OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИброҳим Муҳаммад
Асар номиЙиллар синови (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Иброҳим Муҳаммад
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм59KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/05
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Йиллар синови (ҳикоя)
Иброҳим Муҳаммад

«Мана бу мактубга диққат қилинг, азизлар. Унда ёзилишича, саксонинчи йилларда Тошкент тўқимачилик комбинатининг 2-фабрикаси, 2-йигирув тсехида йигирувчи бўлиб ишлаган Фарида исмли қизни анчадан бери бир дўстлари излаяпти экан. Афсуски, Фарида синглимизнинг суратлари юборилмабди. Ушбу мактуб муаллифи Фариданинг ўнг қўлининг билагида каттагина холи бор эди, деб ёзибдилар. Агар Фаридахон бизни кўриб, тинглаб турган бўлсалар ёки бу ҳақда бировдан эшитган булсалар, илтимос, бизга қўнғироқ қилишларини сўраймиз. »

«Меҳр кўзда»ни олиб борувчининг бу хабари мени жудаям ажаблантириб қўйди.

У киши айнан мен ҳақимда гапирган эдилар-да. Бундан 23 йил муққадам ўша жойда ишлаган ўнг билагида каттагина холи бор қиз – Фарида мен эдим-да, ахир!

Қизиқ: орадан шунча йиллар ўтиб кетиб, ким мени излаши мумкин экан-а, дея роса бошим қотди.

... Метронинг «Пахтакор» бекатидан чиқсам, телевидениенинг эшиги олдида бир даста қип-қизил гул тутганча кимнидир интизорлик ила кутиб турган йигитга кўзим тушиб, юрагим орқа тортиб кетаёзди. Уни дарҳол танидим. У бундан 23 йил бурунгидек ёш, навқирон эди! Кўзлари ўшандек маъюс! Менга кўзи тушган заҳоти ўйчан чеҳрасига табассум ёйилиб, олдинга уч-тўрт қадам ташлади ва шу асно бирдан унинг афти-ангори ўзгарди: юзларида сўлғинлик, пешонасида тарам-тарам ажинлар пайдо бўлиб, сочларига ҳам қуюқ оқ оралаб, бирпасда ўрта ёш одамга айланди-қўйди...

Бу ғалати тушдан энтиккан кўйи уйғониб кетиб, шунча йиллардан кейин ким мени излаётганини тушуниб етдим. Шундан сўнг уйқум қочди. Узун тун у сира хаёлимдан кетмай, ёшлигимни, биринчи учрашувимни эслай кетдим.

Ўша куни тушликка сал кечроқ чиққандим. Мен борганимда, иккинчи қаватдаги ошхонамизда одам сийраклашиб қолган экан. Патнисни олиб, овқат танлагани ўтсам, бир йигит ҳеч нарса олмай, егуликларга термилганча қайсинисини олсам экан-а, дея ўйланиб турибди экан. Силжирмикин деб бироз қараб турсам, ўрнидан ҳеч қўзғалгуси йўқ. Тоқатим тоқ бўлиб:» Қараб ўтирасизми энди, ё овқат олиб сурилинг, ё мени ўтказиб юборинг», — дедим унга. Гапимдан у дарҳол хаёлини йиғиб олди-да, ялт этиб қараб, гўё қаердадир бир кўрган одамини қайта учратгандек бир зум кўзларимдан кўзларини ололмай термилиб қолди. Юзига кечирасиз деган ифода қалқиб, сурилиб менга йўл берар экан, бу қизни қайда кўрганман дегандай қуюқ қошларини чимирганча ўйланармиди-эй.

У залнинг ўнг тарафидаги столга жойлашиб, то овқатланиб бўлгунимча мендан кўзини узмай ўтирди. Оралиқ бор-йўғи тўққиз-ўн қадамлар келарди, халос. Бепарво, хотиржам овқатланишга ҳаракат қилсам-да, лекин негадир ўзим ҳам билмайман: қандайдир куч таъсиридами, ҳар замонда унга қараб-қараб қўяр эдим. Нима учун қараганимга ҳеч тушунолмасдим.

Тушдан кейин ўша йигитнинг фабрикамизда айланиб юрганини кўриб қолдим. Мени излаб келганини кўнглим сезиб, ўзимни панага олиб, ишга шўнғидим. Бир пайт орқа тарафдаги станокларни текширгани ўтгандим, унинг тўппа-тўғри менга қараб келаётганига кўзим тушди. Бепарволик билан узилган ипларни станокдаги ғалтакка улай кетдим. У шундоққина яқинимга келиб салом берди-да:

«Кечирасиз, сиз бухоролик эмасмисиз?» — деб сўради нимагадир. Комбинатда бухоролик қизлар ҳам ишлашарди. Эҳтимол, у ўша қизларнинг бирига мени ўхшатгандир деб ўйладим ўзимча. Мен йўқ дегандай секин бош қимирлатиб қўйганимдан кейин у бошқа гап тополмагандек: «Нечанчи йилда туғилгансиз?» — деб сўраб қолди. Мен шу ҳам савол бўлдими дегандай кулимсираб: «Нечанчи йилда туғилганга ўхшайман?» — деб саволига савол билан жавоб бердим. У гап қўшганимдан мамнун бўлгандек хушнуд жилмайиб қўйди.

