OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲусния Пардаева
Асар номиБургутнинг сўнгги парвози (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Ҳусния Пардаева
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм34KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/24
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Бургутнинг сўнгги парвози (ҳикоя)
Ҳусния Пардаева

Қуёш энг аввал кенгликлар бўйлаб ястанган адирларга, кўксини қалқон этиб, ҳимояга чоғланган тоғларга нурини сочади. Сўнгра қирдаги пастқам лойсувоқ уйларга мурувватини улашади. Тоғликлар ҳаммадан олдин қуёшнинг марҳаматига молик бўлишади. Шунданми улар тоғдек алп қомат, қуёшдек бағрикенг кишилар.

Тонг ёришиб, қуёш ҳимматини кўрсатиб улурмасидан, Сардор Чўнқай чўққи тепасида пайдо бўлди. Мук тушиб ўтирганча олисларга тикилди. Увада булутлар бир муддат болакайни кузатиб туриб, сафарга отлангандек, секин-аста силжишди. Сардор излаганини булутлар орасидан ҳам тополмай, оғир хўрсинди.
— Ҳа, шоввоз, каллаи саҳардан бу ерда нима қилиб ўтирибсан? Ҳалиям ўша дарбадар бургутингнинг йўлига кўз тикяпсанми? — сўради пастдан таёғига суяниб чиқиб келаётган чўпон.

Сардор: «Ҳа-а», деди. Чўпоннинг гапи унинг юрагига оғир ботди.
— Менимча, энди бургутинг бу ерларга қайтмайди. Ўзиям тоғда яккамоховдек ёлғиз яшаб, зериккан-да, — деди чўпон боланинг ёнига чўккалаб.

Сардор яна кўзини олисларга тикди.
— Келдиёр тоғанг бургутингни олиб келганига ҳам ўн йилча бўп қолдиёв, — деди чўпон болани диққатини ўзига қаратиш учун.

Сардор яна бошини силкиди-ю, гапирмади.
— Менга қара, ўша бургутинг қайца шу пайтгача қайтарди, энди кутишнинг фойдаси йўғ-ов. Битта-яримта овчи отиб қўйганми, десам, бу яқин орада тоғда ўқ овозини ҳам эшитмадим. Ўлиб-нетиб қолмаганмикин, ишқилиб? Тош-пошларнинг орасига қараб кўрмадингми?
— Кўрдим, ҳеч қаерда йўқ, — деди бола бўғилиб.
— Ундай бўлса, билмадим. Лекин сор деганлари бир кетдими, — қайтмайди, дейишади, тағинам, билмадим...

Чўпоннинг гапи Сардор учун янгилик бўлмаса-да, унга жавдираб тикилди. Унинг нигоҳида сўниб бораётган умиднинг чўғи йилтирарди. Чўпон болага ачиниб кетди. У шу тобда болага таскин беришни истар, лекин бунинг фойдаси йўқлигини билиб, индамасди. Бир муддат ўтириб, таёғига суяниб ўрнидан қўзғалди. Унинг чучуҳлаган овози йироқлашиб борарди.
— У, барибир, қайтиб келади!... — деди болакай ўзига ўзи.

Олислаб кетган чўпон унинг гапини эшитмади. Сардор пешингача шу аҳволда ўтирди. Узоқдан тоғаваччаси Асил чақирмаганида ҳали- Бери ўрнидан турмасди.
— Шу пайтгача чўққида ўтирганмидинг? Қидиравериб эсим кетди-ку. Отам тағин шаҳарга кетиб қолган бўлса, деб хавотирланди, — деди Асил чопганидан нафаси бўғзига тиқилиб.

Сардор у билан қишлоққа қайтди. Йўлда Асил мактабда ошналари билан бўлган муштлашувини зўр қизиқиш билан гапирди. Сардор ўзини эшитаётгандек туца-да, хаёли олисда Қайтмас билан бирга эди. Унинг ҳозир қаердалиги, қандай аҳволдалигини ўйлаб, ташвишланарди.
— Шу пайтгача қаерда юрибсан? Бир оғиз айтиб кетгин-да. МактабинГга бормайсанми? — дея қарши олди тоғаси дарвоза олдида.

