OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифҲусния Пардаева
Асар номиУмр адоғидаги ҳақиқат (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ҳусния Пардаева
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм30KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/07/10
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Умр адоғидаги ҳақиқат (ҳикоя)
Ҳусния Пардаева

Шуҳрат шифохонадан чиқди-ю, уйига сиғмай қолди. Йигирма икки йилдан бери яшаб юрган уйи кўзига каталакдек тор кўриниб, юрагини сиқарди. Кўнгли кенг ҳовли-жойни, поёнсиз далаларни қўмсайди. Бу уйда эса эртадан кечгача шифтга термилиб ётгани ётган. Шуҳрат дардга таслим бўлганини тан олган бўлишига қарамай, умидвор банда, отаётган ҳар бир тонгдан умр сўраб ўртанади.

Хаёлга берилиб кетган Шуҳрат эшик очилиб хотинининг кирганини пайқамай қолди. Ойдин уст-бошини алмаштирмасдан эрининг олдига келиб, кроватга чўккалади.
— Яхши ётибсизми? — дея ҳорғин овозда сўради Ойдин.

Ҳар куни ишдан қайтган хотинининг шу таҳлика ҳол-аҳвол сўраши Шуҳратнинг юрагини зирқиратади. Бу дардга чалиниб, кўрпа тўшак қилиб ётгани, рўзғорнинг барча оғирлигини хотинига ташлаб қўйгани учун ўзини айбдордек ҳис қилади. Хотинига жавоб қайтармоқчи бўлади-ю, бўғзига бир оғриқ тиқилиб, базўр ютинади.
— Бир қишлоққа бориб келсамми? — деди Шуҳрат паст овозда.
— Тинчликми? Ахир соғлигингиз... — деди Ойдин ғалати оҳангда.
— Соғлигим жойида... — дея чўрт кесди Шуҳрат, — уззу кун термилиб ётганим билан соғайиб қолармидим.

Эрининг зардасини кўриб, Ойдин бошқа гапирмади. Сумкасини елкасига илиб, нариги хонага ўтди. Назарида эри умрининг сўнгги кунларини қишлоқда ўтказишга қарор қилгандек туйилиб, кўнгли бузилди. Лабларини маҳкам қимтиб, унсиз йиғлади.

Шуҳрат ётиб қолганининг аламини хотинидан олгани учун ўзини ўзи ёмон кўриб кетди. Тортма устидаги газетани қўлига олди, ўқишга хафсаласи бўлмай, жойига қўйди. Орадан ярим соатча вақт ўтиб, Ойдин қайтиб чиқди. Кўзлари бироз қизарган, бироқ йиғлаганини сездирмоқчимасдек кулимсираб чиқиб келди.
— Мен... — дея тилига бошқа сўз келмай каловланди Шуҳрат.
— Қишлоққа жуда боргингиз келаётган бўлса, майли. Фақат кетишингиздан олдин дўхтир билан маслаҳатлашамиз, бўптими? Йўл енгиб қўймасин дейман-да...

Шуҳрат хотинининг гапларига эътироз билдирмади. Аёли тилла-да, шу аҳволидаям эриникини жуфт деб турибди. Қийинчиликлар жонидан ўтаётганини сездирмайди. Шуҳрат хотинининг бу каби фидойилигини кўргани сари баттар эзилади. У қишлоққа бориш фикридан воз кечмоқчи, шу билан хотинидан узр сўрамоқчи эди. Лекин юрагидаги бир овоз уни қишлоққа боришга ундаётгандек тинчлик бермасди.

Эртасига беморни текширувдан ўтказган шифокор бироз ўйланиб Шуҳратнинг узоқ йўлга чиқишига рухсат берди. Дўхтирнинг рад жавобидан умидвор бўлиб мўлтираган Ойдин, чорасизгина бош эгиб, эрининг ортидан эргашди.

Қишлоқдагилар Шуҳратни худди минг йил кутгандек қучоқ очиб қаршилашди. Опаси укаси уникида қўноқ бўлишини айтиб жавраса, акаси Шуҳрат билан хотини унинг уйи-да яшашларини айтиб, жомадонларни кўтаради.
— Акам билан янгам бизникида қолишсин, — деди кичик келини Зулайҳо ийманибгина.

