OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲусния Пардаева
Асар номиНажот фаришталарининг сабоғи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ҳусния Пардаева
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм29KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/07/10
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Нажот фаришталарининг сабоғи (ҳикоя)
Ҳусния Пардаева

Хайрулланинг кечаси кўрган тушидан юраги ғашланди. Синглиси иккисининг болалиги эмиш. Унинг қўллари дока билан боғлаб қўйилган, ўзи эса тинмай «акажон, қўлларимни кесишмоқчи, рози бўлманг» деб зорланармиш. Кўрган тушидан ташвишланиб, куёвининг қўл телефонига қўнғироқ қилиб кўрди. Куёвидан «Яхши юрибмиз, шукр, « деган жавобни эшитганидан кейин кўнгли бироз тинчлангандек бўлди. Ишхонасига отланиб, энди остона ҳатлаганди ҳамки отаси қўнғироқ қилди. Салом-аликни ҳам тузукроқ қилмаган отасининг авзойи бузуқлиги овозидан сезилиб турарди.
— Хайрулла шу бугуноқ уйга етиб кел. Онангни мазаси бўлмаяпти, ўзинг текшириб қўй, — деди отаси дарров мақсадга кўчиб.
— Дўхтирларга олиб бордингизми? — сўради Хайрулла ишлари тиғизлигини ўйлаб.
— Ўзинг кел дедим-ку, — деди отаси зарда билан, — шу бугунинг ўзидаёқ етиб кел.

Хайрулла отасини жуда яхши билади. Жаҳли чиқса, унга минг гапир, барибир эшитмайди. Шунинг учун Хайрулла қишлоққа боришга мажбурлигини англади. Ишхонасига қўнғироқ қилиб, боролмаслигини тайинлади. Кейин уйга қайтиб кириб, йўлга отланди. У ўтирган машина шомга яқин шаҳарга етиб келди. Хайрулла йўл-йўлакай синглисини кўриб ўтмоқчи бўлди-ю, бироқ отасининг эрталабки тажанглиги эсига тушиб, фикридан қайтди.
— Келишинг бунча қийин бўлди? Келмайсанми деб дилим хуфтон бўлиб ўтирувдим, — деди отаси уни қарши олиб.

Хайрулла отаси билан сўрашиб, ичкарига кирди. Онаси ётган хонага кириб бориши билан аёлнинг ҳўнграб йиғлагани эшитилди:
— Шу кунлар ҳам бошимда бормиди? Мен нима ёмонлик қилувдим-ки, қўлимни кесишади?!
— Бўлмағур гапларни гапирма. Мана Хайруллани ўзи келди, энди соғайтиради, — деди отаси ишонч билан.

Хайрулла аёлнинг ёнига чўккалади. Унинг қўлларини кўздан кечириб, ғалати қараш билан отасига тикилди:
— Нега бундай бўлди? Қачон бўлди ўзи?
— Уч-тўрт кун олдин қўлим оғриди дегандай бўлувди. Бугун дўхтирга борса, «кесиш керак, бўлмаса, суякка ўтади» дебди. Энди бир яра-чақа чиқсаям, қўлни кесиб ташлайверса, хайф-э, — деди отаси асабийлашиб.

Аёлнинг йиғиси хонани тутди.
— Бўлди қилсангчи, шу йиғингни. Мана ўғлингни ўзи соғайтиради дедим-ку... — деди отанинг зардаси қайнаб.
— Бунингиз ҳам соғайтирмайди. Қайтага бундай аҳволимни кўриб, баттар бўл, дейди. Менга ҳеч кимнинг раҳми келмайди!.. — деди аёл эрининг юпатишидан тўлиб.

Хайрулла хўрсиниб қўйди. У аёлнинг қўлларини яна бир бор синчковлик билан кўздан кечириб, отасига юзланди:
— Ҳақиқатан ҳам касаллик жиддийга ўхшайди. Бу сиз айтаётган оддий яра эмас. Пойтахт касалхонасига олиб бориш керак.
—Мен сени нимага чақиртирдимў Ўғлим дўхтир, шаҳардаги каттакон касалхонада ишлайди, деб керилиб юраман-у, сен бўлсанг оддий бир ярага ваҳима қилиб ўтирибсан. Уддасидан чиқсанг, ўша шаҳарлик дўхтирларинг қиладиган ишларни шу ерда қилсанг ҳам бўлади-ку... — деди отаси зардали оҳангда.

