OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИномжон Абдиев
Асар номиОққуш (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Иномжон Абдиев
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм20KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Оққуш (ҳикоя)
Иномжон Абдиев

Олти-этти яшар ўйинқароқ болакайман. Кеч куз эди чамаси. Вақт пешиндан ошган. Бувам билан далани қоқ иккига айириб, бетон ариқ бўйлаб то зовургача чўзилган тупроқ йўлдан кетаяпмиз. Ботинкамни қўлимга олволиб, иссиққина ҳовур кўтарилиб турган тупроқни ҳузур билан босиб бораяпман. Йўлдан хоммасига қамиш ортган мототсиклми, қўйлар сурувими ўтиб қолса, мен икки четини тикон босган, ичидаги тупроғи азбаройи сувсизликдан тарс-тарс ёрилиб кетган ариқнинг ичига яширинаман, бувам пахтазорга кириб турадилар. Кўтарилган қуюқ чанг тумани босилгач, юришда давом этамиз.

Бувам соқол қўймайдиган, узунчоқ юзли, қўй кўз, қотмадан келган, қишин ёзин эгнидан кўк беқасам чопон ва қора дўппи тушмайдиган, кам гап, гапирганда лунжини симириб-симириб гапирадиган, оғир вазмин киши. Жаҳлдор бўлмасалар ҳам, ўзларига яраша ўжарликлари бор, бир гал кумуш медалонларини момам лўлиларга японский рўмолга алиштирганларида бир ойгача ҳаммадан аразлаб юрганлар. Баъзида эртак айтиб беринг деб, хархаша қилсак, чап қулоқлари остидаги чандиқни кўрсатиб, бизни қўрқитадилар. Бу яра бувамга урушдан ёдгорлик. Сўрасак, моманг тишлаб олган деб қўядилар.

Урушда қатнашган бўлсалар ҳам қондан қўрқадилар, шунинг учундир уйимизда мол сўйилмайди. Баъзан қатлама қилиб, қон чиқариладиган бўлса, момомнинг ўзи минғирлай-минғирлай хўроз кўтариб далага чиқадилар. Баланд тепалик ёнидаги қуюқ жангал орқасига ўтиб, ўқловга миниб оладиларда, хўрозни сўйиб қон чиқарадилар. Ўша куни бувам дўстлариникига меҳмонлаб кетади.

Бувамнинг яна бир қизиқ одатлари бор. Ҳар йили куз келди дегунча кун ора қўшни қишлоққа, эски танишларини кўриш баҳонасида серқатнов бўлиб қоладилар. Аммо ҳар доим йўлнинг яримига бормай сафарлари қарийди.

Ҳозир ҳам ўша ёққа кетаяпмиз. Мен ўзимга эрмак топиб олганман. Ниятим соямдан ўзиб кетиш. Аммо ҳарчанд уринмай бунинг уддасидан чиқолмайман. Бувамга қараб юрсам, соям орқамга яширинади. Олдинга юрсам соямнинг изидан эргашаман. Зерикиб, олис-олисларга тикиламан. Ён атроф кенг пахтазор - терим аллақачон тугаган. Кимдир қўй боқаяпти, аллакимлардир моллари учун кўсак, чанғалоқ териб юрибди. Шу пайт кун ботар тарафдаги улкан тепаликка кўзим тушади. Унинг ёнбағри кўҳна Қовчин қишлоғининг қабристони. Бува, - деб сўрайман катталардан узуқ-юлуқ эшитган ривоятлар эсимга тушиб, - Мозорда туянинг елкаси борми?
— Ўркачи бор дейишади болам, - хатоимни тузатдилар бувам. - Бунинг тарихи ҳазрати Имом Мўйин ан Насафийга бориб тақалади. У киши авлиё даражасига етган уламолардан. Маккаи Мукаррамада ҳам бир муддат мударрислик қилганлар...

Бу гаплар қулоқ-қулоғимга сингиб кетган. Бувам айтишдан, мен эшитишдан чарчамайман. Айниқса авлиёнинг дўсти ҳақидаги ривоят менга жуда ёқади. Ўсмоқчилиб, ўша ҳақида гап очаман.

