OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИсҳоқ Исмоил
Асар номиСоат қутисидаги маржон (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Исҳоқ Исмоил
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм102KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Соат қутисидаги маржон (қисса)
Исҳоқ Исмоил

«
Бахт сандиқда, калити—осмонда.
Нақл
»

Биринчи Мактуб

"Салом, Бекмурод!
Жавоби талаб қилинмайдиган ушбу мактублар таъбингизни тирриқ қилиб, кайфиятингизни бузса-да, ўтмиш ҳаётингиздаги сизга ҳануз сир бўлиб қолаётган баъзи бир саҳналарни ойдинроқ кўришингиз учун пардаларни очиб берса ажаб эмас.

Одатда киши ҳадеганда ўтмиш хаёлларига берилавермайди. Бунга вақти етишмайди. Кундалик икир-чикирлар, рўзғор ташвишлари, келаси кун режалари, умуман, тирикчилик инсонни ҳар доим соққадек у ёқдан бу ёққа думалатиб юради. Бу гаплар айниқса жисмонан соғлом кишиларга кўпроқ тегишли. Сиз сингари ногиронлар эса бундан қисман мустасно.

Биламан, иккинчи қаватдаги икки хонали кўримсиз уйингизда ҳамон ёлғиз яшайсиз. Қамоқдан чиқиб, уйингизга қадам босганингизда унинг афтода ҳолга келиб қолганлигини кўрган эдингиз. Деворлар ўйилиб, гулқоғозлар кўчиб ётар, полтахталарнинг бўёғи ўчган, ёрилган, эшик-деразалар эскириб, синиб, яроқсиз ҳолга келиб қолган, ошиқ-мошиқлари бўшаган, ёғингарчилик пайтларида таъмирланмаган томдан ўтган чакки хоналар шифтини захлатиб тепада қизғиш-сариқ тусдаги катта-кичик доғлар ҳосил қилган эди. Сиз «у ёқда»; эканлигингизда уйга икки марта ўғри тушиб қўлга илинадиган нарсалар ўмариб кетилгач, қолган буюм-жиҳозларни укангиз қишлоқдан келиб уйига олиб кетган, хоналарга эса ижарачи талабалар қўйилганди. Бир юмшоқкўнгил қўшнингиз назорати остида талабалар бу ерда ўз билганларича яшадилар, давру-даврон сурдилар ҳамда хоналарни шу аҳволга келтирдилар.

Сиз келиб бу ерда қайта жойлашдингиз. Эшик-деразаларни наридан-бери тузатган бўлдингиз-у, уйни тўлиқ таъмирлашга ҳафсала қилмадингиз. Онангиз, укангиз қишлоққа кўчиб боришни таклиф қилишганларида унамадингиз. Шундан сўнг укангиз буюмларингизни олиб келиб ўзингизга ташлаб кетди.

Ногиронлик нафақасини олиб ёлғиз яшайдиган одамнинг куни қурсин.

Айтишларича, қамоқхонада махбуслар бир-бирлари билан жанжаллашиб қолишса ва ўзаро кимнидир жазоламоқчи бўлишса ҳар хил усуллар қўллашар экан. Шулардан бири, оёқ-қўлини қўшиб боғлаб, думбасини қаттиқ ерга тўғрилаган ҳолда юқоридан ташлаб юборишади. Жабрланувчи ерга зарб билан тушади ва ичи «тўкилиб»; кетади. Бу жазо қўлланилган одам гарчи ўша чоғда ҳар қанча лат емагандек соғлом кўринса-да, аслида, кўпга бормасмиш. Тўрт-беш йилга етмасмиш. Янаям аниғини билмадим-у, сизга ҳам шу жазо қўлланилган деб эшитдим. Илоҳи, бу хабар ёлғон бўлсин.

Сўнгги пайтларда ҳовлига тушиб у ёқ-бу ёқларга айланиб келиш ҳам сизга малол келмоқда. Соғлиғингиз ойдан-ойга, ҳафтадан-ҳафтага ёмонлашиб бораётир. Иккинчи қават зинасидан тушиб чиқишнинг ўзи бир азоб. Кечқурунлари то қоронғу тушгунча ҳовлидаги скамейкада дам олиб ўтиришни хуш кўрасиз. Бу пайтларда ҳаво салқин, тўйимли бўлади. Ўзингизни яхшироқ ҳис қиласиз. Баъзан қўни-қўшнилардан бири келиб ёнингизга келиб ўтиради. Сизга ҳамсуҳбат бўлгиси келади. Бироқ сиз ўзи табиатан одамовироқ одам, ҳаётингиз бузилиб, соғлиғингизга ҳам кескин путур етгач яна ҳам ўзингизни бошқалардан олиб қочадиган бўлиб қолгансиз. Суҳбатдошни ёқтирмайсиз. Бошқалар ҳам буни сезишади албатта, кўпам сизни безовта қилгилари келмайди.

Кечқурунлари ҳовлида атрофни кузатиш айниқса ёлғиз кишига завқ беради. Бу ҳол менга ҳам нақадар таниш. Ён-верингда болалар қийқиришиб ўйнаб юришади. Катталар ишдан қайтадилар. Ҳовли, кўчалар гавжумлашади. Қоронғу туша бошлагач ҳар ким ўз боласини чақириб уй-уйларига равона бўладилар.

Уларнинг гап-сўзларига, бебош боласини тергашларига зимдан қулоқ тутасан, ҳаракатларини кузатиб ўтирасан. Биласан, энди улар илиқ уйларига кириб кечки тамадди тадоригини кўрадилар. Оила жамулжам бўлади — ота, она, болалар. Юз-қўлларини ювиб, артиниб дастурхон атрофида тўпланишади. Овқат сузилади. Гурунглашиб ўтиришади. Вақтнинг ўтгани сезилмайди.

Сиз ҳам уйингизга йўналасиз. Тутқичдан ушлаб аста-секин зинадан юқорига чиқа бошлайсиз... Ҳар сафар юқорилаганингиз сари ўша аянчли кун манзаралари кўз олдингизда қайта намоён бўлаётгандек туюлади. Гўё уйингиз эшиги ланг очилади-ю, ичкаридан хўрланиб, қаттиқ итариб юборилган Ирода отилиб чиқади. Ўзини ўнглаб ололмай тик зинапоядан пастга қулай бошлайди. Кўзларида даҳшат ва алам ифодалари қотиб қолган... Кимсасиз, совуқ уйга кириб боришингизни ўйлаб юрагингиз орқага тортиб кетади. Хоҳлайсизми, хоҳламайсизми сизнинг уйингиз, ватанингиз шу. Омонат эшикни ғижирлатиб очганча ичкарига кириб келасиз. Дастурхон ёзиб тамадди қилган бўласиз.

Овқат масаласида сизда муаммо йўқ. Бу ерга келганингиздан бери мана, беш ойдирки бирор кун оч қолган эмассиз. Минг шукрлар бўлсинким, бу дунёда савобталаб одамлар ҳам бисёр. Гоҳида кун оралатиб, гоҳи кетма-кет ҳар куни эшигингиздан бош суқиб бир коса овқат узатишади. Худди қишлоқдагидек. «Дом»;дагилар маърака қилишганида ё байрамларда ҳам алоҳида сизнинг насибангиз етиб келади. Нонга ёки кўнглингиз тусаган бошқа бирор таомга муҳтожлик сезганда пулини берсангиз исталган қўшнингиз дўкондан олиб келиб беради. Беминнат хизматини аямайди.

Тез орада кўпайишиб қолган китоблар, газета ва журналларни ҳам ўшалар олиб келиб беришган. Булар сизнинг энг яқин суҳбатдошларингиздир. Китоблардан бирининг орасида сиз эҳтиётлаб асраётган бир сурат ҳам бор. Қизингиз ва ўғлингизнинг биргаликда тушган сурати.

Қайнотангиз хонадонида вояга етаётган болала¬рингизни ўша машъум кундан бери ҳали кўрганингиз йўқ. Кўрсатишмаган. Ироданинг уруғлари бунга йўл қўйишмайди. Ҳозирда улар улғайиб қолишган. Энди сизни улар билан учраштиришган тақдирдаям юзларига қандай қарашни, не дейишни билолмай мулзам бўлиб туришингизни тасаввур қилиб афсуслар чекаман.

Қариндошларингиз, дўстларингиз, таниш-билишларингиз навбат-навбати билан келиб сизни кўриб кетишади. Айримлари ҳолингиздан хабар олгани ҳалиям келиб-кетиб туришади. Яқинларингиз ўтмишингизнинг енг қора куни шоҳиди бўлган бошпанангизни алмаштиришни маслаҳат беришди. Сиз унамадингиз. Сабаби, шу кулбангиз ҳаётингизнинг сизга қадрли бўлган бахтиёр кунларининг ҳам шоҳиди эди. Яна бир сабаби, сиз уйингизни алмаштирганингиз билан ҳаётингизни янгитдан бошлай олмаслигингизни, бунга имкониятингиз ҳам йўқлиги, ўтмиш хотиралари нафақат хаёлингизни эгаллаб олгани, балки ҳам сувратингиз, ҳам сийратингизда-да тўлиқ акс этиб турганини тушуниб етганингиз эди чамамда.

Ўтказган бахтиёр кунларингиз аҳён-аҳён тушларингизга ҳам кириб турса ажаб эмас. Сулувгина турмуш ўртоғингиз, шириндан-ширин икки фарзандингиз, жамиятда ўзингизга яраша мавқеингиз, тўппа-тўғри издан кетаётган турмуш йўлингиз бор эди. Хатарли бурилишларга чалғимаслик, оилангизни фақат ҳалол луқма билан боқиш доимий эътиқодингиз бўлган. Аёлингизга ҳам қайта-қайта шуни уқтирардингиз. Сабр-бардошли, иродали бўлишга ундардингиз. Замон ўзгаргач сизга ўхшаган кўпгина олий маълумотлилар оладиган маошларига қаноат қилмай ишларини ташлаб кетдилар. Ўзларини бозорларга, тадбиркорликка урдилар. Сиз бу ишни қилмадингиз. Қаноатли бўлдингиз, арқонни узун ташладингиз, келажакка умид боғладингиз. Бироқ...

