OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИрене Дише
Асар номи“Алиса” (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ирене Дише
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Нашриёт«Китоб дунёси» газетасидан олинди
ТаржимонМирзаали Акбаров (Олмончадан)
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





“Алиса” (ҳикоя)
Ирене Дише

Уруш аввалига фақат суҳбатлар мавзуси эди, кейинчалик у шаҳардаги оила соҳиблари учун ҳам аҳамиятли жойга айланди – улар урушга отландилар. Оталар ҳалок бўлиб, ўринларидан турмаётган бир пайтда эса уруш нафрат манбаи бўлди-қолди, уни энди бош­қача ном билан атаб бўлмас, у норозилик ва чексиз кулфатга сабабчи эди. Ана шундай бир пайтда Антоннинг онаси ўғли ўн ёшга тўлганда, туғилган кунига атаб ўзи совға қилган оқ-шоколадранг, кўк кўзли уй қуёни билан қизиқа бошлади. Антон қуёнчага «Алиса» деб ном берган эди, чунки барча обрўли кишиларнинг исмлари «А» ҳарфи билан бошланарди: отасининг исми Андреас, онасининг исми эса Анна эди. Дадаси урушда ҳалок бўлганидан бери Алисанинг номи шунчаки «қуёнча» бўлиб қолди. Унинг юнги шу қадар майин ва юмшоқ эдики, Антоннинг дарду ҳасратлари бир зумда унга «сингиб» кетарди.

Бу йил қишнинг қаҳратон совуғи эрта бошланди. Бир неча ҳафтадан буён улар эски картошкаю карам билан тирикчилик қилиб келишарди. Тақвимга бундоқ қарашса, эрта-индин «рождество» байрами, ертўлада эса ҳеч вақо йўқ, ҳамма ёқ шип-шийдам. Сезиб турибди, ойиси бугунги кечки овқат учун Алисани кўз остига олиб қўйган. «Қуёнчани бир мазза қилиб ейлик», деганди у. Антон бунга қаршилик қилмади. Чунки у ойисининг уй ишларини бажараётиб, тез-тез чарчаб қолаётганини сезиб юрарди. Ойи­си беҳад озиб кетган, эгнидаги кўйлаги қоқсуяк танасига ёпишиб турар, эндигина ўттизга кирган бўлса-да, тим қора сочларининг у ер-бу ерига оқ оралай бошлаганди.
– Антон, қуёнчани қассобга олиб бор. Сўйиб берсин. Ўзимнинг вақтим бўлмаяпти, – деди ойиси. Антон эса ойисининг бундай қилишга ўзида куч топа олмаётганини ич-ичидан ҳис қилиб турарди. Қишлоқнинг бу чеккасидан у чеккасига олиб борадиган узоқ йўлдан юришини ўйлаб, Антоннинг юраги орқасига тортиб кетди. Антоннинг онаси Алисани катта жигарранг саватга қамаб, устидан қопқоқ билан ёпгунига қадар лол бўлиб, айни пайтда уй қуёнларига хос сабр-тоқат билан жавдираб қараб тураверди. Саватни ўғлига узатаркан, ойиси қўшиб қўйди:
– Тез қассобга олиб боргин.

Қассоб деганлари кичкина, юмалоққина одам бўлиб, қиёфаси ҳамиша бир хил, ўзгармасдан тураверарди. Антон сўққабош бу одамнинг пештахта ортида у ёқдан-бу ёққа бориб келаётган юмалоқ гавдасига кўзи тушмаслиги учун одатда қассобхонани узоқдан айланиб ўтарди.

Уй қуёни сават ўртасида эмас, балки унинг бир чеккасида ғужанак бўлиб ётгани учун саватни кўтариш Антонга бирмунча қийинчилик туғдирарди. Антон уни қорнига маҳкам босиб олгани учун ўз оёқларини ҳам кўра олмасди. Кўча ўйдим-чуқур ва музлаган эди. У равон йўл тополмай қийналар, дам-бадам қоқилиб кетарди. Антоннинг ўзига қолса, Алисани қассобга олиб боришни ҳам, унинг сўйилиб кетишини ҳам истамас, қуёнчани қандай қилиб асраб қолишни ўйларди.

Бола қассобхонага яқинлашган сайин қуёнчани нақадар оғир мусибат кутаётганини англай бошлади. Ниҳоят, у йўл чеккасидаги каттакон бир тош устига ўтириб олди-да, саватнинг бир четини қия очиб, жониворга аста назар ташлади. Уй қуёни қоронғида димиқиб қийналганидан оғир нафас оларди. Антон саватга қўл суқиб, уни сийпалади. Қуёнчанинг майин юнгларини силаркан, меҳри товланди. «Йўқ, йўқ, йўқ!» – кўнглидан ўтказди Антон. Ва шу дамда унинг қўллари ўз-ўзидан беихтиёр сават қопқоғини очди, қуёнчани даст кўтариб, уни йўл четидаги бутазорга қараб улоқтирди. Алиса бўлса, нима қилишини билмай, буталар орасида ҳайрон туриб қолди. Қочиб кетишни-ку, хаёлига ҳам келтирмасди. Шунда Антон:
– Қани, тез йўқол энди, тентаквой, бўлақол! – деб қичқирди ва қўлларини силкиб, унга пўписа қилди.

