OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИрене Дише
Асар номиМеҳр-шафқат (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Ирене Дише
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонМирзаали Акбаров
Ҳажм18KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/11/19
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Меҳр-шафқат (ҳикоя)
Ирене Дише

Уруш аввалига фақат суҳбатлар мавзуси эди, кейинчалик у шаҳардаги оила бошлиқлари учун ҳам аҳамиятли жойга айланди — улар урушга отландилар. Оталар ҳалок бўлиб, ўринларидан қайта турмаётган бир пайтда эса уруш иллат манбаи бўлди-қолди, уни бошқача ном билан атаб бўлмас, озиқ-овқат тақчиллиги, норозилик ва чексиз кулфатга сабабчи эди. Ана шундай бир пайтда Антоннинг онаси ўғли ўн ёшга тўлганда, туғилган кунига атаб ўзи сов¬ға қилган оқ-шоколадранг, кўк кўзли уй қуёни билан қизиқа бошлади. Антон қуёнчага Алиса деб ном берган эди, чунки барча обрўли кишиларнинг исмлари «А» ҳарфи билан бошланарди: отасининг исми Андреас, онасининг исми эса Анна эди. Дадаси урушда ҳалок бўлганидан бери Алисанинг номи «қуёнча» бўлиб қолди. Унинг юнги шу қадар майин ва юмшоқ эдики, Антоннинг дарду ҳасратлари бир зумда гўёки унга сингиб кетарди-қўярди.

Бу йил қишнинг қаҳратон совуғи эрта бошланди. Бир неча ҳафтадан буён улар эски картошкаю карам билан тирикчилик қилиб келишарди. Тақвимга бундоқ қарашса, эрта-индин рождество байрами, ертўлада эса ҳеч вақо йўқ, шип-шийдам. Сезаяпти, ойиси бугунги кечки овқат учун Алисани кўз остига олиб қўйибди. «Қуёнчани бир мазза қилиб ейлик», деди у.

Антон бунга қаршилик қилмади. У ойисининг уй ишларини бажара туриб, тез-тез чарчаб қолаётганини сезиб юрарди. Ойиси беҳад озиб кетган, кўйлаги қоқсуяк танасига ёпишиб турар, эндигина ўттизга кирган бўлса-да, тим қора сочларининг у ер-бу ерига оқ оралай бошлаганди. «Антон, қуёнчани қассобга олиб бор. Сўйиб берсин. Ўзимнинг вақтим бўлмаяпти», — деди ойиси унга. Антон эса ойисининг бундай қилишга ўзида куч топа олмаётганини ич-ичидан ҳис қилиб турарди. Қишлоқнинг бу чеккасидан у чеккасига олиб борадиган ушбу йўлдан юришини ўйлаб Антоннинг юраги орқасига тортиб кетди.

Антоннинг онаси Алисани катта жигарранг саватга қамаб, устидан қопқоқ билан ёпмагунига қадар лол бўлиб, айни пайтда уй қуёнларига хос сабр-тоқат билан жавдираб қараб тураверди. Саватни ўғлига узатаркан, она қўшиб қўйди:
— Тез қассобга обора қол.

Қассоб кичкина юмалоққина одам бўлиб, қиёфаси ҳамиша бир хил эди. Сўққабош бу одам одатда пештахта ортида у ёқдан бу ёққа бориб келаётган юмалоқ соясига кўзи тушмасин учун қассобхонани узоқдан айланиб ўтарди.

Уй қуёни сават ўртасида эмас, балки унинг бир чеккасида ғужанак бўлиб ётгани учун саватни кўтариш Антонга бир мунча қи¬йинчилик туғдирарди. Антон уни қорнига маҳкам босиб олганидан ўз оёқларини ҳам кўра олмасди. Кўча музлаган ва ўйдим-чуқур эди. У равон йўл тополмай қийналар, дам-бадам қоқилиб кетарди. Антон Алисани қассобга олиб боришни ҳам, унинг сўйилиб кетишини ҳам истамас, ҳеч бўлмаса, уни кечки овқатга қурбон бўлишдан асраб қолишни ўйларди.

Бола қассобхонага яқинлашган сайин қуёнчани нақадар оғир мусибат кутаётганлигини шунчалик аниқ-тиниқ англай бошлади. Ниҳоят у каттакон бир тош устига ўтириб олди-да, саватнинг бир четини қия очиб, жониворга назар ташлади.