Менинг кимлигимни билолмай ҳайрон бўлаётгандирсиз. Бунга бош қотириб ўтирманг. Мен.. Яратганнинг сиздан анча-мунча узоқ бир бандасиман. Сиз тўғрингиздаги тафсилотларни эса сизга яқинроқ бир танишингиз орқали биламан. Узр, мен уни сизга ошкор қилмайман.

Сизга сабр-тоқат тилайман.

Салом билан..."

Иккинчи Мактуб

"Бекмурод!

Хасталик офатдир. Буни мен ҳам ўз бошимдан кечирдим. Одатда бемор билан мулоқот қилинганда унга таскин берилади, сиҳат, шифо тиланади. Албатта, мен ҳам сизга соғлик-саломатликни раво кўраман. Кошкийди, шу кўрганларингиз туш бўлса-ю, бир тонг чўчиб уйғонсангиз-да...

Мактубимдан кўнглингизни кўтарадиган гаплар, жумлалар тополмаётганлигингиздан изтиробдаман. Нима қилай, кўргулик экан, хатларимни жўнатмасам бўлмасди. Бу мен учун ҳам, сиз учун ҳам жуда муҳим деб ўйладим.

Сиздан яна ўтмишга, ўша машъум кун хотираларига қайтишни илтимос қилардим...

Ишхонада сизга сим қоқишди. Телефон орқали эшитилган гаплардан ҳайратга тушдингиз: «Бекмурод, эшитяпсизми? Аёлингизнинг сизга қанчалик вафодорлигини уйингизга опкелинган арзон-гаров жиҳозлардан сўранг»;. Шу гапларни айтган аёл ўзини танитмади. Сиз бўшашиб жойингиздан жилолмай қолдингиз. Хонангизда узоқ ўтириб мулоҳаза қилдингиз: «Жиҳозлар, дейилдими? Қайси жиҳозлар?..»; Бироқ бирма-бир эслай бошладингиз. Аввал диванни, кейинчалик иккита креслони сизсиз айнан хотинингизнинг ўзи сотиб олиб келган эди. Карнизлар, хонтахта, ёзув столи ва стулни ҳам Ирода сотиб олган. Сизни ҳол-жонингизга қўймай шу жиҳозларни олишга кўндирган. Маошдан қисиб, қариндошлардан озроқ қарз кўтариб ниятига етган. «Дўкондор яхши киши экан, нархини арзон тушириб берди»; дерди ҳар сафар. Ҳа, айтгандай, шу жиҳозларнинг бариси битта дўкондан олинган эди шекилли...

Ишдан эрта қайтдингиз, бироқ уйга келмай шаҳар кўчаларида кечгача санқиб юрдингиз. Йўлингизда учраган мебел дўконларига кириб жиҳозларнинг нарх-навоси билан қизиқдингиз. Нархлар «осмонда»; эди. Хотинингиз харид қилган анави матоҳларнинг баҳоси ҳақиқатан арзон эди. Тўғри, нарх-наво тез-тез ўзгариб турарди, бироқ уйингиздаги нарсалар олинганига унча-мунча вақт ўтган бўлса-да, барибир орада бунчалик катта фарқ бўлмаслиги керак-ку.

Эҳтиросларни жиловлаб ақл билан иш тутиш лозимлигини билардингиз. Ноҳақ туҳмат қурбони бўлиб қолиш ҳеч гап эмас. Бу дунёда сенга ҳасад қиладиганлар, тинч турмушингни кўролмайдиганлар оз эмас. Исботсиз, далилсиз бир гапга ишониш қийин.

Хаёлингизга келган бир фикрдан бироз дадиллаш¬дингиз. Бориб яқин танишингиздан пул қарз олдингиз.

Қоронғу тушганда уйга кириб келдингиз.
— Кеч қайтибсизми? — деб сўради Ирода.
— Ушланиб қолдим, — дедингиз совуққина.

Кайфиятингиз ёмонлигини, Иродани кўрарга кўзингиз чидамаётганини сездирмасликка ҳаракат қилдингиз. Ювиниб, артингач жимгина овқатлана бошладингиз. «Наҳотки шу гап рост бўлса»;, дея яна гумон ичида қолдингиз. Оғзингиздаги луқмани зўр-базўр ютдингиз. Иштаҳангиз бўғилди. Биринчида ўқийдиган қизингиз ҳали дарс қилиб ўтирар, ўғлингиз ухлаб қолган эди. Дастурхондаги таомни емай қўйганингизни кўриб хотинингиз ҳайрон бўлди:
— Овқатингизни емайсизми? — деб сўради.
— Қорним тўқ, — дедингиз қисқа қилиб, кейин ёстиққа ёнбошладингиз.

Кайфиятингиз йўқлигини аллақачон сезган хотинингиз буни чарчаганликка йўйди. Ортиқча гаплар гапириб сизни безовта қилгиси келмади. Сиз эса чалқанча ётганча кўзларингизни юмиб ўй ўйлаб кетдингиз. Телефон орқали эшитган гап ҳамон қулоғингиздан нари кетмасди. Кейин кўзларингизни хиёл очиб хонадаги жиҳозларга нигоҳ ташладингиз. Манави одмигина хонтахта, ёзув столи, карнизлар, нариги хонада турган диван ҳамда икки кресло сиздан нималарнидир яшираётгандек, хотинингизнинг сизга нисбатан хиёнатидан сўз очишга шайланаётгандек туюлди.

Ҳа, Ирода шу жиҳозларнинг барисини битта дўкон¬дан олаётганини айтган эди. Қайси дўкон эканлиги билан сиз қизимабсиз. «Дўкондор яхши киши экан»;, деса «яхши киши»;ни негадир ёши улуғ бир одам деб тасаввур қилибсиз. Наҳотки Ирода ўша дўкондор билан дон олишиб юрган бўлса...

Сиз яна кўзларингизни юмдингиз.
— Ваннахонада сув яна чиқмай қолди, — деди Ирода бир маҳал. — Ҳовлидаям йўқ. Кўчанинг нариги томонидан ташияпмиз.
— Нима бўпти сувга?
— Билмасам. Ҳамма ўша ёққа боряпти. Ҳали-бери чиқмайди дейишяпти. Каттароқ иккита пақир олмасак бўлмайди.

Шунда сиз тузган режангиз ҳақида ўйлай бошла¬дингиз. Мана, баҳона ҳам топилиб қолди. Шуни амалга оширсангиз баъзи бир нарсалар равшанлашармиди...
— Майли, — дедингиз, — пул берай, пақир олақол, Кейин, ҳалиги, қандил деётувдингми, ўшаниям олақол.
— Нима, ойлик олдингизми?
— Йўқ, мукофот чиқибди.
— Қандилни қўятурайлик, ундан бошқаям...
— Ол деган пайти олавермайсанми, осмондан тушгандек пул бўлса... Қолгани ойликдан.

Хотинингиз гапни кўпайтириб ўтирмади. Одатингизни биларди. Қандил олиш ҳам бир орзуга айланиб қолишини истамасди...

Бекмурод! Судда берган кўрсатмаларингиз асосида ёзилган ушбу мактубда зикр этилган воқеалар ҳақиқатга қанчалик узоқ-яқинлиги албатта ўзингизгагина аён, кечинмаларингиз ҳақидаги айрим тахминий мулоҳа¬заларим ҳам нисбийдир, эҳтимол. Бунинг учун узр.

Сизга сабр-тоқат тилаб, салом билан..."

Учинчи Мактуб

"Сиз ўша кеча ухлаёлмадингиз. Хаёлингиз минг кўчаларга кириб чиқди. Мижжа қоқмай тонг оттирдингиз. Эрталаб туриб ишга кетдингиз. Аммо ишга бормай бозор ёнидаги гавжум бекатда автобусдан тушдингиз. Бу сизнинг кеча тунда ўйлаб чиққан режангиз ижросининг аввали эди. Айнан шу жойдан хотинингизнинг орқасидан кузатишни мўлжаллагандингиз. Уйингиз ёнидан кузатса бўлмасди, чунки Ироданинг бозор қилгани уйдан қачон чиқишини билмасдингиз. Пойлаб ўтирганингизни кўриб қолишса таниш-билишлар ажабланишлари, саволга тутишлари мумкин. Билардингиз, Ирода фақат автобусга минади, сиз ҳам айнан шу автобусга минолмасдингиз, сизни кўриб қолади. Ҳозир тушган мана бу гавжум бекатда эса сизни ҳеч ким танимайди. Ирода ҳам автобусда шу ерга келади. Аввалоси у шу бекатда тушади, бозор ичидаги ёки атрофидаги мебел дўконларидан бирига боради. Агар бу ерда тушмаса такси миниб автобус ортидан кузатса бўлади.

Уйингиз томондан келадиган автобуслар, бирин-кетин бекатда тўхтар, йўловчилар тушиб чиқишарди. Сиз эса йўлак ёқасидаги дарахт панасидан туриб уларни диққат билан синчиклаб кузатардингиз.

Мана, ниҳоят, навбатдаги келиб тўхтаган автобус ичида Иродани кўрдингиз. У ҳам шу бекатда тушишга тараддудланиб эшик томон сурилиб келарди. Автобусдан тушди-да шоҳ кўчани кесиб ўтиб бозор дарвозаси томон йўналди. Сиз уни кўздан қочириб қўймасликка тиришиб орқасидан эргашдингиз.