Ўша пайтларда ўнг билагимга сариқ - қизил аралаш майда мунчоқ тақиб юрар эдим. Бир маҳал у шу чиройли мунчоққа ишора қилиб: «Мундай мунчоқ таққанлар қадимда бахтсиз бўлишар экан!» — деб юборди жиддийлик билан. Ростданми дегандай чимирилиб қарадим кўзларига. У қарашимга эътибор қилмагандек: «Билагингиздаги нима? Холми?» — деб сўради дабдурустдан. Бирдан жаҳлим чиқди. Кўзи кўрми, нима бало? Хол эканлигини кўриб турибди-ку, ахир! Кейинги пайт¬ларда ким кўрса шуни сўрайвериб, жонимга тегадиган бўлиб қолганди. Ким шуни сўраса, шу хол билан қизиқса, гуё айбимни излаётгандек, дарров таъбим тирриқ тортиб, феълим айниб, у билан гаплашмай қўяр эдим. Комбинатда қизларнинг иш кийими кўкимтир енгсиз кўйлак бўлгани учун билагимдаги ўша хол тез кўзга ташланар эди. Ҳар нарсага бундай қизиқувчан йигитча дарров кўнглимга урди-қўйди. Бирпасдан кейин у танишиш илинжида: «Исмингиз нима?» — деганди, саволига жавоб бермай қовоғимни уйганча тумтайиб: » Кетинг ёнимдан, ишлашга халақит беряпсиз,» — деб бу ердан қувмоқчи бўлдим. Қани энди кетса?! Менга бошдан-оёқ термилганча жойидан ярим қадам ҳам силжимас эди. Атрофимда ишлаётган қизлар менга ғалати-ғалати қараб, истеҳзоли илжайиб кетишар, бу эса асабимга тегар, баттар жаҳлимни чиқарарди. Бир пайт бригадиримиз Соня опа шу ерга келиб қолганди, унга мана бу бола ишлашга қўймаяпти дедим секингина. Соня опа унинг ёнига бориб, ишдан кейин гаплашасан дегандай гап қотди шекилли, у бош силкиб, индамай изига қайтди.

Ўша куни мендан кейин ўрнимда 2- сменада ишлайдиган Тамара деган қиз мазаси қочиб, ишга келолмабди. Цех бошлиғимиз Васила опа:»Бугун 2- сменада ҳам ишлаб бер, қизим. Эртага Тамаранинг ўрнига бошқасини қўямиз,» — деб илтимос қилганлари учун қаттиқ чарчаган бўлсам ҳам ноилож ишга қолишга рози бўлдим.

Кечаси ўн иккида ишдан чиқиб, ётоқхонага келсам, 1-сменада тсехимизда ишлайдиган Зуҳра илжайиб туриб:» Ҳалиги кундузи ёнингизга келган йигит бор-у, ўша соат тўртдан кейин комбинат дарвозаси олдида сизни интизор бўлиб кутиб турган экан. Ёнидан ўтиб кетаётгандим: «Ҳамроҳингиз қачон чиқадилар?» — деб сўраб қолди. «Дарров жигарларидан урибсиз-да, а?» — деса бўладими! Толиқиб келганим дарҳол эсимдан чиқиб кетиб, юрагим ўз-ўзидан ғалати уриб кетди шунда!

Ювинаётганимда, кундузи унинг мунчоқ бахтсизлик келтиради деган гапи бирдан эсимга тушиб, мунчоқни билагимдан ечиб олиб, ўнг қўлимнинг жимжилоғи ёнидаги бармоғимга икки айлантириб, узукдек килиб тақиб олдим.

Eрталаб соат ўнларда у яна тсехимизда пайдо бўлди. Келиши хаёлимда ҳам йўқ эди, тўғриси. Станокларнинг шақиллаган товушидан қулоқларим том битиб, пахтанинг чангига беланиб, терлаб-пишиб, ғалтакдан узилган ипларни улаётганимда, йигирма қадамлар беридан бироз кузатиб турди-да, кейин секин ёнимга келди. Шу пайт бўш ғалтаклардан бири ипни ўрамай, узиб ташлайверди. Ўрнига бошқа янги ғалтак қўйиш зарур эди. Станок қаттиқ қисиб қолганиданми, ғалтакни шунча тортсам ҳам жойидан қузғатолмадим. У, қани, мен ҳам бир уриниб кўрай-чи дегандай жилмайиб ғалтакка қўл узатди. Қурғур жуда қаттиқ қотган эканми, бир тортишда суғурилмади. Иккинчи марта куч билан силтаб тортганди, ғалтак «шақ» этиб станокдан чиқиб кетди. Мушкулимни осон қилгани-чун раҳмат ҳам демабман унга. Шундан кейин у: «Келинг танишайлик, менинг исмим – Илёс, сизники-чи?» — деди илинж билан. Мени нима жин урди ўшанда, билмайман, балким озгина таккаббурлик қилгандирман, ҳудди ундан аразлагандай исмимни айтмай, кечагидек қовоғимни солганча нари кетиб қолдим.

Илёс... Чиройли исми бор экан унинг.

Гап қўшмаганим учун ҳафсаласи пир бўлди шекилли, Илёс бошини эгганча кетиб қолди.

Шу куни тушлик маҳали, ошхонада мени ўзи билан ишлайдиган уч-тўртта оғайнисига четдан кўрсатиб, жилмайиб қўйди. Яхши кўриб юрган қизим ҳув анави деб мақтанган бўлса керак-да, ўша йигитлар «О, зўр-ку!» дегандай менга бошқача-бошқача қараб қўйишди. Бу нарса қаттиқ асабимга тегиб, аччиғимни чиқариб юборди. Баттар қовоғимни солиб, уларга қарамасликка тиришиб, тез-тез овқатланиб, ошхонадан чиқиб кетдим.

Илёс эртаси куни ёнимга келиб:»Салом, Фарида, яхшимисиз?!» — деди кўзлари чақнаганча. Демак, у исмимни мен билан бирга ишлайдиган қизлардан сўраб билибди-да!

Ошхонада қилган кечаги қилиғи учун унга бир оғиз ҳам гап қўшмай, тумтайиб олдим. Бир хилларга ўхшаб, гапга чечан, киришимли йигит бўлмагани-чун, қани бу қиз бирон нима дермикин дегандай атрофимда ўралашиб, менга тикилгани-тикилган эди. Бу ҳам етмагандек индамасхўжа ҳар куни ишдан сўнг мени комбинат дарвозаси ёнида кутиб турар, бошқа иши йўқдай, ётоғимгача ортимдан соядек эргашиб, кузатиб қўяр эди. Бу ҳол уч-тўрт такрорлангандан сўнг ётоқхонадаги қизлар уни кўрсатишиб, ана ошиқу беқароринг келяпти деб пичинг қилиб куладиган бўлиб қолишди. Буниси энди жуда ҳам ошиб тушганди.

