OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲусния Пардаева
Асар номиСоғинч гули (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ҳусния Пардаева
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм31KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/07/10
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Соғинч гули (ҳикоя)
Ҳусния Пардаева

Бу йил баҳор ҳар йилгидан кеч келди. Кўкламни соғинганимдан юрагим ўртаниб, ҳар куни деразадан термиламан. Мартнинг ўрталари бўлишига қарамай, одамларнинг чеҳрасида қишнинг чарчоғи сезилиб турибди. Ўтган йили бу пайтда бодом, гилос дарахтлари гуллаб, ўрикка навбат етганди. Бу йил эса барчаси атайин куттирмоқчидек имиллайди. Инсон кутишни ёқтирмайди. Лекин тақдир унинг бардошини синамоқчидек ҳар куни, сонияда кутишга рўпара қилаверади. Ҳар йили баҳорни бунчалик интиқиб кутмаганимдан бу кечикиш кўнглим халоватини ўғирлагандек гўё. Пуштиранг гуллаган ўрик дарахти тушларимга кириб чиқади. Унинг хотираларидан юрагим ҳислар уммонига ғарқ бўлади. Бу ҳисни менга ўн беш йил аввал баҳордаги ўрик гули тортиқ этган. «Мени соғинсанг, ўрик гулига қара. Ҳар йили баҳорда мен сени кўргани келаман!..» деганди у кўзимга тикилиб.

Ўшанда ўн олти ёшли соддагина қиз эдим. Онам касалманд бўлиб, тез-тез касалхонада даволаниб чиқарди. Унинг мазаси қочганида қўшнимиз Салима опаникига югурардик. Битта укол уриб, касалхонага боришимиз кераклигини айтиб кетарди. Ҳар доим аҳвол шу, қўшнимизнинг уколидан кейин онам касалхонада ётади.
— Қизим, мактабни тамомласанг, дўхтирликка ўқишга кирасан, — деди онам бир куни менга киртайган кўзларини тикиб.
— Мен ҳуқуқшунос бўламан! Уколдан қўрқаман! —деб юбордим бехосдан.

Онам менга маъюс кулди. Унинг сарғиш юзи, бўртган яноқлари, оқиш лаби титраб кетгандек бўлди.
— Она, мен дўхтир бўламан! Уколни ўзим уриб қўяман. Ўшанда касалхонада ётмайсиз, — деди синглим мени туртиб.

Мен ўзимга ишонган, орзулари чексиз қиз эдим. Билимим, ҳаракатим билан орзуларимга етиб, мансабдор аёл бўламан деб ўйлардим.

Эртасига онамни касалхонага ётқиздик. Туман марказидан қайтган отам мени онамнинг ёнига оборишини айтди.
— Нимага мен? Наргиз борсин, — дедим иддао билан.
— Сен борасан, — деди отам қатъий.

Унинг гапидан дамим ичимга тушиб кетди. Ювилган кўйлагимни сумкага жойлаб, отамнинг орқасидан эргашдим. Бу гал онамнинг қон босими жуда кўтарилиб кетган, ўрнидан туриши мумкин эмасмиш.
— То онангни аҳволи яхшилангунча қарашиб турасан, — деди отам кетаётиб.

Мен индамадим. Чунки касалхонада қолишга сира хоҳишим йўқ. Касалхона палатаси кўримсиз, ҳайҳотдек хонада тўртта кроват, эшиги синиб, қийшайган пастак шкафлардан бўлак жиҳоз йўқ. Пардасиз дераза олдида косада овқат, қатиқли банка турарди. Менимча, бу овқатни касалхонадан беришган. Унинг иси дориларнинг ҳиди билан айқашиб кетганди.
— Оч қолган бўлсанг, анавини еб ол, — деди онам косага имо қилиб.
— Э, бу овқатни егим келмайди, — дедим юзимни буриштириб.

Онам оғир хўрсиниб қўйди. Кейин кўзини юмиб, ўзини ухлаганга солди.