Барча сўнгги ҳукмни эшитгандек бир муддат жимиб қолди. Шуҳрат авваллари қишлоққа келса, ота-онаси ўтган уйда туриб кетарди. Бироқ беш йил аввал укаси оламдан ўтиб, Шуҳратнинг ҳам, бошқа ака-опаларининг ҳам бу уйдан оёғи тийилди. Ота-она, ука бўлмаганидан кейин эшикдан киришга жигарларнинг юраги дов бермай қолди. Бироқ келиннинг бугунги гапи барчасини ўзгартириб юборди. Шуҳрат билан хотини беихтиёр укасининг дарвозаси томонга юришди. Укасининг ёлғиз қизи Шуҳратнинг олдига пешвоз чиққанида у ғалати бўлиб кетди. Укасини ерга қўйишган куни ушбу ҳовлидан чиқиб кетибди-ю, унинг жигарбандиини аҳволи билан сира қизиқмабди. Ҳар замонда эсига тушса, «Қишлоқчилик, жигарларим хабарлашиб тургандир» деб ўзини юпатарди. Бугун эса жиянини кўрди-ю, беш йиллик таскинидан хижолат тортди.

Шуҳрат билан бирга кирган ака-сингиллар кечгача қолиб кетишди. Уканинг хотини қозонда ош дамлаб, меҳмон қилди. Гарчи ота-оналари ёнларида бўлмаса-да, Шуҳрат ҳам, ака-опалари ҳам ўзларини бу ҳовлида бир пайтлардагидек ҳис қилишди.

Эртасига қуёш чиқиб, кун ёйилиб кетгандагина Шуҳрат уйғонди. Мириқиб ухлаганидан вужудида ҳеч бир оғриқни ҳис қилмас, руҳида қушдек бир енгиллик бор эди.
— Яхши ётиб турдингизми? Хавотирланиб, кўзимга уйқу келмади, — деди Ойдин эрига сочиқни узатаётиб.
— Нега хавотирланасан? Анчадан бери бунчалик мириқиб ухламовдим, — деди Шуҳрат кўтаринки кайфиятда.
— Ҳа энди... Узоқ йўлда келдингиз, уриниб қолмасмикинсиз деб...

Эрининг кайфияти яхшилигини, унинг гапларига бепарволигини кўриб, Ойдин бошқа гапирмади. Эру хотин сўпадаги дастурхонга ўтиришди. Келини эрталаб соғилган сутдан бир коса олиб келди. Шуҳрат сутни бир кўтаришдаёқ сипқорди, унинг таъми, иси онасини эслатиб юборди.
— Наргиза, ҳов Наргиза, — дея дарвозани очиб ичкарига кирган аёлга пешвоз чиқди келини.

Кампир ҳассасини дўқиллатиб юриб келди-да, Шуҳрат билан хотинининг юз-кўзидан ўпиб сўрашди.
— Шуҳратжоним келганини эшитиб, кечаси билан ухлаёлмадим. Эрталабки чойимниям ичмасдан «бир кўриб келмасам бўлмайди» деб йўлга чиқдим. Қаричилик-да, икки қадам йўл ҳам узоқ туюлади, — дея ҳансираб сўраша кетди кампир.

Кампир Шуҳратнинг холаси, онасининг ёлғизгина синглиси. Шуҳрат холасини охирги маротаба қачон кўрганини эслолмайди. Қишлоққа тўю таъзияга бирровга келиб кетади-ю, холасини йўқлаш хаёлигаям келмайди. Кексайиб қолганига қарамай, холасининг уни кўришга келиши Шуҳратга эриш туйилиб, хижолат тортди:
— Оввора бўлиб, йўлга чиқибсиз. Йўл чарчоғи чиққанидан кейин ўзим келинингиз билан олдингизга борардик, — деди ийманиб.
—Бу нима деганинг Шуҳратжон? — дея астойдил оғринди хола, — сен ишли одамсан. Биламан, шаҳарда ишларинг кўп, бирровга келиб-кетасан. Жигаримсан, бир кўриб қолмасам, юрагим сиқилиб юради. Сен баҳона бир юриб, оёқларимни чигилини ёзай дедим-да.
— Хола невараларни тўй қилдингизми? — сўради Шуҳрат.
— Шукр, невараларимни тўрттасини уйли-жойли қилдик. Иккита эвараям кўрдим. Насиб бўлса, тўйларига келасизлар. Опам раҳматли бўлганида сизларнинг болаларингизни кўриб, кўнгли тоғдек кўтариларди дейман-да. Шўрликка насиб қилмаган экан, — дея кўзига ёш олди кампир.