Сардор «Йўқ» деб бош чайқади. Тоғаси унга синчковлик билан разм солиб, давом этди:
— Менга қара, жиян, бургутинг кетган бўлса, бунга кўпам қайғураверма. Ҳадемай, шаҳарга кетасан. Тошкентда каттакон ҳайвонот боғига бор. Аянгга айцанг, сени ўша ёққа оборади. У ерда истаганингча бургут топилади. Томоша қилиб, қайтаверасан.
— Менга бошқа бургут керакмас! Қайтмас, барибир, қайтади! — деди Сардор ўжарлик билан.
— Ўзи ўша бургутингнинг отини бекор Қайтмас, деб қўйгансан-да, — дея илжайди тоғаси,. — Мана, кетди-ю қайтмади. Қайтага Қайтар деб қўйганингда шунча куттирмасмиди.?..

Сардор тоғасининг ҳазилини тушунмасдан, йиғлаб юборгудек бўлиб, ичкарига кирди. Унга Асил ҳам эргашди. Иккови сўридаги дастурхонга ўтириб, косадаги қаймоққа нонни тўғраб, чой ичишди.
— Бугун тепаликда эшак кўпкари бор, борасанми? — сўради Асил.
— Йўқ, бормайман,! — деди Сардор кескин.

У кетиб қолса, Қайтмас келиб, уни тополмай. яна учиб кетадигандек эди.
— Юр, бирга борайлик, — дея қистади Асил, — эшакниям оламиз. Майли, кўпкарида эшакни сен чопасан. Бугун тепагузарликлар ҳам келишади. Ўзиям роса мақтанчоқ, қасанғилар. Кўрамиз, ким совринни кўп айиради?

Сардор эшак кўпкарини яхши кўрарди. Айниқса, ўзи кўпкарида чопиб, совринни қўлга кирица, қувончи ичига сиғмай кетарди. Шунинг учун ҳам Асилни кўп ялинтирмасдан рози бўлди. Икковлон апил-тапил нонушта қилиб, эшакни миниб, йўлга отланишди.

Бугунги эшак кўпкарига учта қишлоқнинг болалари келишди. Сардор эшакни миниб, кўпкари чопди. Унинг омади келиб, бир неча совринни ютиб олди. Бундан чеккадаги томошабинлар орасида ўтирган Асилнинг севинчи ичига сиғмай, ирғишларди.

Шомга яқин узоқ-яқиндан қўй-қўзиларнинг овози эшитилгач, кўпкари тарқади. Асил олдинда, Сардор орқада эшакка миниб, қишлоққа қайтишди. Чўнқай чўққининг ёнидан ўтишаётганда йўллари чўпон билан тўқнашди.
— Ҳа, шоввозлар, кеч бўлганда қаердан келяпсизлар? — сўради чўпон.
— Эшак кўпкаридан. Ўзиям ҳамма совринни менинг эшагим ютиб олди, — деди Асил мақтаниб.

Чўпон қўзиларнинг маърашидан унинг гапини эшитмай, бошини силкиб қўйди. Асил эшакка хала бериб, унинг юришини тезлатди. Шу пайт орқадан чўпоннинг бақиргани эшитилди:
— Менга қара, боя сенга айтаман деб, ёдимдан кўтарилибди, — дея ҳаллослаб ортидан етиб келди чўпон.
— Нимани?
— Қани, аввал суюнчини чўз-чи.
— Нима, Қайтмас топилдими?! — деди Асил қулоқларига ишонмай.