Мен зерикишдан нақ ёрилаёздим. Дераза олдига бориб, ташқарини кузатдим. Оқ халат кийган ходимлар дарахт тагларини юмшатиб, бир-бирлари билан гап сотишарди. Кичик йўлакдан уёқдан буёққа ўтаётган йўловчилар нотаниш. Файзсиз манзарадан зерикиб, ортимга ўгирилдим.
— Уф, тезроқ соғайинг, бу туришда сиқилиб кетаман, — дедим кроватга ўтирарканман.
— Аҳ, болам-а, менга ҳам шу ерларда ётиш ёқмайди. Ношукрлик бўлмасин, касал бўлиш жонимга тегди, — деди онам йиғламсираган овозда.
— Эссиз, биронта китобимни олиб келмабман-да, бекорчиликда ўқиб ётардим, — дедим бироз юмшаб.

Онам индамади. Ўрнимдан туриб даҳлизга чиқдим. Йўлакларда тўшалган гиламларнинг ранги униқиб кетган бўлишига қарамай, топ-тоза. Йўлак бошидаги даҳлизчада кичкинагина телевизор қўйилган, икки аёл уни кўрмай, гаплашиб ўтирашарди.
— Кино, контсерт бермаяптими? — дедим телевизор мурватини бураётиб.

Аёллар энсаси қотиб менга тикилишди.
— Ўлай агар зерикиб кетдим, — дедим хафсаласизлик билан.
— Касалмисиз? — сўради аёллардан бири истеҳзо билан, — қайси палатада ётибсиз?
— Йўқ, онам касал, мен қарашиб ётибман..

Яхшиямки, телевизордан машҳур қўшиқчининг қўшиғи эшитилди-ю, аёлларнинг нигоҳи унга қадалди. Мен бўрининг чангалидан омон қолган қуёндек енгил нафас олиб, ўриндиққа чўкдим.

Даҳлиздан шип-шип этган оёқ товуши эшитилди. Ўгирилиб, биз томон келаётган ҳамширага кўзим тушди.
— Ҳамидованинг қизи сизми? — сўради ҳамшира.
— Ҳа нимайди?
— Бу нима юриш? Онангизнинг аҳволи оғир бўлгани учун сизни ёнига қўйганмиз. Кириб, чой-пой қилиб берсангиз бўлмайдими?
— Чой? Чойни қаерда қайнатаман? — дедим жаҳл билан.
— Ҳар ҳолда менинг бошимда эмас! Ошхонага боринг, тефал чойнак турибди, — деди ҳамшира иддао билан.

Аёллар менга ғалати тикилиб туришганидан ўзимни ўнғайсиз сезиб, хона томон юрдим. Онам ўрнида деразага термилиб ётарди.
— Чой ичишингизни ўзимга айтсангиз бўларди-ку. Анави ҳамшира мени хотинларнинг олдида изза қилди, — дедим тажанглик билан.

Онам хўрсиниб қўйди. Мен шкафдан чойнакни олиб, ошхонага бордим. Кексароқ бир аёл чой дамлаётганди. Саломимга бошини қимирлатиб алик олди.
— Қизим, сенам яқинингга қарагани келдингми? — сўради аёл менга синчковлик билан тикилиб.
— Онамга қараяпман.
— Менам ўғлимнинг ёнида ётибман! Уни юраги касал. — Аёлнинг хўрсиниғи аламли эди.

Унинг кўзида ғамнинг залворини кўриб, чўчиб кетдим. Онамнинг кўзи ғамли, маъюс деб ўйлардим. Лекин бу аёлнинг кўзлари онамникидан ҳам баттар маъюс.
— Ўғлингиз ёш болами?
—Йўқ, у кап-катта йигит, — деди аёл хўрсиниб, — дунёнинг ишлари-да, бу қизим. Аслида ота-она кексайса, касал бўлса фарзанд унга суянчиқ бўлади. Мен шу ёшимда боламнинг орқасидан касалхонама-касалхона юрибман. Бу миннат эмас, унга жоним ачийди. Бечора боламнинг умри касалхонада ўтяпти...

Аёлнинг қайғули гапларидан менда унинг ўғлини кўриш иштиёқи уйғонди. Бирон баҳона билан хонасига кираман деган ўйда палата рақамини сўрадим.
— Учинчи хонада ётибмиз. Қизим ёшсан, оёқ-қўлинг енгил. Бугун- эрта уйимга кетаман, ўғлим ёлғиз қолади. Малол келмаса, ўғлимга ҳам чой-пой дамлаб бериб турсанг девдим, барака топкур, — деди аёл.