Ирода бозорга кириб айланиб юрди. Иккита челак сотиб олди. Қатор расталар томонга ўтиб яна майда-чуйда алланималар харид қилди. Сўнгра ортига қайтиб бозордан ташқарига чиқди ва чапга бурилгач кенг йўлак бўйлаб тез-тез юриб кетди. Сиз масофа сақлаган ҳолда унинг ортидан кўз узмай борардингиз. Ирода йўл четида тиқис жойлашган дўконларнинг бирортасига кирмай бозордан анча олислаб кетди. Муюлишдан чапга бурилди. Сиз ҳам қадамингизни жадаллатдингиз. Муюлишга етиб бурилиб қараганингизда узун, камқатнов йўлакда Иродани йўқотиб қўйдингиз. Атрофга қараб шундоққина йўл ёқасида мебеллар дўкони борлигини кўрдингиз. Ироданинг шу дўконга киргани аниқ. Дўконнинг дарров кўзга ташланмайдиган овлоқроқ, камқатновроқ жойда жойлашганлиги кўнглингизга яна бир ғулғула солди.

Нима қилишни билолмай қолдингиз. Шу дўконга сиз илгари келмаган, кирмаган эдингиз. Ирода уйдаги «арзон»; жиҳозларни айнан шу дўкондан олганмикан ё бошқасиданми, ҳали буни ҳам билмасдингиз. Панароқдан хотинингизнинг қайтиб чиқишини кутиб турдингиз. Қайтиб чиқса, у кетгач, дўконга кирмоқчи, дўкондорни таниб олмоқчи эдингиз. Шунга қараб иш тутишни мўлжаллагандингиз.

Лекин Ирода ҳадеганда кўринавермади. Дўконга кейин кирган бир-икки харидорлар ҳам қайтиб чиқиб кетишди. Шунда сиз кўнглингизга келган ўта шубҳали тахминдан бирданига чўчиб тушдингиз. Тузиб турган режаларингиз бир зумда ёдингиздан кўтарилди. Ўзингизни бошқа идора қилолмай дўкон эшиги томон юрдингиз.

Кириб борганингизда ичкарида бир сотувчидан бўлак ҳеч ким йўқ эди.
— Келинг, ака, — дея мулозамат қилди сотувчи.

Сиз сотувга қўйилган жиҳозларга бирров кўз югуртириб чиқдингиз. Ирода бу ерга кирмабди, деб ўйладингиз. Қайтиб чиқмоқчи бўлиб бурилганингизда эшик олдидаги бир-бирига мингаштириб қўйилган иккита челакка кўзингиз тушди-ю, тўхтаб қолдингиз. Ахир булар Ироданики-ку.

Шу пайт ичкаридаги хоналарнинг биридан шовқин эшитилгандек бўлди, сўнг қаттиқ-қаттиқ қадам товушлари эшитилди. Сиз қайрилиб қараб бошини эгган куйи куйлаги ёқаларини наридан-бери тузатганча ичкари хонадан шитоб билан чиқиб келаётган Иродани кўрдингиз.

Ирода қаршисида одам турганини илғаб бошини кўтарди ва сизга кўзи тушди-ю, турган жойида тош қотди. Кейин қўлларини ёқасидан олиб кафтлари билан юзини бекитди. Унинг кетидан ўрта бўйли, қорача, тўладан келган бир йигит чиқди.
— Келинг, ака, — деди у сизни танимай. — Хизмат ака, нима оласиз?

Шунда Ирода жаҳл билан кафтларини юзидан олди, сизнинг юзингизга тик қаради-да:
— Бекмурод ака, кетдик бу ердан! — деди шиддатли оҳангда, у сизни ҳам кутиб ўтирмасдан челакларини қўлига илганча ташқарига интилганда сиз унинг қўлидан тутиб қолиб тўхтатдингиз.
— Ким бу! — дея ўшқирдингиз хотинингизга дўкондорни кўрсатиб.
— Юринг, кетдик бу ердан! — дея ялинди Ирода. —Кейин айтиб бераман, ўзим тушунтираман.
— Кимсан, ярамас! — деб бақирдингиз дўкондорга ташланишдан базўр ўзингизни тийиб.
— Ие, ака, нега бақирасиз? — деди дўкондор бамай¬лихотир. — Биз ҳеч нарса қилмадик, ака. Дўконда шовқин кўтаришга ҳаққингиз йўқ.
— Ичкарида бу билан нима қилаётувдинг, ифлос! — деб дағдаға қилдингиз.
— Ўзингизни босиб олинг, ака, — ҳозиржавоблик билан жавоб берди дўкондор. — Ичкарида мол кўрсатдик, нима қилардик, ака. Сиз қизишмай, олдин бундоқ сўранг-да.
— Бир нарсани исботлаёлмай, кейин жавоб бериб юрманг, ака, — аралашди иккинчи сотувчи ҳам. — Чиқиб кетинг бу ердан, бўлмаса милиса чақираман.

Боядан бери ялиниб-ёлвораётган Ирода куч билан судраб сизни ташқарига олиб чиқди.
— Сиз ўзингизни босиб нималар бўлаётганини англаб етишга ҳаракат қилардингиз. Лекин юрагингиз дукиллаб урар, оёқ-қўлларингиз дағ-дағ қалтирарди. Ирода қўлингиздан тутиб уйга шошилар, сиз уни силтаб ташлаб имиллаб қадам босардингиз. Анча жойгача лом-мим демай бордингиз. Бир маҳал:
— Ким у? — деб сўрадингиз хотинингиздан.
— Бир сотувчи, — деди Ирода, — ўзи яхши танимайман уни. Сиз ўйлаган ҳеч нарса бўлгани йўқ. Уйга борайлик, бир бошдан ҳаммасини тушунтириб бераман.
— Ҳамиша шу дўконга қатнайсанми?
— Бу нима деганингиз? Уйда тушунтириб бераман дедим-ку.

Йўл-йўлакай хотинингизга нисбатан шаклланаётган нафратингиз кучайганидан кучая борарди. Сизни овутиш учун айтаётган гаплари, қилаётган саъй-ҳаракатлари маккорликдан бошқа нарса эмасди назарингизда. Сиз унга мутлақо ишонмаётгандингиз. “Шу пайтгача бир беномусни хотин қилиб юрган эканман-да, — деб ўйладингиз. — Ўзим ҳам ғирт бефаҳм, аҳмоқ эканман. Хотинимнинг қилиб юрган ишларини аллақачон сезишим керак эди. Эҳтиёткорроқ бўлишим зарур экан. Энди бефойда, энди кеч. Мен унинг жавобини бераман. Хотинимнинг суюқоёқлигини бошқалар олдиндан биларкан. Кейин менинг ўзимга айтишди. Менга куюнадиган одамлар юзимга айтишдан истиҳола қилиб телефон орқали етказишган экан-да..."

«Бугуноқ уйига жўнатиб юбораман, — деб аҳдў қилдингиз автобусдан тушиб уйга яқинлашаётганди. — Бу билан бир кун ҳам яшамайман энди. Бировларга билдириб ўтирмай секингина, ими-жимида паттасини қўлига бераман. Ҳеч қандай важ-карсонлари ўтмайди»;.

Иккинчи қаватга кўтарилиб уйга кириб борган¬ларингда қизингиз ўғилчангизни ўйнатиб яхшигина ўтиришганди. Хотинингиз уларнинг қўлига бозордан олиб келган ширинликларни берди-да алдаб-сулдаб нариги хонага ўтказиб юборди. Эшикни ёпиб сизга юзланди.
— Қандил оламан деб кирувдим, — деди. — Ичка¬риги хонада яхшилари бор, ўзингиз танлаб олақолинг, деди.
— Кейин-чи?
— Кейин... ичкарига кирсам, қандиллар бор экан. Танлаётувдим...
— Нима бўлди?
— Иккинчи сотувчи ҳам бор эди, бир харидор ҳам бор эди... Бундай қилади деб ҳеч хаёлимга келмовди.
— Нима бўлди?
— ...
— Кейин нима бўлди деяпман?
— Кейин... Менга... кутилмаганда ҳужум қилмоқчи бўлди. Лекин мен бунга йўл қўймадим, ташқарига қочиб чиқдим. Чиқсам, сиз бор экансиз.

Сиз унга кинояли илжайиб, кўзларига тик қараганча индамай турдингиз.
— Ишонинг! — деб ялинди Ирода. — Ҳеч нарса бўлгани йўқ. Сизни алдамаяпман.
— Алдамаяпсан-а! Шу гапларга ишонди деб ўйлаяп¬санми? Ёқавайрон бўлиб чиққанингни кўрмадимми, қанжиқ! Бетларинг ҳам чала сўйилган сигирнинг гўштига ўхшаб қип-қизил бўп турувди-ку! Менга тўғрисини айт, манави матоҳларни ҳам ўша дўкондан олганмидинг?
— Нимани айтяпсиз?
— Диванни айтяпман, креслони, хонтахтани айтяпман, қанжиқ!
— Олганман, — деди кутилмаганда хотиржам тортиб Ирода. — Яна бир нарсани айтмадингиз. Стол билан стулни ҳам ўша дўкондан олганман. Ўзингиз фойдаланиб юрибсиз энди...
— Минг лаънат! Суюқоёқликдан келган столинггаям лаънат!
— Туҳмат қилманг, хўжайин, нима олсам рўзғорингизни деб олганман. Ўзингизга қолса... ўша бетайин, пулсиз ишингиздан бошқа нарсани билмайсиз. Одамлар уйим-жойим деб, рўзғорим деб жон куйдиради. Сиз-чи?! Уйга биров келса номусдан ўласан киши. На шароитингизда, на еб-ичишингизда оҳор бор. Бошқаларни кўрмайсизми?! Борингизни ошириб, йўғингизни яшириб юрганимга жон демайсизм? Мен ҳам уйда ялпайиб ўтириб олсам қўлингиздан нима келарди? Шу нарсаларни сиз қилишингиз керак эмасми? Шу уйингизни деб ўлиб-тирилиб юрганимга раҳмат демай мени фоҳишага чиқаргани уялмадингизми?! Туҳмат қилманг менга. Олдин исботланг!..
— Исбот керакми? Ўша дўкондан олган нарсаларингни арзонга олгансан. Бошқа дўконларга бориб сўра-чи, нархи қанча экан. Олган нарсаларингни арзимаган пул бериб қолганини баданингдан тўлагансан, билдингми. Мана исботи! Ўзим ҳам кўрмадимми? Кўрмадимми?
— Туҳмат қилманг.