Хайрулла индамай ўрнидан қўзғалди. Бу хонадаги муҳит, тажанглик унинг юрагини сиқа бошлаганди. Ҳовлига чиқиб, енгил нафас олди. Файзсиз ҳовли, ташқи кўриниши анчагина униқиб қолган уй кўзига кексайган отасига ўхшаб кўринди. Ҳозиргина дилини яйратган тоза ҳаво энди юрагига ғашлик солди. Бу уйга охирги маротаба келганига ҳам беш-олти йилдан ошгани эсига тушди. Эслашни истамаса ҳам ўтмишдаги аламли хотиралар қора қуюндек кўз олдида пайдо бўлди.

Хайрулла онаси оламдан ўтганида эндигина бешинчи синфни тамомлаганди. Синглиси эса ҳали мактабга чиқмаган, беш-олти ёшлардаги қизча эди. Хайрулланинг гарчи эс-ҳуши кириб қолган бўлса-да, онасизлик аламини уйга ўгай она келганида билди. Отаси хотинининг маъракаларини ўтказиб, бошқа аёлга уйланди. Қош-кўзлардан ўсма-сурмаси аримайдиган ўгай она аввалига болаларга яхши муомалада бўлди. Эрталаб сигирни соғар, мактабга отланган Хайруллага иссиққина ширчой пишириб берарди. Мактабдан қайтганидан кейин ҳам тушликда пиширилган овқатдан унга илиниб олиб қўярди. Бироқ синглиси Азизага ўгай она бунчалик меҳр-оқибат кўрсатмасди. Бўйи бир қарич бўлган Азиза каллаи саҳардан уйғониб ҳовлини супуришга тушар, кун бўйи аёлнинг буйруқларини бажариб, тиним билмасди.

Бир куни Хайрулла мактабдан қайтганида уйда синглиси йўқлигини кўрди. Онасидан сўраганди, «билмасам, у дарбадаринг уйда ўтирармиди. Кўча-куйда ўйнаб юргандир-да» деган жавобни олди. Молларга қараб, синглисини кечгача кутди. Ниҳоят, шомдан ўтиб, Азиза кириб келди. Дарвозадан кириши билан онаси унинг олдига бориб, нималардир деб пичирлади. Кейин унинг қўлидан ниманидир олди-да, ичкарига кириб кетди. Хайрулла синглисидан кун бўйи қаерда юрганини сўради.
— Дугоналарим билан ўйнагани кетувдим, — деди Азиза паст овозда.

Хайрулла индамади. Лекин отаси уни кўча-кўйда дарбадар юрганлиги учун роса уришди. Азиза йиғлаб, чиқиб кетди.

Эртасига ҳам мактабдан қайтган Хайрулла яна Азизани уйда йўқлигини кўрди. Ўгай онаси қарғаниб, рўзғор юмушларини бажарарди. Уйда шунча иш туриб, синглисининг дугоналариникига кетиши Хайруллани жаҳлини чиқарди.
— Азиза қайси дугонасиникига кетганини айтмадими? Ҳозироқ бориб олиб келаман, — деди бироз жаҳли чиқиб Хайрулла.
— Қўявер, ҳали гўдак, ўйнайверсин. Бир рўзғорнинг ишидан ўлиб қолмайман, — деди онаси уни шаштидан қайтаришга уриниб, — ундан кўра сен ишларингни тугат.

Азиза бугун тунов кундагидан вақтлироқ қайтди. Акасининг «кимникида эдинг?» дея қистовга олишига, йиғлаб жавоб қайтарди. Синглисининг йиғиси Хайрулланинг кўнглини юмшатиб юборди. Кўз олдига онаси вафот этган куни Азизанинг изиллаб йиғлагани келди-ю, уни қайта қистовга олмади.

Учинчи куни эрталаб Хайрулла мактабга отланганди. Дарвоза олдига етган Хайрулланинг орқасидан синглиси етиб олди.
— Ака, мениям ўзингиз билан мактабга олиб боринг. Илтимос, мени ташлаб кетманг! — деди зорланиб.
— Устозим уришади. Ундан кейин сен ҳали кичкинасан, мактабга киритишмайди, — деди Хайрулла кетишга чоғланиб.
— Ака, илтимос, олиб кетинг. Мачитнинг олдига бориб, садақа сўрагим келмайди, — деди Азиза пиқиллаб.
— Сен нимага садақа сўрайсан, гадой эмассан-ку, — деди Хайрулла аччиқланиб.
— Ака, анави аям мени садақа сўрашга чиқариб юборади. Ҳар куни эрталабдан кечгача мачитнинг олдида ўтириб, садақа беринг деб одамларга қўлимни узатаман. Кейин олиб келган пулларимни унга бераман...