Илёс эрталаб ишга боргунимча ва кечда ишдан қайтишимда йўлимни пойлаб турар, менга бир оғиз гапиришга журъат эта олмас, боя айтганимдек индамай ортимдан шунчаки келиб кетарди. Ишда ҳам шунақа: тушга яқин ё тушдан кейин кутилмаганда қаршимда пайдо бўлиб қолар, нари борса ўн дақиқа менга интизорлик билан тикилиб-тикилиб кетарди. У келганда кайфиятим яхши бўлса-да, ўзимни хафа бўлганга солиб, тумтайиб олардим. Бечора, мен билан икки оғизгина гаплашармикин деган илинжда ғамгин нигоҳ ташлаганча гап қўшишимни сабр-тоқат билан кутар эди.

Илёсни ҳуснимга маҳлиё бўлиб, бошимни айлантирмоқчи бўлаётган хира пашшалардан бири деб ҳисоблардим. Энди уни кўрганимда, юрагим»жиз» этмас, нуқул хунобим ошиб, жаҳлим чиқаверарди. Ўшанда у ҳақда унча ўйламасам-да, Илёс икки-уч марталаб тушларимга кириб чиққанди. Тушларим ҳам ғалати-ғалати эди-да ўзи... Тушларимда у менга эмас, мен унга ошиқ-у беқарор бўлиб юрардим. У эса менга қандайдир бепарвороқ бўлармиди-эй... Ҳушимда эса тамоман тескариси...

Бир куни у жудаям жонимга тегиб кетди. Ҳозир бутун умр эсидан чиқмайдиган қилиб бир боплаб тузлайман, кейин умуман қорасини кўрсатмай кетади деб дилимга тугиб қўйдим.

Ёнимга келган ҳамоно етти ухлаб тушига кирмаган ҳақоратли гапни айтиб юбордим:
— Нима мунча шилқимлик қиласан? Ҳиқилдоғимга келдинг-ку, ахир! Қисиб юрасанми, йўқми?!

Одамнинг нафсониятига тегадиган бундай бемаза ҳақоратни мендан сира кутмагани учунми, Илёс ҳеч нарсани идрок қилолмагандек, қулоқларига ишон¬ма¬гандай бир муддат анграйиб қотиб қолди. Ҳалиги номаъқул гапим учун у мени қаттиқ сўкиб юборади деб ўйлагандим. Аммо у бундай одобсизлик қилмади. Секин ютиниб олди-да, овози ғалати титраганча:»Биласизми, сизни жудаям қаттиқ яхши кўриб қолганман! Сизни бир кун кўрмасам, чидолмайман!»—деди бирдан. Ўша кезда унинг юракдан чиқариб айтган содда ва самимий гапларидан бирдан ғалати бўлиб кетиб, негадир бутун вужудим гўё чумоли юргандек жимирлаб кетди!

Баногоҳ ҳаё босгани учун кўзларига қаролмай, нигоҳимни ундан олиб қочдим. Ҳозиргина сокин тепиб турган юрагим негадир ўз-ўзидан дукиллаганча қаттиқ ура кетганди! Тилим калимага айланмай, нима деяримни билмай, ҳалиги гапларим учун уялганимдан нарироқ кетиб, ўзимни иш билан чалғитмоққа қанчалик уринмай, ички ҳаяжоним сира босилмас, унинг дил изҳори қулоқларим остида қайта-қайта такрорланаверар эди. Илёснинг мен билан бундай муомала қилиши етти ухлаб тушимга кирмагани боис ва энг ёмони – ўйламай-нетмай уни ҳақорат қилиб, дилини оғритиб қўйганимдан қаттиқ хижолат бўлиб, унга қайрилиб қарашга юзим чидамасди.

Бир маҳал Илёс ортимдан келиб, икки билагимдан секин, озорсиз ушлади-да, шундоққина қизиб турган қулоқларим остидан эҳтиросли овозда: «Биласизми, сиз мен учун дунёдаги энг-энг яхши қизсиз, Фарида! Сизни ўша куни ошхонада учратганимдан ҳаловатимни йўқотганман. Ўшандан бери сизга қаттиқ боғланиб қолдим. Кўзимга сиздан бошқа нарса кўринмай қолди. Орқангиздан соядек эргашавериб, қизларнинг орасида сизни гап-сўзга қўйиб, кўнглингизга тегадиган ножўя иш қилган бўлсам, минг бор узр сўрайман!» — деди.

Бу гаплардан сўнг беш баттар ғалати бўлиб, ерга қараб қолдим. Ўшал дамда Илёснинг иссиқ кафтлари нафақат билакларимни, балки бутун вужудимни қиздириб юборгандек бўлди.

Ўйламай-нетмай, айтиб юборган гапларимни кўнглига қаттиқ олдими, ишдан сўнг Илёс мени комбинат дарвозаси олдида ҳар кунгидек кутиб олмади.

Шу кеч уйқуга ётгунимча у сира хаёлимдан кетмади.

Бу етмагандек, шу кеча ғалатироқ туш кўриб чиқдим. Ажаб! Тушимда икковмизнинг тўйимиз бўлаётганмиш! Мен уни қаттиқ севиб қолиб, унга турмушга чиқаётганимдан ўзимда йўқ шод эмишман. Бўйниларидан маҳкам қучиб, бахтимдан айланай дея унинг юз-кўзларидан чўлп-чўлп ўпар эмишман...