Нариги хонанинг ярим очиқ эшигидан қизингиз олазарак бош кўрсатиб турарди. Тўрт яшар ўғлингизнинг ҳам ғингшиб йиғлаётган товуши эшитилди.

Сиз аҳдингизда қатъий эдингиз. Иродага жавоб берганингизни айтдингиз. «Ҳоҳлаган нарсангни олиб ҳозироқ уйдан чиқиб кет»;, дедингиз. Ирода ўзига қўйилган айб аниқ исботини топмагунча ҳеч қаёққа кетмаслигини айтганда сиз тутақиб кетдингиз. Ўзингизни идора қилолмай қолдингиз. Хотинингизни уриб-судраб солдингиз. Болаларингиз уй бурчагига қапишиб олганча чинқириб йиғлашарди. Шовқиндан қўшниларингиз ҳам безовта бўла бошлашди. Ўрта яшар бир қўшнингиз келиб сизларни тинчлантирмоқчи бўлди, фойдасиз. Кўп уриниб охири жанжални бостирди ҳам. У Иродани ҳозирча кета туришга кўндирди. Кейин бир гап бўлар, деди.

Хотинингиз юм-юм йиғлаганча бўғча тугди. Болаларни кийинтирди. Чиқиб кетаётиб эшик ёнида бехосдан тўхтади-да, сиз томонга ўгирилди. Қизариб кетган аламли кўзларини кўзларингизга қадади:
— Ношукур экансиз, — деди, — ҳали жазоингизни оласиз.

Сизга алам қилиб кетди: «Ўзи нима иш қилиб ўтирибди-ю, яна менга нималар деяпти бу калтафаҳм товуқмия»;. Шундоқ ҳам ўзингизни базўр босиб кўпчиликнинг олдидаги бу шармандагарчиликдан мулзам бўлиб тургандингиз. Ироданинг шу гапидан сўнг яна беихтиёр қуюшқондан чиқдингиз. Ироданинг елкасидан тутдингиз-да, зарб билан ташқарига итариб юбордингиз...

Сиз илгари ҳеч қачон хотинингизга қўл кўтармаган эдингиз. Умуман, аёл кишини умрингизда чертмагансиз. Баъзан ўйлаб қоламан. Агар аёлингизни уриб турган бўлганингизда эди, шу машъум, кўнгилсиз воқеа содир бўлмасди, балки. Айтмоқчиманки, агар илгари ҳам бир-икки уриб кўрганингизда аёл кишининг эркак олдида жисмонан қанчалик ожиз, ҳимоясиз эканлигини англаган бўлардингиз. Ўша чоғда, айни жанжал босилган пайти яна бир бор қуюшқондан чиқиб ўтирмасдингиз. Балки, бу гаплар энди ўринсиздир. Тақдир ҳукми, деган нарсалар ҳам бор-ку бу дунёда.

...Сиз Ироданинг елкасидан тутдингиз-да, зарб билан ташқарига итариб юбордингиз. Аёлингиз ичкаридан отилиб чиқиб ён девор бўйлаб сирғалиб кетди. Бу пайтда у зинапояга етиб қолган эди. Ҳалиги ўрта яшар қўшнингиз «воҳ»;, дея ушлаб қолиш учун Иродага талпинди, лекин кечикди. Ирода тиззалари ярим букилган ҳолда зинапоя томонга юзтубан қулаб кетди...

Қўни-қўшнилар тезда машина топиб ҳушсиз, юз-қовоқлари кўкариб қонга беланган аёлингизни касалхонага жўнатишди. Бирга-бирга бордингиз.

Дўхтирларнинг ҳаракатлари эса зое кетди. Ироданинг миясига қон қуйилиб қаттиқ жароҳат олган эди. Икки кунгаям етмади...

Бекмурод! Ҳадеб ўтмишингизни эслатиб ярангизни янгилаётганим учун сиздан узр сўрайман. Бу нарса мен учун навбатдаги мактубимнинг мазмунини сизга яхшироқ англатиш учун зарур эди. Айтиб қўяқолай, келаси мактубим энди сиз тўғрингизда эмас, ўзим ҳақимда бўлади.

Сизга сабр-тоқат тилаб, салом билан..."

Тўртинчи Мактуб

"Бекмурод!

Эсласангиз, ўша Шоди дўкондор ҳам судда қатнашиб гувоҳлик берган. У Иродага ўйнаш бўлганини қатъий рад этган эди. Сиз унинг гапига ишонгансизми, йўқми, менга қоронғу. Сизга қандай таъсир қилишини билмадим-у, бир ҳақиқатни айтишимга тўғри келади: Ирода ҳақиқатан ҳам Шоди дўкондорга жазман бўлмаган.

Рости, дўкондорнинг барибирам бир ўйнаши бор эди. Бироқ, у Ирода эмас, асли, менман.

Мана, бир сир очилди, ушбу мактубларни сизга қандайдир бир аёл киши йўллаётгани маълум бўлди. Яна бироз сабр қилсангиз, исмимни ҳам билиб оласиз.

Ўша пайтларда Шоди ҳам бир жазманим бўлган. У ишратпарастлик учун вақтини, пулини аямайдиганлар хилидан эди. Боши очиқ қиз-жувонларга хушомад қилиб ўзига оғдириб олишга уста, агар ёқтириб қолса бошида эри бор аёлларни ҳам йўлдан уришдан тоймасди. Мен бир неча бор унинг пинҳона «меҳмони»; бўлган, шунинг учун ҳам анча яхши таниш эдим.

Бир гал йўлим тушиб Шоди очган дўконга бордим. Суҳбатлашиб ўтирганимизда дўконга хотинингиз Ирода кириб қолдию У бошқа харидорлар қатори жиҳозларни кўздан кечириб юрарди. Иродани зимдан кузатиб ўтириб миямга ярамас бир фикр келди. Шодига хотинингизни кўрсатиб:
— Мана бу жувон қалай экан, нима дейсан? — дедим.

Шоди Иродани кўз қири билан аста кузатиб турди.

Сўнг:
— Ёмон эмас, — деди. — Сен уни танийсанми?
— Танийман.
— Гаплашса бўладими?
— Нега бўлмас экан. Қаловини топсанг қор ҳам ёғади.
— Унда менга шуни гаплашиб берақол.
— Бўлмайди. Уни орқаваротдан танийман, холос. Ўзингиз йўлини қилинг.
— Эри борми?
— Бор. Эриниям танийман. Бир маошхўр. Шундай жувонни иқтисоддан қийнаб хор қилиб юрибди.

Шоди харидорларга бирма-бир мулозамат қилиб Иродага яқинлашди.
— Нима оласиз, синглим, тортинмай сўрайверинг, — деди. — Диванми, кресломи, шифонерми, буфетми, сўраганга ҳақ олмаймиз. Сифати яхши, қаранг. Нархи паст. Ҳеч қаердан бунақа арзонини тополмайсиз. Шаҳар айланиб, кўриб юрибсиз-ку.
— Мана бу диван қанча туради? — деб сўради Ирода.
— Комплект бу, иккита креслосиям бор. Қаранг, қандай чиройли. Нархи олтмиш минг. Сизга тушиб бераман.
— Диваннинг ўзини сотмайсизми?
— Ҳа энди, комплектда бу, олаверинг, қиммат эмас-ку.
— Қиммат, — деди Ирода зардали оҳангда.

Шоди яна ёнимга келди. Менга секингина:
— Бунинг чақади-ку, — деди.
— Шоди ака! — дедим мен. — Диваннинг ўзини сотақолинг шунга. Яна, арзонга беринг. Шундай қилсангиз кейинчалик креслоларниям ўзи олиб кетади.
— Ўҳў, жонидан, биз буёқда убиткага тушамизми?
— Убиткага тушадиган бўлсангиз, етмаганини мен тўлайман.
— Қандай?
— Қандай хоҳласангиз шундай.

Шоди башарамга тикилиб туриб:
— Гапингда турасанми? — деди.
— Тураман.

Шоди дўкондан энди чиқай деб турган Иродани тўхтатиб бояги диваннинг ўзини креслоларисиз сотишга рози эканлигини айтди. Савдолашиб Ирода таклиф қилган нархгаям кўнди. Аравакаш топиб керакли жойгаям етказиб беришни-да бўйнига олди. «Хўжайинингиз билан келишиб креслоларни ҳам ўзингиз олақолинг, — деди Шоди, — сизга ушлаб тураман, арзонга бераман»;.

Шоди Ироданинг ҳожатини чиқаргунча қараб турдим. Хотинингиз кетгач, савдолашиб сотилган диваннинг нархини қайтадан чиқардик. Ёнимдан пул олиб орадаги фарқни тўлаб қўяқолдим.
— Бу сенга нимага керак? — деб сўради Шоди.
— Керак-да, — дедим мен. — Креслоларни ҳам сўраб келса, бериб юборинг. Фарқини яна ўзим тўлайман. Сиз ҳаракатингизни қилаверинг-да энди.
— Бу дейман, шу жувонда қасдинг бор-ов.
— Сизга нима фарқи бор?
— Тўғри, — деди Шоди. — Менга нима фарқи бор.

Ҳақиқатан, ўйлаган ниятим ёмон бўлган. Мен шу режам орқали Иродани йўлдан урмоқчи эдим. Бу ишим тузуккина натижа беришига ишонардим.