Азиза гапини тугатмаганди ҳамки, ичкаридан чиқиб келган аёлнинг бўғиқ овози эшитилди:
— Ҳой, сен нимага мактабинга бормаяпсан? Бу сенга нималар деяпти?
— Мен... ҳеч нарса деганим йўқ. Акамга айтганим йўқ, — деб Азиза қўрқув билан йиғлаб юборди.
—Нимага бу мачитнинг олдига бориб, садақа сўраяпти? Буни унга сиз айтдингизми? — сўради Хайрулла жаҳл билан.
— Ҳой тирранча, нимага менга ўшқирасан? Манави етимчанг сенга шундай дедими ҳали? Бугундан бошлаб сен ҳам мактабга бормасдан гадойлик қиласан, эшитдингми? Устингдаги манави кийимларни кийиш, янгисини олиш, еб-ичишларинг учун садақа сўрайсанлар. Бўлмаса, икковингни ҳам ўлдираман!..— дея аёл Азизани силтаб ташлади.

Хайрулла унга ташланмоқчи, аламини олмоқчи эди, ўгай онанинг бақувват қўллари унинг бўйнидан омбурдек маҳкам сиқди:
— Агар отангга ёки биронта қариндошинга айтгудек бўлсаларинг, икковингни ҳам ёқиб юбораман!..

Томоғидаги қўлдан Хайрулланинг нафаси ичига қайтиб, типирчилади. У онасининг буйруғи билан синглисини олиб, кўчага чиқди. Азиза уни ҳар куни садақа сўрайдиган мачитнинг олдига олиб борди.
— Менга раҳмингиз келсин, онам ўлган, етимман, десангиз пул беришади,— деди Азиза акасига.

Хайрулла бу ҳолатга сира кўниколмаётганди. Ёнида садақа сўраб, қўл чўзган синглисининг ўтинчли овози, ўтган-кетганларнинг уларга ғалати қараб туришлари ҳам уни эътиборини тортолмас, бир нуқтага тикилиб, миқ этмай ўтирарди.

Вақт пешиндан ўтди. Масжиддан чиқиб келаётган кишиларга қараб қўлларини чўзган Азиза зорланиб йиғларди.
— Қизим, нимага йиғлаяпсан? Шунчалик аҳволларинг оғирми? Бу йигитча акангми? — дея уларнинг қаршисида тўхтаган киши Азизани саволга тутди.
— Амаки, садақа қилинг! Ойимиз ўлган, кийим олишга пул топишимиз керак! — деди Азиза йиғлашда давом этиб.
— Йигитча синглингни гаплари ростми? Отанг борми? — деди киши Хайруллага юзланиб.
— Дадам борла, ишда. Лекин дадам битта хотинга уйланган. У бизни аямиз. Дадангни ишлаб топгани сенларни кийинишларинга етмайди, пулни ўзларинг топинглар, деди, — дея бошини янада қўйи эгиб олди Хайрулла.
— Шундай денглар, — деди салмоқланиб киши ва Хайруллага савол берди, — сен мактабга бормайсанми?
— Олтинчи синфда ўқийман, — деди Хайрулла хўрсиниб, — энди мактабга бормайман. Аям рухсат бермайди.
— Йўқ, сен мактабга боришни давом эттир. Фақат буни ўша аянг билмасин. Сизларга ўзим ёрдам бераман!
— Дадамга ҳаммасини айтиб берасизми? Ўша хотин бизни садақа сўрашга юборганини айтасизми? — дея кўзларига қувонч инган Азиза кейин бирдан хомуш тортди, — лекин аям буни даданг билмасин, бўлмаса, сизларни ўлдираман деган.
— Йўқ, даданга айтмаймиз. Ҳақиқатан ҳам дадангга айтсак, ўша аёл сизларга зиён етказиши мумкин. Майли, у аёл дадангизни хотини бўлиб яшайверсин. Ўзим сизлардан ёрдамимни аямайман. Ҳар куни эрталаб келганларингизда сизларга бир кунлик пулни бераман. Сизлар эса ҳеч кимдан садақа сўрамайсизлар ва пулни мен бераётганимни ҳам айтмайсизлар. Сен эса ўғлим мактабинга қатнайвер. Яхши баҳоларга ўқисанг, зиёли, ҳурматли одам бўлиб етишасан.
— Ростданми? Сиз бизга пул берасизми? Бунинг учун биз нима иш қилишимиз керак? — сўради Хайрулла ишонқирамай.
— Ростдан, пулни бераман. Сизлар эса бунинг учун яхши ўқишингиз керак, —деб киши чўнтагидан пул чиқарди. Уни Хайрулланинг кафтига қўйиб, энди уйга қайтишларини, мактабга боришини тайинлади.