Уйғонгач, бошқача бўлиб кетиб:»Наҳотки уни яхши кўриб қолсам-а?» — деган ўй миямда айланавериб, ҳаловатимни ўғирлади-қўйди.

Eртасига тушгача у мени йўқлаб келмади. Узоқдан қайси йигитнинг қораси кўринса, Илёс келяптимикин деб хаёл қилиб, ўз-ўзимдан ҳаяжонланиб, унинг тезроқ ёнимга келишини қўмсаб, кўнглим орзиқиб кетаверди. Тушлик маҳали ошхонада учратаман балки деб ўйлагандим. Аммо у ерда ҳам Илёснинг қораси кўринмади.

Шу кундан кейин у гўё мендан аразлагандек ёнимга келмайдиган, ишдан сўнг ортимдан кузатиб қўймайдиган бўлди. Ҳар-ҳар замонда комбинат ичида ноҳосдан тўқнаш келиб қолсак, у бошини эгиб ёнимдан индамай ўтиб кетарди. Нигоҳлари орзу, умидлари бир зумда чилпарчин бўлиб, тушкунликка тушган кишиникидек ғамгин эди. Бунга бузилган дастгоҳларни тезроқ тузатиб берадиган Тоҳиржон деган слесар йигит билан бўлган муносабатларим сабаб бўлган эди. Тоҳиржон яқинда ишга келган бўлиб, гап-сўзга чечан, қувноқ экан. У ҳар куни дастгоҳларимни бир кўздан кечириб чиқарди-да, чиройли жилмайганча ҳазил оҳангида:»Чиройли қиз, гўзал қиз, қалай, станоклар безовта қилмаяптими? Агар безовта қилаётган бўлишса, айтинг, дарров қулоқларини бураб қўяман», — деб икки оғизгина гаплашиб кетарди.

Илёсни хафа қилган кунимнинг эртаси бирданига иккита станогим бузилиб қолди. Тоҳиржон уларни тузатаман деб ярим соатлар жони ҳалак бўлди. Тузатиб бўлгач, станокларнинг қандай ишлашини кузатганча мен билан уёқдан- буёқдан суҳбатлашиб турарди. Худди шу маҳал Илёс мени кўргани келиб қолди. Унинг келганини кўрса-да, кўрмаганга олгандай, Тоҳиржонни гўё ёқтиргандай у билан кулишиб гаплашавердим. Шу тобда бироз қайсарлигим тутганди. Қани, у нима қилар экан? Мени ундан рашк қиларми-кин?Тоҳиржон деган яхши кўрган йигити бор экан деб ўйлармикин? Шундан кейин ҳам орқамдан юрармикин? Ё кузатиб қўйишларини бас қилармикин? — деб ўйладим. Шундан кейин бир хафтача гўё Илёснинг севгиси-ю, сабр-бардошини синамоқчидай у фабрикамизда кўринган заҳоти беш-ўн дақиқа Тоҳиржон билан бирга бўлишга ҳаракат қилар эдим. Илёс яқин келганида, унга жиддий бир кўз ташлаб олардим-да, кейин Тоҳиржон билан гўё синаштадек дилдан чақчақлашиб гаплашаверардим. Энди Илёс мени аввалгидек кўп кузатиб ўтирмас, Тоҳиржон билан бирга кўрган заҳоти тезда изига бурилиб кетаверар эди. Бу йигитнинг ичи кенглиги ва мўмин-қобиллигига ҳайрон қолардим. Наҳотки, озгина рашки бўлмаса? Бу бола ким ўзи? Нега у билан мунча апоқ-чапоқсан, демаса-я?!

Бир куни дугоналарим билан тоза ҳаводан нафас олгани ташқарига чиқдик. Сал нарироқда, чинор остидаги ўриндиқда Илёс билан Тоҳиржоннинг жиддий гаплашиб ўтирганларини кўриб, ҳозир мени деб тортишиб, жанжаллашиб, муштлашиб қолишмаса гўрга эди деб юрагим «шув» этиб кетди. Икковлари ҳам бамаъни, босиқ йигитлар бўлганлари-чун, хайрият, иш муштлашувгача бормади. Илёс нималардир деб таъкидлаганди, Тоҳиржон хўп-хўп дегандай бош ирғаб маъқуллади. Цехга киргач, Тоҳиржондан анави йигит сизга нима деди деб сўрадим. Тоҳиржон бош чайқаганча жиддийлик билан: «Фаридахон, сизни жонидан ортиқ яхши кўрадиган йигитингиз борлигини бир оғиз айтмабсиз-а?! Одамни ёмон хижолат қилдингиз-да! Бунинг устига Илёсбек билан ҳамюрт чиқиб қолдик. Унга нима деяримни билмай қолдим, рости. Фаридага ошиқ бўлганим йўқ, бошини айлантириб юрганим ҳам йўқ дедим. Биз шунчаки иш юзасидан гаплашамиз. Муносабатларимиз самимий, орамизда бошқа ҳеч қандай гап бўлгани йўқ дедим. Илёсбек сизни жудаям қаттиқ яхши кўрар экан! Нега мендан кўзларингизни олиб қочиб ерга қараяпсиз? Демак, мундан чиқди, Илёсбекда кўнглингиз бор экан-да?! Севиш ва севилиш катта бахт деб ҳисоблайман. Аммо бу бахтни тезда йўқотиб қўйиш ҳам мумкин одам. Севсангиз, юртдошимни кўп қийнайверманг-э! Кўнгли қолмасин-э, бечоранинг. Кейин афсус қилиб, ўзингиз қийналиб юрасиз «. Тоҳиржонга нима деяримни билмай, вужудим ловуллаганча дамимни ичимга ютдим. Шундан кейин у ҳам мен билан фақат иш юзасидан гаплашадиган бўлди. Аввалгидек ҳазил-ҳузил қилишларини йиғиштирди.

