврон шакллар мукаммаллигининг нақадар хилма-хил бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб, коинотнинг кўриниши турли-туман, аммо келишган ва баҳодир одамлари билан фахрлана бошлаганди.
— Ахир улар ҳалок бўлишган-ку! — бирдан ҳушига келди Даврон.—Бу тўрт метрлик одамлар Галактикада буткул йўқ бўлиб кетишган! Улар қандай фалокатга йўлиқишган экан?

Шу заҳотиёқ фазогир ўзини катта призма шаклидаги бино ичида, тўғрироғи, бино хоналаридан бирида кўрди. У қандайдир илмий лабораторияга келиб қолгани аниқ эди. Xонани ҳар хил рангдаги суюқликлар солинган турли ялтироқ шиша идишлар, асбоб-ускуналар тўлдирганди.

Хўмрайган қиёфали қоматдор бир зиёлик қандаидир колбани чайқаб кўраётганди. Кейин у ялтироқ датластинка олди, унга колбадаги суюқликдан бир томчи томизди-да, микроскопсимон аппарат остига қўйди. Бир неча минут қимир этмай турди, ниҳоят, журъат қилиб окулярга қаради. У микроскопдан бошини кўтарганида, бояги кайфиятидан асар ҳам қолмаганди. У эси оғиб қолгандай кула бошлади, кейин қўшиқ бошлаб, ўйинга тушиб кетди. Xонага бошқа зиёлилар кириб келишди, улар мўйсафидга хайратланиб тикилишди, бироқ кўп ўтмай ўзлари ҳам ашула айтиб, рақсга туша бошлашди.
— Бу Медитсина Академиясининг бир гуруҳ олимлари,— товушга тақлид қилувчи модуляторнинг майин овозини эшигди Даврон.— Улар ҳозир хурсанд бўлишяпти, чунки инсоннинг умрини минг йилгача узайтириш мумкин бўлган препарат—аксилгенни соф ҳолда ажратиб олишга муваффақ бўлишди. Афсуски, бу кашфиёт одамларни бахтли қилмади...

Янги кўринув.

Умумзиё Ахборот Системаси аксилген кашф қилингани ҳақида хабар қилмоқда. Ажойиб истиқбол қаршида инсоният қалби бамисоли ларзага келди. Минг йил ҳаёт! Минг йил ичида қанча ишларни бажаришга улгуриш мумкин!

Яна бир кўринув.

Зиёнинг ҳамма медитсина муассасалари одамларни аксилген билан эмлашга киришган. Мана, биринчи бахти кулганлар! Минг йил яшовчи биринчи зиёликлар!

Аксилген ишлаб чиқариш бўйича алоҳида саноат тармоғи бунёд этилди. Аксилгенлар ҳаммага етиши керак! Ҳозир яшаётганлар ва келгуси авлодлар учун!

Аксилген билан эмлаш гўё одамзоднинг кайфияти ва ташаббусига қамчи ургандай бўлди. Одамлар ўзларини худди бошқатдан дунёга келгандай ёш ва бақувват ҳис қилишди. Келажак учун энди энг дадил режаларни тузиш мумкин эди. Сайёра бўйлаб сармаст қилувчи қувонч ва завқ тўлқинлари таралди.

Бироқ...

Биринчи бўлиб сотсиологлар бонг уришди. Улар зиёликларнинг ҳозирги ўсиш суръати шу хилда давом этаверса, минг йилдан сўнг сайёранинг аҳволи нима ке-чишини тезкорлик билан исботлаб беришди: аҳоли сони йилдан йилга орта боради, ўлиш деярли ссзшр бўлмайди... Сўнгра электрон ҳисоблаш машиналари чиқарган математик хулосалар майдонга қўйилди.

Агар бирор чора кўрилмаса, саера аҳолисининг сони геометрик прогрессия бўйича ўсиб бораверади ва бир неча асрдан сўнг ўзининг критик қийматига эришади. Ана унда озиқ-овқат, турар жой ва инсониятнинг кўплаб бошқа эҳтиёжларини қондириш учун планетадаги барча ресурслар тугайди.