Сардорнинг эса юраги қинидан чиққудек дукурларди.
— Айтдим-ку сенга, бургутинг ёлғизликдан зерикиб кетган, деб. Унинг жуда олчоқ чиқиб қолди-ку. Катта қишлоқлик чўпон ўғлига мода бургут олиб келган экан. Бургутинг унинг дарагини билган, чоғи, олдига борибди. Ўн кундан бери уни бургутиям йўқ эмиш. Ўғли бургутимни топинглар, деб йиғлайвериб, шишиб кетганмиш, бояқиш. Менимча, ошиқ-маъшуқлар эгаларидан қочиб кетишган, чоғи... — дея хохолаб кулди чўпон.

Сардор унинг гапига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билолмай, донг қотиб турарди.
— Ана, кўрдингми, бургутинг уйланибди. Энди сени эсламайди, — деди Асил ҳам кулгига қўшилиб.

Сардорнинг йиғлагиси келди. Назарида энди бургути бир умр ўша мода бургутнинг ёнида қоладигандек туюлди. Онаси ҳам худди шундай қилиб, уни ташлаб кетганди...

Сардор эндигина уч ёшга тўлганида онаси билан дадаси ажрашишганди. Энасининг айтишича, Сардорнинг отаси шаҳарлик бир аёлга илакишиб қолганмиш. Бунга чидаёлмаган Шоҳиста Сардорни етаклаган-у, онасиникига қайтиб келган. Онаси сабр-қаноатли бўлганида отаси, албатта, кун келиб қайтармиди, балки?. Шунда Сардор ҳам отасиз ўсмасмиди.? «От айланиб қозиғини топади. Қайтмай қаёққа ҳам борарди,? Боласи борми, эркак киши, барибир, бир куни уйига қайтади», дерди энаси хўрсиниб.

Шоҳиста энасиникига қайтиб келганига бир йил ҳам тўлмай, унга Каттақишлоқдан совчи келди. Энасига қолса, куёвининг қайтишини, қизини ёмон бўлсаям, эри билан ярашиб кетишини истарди. Лекин Шоҳиста совчилар шаҳарда ишлайдиган, хотини ўлган каттақишлоқлик кишидан эканлигини айтиши билан «Шунга тегаман», деб туриб олди. Энасининг ҳайҳайлаши ҳам, «Болангни бировнинг қўлига қаратма, отаси келсин», дейишига ҳам қулоқ тутмади. Кейин ўйласа, қизи собиқ эри шаҳарликка илакишганига алам қилиб, атайин ўшанга теккан экан. Буларнинг барини Сардорга энаси гапириб берарди. Онаси эрга тегиб, шаҳарга кетганидан бери Сардор энаси ва тоғаси билан яшайди. Дарвоқе, онасидан айрилиб, йиғлоқига айланган кезлари тоғаси унга бургут олиб келганди. Шу билан овунса, онасини эсламайди, деб ўйлаганди. Ўн йил ичида Сардор ҳам, бургути ҳам улғайди. Унга Қайтмас деб тоғаси исм қўйган. «Одатда, бургутлар мард, жасур бўлишади. Улар ўз мақсадидан сира чекинишмайди, қайтишмайди. Шунинг учун ҳам унинг отини Қайтмас деб қўямиз», деганди ўшанда тоғаси.

То мактабга боргунигача Сардор кунини Қайтмас билан ўтказарди. Кейин мактабга борди. Сардорнинг дарси тугагунча Қайтмас мактаб ҳовлисидаги устун тепасида уни кутиб турарди. Дарс тугаши билан шодон қийқириб, болалар уйига ошиққанида Қайтмас бирдан пайдо бўлиб, Сардорга яқинлашарди. Шу тариқа улар биргаликда уйга қайтишарди. Сардор шундай улкан, ажойиб қуши борлиги учун тенгдошлари унга ҳавас қилишидан ўзича фахрланарди.

Йиллар ўтди. Сардор ўн учга тўлганида энаси касал бўлиб, ётиб қолди. Бир-икки кун Файзи дўхтир укол қилиб юрди. Жума куни тонгда Сардорни тоғаси уйғотиб, белига белбоғ боғлаб қўйди.
— Энамов, деб йиғла, тушундингми? Энди энанг йўқ,!.. — деди тоғаси қизарган кўзини ундан яшириб, — Энанг сени ҳаммадан кўпроқ яхши кўрарди...