Мана шу гаплардан кейин Илёс ёнимга сира келмай қўйди. У суймаганга суйканма деганларига амал қилиб юрибдимикин? Қандай хаёлларга боряпман ўзи? Бундай бўлмаса керак. Негаки, ҳали орамизда унчалик жиддий гап-сўзлар бўлмаган, у мендан ҳеч қанақанги рад жавоби олгани йўқ-ку, ахир!

Келмаса келмас, нима, мен унга зормидим. Ундан бошқа ташвишим йўқми энди?!

Фақат бир нарса, негадир ўша маҳаллар ўзим ҳам бунга сира тушунолмасдим, ҳар-ҳар замонда уни жуда ҳам кўргим келиб кетаверарди. Аввалгидек жимгина ёнимга келиб, сўзсиз термилиб туришларини, ортимдан соядек эргашиб юришларини жуда-жуда истар эдим.

Кўклам кунларининг бирида — ўша куни маош олган эдик — ишдан чиқибоқ бир-иккита қизлар янги кўйлак харид қилгани Чилонзор савдо марказига бордик. Икки соатлардан кейин қайтиб, ётоқхона ҳовлисига кираётсак, дарвоза томонга келаётган башанг кийинган ўн чоғли кишиларнинг орасидан Илёсга кўзим тушиб юрагим шув этиб кетди. Илёс ўшандоғ ғамгин нигоҳ билан секин қаради-да, жимгина ёнимдан ўтиб кетди. «Наҳотки у мени излаб шу ергача келган бўлса-я?!» деган ўй ўтди бирдан хаёлимдан. Йўғ-э, унчалик бўлмаса керак, агар излаб келганида бир оғиз гапирмай ўтиб кетармиди? Бошқа бир иш билан келган бўлса керак.

Eртасига бироз бўлса-да гаплашиш истагида уни роса кутдим. Аммо у мени кўргани келмади. Индинига ҳам ундан сира дарак бўлмади. Тўқув тсехида ишлайдиган, уни танийдиган қизлардан суриштиргандим, Илёснинг меҳнат таътилига чиқиб, юртига кетганини айтишди. У шу кетишда кузнинг бошларида комбинатда пайдо бўлди.
— Салом, Фаридам! — деган жудаям таниш овоз келди бир маҳал ортимдан.

Ялт этиб қарадим-у, юрагим қинидан чиқиб кетаёзди. Соғинганим қандайдир ғамгин нигоҳ билан термилиб турар эди!
— Фарида, — деди у ютиниб олгач, вазмин овозда. —Сизга бу гапни айтиш менга жудаям қийин. Шундай бўлса-да, айтишга мажбурман. Мен яқинда ота-онамнинг қистовлари билан уйланмоқчиман.

Нима деяримни билмай, анграйиб қолдим.
— Сиз мени яхши кўрмаганингиздан кейин нима қилай, шундай қилишга мажбурман, — дея хўрсинди у.
— Вой қандай яхши, бахтли бўлинг илойим! — деёлдим ичимдан зил кетсам-да жилмайишга уриниб.
— Йўқ! — дея қатъий бош чайқади Илёс. — Сизнинг муҳаббатингизни қозонсам ва орзу қилганимдек ёзувчи бўлолсам, ўшанда бахтли бўламан деб ўйлаган эдим. Минг афсуским, сизга етишолмадим. Бунга сиз айбдор эмассиз, йўқ! Тан олишим керак: ўзимнинг бўшанглигим ва қатъиятсизлигим ҳам сабабчидир. Энди бу гапларни айтиб ўтиришнинг фойдаси ҳам, қизиғи ҳам йўқ.Биласизми, одам уйлангани билан бахтли бўлолмайди. Гап уйланишда эмас, гап кимга уйланишда, буни унутманг!

Илёс бошқа гапим йўқ дегандай секин бурилди-да, ёнимдан узоқлашди.

У кетгач, сўнгги илинжлари ҳам чиппакка чиққан кишидек юрагим ҳувиллаб қолди. Нега бундай бўлди ўзи? Ҳеч ақлим етмайди. Унга юрагимдан жой беришга улгурганмидим?

Йўқ, унчалик эмас-ку, ахир! Ҳали орамизда бундайроқ жиддий гаплар ҳам бўлмаганди-да.

У шунчаки эрмак учун икки-уч ой орқамдан юрган экан-да бўлмаса, деган хаёлга ҳам бордим. Агар у мени қаттиқ севса, дарров бошқасига уйланиб кетармиди? Демак, Илёс менинг ҳуснимга сал-пал ошиқ бўлган экан-да, деган хулосаларга бордим ва у ҳақда энди кўп ўйламасликка қарор қилдим. Аммо баъзи-баъзида севгиси топталган қиздек хўрлигим келиб, маъюс тортиб қолардим. Уни кўргим, у билан гаплашигим келаверарди.

Шундай қилиб, орадан бир йил ўтгач, июннинг ўрталарида сира кутилмаганда тасодифан у билан учрашиб қолдим. Ўша куни бир дугонам билан» Чилонзор савдо маркази»га нимадир харид қилгани боргандик. Иккинчи қаватдаги аёллар поябзали бўлимига ўтаётганимизда Илёс лоп этиб қаршимиздан чиқиб қолса бўладими?! У ҳам бундай бўлишини кутмаган шекилли, бир дам иккимиз ҳам бир-биримизга термилганча жойимизда қотдик-қолдик. Юрагим шу қадар шиддатли уриб кетдики... асти қўяверасиз энди!

Мендан сал илгарилаб кетган дугонам чақирмаганида, билмадим, Илёсга яна қанча тикилиб тураверардим.

