OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИоганн Волфганг Гёте
Асар номиЭгмонт (трагедиядан парча)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Олмон адабиёти
Бўлимлар
   - Классицизм
Муаллифлар
   - Иоганн Волфганг Гёте
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Фожиалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонУсмон Носир
Ҳажм21KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Эгмонт (трагедиядан парча)
Иоганн Волфганг Гёте

Ҳаёт ажойиб сирлар ва тилсимлар билан тўла.

Баъзан куни кеча яратилган асар қўлёзмасини тополмай, шоирнинг ўзи ҳам, сиз ҳам роса хуноб бўласиз. Баъзан бундан эллик, ҳатто юз йил аввал дунё юзини кўрган, аммо унинг борлигини ҳеч ким билмаган асарлар, тилла балиқча сингари, тадқиқотчи «қармоғи»га илинади- қолади.

Камина бундан бир-икки йил аввал Усмон Носир қаламига мансуб бир таржиманинг мавжудлигини аниқлаган эди. Аммо менинг бу топилма ҳақидаги мақолам матбуотда жуда кечикиб чиқди. Ундан ҳам ачинарлиси шундаки, адабий жамоатчилиик, гўё ҳеч нарса бўлмагандек, унга заррача эътибор бермади. Ҳолбуки, назаримда, Чўлпон, Фитрат, Усмон Носир сингари адиблар қаламига мансуб ҳар бир янги асарнинг топилиши адабиётимиз учун байрам бўлиши лозим.

Гётенинг бой адабий меросида «Эгмонт» трагедияси алоҳида мавқени эгаллайди. Гарчанд буюк немис шоири бу асарга 1786 йили Италияда сўнгги нуқтани қўйган бўлса-да, у шу воқеадан роппа-роса ўн йил илгари,1776 йили ёзила бошлаган. Шунинг учун ҳам унда навқирон Гёте ижодига хос романтик пафос, қаҳрамонона руҳ устуворлик қилади.

Граф Эгмонт — тарихий шахс. Унинг ҳаёти ва фаолияти Нидерландиянинг испан ҳукмронлигига қарши олиб борган миллий-озодлик ҳаракати билан чамбарчас боғлиқ. Эгмонт тарихий шахс сифатида ҳеч қачон бу ҳаракатнинг йўлбошчиси бўлмаган. Аммо мустабид испан тузуми Эгмонт сиймосида қўзғолон кўтарган омманинг йўлбошчисини кўрган ва уни маҳв этиб, қўзғолон «илдиз»ини таг-томири билан қирқиб ташламоқчи бўлган.

Гёте ўз асарини ёзиш жараёнида Эгмонт образини қайта идрок этди: қиролга содиқ бу инсонни эл-юртнинг ардоқли фарзанди, нидерланд миллий характерининг жонли тажассуми сифатида талқин қилди.

Ҳурлик ва озодлик учун кураш ғояси балқиб турган «Эгмонт» трагедияси буюк немис композитори Людвиг Ван Бетховенга бир олам илҳом бағишлади ва у ўзининг ўлмас музикаси билан бу асарга иккинчи умрни ато этди. Мана, бир ярим асрдан зиёд вақтдан бери «Эгмонт», Бетховеннинг бу асар асосида яратилган «Фиделио» операси-ю «Леонора» увертюраси жаҳон театрлари ва концерт заллари саҳнасини безаб келмоқда.

ХХ асрнинг 30-йилларидан Бетховен музикаси билан музайян этилган «Эгмонт» трагедияси машҳур рус артистлари ижросида намойиш этила бошлади. Ўша йиллари Ўзбекистон радиоқўмитасида ҳам ушбу асарни эфир орқали ўзбек тилида халққа етказиш истаги туғилди. Қўмита раҳбари Қурбон Берегиннинг маслаҳати билан асар таржимаси Усмон Носирга топширилди. Шу кезлари «Демон»ни ўзбек тилига қойилмақом таржима қилгани ва ижодида исёнкорлик руҳи кучли экани учун, Қ. Берегин назарида, бу асарни фақат Усмон Носиргина таржима қилиши мумкин эди. Аммо таржима тайёр бўлиб, радиоспектаклни яратишга киришилган вақтда Усмон Носир дафъатан қамоққа олинади.