Сардор энасининг йўқлигини эшитиб, сесканиб кетди. Ўзини бутунлай ёлғизланиб қолгандек ҳис қилди. Таъзияга онаси ҳам келди. Унинг Сардордан ташқари, яна икки ўғли бор эди. Ўшанда Сардор илк марта укаларини, уларнинг отасини кўрди.
— Ишонганим посбонимдан айрилдимов! Энди сизсиз ҳолим нима кечади, эна?! Боламни сизга қолдириб, кўнглим тўқ эди-ку, эна!.. — дея онаси ўртаниб йиғлади.

Сардор йилда бир келадиган онасини унчалик яхши кўрмасди. Унга энаси билан бургути омон бўлса, бўлди эди. Лекин бугун энаси уни ташлаб кетди...

Етти кун ўтиб, онаси шаҳарга қайтадиган бўлди. Кетар чоғида Сардорни ҳам ўзи билан олиб кетишини айтди.
— Мен кетмайман, шу ерда қоламан! — деди Сардор қайсарлик билан.
— Ундай дема, болам. Энди энам йўқ, сени қандай ташлаб кетаман? Икки хаёлим шу ерда қоладими? Юр, бирга кетамиз, укаларинг билан юрасан, — деди онаси уни кўндиришга уриниб.
— Сардор энди катта йигит. Биз билан шаҳарга боради, у ердаги мактабда ўқийди, — деди онасининг эри салмоқланиб.

Тоғаси ҳам Сардорни шаҳарга боришга ундади. Барчанинг қистови билан Сардор ноилож йўлга отланди. Лекин кетишаётганда бургути анча олисгача машина ортидан учиб борди. Уни кўриб, Сардор кўз ёшини тиёлмади.
— Шаҳарда бургут асраб бўлмайди. Уйимиз тор, бу каттакон қушинг сиғмайди, — деди онасининг эри Сардорга машина ойнасидан қараб.
— Йиғлама, ўғлим, бургутинг тоғангникида яшаб туради. Келиб кўриб кетасан, — деди онаси уни пешонасидан ўпиб.

Укалари эса акали бўлишганидан севиниб, ирғишлаб, тўполон қилишарди.

Шаҳар Сардорга жуда ғалати кўринди. Ҳар томонга ғизиллаб ошиқаётган машиналарга қараб, кўзи тиниб кетарди. Одамлар ҳам жуда кўп, тиним билишмайди. Қишлоқдаги мактабда нари борса, элликтача ўқувчи ўқирди. Бу ердаги ўқувчиларнинг саноқсиз эканлигини кўриб, Сардор ҳайратини яширолмади. Сардорни шаҳар мактабига боришидан аввал онаси бозорга олиб тушиб, унга бош-оёқ кийим олиб берди. Эртасига эса ясантириб, мактабга олиб борди. Янги кийимда, нотаниш ўқувчилар ёнида Сардор ўзини ёлғиз ҳис қилар, юрагидаги қишлоқ соғинчи борган сари катталашиб борарди.

Бир ҳафта ўтди. Сардор кетаманга тушди. У қишлоғи, бургутини соғинганини айтиб йиғларди. Онаси унинг кетишига йўл қўймай, энди шу ерга кўникишини айтди.
— Онаси, сен болангни тушунмаяпсан. У тасодифан ўсиб-улғайган муҳитдан бутунлай бошқасига тушиб қолди. Шунинг учун кўникиши оғир кечяпти. Уни бирданига кўниктириш бу мажбурлашдек гап. Болани эса мажбурлаб ўргатиб бўлмайди. Яхшиси, бироз муддат қишлоқда, бироз шаҳарда яшатиб, кўниктирсак, қандоқ бўларкин?.. — деди онасининг эри ўйчанлик билан.

