OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИноят Раҳмон
Асар номиКелин (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Иноят Раҳмон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм45KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/04/03
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Келин (ҳикоя)
Иноят Раҳмон

Фотиҳадан сўнг меҳмонлар бирдан қўзғалди. Божам уларни кузатгани чиқди. Гангур-гунгур овозлар аввал даҳлизда, сўнг долонда анчагача эшитилиб турди. Даврада уч-тўрттагина одам қолдик. Тўрроқда икки қария ўтирарди. Улардан бири, чувак юзлиси менга сал-пал таниш, божамнинг қариндошларидан. Аммо иккинчиси ким бўлди экан? Сира эслай олмадим.

Қариялардан бири бафуржа суҳбатга ҳозирлангандек, сал энкайиб чордана қуриб ўтирди ва тиззалари устига ёстиқ қўйди. Унинг ориқ елкасидан кураклари сўппайиб чиқиб турарди. У кексаларга хос ҳаракат билан чой қуйди ва пиёлани қалтироқ қоқшол панжалари орасида базўр тутиб, шеригига узатди. Сўнг томдан тараша тушгандек қилиб:
— Сизники қайдан, меҳмон? — деб сўради. Иккинчи қария худди шу саволни кутиб тургандек, пиёлани оҳиста ерга қўйди-да:
— Ҳазорадан, — деб жавоб берди бамайлихотир.
— Ҳазорадан? — дея қайта сўради чол ажабланиб. Унинг тиниқ кўзлари оппоқ қошлари остидан шеригига тикондек қадалиб турарди: — Раимқулга ким бўласиз?
— Қуда! — деб қисқа жавоб қилди меҳмон ва ер остидан суҳбатдошига бир қув назар солди. Афтидан, меҳмоннинг суҳбатга тоби йўқроқ, шекилли, безовта қилишаётганидан оғринаётгандек эди.

Мен улар суҳбатига қизиқиб қулоқ сола бошладим.
— Э, ҳа-а... — деди чол чўзиб, овози бироз шанғироқ эди. — Ҳартугул боятдан бери танимай турибман. Шарифа сиззи улингизга тушган-ма?
— Ўғлимга эмас, неварамга, — тузатди уни камгап суҳбатдоши ва ёнимизда ўтирган йигитни кўрсатиб: — Ана ўзи!.. — дея қўшиб қўйди.
— Э, ҳа, ҳа... — деди чол бир тутам соқоли учини ўйнаб, йигитни бир сирра кўздан кечириб чиқди. — Яхши, яхши... Адашмасам улар Бухорода бирга ўқишган, ўқишда топишган, шундай-ма?
— Шундай.
— Дуруст, дуруст... Сиззи тўй-пўйда кўрган чиқарман, лекин қаричилик-да, кўздан чиқибди... Айбга буюрмайсиз, қуда...
— Ман тўйга келолганим йўқ. Кўрмаганингиз рост. Фарғонада эдим. Бу ерга биринчи бор келишим...

Қуда бува ҳам чўнқайиб, ёстиқни тиззасига қўйиб олди.
— Фарғонада дейсизма, нечук? — деб сўради чол бўйнини чўзиб.
— Санаторийда эдим.
— А, ҳа... Шуйтиб кўзим тушмаган экан-да, эмасам, бир кўрган одамимни дарров танийман...

Бу орада меҳмонларни кузатиб қайтган божам кириб ҳаммамиздан: «Қандай, зерикмай ўтирибсизларми?» деб сўради. Биз: «Яхши, раҳмат» дедик. Божам мен томонга энгашиб, жилмайди-да: «Бафуржа ўтираверинг, Олтиной ҳали-бери чиқмайди. Опа-сингил бир хумордан чиқсин!..» деб шипшиди. Қуда бува ҳам божамдан: «Бизани келинниям туриш нияти борми?» деб сўради. Божам: «Она-болани биласиз-ку! Олти ойда бир кўришади-ю, дарров қўйиб юборармиди?» деди кулиб.
— Қисинманг, қуда, — деб далда берди чол ҳам, — бир кеп қопсиз...
— Йўл узоқ. Қоронғуда туртиниб юрмайлик деяпман-да. — деди меҳмон узрхоҳлик билан.
— Э, мошинага нима, бир паслик йўл!... — деди божам жилмайиб. — Язна, сиз қудамни зериктирмай ўтиринг!...

