OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИброҳим Норматов
Асар номиКимдан эркинмиз?
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Публицистика
Муаллифлар
   - Иброҳим Норматов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Мақолалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
"Ҳуррият" газетасидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Кимдан эркинмиз?
Иброҳим Норматов

Биз матбуот эркинлиги учун курашаяпмиз. Бу демократик ривожланишнинг ва фуқаролик жамиятининг асосий тамойилларидан биридир. Матбуот «тўртинчи ҳокимият» даражасига кўтарилар экан, ҳеч кимга қарам бўлмаслиги керак, деймиз. Яхши. Xўш, у кимдан, нимадан ва нима учун эркин бўлиши керак?! Матбуот эркинлиги ҳақида гап кетганда, сўзсиз, бу савол ҳамиша кўндаланг бўлиб туради.

Умуман, ҳеч кимга ҳеч қандай дахли бўлмайдиган оммавий ахборот воситаси борми ўзи? Бўлса жаҳондаги қайси телеканални, радиони, газета ёки журнални мисол қилиб кўрсатиш мумкин? Айтайлик, эркин «Озодлик» радиоси АҚШ Конгрессидан маблағ олади. «БИ-БИ-СИ» раҳбарини Буюк Британия ҳукумати тайинлайди. Ёки Россияни олайлик. «Газпром», «Лукойл» ва бошқа шулар каби саноат гигантларига бир неча оммавий ахборот воситалари қарам. Боқиманда нашрлар ҳамма мамлакатларда ҳам бор.

Хўш, маблағ бераётган идора ёки ташкилот ўша оммавий ахборот воситасига ўз таъсирини ўтказмайди, деб ким айта олади?! Бизнингча, ҳеч ким. Ҳаётда ҳамиша олган одам берган одамнинг олдида тили қисиқ бўлиб қолади. Бу оддий фалсафа. Бу оммавий ахборот воситалари фаолиятига ҳам тегишли. Маблағ билан таъминланган идора қандай бўлмасин ўз таъсирини ўтказишга ҳаракат қилади? Албатта, матбуотни бундай таъсирдан фақат қонун ҳимоя қилиши мумкин. Мукаммал қонун оммавий ахборот воситаларини айрим эскича фикрлайдиган мансабдорлар ва амалдорлар, табиий монополиялар, ҳомийлар, реклама берувчилар, матбуот тарқатувчилар, ноширлар ва бошқаларнинг таъсиридан самарали ҳимоя қила олади.

Ҳозир эса бизнинг мустақил ва эркин нашрларимиз билан уларнинг ҳомийлари ҳамда муассислари ўртасидаги муносабатлар асосан ўзаро мажбуриятлар олиш билан кафолатланган. Энг ёмони, бу мажбуриятлар вазиятга қараб ўзгариб туради. Баъзан эса ҳомий ёки муассис томонидан белгилаб берилган режа-дастур, йўналиш эркин матбуот ва эркин жамият асосларига тўғри келмайди. Агар муносабатлар қонунда кўрсатилган тартибда йўлга қўйилса ва шундан келиб чиқиб мажбуриятлар олинса, матбуотимизнинг эркинлигига ҳеч қандай ғов бўлмайди. Энг муҳими, бу эркинлик қонуний жиҳатдан кафолатланади ҳамда ҳимоя қилинади.

Президентимиз Ўзбекистонда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти асосларини шакллантиришнинг асосий йўналишларини ҳаётий мисоллар ва далил-исботлар билан асослаб, таҳлил қилиб, изоҳлаб берар экан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз эркинлиги ва матбуот эркинлигини ҳамда ошкораликни энг муҳим устивор йўналиш сифатида алоҳида таъкидлаб ўтди. Бунга фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш жараёнининг узвий таркибий қисми сифатида урғу берар экан, бу жараёнда давлатнинг иштироки зарурлигига эътиборни қаратди. «Барча оммавий ахборот воситаларига, — деди Ислом Каримов ўтган чақириқ Олий Мажлиснинг тўққизинчи сессиясидаги маърузасида, — мулк шакли, тиражи, қамрови ҳамда мавзу йўналишидан қатъий назар, уларнинг мамлакатимиз ахборот майдонида ҳалол рақобат асосида фаолият олиб бориши учун давлат зарур шарт-шароитларни яратиб бериши лозим. Айтиш мумкинки, бу — жамиятни том маънода демократлаштириш гаровидир».