Уй қуёни қоронғида димиқиб қийналганидан оғир нафас оларди. Антон саватга қўл суқиб, уни сийпалай бошлади. Қуёнчанинг майин юнгларини силаркан, меҳри товланди. «Йўқ», «йўқ», «йўқ» — кўнглидан ўтказди Антон. Ва унинг қўллари ўз-ўзидан беихтиёр сават қопқоғини очди, уй қуёнини даст кўтариб, уни йўл четидаги бутазорга улоқтирди. Алиса бўлса, нима қилишини билмай буталар орасида ҳайрон туриб қолди. Қочиб кетишни-ку, хаёлига ҳам келтирмасди. Шунда Антон: — Қани, тез йўқол энди, тентаквой, бўлақол!» — деб қичқирди ва қўлларини силкиб, пўписа қилди.

Шундан сўнггина қуёнча жуфтакни ростлади. Антон шимининг расво бўлишини ҳам ўйлаб ўтирмасдан яна тош устига ўтириб олди. Гарчанд эркаклар йиғламаса-да, кўз ёшларини тўкиб солди. Уй қуёнининг ҳаётини сақлаб қолгани яхшимикан? Онасининг шу қадар озиб-тўзиб кетганини билгани учун ва энди ойиси уни роса койишини ўйлаб ҳам йиғлар эди.

Антоннинг бақирганини эшитиб, шу яқин орадаги уйда яшовчи бир кекса киши қўрқиб кетди, нима гаплигини билишга қизиқди. Кекса киши пенсияга чиққан қишлоқ поч¬тачиси бўлиб, у ҳамон собиқ почта либосини эгнидан ечмай кийиб юрарди. У болани таниб қолди. «Ё раббим, нима бўлди?» сўради қария боладан, шиппакда ҳаллослаб унинг ёнига етиб келгач.

«Қуёнчам қочиб кетди», болакай шунда баттар йиғлай бошлади. «Мен уни қассобга олиб боришим лозим эди, чунки егуликка ҳеч вақомиз қолмаган».

Кекса почтачи ўзига иш топилганидан хурсанд бўлди. У Антоннинг бошини силаб қўйди ва унга қимирламай ўтиришни тайинлаб, қуёнчани ахтаришга тушди.

Ёрдамга шай почтачи аёз урган ўт-ўланлар оралаб, уй қуёнини ахтаришга тушди. Қўққисдан бегона маконга келиб қолганидан қўрқиб кетган жонивор энди ўзига келиб турган ҳам эдики, кимнингдир яқинлашаётганини сезиб, яшириниб турган жойидан шартта чиқди-да, ўзини ўша тарафга урди. «Хўш, менинг кичик аскарим», қария шундай деб, уй қуёнини Антоннинг қўлига тутқазди:
— Рождествода ажойиб зиёфат бўладиган бўлди!

Болакайнинг кўз ёшлари қуриб, энди уларнинг ўрнини совуққон қатъият ифодаси эгаллаганди. У қуёнини саватга соларкан, почтачига хушмуомалалик билан миннатдорчилик билдирди. Улар бир-бирларига хайрли кун тилашди ва бола кушхона томон йўл олди.

Антон қассобнинг юзига илк бор синчиклаб разм сол¬гач, унинг кичкина, кулранг кўзлари кенг, япалоқ башарасида худди юмшоқ мебелга қоқилган михга ўхшаб турганлигини пайқади. Қассобнинг қўнғир сочлари унинг тик бошини қисман бекитиб турар, агар башарти унинг бурни бўлмаганда ҳам, ҳеч ким сезмаган бўларди: унинг афт-башарасида фақат катта қизил қўллари билан аллақандай тарз¬да ўзаро боғлиқдек туюлган ялтироқ қимтилган лабларигина тирикликдан дарак бериб турарди, холос. Антон етиб борганида бу одам мижоз кутмоқда эди. Бутун мамлакатда гўшт ратсиони белгиланган ва ҳар бир киши ҳафтасига атиги бир бурда харид қилишга ҳақли эди.
— Хўш, хизмат? — деди қассоб Антонга юзланиб.

Бола ўзини тутиб олиб талабини баён қилди. Гапираётганида саватга қўлини тиқиб, Алисани маҳкам ушлаб олди.
— Ажойиб ғоя! — деди қассоб. «Ҳақиқатан ҳам! Гарчанд, мутахассис сифатида йигитнинг қўли билан уй қуёни гўшти орасида ўхшашлик йўқлигини эътироф этсам ҳам, буни қила оламанми?!», деб ўйлади қассоб. У ўйланганича Антоннинг пештахта устида турган оппоқ қўлини пайпаслаб кўрди. «Хийла мускулли ва яхшилаб боқилган, мазаси ҳам дуруст бўлса керак. Эҳтимол, қуён гўштидан ҳам мазалироқдир».
— Оғзимнинг сўлакайи оқиб кетаяпти. Яхшиси, чап қўлингни кеса қоламиз. Ҳойнаҳой ўнақай бўлсанг керак, шундайми? Қани, саватингни қўй-чи, ҳозир кўрамиз, — у пештахта ортига ишора қилди ва Антоннинг титраб турган қўлини қон доғи босган кунда устига қўйиб, енгини елкасигача баланд қилиб шимарди.
— Дарвоқе, онанг қўлингни сўраб қолса, нима дейсан? — сўради у.