Чол шалвиллаб ётган бақбақасини қашлай туриб:
— Қуда билан ҳозиргина топишдик-да ўзиям! — деди. Ҳаммамиз кулиб юбордик.
— Энди ҳеч қаёққа кетмайсиз! — деди чол кулгидан руҳланиб. — Бугун ётиб қоласиз. Азонда ўзим кеп опкетаман. Оллоҳннг паноҳида бир отамлашайлик! Эҳ-ҳе, қанча сувлар оқиб кетди... Айтмоқчи сув тегирмони олдида чиройли бир мачит бор эди, турибдима?
— Э, қаёқда туради! — деди қуда бува ва сал жонлангандек бўлди. — Бузилиб кетган. Аввал колхоз отхона қилди, кейин омбор бўлди. Отам бригадирлик қилган даврида наридан бери тузаттирувди. Адҳам бригад «зах босиб кетибди, эскилик сарқити-да» деб буздириб ташлади.
— Ҳай, эссиз-а!.. — деб бош чайқади чол. — Нонкўр одамлар ҳам кўп-да...

Орага бироз жимлик чўкди. Божам билан куёв бола нима ҳақдадир шивирлашиб гаплашишарди.
— Биз томонларга нима юмуш билан боргандингиз? — деб сўради қуда бува чолдан. У нима учундир чолнинг қулоғи оғир бўлса керак деб одатдагидан баландроқ оҳангда, бироз хирилдоқ овозда гапирарди. Чол ҳам уни шундай деб ўйлаб, чийиллаган товушда қаттиқ-қаттиқ сўзларди. Xуллас, иккаласининг тиззасига ёстиқ қўйиб юзма-юз ўтириши ва бир-бири билан баланд овозда гаплашиши худди парти кетиб қолган хўрозларнинг дон талашаётганига ўхшарди.
— Бир холам адашиб бориб қолган экан, ўшани излаб... Ўзиям томдай гаранг эди, бечора!..

Қуда бува ўмганини сал кўтарди-да:
— Қайси йиллари? — деб сўради.
— Гирмон урушидан аввалги йиллари...
— Оти нима эди?
— Оти Xосият эди! Мабодо эшитган чиқарсиз?
— Xосият? — дея ажабланди қуда бува ва бит кўзларини ҳайратга тўлдириб чолга тикилди: — кар келин эмасми?
— Xудди ўша!.. Ҳа-ҳа... — деди чол қувониб. Уни танирмидингиз?
— У бизаникида тўрт йил яшади.
— Сизларникида?...
— Ҳа, — деди қуда бува янада жонланиб. — У киши бизларга ўгай она эдилар...
— Ия! — дея сапчиб тушгандек бўлди чол. — Сиз... ҳали Исмоил аканинг улимисиз?
— Ҳа, каттаси.
— Ў қудратингдан!... Буни қаранг-а, тоғ-тоғ билан учрашмас экан, одам-одам билан... ё, тавба!..

Иккала чолнинг бир-бири билан эскидан ошна чиқиб қолиши ҳаммамизни қизиқтирди. Жимгина уларни кузата бошладик. Қариялар қайта бошдан кўришишди.

Ниҳоят бизнинг чол:
— Отангиз бандаликни бажо келтирган чиқар? — деб сўради.
— Ҳа, узоғи йили... Xолангиздан кейин қайтиб уйланмади, узоқ ҳам яшамади. Xолангизни ёнига қўйганмиз.
— Xудо раҳмат қилсин. — Чол юзига фотиҳа тортди: — Жаннати одам эди, бечора...

Орага яна жимлик чўкди.
— Сиз тегирмон новига тош тиқиб сувини тўхтатиб қўйган бола эмасмисиз? — деб сўради меҳмон.
— Ҳа, худди ўшаман! — соқолини ғижимлаб қиҳ-қиҳлаб кулди чол. — Ҳозир маниям хаёлимга шу воқеа кеп туриб эди... Буни қаранг-а, қанча йиллар! У пайтларда гўл бола эдик...
— Ҳа, умр оқар дарёдай гап...
— Болалик аҳмоқлик, деб шуни айтадилар-да! Эмасам, сув йўлига тош тиқиб зарил қоптима?..
— Ҳа, энди бир бевошликда!
— Шундай, шундай... — ҳам тили билан, ҳам боши билан тасдиқлади чол. — Тегирмончи ёмон ҳақорат қилувди...