Азиза уйга қайтишаётганида ҳам нотаниш киши берган пуллар тўғрисида акасидан қайта-қайта сўрар, буни аясига айтмаслигини тайинларди. Хайрулла дарвозадан кириши биланоқ ўчоқ бошида куймаланаётган ўгай онасининг олдига борди.
— Мана бугун ишлаб топганимиз. Энди мен мактабга боришим керак, бўлмаса, устозим уришади, — деди қатъий овозда.

Пулларни олган аёл эса унга ёвқараш қилиб тикилиб қолди. Хайрулла кийимларини кийиб, мактабга отланди. У охирги соат дарсига етиб боргани учун ўқитувчисидан роса танбеҳ эшитди. Лекин кечикиши сабабини устозига айтмади.

Хайрулла синглисини олиб, ҳар куни эрталаб чиқиб кетар, пешинга яқин қўлларида пул билан кириб келишарди. Ўгай она ҳам болаларнинг бу фидойилигидан мамнун бўлиб, пулларини яширишга тушарди.

Ойлар йилларга уланди. Хайрулла мактабни тамомлаб, дадасига пойтахтдаги литсейга бориб ўқимоқчилигини айтди.
— Шу ердаги мактабда ўқисанг бўлмайдими? — сўради отаси норозиланиб.
— Оғайним Жаъфар ҳам кетяпти. Иккаламиз биргаликда литсейга ўқишга кирсак, кейин институтга киришимиз ҳам осонлашади, — деди Хайрулла оёқ тираб.

Ўғлининг қайсарлигини билган отаси ноилож рози бўлди. Ўзи биргаликда бориб, ўғлини ётоқхонага жойлаштириб келди. Жаъфар имтиҳонлардан ўтолмай, ўз шаҳрига қайтиб кетди. Хайрулла эса имтиҳондан аъло баҳога ўтиб, ўқишни давом эттирди. У яна ўша ўгай онанинг олдига қайтиб бормаслик учун ҳам жон-жаҳди билан ўқир, вақтини беҳуда сарфламасди.

Литсей-интернатни тамомлаб, Хайрулла тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирди. У тезроқ олийгоҳни тамомлаб, шифокор бўлишни ва синглисини олдига олиб келиш ҳақида ўйларди. Кейин эса Азизани ҳам институгга ўқитади, ундан ёрдамини аямайди.

Талабаликнинг сўнгги босқичида таҳсил олаётганда синглисини фотиҳа этишганини хабарини эшитди. Аввалига синглиси учун бирон бир фойдали иш қила олмаганидан афсусланиб, сиқилиб юрди. Кейин эса унинг ўгай онанинг зуғумларидан қутулиб, бахтли бўлишини ўйлаб, кўнгли таскин топди.

Ўша кунларга ҳам беш йилдан ошди. Ҳозир Хайрулла пойтахтдаги нуфузли касалхоналардан бирида шифокор бўлиб ишлайди. Унинг олдига ҳар куни ўнлаб беморлар келишади. Хайрулла уларнинг барчасига қўлидан келганича ёрдамини берар, соғайиб кетишлари учун ҳаракат қиларди.

Дарвоқе, Хайрулла синглисининг тўйига бориб, кутилмаган мўъжизанинг устидан чиқди. Синглиси бир пайтлар уларга беминнат ёрдам берган кишига келин бўлаётганди. Хайрулла уларга яхшилик қилган кишининг нурли юзига қараб, кўз ёшларини тия олмади.
— Раҳмат сизга! Қилган яхшилигингизни сираям унутмайман! Насиб этса, ўша пулларингизни ўзингизга қайтараман, — деди Хайрулла энтикиб.
— Ўғлим, мен сизларга ўшанда яхшилик қилган бўлсам, бунинг мукофотини олдим. Ёлғиз ўғлим оғир касалликдан гапиролмайдиган бўлиб қолганди. Фарзандимнинг дардига дармон истаб, бормаган касалхонам, кўрсатмаган шифокорим қолмади. Ахийри, мачитга бориб, қилмишларим учун тавба қилдим, фарзандимнинг дардига шифо беришини сўрадим. Буни қарангларки, ўша куни сизларни учратиб қолдим. Юрагимда «Балки шу гўдакларга ёрдам берсам, ўғлим соғайиб кетар. Ахир булар ҳам унга ўхшаб, бегуноҳ-ку» деган ўй ўтди. Яратганнинг ўзи юрагимга солган эканми, бу ниятимни амалга оширди. Сизларга ёрдамим теккани сайин боламнинг аҳволи ўнглана бошлади. Мана шукр, ҳаммаси яхшиланиб кетди. Ўшанда омонлик бўлса, ўша қизчани ўғлимга келин қиламан деб кўнглимга тугувдим. Астойдил ният қилсанг, тилагинг яхшиликка бўлса, албатта ижобат бўлар экан. Аслида мен сизларнинг олдингизда қарздорман. Сизлар мен учун нажот фаришталари бўлдингиз, — деди киши Хайруллага чексиз меҳр билан тикилиб.