Бобом секин-секин одимлаган кўйи давом этадилар: «Ҳазратнинг қабрлари ёнида икки қабр бор. Бири қиз қабр - кимникилиги номаълум. Иккинчиси дўст қабр - ўринларига жон таслим қилган қадрдон дўстларининг қабри. Ривоятларга кўра, Азройил Имом Мўйиннинг жонларини олгани келганда, оналари дод солиб ёлворибди: ўғлимни эмас, менинг жонимни ол! Азроил ҳазратнинг волидаи муҳтарамаларининг жонини бир тортган экан, жони киндигига келган онаизор чинқириб юборибди: во-оҳ, бўлди, бас қил, жонимни қайтар ўзимга, кимнинг жонини олсанг олавер. Кейин оталари азроилга ёлворибди: Ўғлимни эмас менинг жонимни ол! Азроил у кишининг жонини бир марта тортган экан жон киндиккача суғрилиб келибди, ота тишини-тишига қўйиб бардош берибди. Иккинчи марта тортганда жони бўғзига тиқилган ота ҳам бақирибди: - Бўлди, бас, ўғлимнинг жонини олавер. Шунда яқин дўсти азроилга пешвоз чиқиб, мана менинг жонимни ол, дебди. Азроил бир марта тортибди, дўстдан садо чиқмабди, кейин яна тортибди, миқ этмасмиш. Азроил айтибди: ҳеч бўлмаса бир маротаба оҳ, де, жонингни ўзингга қайтараман?
— Э, йўқ, - дебди дўст жон аччиғида лаблари титраб, - олавер, дўстим учун мингта жоним бўлганда ҳам, яна минг маротаба нариги дунёга тегишли азобни тортишимни товонимдан тирноғимнинг учигача ҳис қилиб турган кўйимда ҳам мингта жонимни дўстимнинг бир тола сочига алишмайман. Туғишгандан тутинган азиз деб шунинг учун айтилган. Имом Мўйин қабрлари ёнидаги қабр ўша жўмард дўстлариники. Энг аввал ўша қабр зиёрат қилинади.

Ичкарида баланд туғ остида авлиёнинг қабри бор. Душманлар ўлдирмоқчи бўлиб, таъқиб қилганида аввал бургутга айланиб, кейин туяга айланиб қочиб то шу ерга келганда еростига кириб кетганлар. Бир ўркачлари ер юзасида қолган...

Бува, одамам туяга айланадими, ишонқирамай сўрайман?
— .... Ҳа, бола-ам, иймони бутун, ўз нафсини енгган, авлиё одамлар, хоҳлаган қиёфаларига кира олишади.

Бу орада катта йўлга чиқиб, икки қишлоқни бир-биридан ажратиб турувчи зовур ёқалаб юрдик. Қамишларни шитирлатиб, ғийқ-ғийқ қилганча, сувга шўнғиётган ёввойи ўрдаклар диққатимни тортди. Сўнг нимадир эсимга тушиб, яна бувамга юзландим:

Бува зовурда илон борми?
— Ҳа бор.
— Шоқолчи
— ...
— Шоқолнинг шохи бўладими?

Бобом жим, беъмани саволларим жонларига теккан шекилли, гапирмадилар.