Иккала қария ёшликда қилган бевошликларини эслаб анча кулишди. Ниҳоят чол:
— Xолам сизларникига қандай бориб қолган экан? — деб сўради.
— Онам раҳматлик очарчилик йиллари ўлди. Биз тўрт гўдак — икки ўғил, икки қиз етим бўлиб отам қўлида қолдик. Замон оғир, бир томонда уруш, хавф-хатар... Нон десак кесак ғириллайдиган кунлар эди. Колхозлар тузилгану, аммо ҳали жуда ночор... Шундай кунларда отамни «старши» қилиб кўтаришди. Уни топгани катта рўзғорга урвоқ бўлармиди? Пишир-куйдирга, кир-чирга сингилларим ёшлик қиларди. Бир куни одамларга иссиқ овқат тайёрловчи ошпаз хотин отамга: «Бир кар келинчак пайдо бўлган. Анчадан буён менга ёрдамчи. Шу қулоғи демасанг, ақлу ҳуши, ҳусни жойида... Ҳамма гапни тушунади, гапиради. Шуни ола кет, ман кўндириб берай. Етимларингни бошини силаб, рўзғорингни обод қилар», дебди. Отам олиб келди, жуда юввош, меҳрибон аёл экан, то ўлгунча бизникида қолиб кетди...
— Э, нимасини айтасиз! — сўлиш олди чол ва ғамгин бош чайқади. — Жуда меҳнаткаш аёл эди, бояқиш...
— Ҳақ рост! — деб маъқуллади иккинчи қария. — Фариштадай аёл эди! Ўтмишидан сира оғиз очмасди. Фақат бир опам бор, дер эди. Қай тарзда пайдо бўлган бўлса, шундай сирли тарзда ўлиб кетди, бечора... Тўрт йил бирга яшаган бўлсак-да, кимлигини билолмадик. Бари дардини ичида сақларди. Лекигин ўтмишида қаттиқ хўрлик кўргани, азоб-уқубат чеккани билиниб турарди. Биз бошда унча хушламаган бўлсак-да, у заррача парво қилмасди. Ҳаммамизни оқ ювиб, оқ тарарди. Айниқса, сингилларимни еру кўкка ишонмасди. Ўз сўзини ўзи эшитмаса-да, бизга мулойим, ёқимли сўзларни топиб гапирарди. Жуда ҳушёр аёл эди — ҳамма гапни кўзи билан англаб, кўзи билан гаплашарди. Қўшнилар уни «кар келин» дейишарди. Бунга бизнинг аччиғимиз чиқарди. Ҳақиқий исмини билмасдик ҳам. Отам сира исмини айтмас, лабини қимирлатиб бир имо қилса, бас, нима деяётганини дарров фаҳмларди. Ўлганидан кейин оти Xосият эканлигини билдик. Бечорани умри қисқа экан. Унга худони раҳми келди, шекилли...
— Ҳа-а, — деб уф тортди чол: — Адашмасам 33 ёшларда кетди-ёв?..
— Xудди шундай. 33 ёшида, қабр тошига ёзиб қўйибмиз.
— Барака топинглар! — деди чол енгил хўрсиниб. — Яхши иш қипсизлар!.. Xудо хоҳласа, Шарифаникига борганда, холамнинг гўриниям зиёрат қиламан-да...
— Жуда яхши бўлади, албатта ўтинг! — деди қуда бува кенг соқолини сийпаб.

Яна сукут чўкди. Чол чойдан қуйиб, энтика-ентика ичди. Ҳар ютинганида кекирдагидаги лўкидони юқорига бир сапчиб тушарди.
— Xолангиз биз томонларга нега бош олиб кетган, сабабини сиз биларсиз? — деб сўради қуда бува суҳбатдошига зимдан назар солиб.
— Ҳа, оз-моз хабарим бор, — деди чол ва яна соқолини чимчилаб сукутга кетди.

Бу жавоб ҳафсаламни пир қилди. Тўғрисини айцам, қуда буванинг саволи мени ҳам дилимдаги савол эди. Кар келиннинг сирли ўтмиши ҳаммамизни қизиқтирарди. Шунинг учун чолга умидвор тикилдим. У эса носқовоғини чиқазиб, эзмаланиб бир кафт нос отди-да:
— Буни тарихи узоқ, — деди соқовланиб ва кўзларини юмиб олди. Шу куйи анча турди. Ҳаммамиз унинг оғзини пойлардик. Чол суст ҳаракат билан дастёр бола келтирган кичик дасцҳўйга носини тупурди, кейин лаб-лунжини артди-да: «Аслида отам ўша холамнинг касрига ўлиб кетди», деди. Сўнг бу хулосасидан ўзининг ҳам кўнгли тўлмади, шекилли, «Балки тақдир шундай бўлгандир...» — дея қўшиб ҳам қўйди.
— Йўғ-е, нима бўлганди ўзи? — деб сўради қуда бува тоқацизланиб.
— У пайтларда мен анча ёш эдим, ақлим кўп нарсага етмасди, — деб ҳикоясини бошлади чол. — Оқ пошшони йиқитишиб, янги ҳукумат тузилаётган пайтлар. Ҳаммаёқ алғов-далғов. Ким дўст, ким ғаним, ким ҳақ, ким ноҳақ — ажратиш қийин. Замона бузилиб, айниб кетган. Турмушдан хайри барака кўтарилиб, офат дориган палла...