1937 йил 28 август куни бўлиб ўтган тергов вақтида радиоқўмита адабий эшиттириш таҳририяти ходимларидан бири бундай маълумот берган: «Тахминан июл ойининг охирлари ёхуд август ойининг бошларида мен «Эгмонт» адабий-мусиқий эшиттириши таржимони Усмон Носировнинг ҳибсга олинганини эшитдим. Мен бу ҳақда Пеккерга айтиб, ундан энди нима қиламиз, деб сўрадим. Пеккер менга аниқ бир жавоб бермади. Шундан кейин кўп ўтмай, Ўзбекистон радиоқўмитасига республикада хизмат кўрсатган артист Аброр Ҳидоятов кириб келди. Пеккер унга асарнинг аксилинқилобчи миллатчи Усмон Носиров томонидан таржима қилингани ҳақида чурқ ҳам этмай, унга Эгмонт монологини ёдлаш учун берди. Бу ҳам камлик қилгандек, Аброр Ҳидоятов асарни ким таржима қилганлиги билан қизиққанда Пеккер унинг аллақандай Усмонов деган одам томонидан таржима қилинганини айтди...»

Ушбу кўрсатмага қараганда, «Эгмонт» ролини Аброр Ҳидоятов ижро этиши, шарнофонга ёзиб олинган бу адабий-мусиқий эшиттириш Парижда ўтажак кўргазмага юборилиши ва халқаро фестивалда ўзбек маданиятининг совет даврида эришган ютуқларини кўз-кўз қилиши лозим эди. Лекин, афсуски, «ҳушёр» кимсаларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли «Эгмонт» радиоспектакли ўз вақтида эфирга чиқмади. Асарнинг Аброр Ҳидоятов қўлидаги нусхаси НКВД томонидан олиб кетилди. Буюк ўзбек артисти эса «аксилинқилобчи ва миллатчи шоир» қаламига мансуб таржимани ижро этмоқчи бўлгани учун жабр тортди.

50-йиллари Ўзбекистон радиоқўмитасига ишга келган таниқли сўз устаси Убай Бурҳон, кекса радиожурналист Бурҳон Зиёевнинг хотирлашига кўра, мазкур таржиманинг бошқа бир нусхасини топиб, шу нусха асосида «Эгмонт» радиоспектаклини тайёрлади ва бу асар узоқ йиллар давомида эфир орқали эшиттириб борилди. Биз бугун бу асарни ўқир эканмиз, унинг даҳшатли 1937 йили Усмон Носир томонидан бежиз таржима этилмагани ва унда қатл олдида турган ўзбек шоирларининг қалб нидолари ифодаланганига гувоҳ бўламиз.

Қуйида биринчи марта эълон қилинаётган «Эгмонт» монологи оташнафас шоир ва таржимон Усмон Носирнинг сўнгги қўшиғидир.

Наим Каримов
Клерҳен Қўшиғи (Музика)
Янграр барабанлар
Ҳам флейта куйлар.
Менинг ёрим отряд
Олдида борар.
Эй, завқинг келар,
Кўнглинг қўзғолар.
Эй, бўлса агарда
Дубулға, қалқон,
Курашга чиқардим
Мен ҳам бегумон.
Борардим ортидан
Қолмай изма-из.
Чекинди ёв, олға
Борар полкимиз.
Қандай яхши ботир,
Зўр жангчи бўлмоқ.
Зўр жангчи бўлмоқ.