Ўзим билан ўзим бўлиб, олдинга зовур бўйлаб катта асфалт йўлга олиб чиқувчи туянинг ўркачисимон йўлдан югургилаб кетдим. Илиққина эсаётган куз шамоли димоғимга яхтак зах ҳидини уради. Қайсидир йили сув омборга бориб, балиқ тутганимиз ёдимга тушиб, ширин энтикиб қўяман. Ниҳоят чопа-чопа кўприкка етиб келдим. Бувам ҳали орқада, пайтдан фойдаланиб пастга тушиб зовур ичига мўралайман. Қурбақаларга виж-виж сузиб юришибди. Балиқ йўқ, бўлсаям кўринмайди. Бувам етиб келганларидан кейин икки чеккасидаги темирлари майишиб кетган пилта кўприкдан қўшни қишлоқ ҳудудига ўтдик. Улар негадир тўғри йўлдан юрмай, буғдой экиш учун тайёрлаб қўйилган майдон четига ўтириб олдилар. Юрамизми, юрмаймизми деб иккиланиб турдим. Сўнг ёнларига чўкиб, елкаларига бош қўйдим. Чопонларига нос ҳиди ва аччиқ тер ҳиди уриб қолган. Елкаларига бошимни қаттиқроқ босиб, тўйиб-тўйиб нафас симирдим. Бу ҳид менга жуда-жуда таниш ва қадрдон. Шу тобда яхшигина чарчабман шекилли, бирданига уйқум келиб қолди. Қўлим оғзимга югуриб, хомуза торта бошладим.
— Бува қачон уйга қайтамиз дедим кўзимни ишқалаб. Бувам гапимни эшитмадилар. Улар тош қотибдилар. Ҳайрат билан нигоҳлари изидан эргашдим. Диққат эътиборлари дала ўртасидаги оқ байроқда. Узоқдан у таёққа тиркаб қўйилган оқ матога ўхшайди. Аммо у мато эмас, оққуш. Бобомнинг тилидан тушмайдиган, эртакларидан кетмайдиган, оққуш. Ҳар йили кузда уч-тўрт кун қишлоқ осмонида парвоз қилиб, кейин йил бўйи кўринмайди. Баъзида даланинг ўртасига, фақат бир жойга қўниб, соатлаб шу зайлда тураверади.
— Мени яхши кўрасанми, - тўсатдан бувам тилга кирди, кўзларини оққушдан бир зум узмай. Кейин жавобимни ҳам кутмай давом этдилар, - мен бобомни жуда-жуда яхши кўрардим. Исмлари мулла Аҳмад эди. «Қуръони карим»ни ёддан билардилар. Уйимиз мана шу пахта даласининг ўрнида эди, кейинчалик кўчиб, эски иморатлар бузилиб кетди. Китоблари жуда кўп эди. Бир куни ҳаммасини кигизга ўраб, ҳовлидаги қудуққа кўмдик. Икки кундан кейин бобомни олиб кетишди. Диндор, номоз ўқийди деб, буғдой тўкилган омборхонага қамаб қўйибдилар. Уч кунгача ҳеч ким хабар олмабди.

Шу пайт чаккамга сув теккандек бўлди. Қарасам бувамнинг ажин босган юзида ёш йилтираяпти. Бир нуқтага термулиб гапираяптилар.
— Бобожоним одамзот мукаррам қилиб яратилган деб чармасдилар. Қўли очиқ, закий инсон эдилар. Жонзотларни яхши кўрардилар. Ўсимликларга меҳр-муҳаббатлари баланд эди. Асирлик чоғлари ҳам ризқу-рўзимиз буғдойни – нондай азиз билиб, ҳаром қилишни истамабдилар, омборхонада қовуғлари ёрилиб, жон таслим қилибдилар ...

Бувам ҳикоялари шу жойга келганида тин олиб, кўзларига инган ёшни увадаси чиқаёзган чопонларининг енги билан артдилар.

Ғамгин ҳикоядан таъсирланиб кетдим, яна бир муддат шу ҳаяжонда қолдик. Улар мана шу оққуш менинг бобом деб айтмадилар, лекин ўзлари шундайлигига заррача шубҳа қилмаётганликларини ёш ва сезгир юрагим билан ҳис қилиб турардим. Бетизгин хаёлларим кўз ўнгимда буғдой устида қорни ёрилиб ётган бувамнинг бувасини номоён қилади, гоҳ кигизга ўралиб қудуқ ичида кўмилиб ётган эски китобларга, гоҳ бувамнинг ёшлиги ўтган ҳудудда соатлаб қотиб турадиган оққуш томонга ўрмалайди... Қуёш уфққа бош қўяёзган пайтдагина ўрнимиздан қўзғалдик. Бир неча кундан сўнг ўртоқларим билан ўрдак тутиш учун қўйларни зовурга олиб бордик. Бир киши қўйларга қараб турибди, қолганлар зовур ичида ўрдакларни қувлай кетдик. Улар жуда қочқоқ экан. Зип этиб кўринади-ю, кейин сувга шўнғиб кетади. Қува-қува чарчаб ҳафсаламиз пир бўлди. Шу пайт теппада қолган ўртоғимиз – Вой бу, анавини қаранглар, бир киши от чоптириб келаяпти, деб қолди. Югуриб, дўнгликка чиқдик. Отлиқ бизга яқинлашганда секинлашди. Дарров танидим. Қишлоқ раисининг ўғли Шокир экан. Унинг оёқлари узун-узун, пешонасида қашқаси бор, кишнаганда ўйноқлаб кетадиган отини ўтган йили бир марта миниб кўрганман. Шокир ёнимизга келди-да, отдан сакраб тушди. Биз гижинглаб турган қашқа отни ўраб олдик. Шу пайт кўзим оққушга тушди. Унинг узун жонсиз бўйни отнинг қорнига шалвираб осилиб турибди, оёқлари эгарга чандиб ташланган. Шокирнинг елкасида милтиқ. Сесканиб кетдим. Ичимдан нимадир узилгандек бўлди.

