OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲусан Карвонли
Асар номиҚишлоқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ҳусан Карвонли
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм13KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қишлоқ (ҳикоя)
Ҳусан Карвонли

Оғилнинг томи ҳар сафар лойсувоқ қилинганида, гартак хархаша қилиб бўлса-да, тепага чиқиб олардим. Бунгача деярли етиб бормас эди асли. Кенжа бўлганим сабабли бундай истакларим сўзсиз амалга ошарди.

Оғил устида кичкина қишлоғимизни — пастқам уйлару оғил-бостирмалар, тупроқ-чанг кўчалару сим тўсиқли ҳоя-ҳовлиларни бир бутун кўриб, ҳузур қилардим. Ҳамма билан гурунглашгим келаверарди.
— Ҳасан ака, анови, Қизилкарвон каттама, Меҳнаткаш?
— Меҳнаткаш.
— Ҳам уларда дарахт кўп-а. Нима-а бизнинг қишлоқда дарахт кам?
— Сув йўқ-да.
— Ҳайла, қудуқ бор-ку.
— Қудуқдан фақат ичамиз, у-бу экишга оқар сув керак.

Акамлар нимагадир кам гапириб ишлашар, менинг эса гурунглашгим келарди.
— Ўткир, сенинг отанг каттама, менинг отам?
— Менинг отам катта.
— Алдаяпсан. Менинг отам катта. Жили — қуён. Сенинг отангники-чи?
— Билмадим. Лекин, менинг отамнинг мошини бор.
— Э-е, акамлар мошин олади, насиб бўса. Кеча гаплашди. Шу, Ўткир менинг отам зўр дейди. Ё-о, менинг отам зўр! Ҳаммани «сиз» дейди. «Нимага ундай?» — десам, Ҳасан акам «зўрлар шундай бўлади», деди. Бир марта жаҳли чиққанда «сойдан нари»даги Xолбек акани «сен» деганакан, хафа бўлиб уйидагиларга айтиб борибди. Гулсум момо айтиб келди. Шерали акам уни «ТАСС» мухбири дейди. У нимаякан? Ҳасан акамдан сўрайман-да. Лекин мошинимиз йўқ.

Насиб бўса, катта бўсам, бой бўламан. Тошкентда яшайман. Мошиним билан қишлоққа кесам, отамни миндириб олиб, ҳамманикига бир-бир кириб чиқаман. Отамни яхши кўраман-да. «Отангни яхши кўрасанми, энангни?» — деб сўрашса, «икковиниям» деб жавоб бераман. Акамлар ўргатган. Лекин, Суюн бова билан Xўшай ака сўраса, негадир «отамни», деб тўғрисини айтаман-ай. Шу, Суюн бова кимникига борса, бирдан ёнбошлаб ётиб олади. Нима берса қайтармай, еб-ичиб олади. Xўшай ака нима гап айцанг, маъқуллайди. Болалар билан ҳам, катталар билан ҳам бирдай гаплашаверади.
— Ҳасан ака, нима-а Ўткирлар бизарди «сойдан нари» дейди?
— Аширап — сойдан бери ёқда яшаймиз-да.
— Ҳайла, улар сойдан нарида-ку. «Сойдан нари» улар-да. Шундай девдим, уришиб қолдик. Ҳам деса, «сойдан нари» — «сойдан бери» футбол ўйновдик, улар уттириб[1] қўйди-да.

«Сойдан нари»дан Тошкентда иккита бола ўқийди. Бизарданам.

«Сойдан нари»да тўртта мошин бор. Бизарда учта. Улардан мактабда малим йўқ, бизардан иккита. Бу йил уларда иккита тўй бўлди, бизарда битта. Ўткирниям тўй қилди.
— Ўткир, сенинг энангни оти ким?
— Энамнинг отима, Кампир.
— Э-е, ундай от йўқ-ку.
— Ҳей, отам шундай дейди-ку.

«Сойдан нари»да биттаям зўр от йўқ. Ҳаммаси: Ўткир, Пўлат, Болта, Қоржов... Бизарда зўр отлар: Иброҳим. Маҳмарайим, Юсуф. Иброҳим, Юсуф — пайғамбар бўлган, Ҳасан акам айтувди. Нурали акам магнитофондан Шералининг кассетасини олиб, Юлдузни қўйган эди, Ҳасан акам уришди. Шерали зўр, дейди. Нимага, десам, катта бўсанг биласан, дейди. Қишлоғимизга бир марта Тошкентдан артист келган. У пайти мен туғилмаганман. Сенинг тўйингга Тошкентдан артист келади, дейди акамлар, эе... Акамлар Тошкентда ўқийди. Ҳамма артистларни кўрган, гаплашганам. Қишлоқда бошқа ҳеч ким кўрмаган. Телевизоргаям чиқувди, лекин мен кўрмай қолганман-да, сувга кетувдим. Шу, уйимиз қудуқдан узоқда. Асфалтданам. Ўткир нима дейди, уйимиз асфалтга яқин бўлса-да, дейди. «Нимага десам», «аварияларни томоша қилардим», дейди, эе.
— Ўткир, нечта қўйларинг бор?
— Билмайман.
— Санашни билмайсан-да, шуйтиб билмайсан.
— Эе, биламан, лекин айцам, отам уришади-да.
— Нимага?
— Рабим ака сўраганда Бекзод акам айтувди, отам уришди, тўғрисини айтма, кўз тегади, деб.

