OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИ Чол Xуан
Асар номиМеҳр дарахти (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Корейс адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - И Чол Xуан
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Китоб дунёси» газетасидан олинди
ТаржимонМалоҳат Ғаффорова (Корейсчадан)
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Меҳр дарахти (ҳикоя)
И Чол Xуан

Че Ок коллежни тамомлагандан сўнг меҳрибонлик уйига ишга кирди. У ерда ота-онаси йўқ болалар умид билан яшашарди. Бир йил давомида улар билан яшаб, ота-она меҳрининг қанчалар керак эканлигини ҳис этди. Болаларга қайноқ меҳр улашмоқни истарди. Аммо Че Окнинг олдида тоғдек бир тўсиқ турарди. Уларга муҳаббат улашаман деб, кўнглини оғритиб қўйишдан қўрқарди. Баъзан бу ердан кетиб қолишни режалаштирар, аммо кўзлари мўлтираб қараб турган болаларни ташлаб кетишга виждони йўл қўймасди.

Сочини калта қилиб кесиб олган мудира болаларга жуда қаттиққўл эди. Че Ок эса бу қаттиққўлликни меҳр билан алмаштиришни ўйлаб юрарди. Бу қалби ўксик болаларга қатъий интизом эмас, қайноқ муҳаббат керак.

Кеч кунларнинг бири эди. Бир қария Ёнг Ҳенинг ёқасидан ушлаб ҳовлига судраб кириб келди. Қариянинг қўлида бир дона банан бор эди.
– Ҳой, болаларингизга нимани ўргатяпсизлар. Бу зумраша уйимиздан банан ўғирламоқчи бўлди, – қария ғазаб билан гапирди.

Ёнг Ҳе унинг қўлида нафаси бўғилиб турарди. Қариядан мудира кечирим сўрагач, у ҳовлидан жаврай-жаврай чиқиб кетди. Ёнг Ҳени мудира хонасига чақирди.
– Нега банан ўғирладинг? Гапир дедим сенга! Эндигина ўн ёшга кирдинг-ку, ўғирликни қаердан ўргандинг? Уялмайсанми? – мудира сўнгги гапини овозини пасайтириб гапирди.
– Жуда ҳам банан егим келганди, шунинг учун шундай қилгандим, – Ёнг Ҳе бошини эгиб жавоб берди.
– Қанчалик ейишни хоҳласанг ҳам бировнинг нарсасини ўғирламаслигинг керак. Ё биз сенга шуни ўргатяпмизми? – шундай дея мудира Ёнг Ҳени аёвсиз калтаклади.

Ёнг Ҳенинг бурни қонагани учун уст-боши қонга беланди. Оғриқдан ингранаётган болакайнинг аҳволи киши юрагини эзадиган даражада ачинарли эди. Шу куни кечқурун мудира бозорга бориб келди. Икки қўлида сумкани тўлдириб банан сотиб олиб келди. У ухлаб ётган болаларнинг бошига биттадан банан қўйиб чиқди. Мудира болалар ётоқхонасидан чиқиб кетар экан, кўзлари тўла ёш эди.

Меҳрибон куз қуёши ҳовлига заррин нурларини сочиб турарди. Бир гуруҳ ниначилар учиб юрарди. Болалар чуғурлашиб ташқарига чиққанида, мудира гулларга сув бераётган эди. Че Ок кирларни ювиб, дорга осаётганди, мудира уни чақириб қолди.
– Ким ўқитувчи, бу ёққа қаранг, иштаҳани очувчи помидорларнинг пишганини қаранг, – мудира унга сув бераётиб завқ билан гапирди.
– Нега сиз ҳар доим шу помидорга меҳр билан қарайсиз?
– Унчалик эмас. Баъзан эринчоқлигим тутиб, сув бера олмайман. Унга қарасам, болаларни ўйлайман. Помидор мевасининг банди худди онанинг қўлларига ўхшаб маҳкам ушлаб олгани мўъжизага ўхшайди, – мудира қип-қизил бўлиб пишган помидорларни ушлаб кўра бошлади. – Ким ўқитувчи, мен болаларга жуда қаттиққўлман-а? Баъзан қаҳру ғазабим ҳаддан ошиб кетади. Шу пайтгача уларнинг қалбига қулоқ солмабман. Уларнинг ота-онасини соғинганини, юрагидаги қайғу овозини эшитмабман.