Шундан сўнггина, қуёнча жуфтакни ростлади. Антон шимининг расво бўлишини ҳам ўйлаб ўтирмасдан яна тош устига ўтириб олди. Гарчанд эркаклар йиғламаслигини билса-да, кўз ёшларини тўкиб солди. Уй қуёнининг ҳаётини сақлаб қолгани, ишқилиб, яхши иш бўлдимикан? У онасининг шу қадар озиб-тўзиб кетганини билгани учун ва энди ойиси уни роса койишини ўйлаб ҳам йиғлар эди.

Антоннинг бақириб йиғлаганини эшитиб, шу яқин орадаги уйда яшовчи бир кекса киши қўрқиб кетди ва нима гаплигини билгиси келди. Қария нафақага чиққан қишлоқ почтачиси бўлиб, у ҳамон собиқ почта либосини эгнидан ечмай кийиб юрарди. У болани таниб қолди. «Ё раббим, нима бўлди?», сўради қария боладан, шиппакда ҳаллослаб унинг ёнига етиб келгач.
– Қуёнчам қочиб кетди, – болакай шундай деб, баттар йиғлай бошлади. – Мен уни қассобга олиб боришим керак эди, чунки уйда егулик ҳеч вақомиз қолмаган.

Кекса почтачи ўзига иш топилганидан хурсанд бўлди. У Антоннинг бошини силаб қўйди ва унга жойидан қимирламай ўтиришни тайинлаб, қуёнчани ахтаришга тушди.

Ёрдамга шай почтачи аёз урган ўт-ўланлар оралаб, уй қуёнини ахтара кетди. Қўққисдан бегона маконга келиб қолганидан қўрқиб кетган жонивор энди ўзига келиб турган ҳам эдики, кимнингдир яқинлашаётганини сезиб, яшириниб турган жойидан шартта чиқди-да, ўзини ўша тарафга урди.
– Xўш, менинг кичик аскарим, иш деган мана бундай бўпти, – қария шундай деб, уй қуёнини Антоннинг қўлига тутқазди. – Ана энди «рождество»да ажойиб зиёфат бўладиган бўлди!

Болакайнинг кўз ёшлари қуриб, энди уларнинг ўрнини совуққон қатъият ифодаси эгаллаганди. У қуёнини саватга соларкан, почтачига хушмуомалалик билан миннатдорчилик билдирди. Улар бир-бирларига хайрли кун тилашди ва бола қассобхона томон йўл олди.

Антон қассобнинг юзига илк бор синчиклаб разм солгач, унинг кичкина, кулранг кўзлари кенг, япалоқ юзида худди юмшоқ жиҳозга қоқилган михга ўхшаб турганини пайқади. Қўнғир сочлари унинг тик, адл бошини бироз беркитиб турар, башарти унинг бурни бўлмаганда ҳам, буни ҳеч ким сезмаган бўларди: фақат катта қизил қўллари билан аллақандай боғлиқдек туюлган қимтилган ялтироқ лабларигина тирикликдан дарак бериб турарди, холос. Антон етиб борганида бу одам мижоз кутиб турган эди. Бутун мамлакатда гўшт меъёри қатъий белгиланган бўлиб, ҳар бир киши ҳафтасига атиги бир бурда харид қилишга ҳақли эди.
– Xўш, хизмат? – деди қассоб болага юзланиб.

Антон ўзини қўлга олиб, талабини баён қилди. Гапираётганида саватга қўлини тиқиб, Алисани маҳкам ушлаб олди.
– Ажойиб ғоя! – деди қассоб гўё хурсанд бўлиб. – Ҳақиқатан ҳам! Гарчанд мутахассис сифатида қўлинг билан уй қуёнининг гўшти орасида ўхшашлик йўқлигини эътироф эцам ҳам, бу ишни қила оламанми?!

У ўйланганича Антоннинг пештахта устида турган оппоқ қўлини пайпаслаб кўрди. «Хийла мускулли экан, яхшилаб боқилган. Эҳтимол, шундай қилганинг яхшидир...», деб қўйди у.
– Яхшиси, чап қўлингни кеса қоламиз. Ҳойнаҳой, ўнақай бўлсанг керак, шундайми? Қани, саватингни қўй-чи, ҳозир кўрамиз, – у пештахта ортига ишора қилди ва Антоннинг титраб турган қўлини қон доғ-дуғи босган кунда устига қўйиб, енгини елкасига қадар баланд шимарди.
– Дарвоқе, онанг қўлингни сўраб қолса, нима дейсан? – сўради у.