Сайёра ортиқ бирорта одамни ҳам боқа олмайди, бутун бўш майдонларни тўлдирган осмонўпар бинолар бошқа бирорта оилани ҳам сиғдира олмайди. Зиё аҳолисининг сони эса, ҳамон ўсишда давом этаверади.

Шундай қилиб, келажакда озиқ-овқат ҳам, турар жой ҳам, бўш ер парчаси ҳам муаммога айланади. Одамзод мисли кўрилмаган ҳору-зорликка дучор бўлади.

Зиё халқи ўз тараққиёт йўлларининг ҳамма босқичларидан ўтар экан, уруш, очлик, касаллик, қашшоқликларни бошдан кечириб, ниҳоят, эндигина бахтли ва ижодий яшаш ҳуқуқига эришгандай эди. Бироқ...

Сайёрада ривож топаётган ижтимоий жамиятларнинг баъзи ўзига хос хусусиятлари туфайли унда биология, медитсина, генетика каби фанлар тез суръатлар билан ривожланиб, даврдан анча илгарилаб кетганди.

Эҳтимол, аксилген бир оз эртароқ, ўз вақтидан илгарироқ кашф этилгандир. Бошқачароқ шароитда, яъни зиёликлар ўз ёритгичлари системасидан ташқарига чиқиб, ўзга дунёларни ўзлаштира бошлаган маҳалда, эҳтимол, у ҳаётга муваффақиятли жорий қилинган бўлур эди. Балки ўшанда улар олдида туғилишни чеклаш проблемаси юзага келмаган бўларди.

Аммо, афсус! Олис юлдузларга учиш энди бошланган эди. Аксилген кашф этилган пайтда зиёликлар ўзларининг энг яқин қўшнилари Тао буржига боришга улгуришган ва унинг сайёраларида ҳаёт йўқлигига тўла ишонч қосил қилиб қайтишганди. Бироқ илк экспериментал учишлар буткул бошқа иарса. Ахир гап ўзга сайёраларга оммавий равишда кўчиб ўтиш, ҳатто, кўчиб ўтишгина эмас, балки фазовий жисмларни ўзлаштириш ҳақида боряпти-да!

Зиё инсонияти бир неча аср давомида бунга эриша оладими, йўқми? Зотан сотсиологлар сайёрада фақат бир неча асрлик хотиржам ҳаётгагина кафолат беришмоқда эди. Ундан кейин — чеклашлар, таъқиқлашлар, очлик, муҳтожлик...

Минг йиллик қувонч, ижод нашъаси, умид ва ғала-балар ўрнига минг йил яшаш учун кураш, минг йиллик кўнгилсиз ва оч-наҳор ҳаёт. Ҳозирги зиёликни ҳам мана шундай келажак кутмоқда эди.

Кўҳна саера ҳеч қачон бунчалик кескин тортишувлар, жанжал ва ўзаро ўта қарама-қарши фикрларнинг Киддатли курашига гувоҳ бўлмаганди. Аҳолининг бир қисми аксилген билан эмлаб бўлингани вазиятни янада мураккаблаштирганди. Кейинги инъектсияларни таъқиқлаш ҳақида, ҳатто, гап ҳам бўлиши мумкин эмас эди.

Зиёнинг Буюк Кенгаши ҳафталаб кенгаш ўтказди, Ниҳоят, у юзага келган проблеманинг асосий принтсипларини ишлаб чиқди.

  1. Ҳеч ким инсон ҳаёти муддатини чеклаш ҳуқуқига эга эмас.
  2. Зиёликларнинг ҳозирги авлоди минг йил яшаши керак.
  3. Ҳаёт муддатининг кескин узайтирилиши одамларнинг ҳаётий эҳтиёжларини қондиришга таъсир кўрсатмаслиги керак.
  4. Ҳамма юқорида кўрсатилган принтсиплар туғилишни вақтинча чеклаш ҳисобига амалга оширилиши лозим.

Асосий принтсипларга таяниб, Буюк Кенгаш шундай қарор қилди:
— Сайёранинг ҳамма одамлари кечиктирилмасдан аксилген билан эмланиши лозим.
— Медитсина Академиясига уч йил давомида вақтинча стерилизатсия қилишнинг хавфсиз усулларини ишлаб чиқиш топширилсин.
— Келгусида сайёранинг ҳамма одамларини аксилген билан эмлаш вақтинча стерилизатсия қилиш билан биргаликда амалга оширилсин.

