OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИсажон Султон
Асар номиАйрилиқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Исажон Султон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм19KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Айрилиқ (ҳикоя)
Исажон Султон

Юртнинг қизил тошлари қондан қизарган, узорида унган гуллар элнинг йигитларининг қонидан қонталашдай.

Бундан чапга қарасангиз қирмизи олмаю қора узумларини кўз-кўз қилиб Нахчивон, Шуша ястаниб ётади. Ўнгга қарасангиз, узоқларда Ширвон, Табриз, Хуросон нозланади.

Бир маҳаллар довруқли Шоҳрух Мирзонинг излари қолган бу ажиб юртда бугун ўртадан чегара олинган. Чегара деганлари - эни икки юз қулоч келадиган узун кенглик. Табриз томонидан эллик метрлик майда қора тупроқ сепилган, қуш юрса ҳам билинади. Шуша томонидан ҳам эллик метр энли қора тупроқ молалаланган, бу ёқдан ҳам қуш қўнса изи қолади. Ўртада бир неча қаватли тиканли симлар, бўйи икки метрлик ёғоч устунларга бойланиб, баланд-паст бўлиб чўзилиб кетган. Устунлар оқ-қора рангларга бўялган, ҳар бирида «Давлат чегараси» деган ёзув бор.

Ҳар ер – ҳар ерда бўз йигитлар қўлларида қурол билан тиккайиб турадилар. Улар юртнинг чегарасини қўриқлайдилар.

Саккиз юз қулоч – узоқ масофа. Чегара тортилганида элнинг ярми у ёқда қолиб кетган, иккинчи ярми бу ёқда. Қариндошларнинг ярми у ёқ, ярми бу ёқ.

Ҳозир чегаранинг у ёғида юз-юз эллик чоғли оломон, бу ёғида ҳам шунча киши, нима қиларини билмай тентирайди.

Хотин-халаж, кампирлар йиғлашади.

Икки томонда халқ йиғилгани учун ҳушёр чегарачилар фавқулодда ҳолат эълон қилишган, қўшимча кучлар етиб келган, уларнинг қўмондони Катта ҳам шу ерда, ҳушёрлик билан воқеани кузатмоқда.
– Ҳм-м, – дейди у, папиросини тутатиб. – Бу туркваччалар нимага бу ерга тўпланишяпти, а, Особист?

Особист деганлари – озғин, жиддий бир йигит.
– Билмадим, ўртоқ бошлиқ, – дейи Особист.
– Бу ерда чегара бўлиши керакмасийди, биласан-а?.
– Ҳа, биламан, – дейди особист.
– Агар Англия билан Америка қаршилик қилмасайди, ўша томонларда ҳозир... – у қўли билан ҳавони кесиб кўрсатади: – Озодистон республикаси бўларди!
– Сиз у ёқларда бўлгансиз, кўпроқ биласиз, – тўғри жавобдан қочади Особист.
– Ҳаҳ сеними, лейтенант, – дейди Катта. – Профессионалсан-да, кўриниб турибди. Билиб қўй: у ёқда биз партия тузган эдик. Халқ демократик партияси! Автоном республика тузган эдик. Биласанми, нимага? Биринчидан, эрон нефти учун. Чунки фашистлар нефтга интилмоқда эдилар, у ердан бўлса - Шимолий Кавказга! Иккинчидан – Туркияга ҳужум қилиш учун!
– Йўғ-э, – дейди Особист, ишонқирамай.
– Туркияга роса босим қилдик-да, – дейди Катта. – Агар ололганимизда борми... Ардаханни арманларга берардик, Карсни гуржиларга... курдларни қўллаб-қувватлардик... Ҳа, агар Европа бўлмаганида, уларнинг бари бизники, сотсиалистик давлатларга айланган бўларди...

Чегаранинг у ёғида устига яшил мато ёпилган тобут кўринади. У ёқда уруғнинг энг кекса оқсоқоли тунда, тўқсон олти ёшида жонини Ҳаққа топширган. Видо маҳали айтганки, мени ўзимнинг юртимга, ота-онамнинг ёнига қўйингиз, деб васият қилган. Тонг саҳарлаб майит ювиб-ўралиб, сафарга таппа-тахт қилинган, аммо чегарадан ўтишга рухсат йўқ!
– Кимдир ўлипти, – дейди Особист.
– Буларда шунака одат бор – туғилган жойига кўмишади. Қайда туғилдингу қайда ўлдинг, нима аҳамияти бор, барибирам кетасан йўқ бўлиб...
– Булар Худога ишонишади, – дейди Особист.
– Вақти келиб ишонмайдиган бўлишади, – яна папиросини тутатади Катта. – Биласанми, бу чегараниям биз тортганмиз.
– Очиғи, чор тарихини унча билмаймна, – деб тан олади Особист. – Ўзим камбағал деҳқон боласиман.
– Билиш керак, – дейди Катта. – Билиб ол, Особист. Бир маҳаллар бу ерларда гуркираган озар хонликлари бор эди. Улар гуржилар билан ер талашишарди. Буларни бошқалардан химоя киламиз деб билдирмай кириб келганмиз. Хонларининг адоватидан роса фойдаланганмиз. Ўша маҳаллар Туркия анча кучли эди...