Кунларни қувиб кунлар ўтарди, лекин Ирода хаёлимдан кетмасди. Ўша куни, дўконда, жиҳозларни бирма-бир ушлаб, силаб кўраётгани, сотувчидан нархини сўрашга ботинолмаётгани, худди омонатдек, чўчитсанг ҳозир пириллаб учиб кетадиган қушдек ўзини тутиши кўз олдимда гавдаланаверди. Қўлидан келганча ўзига оро берган бўлса-да, одмигина кийим-бош, ҳаракатлари унинг оддий бир оиладанлигини, уйим деб, жойим деб жонини жабборга бериб юрадиган жафокаш, ҳаёли аёллар хилидан эканлигини кўрсатиб турарди. Шундай бир жувонга қўллаётган бу ҳунарим ўта аянчли эканини ўйлаб ўзимдан-ўзим жирканиб кетдим. Ахир ахлоқсиз бир аёл бошқасиниям йўлига тортаверса, ниятига етаверса оқибати нима бўлади? Том маънодаги аёл деган номнинг қадри қаерда қолади. Мен нима қиляпман ўзи. Бир бегуноҳ жинсдошимга шунчалик жабр қилиш, бургага аччиқ қилиб кўрпани куйдиришга тенг эмасмикан. Шахсий армонларим, ранжу аламларим туфайли ниш ураётган ёвузлик, шафқатсизлик илдизларини ўз вақтида қуритишим зарурлигини сезиб қолдим. Инсон эканлигимни батамом унутиб қўймаслигим, озгина бўлса-да диёнатим борлигини, ўзимнинг, яратганнинг қаршисида исботлашим учун анчадан бери хаёлимни, вужудимни эгаллаб олган қасд олиш ниятимни юмшатгим келди.

Вақт топиб Шодининг дўконига бордим. Дўкондор мени кўриб қувониб кетди:
— Ўзи сен керак эдинг, келганинг яхши бўлди, — деди.
— Нима гап?
— Анави Ирода дегани кеча келиб креслоларни ҳам сотиб олиб кетди. Келишилган бўйича яна арзонга бериб юбордим.

Мен ноилож қолдим. Ваъдамга вафо қилиб кресло¬ларнинг ҳақиқий нархи орасидаги фарқни тўлашимга тўғри келди.
— Энди бошқа нарса олса фарқини тўламайман, — дедим. — Менинг ортиқча пулим йўқ. Илтимос, ўша Ироданинг бошини айлантириб юрманг энди. Менга шуёғиям етади.
— Хўп, хўп, гўзалим, — деди Шоди. — Лекин қарасам барибирам зўр нарса экан.

Ўша куни елкамдан тоғ қулагандек ўзимни енгил сездим. Сарфлаган пулларимга ҳам ачинмадим. Ҳаётим давомида қилаётган хатоларимдан бирини ўз вақтида тузата билганимдан хурсанд бўлдим. Шу қилган тўғри ишим эвазига адоватимни ҳам унутишга рози эдим.

Бироқ ҳодисалар оқимини, тақдирни ҳеч қачон измингда тутиб туролмайсан. Ҳаёт китоби турмуш йўлида сенга ҳар доим сен ўқишни тахмин қилмаган янги-янги саҳифаларни оча боради. Унда ўқиган сатрларингнинг маъносини ҳали яхши тушуниб улгурмай навбатдаги вараққа ўтишга мажбурсан. Шунинг учун ҳам биз кундалик харажатларимизни, ўзимиз хоҳлагандай идора қилишга, тирикчилик шартларини рисоладагидек адо этишга қодир эмасмиз...

Баҳор кунларининг бирида бекатдан туриб Ироданинг бир аравакаш кўмагида хонтахта, карниз олиб ўтаётганини кўриб қолдим. Қаердан олганини билмадим-у, бу жиҳозлар Шодининг дўконида ҳам борлигини эсладим. Мулоҳаза қилиб кўриб мени ваҳима босди. Бораётган манзилимдан қайтиб Шодининг дўконига йўл олдим.

Шоди дўкон ичида ҳисоб-китоб дафтарини титкилаб ўтирарди. Мени кўриб:
— Келинг энди, гўзалим, — деб қарши олди.

Сўрашгач, унга йўлда Иродани кўрганимни айтдим.
— Хонтахта олди бугун, — деди. — Карниз ҳам сотдим. Арзонга сотдим, — дея ҳиринглади Шоди.
— Арзонга дейсизми?
— Қўрқма, сулувим, фарқини сендан олмайман. Энди бу ёғини ўзимиз келишаверамиз.

Шодининг ғирромликларини олдиндан ҳисобга олмаганимдан афсус чекдим. Сир бой бермай:
— Қалай, йўлга киряптими? — деб сўрадим.
— Анча-мунча қайсар экан лекин. Одамни нуқул убиткага туширяпти.
— Ундан воз кечинг дегандим-ку.
— Ёқиб қолганда, қурғур. Энди воз кечиб бўлмайди.
— Шоди, илтимос, — дедим. — Уни ўз ҳолига қўйинг.

Шоди қўлидаги дафтарни зарда билан бир токчага ирғитди.
— Жоним, — деди менга юзланиб. — Буёғи энди бизнинг ишимиз. Убиткани ким тўлайди, убиткани. Сен тўламайсан-ку.
— Тўлайман, — дедим.
— Йўқ, энди анов жононнинг тўлови керак, билдингми..."

Бешинчи Мактуб

"Бекмурод! Мен ўшанда нима қиларимни билолмай қолдим. Шоди тутган жойини қўймайдиганлар тоифасидан эди. Иродани исноддан сақлаб қолиш чорасини кўп қидирдим. Ўзи билан учрашиб тушунтирсам бўлмасди. Ўзимни ошкор қилишни истамадим...

Сиздан бир ўтинчим бор, Бекмурод. Марҳум хотинингизга маломат тошини отманг. Ирода ҳеч қачон хиёнат йўлига кирмаган. У эрига содиқ бир аёл сифатида нимани қилган бўлса сизнинг оилангиз ободлиги учун қилди. Сиз ён-верингизга алангламай ўзингиз амал қилган эътиқодингизда маҳкам турган ҳолда бир кун келиб келажакда етишингиз лозим бўлган фаровон, тўкис ҳаёт илинжида юрган кезингизда аёлингиз на кечиктириб, на инкор қилиб бўладиган бугунги кун ташвишлари билан яшади, заҳмат чекди. Чекига тушган мушкул вазифани сидқидилдан ҳалол бажарди.

Ҳолбуки, Ироданинг кечирган ҳаётини мен каби йўлдан адашганлар орзу қилади, холос. Менинг Иродада асло хусуматим йўқ эди, қасдим... сиздан, фақат сиздан эди.

...Мен ўшанда шундай йўлни танладим-ки, мақсадим, ҳам Иродани ўта хавфли йўлдан қайтариш, ҳам бир йўла... бир йўла сиздан қасд олиш эди.

Йўлини қилиб қўлга туширган телефон рақамини териб ишхонангизга сим қоқдим. Ўша сиз эшитган гапларни мен айтган эдим: «Бекмурод! Эшитяпсизми? Аёлингизни сизга қанчалик вафодорлигини уйингизга опкелинган арзон-гаров жиҳозлардан сўранг»;.

Шу гапни эшитиб сизнинг ёмон аҳволга тушишингизни истадим. Юрагингизга ғулғула оралаб ўзингизни қўярга жой тополмай қолишингизни хоҳладим. Бутун вужудингиздан даҳшатли кечинмаларни ўтказишингизни, бир кун, ақалли бир кун бўлса ҳам ўз ёғингизда ўзингиз қоврилишингизни ихтиёр этдим.

Менинг ўйлаган ўйим бўйича сиз уйга бориб Иродани қийноқ-қистовга олишингиз, суриштири-шингиз, бир кун, бир кунгина азият чекишингиз лозим эди. Эртаси куни эса мен яна ишхонангизга, сизга сим қоқиб, бор гапни тушунтириб, ўзимни ҳам танитмоқчи бўлгандим. Иродани оқлаб бермоқчи эдим.

Афсус, минг афсуслар бўлсинки...

Эртаси куни ишхонангизга телефон қилсам, ишда йўқлигингизни, негадир бугун келмаганингизни айтишди. Шунда мени ваҳима босди. Миямга минг ўйлар келиб хавотирим кучайгандан кучайди. Кўпам ўйлаб ўтирмай уйингизга жўнадим.

Йўлда калламга яна бир фикр келди: «Бекмурод Шодининг дўконига борармикан?»; Ортимга қайтиб дўконга шошилдим. Кириб борсам Шодининг ўзи бор экан. Мени кўриб еб қўйгудек ўқрайиб қаради.
— Нима гап? — деб сўрадим ўзимни хотиржам тутишга уриниб.
— Ирода келувди, — деди Шоди пинагини бузмай.
— Ирода?
— Ҳа, Ирода. Орқасидан эркагини сен юборувдингми? Акасимиди, эримиди у. Ё тоғасимиди?
— Мен ҳеч кимни юбормадим.
— Сен юбормаган бўлсанг, тузук, — деди Шоди, энди у ёқ-бу ёққа аланглаб. — Ирода келувди. Сен айнитиб қўймай бир ҳаққимни олай деб алдаб ичкариги хонага олиб кирган эдим. Бир қучоқлашга улгурдим, холос. Кийикдек ҳуркак экан занғар, суғурилиб қочди. Ташқарида бир эркак таниши бор экан палакат, сезиб қолди.
— Кейин-чи?
— Кейин-чи эмиш. Кейин эркаги менга ўшқириб капалагимни учирди, ғажиб ташлай деди. Бир амаллаб чиқариб юбордим. Шеригим мелиса чақираман деб пўписа қилувди, шундан пасайди-ёв...

Шоди гапириб турган чоғда мен ташқарига отилдим. Автобусга ўтириб тўппа-тўғри уйингизга жўнадим. «Нима бўлсам мен бўлай»;, — деб ўйладим. — Эртароқ бир фалокатнинг олдини олай".

Зарур бекатга етгач, автобусдан тушдим-да йўлак бўйлаб жадал юриб кетдим. Яқинлашганимда хонадонин¬гиз жойлашган икки қаватли уй эшиги ёнида бир тўда одамларни, енгил машинани кўрдим. Хавотирланиб қадамимни тезлатдим. Етиб боргунимча енгил машина жойидан жилиб тўдадан узоқлашди. Ҳали тарқамай, гап-сўз қилиб турган кишиларнинг биридан нима гаплигини сўрадим.
— Бир қўшни аёл зинадан йиқилибди, — деди у.
— Оти нима?
— Ирода..."

Олтинчи Мактуб

"Мактабни битириш даврларингизни эслайсизми? Буни унутиб бўлармиди. Шунга йигирма йилдан ошиб кетибди.