Бундай қарордан ҳамма қониқиш олганга ўхшади. Тўғри, баъзан эътирозлар, хавфнинг олдинн олишга интилган овозлар ҳам эшитилиб қоларди, бироқ уларга ҳеч ким қулоқ солмади. Узоқ муддат бахтли ҳаёт кечириш умиди худди ҳимоя майдонидай, ҳар қандай бошқа фикрни улоқтириб ташлайверди.

Дастлабки икки йил давомида сайёра аҳли Медитсина Академиясида юзага келаётган янгиликлар билан яшади. Икки йил — олимлар олдиларига қўйилган вазифани ҳал этишлари учун шунча муддат кифоя қилди.

Академияда покиза қалбли, тажрибали олимлар ишлашарди. Бироқ улар жуда шошилишарди: ахир улар ҳам минг йил яшашдек имкониятнинг афсонавий шукуҳидан сармаст эдиларда.

Мана, ниҳоят, аксилген билан сайёранинг энг сўнгги граждани эмланган кун ҳам етиб келди. Бу кун планета тарихида энг буюк кунлардан бири бўлиб қолиши керак, деб ҳисоблашди. Шу кундан бошлаб, ҳатто, янги сана ҳисобини бошлаш кераклиги ҳақида таклиф киритганлар ҳам топилди.

Орадан бир тсеча йил ўтгач, кўтаринки кайфият ва қувончлар бошқа ҳиссиётлар билан алмашинди. Инсон психикасига бир нима бўлгандай эди. Одамлар эҳтиёткор, сусткаш ва ҳушёр бўлиб қолишди. Ҳар ким ўз соғлиғини диққат билан назорат қиладиган, озгина тоби қочса ваҳима кўтарадиган одат чиқарди. Узаро эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳоллари кўпайди. Кутилмаганда арзимаган нарса учун қизишиб кетишлар, аҳмоқона хафа бўлишлар одат тусига кирди. Илмий экспериментларда қатнашишни истовчилар сони кескин камайиб, олий ўқув юртларининг аудиториялари бўшаб қолди. Ҳеч ким ўз ҳаётини хавф остида қолдиришни истамасди. Фазогирлар, денгизчилар, учувчилар, сув ости ғаввослари оммавий тарзда ўз ишларидан воз кечиб, тураржойлари яқинида осойишта ишлар билан шуғуллана бошлашди. Илгари яхлит бўлган инсоният тор ва чекланган дунёчасига биқиниб олган айрим-айрим индивидуумларга бўлиниб кетди. Минг йил яшашдек ажойиб имконият турганда, ҳеч ким хасталик ёки бирор тасодиф туфайли ҳалок бўлишни истамас эди-да.

Бироқ энг даҳшатлиси ҳали олдинда эди.

Вақтинча стерилизатсиянинг таъсир муддати аллақачон тугаган, бироқ туғилиш негадир ҳамон қайталамаётганди. Аввал, стерилизатсия, афтидан, ҳисоб-китоб бўйича белгиланган муддатдан кўпроқ вақтга таъсир қилса керак, деган фикр айтилди. Бироқ йиллар кетидан йиллар ўтаверди, ўн йнлликларни янги ўн йилликлар алмаштирди, асрлар ҳам ўтди—одамлар, ҳатто, чақалоқ йиғиси қандай янграшини ҳам унута бошлашди.

Ана шундагина, стерилизатсия бўйича тажрибалар шошма-шошарлик билан ўтказилгани, стерилизаторнинг аксилген бплан ўзаро таъсири эса, умуман тешириб кўрилмагани ёдга келди. Афтидан, худди шу — аксилген билан стерилизаторнинг ўзаро чатишмаси организмнннг янги хусусияти — наслсизликни юзага келтиргандн. Шундай қилиб, инсон зоти тўла қирилиб ке-тиш хавфи остида қолган эди. Айбдорларни қидиришнинг эса ҳожати йўқ эди. Ўз вақтида ҳамма минг йил яшашни хоҳлаганди. Лекин ҳеч ким авлодларнинг аҳволи нима кечишини ўйламаганди.