Унинг меҳрли, жавдираб турган кўзига қараб рад эта олмадим.
— Майли, сиз хавотирланманг, — дедим ишонч билан. — Албатта, ўзим хабардор бўлиб тураман.

Аёл елкамга қоқиб, чойнагини кўтарганча ошхонадан чиқиб кетди.

Эртаси куни онамга иссиққина чой олиб келаётсам, қаршимда кечаги аёл пайдо бўлди.
— Қизим, уйимда ҳам болаларим бор. Менга уларнинг ташвиши етарли, уйга бормасам бўлмайди. Ҳозир кетяпман, кечаги гапим эсингдан чиқмадими?
— Йўғ-э, эсимда турибди. Онамга чой олиб кирганимдан кейин ўғлингизга дамлаб бераман.

Аёл мени дуо қилиб, даҳлиз бўйлаб кетди. Онамнинг чойини тумбочка устига қўйдим-у, ошхонага ошиқдим. Тавба, бирон ишга бунчалик ошиқмагандим. Бояги аёлнинг ўғлига чойини олиб киришимни ўйлаб, юрагим қинидан чиққудек ҳапқирарди. Ҳовлиққанимдан ундан чойнак сўрашни ҳам унутибман. Ошхонадан чиқиб, хона эшигини тақиллатдим.
— Киринг, — ичкаридан эркак кишининг овози эшитилди.

Эшикни очиб, аста мўраладим. Кроватда китоб ўқиб ётган эркакка кўзим тушиб, салом бердим.
— Ваалайкум, — деди эркак менга савол назари билан қараб.
— Чойнакка келувдим. Онангиз чой дамлаб беришимни айтувди, — дедим тутилиб.
— Эҳ, — у аянчли жилмайди ва ўрнидан туриб шкаф ичидаги чойнакни қўлимга тутқазди.
— Мен ҳозир чой олиб келаман, — деб ортимга ўгирилдим.

У қўлига китобини олиб, бошини қимирлатди. Даҳлизга чиқиб, терлаб кетганимни сездим. Чойнак тутган қўлим ҳам енгил титрарди. Мен аёлнинг ўғли ёшгина, келишган йигит бўлса керак деб ўйловдим. Бироқ кроватдаги ёши ўттизлардан ошган, ғамгин эркакни кўриб, тўғриси, ўшанда бир муддат хафсалам пир бўлди. Бироқ унинг нимасидир одамни эсанкиратиб қўяр, беш дақиқа ўтар-ўтмас уни қайта кўриш истаги юрагимни тўлдирганди. Қўшни хонадан чиққан аёлнинг нигоҳларидан қочиб, ошхонага кирдим. Чойни дамлаб, орқамга қайтдим.
— Мана чойингиз, иссиққина ичиб олинг, — дедим тумбочка устига чойнакни қўйиб.
— Ҳозирча шарт эмас эди, майли раҳмат, — деди у ҳорғин овозда.

Шу дамда унинг қаршисига ўтиргим, гаплашгим келарди. Бироқ у китобдан бошини кўтаролмаётганини кўриб, кетишга чоғландим.
— Энди чой олиб келишингиз шарт эмас, ўзим эплайман, — деди у эшик ёнига етганимда.
— Ҳм-мм... — дедим ҳафсалам пир бўлиб.

Эшикни ёпдим-у, юрагим ҳувиллаб қолгандек бўлди. Мендан камида ўн беш ёш катта эркакнинг нимаси ўзига тортаётганини тушунолмасдим. Юрагим аламга тўлганди. Хонага кириб, онамнинг қаршисига ўтирдим.
— Чой ичиб ол, мен ичдим, — деди онам юзимга термилиб.

Соат ўн бирдан ўтган бўлса ҳам ҳанузгача нонушта қилмагандим. Шкафдан нон, қанд-қурс олиб, дастурхонга қўйдим. Онамни ҳам ейишга ундадим.
— Иштаҳам йўқ, бир пас ётай, — деди онам мажолсизланиб.

