OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

2 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИлҳом Зойир
Асар номиҚоғоз пули (ҳажвия)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Илҳом Зойир
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳажвиялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм7KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 3-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қоғоз пули (ҳажвия)
Илҳом Зойир

Кўпинча мендан нега кулгили ҳикоялар битмай қўйганим ҳақида сўрашади.

Бу қулоғимга, «ҳажвчилар ёзмаса ҳеч ким кулмай қўяди», дегандек эшитилади. Гўё бизнинг кулдиришдан бошқа ишимиз йўқдай.

Шахсан мен, бирор кулгили ҳикоя ёзадиган бўлсам, аввал шу ҳикояга асос бўладиган воқеани танишларимга сўзлаб бераман. Сўзлаб туриб уларнинг афт-ангорларини кузатаман. Ҳикоям уларга таъсир қилса ёки кулдирса, ана ундан кейин уни қоғозга тушираман. Шундай қилсам, беҳудага қоғоз исроф бўлмайди. Бу менинг ёзиш услубим.

Саратоннинг сариқ кунлари, яъни ёзнинг чилласи эди. Вақт ярим кечадан оққан бир паллада уйғониб кетдим. Қалтираяпман, тишим тишимга тегмайди.

«Қизиқ, – дейман ажабланиб, – ёзнинг чилласида ҳам одам совқотадими?»

Соатга қарасам, кечки учдан қирқ беш минут ўтган. Ҳа-ҳа, ўн беш минут кам тўрт: на у ёқлик, на бу ёқлик. Демоқчиманки, на кечаси, на кундузи. Бу пайтда «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилишга ийманасан. Ўзингнинг аҳволинг бу бўлса, боз устига бошқаларнинг ширин уйқусини бузиш ноқулай-да. Тўғри, бу уларнинг вазифаси, бунинг учун икки ҳисса маош олишади, буни тушунаман. Лекин барибир ноқулай-да, одамни ширин уйқусидан уйғоцанг, барибир ичида сўкинади. Қалтираб турганингда бегона одамнинг сўкиниши хуш ёқадими? Албатта, йўқ!

Хўш, унда нима қилиш керак?

Кўрпага ўраниб ётиш керак!

Шундай ҳам қилдим. Қалтироқ босиб, жиққа терга ботдим. Шунда алаҳсирадимми ёки туш кўрдимми, миямга оғриқ кириб, қўл-оёқ мушакларим зирқирай бошлади. Амаллаб тонг орттирдим. Кейин соат саккиз бўлишини кутдим. Чунки поликлиникада соат саккизда иш бошланади.

Роппа-роса соат саккизда поликлиникага бордим. Тўққизинчи ўринга ёзишди. На илож, кута бошладим. Навбатда турганларнинг бари ўзимга ўхшаган бепарволик оқибатида ё шамоллаган, ё бирор жойи лат еган. Имкон ва имтиёзларимиз тенг, яъни ҳеч ким навбатни бузолмайди. Таниш-билишчиликни-ку қўяверинг, ит эгасини танимайди. Пул қистиришни хаёлингизга келтирманг. Зўрлаб берсангиз ҳам олишмайди. Навбатда турганларнинг гапини эшитиб, ҳайрон қолдим. Кимдир олдинги замонни ўйлаб, дўхтирга пора бермоқчи бўлган экан, боёқишни «қайси замонда яшаяпсан, уят эмасми», деб кўпчиликнинг ўртасида изза қилишибди.

Буни эшитиб хурсанд бўлдим.

Кўз тегмасин, кишиларимизнинг қарашлари яхши томонга ўзгарган, пора деган сўзни билишмайди, ҳатто уни қандай олишни ҳам эсдан чиқариб юборишган. Уринг, ўлдиринг, пора нима эканлигини эслай олишмайди.

Шулар ҳақида ўйлаб, вақт ўтганини билмабман. Тўғри-да, бунинг учун эртадан кечгача навбатда турсанг алам қилмайди, кетган вақтингга ҳам ачинмайсан.

Шундай қилиб, тўққизинчи бўлиб навбатда турибман. Ҳар эшик очилиб-ёпилганда ичкаридан дўхтирнинг ёқимли овози эшитилади. Қабулга кириб-чиққанлар авваллари оҳ-воҳ, дод-вой қилишарди, энди мамнун бўлиб чиқишмоқда.

Навбатда мендан олдин турган бемор ичкарига кириб, хаёлимда узоқ қолиб кетгандай туюлди ва сабрим чидамай, ичкарига мўралаган эдим, дўхтир «кираверинг» дегандай им қоқди.

Мен ичкарига кирдим. Чиқиб кетиши керак бўлган бемор, яъни мендан олдин кирган кишининг эсига бир нима тушгандек бўлди ва у чўнтагидан пул чиқариб, дўхтирга чўзди.
– Сиздан пора сўрамадим, – дея тишларини ғижирлатди дўхтир. – Қоғознинг пулини ташлаб кецангиз бўлди.

Бемор менинг олдимда хижолат бўлиб:
– Қоғознинг баҳосини айцангиз, – деди.

Дўхтир «палон пул» деди, бемор қизариб-бўзариб айтилган суммани стол устига қўйди-да, апил-тапил хонадан чиқиб кетди.

Дўхтир пулни чўнтагига ураркан:
– Одамларга ҳам ҳайронсан, оддий ёзув қоғозининг нархини билишмайди, – деди-ю, сўнг менга юзланди. – Xўш, сизни нима безовта қиляпти?

Назаримда, чўнтагимда қоғозга етадиган пул йўқдек туюлдими: «Қоғознинг нархи безовта қиляпти», деб юборибман...

Йўқ, ўлар жойда эмасдим, ҳар қалай, қоғознинг пулини тўлаб чиқдим.

Азиз ўқувчи! Сизга бу воқеани шунчаки гапириб бердим, ҳали қоғозга туширганимча йўқ. Айтинг-чи, қоғоз маммоси долзарб бўлиб турган бир пайтда, ушбу воқеани қоғозга тушириш шартми? Шарт бўлмаса, мендан кулгили ҳикоя ёзишни талаб қилманг.