Бироқ... Ажабо! Бу даҳшатлн янгилик зиёликлар онгига тез таъсир қилиб, уларни жипслаштирди ва уларга янги куч-қувват бахш этди. Авлодлар ҳаётини барбод

қилган кечаги худбинлар бир дақиқа ичидаёқ фидойиларга айланишди. Уларда мақсад пайдо бўлди.

Келгуси авлодлар ҳаёти, инсон авлодини сақлаб қолиш проблемаси ҳамманинг ўй-фикрини банд этган, одамлар бу ягона мақсад йўлида қайта яшаш ва ишлашга бел бойлашганди. Яна ҳаётбахш меҳнат ва ташаббускорлик авжга минди. Яқиндагина деярли бўшаб қолган аудиториялар қайтадан лиммо-лим тўлди. Миллионлаб одамлар ўз билимларини ошириш курсларига кириб ўқий бошладилар. Медитсина Академиясида ишлаш учун истак билдирганларнинг гўё чеки йўқдай эди. Бутун сайёра наслсизлик сирини излашга киришганди. Одамлар йўл қўйилган хатони тузатишга интилишарди. Улар кечаю кундуз тиним билмай ўқишар, ишлашар, тажрибалар ўтказишарди. Ўйин-кулги, маишат ва саёҳатлар тамом унутилганди, Уйқугагина бир неча соат ажратиларди, холос.

Бироқ одамлар кечиккан эдилар. Улар ниҳоят наслсизлик сабабларини аниқлашга муваффақ бўлишди. Аммо хатони тўғрилашнинг уддасидан чиқа олмадилар.

Биринчи аксилген қабул қилган одамлар вафот эта бошлаган, сайёрада ҳаёт сўниб бормоқда эди.

Шунда Буюк Кенгаш ҳамма етакчи олимларни тўплади. Сайёранинг энг сўнгги зиёлик ўлгандан кейин бўладиган келажаги ҳақида жиддий фикрлашиб олиш керак эди.

Энг сўнгги одам ўлгандан кейин? Бироқ одамсиз қандай келажак бўлиши мумкин?
— Бўлади! — дейишди бир оғиздан олимлар.

Зиё одами коинотда ёлғиз эмас. У оламдан кўз юмади, бироқ миллионлаб ўзга сайёраларда ҳаёт давом этаверади. Модомики шундай экан, сайёрага бошқа, муносиб тсивилизатсия вакиллари келиб, уни сўнган ва ҳувиллаган самовий жисмга айланишдан сақлаб қолмоқлари лозим!

Шундай қилиб, одамлар батамом ўлганларидан сўнг ўзга тсивилизатсия вакилларини таклиф қилиб, улар ҳақида маълум ижобий хулосага келгач, Зиёдаги улкан ҳалокат сиридан уларни воқиф этиш бўйича ишларни амалга ошириши лозим бўлган Кибериетик Марказни модернизатсия қилиш ва автомат-роботларни яратиш

тартибларини ишлаб чиқиш даркор эди. Бунда ҳамма нарсани эътиборда тутиш, ҳар қандай вазиятни ҳисобга олиш, шу жумладан, агрессив кайфиятдаги тсивилизатсия вакилларининг учиб келишини ҳам назардан соқит қилмаслик керак эди.

Шундай қилиб, Зиё олимлари ўз ҳаётларидаги энг сўнгги ишни бажаришга киришдилар.