Синфдаги энг мағрур, энг олифта бола эдингиз. Ўзингиз мутлақо ажралиб турардингиз. Бошқа болларга ўхшаб чучмал гаплар гапириш, бачкана қилиқлар қилиш сизга бегона эди. Бежирим кийинишингиз, ўзингизни тутишингиз, гап-сўзларингиз, фикрларингиз сизни тенгдошлар орасида ёши улуғдек кўрсатарди. Синфдош¬ларингиз ҳам ўзлари сезмаган ҳолда сизга буйсунишар, ортингиздан эргашардилар. Тўғриси, сиз уларни унчалик менсимасдингиз ҳам. Боллар, қизлар буни сезишмаса-да, ўрганиб кетишган, гўё шундай билиши керакдек эди. Ёлғиз Ўролга бироз хайрихоҳлик билдирардингиз чамамда, у билан яқин дўстлик ришталарини унча-мунча боғлагандек эдингиз, бирга юрардингиз.

Агар билсангиз, синфдаги ҳамма қизлар билан сизни ёқтиришса-да, лекин ажабо, севиб қолишдан қўрқишарди. Бунга ҳақлари йўқдек, муносиб эмасдек билишарди ўзларини.

Бекмурод! Энди айнан кимлигимни, исмимни ошкор қилиш вақти келди деб ҳисоблайман. Мен ўша синфдош қизларингизнинг бириман. Мен Ноиламан.

Балки унчалик эслаёлмассиз ҳам, чунки мен сиз билан икки йилгина синфдош бўлганман холос.

Кичик қишлоғимиздаги саккиз йиллик мактабни битириб юқори синфларда ўқиш учун сизларнинг қишлоғингизга келган эдим. Холамникида турардим. Аттестат олиб институга киришни орзу қилардим. Ўқишларим яхши бўлганлиги учун ота-онам катта ўқишларга боришимга қарши эмас эдилар. Лекин келажак режаларим, умидларим қанчалик улкан бўлмасин, бу ерда сизни учратгач қалбимга ҳали нотаниш, ёввойи, илиқ бир туйғунинг ҳам сизиб кира бошлаганини ҳис этардим. Сизни ёқтиришадиган бошқа синфдош қизлар сингари ҳисларимни жиловлаб юришга қурбим етмас, рости, сизни севиб қолишга ўзимни нолойиқ деб ҳисобламасдим.

Атайлаб орқа партада ўтириб кўзларимни сиздан узмасдим. Оқ юзингизга, дудоқларингизга, кўзларингизга соатлаб қараб ўтиришга рози эдим. Дид билан таралган қоп-қора сочларингизни бориб силагим келарди. Сиз эса парво қилмасдингиз. Ўзгалар аллақачон сезган нарсани сиз сезмасдингиз, сезсангиз-да, сезмаганга олардингиз.

Айни ўша чоғларда, холамнинг уйидаги мўъжаз хонамда, яшириб юрадиган хотира дафтаримнинг орасида яқин ўртоғингиз Ўрол ёзган хатлар ҳам йиғилиб борарди.

Ўрол ўзининг менга бўлган муҳаббати шунчаки ҳавас эмаслиги тўғрисида ёзарди. Ўзига ром қилиш иштиёқида севги шеърлари битарди. Менинг унга хайрихоҳлик билдиришимни сўрарди, агар уни рад этмасам бир умр мени авайлаб-асрашини, эъзозлашини, ҳурмат қилишини айтарди, ваъдалар берарди. Аммо мен Ўролнинг дил изҳорларига жавоб ёзмасдим. Хатларини эса ёшлик йилларимдан бир хотира сифатида сақлаб қўйгим келарди, холос.

Мен сизга хатлар ёзмасдим, севишимга ишора қилинган бирор сўз айтмасдим. Буларни сиздан кутардим. Интиқиб кутардим.

Ниҳоят, 10-синфда ўқишни тугаллаб давлат имтиҳонларини топширишга тайёрлана бошладик. Бир куни тайёрланиш чоғида синфда ўтириб бир синфдош дугонамнинг янги сотиб олган нарсасини қизлар билан томоша қилдик. Бу аёллар соати эди. Қизил қутичасидан олиб бирма-бир тақиб кўрдик. Навбат менга келганда қўлимга тақиб олиб:
— Шуни менга бе-ер, — деб ялиндим эгасига ҳазил¬лашиб. — Шунақасини жуда хоҳлардим, берақо-ол.
— Ҳо-о, — деди дугонам ҳам қўлимга ёпишиб. — Керак бўлса ўзинг ол.
— Бўлмаса қутичасини ола-ай...

Кулишиб ўтирдик. Синфда ўғил болалар ҳам бор эди.

Бу суҳбатни ёдга солганим, сизга эслатганим ҳам бежиз эмас. Балки шу суҳбат содир бўлмаганида...

Сўнгги имтиҳон куни сиз мени четга чақирдингиз-да, қўлимга қоғозга ўроғлик нарса узатдингиз.
— Бу нима? — деб сўрадим.
— Олавер, совға.

Сира кутилмагандим. Бироз каловланиб қолдим.
— Олавер, олавер. Сенга. Хатиниям ўқи!

Мен олдим, сиз бошқа ҳеч нарса демай қайрилиб кетдингиз.

Ўзимни қўярга жой тополмай қолдим. Овлоқроқ жой қидириб анча овора бўлдим. Қувончим ичимга сиғмасди. Ҳозир портлаб кетадигандек эдим. Бир синфга кириб эшикни ёпдим-да, уни орқам билан тутиб турган ҳолда қоғоз ўрамини секинлик билан очдим. Ичида қизил рангли соат қутиси бор эди. Ҳалиги дугонамникидан.

Энтикиб кетдим: «Наҳотки, наҳотки Бекмурод менга бирданига соат совға қилаётган бўлса»;. Қутини очиб қарасам ичидаги соат эмас, қатма-қат тахланган мунчоқ экан. Дур мунчоғи. Мунчоқни қўлимга олдим-да айлантириб томоша қилдим. Унинг соат эмаслигидан заррача ҳам хафа бўлганим йўқ. Бу нима эканлигидан қатъий назар Бекмуроднинг Ноилага қилган совғаси эди. Кейин хатни қидирдим. Бир энлик хат қутичанинг тубида экан. Очиб ўқидим: «Ноила! Кечга томон, бузоқ излаб тошқўрага кел. Сенга зарур гапларим бор»;.

Ўша куни уйга қайтгач, мунчоқни бўйнимга тақиб ўзимни шифонер ойнасига солдим. Аксимга боқиб дунёдаги энг чиройли, энг бахтли қиз ўзим эканлигимдан ғурурланиб кетдим.

Энди кеч бўлишини кутардим. Бекмуроднинг «зарур»; гапларини тинглаш учун, ўзимнинг ҳам дил-изҳорла¬римни айтиш учун жон-жон деб тошқўрага бораман.

Холамларнинг уйлари қишлоқнинг четроғида, кунботиш томонда жойлашган бўлиб, яйлов бошидаги кўҳна, ташландиқ тошқўра у ерга яқин эди. Эрталаб подачи молларни яйлов ичкарисига ҳайдаб кетгач орқасидан бузоқларни бўшатардик. Пода қайтишдан олдин ҳар куни бузоқ излагани чиқардик. Кўпинча уларни эски тошқўра атрофида топиб ҳайдаб келардик.

Ўша куни кечга томон ҳар кунгидек холамнинг қизчасини эргаштириб олмай «бузоқ излагани»; ёлғиз чиқдим. Тўғри тошқўра томонга бордим. Ён-атрофда ўтлаб юрган бузоқлар ичида холамники йўқ экан. Бу менга айни муддао эди. Бузоқ у ерда йўқ экан, деб қўяқоламан. Бошқалар келса бизни кўриб қолмасин деб ўтлаб юрган бузоқларни ҳайдаб бир жойга тўпладим-да, чу-чулаб қишлоқ томонга қувдим.

Аланглаб қидирдим, кўҳна тошқўранинг ён-берида сиз кўринмадингиз. Шунда томи йўқ чўпон чайласи томондан заиф ҳуштак овози келди. Келмаганми, деб ўйловдим, сасингизни эшитиб кўнглим хотиржам тортди. Кўз югуртириб атрофда ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач чайла томонга юрдим. Яқинлашиб эшик ўрнидан ичкарига қарадим. Кўринмадингиз. Кўнглимга бир хавотир оралади, лекин яна тинчландим.

Сизни ҳазиллашяпти, ичкарида яшириниб турибди, деб ўйладим.
— Бекмурод, ичкаридамисиз? Бекмурод! — деб чақирдим.
— Шу ердаман-ку, — деган паст, бўғиқ товуш эшитилди.

Бу сизнинг товушингиз эканлигига ишондим. Юрак ҳовучлаганча секин юриб ичкарига қадам қўйдим-у, девор панасида... девор панасида Муртозни кўрдим. Бу ўша, бир амаллаб ҳарбийни битириб келиб ишёқмасликни касб қилиб олган бозорчи, ота-онасини шўрлатиб бир ҳафта қишлоқда, бир ҳафта шаҳарда изғиб юрадиган дайди, тўйларда маст бўлиб жанжал чиқара¬диган бетайин, ўғирлик, ғарлик қилиб қишлоқдаги¬ларнинг жонига теккан худобезор Муртоз эди.

Мен уни кўрдим-у, қўрқувдан тош қотиб қолдим. У шартта қўлимдан тутиб мени ўзига тортди.
— Қўйиб юборинг! — деб бақириб юбордим.
— Қўрқма, сенда гапим бор, менга қулоқ сол.
— Қўйиб юборинг, ҳозир яна бақираман.
— Бақирма, биров эшитса ўзинг шарманда бўласан. Мен сени яхши кўраман. Сени оламан.

Мен жонимнинг борича қичқирмоқчи бўлиб оғиз жуфтлаганимда у мени шартта қучоқлаб оғзимни бекитди. Қўйнидан ҳарчанд қутулишга чиранмай унга бас келолмай қолдим. У қобондек кучли ва шафқатсиз эди...