Уй эгаси чойни янгилаб келиб, кампирга бир пиёла узатди. Ойдин овсинининг орқасидан ошхона томонга ўтди.
— Хола, Худо билади, умримиздан яна қанча қолганикин? Бир йилдан бери бедаво дардни орттириб олганман, куним касалхонада, даволаниш билан ўтади. Бир қишлоғимни кўриб келсам, қариндош-уруғларни дийдорига тўйиб олсам деб...
— Ҳай-ҳай, Шуҳратжон, — дея жиянининг ўртаниб айтаётган гапларидан эсанкиради кампир, — бу гапларингни бошқа тилингга олма. Ҳали ёшсан, болаларингни уйлантирасан, қизларингни узатасан. Ҳали қиладиган ишларинг жуда кўп, билсанг.
— Лекин хола, —дея хўрсинди Шуҳрат.
— Шуҳратжон, эсингдами, — юзига кулги югуриб, гапни бошқа ёққа бурди кампир, — ўқишга кираман деб Тошкентга кетган пайтларинг. Эртага йўлга чиқаман деган кунинг онанг бир тандир патир қилувди. Мен гуппи пишиб, сариёғ қилувдим. Кийимларингни бир жомадонга, егуликларингни бир тўрвага солиб, отанг олиб кетувди. Эсингдами, кетаётганингда «Шуҳратжон, ўқишга кирсанг менга нима олиб келасан» деб тегишувдим. Сен ўйлаб ҳам ўтирмай «Ўқишга кирсам, сизга тилла исирға олиб бераман» девдинг. Мана йўлинг оқ бўлиб, ўқишгаям кирдинг, Тошкентларда яшаб қолиб кетдинг. Майли-да, қаерда бўлсанглар ҳам соғ-омон, тинч бўлсаларинг бўлди.
— Хола, ишлар билан бўлиб, ҳаммаси ёдимдан кўтарилибди. Сизга тилла исирға ваъда қилибман-у, лекин оберишга келганда...
— Қўйсангчи, Шуҳратжон, — деб хижолатли овозда жиянини юпатди кампир, — мен сендан сира домангир бўлмаганман. Буям бир гап йўғи-да, гап-да. Насиб этса, болаларингни тўйига борганимда тилласидан бўлмасаям, простойидан исирға оберарсан...

Кампир қишлоқдагилардан, ўтган-қайтганлардан гапириб, жиянини зериктирмади. Дастурхонга овқат ейилгандан кейин ҳассасини қўлига олиб кетишга чоғланди.
— Шунча йўл босиб келдингиз, овора бўлиб юрасизми, шу ерда ётиб қолинг, — деди келин .
— Йўқ, йўқ, қололмайман. Қаричилик, жон омонат, ўз уйимда бўлганим тузук.

Холасининг гапи Шуҳратнинг юрагига қадалди.
— Хола, бу гал келишимда тилла исирғани албатта, олиб келаман, — деди бўғзига оғриқ тиқилиб Шуҳрат.
— Э, болам, айтдим-ку, сендан сира умид қилмаганман деб. Исирға олиб бермасанг ҳам тани жонинг соғ бўлса бўлди, — дея ҳассасини қўлига олди кампир.

Холаси кетганидан кейин Шуҳрат дам олиш учун сўрига чўзилди. Шаҳарда яшаб, минглаб исирғаларнинг пулини топибди-ю, биргина зиракни холасига олиб келмагани, ваъдасини бажармагани учун ўзини айбдордек ҳис қилиб, уф тортди.
— Наргиза, Зулайҳо, — дея дарвозани тақиллатиб кирган аёлнинг овозидан кўзини очди Шуҳрат.