Хайрулланинг бўғзига оғриқ тиқилгандек бўлди. Йиғлаб юбормаслик учун олдидаги чойдан ҳўплади. Синглисининг тўйини кўнгилдагидек ўтказиб ортга қайтган Хайрулланинг юраги таскин топганди.

Азизанинг тўйидан кейин Хайрулла ота уйига деярли бормаганди. Дадаси билан телефон орқали гаплашиб, ҳол-аҳвол сўрар, ўтмишнинг аламли кунлари ўтган ўша хонадонга боришни истамасди. Мана бугун аясининг қўлидаги касаллик сабаб, келишга мажбур бўлди.

Дадаси аввалига хотинини пойтахтга олиб боришга норозилик билдирган бўлса ҳам кейин яхшилаб ўйлаб кўрдими, розилик берди. Эрталаб Хайрулла дадаси ва хотинини олиб йўлга тушди. Текширувлардан кейин дадаси ва ўгай онасини уйига олиб бориб қўйиб, ўзи ишига отланган Хайрулла машинага ўтираётиб, қўл телефонининг жиринглашидан сергак тортди. Куёвининг рақамини кўриб, тезда жавоб қайтарди.
— Ака, бу менман, — деди синглиси салом-аликдан сўнг, — бу ерларга келибсиз, биз бехабар қолибмиз-ку. Синглимни кўриб кетай деб бирровга кирмабсиз ҳам.
— Сен хафа бўлма, зарур иш билан борувдим, — деди Хайрулла хижолатли овозда.
— Эшитдим, ўша зарур ишингизни. Аямизнинг қўллари касалланибди, дўхтирлар кесиш керак деганмишми? Уёққа бориб, дўхтирларга кўрсатдингизларми? — сўради писанда овозда Азиза.
— Кўрсатдик. Анализлар олишди, жавоблари чиққанидан кейин бир қарорга келинади.
— Ака, менга қолса, ўша ялмоғизни қўлини кесиб ташлашсин! Ахир уни қилмишлари Худога ҳам хуш ёқмаган шекилли, жазосини берибди. Уни қўлини соғайтирманг, баттар бўлсин. Бизга қилганларининг олдида бу кўргиликлари кам!

Синглисининг гапларини эшитиб Хайрулла унинг юрагида ўтмишнинг аламли хотиралари ҳанузгача яшаётганини тушуниб етди.
— Азиза, қўйсангчи бу гапларингни. Инсон ҳар бир кўрган ёмонлигининг жавобини қайтараверса, у инсон бўлмайди. Ундан кейин биз ўшанда ёмонлик билан бирга яхшилик ҳам кўрдик. Қайнотангни яхшилиги эсингдан чиқдими? Ўша яхшиликнинг орқасидан сен бахтингни топдинг, тўғрими? Мен сенинг бахтинг учун ҳам барчасини унутганман!
— Лекин ўша кунларни эсласам... — деди йиғлагудек бўлиб Азиза.
— Сен ўша кунларни эслама, — дея синглисининг гапини илиб кетди Хайрулла, — ҳозир аламингни олганинг билан вақтни ортга қайтариб бўлмайди. Мен беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун оқ халат кийганман. Ўтмишдаги гина-кудуратларни деб унга доғ туширишни истамайман. Мен мақсадларимга эришдим, сен бахтли оила бекасисан. Қайнотанг айтганидек, нажот фариштасисан! Бизга мана шулар муҳим, — деди Хайрулла синглиси билан хайрлашаётиб.

У телефонини чўнтагига солиб, машинага ўтирди. Унинг юраги ҳеч қачон бунчалик енгил тортмовди.