Чойимни ичиб, яна бекорчига айландим. Анави кишидан китоб сўрамаганимга афсусландим. Шифтга термилиб хаёл суриб ётгандим, эшик очилиб, отам кириб келди. Унинг қўлида иссиқ овқат, нон борлигини кўриб, севиндим.

Овқатни музлаткичга олиб бориб қўйишимни айтиб, хонадан чиқдим. Шу пайт миямга овқатдан анави кишига ҳам берсам-чи, деган хаёл келди. Ҳозир айни мавриди эканлигини билиб, унинг эшигини тақиллатдим.
— Киринг.
— Сизга овқат олиб келгандим, уйдан олиб келишди, — дедим истиҳола билан.
— Йўқ, шарт эмас! — деди у қовоғини уюб.

Чорасиз ортимга ўгирилдим. Эшикка етганимда ундан сўрадим:
— Жуда зерикиб кетдим! Агар иложи бўлса, китоб бериб туринг, мен ҳам ўқий.
— Нечанчи синфда ўқийсан? — деди у юмшоқлик билан.
— Ўнинчи синфда.
— Китоб ўқишни ёқтирасанми? Қайси китобларни ўқигансан ўзи? — сўради у қизиқиш билан.

Орамиздаги тўсиқ қулаганидан севиниб, кроват чеккасига ўтирдим. Бадиий китобларни ўқиш жону дилим эканлигини, шу кунгача ўқиган китобларимнинг номларини айтдим.
— Уҳ-ҳу, яхшигина китобхон экансан-ку, — деди у жилмайиб.

Унинг мақтовидан яйраб кетдим. Ўрнимга яхшилаб жойлашиб олдим. Шу пайт унинг юзига қарадим-у, кўзидаги мунгни кўриб, юрагим увишиб кетди. Онасининг кўзидан ҳам ғамгин. Юрагимни ачиниш ҳисси тилди.
— Юрагингизнинг мазаси йўқ деб эшитувдим, шу билан ҳам китоб ўқияпсиз-а? — сўрадим ҳайратланиб.
— Китобдан бошқа дўстим, сирдошим йўқ-да.
— Онангиз-чи?..
— Онамнинг мендан бошқа яна қанча ташвиши бор. Кап-катта одамман, энди ҳамма нарсани ҳам онамга айтолмайман-да...

Унинг ёнида бир неча дақиқа қолган бўлсам-да, жуда узоқ вақт ўтиргандек бўлдим. Негадир яна ортимга қайтгим келарди. Лекин киришга уялим. Музлатгичга овқатни қолдириб, хонага кирдим. Отам кетиб, онамнинг ёлғиз ўзи қолган экан.
— Сен қиз, қаерларда юрибсан ўзи? — деди онам мендан ранжиб, — отанг кута-кута уйга кетди, — бугунча ёнимда қол, эртага отанг билан уйга қайтасан. Сен бу ерда бўлсанг, укаларингни аҳволи нима кечади?..

Онамнинг гапларидан юрагим ғашланди. Бу ердан сира кетгим келмаётганди.
— Сиз соғайсангиз, бирга кетамиз!
— Тунов куни қолишни истамаётгандинг-ку. Бекорчиликда ётиш ёқиб қолдими дейман, — деди онам кесатиб.

Онамнинг гапларидан ўзим ҳам ғалати бўлиб кетдим. Тунов куни касалхонада бир дақиқа ҳам қолишни, бугун эса кетишни истамаяпман. Гўё ўзгараётганимни онам сезиб, уришиб берадигандек шитоб билан даҳлизга чиқдим. Телевизорни ёқиб, хорижий филм кўра бошладим. Деворда осилган соат тушлик бўлганини кўрсатарди. Онамга овқатини иситиб бериб, яна ўша хонага йўл олдим.
— Сизга чой қилиб бергани келдим, — дедим эшикдан бошимни суқиб.

У мендек ўжар, қулоқсиз қизга гап уқтириш бефойдалигини англаб, хиёл кулимсиради. Шкафдан чойнакни олиб, зипиллаб чиқиб кетдим. Хонага қайтиб кирганимда у кроват чеккасида ўтирарди.
— Истасанг, бир пас ўтир, зерикдим, — деди у ўтинчли оҳангда.