Илёс бир оғиз сўз қотмади. Худди ҳув бир йил илгаригидек беш-олти қадам наридан то биз «Савдо маркази»ни айланиб чиққунимизча ортимиздан индамай эргашиб келаверди. Харидимиз битгач, ташқарига чиқиб, бекат томон юрдик. Шу ердан 34-автобусга чиқиб, ётоқхонага қайтишни мулжаллаб турардик. Илёс беш-олти қадам наридан ортимдан тикилиб турарди. Бурилиб қарагим келар эди-ю, шу тобда унга нималар дейишни билмас эдим. Ўн дақиқалар ўтиб, бекатга автобус келиб тўхтади. Илёс ортимиздан чиқиб, орқа томонга ўтиб олди.

Дугонам йўлма-йўл чакаги тинмай борар, аммо унинг гаплари сира қулоғимга кирмас, хаёлим Илёсда эди. У ҳақида ўйлар эдим. Ахир у бир йил бурун уйландим деганди-ку?! Қани нима деркин? Ўшанда менга ёлғон гапирдимикин? Ундай бўлса, нега ўзини кейинги пайтлар мендан олиб қочиб юрди?

Комбинат бекатида автобусдан тушганимиз ҳамоно дугонамни қизлардан бири чақириб қолди. Бундан фойдаланган Илёс ёнимга яқин келиб:
— Фарида, тўхтанг, сизда гапим бор, — деди.

Қани, нима деркин деб, кўзларига саволчан тикилдим.
— Мана, институтниям битирдим, — деди у. — Эрта-индин юртимга қайтиб кетяпман. Биласизми, Тошкент¬дан ёмон хотиралар ва армон билан кетишни хоҳламайман. Сиздан биргина ўтинчим бор: бир кунингизни менга ҳадя қилинг, илтимос?! Сиз билан сайр қилишни ният қилган эдим. Шу кўнглимда армон бўлиб қолмасин! Эртага якшанба-ку, барибир бекор бўласиз. Бир кунгина мен учун вақт ажратинг, ўтиниб сўрайман! Агар ҳозир қаршимда тиз чўк десангиз, майли тиз чўкаман, фақат йўқ деманг! Сиз оқила қизсиз-ку, менинг ҳолатимни тўғри тушунасиз деб ўйлайман. Чўчиманг, кўнглимда сизга нисбатан заррача ёмон ниятим йўқ! Фақат сиз билан охирги марта дилдан суҳбатлашмоқчилан, холос. Худо билади: бундан кейин сиз билан учрашамизми, йўқми?!

Илёс шунчалар содда ва самимий гапирар, кўзлари маъюс ёлқинланиб, илинж билан термилиб турар, агар шу тобда йўқ дея бош чайқасам, тиз чўкиб йиғлаб юборишга тайёр эди у.
— Сиз бир йил бурун уйланаяпман дегандингиз-ку, ахир?! — дедим чимирилганча буёғи нима бўлади дегандай қилиб. —Ўзингизниям, мениям овора қилиб нима қиласиз энди? Фойдаси бормикин?
— Ҳа, эсимда бор: ўшанда сизга уйланмоқчиман дегандим, аммо уйландим деганим йўқ эди, чамамда, —дея синиқ жилмайди у. — Қани, сиз нима дер экансиз деб сал жиддий ҳазил қилгандим-да.
— Вой, ростданам уйланганингиз йўқми ҳали? — деб юбордим узоқ айрилиқдан кейин бирга бўлишга имкон топилганидан хурсанд бўлгандай.

Илёс жавоб ўрнига ним табассум қилиб қўйди.

Анчадан бери у билан гаплашиш иштиёқида эканим учун, кўнглини чўктиргим келмай, эртанги учрашувга рози бўлдим. Шунда унинг кўзларидаги қувончни бир кўрсангиз эди! Ҳаётида бунчалар шодумон бўлмаган бўлса керак, бечора!

Шу кеч алламаҳалгача ҳеч уйқум келмай, эртага Илёс мени қаерларга сайр қилгани олиб борар экан дея ўйлаб, ичим қизиб ётдим.

Eртасига кеча келишганимиздек, у билан соат тўққиз яримларда»Пахтакор» метро бекати олдида учрашдик. Илёс ярим соатлар бурун келган шекилли, кўзи йўлимни пойлаб, диққати ошиб турган экан. Менга нигоҳи тушиши биланоқ, тунд ва тажанг чеҳраси бирдан ёришиб кетди.
— Мана, келдим, сўзингизни ерда қолдирмай. Хўш, қаерга борамиз? — дедим самимийроқ бўлишга ҳаракат қилиб.
— Раҳмат, оқила қизлигингизни билардим, —дея миннатдор бўлди Илёс. — Биласизми, сиз билан кинога тушишни кўпдан орзу қилардим. Келинг, шу биринчи орзуйимни амалга оширайлик, қарши эмасмисиз?
— Йўқ, нега қарши бўларканман? Яхши филм бўлса майли, — дедим унинг раъйини қайтармай.
— Соат ўнда»Панорама»да янги ҳинд филми кўрсатилар экан, кетдикми? — деди Илёс.

Биз телестудиянинг ёнидан ўтиб, гирд атрофи ойнаванд санъат саройига яқинлашдик.

Илёс мен ҳозир деди-да, тезгина бориб, иккита чипта олиб келди.

Пойтахтда бир йилдан бери яшаб, бунақа муҳташам кинотеатр борлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эканман. Иш деб, ўқиш деб, шаҳар айланишга қўл ҳам тегмабди.
— Ҳали сеанс бошланишига бироз вақт бор, — деди Илёс мени кенг фоенинг иккинчи қаватига бошлаб. У ерда музқаймоқ ва салқин ичимликлар бор экан. Илёс мени дераза ёнидаги ўриндиққа ўтқазиб, муздеккина иккита коктейл олиб келди. У гўё бахтидан, толеидан кўнгли тўлгандек, кўзларимга масрур боққанича коктейлни секин-секин сипқорар эди.

Филм намойишига озгина қолганида, залга кириб, жойимизга ўтирдик.
— Қўлингиздан ушлаб ўтирсам майлими? — дея қулоғимга секин шивирлади Илёс кино бошлангач. — Сиз чўчиманг, бошқа ножўя ҳаракат қилмайман деб сўз бераман.