Даврон ўша тор ва салқин коридорда. Тепадан унча ёруғ бўлмаган нур таралиб турибди, жигарранг кублар бамисоли ой нурига чўмган сокин кўл юзасидай жилваланяпти.
— Бундан чиқди, сизлар фазога биринчи сигнал узатганингизда сайёрада одам қолмаган экан-да? — сўради у.
— Йўқ, у пайтга келиб атига бир неча минг одам қолганди. Учинчи сигнал узатилаётган маҳалда сайёранинг энг сўнгги одами ҳам вафот этганди.
— Улар биз ҳақимизда ҳеч қачон ҳеч нима билишмайди,— ўйлади Даврон юраги увишиб. Кейин яна киберга мурожаат қилди:
— Бизнинг юлдузкезар кемамизни сиз қандай пайқадингиз?
— Зиёдан уч парсек нарида бизнинг соқчи зондларимиз ўрнатилган. Биз юлдузкезар кемангизнинг орбитада қолгани ва сайёрага планетолет яқинлашиб келаётганини билганимиздан кейин тўртинчи вариант бўйича иш тутишга қарор қилдик. Бу вариант планетолетнинг Кибернетик Марказ яқинида қўниши ва унинг экипажи миясининг биоелектр майдонларини ўрганиш учун гипнотик ҳолатда бош пултга олиб келиш ва шу тариқа мулоқат қилишни назарда тутарди.

Қисқаси, ҳамма нш қуйидагича амалга оширилганди. Сиз қўнғизлар деб атаган роботлар ўрмоннинг бир қисмини йўқ қидиб, доирасимон майдон ҳосил қилишди ва ўша ердан ўзаро маълум вазиятларда жойлашиб, планетолетингиз томонга ёруғлик нури юбориб туришди. Сиз бу нурни пайқадингиз ва кемангизни майдон томонга ҳайдадингиз. 15000 метр баландликда ҳар бири у ёки бу частотадаги тўлқинларни тўсиш қобилиятига эга бўлган қатор ҳимоя қатламлари жойлашган. Марказ юлдузкезар кема билан алоқангизни узиб қўй-ишни лозим топди.

Сиз қўнганингиздан кейин эса, кибернетик Марказ анализ учун керакли ахборотларни йиғиб бўлгач, радиотўлқинлар йўлини ҳам тўсиб қўйишга қарор қилди. Унга Зиё одамлари ғоятда эҳтиёткорлик билан иш тутишни васият қилиб кетишганди.

Марказ, разведкачи-фазогир оқил ва жасоратли одам бўлади ва у юзага келган вазиятда мулоқатга киришишга жазм этади, дея фикрлаб янглишмаганди.

Ер деб аталувчи сайёранинг вакили! Миянгизнинг биоелектр майдонини ҳамда кемадаги материалларни обдон ўрганиб чиқиб, юлдузкезар кема билан алоқа пайтидаги гапларингизни, шунингдек бизнинг одамларимиз ҳалокати билан танишаётган маҳалингиздаги ҳатти-ҳаракат ва ҳиссиётларингизни таҳлил қилиб, Марказ Ер. тсивилизатсияси олижаноб ва бизга нисбатан дўстона кайфиятда, деган хулосага келди!

Зиё сайёраси энди шу дақиқалардан бошлаб сизларга тортиқ этилади!..

Ҳайрат ва ҳаяжон оғушида сукут сақлаётган Давронда Зиёнинг энг сўнгги одами ҳаётининг охирги дақиқаларини кўриш истаги туғилди. Уша заҳоти унинг қаршисида ярим қоронғи тор хона кўринди. Юмшоқ креслода оёқларини узатиб бир мўйсафид ўтирибди. Унинг юз қиёфаси косметик медитсина ёрдамида хий-ла ёш кўринса ҳам, лекин қомати қари чолларникига ўхшаб букчайиб, мункиллаб қолган эди. Минг ёшлар атрофида бўлган бу одамнинг кўз қарашлари кишини ҳайратга соларди. Бу кўзларда мислсиз чарчоқ, таъриф қилиб бўлмас даражадаги зерикиш ифодалари мужассам эди. У рўпарадаги бир нуқтага тикилганча, қимир этмай ўтирибди. Унинг борлиқ вужуди карахт бир ҳолга келгани, асаблари ниҳоятда таранглашгани шундоқ кўриниб турибди.

У бирдан титраб кетди. Бутун бир сайёрада якка ўзи қолганини чинакамига ҳис қилганди.