Ичимда жон деб турган бўлсам-да, бироз ўйландим. Кейин фикридан қайтмасин деб кроват чеккасига ўтирдим.
— Шундай қилиб китоб ўқишни ёқтираман де. Мен сендек пайтимда китоб ўқишни унчалик хушламасдим. Чунки унда бемалол ўйнаб-кулишим, югуришим мумкин эди. Ташвишинг бўлмаса, кўнглинг тусаган ишни қилишинг мумкин.
— Энди-чи?.. — сўрадим ҳайрон боқиб.
— Энди касалхонанинг бир хонасида қамалиб ўтиришдан бошқа чорам йўқ. Ёлғизлигимни, зерикканимни ҳис қилмаслик учун китоб ўқийман.
— Лекин инсон аслида китобни маънавий дунёси бой бўлиши учун ўқиши керак , — дедим ўқитувчимдан эшитганларимни қайтариб.
— Сен маънавиятингни бойитиш учун ўқисанг арзийди. Келажакда нуфузли институтга кириб, олий маълумотли бўласан. Ўз касбингни фидойисига айланганингда бугунги ўқиганларинг асқотади.

Унинг гаплари борган сари хуш ёқарди. Гапиришдан тўхтамаслигини истардим.
— Энди бор, онангнинг чой ичгиси келгандир, — деди у ниҳоят.

Чорасизгина ўрнимдан қўзғалдим. Эшик ёнига етганимда ортимга ўгирилдим. Менга тикилиб турган нигоҳлардан бутун вужудимга титроқ кирди.
— Яна чиқсам майлими? — сўрадим беихтиёр.

У бошини қимирлатиб кулди. Мен бахтиёр эдим. Унга яқинлашаётганимдан, ўзимга суҳбатдош топганимдан севинчим ичимга сиғмасди.

Уч кун ўтди. Онамнинг аҳволи энди яхшиланиб қолди. Эрта-индин шифокорлар рухсат беришини айтишди. Зерикканимдан яна даҳлизга чиқдим. Ҳеч кимса йўқ. Оёқларим беихтиёр яна ўша хона томонга етаклади.
— Кирсам майлими? — сўрадим эшикни очиб.
— Кел, кўринмай қолганингга хавотирланаётгандим, — деди у тик турганча.

Унинг гапидан юрагим орзиқиб кетди.
— Онамнинг аҳволи яхши, бугун эрта кетсак керак, — дедим гапни нимадан бошлашни билолмай.
— Шундай де, — деди у тўсатдан маъюс тортиб, — кетаркансан-да.
— Касалхонада зерикиб кетдим. Қишлоғим яхши, барча одамлар таниш, қариндошлар. Зериксанг биронтасиникига борасан...
— Касалхонада вақт тўхтаб қолгандек бўлади. Бир кунинг бир асрга тенгдек. Қариндошларнинг олдида ўзингни кучли, ҳеч нарсага муҳтож эмасдек ҳис этасан. Бу ерда бўлса, чорасиз нотавонга айланасан. Балки атрофдагилар сенга касалманд, бечора деб қарашганидан, ачинишганидан бўлса керак. Чорасизлик иродани заифлаштиради.
— Ўзи нимага юрагингиз оғрийди? — сўрадим беихтиёр.

Унинг юзида аянчли кулги зоҳир бўлди. Уни бундай кулганини сира кўрмагандим.
— Бу гапларни сенга айтишим тўғрими-йўқми, билмадим. Лекин ҳеч ким билан сенчалик очилиб гаплашгандим. Аслида юрагим хаста бўлиб туғилганман. Мактабда ўқиб юрганимда ёшлик шижоати билан бу дардни ҳис қилмадим. Улғайганимда тез-тез касалхонага ётиб даволанишим кераклигини билдим. Одамларнинг юраги бир зайлда турса, меники кун сайин катталашаётганмиш. Бу аҳволда кўксимни ёриб чиқиб кетадими деган хавотирдаман. Болалагимда бошқалардан ажралиб туришни истардим. Афсус, бугун бошқаларга ўхшашни истайман!
— Йўғ-э, юрак ҳам ёриб чиқадими?