Mayli,  bu ham dilida armon boʻlmasin deya oʻng qoʻlimni asta unga uzatdim. Iliq kaftlariga kaftlarim tegishi bilanoq a’zoi badanim jimirlab ketdi!

— Қалай, филм сизга ёқдими?— деб сўради Илёс ташқарига чиққач.
— Унчалик ёмон эмас, бир марта кўрса бўларкан, — дедим нима деяримни билмай.
— Эндиги режамизга мувофиқ истироҳат боғига бориб, маза қилиб дам олиб келамиз.

Ихтиёрингиз дегандай илжайдим.

Бу содда ва самимий йигит аввалдан ёқиб қолгани боис, бугун жиддийлигимни сал ташлаб, унга ўзимни яқинроқ тутиб, кўнглим ва чеҳрамни очиброқ муомала қилишга интилдим.

Аввал кўрган тушимни эслаб, пешонамга битгани шу Илёс эканлигига, тақдирим у билан боғлиқлигига аста-секин ишона бошладим. Энди нозу фироқ билан қовоқ солиб, лаб жийиришга на ҳожат, қизгина, деб қўйдим ичимда.

Истироҳат боғидаги қаҳвахонада маза қилиб кабобхўрлик қиларканмиз, илк учрашувимизни, унинг ортимдан тинимсиз юришларини, жаҳлим чиқиб, уришганим-у, Илёснинг сизни яхши кўриб қолдим деганлари-ю, шундан кейин негадир ёнимга келмай қўйиб, гўё аразлагандек ўзини мендан тортиб юрганларини эслаб кулишдик.»Менга шунчалик кўнгил қўйган экансиз, нима учун кейинчалик гаплашгани олдимга келмай қўйдингиз? Мен ўша кунлари ёнимга келишингизни роса кутгандим», — дегандим, Илёс:»Ростданми?» — дея бир зум қувониб, кейин нимагадир дарров маъюс тортди-да: «Eҳ, бунинг сабабларини кейин тушунтириб бераман,» — дея хўрсиниб қўйди.

Тамадди қилиб бўлгач, боғнинг ичкарироғига кириб, ҳар хил кўнгил очар карусел-у, арғимчоқларда «учдик». Яқинда чет элдан келтириб қурилган поезд деган аттрактсион жуда ҳам даҳшат экан. Шамолдан тез юриши-ю, юракни шувиллатиб юборадиган кутилмаган бурилишлар-ю, тепага чиқиб кетиб нохосдан ўқдек пастга тушиб кетишлари билан одамни ваҳима соларкан. Манаман деган қўрқмас ботирлар ҳам бундай қалтис ҳаракат пайтида юраклари ўйнаб кетиб, қичқириб юборишлари ҳеч гап эмас экан. Аъзои баданим қўрқувдан қалтираб кетганидан Илёснинг билакларидан маҳкам ушлаганча, унинг пинжига кириб, бошимни эгиб, кўзларимни чирт юмиб олдим.
— Қалай, зўр эканми? — дея илжайди Илёс поездан тушиб, салқинроқдаги ўриндиққа чўкиб, нафасимизни сал ростлаб олгач.
— Нимаси зўр экан? — дедим норози бўлиб. — Бундайлигини билганимда ўлсам ҳам чиқмасдим.

Шундан сўнг бир-биримизга нима деяримизни билмагандек жимиб қолдик.

Ниҳоят, у гап бошлади:
— Кейин айтаман деган гапларимни айтишнинг энди мавриди келди, Фарида. Комбинатда сизни учратмасимдан ўн беш кунлар бурун менинг розилигимсиз, онамнинг хоҳишлари билан мени қишлоқлик бир қизга унаштириб қўйишган эди. Мен у қизни бир марта ҳам кўрмаган, учрашмаган эдим.

Ўша қизга уйланмаслик учун ота-онамга асосли бир сабаб топишим керак эди. Улар хўп, ана, биз топганга уйланишни хоҳламас экансан, бирон-бир кўз остингга олганинг, яхши кўрганинг бўлса айт дейишлари табиий эди. Мен уларга ҳа, бор, комбинатда Фарида деган чиройли бир қизни яхши кўриб қолганман, аммо у мени ёқтирмайди, гаплашишни истамайди десам, эҳ болам, суймаганга суйканиб нима қиласан, энди уни кўнглингдан чиқариб ташла, ана, биз топган қизга уйлан, тўйдан кейин яхши кўришиб кетаверасизлар, дея маслаҳат беришлари турган гап эди.

Сиздан кўнгил узолармидим, ахир?!

Қишнинг бошларида синглимдан отамнинг қаттиқ бетоб бўлиб қолганликлари ҳақида хат олдим. Таътилга чиқиб, уйга борганимда, отамни оғир аҳволда кўриб кўнглим бузилиб кетди.
— Сен ақлли йигитсан, — дедилар отам оғир нафас олиб. — Шу чоққача юзимизни ерга қаратмагансан, мундан кейин ҳам юзимизни шувит қилмайсан деб ўйлайман. Фотиҳани бузиш осон. Сенга ҳеч нарса бўлмайди, чунки сен ўғил боласан. Аммо унашилган қизнинг шаънига ёмон бўлади, ўғлим.

Одамлар сендан эмас, қиз бола бўлгани учун ундан айб излашади. Қиз тараф бизга қариндош бўлади. Кейин улар ҳам биздан юз ўгириб кетишади. Кўзим очиғида унга уйланаман, қариндошлигимизни узмайман деб, сўз бер, болам. Бўлмаса, мен гўримда тинч ётолмайман.

Отамни хотиржам қилиш учун майли ўша қизга уйланаман деб ваъда бердим. Шундан сўнг отам бечора хотиржам оёқ узатиб, оламдан ўтдилар.