Шу куни мудиранинг айтган гапи Че Окнинг қалбида чуқур из қолдирди. Кеч бўлиб қолганди, Че Ок болаларнинг кийимларини тахлаб бўлгач, мудиранинг хонасига борди. У бу ердан кетиш учун мудирадан рухсат сўрамоқчи эди. У гулзор олдидан ўтиб кетаётганда, мудиранинг очиқ деразасидан қаради. Ичкарида Ёнг Ҳе бошини эгиб ўтирарди. Че Ок дераза тагида туриб, Ёнг Ҳенинг чиқишини кутди. Очиқ турган деразадан ичкаридаги овоз аниқ-тиниқ эшитилиб турарди.
– Ёнг Ҳе, ол уялмай еявер. Бу бананларни сенга бериш учун атай сотиб олиб келдим.
– Ўзингиз нега емаяпсиз?
– Мен сен келишингдан олдин еб олгандим. Ўтган сафар сенга жуда азоб бердим, мени кечир.
– Айб менда. Сизни уялтириб қўйганим учун узр.
– Банан егинг келганда, нега менга айтмадинг?
– Ростини айцам, менинг егим келмаганди. Бир неча кун олдин Кёнг Су қаттиқ бетоб бўлиб қолди. Эндигина беш ёшга кирган Кёнг Су куни билан онасини сўраб иситма қилиб, алахсираб чиқди. Шу куни кечаси Кёнг Су банан егим келяпти, деганда нима қилишни билмай қолдим...
– Нега шуни айтмадинг? Мен билмай сени жазолабман.
– Ўғирлик қилиш ёмон иш эканлигини биламан. Бошқа бундай қилмайман.
– Сен ҳам онангни қўмсаб, юрагинг эзилаяпти, – мудиранинг сўзлари йиғи овози билан қоришиб кетди.

Че Ок қулоқларига ишонмасди. Турли ўйлар билан чалкашиб қолганда, Ёнг Ҳенинг гапи хаёлларини тумандек тарқатиб юборди.
– Сизни ойи, деб чақирсам майлими?
– Майли, мени ойи деяқол. Ойингни бағрига кел, Ёнг Ҳе.

Че Ок деразадан қараб турарди. Мудира Ёнг Ҳени маҳкам қучоқлаб олиб, тинимсиз йиғларди.
– Ойинг сендан узр сўрайди. Билмай қалбингга жароҳат етказиб қўйдим. Мени ойи деб аташингни бошқа болалар билиб қолса, улар нотўғри тушуниши мумкин. Уларнинг ҳам юраги оғрийди. Улар сенга ҳавас қилиб, ўзлари қийналишади.
– Мен ҳам буни тушунаман. Сиз ҳаммага оналик қилишингиз керак.
– Сен ҳам катта бола бўлиб қолдинг. Ўрта мактабда ўқисанг, укаларингга айцанг бўлади. Ўшанда укаларинг ҳам анча улғайиб қолган бўлади.

Че Ок оҳиста қадамлар билан гулзордан ўтиб кетди. Осмонда юлдузлар порлаб турарди. Унинг ҳам кўзларидан юлдузлар мисол ёшлар тўкила бошлади. У хонага кириб, болалар билан хайрлашиш учун ёзган хатини ёқиб юборди. Шу пайт болалар ётоқхонасидан ингроққа ўхшаш овоз эшитилди. Бу беш ёшар Кёнг Сунинг овози эди.
– Ойи... ойижон, – деб алахсирарди у.

Кёнг Су туш кўраётган эди. Че Ок Кёнг Сунинг олдига келди. Сўнг унинг юзига тикилди. Айни шу пайт бир томчи қайноқ кўз ёш Кёнг Сунинг ёстиғига томди. Че Ок ҳам мудира каби мана шу қалби ўксик болага оналик қилишни ўйлаётган эди.