Онамнинг онаси дардчил эди, бу қийинчиликларга чидай олмай узилди. Кичик қизи — Xосият холам шўппайиб бир ўзи қолди. Замона айниб турганда бўйсара қизни ёлғиз қолдириб бўлармиди? Қайга борсин бечора! Онам отам билан маслаҳатлашиб бизникига олиб келишди. Xолам эндигина 16-17 ёшларга кирган, оқ сариқдан келган жуда чиройли қиз эди. Биз уни хурсандчилик билан кутиб олдик. Бир насиба кўпайган бўлса-да, фойдаси рўзғоримизга кўп тегарди.

Лойгарчилик тугаб, ёз энди бошланган пайтда оқсоқолимиз «Кориздаги буғдойнинг қилтиғи қизарди, тез ўриб олмасак тўкилиб кетади», деб ишга яроқли аёлу эркакни тоққа юборди. Отам билан онам ҳам кетишди. Xолам биз билан қолди. Бир куни қизиллар пайдо бўлди-да, ҳаммани мачит олдидаги майдонга тўплади. Шапкасида юлдузи бор биттаси отдан тушмай, дағдағаю пўписадан иборат нутқ сўзлади. Сўнг оғиз-бурни тугул, қулоғини ичигача жун босган бир давангини бизга кўрсатиб: «Мана бу озиқ йиғувчи комиссар бўлади. Ҳамма унинг талабини бажариши шарт!» — деди кўкариб кетган лабларини ялаб. — Марказдан махсус топшириқ бор — қишлоғингиз икки юз пуд ғалла бериши керак. Бақир-чақирни бас қилинг, гражданлар!.. Биламан, янги ҳосил ўриляпти. Аммо у қачон янчилиб, қачон келтирилади — унгача 10-15 кун ўтади! Ҳукуматга эса бугун-ерта керак. Сизларнинг озиқларинг Қизил Армия учун, ёш Совет мамлакати учун зарур. Озиқ марказга юборилади, эшелон Карманада кутиб турибди!.. Сиз муғомбирларни яхши биламиз. Ғалла бўлса-да, йўқ дейсизлар. Кимда ким қасддан ғалласини яширса беаёв отиб ташлансин! Эрта-индин трибунал келади. Ўртоқ комиссар. Сизни ғайрат ва ташаббусингизга ишонамиз. Уч кун муҳлат!..» деди-да отига қамчи босиб кўздан йўқолди.

Оломон ини бузилган аридай ғувуллайди, ҳамма карахт, ожиз...

Бутун кулфат ана ўша кундан бошланди. Қишдан рамақижон бўлиб чиққан деҳқон шўрликда дон қоптими? Довучча, шўра еб кун кўришяпти-ю... Битта-яримта ўзига тўқроқлар оғзидаги ошини олдиришни истамай, қолган-қутган дон-дунини кечалари ўзларига маъқул жойларга кўмиб қўйишибди. Уларни касофати ҳаммамизга урди. Қишлоқда қизилларнинг хуфяси борлигини ким билибди дейсиз?.. Икки кун ичидаёқ уч киши намунали отувга ҳукм қилинди! Қолганлари қўрқиб кўмган донини ўзлари чиқариб бердилар. Буғдой, тариқ, оқ жўхори ортилган аравалар кўчалар тўпирини чиқариб у ёқдан-буёққа ғиз-ғиз қатнайди. Бу оч бўрилар кошки тўйса!..

Комиссар бошчилигида уч-тўрт аскар бола уйма-уй юриб дон йиғади. Комиссар деган касофат чўрт кесадиган, муомалани билмайдиган, қўпол авбошлар хилидан экан. Бостириб кирган хонадондан, ҳе йўқ, бе йўқ, «Дон бер!» деб сўрайди. «Дон қолмаган» десанг, «Нега йўқ?» дейди. Йўқни йўндириб бўларканми? «Яширгансан, топ!» дейди ўдағайлаб. «Ўзимиз очмиз» десанг, ишонмайди. «Бекор айтибсан! Ў ҳозир яширган донингни топасан, ё биқинингдан дарча очаман, — дейди тўппончасини деҳқоннинг қорнига тираб. — Билиб қўй! Дон яширган ўрангга ўзингни уч марта кўмиб, уч марта кавлаб оламан!...» Шундан сўнг бечора деҳқон нима қилсин! Бор қур-қутини чиқариб беради-да...

