OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИлҳом Зойир
Асар номиТўтинома (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Илҳом Зойир
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм16KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/02/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тўтинома (ҳикоя)
Илҳом Зойир

Итни ҳам гапиртиришга ҳаракат қилишди, натижа чиқмади. Ҳозирча паррандалар ичида одамга ўхшаб гапирадигани ўзим. Гапирганда ҳам ҳақиқатни гапираман. Ҳеч бир замонда ҳақиқатга бало урмаган, аммо уни айтганга қийин бўлган. Ўзимдан қиёс... Эй, ўзимни таништирмабман-ку. Каминанинг исмлари — Артист! Ёш бўлсам-да, кўпни кўрдим: бири ундоқ, бири бундоқ...

Дастлаб мени юз эллик сўмга (бу эски пулда, янги пулда бебаҳоман) савдо ходими арзандасига олиб берди. Ўшанда бор-йўғи учта ёки тўртта сўзни аранг эплаб гапирардим, холос. Боласи тушмагур шунақанги сўзларни ўргатдики, ўзини ҳурмат қилган одам буларни эшитса борми, етти қават пўст ташлайди.

Бир куни болапақир мени телевизор олдига обориб қўйди: кино бераётган экан. Киносиям криминалроқ эканми, кимнидир суд қилишяпти. Суд залига судялар кириб келишаётганда, кимдир — кинода албатта — «Туринглар, суд келяпти!» деганди, ўтирганлар ўринларидан туришди. Худди шу жумла миямда михланиб қолди. Биласизлар, битта сўзни кўп бор такрорлаймиз. Сиз одамлар ҳам баъзида бир-бирингизга «Тўтидай битта гапни қайтараверма!» дейсизлар-ку, тўғрими? Мен ҳам ўрганган жумламни хоҳлаган пайтимда қайтаравердим. Катта хўжайинга — болакайнинг отасига юракдан берган экан: «пир» этсам, юраги «шир» этади. Яна «савдо — нозик иш» деганига ўлайми! Исмлари - Шамсиддин, памилиялари — Қайнаров, севимли машғулотлари — кунлик тушумни қайта-қайта санаш. Уйқулари ҳушёр, айтганимдай — «пир-шир». Бир куни пул санаб ўтирганларида «Туринглар, суд келяпти!» дея қичқириб юборгандим, ўтирган ўрнидан сапчиб туриб, тўрт томонга аланг-жаланг қаради. Қўлидаги пулни шошганидан пижамасининг ичига солган эди, почасидан тушиб кетди. Пулни оёғи билан босиб туриб, атрофга қулоқ солди, ҳеч бир шарпани сезмагач, пулни олиб, қайта санашга киришди. Пул санаш баробарида бўйнини чўзиб деразадан ташқарига қараб-қараб қўяди.

Шу алпозда жумлани яна бир бор такрорлагандим, бир сапчидию, кўкрагини чангаллади. Кошки кўкракда юрак бўлса.

Шомда оила кечки овқатга ўтирган эди, янга иссиқ овқатни аканинг олдига келтириб қўйди. Шу маҳал «Туринглар, суд келяпти!» дегандим, акагинам ўрнидан тураман деб овқатни тўкиб юборди ва дўмбоқ оёғини куйдириб қўйди. Шу баҳонаи сабаб бўлди-ю, каминани эртаси куни «Зоомагазин»да савдога қўйишди.

Дўконда эртадан кечгача мудраб ўтирсам-да, мени сўраб келувчилар унчалик кўп бўлмади. Сўраганларга нархим тўғри келмасди. Бир ой деганда бахтим очилди. Сўзамол киши келди-да: «Гапирадиган тўти керак», деди...

Янги хўжайиннинг турқи-таровати ёқкмаса-да, қаршилик қилиш бефойда. Менинг қаршилигим — ўтириб қолган қари қизларнинг қаршилигидай гап. Хуллас, янги эгамнинг исмлари — Сотимбой ака. У мени ўн кун боқди. Баданимга жир битиб, патларим жилоланди. Ўн биринчи куннинг шомида эру хотин ясан-тусан қилишди-да, каминани меҳмонга олиб кетишди.