...Тошқўра атрофидан подачининг ҳайқириқлари, қорамолнинг туёқ товушлари келиб турарди. Қуёш ботиб шом яқинлашаётган эди.
— Пода ўтиб кетсин, кейин уйга кетасан, — деди Муртоз.
— Ифлос, сен энди қамаласан.
— Ундай дема, Худой сақласин, мен сенга уйланаман.
— Икки дунёдаям сенга тегмайман.

Пода қишлоққа ёйилиб шом тушиб қолганида уйга кириб бордим. Холам сигир соғаётган экан. Мени кўриб:
— Қаёқда эдинг, Ноила, бузоқ ўзи келди-ку, — деди.
— Уни излаб юрувдим.

Йиғламсираб гапирганим, овозимдаги ўзгаришни сезиб холам ҳайрон бўлди. Сигир соғишдан тўхтаб, туриб ёнимга келди:
— Нима бўлди сенга, — деди афт-ангоримга, уст-бошимга қараб. — Йиқилдингми?

Мен ҳўнграб йиғлаб юбордим:
— Ҳа, йиқилдим, — дедим-у, холамни қучоқлаб олдим.
— Қаерда йиқилдинг, Ноила?

Мен ич-ичимдан бўзлаб йиғлаганча:
— Йиқилдим, холажон, йиқилдим, — дердим. — Мен йиқилиб тушдим, холажон. Ёмон йиқилдим".

Еттинчи Мактуб

Бекмурод! Ўшанда холам менинг номусим топталганини билиб ич-ичидан куйиб кетди.Мени уйига олиб келганидан минг пушаймон еди. Бироқ шармандагарчиликдан қутулиш учун буни яширишдан ўзга иложимиз йўқ эди. Холам қанча зўрлагани билан Муртозни айтмадим. Мабодо, унга тегишимга тўғри келиб қолса, буни сираям хоҳламасдим.

Кечалари ўйлаб мижжа қоқмай чиқардим. Наҳотки Бекмурод мени алдаб Муртозга тўғрилаган бўлса. Йўқ, бўлиши мумкин эмас. У шунчалик паст кетадиган йигитлардан эмас. Унинг иши чиқиб боролмай қолган бўлса керак. Муртознинг у ерда пайдо бўлиб қолиши тасодифий. Орқамдан тушиб пойлаб борган, чунки тез-тез у ердан бузоқ ҳайдаб келишимни билган бўлиши мумкин. Тахминим тўғри чиқиши учун сиз боролма¬ганингиз сабабини айтишингиз лозим эди. Лекин негадир бундай бўлмади. Сиз дом-дараксиз кетдингиз.

Қанчалар тушкун кайфиятда бўлмайин, ўша йили холам мени аввалдан ўзим хоҳлаган тиббиёт институтига ҳужжат топширишга кўндирди.

Биласизми, менинг изимдан бориб Ўрол ҳам ўша институтга ҳужжат топширди. Ўрол ўтди, мен йиқилдим.

Ҳаёт давом этар экан, не бўлгандаям инсон тўхтаб қолмай яшаш учун курашаверади. Топталган умидлари ўрнини янгилари эгаллайди. Юракдаги доғларни ғубор қоплайди.

Энди мен ҳам қишлоққа қайтиб ғамларга кўмилиб ўтирмоқчи эмасдим. Шаҳарда тиббиёт техникумига ўқишга кирдим. Ҳаётимни яхшилашим, изга солиб кетишим учун саъй-ҳаракатлар қилишим даркор эди.

Орадан бир йилча вақт ўтиб мени излаб Муртоз техникумга борди. На ўқишда, на ётоқхонада ҳол-жонимга қўймай орқамдан эргашиб юрди. Гаплашсам, мақсади менга уйланиш эмиш. Агар ўзим рози бўлмасам қишлоққа бориб жар солармиш. Ҳақиқатни, менинг уники эканлигимни айтармиш.

Муртоздан ҳамма нарсани кутса бўларди. Жиннилик қилиб қишлоққа лақиллаб қолса шаъним булғанишини, холамнинг, ота-онамнинг ҳам ҳоли не кечишларини ўйлаб мени ваҳима босди. Бу тентак билан муроса қилишим керак эди.
— Сиз мени унутинг, — дедим унга. — Ҳолингизга қараб иш тутинг. Сиз уй қилиб бола боқолмайсиз.
— Нега энди боқолмас эканман, бошқалардан кам жойим борми?
— Бетайинсиз. Шу пайтгача бир ишнинг бошини тутмагансиз. Уйлансангиз, мени ҳам хор қиласиз.
— Йўғ-е, Худой сақласин. Ҳали ишга ўтиб бир одам бўлай... Машина ҳам оламан. Мана кўрасан. Сенга айтмадимми, қурилишга ишга ўтяпман-ку. Уй олишгаям ёзиламан.
— Ишга ўтиб одам бўлсангиз кейин бир нарса дейман, — дедим мен. — Унгача хайр!

Шундан кейин Муртоз кўринмай қолди. Орадан бирор ҳафта ўтиб яна пайдо бўлди.
— Одам бўлдим, — деди у. — Қурилишда ишлаяпман. Бугун, эрта дам олиш. Шунга келдим, аванс ҳам олдим. Мана, — у дўппайиб турган кистасини кўрсатди. — Юр, сени айлантириб келаман.
— Айланишга ҳали эрта, — дедим мен. — Пулларингизни беҳудага совурмай, йиғинг, уй олинг, кейин тўй қилиб...
— Ҳаммаси бўлади, — деди Муртоз. — Йўқ дема энди, дарров ўзим олиб келиб қўяман.

Ялинтираверишдан хижолат бўлиб, кўндим.

У шаҳар айлантирди. Кинога олиб тушди. Овқатландик. Кейин у мени ётоқхонага олиб келиб қўйди.

Муртоз мен ўйлагандан бошқача экан. Юзи хўм¬райган, калласи катта, серсоч, гавдали, кўринишидан ҳурпайган бўрини эслатадиган кўримсиз бир йигит бўлса-да, аслида хушчақчақ, таваккалчи, тўпори, содда эди.

Биз энди ҳар ҳафта дам олиш кунлари айланишга чиқадиган бўлдик. Муртоз кўнглимга қараб айтганимни қилар, кулгили қилиқлари, гаплари билан димоғимни чоғларди. Бир якшанба куни биз яна айланишга чиқдик. Муртоз менга домдан бир бўш уй топганлигини, уни сотиб олмоқчи эканлигини айтди.
— Хоҳласанг ҳозир олиб бориб сенга кўрсатаман, — деди.
— Неча хонали?
— Бир хона, лекин тоза, зўр уй. Ҳамма шароити бор. Арзонга гаплашяпман.
— Мен бормайман, — дедим. — Ўзингизга ёқса олаверинг-да.
— Энди, сен ҳам кўргин, илтимос.

Мен ноилож рози бўлдим. Ўша уйга бориб учинчи қаватга кўтарилдик. Мен уй эшиги ёнида кутиб турдим, у тўртинчи қаватга кўтарилиб уй эгасидан калитни олиб келди. Мен ҳайрон бўлиб:
— Эгаси ўзи кўрсатмайдими? — дедим.
— Э-э, у бизнинг акахонда бўлади-ку. Қурилишда бирга ишлаймиз.

Уй эшигини очиб ичкарига кирдик. Хона ростдан ҳам яхши эди.
— Шу уйни оламан, — деди Муртоз. — Кейинчалик кўп хоналисига алмаштириб олаверамиз.
— Яхши, кетдикми энди?
— Кетамиз, кел озроқ ўтирайлик. Гаплашайлик мундай. Мени планларим катта. Сен менга тегсанг бўлди, фақат. Кейин бориб-бориб кўп хонали уйни ҳам сотиб коттеж-ҳовли оламиз. Ҳали михдай яшаб кетамиз...

Биз хонадан жуда кеч чиқдик.

Энди биз Муртоз сотиб олаётган уйда тез-тез учрашиб турадиган бўлдик. Унга турмушга чиқишга розилик бердим.

Ўша учрашувларнинг бирида Муртоз менга бир сирни очди..."

Саккизинчи Мактуб

"Бекмурод! Ўша учрашувларнинг бирида Муртоз менга бир сирни очди.

Мактабни тугаллаш арафасида синфда ўтириб бир синфдош дугонамнинг қизил қутичадаги соатини тақиб кўрганимизни сизга эслатган эдим. Буни ўғил болалар, шахсан сиз ҳам кўрган эдингиз. Маҳалладошингиз Муртоз ўша кезларда сиз билан тез-тез ҳангома қилиб турарди. Бир куни у сизга дардини очишга жазм қилади:
— Ноила деган синфдошинг бор-а?
— Бор, нима эди?
— Тоза зўр қиз-да лекин, тўғрими?
— Билмасам.
— Сени яхши кўрар экан, эшитдим. Сен ҳам яхши кўрасанми?
— Э, қўйсангиз-чи. Мен яхши кўрмайман.
— Тўғри қиласан. Момо қилармидинг уни. Ноилани менга бер, мен яхши кўраман лекин.

Сиз кулиб қўйдингиз. Кейин:
— Майли, олаверинг, — дедингиз.
— Лекин, жўра, битта муаммо бор, у билан учрашай десам учрашмайди-да.
— Нега энди?
— Нега десанг, мен сенга ўхшаган келишган эмасман-да.
— Ким айтди буни, сиздай чиройли йигит борми.
— Тўғри айтасанку-я, буни ўзим ҳам биламан, бироқ қизлар билмайди-да.
— Унда нима қилиш керак? — деб сўрадингиз.
— Менга бир ёрдаминг керак-да. Мени Ноила билан учраштирсанг, — деди Муртоз.
— Қандай қилиб?
— Сен Ноилага бир жойга учрашишни таклиф қилсанг бўлди, кейин ўша жойга мен бораман.
— Э, йўғ-е, — дедингиз сиз. — Мен бундай қилолмайман. Ўзингиз йўлини қилиб учрашаверинг.
— Бир илтимос қилувдик-да энди, ука. Одамнинг одамга иши тушмайдими. Мана, мактабни битиряпсан, ўқишга жўнаяпсан. Эрта-индин шаҳарга борасан. Қишлоқ боласига шаҳарда жойлашиш қийин. Шаҳарни мана биз яхши биламиз, ука. Ўша ёқларда бизнинг ҳам ёрдамимиз тегиб қолар. Квартира, ётоқжой дегандай, юриш-туриш дегандай... Қари билганни пари билмас...