Антон нима дейишини билмай ўйланиб қолди.
— Ҳа-я, — деди қассоб хаёл суриб, —ҳозир бу ердаги аҳволни ўзинг кўриб турибсан. Катта шаҳарлардагидан қолишмайди. Шундай экан, қўлингни бомба ёки мина олиб кетди, деб алдасак ҳам бунга ҳамма чиппа-чин ишонади. Менга буни акам хатида ёзган эди. Бироқ у бизнинг бу ердаги аҳволимизни билмайди-да. Қанчалик қўр¬қиб яшаётганимизни, қанчалик тушкун кайфиятда эканлигимизни у қаёқдан билсин? Эҳ, бу албатта ҳазил, — қассоб бирдан қўрқиб кетди. Бунақа гапларни гапиришга унинг умуман ва ҳеч қандай ҳаққи йўқ эди-да. Уруш одамларга қандайдир кўнгилсизликлар келтираётибди, бу — «дефетизм»нинг классик кўриниши, холос. Бу нарса политсия билан нохушликларга олиб келиши мумкин, унинг ҳамма жойда кўз ва қулоқлари бор, авахтага олиб бориб қўйишлари ҳеч гап эмас.

Антон қассобнинг бу гапларни бошқа жойда валдираб қўйишидан қўрқарди. У қўрқув, очкўзлик ва ўз-ўзига ҳамдардлик туйғуси ичра иккиланар ва бир-бирига зид ўйлар исканжасида режа тузмоқда эди.

«Сен мана бу ерга ўтириб, кутиб тур. Мен ўткирроқ нарса топиб чиқай, — у шундай деб, орқа тарафга ўтиб, кўздан ғойиб бўлди. Қўрқиб кетган Антон унинг зинадан хатлаётганини эшитиб турарди. Ертўлага тушган қассобнинг жавонни очиб, қаттиқ хўрсинганини эшитди. Бу енгил эмас, балки қандайдир афсусланганнамо хўрсиниш эди. Сўнг у зинадан юқорига кўтарилиб, орқа эшикдан қовоқ-тумшуғи осилиб, кириб келди. Унинг қўлида бус-бутун франтсуз сосискаси бор эди.
— Онангга бу менинг қўлим дегин, — деди у. — Қуён гўшти эканлигига барибир у ишонмайди. Қўлингни енг ичидан тортиб олиб, баданингга маҳкам босиб турасан, шундан сўнг қўлингдан айрилганингга шубҳасиз ишонади. Қани энди туёғингни шиқиллат-чи!

Қассобга сосискани бундан бир неча йил олдин Париждан акаси жўнатган, буни у кўз қорачиғидек асраб юрарди. У бу хуштаъм колбасани ана ейман, мана ейман деб шу кунгача сақлаб келди. Бироқ, ҳар гал — тўйми ёки чўқинтириш маросимими, шунга ўхшаш бирор тадбир муносабати билан энди татиб кўраман деганида, кўзи қиймас, яроқлилик муддати ўтиб борарди. Мана, орадан тўрт йил ўтиб қарасаки, унинг устки қисми оқариб қолибди.

Колбаса айниб қолаёзган эди. Бироқ, Антонлар оиласи ундан заҳарланиб ўладиган даражада эмасди. Улар нари борса, қорин оғриғига йўлиқишарди. Колбасани кўриб, қувонганлари-чи? Сосискани ташлаб юбормасдан шундай йўл тутиши, жуда оқилона иш бўлди-да. Бу яхши иш бўлмаса-да, ҳар қалай ёмон иш ҳам эмасди.

Антон Алисани уйига қайтариб олиб келиб, онасига бўлган воқеани айтиб берди. Қассоб уй ҳайвонларини яхши кўрганидан шундай ширин жониворни ўлдиришга рози бўлмагани онасини ажаблантирмади. Оила аъзолари сосискани бир неча ой мобайнида паррак-паррак қилиб тановвул қилдилар, ҳеч кимнинг қорни оғримади ҳам. Уларнинг ҳар биридан ўткир зираворли сосисканинг хуш¬бўй ҳиди анқиб турар, бу эса бошқаларнинг ҳасадини қўз¬ғарди. Сосискани еб битиришганидан сўнг, Антоннинг онаси уй қуёнига яна баднафслик билан қарай бошлади, бироқ ўша кунларда душман бостириб келиб, барча қишлоқ аҳолиси, жумладан қассоб ҳам боши оққан томонга қочишга мажбур бўлди.

Антон уй қуёнини ўз ҳолига қўйди, ризқ-насибасини қаердан топиб еса ер...