Бизни қазноқдан икки калапўш оқ жўхори топилди. Комиссар менга кўмганингни топ дейди. Мен йўқ дейман, болалик қип қўрқиб, йиғлайман. Xолам ичкарида эди. Комиссарнинг менга қилаётган зуғумига чидаёлмади, чоғи, кичкина бир бўхча кўтариб чиқди-да, тўғри номаҳрамнинг олдига келиб: «Ма, манавини ол! Онамдан қолган бисот. Xотинчангга берарсан!.. Энди укамни тинч қўй!» деди. Асти бундай қилмаса бўларди... Комиссарнинг кўзлари ўлжа ҳидини сезган шерникидай ёнди. Xоламни бошдан оёқ кузатиб чиқди. Бўхчага эътибор ҳам қилмай тишларини ғижирлатди «Ў, зўрсан-ку маржа! Буржўйни қизимасмисан мабодо?», деди беўхшов тиржайиб. Xолам: «Мен буржўйни қизи эмасман, чорикор деҳқон қизиман. Ота-онам ўлган, етимман!..» деди ва шахд билан бурилиб, мени енгимдан тортди-да, ичкарига бошлади.

Касофат комиссар ҳовлида бирпас серрайиб тургач, «Шошма, ҳой маржа», дея ортимиздан юрди. Аскарлар бепарво иржайишиб-тиржайишиб ҳаммаёқни остин-устин қилиш билан овора эдилар.

Биз уйга киришга кирдигу, лекигин занжирлашга улгуролмадик. Кучли тепкидан эшик туруми қўпорилиб кетди. Жундор комиссар қутурган буқадек ҳайбатли эди. У ҳансираб, ранги ундек оқариб кетган холамга чанг солди. Xолам шўрлик вой-чай қилиб ўзини опқочишга уринарди. Қаёқда, давангига кучи етармиди!... Ўш бола бўлсам-да, ҳартугул эркак кишиман, қараб туролмадим, бориб комиссарнинг этагига ёпишдим. У кўзлари қонга тўлиб менга қаради-да: «Йўқол, бу ердан!» деб пишқирди. Мен жоним борича тортқилайвердим. Охири у шарт ўгирилди-да, мени тепиб юборди. Пойгаҳга учиб тушдим. Кўз олдим қоронғилашиб қанча турганимни билмайман, бир пайт кўзимни очиб қарасам, лаънати менга тўппонча ўқталиб турибди. Xоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, аъзойи баданимдан енгил бир ҳовур кўтарилиб, тилимни тагигача музлаб кетди! «Ҳозир сени ғаллани яширган унсур сифатида итдай отиб ташлайман, ярамас бола!.. — деди: — Қани бу ердан қури-чи!..»

Жон ширин экан, қуда, эмаклаб чиқиб кетдим...

Чол ҳикоя қилишдан тўхтаб, чой ҳуплади. Кўзларидаги намни сочиқ билан артди. Томоқ териси шалвиллаб, иягининг икки ёнида иккита халтача осилиб турарди. Ҳаяжони бироз босилгач:
— Ўша пайтда қилган қўрқоқлигимни ҳали ҳануз кечиролмайман! — деди ўйчан. — Эсимга тушса иситмам чиқиб кетади...
— Бундан ортиқ қўлингиздан нимаям келарди, ахир жуда ёш бўлгансиз-да! — деди қуда бува тасалли оҳангида.
— Тўғри, ҳеч нарса келмасди! Лекигин холамни ёлғиз ташлаб кетмаслигим керак эди...
— У ярамас сизни отиб қўйиши ҳам мумкин эди-да! — деди яна қуда бува ҳамдардлик билан.
— Ҳа, бу унинг қўлидан келарди. У ўша топда ҳеч нарсадан қайтмасди...
— Xўш, кейин нима бўлди? — деб сўради меҳмон ўртага чўккан жимликни бузиб.
— Кейинма?.. Кейин ташқари чиқсам, укаларим майдонда тўпланишиб, из-из йиғлаб туришган экан. Ичкаридан ўзини ҳимоя қилаётган бечора холамнинг беаёв чинқириғи эшитиларди...

