OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИлҳом Зойир
Асар номиҚизилиштон (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Илҳом Зойир
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм8KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қизилиштон (ҳажвия)
Илҳом Зойир

Деразадан тушиб турган қуёш нури кесак қисган қовундек чўзинчоқ бошни ялтиратиб, хонани янада нурафшон қилиб турарди. Деразага қарама-қарши ўтирган бўлим мудири Каром Саломов эшикнинг амиркон этикдек «ғарч» этган товушидан хаёли бўлинди. Эшикдан мўралаган кишининг чеҳраси таниш бўлса керак, ялтироқ бошини силаганча зўраки жилмайди.
— О, яна сизми? — У меҳмонни ичкарига киришга ундади. — Бизга бирор нарса олиб келганга ўхшайсиз?
— Ҳа, — деди «меҳмон», туман газетасига ижодий машқлари билан қатнашиб турадиган зоология ўқитувчиси Шамсиддин Қўлдошев, қўлидаги елим халтадан бир варақ қоғозни олиб Саломовга узатаркан, — битта масал олиб келувдим, домла. Шуни бир назардан ўтказиб... Маъқул келса...

Бир пайтлар қуюқ сочини орқага тарайвериб, ўрганиш бўлиб қолган одати бўйича Саломов силлиқ бошини силади ва «ўтиринг қани, хай» деб, масални ўқишга тутинди.
— Қизилиштон? — деди у бир қоғозга, бир муаллифга қараб. — Бу нима, сарлавҳами? — Муаллифнинг жавобини кутмай давом этди: — Бу билан нима демоқчисиз?

Туйқус берилган савол зоология ўқитувчисини гангитиб қўйди. Нима деб жавоб беришни билолмай каловланди.
— Ҳеч нима демоқчимасман!
— Ҳеч нима демоқчи эмасакансиз, нимага бу масални ёздингиз?
— Йўқ, нимага... Мен саволингизга тушунмадим чоғи.
— Демоқчиманки, «Қизилиштон» билан нима демоқчисиз? Нимага энди, оқ иштон ёки кўк иштон ҳақида эмас, именно қизилиштон ҳақида ёздингиз? Бир нимага шаъма қиляпсизми дейман, а?
— Қушнинг номи шунақа бўлгандан кейин...
— Эй, ҳа, — деди Саломов ўзини билағонликка олиб. — Ҳа, ҳа, билиб турибман қушлигини, лекин шу ранги ёқмай турибди-да. Иштоннинг рангини сал ўзгартирсак силлиқроқ кетармиди, демоқчиман-да. Ўзи қушга иштон кийгизиб нима қилардингиз?..
— Қизилиштон — бу қушнинг номи, — деди муаллиф фикрини дона-дона қилиб тушунтирмоқчи бўлиб. — Минг йилдан олдин ҳам бу қушнинг номи шунақа бўлган, минг йилдан кейин ҳам шунақа бўлиб қолади... Йўқ, рангини ўзгартириб бўлмайди. Табиат яратган ранг, бу рангни...

Саломов муаллифнинг ҳаяжонини босмоқчи бўлди.
— Мен бир нима деяётганим йўқ. Сизнинг фикрларингиз тўғридир. Майли, сиз айтганча бўлсин. Қуш қушлигича қолаверсин. Шу... иштонининг рангини озгина таҳрир қилсак, деган таклиф бераяпман, холос. Майли, оқ ҳам, кўк ҳам бўлмасин, шу қизилга яқинроқ — жигарранг бўла қолсин. Мантиқ ҳам бузилмайди шунда... Яна ўзингиз биласиз...
— Бўлмайди-да, эй, — деди муаллиф «қайтариб беринг» дегандек қўл чўзаркан. — Қаерда эшитгансиз «Жигаррангиштон» деган қушни? Бунақа қуш йўқлигини ҳамма билади-ку...
— Жа ўжар экансиз! Яхши, — деди Саломов муаллифга ён бергандек ўрнидан тураркан. — Сизнингча бўлақолсин. Қизилиштон бўлса қизилиштон-да! Лекин битта шарти бор. Ўзингиз масални шефга олиб кириб розиликларини олиб чиқасиз. Мен бунақа спорний материалларни ўзимча қабул қилиб, ўзимча тушириб юбориб, кейин гапини эшитиб юришга тоқатим йўқ!..

Туман газетасининг муҳаррири Бўстон Қораев Шамсиддин Қўлдошевни очиқ чеҳра билан кутиб олди.
— Яхши материал экан-ку, — деди у масални ўқиб-ўқимай. — «Маданият ва адабиёт» бўлимига кирмадингизми?
— Кирдим.
— Мудири йўқ эканми?
— Каром Саломовми?.. Бор эканлар. У кишига сарлавҳа ёқмай турибди, — деди муаллиф оғирлигини ўнг оёғидан чап оёғига ташларкан. — Бу бир қушнинг номи бўлса, билмадим нимаси ёқмади у кишига! Рангини ўзгартирайлик, помидорнинг рангимас, бодрингни ранги бўлақолсин, деган гапни қиляптилар...

Бўстон Қораев масалнинг сарлавҳасига синчиклаб қаради.
— Ҳа, ҳа, сарлавҳаси ғалати экан. Қизилиштон! Ростданам ғалати! Ҳақиқатан ҳам, нимага иштони қизил?
— Ахир, бу қушнинг номи-ку!
— Э, бу ҳали қушми?.. Майли, майли, қушни қолдиринглар-да, иштонини ечиб ташланглар. Қанчадан қанча қушлар иштонсиз учиб юришибди-ку, биров ўшаларга кулганини кўрганмисиз? Шамсиддин Қўлдошев тамоман гангиб қолган эди. Муҳаррир масални қайтариб бераркан, деди: «Шундай қилинглар! Манг, Каром Саломга ташлаб ўтинг, кейинги номерга тушириб юборади. Бамаслаҳат иштонини ечиб ташланглар».

Зоология ўқитувчисининг тиззалари қалтиради. Кўз олди қоронғилашиб, боши айланди. Бўстон Қораевнинг қўлидан масални оларкан, чайқалганча йўлакка чиқди ва «Маданият ва адабиёт бўлими» деб ёзилган эшикка бир қараб олди-да, сўнг шаҳдам қадам билан кўчага чиқиб кетди.