Уй лиқ тўла одам. Аввалида пойгакдан жой тегди. Хўрлигим келса-да, хониш килаётган ҳофизнинг созига сел бўлиб, мудраб қолибман. Бирдан уйғониб кетсам, тўрга қараб кетяпман. Тўрда эса бадавлат киши ўтирарди. Сотимбой ака ўша кишини қучоқлаб чўлпиллатиб ўпди, туғилган куни билан табриклаб, «совға оригинал бўлсин, дедим-да», деб мени унга қўшқўллаб топширди.

Тўра Барот деб ном чиқарган бу хўжайиним қанча меҳрини бермасин, хонадон жинимга ўтиришмади. Уйга кунора таниш-нотаниш одамлар бир нималарни ташлаб кетишади. Шунақалар келганида янгамиз қизариб-бўзариб кетар, «Вой, овора бўлиб нима қилардингиз. Эшитган қулоққа яхши эмас», дерди. Кишилар эса: «Овораси бор эканми, акамизнинг сояи давлатларида умргузаронлик қилганимиздан кейин, илинамизда», дея келтирган нарсаларини қўярда-қўймай ташлаб кетишади. Суҳбатнинг давоми хўжайин ишдан қайтгандан сўнг авж олади.
— Яна пора олдингизми? — деди янгамиз жеркиб.
— Қанақа пора?! – дўқ урди хўжайин қовоқларини чимириб. — Бизда «пора» деган гап йўқ! Бу — совға! Сен узумини егинда, боғини сўрама!
— Номи йўқ боғдан, денг, — деди янга ва жимиб қолди.

Мен эса «номи йўқ боғдан» деган гапни илиб олдим. Биз тўтилар, гапнинг маъносига унча етавермаймиз, «кесим»ини айтиб юборсак, керак одам «ега»сини топиб олаверади.

«Кўза кунда эмас, кунида синади» деганларидек, уйни тафтишчи босди. Ана, ол! Ҳамма ёқ остин-устин бўлди. Чўзилиб қолган янга бетига сув сепилгач, ўзига келди-ю, тилдан қолди. Тафтишчиларнинг сўроқларига ўзим жавоб бердим. Уйда барча нарсалар номи йўқ боғдан келганлигини айтдим-да! Жавобларим ишни халта қилди. Тўполондан сўнг, янгага тил битди-ю, ака йиқилиб тушди: ишдан ҳам мансабдан, ҳам... Саройдай уй ҳувиллаб қолди. Қарайдиган киши бўлмагач, мени арзон-гаровга сотиб юборишди.

Тўғри қассобнинг қўлига бориб тушдим. Эй, йўғ-э, янги эгам қассоб эди. Қассобнинг уйига келадиган гўштларни кўрганимда, бургут бўлиб туғилмаганимга афсус чекардим. Ҳа, айтганча, бу ҳовлида мендан ташқари Олапар деган ит бор эди. У семириб кетганидан ўрнидан туролмас, бегонани кўрса номига бўлса-да ҳуриб қўяй демасди.
— Итга суяк-пуяк олиб келсангиз-чи! Лаҳм гўшт ҳайф-да, — деди янга эрига зорланиб.
— Хотин, — деди Қассоб ака бармоғини пешанасига тираб бураркан, - мана бу еринг ишламайди! Суяк жарақ-жарақ пул-ку! Бу ҳовли-жой, бу молу давлат ниманинг орқасидан? Албатта, суякнинг орқасидан-да!..

Гап гап-у, миямга «суяк» ўтириб қолди. Рости, эру хотин мақтанишни хуш кўради. Уйга меҳмон келганда, «бу молу давлат ҳалол пулга келган», деб мақтанганларида, тинч туролмадим. «Суяк, суяк!» деявердим. Гапимга бир уй одам кулди. Нимагадир Қассоб ака менга ола қарадилар...

«Ҳамма бало тилингдандур!» деганлари шу. Бу ердан ҳам бадарға бўддим. Тирик қолганимга шукур қилиб, икки ой дўконда қон қақшаб ётдим. Охири биттаси «Кунибўйи хотиним уйда ўтириб зерикади, бола-чақа йўқ, эрмак бўлсин», деб сотиб олди мени. Дастлабки кунларда янги жойга кўникишим оғир кечди.