Онаси Сардорни кетказмаслигини айтиб, йиғлаб-сиқтади. Лекин икки кун ўтиб, Сардор кетиш қарорида қатъий турганини кўриб, ноилож розилик билдирди. Якшанба куни эрталаб онаси уни эри билан жўнатиб юборди. Машина ўрнидан қўзғалганида эса онаси деразадан қараб: «Яна қайтиб келасан-а?!» деб қайта-қайта сўради. Онасининг кўзи ёшланиб, зорланганини кўриб, Сардор яна қайтишини айтди.

Пешинга яқин тоққа кириб келишди. Тоғасининг уйи орқасида машина тўхташи билан Сардор ўқдек учиб пастга тушди. У аввал осмонга тикилди, кейин ичкаридаги бургутининг инини кўрди. Қайтмасни тополмагач, аламдан йиғлаб юборай, деди.
— Xафа бўлма, бургутинг ҳозир кеп қолади. Сен кетганингдан бери сал дайдироқ бўлиб қолган. Йўқолиб, яна қайтиб келаверади. Ҳозир ҳам узоққа кетиб қолмаган, — деди тоғаси уни юпатиб.

Орадан бир неча соат ўтиб, ҳовлида бургут пайдо бўлди. Сардор уни кўриб, маҳкам бағрига босди. Қайтмас қанотларини кенг ёзиб, Сардорнинг елкасига шапатилади.
— Сардор бир-икки кун қишлоқда қолсин, бургути билан тўйиб ўйнасин. Кейин онаси билан маъракага келиб олиб кетамиз, — деди отаси кетишга чоғланиб.

Тоғаси ҳам унинг қолишига рози бўлди-ю, бироқ поччаси кетгач, «Нега шаҳарда қолмадинг? Ахир ҳамма имкониятлар шаҳарда-ку», деб Сардорни койиб берди. Сардор тоғасига шаҳарда зерикканини, у ерда бургути, тенгдошлари йўқлигини айтиб, тўнғиллади.
— Балки, опангизнинг ўзи ўғлини жўнатиб юборгандир. Ахир уни отаси бошқа бўлса, эри бировнинг боласини сиғдирармиди.? Ана энди ўзимизнинг тўртта боламиз етмагандек, Сардоргаям қарашимиз қолувди... Энди энангизнинг нафақаси йўқ, буни қандай боқамиз? — деди янгаси чимирилиб.

Тоғаси хотинига «Бас қил», дегандек қовоғини уйди.
— Сардор, энди энанг йўқ! Бу уйда қолсанг, менинг бошимни оғритасан. Яхшиси, шаҳарга онангнинг уйига қайт, тушундингми? — деди янгаси Сардорни ҳоли чақириб.

Сардор янгасининг гапига бош силкиди. У эрта-индин онаси келса, албатта, шаҳарга қайтишини биларди. Лекин бу қишлоқни, тоғларни, бургутини сира ташлаб кетишни истамасди. У бугун энасисиз бу ҳовлида яшолмаслигини тушунди. Бир пайтлар онаси, гўдаклигидаёқ ундан воз кечган отасини соғинганида кўнгли ёлғизликни қўмсаб, Чўнқай чўққига йўл оларди. Баландга чиқиб, атрофни кузатганида соғинчи бироз унутиларди. Қайтмас эса осмонда парвоз қилиб, ўз сарҳадларини кузатарди. Бу тоғдаги майда қушларни айтмаса, Қайтмасдан бўлак сарлочин йўқ. Шу боис у — бу тоғларнинг яккаш ҳукмрони. Унга Сардорнинг чўққига келиб ўтириши ёқади, ўзи эса қанотларини ёзиб, атрофни кузатади.
— Мени яна шаҳарга жўнатишмоқчи. Лекин у жойлар қанчалик зерикарлилигини билмайсан-да, — дея Сардор Қайтмас билан дардлашади,. — Сенга маза, истаган жойингда яшайсан, осмонда учасан. Ҳеч ким сени бу ерда яша, бу ерда яшама, деб мажбурламайди.