Худди шу асно осмондан тушдими, ердан чиқдими, билмадим, қўлида ўроқ билан отам пайдо бўлиб қолди! У ҳозиргина кўпкаридан чиққан отдай ҳансирарди. Бизгаям иши бўлмай, тўғри уйга бостириб кирди. Ортидан мен ҳам эргашдим. Комиссар холамнинг додлашига, йиғлашига, ялиниб-ёлворишига парво қилмай, кийим-бошини бурдалаш билан банд экан. Бизни кирганимизни пайқаганиям йўқ. Отам ғазабдан кўкариб: «Нима қиляпсан, ҳайвон!» деди-да, аямай, кураги ўртасига ўроқ санчди! Комиссар кўзи олайиб ўгирилди ва отамга кўзи тушди. У то ўзини ўнглаб олгунча отам ўроқ билан қаншарига боплаб туширди. У бегона тилда бир нималар дея ғудранди, юзини чангаллаб, чўк тушиб ўтириб қолди. Отам уни тепиб юборганди, худди таги чириган кундадай ағанаб тушди. Бир пасда ҳаммаёқ қон бўп кетди.

Холам эса увада кўйлагини чангаллаганча даҳшатдан ҳайкалдай қотиб қолган эди!.. Шовқин-суронни эшитиб аскарлардан бири ҳовлиқиб кирди, фожиани кўриб, ранги оқариб кетди. Сўнг ҳамон важоҳатдан қалтираб турган отамга милтиқ ўқталди. Отам индамай уни кўзига боқди. Аскар нима учундир отмади. Охири отам уни туртиб юбориб эшикка йўналди. Шундан сўнггина аскар ўзига келиб, отам орқасидан ўқ узди. Отам менга ўхшаган кичик жуссали эди. Лекин уни ўққаям чап бера оладиган даражада чаққон эканлигини билмаган эканман!... Бир зумда йўқ бўлди қолди! Ўқ овозини эшитишган аскарлар чопиб келишди. Аҳволни кўриб, бақириб-чақириб, муҳокама этишди-да, охири иккитаси ярадор бошлиқларини аравага солиб, штабга элтадиган бўлишди.

Отам шу кетганича икки ой бедарак йўқолди. Унинг изиниям топишолмади. Биз аввалига ўқ-сўқ теккан бўлса тўқай-мўқайда ўлиб қолиб, этини шоғоллар еб кетдимикан, деб ўйладик. Йўқ, кейинчалик билсак, отам Эргаш Тўқсабо тўдасига бориб қўшилган экан. Ўша пайтда ёри, хотини, қизи, янгаси номусига чидай олмаган аламзада йигитлар Тўқсабо тўдасига бориб қўшилишарди. Улар кун сайин кўпайиб, қизилларнинг додини беришди. Биз томонларга умуман доримай қўйди. Энди отам бемалол уйга келиб кетарди...
— Комиссарга нима бўлди? У ўлибдими? — деб сўради қуда бува чолнинг сўзини бўлиб.
— Йўқ, жони қаттиқ экан номардни! Карманага элтиб даволатишибди. Лекигин уни, барибир, Қорақисмоқда Тўймурод тоға отиб ўлдирди! — деди чол.
— Ажаб бўпти! — деди қуда бува соқолини сийпалаб: — Бу, отангиз қандай қочиб қутулибди?
— Ўзимам ҳозир шуни айтмоқчи бўп турувдим, — деди чол мийғида жилмайиб. — У пайтда қишлоқда кўчанинг ўзи йўқ эди. Уйлар яккам-дуккам, якка хўжаликда. Ҳар бир ҳовлиниям, уйниям иккитадан эшиги бор — биридан кирасан, иккинчисидан чиқасан. Ҳозиргидай паталок қайда, бари — болор, вассажуфт. Xуллас, улар отамни қувиб Ҳожибобонинг ҳовлисига борганда бутунлай изини йўқотишибди.. Ҳожи бобо уйининг пасти пахтазор эди. Аскарлар отамни уйдан чиқиб, ўша ёққа қочган, деб уйлашган. Ҳолбуки, отам бир эшикдан киргану иккинчисидан чиқмаган — йўқ бўп қолган!..
— Қандай қилиб? — деб сўрадим сабрим чидамай. Чол мен томонга бир қараб олди-да:
— Шипга ёпишиб! — деди кулимсираб. — Xудди тартанакдай икки болор орасига оёқ-қўлни тираб ёпишиб олган. Аскарлар тепасига қарамай, нариги эшикдан тўғри тўқай тарафга ўтиб кетишган. Отам эса таппа ерга тушиб, бу томонга — тоққа қараб қочган...
— Бало экан-ку! — деб юбордик қойил қолиб.
— Ҳа, — деб маъқуллади чол, — отам раҳматли жуда эпчил одам эди!..
— Xўш, кейинчи, отахон, кейин нима бўлди? — деб сўрадик баравар.
— Кейинма... — деб сўлиш олди чол. — Кейин қизилларга мадор кучи келиб, улар яна кучайиб қолди. Қишлоғимиз бурунгидай яна икки куч ўртасида талаш... Энди отам фақат кечқурунлари бекитиқча келиб кетарди. Сотқинлар ҳамиша топилади. Бир куни қизиллар ёллаган ҳуфя отамни сотибди.