У ўрнидан қўзғалмасиданоқ ичкаридан чиққан келини аёлга пешвоз чиқди.
— Шаҳардан меҳмонлар келишибди деб эшитдим-у, югуриб келавердим, — деди аёл қўлидаги сумкани мезбонга тутқазаркан, — бу йилги ҳосилдан, картошка, шаҳарга олиб кетишар деб кўтариб келавердим.

Шуҳрат аёлни аввалига танимади. Ўзини Сирожиддин амакингизни хотини, Ёдгорани онасиман деб таништиргандан кейингина таниб, сўрашди.
— Сизни доим дуойи жонингиздамиз, илоё болаларингизни бахтига эру хотин бор бўлингизлар. Ёдгорам сиз туфайли Тошкентларда ўқиди, мана ҳозир мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Иккитагина боласи бор, уникигаям ўтсангизлар, бир хурсанд бўларди...

Аёлнинг гаплари Шуҳратнинг юрагига игнадек санчилиб, азоблай бошлаганди. Ичкаридан чиқиб келган Ойдин билан сўрашиб кетган аёлга Шуҳрат маъносиз тикилиб турар, ўзини тўрга тушиб қолган қушдек чорасиз ҳис қиларди.
— Йўқ демасангизлар, бугун кечқурун бизаникида меҳмон бўласизлар, — деди аёл ўрнидан қўзғалиб, — Ёдгораниям уйидагилар билан чақираман.
— Лекин биз... — деди Шуҳрат дудуқланиб.
— Акаси, йўқ демангизлар, шунча йилда бир келибсизлар, энди бизаям қарзимизни қайтарайлик деб...

Аёл Шуҳрат билан хотинининг йўқ деганигаям қарамасдан кечқурун уларни меҳмон қилишини айтиб кетди. Ойдин эрига ғалати тикилиб қолди. Шуҳрат кўзларини олиб қочди. Юраги сиқилиб, ўзини ичкарига урди. Назарида ҳовлида турса, унинг қилмишидан барча хабардор бўладигандек, ундан нафратланишадигандек туйилди. Ўзини чалғитишга қанчалик уринмасин кўз олдига ўша воқеалар гавдаланди.

Ўшанда Шуҳратнинг институтга ўқитувчи бўлиб ишга кирганига унчалик кўп бўлмовди. Эру хотин топганларини болаларига едиришиб, ижарада яшашарди. Бир куни эрталаб эшик қўнғироғи чалинди.
— Тонг отмасидан ким бўлди? — дея ажабланиб эшикни очган Шуҳрат остонадаги аёл ва қизни таниёлмади.
— Биз қишлоқдан келдик, Сирожиддин амакингизни оиласимиз, — деди аёл бемаҳалда безовта қилганидан хижолат тортиб.

Шуҳрат меҳмонларни ичкарига киритди. Дастурхонга чой қўйилди.
— Акаси, биласиз, амакингиз ўтганидан кейин шу қизни деб умрим ўтди. Отаси ўлганида икки ойлик чақалоқ эди, шукр, катта бўлди. Бу қиз энди шаҳарда ўқийман деб туриб олган. Шунга олдингизга олиб келавердим... — деди аёл жавдираб.

Ойдин бироз норозиланган бўлса-да, Шуҳрат Ёдгоранинг қолишига қаршилик қилмади. Онаси қишлоққа қайтиб кетганидан бир ҳафта ўтиб, Ёдгора институтга кириш имтиҳонларини топширди. Шуҳрат қариндошининг бевасини хафа қилмаслик учун қизини олиб қолган, унинг ўқишга кириш-кирмаслигига сира қизиқмасди. Имтиҳондан Ёдгора аъло баҳоларда ўтиб, институтга кирди.
— Мен ўқитувчиларга айтиб қўювдим, жиянимлигингни. Шунга яхши баҳолар қўйиб беришган, — деди Шуҳрат Ёдгоранинг кирганидан эсанкираб.