Қайтмас эгасини гапини тушунгандек, ўткир кўзини унга тикди.
— Қайтмас, сенинг ота-онанг қаерда яшаркин-а? Нега улар сени соғинишмайди, олиб кетамиз, дейишмайди? Сен ҳам уларни соғинасанми? — деди болакай маҳзун.

Бургут қанотларини ёзиб, само узра қулоч ёйди.
— Гапимдан жаҳлинг чиқдими?! — дея бақирди бола бургутга қараб.

Қайтмас янада баландроққа кўтарилди. Шу тобда Сардор ҳам бургутга айланиб қолиш, ҳеч кимга қарам бўлмасликни истарди. Шунда ўзи истаган жойда, бировларнинг хоҳиш-истагисиз яшарди.

Қайтмас оқ булутларга кўмилиб, кўздан ғойиб бўлди. Сардор аввал ҳам бургути бундай қилиши, орадан бир неча соат ўтиб, қайтишини жуда яхши биларди. Шунинг учун бироз чўққида ўтириб, уни кутди. Қорни очқаб, уйга қайти. Қайтмас унинг ортидан етиб олишига умид қилди.

Ўша куни Қайтмас қайтмади. Сардор ўшандан бери чўққига келиб, уни кутади. Анави булутлар уни ямлаб — ютиб юборгандек уларга термилади, — тополмайди.

Бугун чўпон унинг мода бургут ортидан кетганини айтиб келди. Аввал отаси, кейин онаси, сўнг энаси, энди эса бургутининг ташлаб кетиши Сардорга жуда оғир ботди. Кечаси билан ухлаёлмади. Юрагини «Айбим нима, нега мени барча яқинларим ташлаб кетаверади? Мен шунчалик ёмонманми?» деган аламли ўй ўртарди. Тонг ёришмасидан яна оёқ учида юриб, ҳовлига чиқди. Ҳеч кимга сездирмай, дарвозани очиб, чўққи томон юрди. Куни бўйи Чўнқайдан тушмай, бир нуқтага тикилиб ўтираверди. Асилнинг: «Отам чақиряпти, юр», деб келиши ҳам уни пастга туширолмади. Шом қоронғиси бу кенгликларни забт этишга уринган бир пайтда тоғаси чўққига чиқиб келди.
— Бу нима ўтириш, жиян? Кеча чўпон айтибди-ку, бургутинг модаси билан кетган, деб. Xоҳ бандаси, хоҳ жонивор бўлсин, ёлғиз яшолмайди. Бежизга барча мавжудотни жуфти билан яратган, дейишмайди. Қайтмасинг ҳам жуфтини топганга ўхшайди. Энди у қайтмайди, умидингни уз, — деди тоғаси унинг ёнига чўккалаб.

Сардорнинг кўнгли бузилди. Кўзига қалққан ёшни кўрсатмаслик учун бошини эгиб олди. Тоғаси билан яна бироз ўтириб, қишлоққа қайтишди. Сардорнинг томоғидан овқат ўтмади. Чарчаганини айтиб, уйқуга ётди.
— Сардор, уйғон! Қайтмас келибди. Ёнида бегона бургут ҳам бор!.. — дея Асилнинг ҳовлиқиб туркилашидан уйғониб кетган Сардор уйқусираб аввалига нима бўлганига тушунолмай турди.

Асил Қайтмаснинг қайтганини айтавергач, дик этиб ўрнидан турди. Ҳовлидаги устунда Қайтмас мунғайиб турар, тоғаси унинг қанотини дока билан боғлашга уринарди.
— У келдими? — дея ҳовлиқиб бургутга яқинлашди Сардор ва қушнинг қанотидаги қотган қон доғини кўриб, жойида тўхтади.
— Яраланганга ўхшайди. Бу бир-икки кун олдин яраланган. Тағинам тирик юрганини-чи,... — деди тоғаси койиниб.