Саволим унга эриш туюлдими, ёки соддалигимданми мириқиб кулди.
— Болаларингиз борми? Улар сизни кўргани келишмади-ку?
— Э, ўзим бир юрак касал одам бўлсам. Яна бир қизни юрак касали қилмай деб, уйланмадим. Ахир мендек юраги катта, куни касалхонада ўтадиган одам билан яшаш осон эмас-да, тўғрими?
— Билмасам,— деб елкамни қисдим.
— Сен билан гаплашиш, қаршимда ўтиришинг менга ёқяпти. Қанийди, ўн йил кейин туғилганимда... Сени топиб, бир умр гаплашиб ўтиришга ҳам рози бўлардим. Сен билан суҳбатлашиб, умримнинг қадрига етдим. Қизиқ, одам нега яшашга тўймайди десам, топганларини йўқотишни истамас экан-да. Ахир топиш учун қийинчиликларни енгиш керак!..

Унинг гаплари қулоғимга хуш ёқарди-ю, юрагимда аллақандай ҳадик ғимирларди.
— Мен кетдим, — деб ўрнимдан турдим.
— Майли, бора қол, — деди у хўрсиниб ва эшик ёнига етганимда тўхтатди, — кетиб қолгудек бўлсанг, сени қайта кўролмаслигим мумкин. Яхшилаб ўқиб, институтга ўқишга кир. Сенинг дунёқарашинг кенг экан, интилишинг билан мақсадларингга, етасан! Ўшанда мени ҳам эслаб қўй. Орзуларингга етишингни, бахтли бўлишингни мен ҳам истаганимни унутма!
— Сиз? Сиз қаерда яшайсиз ўзи?.. — тилимга келган сўз шу бўлди.
— Менми? — деди у кулимсираб ва меҳрибонлик билан давом этди, — мени яшаш манзилимни барибир тополмайсан! Агар эсингга тушиб қолсам, суҳбатларимизни соғинсанг баҳорда гуллаган ўрик дарахтига қара. Мен ўрик гулини жуда яхши кўраман. Айниқса, пуштирангини. У менга орзуларга тўла ёшликни, тўкилиши эса унинг хазон бўлишини эслатади. Энг гуллаган, чиройли даврингда хазон бўлиш аянчли...

У гапини тугатиб, деразага қараб олди. Юрагимга аламли оғриқ қадалди. Ҳозироқ йиғлаб юборишимни ўйлаб, эшик тутқичига қўл чўздим.
— Ўрик гулини кўрсанг, мени эслаб тур!..

Унинг гапини охиригача эшитмай, ўзимни даҳлизга урдим. Шу пайтда тўйиб йиғлагим келарди.

Эртасига дўхтир онамга жавоб берди. Нарсаларимизни сумкага жойлаб, отамнинг келишини кутардик. Пайтдан фойдаланиб, ўша хонага отландим. Эшикни тақиллатдим, жавоб бўлмади. Юрагим нохуш дукурлаб, эшикни очдим. Хонада ҳеч ким йўқлигини, кроватдаги чойшаблар алмаштирилганини кўриб, юрагим увишиб кетди. Жон ҳолатда шкафни очдим. Бир-иккита елим бўш халтадан бўлак ҳеч вақо йўқ эди.
— Сиз бу хонада нима қиляпсиз? — сўради эшикдан кирган фаррош аёл.
— Бу хонадаги киши қани? У кишида бир нарсам қолиб кетганди...
— Кечаси бечоранинг юраги хуруж қилиб қолибди. Дўхтирларнинг ёрдами, дори-укол ҳам наф бермабди. Ёшгина эди, ҳали яшаса бўларди...

Аёлнинг гапларини тушунмадим. Кейин «Ўлди» деганини эшитдим-у, ташқарига отилдим. Бўғзимни аламли оғриқ куйдириб бораётгандек эди...

Ўшанга ҳам ўн беш йил бўлди. Мактабни тамомлаб, институтга ўқишга кирдим. Ота-онамнинг розилиги билан турмушга чиқдим. Тўкис бахтимдан мамнун аёлман. Бироқ ҳар йили баҳорда ўрик гулини кўрганимда юрагимни тушунуксиз ўйлар чулғаб олади. Қанийди, ўрикнинг гуллари сира тўкилмаса...