Қиз қариндошига миннатдорчилик билдирди. Эртасига қишлоқдан унинг онаси келди.
— Акаси, эшитдим, яхшилик қипсиз. Сизни ёрдамингиз билан қизим ўқишга кирди.
— Энди ўқитувчилардан илтимос қилдик-да... — дея тайсаллади Шуҳрат.
— Қизимни ўқишга киритаман деб битта сигирни асраб юрувдим. Тунов куни телефондан ўқишга кирганини эшитиб, ўшани сотдим. Мана пули, олинг. Кам-кўсти бўлса, ўша ўқитувчиларга айтинг, кейинроқ тўғрилаб бераман, майлими, акаси?!

Аёл қўлидаги қоғозга ўроғлиқ пул билан Шуҳратга шундай жавдираб тикилдики, у қандай қилиб уни олганини ва «майли, яхшилик қилсам, жиянимга қилдим-да» деб тўнғиллаганини билмай қолди.

Ёдгора билан онаси ўша куни қишлоққа қайтишди. Ўқиш бошланиб, институтга қайтган Ёдгора онаси берганини айтиб, Шуҳратга яна бир ўрам пул тутқазди.
— Онам бу пулни тоғамдан қарз олибди, даласида ишлаб узади. Кам бўлса, аканг айтсин, яна бериб юбораман деди.

Ёдгоранинг гапини эшитиб, Шуҳратнинг юрагини бир нур ёритиб юборгандек бўлди. Шу кунларда пулга эҳтиёжи бўлгани учун уни тезда олди-ю, қиздан узоқлашди.

Ёдгоранинг онаси йилда икки маротаба қизини кўриш учун шаҳарга борар, ҳар ташрифида сумкадаги егуликлардан Шуҳратнинг уйига ҳам ташлаб қайтарди. Аввалига қариндошининг бу илтифотларидан хижолат тортган Шуҳрат кейинчалик кўникди. Бироқ ҳеч қачон Ёдгорани ўз билими билан ўқишга кирганини айтолмади. Бугун қариндошининг бевасини кўрганида ўша аламли ўй юрагини қиймалаб юборгудек бўлди.

Кечқурунги меҳмондорчиликка Шуҳрат боришни истамади, Ойдин билан келини кетишди. Боргудек бўлса, Ёдгоранинг юзига қарашни, етим бўлишига қарамай, унга қилган ноҳақлигини ўйлаб, ич-этини ғужғон ўйлар кемирарди. Шуҳрат телевизорга тикилиб, хаёлга берилувди ҳамки дарвоза таққилаб, эркак кишининг овози эшитилди.
— Келаверинг, — дея овоз берди Шуҳрат ва ўрнидан туриб, дарвозага яқинлашди.
— Шуҳрат ака, яхшимисиз? — дея қучоқлашиб сўрашди эркак.

Шуҳрат қоронғида эркакнинг кимлигини таниёлмади. Олдинма кейин ичкарига киришгач, унинг бироз тўлишган юзи, кўзлари кимнидир эслатиб юборди.
— Ака, мен Одилман, қўшнингиз. Боя янгамларни кўрувдим, меҳмондорчиликка кетишаётган экан. Сизни ёлғиз қолдиришганини эшитиб, зерикиб қолманг деб чиқавердим.
— Яхши қилибсиз-да, — деди Шуҳрат олдидаги чойдан меҳмонга узатиб.

Чой ичиб, гаплашиб ўтиришди.
— Қишлоққа келмаганингизгаям анча йил бўлиб кетди-ёв. Ўша йили мени уйим ёниб кетганида келувдингиз чоғи, — деди эркак чойдан ҳўплаб.