Сардор Қайтмасни бағрига босди. Бургут ҳам сукут сақлаб, унинг елкасига бошини ишқади. Шу пайт осмондан бургутнинг чинқириғи эшитилди. Қайтмас ўткир кўзини самога тикди. Нотаниш бургут осмонда чарх уриб учарди. Қайтмас қанотларини кенг ёзиб, учишга чоғланди. Икки марта қанот қоқди-ю, тап этиб ерга қулади.
— Қайтмас! Тоға, у ўлиб қоладими?! — дея йиғлаб юборди Сардор.

Самодаги бургут яна чинқирди. Кейин эса учиб кетди. Қайтмаснинг осмонга, бургутнинг ортидан тикилишга ҳоли етмади. Бошини ерга қўйиб, чуқур-чуқур нафас оларди.
— Асил, бор, Файзи дўхтирни чақир. У одамларни даволагани билан, жониворларнинг касалиниям тушунади, — дея тоғаси ўғлини қишлоқ шифокориникига юборди.

Сардор Қайтмаснинг тепасида йиғлагудек бўлиб ўтирарди. Тоғаси ишга шошилаётганини айтиб, мактабга отланди. Жиянига мактабга бор, дейишга тили бормади.

Бироздан кейин Асил Файзи дўхтир шаҳарга кетганини айтиб келди. Сардор Қайтмасга сув, дон тутди. Бургут уларга қайрилиб ҳам қарамади. Сардорнинг бургутига раҳми келиб, бўғзини йиғи куйдириб ўтди. Ҳиқиллаб йиғлаб юборди.

Пешиндан кейин мактабдан қайтган тоғаси Сардорнинг ҳалиям бургути тепасида ўтирганини кўриб, уришиб берди.
— Кўпам қайғураверма! Энди бургутинг соғаймайди. Дарбадарга ўхшаб, кетиб қолмаганида бу куйга тушмасди. Сен бунга ичикиб, ўзингни қийнама! Бу бор-йўғи бир қуш бўлса...
— Балки, анави бургутни кетказмаслик керакмиди.?.. — деди Сардор ҳиқиллаб, — Ҳеч бўлмаса, Қайтмас соғайгунча...
— Э, қизиқ гапларни гапирасан-а, — деди тоғаси бошини чайқаб,. — Сенинг бургутинг шу тоғларни ватан деб билди. Кўрдингми, бошқа жойга сиғмай, қайтиб келди. У мода бургут ҳам бегона жойга сиғмайди. Шунинг учун ҳам ўзининг маконига кетди. Қайтмас озодликда парвоз қилиш қандайлигини кўрди. Айниқса, анави бургут билан бирга учди. Энди у тутқунликда, ёлғиз яшолмайди. Ё бу ерларни бутунлай ташлаб кетади, ё нобуд бўлади!.....

Тоғаси бургутнинг қанотини ечиб, мумиё билан яна қайтадан боғлади. Сардор Қайтмаснинг бошини силаб ўтирди. Янгаси кечки овқатни сузаётганини айтиб, дастурхонга чақирди. Сардорнинг иштаҳаси бўлмаса ҳам, тоғасининг қистови билан сўрига ўтирди.

Овқатланиб, яна бургутининг ёнига қайтган Сардор унинг қотиб қолганини кўриб, қичқириб юборди. Унинг ёнига болалар, сўнг тоғаси етиб келди.
— У ўлиб қопти!.. — деди йиғлаб Сардор.
— Айтдим-ку, энди сени Қайтмасинг тутқунликда, ёлғиз яшолмайди, деб... — деди тоғаси афсус билан.

Тоғаси уни кўмиб келишини айтиб, бургутни олиб кетди. Сардор сўрида ўтириб, унсиз йиғларди. Бироздан кейин қўлида белкурак билан қайтган тоғасини кўриб, Сардор ўпкасини босолмади:
— Тоға, мени эртага шаҳарга обориб қўйинг. Энди бу қишлоқда яшамайман. Онам ва укаларимнинг ёнида яшайман!

Тоғаси жиянини бағрига босиб, бошини қимирлатди.