Тўғриси, бу борадаги ишларнинг натижаси яққол кўзга ташланиб турибди. Ҳозир давлат нашрлари бўлган газеталар ва журналлар учун қандай шарт-шароитлар яратилган бўлса, нодавлат, мустақил, эркин, хусусий, тижорат ҳамда тармоқ нашрлари ҳам худди шундай шарт-шароитларда чоп этилаяпти. Ҳеч қандай ғов, тўсиқ, таъқиқ йўқ. Баъзан таниш ҳамкасб учраб қолиб: «Янги газета чиқаряпман» ёки «Босмахона очдим» деса мутлақо ҳайратланмайдиган бўлдик. Аксинча, кечагина иш излаб юрган ҳамкасбимиз бугун мустақил газета чиқариб, бошқаларни ишга таклиф этаётганлигига ҳавас қиламиз. Мамлакатимиз ахборот майдонида ҳалол рақобат бошланганига анча бўлди. Бу рақобат баъзан обрўли газеталарни ҳам довдиратиб қўяётганлиги бор гап. Олди-қочди нарсалар билан мазмун-моҳиятини бой бериб қўяётган газеталар ҳам йўқ эмас. Рақобатга бардош беролмай чиқмай қолаётган ёки тиражи камайиб кетаётган нашрлар-чи?.. Шундай: ҳозирги газетхон танлаб ўқийди, танлаб харид қилади, танлаб обуна бўлади. Бир сўз билан айтганда, ҳозир газета чиқаришни чидаганга чиқарган. Бу фуқаролик жамиятини шакллантиришда матбуотни эркинлаштириш жараёнидаги табиий ҳолатдир.

Рақобатга бардош беришнинг муҳим шартларидан бири, бу — ҳозиржавобликдир. Ҳар бир оммавий ахборот воситаси ҳар қандай янгилик, воқеа-ҳодиса, муҳим халқаро хабарни иложи борича тез, қисқа ва лўнда бериш учун курашмоғи зарур. Xабарни биринчи бўлиб тарқатиш катта аҳамиятга эга. Биринчи ҳозиржавоблик ва тезкорликда бошқаларни доғда қолдириш деган гап. Ўша хабарни кейинчалик бошқа оммавий ахборот воситаси тарқаца, унинг аҳамияти қолмайди. Эсимда, 1999 йилнинг февралида Тошкентда террористик хуруж амалга оширилганида орадан атиги 18-20 дақиқа ўтиб Ўзбекистон телевидениеси Вазирлар Маҳкамаси биноси олдидан олинган видеотасвирларни ҳамда Президентнинг сўзларини эфирга берганди. Ўшандаёқ бор ҳақиқат айтилган эди. Шунинг учун ҳам шов-шувга ва миш-мишга ўрин қолмади. Ўзбекистон телевидениеси кўрсатган ҳозиржавоблик, яъни зудлик билан тарқатган хабар ўшанда жаҳондаги барча йирик ахборот агентликлари, телеканаллар ҳамда радиотўлқинлар учун биринчи ишончли манба бўлиб хизмат қилганди.

Демак, ҳозиржавоблик учун бизда имконият бор. Бироқ кўпинча негадир шошмайроқ, гап эшитиб қолмасмиканмиз, деб ҳадиксираймиз, бошқалар берсин-чи, шунга қараб кўрамиз, деб кутамиз. Мен фақат кўнгилсиз ҳодисалар ҳақидаги хабарларни назарда тутаётганим йўқ. Ҳатто хушхабарни, муҳим тадбирларни, дунё воқеаларини беришда ҳам негадир эҳтиёткормиз. Берсакмикан ёки юқоридан рухсат олсакмикан, деб иккиланиб турамиз. Буни қўрқув эмас, кўникмага айланиб қолган ички назорат дейиш мумкин. Ички назорат бизга йиллар мобайнида ўз ҳукмини ўтказиб келди. Энди уни ичимиздан ҳайдаб чиқариш учун курашяпмиз. Жамиятимиздаги демократик ўзгаришлар бизга далда бераётган экан, сўзсиз, биз уни ҳайдаб чиқарамиз.

Ошкоралик ҳам худди ҳозиржавобликдек матбуот эркинлигини таъминлашнинг муҳим шартидир. Ошкоралик бор жойда эркинлик бўлади. Давлат сирига дахлдор бўлмаган ҳар қандай воқеа-ҳодисанинг сабаблари очиқ айтилиши ва бу халққа етказилиши керак. Бўлмаса миш-мишлар ўз-ўзидан уйдирмаларга айланиб кетаверади. Уйдирмалар эса ваҳимани кучайтиради. Ўз навбатида ваҳима одамларнинг қалбига ғулғула солади. Яхшиси, қувончли ёки кўнгилсиз бўлсин, бирорта воқеа-ҳодиса юз берса, шунга дахлдор ёки масъул одам дарҳол матбуотда чиқиш қилиб, юз берган ҳолатни холисона изоҳлаб берса — олам гулистон, ҳеч қандай уйдирмага ўрин қолмайди.

Олам тафсилотларга тўла. Инсон уларнинг олдини олишга ожиз. Фалокат оёқ остида, дейишади. Давлатдан ва тузумдан қатъий назар қаердадир нимадир бўлиб туради. Буни яширишнинг ҳожати йўқ. Собиқ иттифоқ даврида яшириб фақат мулзам бўлганимиз қолган. Ҳатто табиий офатни ҳам яширдик. Ваҳоланки, хорижнинг мураккаб техникалари собиқ СССРнинг қаерида ер қимирлаб, қаерида тошқин бўлганлигини қайд қилиб қўярди.