Шуҳратнинг юраги шувиллаб кетди. Қаршисидаги эркакни таниган бўлсаям, у билан боғлиқ ниманидир эслаёлмай турганди. Ҳозир унинг гапидан ўзини йўқотиб қўяёзди.
— Эсимга тушди, сизни уйингиз... — дея тутилди Шуҳрат.
— Ҳа, ўша йили уйим ёниб кетувди. Бу ёқда фалокат босиб, оёғим синганди. Тўрт болам, хотиним билан уйсиз кўчада қолувдик. Хотинимга ота-онангникига кет, болаларни сарсон қилма десам, «шу аҳволингизда ташлаб кетаманми» деб унамайди. Сизни қишлоққа келганингизни эшитиб, севиниб кетганман. Шаҳарда яшайди, пули кўп, ёрдам беради деб ўйлаган бўлсам керак-да. Эсингизда бўлса, ўғлим орқали ҳовлимга чақиртириб, ёрдам сўраганман. Аксига олиб, сиздаям ўшанда пул йўқ экан. Ёз, кузда ҳовлидаги сўрида яшаганмиз. Хайрият, қишлоқдошлар, қириндош-уруғ бор, қишга етмай, бир хона бўлсаям, уй кўтариб беришди. Баҳорда оёғим соғайиб кетди, лойдан ғишт қўйиб, тўрт хонали уй солдим. Э, дунё қизиқ экан, бирда ундай, бирда бундай яшаб умринг ўтиб кетавераркан...

Шуҳрат эркакнинг гапларига жавоб қайтармади. Фақат бош ирғаб, маъқуллаб қўя қолди. Бироз ўтиб, Ойдин билан овсини кириб келишди. Қўшни кетишга чоғланиб, эртага уларни уйига меҳмон қилишини айтди.
— Майли, — деди Шуҳрат ичидан зил кетиб.

Ўрнига ётган Шуҳратнинг алламаҳалгача кўзига уйқу келмади. Ўшанда оғир аҳволда қолган қишлоқдошига пул йўқ деб, икки ҳафтадан кейин икки хонали уйини сотиб, тўрт хонали олгани эсига тушиб, юрагини сиқарди. Шу икки кун мобайнида қишлоқда у бутун умрини кўргандек бўлди. Бўйнидаги қарзлари, қилган олчоқликлари, номардликлари... Шуларни ўйларкан, Шуҳрат дард уни енгиб, умри поёнига етаётган бир пайтда энди хатоларини тўғрилашни, қишлоқдошларининг юзига пок виждон билан тик қарашни истарди.

Тонг отиши билан Шуҳрат шаҳарга қайтишини айтиб, йўлга отланди. Ойдин ҳам эридаги бу ўзгаришдан ҳайрон бўлиб, унга эргашди. Ака-опалари Шуҳратнинг кетганини пайқамай қолишди.
— Нега бунча тиқилинч қилдингиз? Қишлоқда бирон-ярим ой қоласизми деб ўйловдим, — деди Ойдин йўлда кетишаркан.
— Эртагаёқ дўхтирнинг олдига боришимиз керак, —деди Шуҳрат машина ойнасидан атрофга қараб.

Ойдин эрига хавотир билан тикилди. Унинг тўсатдан дўхтирнинг олдига боришини айтиши, соғлигининг ёмонлашганини билдиргандек аёлнинг юраги увишиб кетди. Хотининг хавотирли саволларига Шуҳрат жавоб бермай, кўзларини юмди. У бугун инсон умрининг мазмуни нима эканлигини англагандек бўлди.

Ойдин туни билан ухламай, эрига кўз-қулоқ бўлди. Шуҳрат ўзини хотиржам тутаётган, соғлигидан ишкоят қилмаётган бўлса-да, унинг кечаги гапларидан ташвишланиб, ухлашга юраги бўлмади.

Эрталаб шифокор хонасига кирган Шуҳрат уни сўроққа тута кетди:
— Дўхтир, тўғрисини айтинг, мен яна қанча яшайман? Ҳеч бўлмаса, бир йил яшашим мумкинми? Айтган дориларингизни ичаман, барчасига амал қиламан. Фақат яна яшашим керак. Ҳали қиладиган ишларим бор экан... — дея жавдиради Шуҳрат.

Шифокор ҳам, Ойдин ҳам унинг гапларини эшитиб, бир-бирларига маъноли қараб олишди. Шуҳрат эса қишлоқдошлари олдидаги қарзларини узиш, яна кўплаб одамларга яхшилик қилиш учун яшаши кераклигини ўйлаб, дўхтирга термиларди.