Қандай уйга етиб келганимни билмайман. Келсам, бобом – дарвозахонада каравотга ёнбошлаганча чой ичиб турибдилар. Нафасим бўғзимга тиқилиб, -оққуш, оққушни Шокир отибди, оққуш ўлди, деб бақирдим.
— Оққуш, - бобом ўзларига қовушмаган тезликда сапчиб ўринларидан туриб, каравотдан ҳам сакраб тушдиларда, бир зумда ёнимга етиб келдилар. Елкамдан ушлаб, қаттиқ силкитдилар - ким у Шокир? Елкаларим зирқираб кетди. Бобомни ҳеч қачон бу ҳолатда кўрмагандим. Раисининг ўғли, дедим базўр.

Бувам шиддат билан кўчага отилдилар. Раисникига кетди деб ўйладим. Биздан учта-тўртта уй нарида туради. Келиб қоларлар деб, жойимдан жилмай кутиб турдим. Ҳаял ўтмай дарвозадан қоралари кўринди. Титраб-титраб келаяптилар. Алланечук бўлиб кетдим. Қўлларида жонсиз оққуш. Узун бўйни осилган, қанотлари чанг тегибди. Уни олиб келиб супа устига қўйдилар. Кейин ўзлари ҳам чўк тушдилар. Бобомга йиғлаяпти, мен ҳам қўшилиб йиғлаяпман. Бобомга ачинаяпманми, ёки оққушгами буни ўзим ҳам билмайман, лекин ичимдан кўпчиб-кўпчиб йиғи келаяпти. Шу пайт дарвоза очилиб дадам кўринди. Ёнимизга келиб, ҳолатимиздан донг қотдилар. Менинг ёдимга эса, лоп этиб зовурда қолиб кетган қўйларим тушди, ими-жимида ўша ёққа югургиладим.

Қайтиб келсам, бобом ҳовли тўридаги тут дарахти остини қазиб, оққушни кўмаётган эканлар. Нотаниш туйғу таъсирида ёнларида турдим. Бувам йиғлаб-йиғлаб оққушни тупроққа қўйдилар. Эсимни таниганимдан бери тилларидан тушмайдиган оқ байроқни ерга кўмдилар.

Ўша кундан кейин бувамнинг ғамгинлиги тарқамади. Очилмадилар. Эртакни ҳам онда-сонда эшитадиган бўлиб қолдик. Ярим йил ўтар-ўтмай ўзлари ҳам ёруғ оламни мангуга тарк этдилар. Бўзлаб-бўзлаб қолавердик.

Бувамнинг тобути қўлма-қўл мозор томон лапанглаб кетаяпти. Тобутнинг тўрт тарафи оппоқ мато билан ўралган. У майингина эсаётган шамолда оҳиста ҳилпирайди. Ёш кўнглим бузилиб, тумонот одамлар ортидан маюс тикиламан. Кўз ўнгимда оқ байроқ – оққуш гавдаланди. У қишлоқ осмонида қонсиз, лойсиз қанотларини ёйиб Имом Мўйин томонга парвоз қилиб кетаётгандек.