Ошкоралик билан холислик эгизак. Уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Гап ошкоралик ҳақида борар экан, мисол тариқасида бир воқеани эслаб ўтмоқчиман. Ёз кунларининг бирида автобусда Қорақалпоғистонга бордим. Газлига яқин ерда йўлнинг ўнг томонидаги очиқ жойга пачоқланиб кетган битта автобус билан битта юк машинасини кўргазмага қўйиб қўйишибди. Фожиа ўша куни кечаси юз берибди: автобус билан юк машинаси тўқнашибди. Жуда нохуш манзара. Ўтган-кетган ҳайдовчилар кўриб таъсирланишсин, ҳушёр тортишсин, сабоқ олишсин ва хулоса чиқаришсин, деб тўқнашган автобус билан юк машинасини йўл бўйига қўйиб қўйишибди. Бизнинг автобусимиз йўловчилари тўғри қилишибди, деган хулосага келишди. Бу нафақат ҳайдовчиларни, балки йўловчиларни ҳам ҳушёр торттириши аниқ. Тўғриси, автобусимиз ҳайдовчилари ҳам, биз ҳам ўйланиб қолдик. Қушдай учиб келаётган автобусимиз ўртача тезликка тушиб қолди. Ҳаёт ҳамманинг кўзига азиз кўриниб кетди. Бундай кўнгилсиз ҳодисани кўрган ҳар қандай одамда ҳушёрлик ва сергаклик муҳрланиб қолади.

Айтмоқчи бўлган гапим шуки, бизнинг матбуотимизда, яъни кўпчилик ўқийдиган газеталаримизда бу кўнгилсиз ҳодиса ҳақида хабар босилмади. Агар босилганида эди, ундан таъсирланиб ҳушёр тортганлар ва сабоқ олганлар сони кўп марта ошган бўларди. Назаримда бунинг ҳеч қандай сир жойи йўқ, бу иккита бебурд ҳайдовчининг жинояткорона эҳтиёцизлиги оқибатида юз берган бахциз ҳодиса. Ошкоралик сергакликни ва ҳушёрликни ошириб, бундай ҳодисаларнинг олдини олишга ёрдам бериши мумкин. Фақат ҳодисани матбуотда беришда холисликни унутмаслигимиз керак.

Мен оммавий ахборот воситаларимиз фаолиятини кузатиб борар эканман, ўзбек матбуоти бугун ҳадик ва лоқайдлик бекатини ортда қолдириб, демократия ва эркинлик бекати сари йўл олди, деб ишонч билан айта оламан. Айрим газеталар бу йўлдан илдам бормоқда. Буни кўрмаслик, сезмаслик мумкин эмас. Эркин ва теран фикрлайдиган, ҳаётни ҳаққоний ва холисона ёритаётган журналистлар сафи тобора кенгайиб бормоқда. Буни илғамаслик, ҳис этмаслик мумкин эмас. Бироқ хориждаги баъзи ҳамкасбларимиз буни кўриб-кўрмасликка, билиб- билмасликка олишяпти. Айтайлик, бундан ўн-ўн беш йил олдин ўзбек матбуотига, ўзбек журналистларига қандай тамға босишган бўлса, ҳозир ҳам худди шундай тамға босишяпти. Яна кимлар денг? Шу ўзимизнинг матбуотда ишлаб, шу ернинг тарбиясини олган ҳамкасблар. Xорижнинг оммавий ахборот воситаларига ўтиб иш бошлашлари биланоқ гўё ҳаммадан ақлли, доно, билармон ва билимдон бўлиб қолишяпти. Яқинда «Озодлик» радиоси ана шундай ҳамкасблардан бир нечтасини ишдан бўшатди. Энди эса улар, аксинча, хорижда ҳақиқат йўқ экан, деб бонг уришяпти.

Хўш, биз кимдан эркинмиз? Биз, аввало, фақатгина ўз фикримизнинг, ўз кўз қарашларимизнинг, ўз тушунчамизнинг, ўз фаросатимизнинг қули бўлиб қолишдан эркин бўлишимиз керак. Биз эркин бўлар эканмиз, бошқаларнинг фикрини ҳам, бошқаларнинг тушунчасини ҳам ҳурмат қилишимиз зарур. Бизнинг эркинлигимиз бошқаларнинг эркинлигини поймол қилмаслиги шарт. Эркинлик бобида ҳеч ким мутлақ ҳакам бўлолмайди. Юқорида мен фикрларимни эркин баён қилдим, демак, мамлакатимизда сўз эркинлиги ва матбуот эркинлиги бобида яратилган шарт-шароит бунинг учун менга имконият берди. Акс ҳолда мен фикрларимни бу даражада очиқ айтолмаган ва матбуотга ёзолмаган бўлардим.