Сўнгги зиёлик гугурт қутисига ўхшаш ниманидир ушлаб олганди. Дастлаб Даврон унга ҳеч қандай эътибор бермади. Зиёликнинг негадир ранги оқариб кетди, лаблари нималардир деб шивирлади, сўнгра у қутидаги қандайдир тугмачани босган эди, «шиқ» этган овоз чиқиб, ўша заҳоти хонани кўм-кўк туман қоплади. Туман тарқалганда, кресло ўрнида куйиб кетган кичкинагина қора нарса қолган, хонани эса азоннинг ўткир ҳиди тутиб кетганди...

Даҳшатга тушган Даврон яна коридорда турарди. Кубларнинг бирида қизил стрелка милтиллай бошлади.
— Ерлик биродар! Ана у ерга боринг! — Модуляторнинг овозини эшитди у.

Даврон кубга яқин келди. Шунда у мазкур куб бошқаларидан бир оз ўзгачароқ эканини пайқади. Унда тешикчалар эмас, балки чизиқчалар шаклидаги узун-узун тирқишлар бор эди. Куб «штс» этган овоз чиқарган эди, тирқишлардан бирида қандайдир оқ пластинанинг чети пайдо бўлди. Даврон уни қўлга олиш кераклигини пайқади.

Пластина жилваланувчи материалдан тайёрланганди. Унинг бир томони символлар билан тўлдирилганди.

Даврон зўр бериб тикилар экан, гарчанд символлар нотаниш бўлса ҳам, бирдан ўзини уларнинг маъносига тушунаётгандай ҳис қилди. Пластинани кўзларига яқинроқ олиб келиб, ўқий бошлади:

Васиятнома

Муҳтарам қардошларимиз!

Биз, қачонлардир мағрур ва бахтиёр, ҳозир эса бахти қаро халқ Сизларга ҳаётимизнинг энг сўнгги соатларида мурожаат қиляпмиз.

Бизнинг тсивилизатсия ҳали ёш эди. Биз кўп ишлар қилдик. Яна кўп ишларни амалга оишришимиз лозим эди. Бизда куч, қувват ва ирода бор эди.

Бироқ бизнинг камчиликларимиз ҳам йўқ эмас эди.

Бизни худбинлик барбод қилди.

Инсон абадий эмас, лекин инсоният абадий!

Биз ана шу оддий ҳақиқатни унутиб қўйдик. Оқибатда шум тақдир устимиздан аччиқ ҳазил қилди.

Бизни энди ҳеч нарса қутқара олмайди. Биз абадий йўқлик қаърига кетяпмиз.

Бироқ бизнинг ҳаёт қайнаган гўзал сайёрамиз қоляпти. Буюк инқирозимиз бўсағасида Сизлардан ўтиниб сўраймиз: муқаддас сайёрамизни қаровсиз қолдирманг! Унда яшаш учун авлодларингизни олиб келинг! Юртимизда инсон зоти, албатта, улуғланмоғи керак! Зотан, фақат инсонгина уни кимсасиз, бўм-бўш ва ўлик сайёрага айланишдан сақлаб қола олишга қодир!

Кибернетик Марказ Сизларга бизнинг билишаримиз ва барча энергия запасларимиз ҳақида маълумот беради. Бу запаслар сайёрани қайта оёққа турғазиш ва узоқ асрлар давомида Сизларни таъминлаш учун етиб ортади. Кибернетик Марказнинг ўзи бўлса, шу дақиқалардан бошлаб тўла Сизнинг ҳукмингиз остига ўтади.

Планетамизда бахтиёр ҳаёт кечиринг!

Гоҳи-гоҳида Сизгача яшаганларни ҳам эслаб қўйинг ва ҳеч қачон уларнинг худбинларча қилган хатосини такрорламанг!

Муҳтарам дўстлар, Она сайёрамизни севинг! Сўнгги соатларимиз етди! Алвидо!

Сайёра Муйсафидлари

— Ерлик биродар! — ўша заҳоти Давроннинг қулоқлари остида модуляторнинг майин овози янгради: — Булутлар қатлами тарқатилди! Тўлқинлар тўсиқдан ҳоли этилди. Роботлар қўниш майдони бунёд этишга киришдилар. Кемага бу ҳақда дарров хабар етказиш. Шошилинг! Ҳали олдинда ишларингиз жуда кўп!..