Антон нима дейишини билмай ўйланиб қолди.
– Ҳа-я, – деди қассоб хаёл суриб, – ҳозир бу ердаги аҳволни ўзинг кўриб турибсан. Катта шаҳарлардагидан сира қолишмайди. Шундай экан, қўлингни бомба ёки мина парчаси юлиб кетди, деб алдасак ҳам бунга ҳамма чиппа-чин ишонади. Менга буни акам хатида ёзган эди. Бироқ, у бизнинг бу ердаги аҳволимизни билмайди-да. Қанчалик қўрқиб яшаётганимизни, қанчалик тушкун кайфиятда эканлигимизни у қаёқдан билсин? Эҳ, бу албатта ҳазил, – қассоб бирдан қўрқиб кетди. Ахир, бунақанги гапларни гапиришга унинг умуман ва ҳеч қандай ҳаққи йўқ эди-да. «Уруш одамларга қандайдир кўнгилсизликлар олиб келаётган экан, бу – «дефетизм»(ғалабага ишонмаслик, умидсизлик – таржимон.)нинг классик кўриниши, холос. Бу нарсага полиция аралашиб, нохушликлар келиб чиқиши мумкин, авахтага олиб бориб тиқиб қўйишлари ҳам ҳеч гап эмас».

Қассоб ўзи ҳозиргина айтиб юборган гапларини Антон бошқа жойда валдираб қўйишидан қўрқарди. У қўрқув, очкўзлик ва ўз-ўзига ҳамдардлик туйғуси билан иккиланар ва бир-бирига зид ўйлар исканжасида режа тузмоқда эди.
– Сен мана бу ерга ўтириб, кутиб тур. Мен ўткирроқ нарса топиб чиқай. – У шундай деб, орқа тарафга ўтиб, кўздан ғойиб бўлди. Қўрқиб кетган Антон унинг зинадан пастга тушаётганини эшитиб турарди. Ер­тўладан қассобнинг жавонни очиб, қаттиқ хўрсингани эшитилди. Бу енгил эмас, балки қандайдир афсусланганнамо хўрсиниш эди. Сўнг у зинадан юқорига кўтарилиб, орқа эшикдан қовоқ-тумшуғи осилган кўйи кириб келди. Унинг қўлида бус-бутун фаранг сосискаси бор эди.
– Онангга бориб, бу менинг қўлим дегин, – деди у. – Қуён гўшти эканлигига барибир ишонмайди. Қўлингни енг ичидан тортиб олиб, маҳкам босиб турасан, шундан сўнг қўлингдан айрилганингга чиппа-чин ишонади. Қани, энди туёғингни шиқиллат-чи!

Қассобга сосискани бундан тўрт йил аввал Париждан акаси жўнатган, буни у кўз қорачиғидек асраб юрарди. Бу хуштаъм колбасани ана ейман, мана ейман деб, шу кунгача сақлаб келди. Бироқ ҳар гал – тўйми ёки чўқинтириш маросимими, шунга ўхшаш бирон тадбир муносабати билан энди татиб кўраман деганида, кўзи қиймас, шу тариқа яроқлилик муддати ўтиб борарди. Мана, орадан тўрт йил ўтиб қарасаки, унинг устки қисми оқариб қолибди.

Хуллас, колбаса айниб қолаёзган, аммо Антонлар оиласи ундан заҳарланиб ўладиган даражада эмасди. Улар нари борса, қорин оғриғига йўлиқиши мумкин эди, холос. Колбасани кўриб, қувонишларини айтмайсизми? Сосискани ташлаб юбормай, шундай йўл тутгани жуда оқилона иш бўлди-да. Бу яхши иш бўлмаса-да, ҳарқалай «ёмон иш» ҳам эмасди.

Антон Алисани уйига қайтариб олиб келиб, онасига бўлган воқеани оқизмай-томизмай айтиб берди. Қассоб уй ҳайвонларини яхши кўрганидан шундай ширин жониворни ўлдиришга рози бўлмагани онасини ажаблантирмади. Оила аъзолари сосискани бир неча ой мобайнида паррак-паррак қилиб тановул қилдилар ва ҳарқалай ҳеч кимнинг қорни оғримади ҳам. Уларнинг ҳар биридан ўткир зираворли колбасанинг хушбўй ҳиди анқиб турар, бу эса қўшниларнинг ҳасадини қўзғарди. Сосискани еб битиришганидан сўнг, Антоннинг онаси очинқираб уй қуёнига яна ола қарай бошлади, бироқ айни ўша кунлари душман бостириб келиб, қишлоқнинг барча аҳолиси, жумладан, қассоб ҳам боши оққан томонга қочиб кетишга мажбур бўлди.

Антон узоқ ўйлаб ўтирмасдан қуённи қўйиб юборди. Бу орада баҳор бошланди. Энди Алиса ҳам ризқ-насибасини қаердан топиб еса ер... кўнглидан ўтказди у.