Кеч кузак эди, осмон тўла юлдуз. Ҳаво илиқ бўлгани сабаб биз супада — чорпоя устида оламдан бехабар ухлаб ётувдик. Ярим кечаси тўс-тўполондан уйғониб кетдим. Қарасам, учта аскар отамни уйқусида босиб, қўл-оёғини боғлаб, савалаб ётишган экан. Бир пасда уйимиз қизил қиёматга айланди! Онам, холам бир томонда, укаларим бир томонда бақир-чақир қилишади, из-из йиғлашади. Қани биров ёрдамга келса!.. Xуллас, ҳеч нарса қилолмадик. Отам ҳаммаёғи қон, дарвозадан чиқа-чиқа онамга: «Куним битганга ўхшайди, хотин. Сан болаларни эҳтиёт қил!...» дея тайинлади. Унинг охирги айтган гапи шу бўлди.

Аскарлар отамни судраклаб олиб кетишди. Онам мени отамнинг тоғаси — Эгамберди бобоникига юборди. Бобони уйғотиб, бор гапни айтдим. Бобо яктагини кийиб, эшагини тўқимлади-да, аскарлар изидан жўнади.

Қолган гапни бобомдан эшитганман. Уни айтишича, отамни қишлоқ шўросининг биносига қамаб қўйишибди. Тонг отиши билан Карманага элтиб суд қилишаркан. Қишлоқ шўросининг раиси ўз бой отасини қаматтирган бир муттаҳам эди. У ўрисча ёзув-чизувни билгани учун раисликка тайинланганди. Қодирқул (унинг оти шундай эди) янги ҳукуматга жуда содиқ, бераҳм киши эди. Бобом унинг бой отаси эшигида бир умр меҳнат қилган, қўйини боққан. Шуларни инобатга олар деб, раиснинг олдига кириб ялиниб-ёлворган. Раис: «Бекорга кепсиз бобой. Жиянингизнинг гуноҳи катта. У босмачи, Совет ҳукуматининг душмани! Унинг жазосини фақат одил Совет суди беради», деган. Бобом тиз чўкиб, қадр-қимматини ерга уриб, ярамаснинг этагини ўпиб, йиғлаган: бир пайтлар уни кўтариб катта қилганини айтиб авф сўраган. Раиснинг кўнгли сал юмшаб: «Майли, оқ соқолингиз ҳурмати, бориб жиянингизга айтинг, тавба қилсин, ҳамтовоқлари яширинган жойни айцин, ўзи бизга қўшилсин! Ана шунда бир савалаб, гуноҳидан кечамиз...», деган.

Бобом отамни олдига бориб: «Ҳов, ярамас бола, тавба қил, раиснинг айтганига кўн!» деган. Отам: «Бу ердан кетинг, тоға. Бу сиз аралашадиган иш эмас!» деган. Бобом: «Кўзингни оч: хотин, бола-чақанг бор, уларни етим қилма», деган. Отам: «Сиз раисга ишондингизми? Ўз отасини сотган одамга-я! Унда виждон, иймон нима қилсин?» деса, бобом: «Аҳ, ўжар болам-а, у менга сўз берди!..» дебди. Шунда отам кулиб: «Сиз соддасиз. Уларнинг муғомбирлигини билмайсиз. Ўз молим учун ўзимни ўғрига чиқарган, уйимизга бостириб кириб аҳли-аёлимга зўравонлик қилган, ер-сувимиз, ор-номусимиз учун жанг қилсак, халқ душманига, босмачига чиқариб отишга ҳукм қиладиган ҳукуматга ишониб бўларканми, тоға?...» деган.