Эгмонт (ёлғиз). Қадрдон дўстим! Вафоли уйқу! Бошқа дўстларим каби наҳотки сен ҳам мени тарк этдинг! Сен ахир эркин ўйларимга ором берар, гўзал ва сўнмас бир севги чамбари каби ардоқлар эдинг. Жанглар сурони ва дунё ташвишлари остида мен бегуноҳ бир гўдак сингари оғушингда тинч ва енгил нафас олар эдим. Бўрон дарахт бутоқлари ва япроқлари орасидан эсиб ўтиб, унинг танасини силкица ҳам ўзаги омон қолади-ку. Нечун мен қалтирамоқдаман? Далил ва содиқ қалбимни ғалаёнга солаётган нима? Биламан: бу — қотил болтаси. У менинг ҳаёт илдизларимни кемирмоқчи бўлади. Қоматим расо турса ҳам ичдан қалтироқ сезаётирман. Нима учун сен, энг қўрқинчли хавф-хатарларни совун кўпикларидек учириб юборган киши сенга қарши келаётган даҳшатларни маҳв этиб ташлаёлмайсан? Ахир сен ўлимнинг ҳар қандай даҳшатлари ичида, ҳаётнинг оддий ташвишлари ичида яшагандек баҳузур яшардинг-ку!.. Йўқ, мени даҳшатга солган ўлим эмас. Бу мард юрак ногиҳон ўлим билан олишишга ҳар қачон тайёр. Гўрга ўхшаш бу зиндон қўрқоқлар назарида ҳам, ботирлар назарида ҳам жирканч кўринади. Давлат кенгашида князлар ҳал қилиниши жуда осон бўлган масалалар устида узундан-узоқ музокара юритганларида, юмшоқ креслода ўтириб уларни тинглаш нақадар оғир эди менга! Узилмас залнинг деворлари остида мен ўзимни худди бўғилгандек ҳис қилардим. Ўшанда мен имкон борича у ердан тезроқ қочишга шошилар ва отга минар, соф ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиш учун олисларга, эркинлик қўйнига, қирларга чопардим. У бепоён далаларда табиат ўзининг ер тагидан чиққан бутун ноз-неъматларини инъом этар ва осмон ўз юлдузлари билан оламни ёритарди. У ерларда биз она ернинг фарзандлари каби унинг оғушида худди паҳлавонларга ўхшаб юксакларга баланд парвоз қилиш учун яна кучлироқ интилардик. Биз у ерда бутун инсоний ҳис-туйғуларни сезардик, қонларимизда бутун инсоний интилишлар алангаси ёнар, у ерда ёш овчининг кўнглида олға интилиш, зафар ташналиги, ўз куч-қудратини кўрсатиш орзуси жўш урарди.

Оҳ, бу фақат хаёлот, холос. Кўп замонлар молик бўлганим саодатнинг сохта хаёлоти, холос! Бу маккор тақдир сени қаёққа ундар? Ёки сени ҳеч қачон қўрқитолмаган ўлимни қуёш чеҳрасига келтириш ўрнига гўр азобидан дарак бермоқчими? Бу тош деворлар нақадар бадбўй ҳид сочадилар менга! Ҳаётим сўнаётир. Тобутга ўхшаш бу уйқу тўшагига бош қўйиш нақадар даҳшатли...

Оҳ, ҳасрат, қайғу! Мени бевақт ўлимга маҳкум этмоқчи бўлган ҳасрат, тўхта, қўй мени!.. Қачондан бери Эгмонт оламда бутунлай танҳо қолди? Сени эзаётган нарса бахт эмас, шубҳалар, шубҳалар эзаётир... Наҳотки, сен бутун умр ишонганинг қиролнинг адолати ёки маликанинг муҳаббацимон дўстлиги сени қоронғи сўқмоқда ёлғиз қолдириб, тун қўйнида ғойиб бўлиб кетди? Наҳотки, шаҳзода Оранский дўстларга бош бўлиб, мени озод этишга журъат этолмаса? Наҳотки, халқ кўтарилмаса? Наҳотки, қудратли куч бўлиб ўз қадрдон дўстига нажот бермаса?

Эй, мени ўз исканжасига олган деворлар! Ўз қалбларини қалқон қилиб мен учун ёрдамга келаётганларнинг йўлини тўсмангиз! Авваллари менинг кўзларимдан эмиб олганлари у жасорат оловлари энди уларнинг қалбларидан яна менинг қалбимга қуюлсин. Ҳа, ҳа! Улар минг-минг бўлиб қўзғолаётирлар! Улар келаётирлар! Улар менга мадад берадилар! Уларнинг ўтинч нидолари кўкка учмоқда, улар мўжиза истайдилар, улар найза ва қилич олажаклар. Уларнинг зарбалари остида дарвозалар қулаб тушади. Кишанлар парчаланади, деворлар йиқилади ва Эгмонт ёришаётган тонг шуълалари остида озодлик қаршисига пешвоз чиқади. О, қанча-қанча таниш юзлар шодиёналик билан кутиб олурлар мени!..

Клерҳен Қўшиғи (Музика)
Шодлик ва қайғу
Фикринг банд этар.
Ёрим чарчаб, нафас
Кучланар, қийнар.
Азоб тугаб, уни
Қучади шафқат
Ва бахтиёрлик,
Фақат муҳаббат.
Бахту баҳор билан
Севги-муҳаббат.