Сиз бу гаплардан ўйланиб қолдингиз. Балки Муртоздан бироз чўчигандирсиз ҳам, чунки у шаҳарда сизга яхшилик қилишдан ташқари, асабига тегсангиз, ёмонлик ҳам соғиниши мумкин.
— Унда... — дедингиз тутилиб, — ўша Ноилага аввал совға бериш керак, ўшанда яхши чиқади.
— Ў-ў, баракалла, қандай совға берай, сен биласанми?
— Маслаҳатим, у ҳозир чиққан аёллар соатини яхши кўради. Ўшандан совға қилинг.
— Соат дейсанми? Соат қиммат-ку.
— Унда бошқа нарса совға қилинг.
— Майли, лекин ўшани сен ўзингнинг номингдан берасан, майлими?

Сизнинг энсангиз қотиб ўйланиб қолдингиз-да:
— Майли, — дедингиз.

Кечаси, алламаҳал уйингизга биров чақириб келди. Уйдагилар сизни Муртоз чақираётганини айтишди.

Муртоз сизни ёруғ жойга олиб бир мунчоқ кўрсатди:
— Пул кам эди жўра, — деди. — Шуни топдим.
— Яхши, ўзингиз беринг-да, энди.
— Йўғ-э, келишдик-ку, сен берасан. Ўша сен айтган янги чиққан соатниям топдим. Лекин қутиси менга тегди. Мунчоқни шунинг ичига соламиз. Шуни эртагаёқ Ноилага олиб бориб бер. Ўзингнинг номингдан бер. Бўлмаса олмайди. Кейин, тошқўра бор-ку, ўша жойга кечқурунга таклиф қил. Бўлдими?
— Нега энди тошқўрага
— Овлоқроқ-да, жўра.
— Нима қиласиз у ерда?
— Э-э, ҳеч нарса қилмайман, қўрқма, гаплаша¬ман, бўлди. Оқшомга чақирмаяпман-ку.

Сиз яна ўйланиб қолдингиз. Муртозни шунча овора қилиб энди рад этишга росмана чўчий бошладингиз. Сўнгра рози бўлдингиз...

Муртоз шу сирни очганда сизга нисбатан менда нафрат ҳисси пайдо бўлган бўлса-да, кейинчалик сиздан қасд олишни кўнглимга тугмагандим. Сабаби, мен энди тақдирга тан бериб шу Муртоз билан ҳаётимни боғламоқчи эдим. Унга турмушга чиқсам исноддан қутуламан, яқинларимнинг юзини ерга қаратмайман, деб ўйлардим. Дунёда ҳамма аёллар қийналиб-қийналиб уй қилади. Мен ҳам Муртоздан бир йўлини тополмай юрган йигитни йўлга солсам, унга жуфт бўлиб кўп қатори оила қурсам, зурёд орттирсам армонларим ариб муродимга етишимга ишонардим...

Бекмурод! Менинг оддийгина турмуш қуришга интилган бир аёл сифатидаги сўнгги умидларим ҳам чиппакка чиқиб тезда барҳам топди. Муртознинг қурилишда ишлаётгани-ю, пул тўплаётгани, одам бўлиш учун қилган саъй-ҳаракатлари-ю, берган ваъдалари бир чўпчак бўлиб чиқди. Сотиб олмоқчи бўлаётган уйи суюқоёқларни «меҳмон»; қиладиган ишратхонагина экан, холос. Бир гал Муртоз ўша уйда олдимга бегона эркакни ташлаб кетди-ю, кейин бошқа кўзимга кўринмади.

Мени бешафқат, маккор тақдир аста-секин соғлом турмуш тарзи билан ёнма-ён мавжуд бўлган ифлос кечирмишлар уммонига ғарқ эта бошлади. Шаҳватпараст эркаклардан, бузуқи аёллардан танишлар орттирдим. Уларнинг беандиша, бешарм дунёсига кириб бордим. Ўқишдан ҳайдалиб, у ер-бу ерда кун кечириб юрадиган бўлдим. Тоғу-тошда бир умр чўпонлик қилиб ўтаётган авом отам, қишлоқдан чиқмаган онам мени назорат қилолмасдилар. Улар мен ҳақимдаги миш-мишларни аллақачон эшитишиб, ноилож тўнғич қизларидан кўнгил узиб, энди сингилларимга умид боғлаб ўтиришганини сезардим. Қишлоқдошларимдан бир нечтаси ота-онамнинг илтимоси билан шаҳарда мени топишдиям, аммо уларга бўйин эгмадим, насиҳатларига қулоқ тутмадим.

Мен шаҳарда фоҳишалар дунёсининг тартиб-қоидаларига бўйсуниб яшар, қўшмачилар назорати остида «фаолият»; юритардим. Махсус турар-жойларимиз, ҳатто маошимиз ҳам бор эди. Юрагимнинг тубида бу жирканч, беҳаловат ҳаётга нисбатан кучли нафратимни асраб юрган бўлсам-да, ундан воз кечишга чорасиз эдим. Менинг ҳам бир оила бекаси бўлиб умр кечириш ҳақидаги орзуларим армонга айланиб бўлганлигидан азобланардим.

Ойлар, йиллар, хуллас, шошма-шошар вақт ҳар жабҳада, хусусан, фоҳишалар ҳаётида ҳам маълум хулосалар ясайди, ҳукмлар чиқаради. Ёшим ўттиздан ўтиб энди «буюртмалар»; кам тушадиган бўлиб бораётган кезларда кун кўришим учун қўшмачиликни ҳам касб тута бошладим. Бу йўлда менга бир кекса қўшмачи аёл ҳомийлик қиларди. У мени ёшликда вафот этиб кетган қизига ўхшатгани, уни эслатишим туфайли яхши кўрар, ёрдамини аямасди. Шаҳар чеккароғидаги эски уйини ҳам вақтинча менга бериб қўйганди.

Бир куни... бир куни бозорда сизни кўриб қолдим. Хотинингиз ва болаларингиз ҳам бор эди. Нарсалар харид қилиб юрардингиз. Сотувчиларга луқма отиб ҳазиллашар, ғоят хушчақчақ эдингиз. Юрган йўлингизда очиқ юз билан кўкрак кериб борардингиз. Илгаригидек мағрур, олифта эдингиз. Тоза ишда ишлашингиз, оилангиз борлигидан мамнунлигингиз, ҳаётда хотиржамлигингиз шундоққина сезилиб, кўриниб турарди.

Шунда менинг қалбимда сизга бўлган нафратим яна қайта алангалади. Ҳасадим қулф урди. Ўзимнинг шу кунларга тушишимнинг, икки дунём хор бўлиши¬нинг асл сабабчисини сизда кўрдим. Эҳтиросларим мени ўраб юрагимда сиздан қачондир қасд олиш нияти туғилди. Кўп мулоҳаза қилиб ўтирмай бозордаги танишларимдан биридан сизнинг манзилингизни билиб беришини сўрадим. У илтимосимни рад этмай кетингиздан одам қўйди...

Бекмурод! Мен танишларим орқали бир ҳафта ичида манзилингиздан ташқари оилангиз аъзолари, турмушингиз, ўзингизнинг ўтмишингиз, ҳозирги иш жойингиз ва кўпгина бошқа нарсалар тўғрисида билиб олдим. Ҳатто телефон рақамларингизга ҳам эга бўлдим. Энди нима қилишим мумкинлиги ҳақида бош қотириб юрган чоғларда Шодининг дўконида хотинингиз Иродани учратдим...

Қолган гаплар ўзингизга аён. Кўп вақт ўтмай Ирода¬нинг уволи иккаламизниям тутди дейишга асослар етарли. Аввалига мен бедаво касалликка гирифтор бўлдим. Кейинчалик сиз ҳам қамоқҳонадан ногирон бўлиб қайт¬дингиз.

Шунга имон келтирдимки, ҳаётимизда қилган хатоларимиз бир умр бизни таъқибда ушлайди. Кун келиб хун талаб қилади. Муқаррар жазога тортади. Яна олдинда қиёматдаги жазоси-да кутиб турибди.

Мен ҳам эски ҳовлида бир ўзим яшайман. Дардим сизникидан-да оғирроқ. Ҳалиги кекса аёл ҳолимдан хабар олиб туради, ё одам жўнатади. У бўлмаса нима қилардим. Биласизми, яқинда олдимга Ўрол келди. Қандай топса топибди. Узоқ вақт суҳбатлашдик. У кетгач юм-юм йиғлаб олдим.

Бекмурод! Сўнги хат орқали учрашгунча хайр! Сизга сабр-тоқат тилайман. Салом билан, Ноила!..”

Қутича Ва Сўнгги Мактуб

«Бекмурод! Мен Сизга ўзимнинг манзилимни маълум қилолмайман. Биламан, бунинг сизга керагиям йўқ. Шундай бўлса-да айтиб қўяқолай: мен шу шаҳардаям, бошқасидаям йўқман. Умуман, сиз биринчи мактубимни олган пайтингиздаёқ мен бу оламда йўқ эдим. Омонат дунёсини топшириш арафасида негадир ҳалигача асраб юрганим — қутича ичидаги мана бу мунчоқни нима қилишимни билмай қолдим. Буни ўзим билан олиб кетолмайман-ку, ахир. Шунинг учун мунчоқли қутичани Сизга юбориб қўяқолдим. Ҳар қалай, унинг ягона вориси Сиз бўлсангиз керак, деб ўйладим...»;