Лой ҳам тайёр бўб қолди. Энди пиёва ичамиз. Наврўзда ош қилувди. Зокир акам қиб берган. Пўлат ака бой бўлса ҳам ҳеч ош қилмайди. Лекин улларининг тўйи зўр бўлган, дейди. Кўп ароқ берган. Менам бой бўлсам, Наврўзда қишлоққа ош қилиб бераман. Лекин ароқ бермайман, отам ичмайди, намоз ўқийди. Ароқ ёмон, дейди.

Шу, ҳамсоямизнинг шепири йўқ-да. Уйининг томини ҳам сувайди. Ҳар йили. Насиб бўса, бой бўсам, шепир оберардим.

* * *

Олти ака-ука ташқарида ётамиз. Мен ўртада. Юлдузларга қараб ётаман. Энг яхши кўрганим — етти юлдуз. «Етти юлдуз — етан юлдуз, еттигача санаса, савоб эмиш». Бир нафасда етти марта айтиш керак экан...

Қишда зўр бўларди. Ётишдан олдин печкани бир гуриллатамиз. Совигунча ухлаймиз. Гоҳида уйқу келмай қолади. Шунда...
— Келинглар-ай, бир ўйин ўйнаймиз. Уйнинг ичида бор нарсалардан, бош ҳарфиминан охирги ҳарфи, неччи ҳарфлигини айтиб, топиш. Ким топса, шу айтиб, давом эттиради. Бўптими?
— Бўпти (бизар).
— Бўлмаса, бошладим. Бош ҳарфи «п», охири «а», беш ҳарф.
— Печка (Нурали акам).
— Ҳа, уккоор (Ҳасан акам).
— Ҳмм, бош ҳарфи «к», охири «а» беш...
— Калла (мен).
— Ҳи, йўқ (Нурали акам).
— Кўрпа (Шерали акам).
— Тўғри. Айт.
— Xо. Бош ҳарфи «ё», охири »к», ҳозир, бир, икки... етти ҳарф.
— ...
— ...
— ...
— Тополмадик. Ўзинг айт (Ҳасан акам).
— ...
— Айтағай (Юсуф акам).
— Тополмадиларингма?.. Ёруғлик!
— Эе, ҳозир қоронғи-ку (мен).
— Ё, ҳайла, печкада чўғ бор.
— Сен, бундай айтма-да (Нурали акам).
— Қандай?
— Қўлга ушласа бўғичидан айт-да (Юсуф акам).

Шуйтиб, ухлаб қолардик. Баъзан саволга тутаман:
— Ҳасан ака, қишлоғимизди нима-а Қизилкарвон деб қўйган?
— СССР пайти қўйилган-да, аввал Ингичка бўлган,
— Ингичка? Нима-а Ингичка деган?
— Билмадим.
— Ким билади?
— Менам бовалардан сўраб кўрувдим, ҳеч қайси билмади.
— Аширапниям ҳеч ким билмайма?
— Ҳа.
— Будрачни-чи?
— Униям.
— Ҳеч ким билмаса, нима-а буйтиб қўйған?:

Шу, Тошкентга бир боришим керагийди-да. Ҳасан акам янги йилда келганда, насиб бўса, Наврўзда, девди. Наврўзда келганда, насиб бўса, буғдойди ўриб олайлик, кейин, деди. Ўзи каникулга кеб қўйди. Энди қачон бораман, десам, насиб бўса, нўхатни териб олайлик, кейин, дейди. «Насиб бўса»си қачон бўлаякан?
— Ҳасан ака, ҳе-ей осмонда юлдузлар бор-ку, ҳайла, шуларнинг энг каттаси қайси?
— Қуёш.
— Қуёш — қуёш-ку, юлдузамас.
— ...
— Ҳасан ака, осмоннинг о-охирида нима бор?
— ...
— Xудо осмондаё-о?
— Ҳа, энди ухлаймиз, Элмурод.
— Чарчадингизма?
— Ҳа.
— Менам катта бўсам, сиздай лой қориймано-о?
— Йўқ. Сени лой қоримайдиган қиламиз.
— Xо-о.

* * *

Хаёлан жинжак оралаб борар эканман, болалик орзуим ушалган кун эсимга тушди. Эсласам, ҳар гал хижолат тортаман. Оқсойдан дўхтирлар келиб, қандайдир касалликка қарши дори тарқатиб чиқишлари керак экан. Илмий бўлим мудири синфимизга келди-да, ҳаммага бир-бир қараб, мени танлади.

Йўлбошчилик қилиб, дўхтирлар билан, улар аслида ҳамширалар эди, кечгача бутун қишлоқни айланиб чиқдик. Ниҳояти чарчаган эсам-да, хурсанд эдим...

Уйимиз доимо гавжум эди. Эшигимиз ҳеч қўширилмасди. Бир-бирини анча вақт кўрмаган қариндошларимиз бизникида кўришишарди.

Кейин биз улғайдик. Одамлар ҳам бизникига кам келадиган бўлиб қолишди. Бу менга ҳечам ёқмасди. Ториғиб кетардим.

Кейин тегирмон қурдик.
— Ўткир, сенинг отинг нима-а Ўткир?
— Билмасам. Сеники-чи? Элмурод — нима дегани?
— Шундай — Элмурод. Отам Муродулла дейди.
— Ҳей?
— Шундай дейди-да. Жур-ай-й, Эшмон тўбага довур бориб келайлик.
— Ҳей?
— Ўзимиз, шундай.
— Пиёдама?
— Ҳа.
— Кеттик.


  1. Ютқазиб