Эгмонт. Ҳаммаси тугади. Ҳаммаси ҳал. Нажот йўқ. Турмадан чиқишга ҳам йўл йўқ. Жаллодлар бостириб кирадилар. Мен эса бошимни болта остига қўяман ва шу турмада мангу уйқуга кетаман. Мен қўлда қилич ушлаб эмас, шуҳратли жангда эмас, Гравелин жангида ўзини жангга ташлаган ва орқасидан бутун қаҳрамонлар полкини етаклаб борувчи қаҳрамон сифатида эмас, турмада ҳаёт билан видолашмакдаман. Энди шу қоронғи турма деворлари остида, шу болта остида танҳо жон бераман.

Ҳаммаси тугади. Ҳаммаси ҳал. Нима бўлди менга? Нима учун кўнглимда осойишталик? Бу қандай тоза руҳ? Менга ҳеч нарса қўрқинчли эмас. Мен танҳо эмасман. Эй, менинг дўстларим, жонажон халқим, ўртоқларим! Мен сиз учун яшадим ва менинг руҳим абадий сиз билан бирга. Қалбим тўла нур ҳам ором. Мен ухламоқ истайман ва ишонаманки... Эй жаллод, мени уйқудан уйғотмасданоқ...

Кел, эй, менинг тинч оромим! Мен ухламоқ истайман ва ишонаманки, ухлайман. Ум-м... жаллод мени уйқудан уйғотмасданоқ умримга хотима бера қолсайди. (Музика.) Кел, эй менинг тинч оромим ! Кел, ҳаёт ва ўлим ҳақида бутун тасаввурларни бир-бирига қориштириб юбор. Шодлик ва ўлимни ҳам бир-бирига қўш. Сен ҳам кел, эй менинг севгилим! Кел, эй менинг ягона Кларам, лабларимга лаб қўйиб, сўнгги видолашув бўсасини бер. Кел, тинч оромим, ҳаётимнинг сўнгги ороми, кел. (Музика.)

Мен ажойиб лавҳани кўрдим! Қуёш нурига бурканган озодлик тимсолини кўрдим ва унинг орази, бу — эрк орази, севгилим Кларанинг оразидек табассум қилди менга. Сизлар — менинг қалбимдан жой олган эрк ва севгилим, айтинг, қайси бирингизнинг севгингиз кучли экан?.. Бироқ мен сўнгида кўрдимки, Кларанинг табассуми озодлик қайғуси билан алмашди ва қон офтоб қиёфасида равшан кўринди. Бу қон эрк оёғи остида тупроқни қип-қизил қилиб бўяди. «Бу сенинг қонинг, сенинг, Эгмонт! Бу кўпларнинг қони — эрк севувчиларнинг қони!» деган садо янгради. Бу қон беҳуда тўкилмади. Бу қон озодлик учун тўкилган қутлуғ қондир.

Сенинг қонинг табаррук бўлади, Эгмонт! Қўзғол, халқим, қўзғол, сени зафар кутади. Сен денгиздек улуғвор халқсан, денгиздек қудратли ва қўрқинчлисан. Сен денгиз тўфони каби бутун тўсиқларни парчалаб ташлайсан.

О, жонажон шаҳрим, душман сенинг деворларингга яқинлашмоқда. Xалқим, гражданлар, дўстларим, нега ҳозир сиз билан бирга эмасман? Аммо руҳим сиз билан бирга. Яна мардона бўлинг, ўлимдан қўрқманг! Озодлик учун, ўлмас муҳаббатга эга бўлган ҳамма одамлар учун ўлим йўқ! Демак, озодлик учун курашингиз! Бу турмада тинч ва шодлик билан жон бераётган мен каби сиз ҳам жангда шодлик билан жон беринг!

Жаллод, қани кир, ўз ишингни тугат! Эй, сиз — ёлланган солдатлар, сиз жанг майдонида керак эмассиз. Менинг олдимга бостириб кирсангиз ҳам, ўз сафларингизни оширсангиз ҳам, барибир, менинг олдимда ожиз қоласиз. Мен энди икки умр билан яшайман. Бирини сиз оласиз, аммо иккинчисини сизга бермайман. Иккинчиси — менинг умрим. Бу умр халқ билан озодликда яшайди. (Тантанали музика.)