Яқинда отам раҳматлининг йилларини бердик. Онамлар тўйни бир ойдан сўнг, августга белгилашган.

Мана, Фаридам, бор гап шу. Мен ҳақимдаги бор ҳақиқатни ҳам билиб олдингиз.

Мен жойимда тош қотган эдим.

Илёс шартта ўрнидан туриб, беш-олти қадам нарига бориб тўхтади-да, сўнг секин бурилиб менга тушкун нигоҳ билан назар ташлади. Энди бу ердан кетишимиз кераклигини фаҳмлаб, ўрнимдан турганим ҳамоно у чопиб келди-да, мени бағрига босганча ҳовлиқиб энтикканча юз - кўзларимдан тинимсиз ўпа кетди! Бир дам ихтиёримдан айрилдим. Унинг бўсалари хаёлимни олиб, бошгинамни айлантириб ташлаган эди!

Ичимдан тошиб келган йиғини тўхтатолмай, ҳиқиллаб юбордим.

Шу кеч йиғлай-йиғлай ажрашдик.

Шундан кейин ҳамма нарсадан кўнглим совиди: комбинатдан ҳам, ўқишга кириш истагидан ҳам. Шаҳарда тургим келмай қолди. Ишдан бўшаб, бувимнинг ёнларига қайтдим.

Бир йилдан сўнг бувимнинг маслаҳатлари билан ўзимдан тўрт ёш катта Мурод деган шофёр йигитга турмушга чиқдим. Муродни бувим эмас, ўзим топгандим. Кеч куз кунларининг бирида қишлоқдаги холамникидан қайтаётганимда, йўлда шовиллаб ёмғир ёғиб қолди. Уст- бошим шалаббо бўлишига бир баҳя қолганида, шундоқ ёнгинамга юк машинаси келиб тўхтади.»Шаҳарга кетаётган бўлсангиз, чиқинг, обориб қўяман», — деди ҳайдовчи эшигини очиб. Унга қарадим-у, юрагим «жиз» этиб кетди. Ҳайдовчи йигит Илёсга жудаям ўхшаб кетарди!

Мурод ҳазилкаш, шўх йигит экан. Шаҳарга келгунча гоҳ латифа, гоҳ қўшиқ қўйиб, зериктирмай келди. Шундай қилиб, ортимдан уч ойча юриб, ахири унга турмушга чиқишимни сўради. Мен ихтиёрим бувимда эканлигини айтдим. Эртасига унинг онаси билан аммаси бизникига совчиликка келишди. Муродда сал-пал кўнглим бўлса-да, аввалига, номига, эрга тегмайман деб бироз ноз-у фироқ қилгандим, бувим:»Менга билдирмай, уч ойдан бери бирга юрар экансанлар-ку, писмиқ, — деб уришиб бердилар. — Бахтинг очилгани шу, қизим! Энди кўп маҳтал қилмай, тезроқ рози бўла қол, болам».

Бувимнинг қистовлари билан баҳорда турмушга узатилдим.

Муродн кўнгли очиқ, меҳрибон йигит эди.

Йил ўтиб, ширин қизалоқлик ҳам бўлдик.

Афсус, ҳавас қилгудек ширингина турмушимиз узоққа чўзилмади, қизчам жуда эрта етим бўлиб қолди.

Қиш кунларининг бирида, Мурод акам қор босган қалтис йўллик давондан ўтаётганларида, машиналари йўлдан чиқиб кетиб, ҳалокатга учраб, ҳалок бўлдилар. Бу мен учун оғир йўқотиш бўлди. Аввалига мен учун бу дунёда яшашнинг ҳеч бир маъниси қолмагандек бўлди. Ҳардамхаёл бўлиб юрган кунларимнинг бирида Илёс тушимга кириб: «Фарида, эсингизни йиғинг, ўлимни ўйламанг! Энди сиз ҳамма қийинчиликка бардош бериб, қизингиз учун яшашингиз керак!» — дея танбеҳ берди. Шу тушдан сўнг ҳаётга қайта қизиқишим уйғониб, ўзимни шу қизчамнинг бекам-у кўст униб ўсишига бағишладим.

Гоҳ-гоҳида, агар Илёс билан юлдузимиз юлдузимизга тўғри келганида, йигирма уч йил қийналиб, ёлғиз яшамаган бўлармидим деган хаёлларга ҳам бораман.

Шу йигирма уч йил ичида унинг ҳаёти қай тарзда кечдийкин? Турмушидан кўнгли тўлиб, беғам, беташвиш яшадимикин? Бу бир кам дунёда ким ҳам беғам, беташвиш яшай олган экан?! Йигирма уч йил давомида мен ҳақимда ўйлаганини кўнглим сезиб турибди. Бўлмаса, шунча вақтдан кейин у мени изламаган, «Меҳр кўзда»га илтимос, Фаридани топиб беринглар деб хат ёзмаган бўлар эди.

... Метронинг «Пахтакор» бекатидан чиқсам, телевидениенинг эшиги олдида бир даста қип-қизил гул тутганча кимнидир интизорлик ила кутиб турган бир кишига кўзим тушиб, юрагим орқага тортиб кетаёзди. Уни дарҳол танидим. Бу ўша мени излаб келган йигит— Илёсим эди! У навқирон, ёш кўринар эди! Менга кўзи тушган заҳоти унинг ўйчан чеҳрасига табассум ёйилиб, олдинга уч - тўрт қадам ташлади ва шу асно унинг ёш ва кўркам афту ангори бирдан ўзгарди: юзларида сўлғинлик, пешонасида тарам-тарам ажинлар пайдо бўлиб, сочларига ҳам қуюқ оқ оралаб, бир зумда ўрта ёш одамга айланди-қўйди. Фақатгина унинг меҳру муҳаббатга тўла кўзларигина ўзгармади!

Бу интизор кўзлар ўшандоқ маъюс эди!