Хуллас, қанча уринмасин, ялиниб-ёлвормасин, отам кўнмабди. Бобом раис олдига сувга тушган бўлка нондек бўшашиб қайтибди. «Ҳа, кўнмадими?» дебди раис илжайиб. Бобом ноилож бош чайқабди. «Ор йўл қўймабдими? Уни ўша Тўқсабо бузган». Бобом боши билан «ҳа» ишорасини қилибди. «Яқинда ҳаммасини тутиб, бутунлай қуритамиз. Жиянингиз ана шуни тушунмаяпти». «Унга нима жазо берасизлар?» деб сўрабди бобом. «Нима бўларди! Ўлим ёки каторга!» дебди раис бамайлихотир. Бобом тиз чўкиб, яна ялина бошлаган экан, раис: «Халқ душманига шафқат йўқ!» деб чўрт кесибди. «Ижозат беринг, яна бир уриниб кўрай?». «Йўқ, — дебди раис, — энди кеч! Яхшиси кетинг, оёқ тагида кўпам ўралашманг, йўқса ўзингизниям!..»

Тонг саҳарда, хўрозлар уч карра қичқиришгач, отамни чортоқ аравага солиб Кармана томонга жўнашибди. Бобом ҳам, балки у ердагилар рўшнолик кўрсатар, деган умидда эшакка миниб аравани қоралаб бораверибди. Аскарлардан бири аравада, қолган иккитаси икки томондан аравани қуршаб от устида отамни қўриқлаб кетаверишибди. Нима бўлибди-ю, отам қўлидаги чилвир ечилиб кетибди. У аскарлар кўзини шамғалат қилиб оёғини ҳам ечибди. Сўнг арава ҳайдаб кетаётган аскар бола қуймичида дуппайиб турган тўппончани аста суғуриб олибди. Арава Ойдинкўлга етганда отам сув сўрабди. Ўнг тарафдаги отлиқ аравага яқинлашиб: «Ҳа, сувсираб қолдингми? Мана, ҳозир тўрт коса ичасан!..» дея қамчисини кўтарган экан, уришга улгурмай, пешонасидан ўқ еб қулабди. Чап тарафдаги отлиқ наганини чиқариб отаман дегунча, отам лип этиб аравадан сакрабди-ю, ўзини қамишзорга урибди. Отишма бошланибди. Бобом эшагини ниқтаб, «Э, худо ўзинг асра!» деб келаверибди. Афсуски, отам олган тўппончада бор-йўғи учта ўқ бор экан. У аравакашни яралашга улгурибди, холос. Тирик қолган суворий мерган экан, қамишзор оралаб қочаётган отамнинг курагидан тегизибди. Отам бир мункиб йиқилибди-ю, яна туриб, югура бошлабди. Бироқ отлиқ унга дарров етиб олибди ва қуролсиз отамга қарата уч-тўрт марта ўқ узибди...

Бобом нафасини ичига ютиб, аскар йигит бир ўлик ва бир ярадорни ортиб жўнаб кетгунча кутиб турибди. Сўнг аста отам олдига борибди. Бечора отам бўз иштонда, оғзидан қулоғигача ханжар билан кесилган ҳолда ётар, лахта қон лабидан ҳам оқиб турар экан...

Чол ўпкаси тўлиб, энтикиб нафас ола бошлади, юзлари бужмайиб қорайиб кетди. Биз чол ўзини босиб олгунча дам чиқармай кутиб турдик. У анчадан сўнг юз-кўзини сочиқ билан артди-да:
— Қисқаси, арава топиб, кечга яқин отам жасадини келтириб кўмдик, — деди ва тўсатдан туси ўзгариб: — Лекигин то Гирмон уруши бошлангунча янги ҳукумат кун бермади бизга. Оти ёмон Ойпари «босмачи»нинг ули бўп қолдим...

* * *

Бир пасдан сўнг божамнинг катта ўғли кириб, аёллар туришганини, хотиним мени кутиб турганини айтди.

Мен кексалардан изн сўрадим. Чол дуо ўқиб, фотиҳа қилди. Менга қўшилиб қуда бува ҳам турмоқчи эди, чол енгидан ушлаб, тўхтатди:
— Сиз бирпас шошманг, гап бор! — деди.

Қуда бува ноилож қайтиб ўтирди. Мен хайрлашиб, ташқари чиқдим. Долонда кўришмаган аёллар билан сўрашдик. Ниҳоят машина олдига бориб, кузатгани келган божамдан:
— Бу чол сизга ким бўлади ўзи? — деб сўрадим.
— Язнам, — деди божам, — холамни эри...

Мотор қизигач, чироқларни ёқдим. Икки чеккаси тутзор йўл ёришди. Кетаётиб, кузатувчилар билан яна бир сидра хайр-хўш қилгач, йўлга тушдик.