Феълига яраша Ҳалимбек ака эгарда ўтиролмайдиган ёшда, янгамиз эса ёнаман дейди: кўзлари ўйноқи. Тагига етсам, шу таннознинг ҳусну чиройига учиб, акам беш болаю хотиннинг баҳридан ўтган экан. Суҳбатларидан англадимки, эр чарс хотиннинг жиловини ҳали-ҳануз қўлга олмаган.

Ҳалимбек ака ишга кетгач, хотин кунибўйи ўзини у ёққа-бу ёққа урди, телефонда соатлаб гаплашди, эрини ёмонлади. Кейин телефонни қўйиб, менга дийдиё қилди. Тавба, деб гапирай: менга шунақанги ғалати қарадики, кўзи тешиб юборай деди. Уялганимдан кўзларимни олиб қочдим.

Шу аёл ҳаётимга суиқасд уюштирди. Тилини тиймаганнинг ҳоли шу-да! Айтсам, ишонмайсиз. Уйга барваста эркак кириб келди. Ўзи аёлга эркакнинг бегонаси йўқ, лекин бу эркак умуман бегона. У куноралаб яна келди. Зиёфат қуюқ, ҳиринг-ҳиринг жойида. Бир вақт аёлнинг: «Кўчқорвой ока, қуймичимни эзвордингаз-ку!» деган ноласи эшитилди. Ўша куни аёлга ёрдам беролмаганим учун ўзимни роса койисам-да, «Қўчқорвой ака» деган исмни эслаб қолдим. Ҳалимбек ака ишдан келганларида «Кўчқорвой ака» деявердим. Аввалида у киши эътибор бермади. Яна бир-икки бор такрорлаганимдан сўнг, эр хотинга қараб:
— Бунинг нима деяпти? — деб қолди. — Қўчқорвойи ким бўлди яна?
— Ишхонангиздаги Қўчқорвой-да, — деди хотин бепарвогина.
— Яхши, — деди Ҳалимбек ака паришонхотирлик билан пешанасини қашиб.
— Тўхта, сен-ку Қўчқорвойни танишинг мумкин, бу уни қаердан танийди?

Хотин типирчилади. Сўзлашга сўз қахат. Учқундан аланга чиқиб, роса томоша бўлди.

Эртаси куни хотин мени мушукка едирмоқчи бўлди. Қафасни очган заҳоти амаллаб қочдим ва дераза пардасига қўндим. Шиппагини отган эди, мўлжалдан адашиб дераза ойнасини синдирди. Шу ойна кўзидан чиқиб қочдим. Дарахтдан-дарахтга қўниб, болалар боғчасига бордим-да, тақдиримни боғча мудираси билан боғладим. Опа «болаларга овунчоқ», дея мени қафасга солиб, бир бурчакка қўйди. Опа бу ишидан кейин бир пушаймонлар еди, энди жойига тушмайди-да. У ҳар куни уйига халта-халта нарса таширди. Кейин ошпазлардан билсам, юлғич «болаларнинг насибаси»ни таширкан. Шунда: «Ҳа, яшшамагур! — дедим ичимда. — Сени бопламасамми!»

Ота-оналарнинг шикояти сабаб, дилимни бўшатувдим, эртасига опанинг бу ердан насибаси узилди...

Янги мудира опа анча айёр экан, собиқ касбдошининг ишдан кетганлиги сабабини сўраб-суриштириб: «Бизнинг орамизда сотқинларга ўрин йўқ! Бировга вафо қилмаган, бизга вафо қилармиди!» деди.

Бу нутқ менга қаратилган эди. Шу куни дўконга равона бўлдим. Бунга заррача ачинганим йўқ, фақат болажонларнинг кўз ёшлари юрагимни эзиб юборди...

Уйида китобдан бошқа ҳеч вақоси йўқ кишига эргашдим. У ҳар куни мени гапга солади. Билсам, ёзувчи экан. Бошимдан ўтказганларимни унга айтиб бердим...

Кеча ёзувчи бир газетани кўрсатди. Газетада суратим билан саргузаштларим чоп этилган. Шунда ўйладим: «Газетани кўпчилик ўқийди, суратимни кўради ва мен ҳақимда билиб олади. Мабодо ёзувчи билан келишолмай қолсак, тили бир қарич, ичида гап турмайдиган тўтини ким сотиб олади? Ҳеч ким! Нимагаки, ҳамма ўзидан қўрқади!»