OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

2 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИлҳом Зойир
Асар номиАнкета (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Илҳом Зойир
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм8KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Анкета (ҳажвия)
Илҳом Зойир

Ҳотам Xуррамов яхши ходим бўлгани билан сал тўқимтабиат одам. Айтишларига қараганда, шу ерда ишлаётганларига қирқ йилдан ошибди.

Кеча Ҳуррамовни Эгам Рабиевич чақирибдилар. «Сиз шу соҳанинг пирларидансиз — суягингиз шу ерда қотган. Xўп десайиз, сизни мукофотга тавсия этмоқчимиз. Бир-иккита жой билан гаплашдим, улар ҳам сизни маъқуллашди, — дебди Эгам Рабиевич уч қаватли бақбақасини қашиб. — Ҳозир шундоқ чиқинг-да, адлкадр Ҳамрохонга учрашинг, у сизга анкета тўлдиради... Яна бир гап — пака буни биров билмасин...»

Ҳотам Xуррамов шошиб қолибди.
— Мани ҳурмат қилибсиз, сизни Xудо ҳурмат қилсин. «Пака» деяпсиз, кейин оғизга тушса сизга гап тегиб юрмасин. Яхшиси, местком раиси Қодирқулни...
— Қодирқул! Қодирқулингизни қўйинг, яқинда Чимёнда ўйнаб келди. У ҳали ёш, мукофот олишга улгуради. Гал ҳозирча сизники!
— Буғолтиримиз Умрияхон-чи? Саккизта боласи бор,ишга мендан бир йил олдин кеган...
— Қанақасиз ўзи, Ҳотам ака! Биров бераман деса, ноз қиласиз-а! Нима, масъулиятидан қўрқаяпсизми ё?..

Хуллас, Эгам Рабиевич Xуррамовнинг кўнглини тоғ қилиб, кадрлар бўлимига чиқариб юборибди. У лапанглаганча Ҳамрохоннинг олдига борса, Ҳамрохон тоғдай кўнгилни «талқон» қилибди-қўйибди. Ўрталаридан нима гап ўтган, ҳеч ким билмайди.

Ҳамрохон жиғибийрон — хонама-хона кириб, нуқул: «Мен ортиқча савол берганим йўқ. Анкетада борини сўрадим, холос. Отам тенги одамнинг гапига қаранглар — мен эрсираб қолган эмишман!» дея жавраётганмиш. Ҳамма ҳайрон: Ҳотам Xуррамов Ҳамрохонга нега бундай деган?..

Бу жумбоқ Эгам Рабиевичнинг «сир»ини фош қилди. Яъни Xуррамовнинг мукофотга тавсия этилаётганини кўпчилик билди. Табиийки, гап Эгам Рабиевичнинг ҳам қулоғига бориб етди ва тушдан кейин Xуррамов билан Ҳамрохонни хонасига чақирибди.
— Мен сизга нима деган эдим? — Бошлиқ биринчи бўлиб Xуррамовни зуғумга олган. — Пака ҳеч ким билмасин, дегандим-ку? — Xуррамов бошини қимирлатиб қўйибди. — Бошқалар нима деб ўйлайди энди! Бошлиқ бизлардан гап яшираркан, дейишмайдими? — Сўнг Ҳамрохонни ўрнидан турғизибди. — Ҳа, синглим, сизга нима дард тегди? Оғзингизга маҳкам эдингиз-ку!
— Мен ҳалиям оғзимга маҳкам, — дебди Ҳамрохон тўлиб турган ўпкасини бўшатиб. — Кап-катта одам менга туҳмат қилиб ўтирибдилар.
— Қанақа туҳмат?
— Мен... ҳалиги... эрсираган эмишман.
— Нима, нима! — Эгам Рабиевич ўрнидан сакраб турибди. — Ким ўйлаб топди буни? Қайси бир хотинбоздан чиқди бу гап?
— Мана бу кишидан, — Ҳамрохон боши билан Ҳотам Xуррамовни кўрсатибди.
— Бу нима гап! — Эгам Рабиевич бошини чангаллабди. — Мен сизни маданиятли, хотин-қизларни ҳурмат қиладиган олижаноб киши деб юрсам, ҳали бунақа салбий хусусиятларингиз ҳам бормиди? Синглимизни нега бунақа деб ҳақорат қилдингиз? Эрсираганини қаёқдан биласиз?
— Гап биринчи ундан чиқди, — дебди ҳали бирорта ҳам саволга жавоб бермаган Xуррамов Ҳамрохонни кўрсатиб. — Менга «еркакмисиз?» деди. Ҳамиятимга тегди-да! «Эркак, эркак эмаслигимни кўрмаяпсанми! Эрсираб қолган, банда!» дедим жаҳл устида. Сизгаям биров лўп этиб шундай десин қани, нима деяркансиз!

Ҳотам Xуррамовнинг бу гапи «мени ўрнимга ўзингни қўйиб кўр-чи», деган маъно беради-да. Шу боис Эгам Рабиевич ноқулай аҳволда қолибди.
— Шу ростми? Шу гап сизнинг оғзингиздан чиқдими, Ҳамрохон?..
— Рост, — дебди Ҳамрохон ер чизиб. — Лекин, мен...
— Ўзиздан ўтканакан-да, синглим, — Эгам Рабиевич тик тургани эсига тушиб, қайта ўтирибди. — Эркак кишига унақа демайдилар, синглим. Тем боле, аёл тўйес, ҳали қиз боласиз... Ҳар қандай эркак ёмон хаёлга бориши мумкин-да... Сиз бўсайиз, Ҳотам акани беноват қилиб ўтирибсиз...

Ҳамрохоннинг хўрлиги келиб турса-да, кўзёшига зўр беришдан фойда йўқлигини англаб етибди.
— Эгам ака, мен бу гапни ичимдан чиқариб айтмадим, — дебди Ҳамрохон дадил-дадил. — Анкетада шунақа савол бор. Шунга асосланиб...

Эгам Рабиевичнинг юзига билинар-билинмас кулги ёйилибди. У устки лабини бир-икки бор сўриб, дебди:
— Анкетада шунақа савол бор эканми?
— Бор! — дебди Ҳамрохон ютиниб. — «Жинси: эркак, аёл», деган жой бор-да, Эгам ака. Мен ичимдан тўқиганим йўқ-ку!
— Гап буёқда денг, — дебди Эгам Рабиевич кулиб юбормаслик учун оғзининг икки четини бош ва кўрсаткич бармоғи билан тутиб. — Саволни бошқача қўймабсиз-да, сизам. Кимсиз, деса... Э, бунисиям хунук эшитиларкан. Ўзи эркаклардан кимлигини сўраш шартмикан! Эркак — эркак-да! Шу жойини ўзингиз тўлдириб қўймабсиз-да, Ҳамрохон. Ҳотам аканинг эркаклигини биласиз-ку, юз-кўзи айтиб турибди.

Эгам Рабиевич иккаласини муросага келтириб чиқариб юборибди.

Айтганча, можарога сабаб бўлган «Анкета» тўлдирилиб тегишли жойга юборилган. Ҳозирча натижаси номаълум бўлса-да, лекин бир гап маълум: мукофотни олган куни «еркакчасига ювамиз» деяптилар Ҳотам Xуррамов.