Нариги томондагилар безовталана бошлайдилар. Особист дурбиндан аскарларга қарайди.
– Аскарлар маҳаллий халқдан, – дейди ташвишланиб.
– Улар аллақачон бизникиларга айланишган, – дейди Катта. – Ҳечқиси йўқ, парво қилма.

Чегарада халқ тўпланганини кўрган зобитлар қўшимча кучларни олиб келганлар, булар чегара чизиғи олдида турадилар.

Оналарнинг оёқлари остида майда чўлиқ-жўжиқ ўралашади. Улар бармоқларини оғзига солиб, аскарларга анқайиб тикилишади.
– Буларни ҳеч нарсадан хабари йўқ, – мулоҳаза қилади Катта. – Билиб қўй, Особист. Бу – сиёсат. Сиёсат бор жойда куч бор, кучи борлар доим ҳақ. Бу ерда бизнинг сиёсатимиз кучли – демак, булар ноҳақдирлар.

Особист уни диққат билан тинглайди.
– Эҳ, агар Эронда Озар автономияси яшаб қолганида борми... – дейди Катта. – Қара, ҳар иккала томон ҳам бирлашамиз деб тўлқинланиб турипти. Қариндошлар-да. У ёқда туркманлар ҳам автономия берасан деяпти. Бу ёқда уруш тугаяпти... Эронни ярми Америка билан Англияда, қолган ярми бизларда. Автономия яшаб колганида, уруш тугаши билан Туркияни эгаллаган бўлардик, шу билан нарёғда Афғонистон орқали Покистону Ҳиндистонга чиқардик.. шу тарз улуғ рус императорининг азалий орзуси амалга ошган бўларди... бу ёқда уйғурлардан фойдаланиб, Хитойдан Японгача эгаллардик... Шунда Оврупада нима қоларди? Қолган мамлакатларни бир кунда олардик – қарабсанки, дунё теппа-тенг бўлинарди – бир томони Куба-Субага ўхшаган майда-чуйда мамлакатлар билан Америка, бу томонда бутун кучу қудрати билан Советлар мамлакати!
– Даҳшат экан-ку, – дейди Особист, лекин ҳаяжонланмайди. – Автономияга нима бўлган?
– Мўйлов бир нимани кўзлагани аниқ, чунки у жуда узоқни кўрарди, – деди Катта. – Тўсатдан қўшинни Эрондан опчиқишга буйруқ берган. Автономия шундан сўнг яна олти ой турди, кейин политсия келиб, бир кунда уч минг кишини қириб ташлади. Ҳаммаси йўқ бўлди-кетди.
– Автономияни уларга бериши эвазига нимадир олгандир? – деб сўради Особист.

Катта жавоб бермади, у ўз хаёлларига ғарқ бўлиб кетган эди.

Бу томонда саҳарлаб қабр қазилган, тупроғи ҳали нам, тайёрлаб қўйилган. Нариги томоннинг йигитлари ўзларича ғўнғир-ғўнғир режа қиладилар. Майитни бир амаллаб у ёққа ўтказсак бас, мабодо биз ўтолмасак у ёқдагилар ўзлари тупроққа берадилар, уч-тўрттамиз жондан кечиб бўлса ҳам уриниб кўрмаймизми, дейдилар.

Лекин оралиқ икки юз метр! Ҳар ўн қадамда битта аскар. Булар буйруққа сўзсиз итоат қиладилар. Ўт оч, деган буйруқ бўлса, отадилар.

Бир майит ўнта бўлади!

Бу томоннинг эркаклари саҳарлаб комендатурага жўнаганлар. Комендатура узоқда, етиб боришга бир соат, қайтишга бир соат кетади.

Ҳар иккала томон ҳам комендатурадан рухсат чиқиб қолар деган илинжда кутадилар.

Кечга яқин комендатурага кетганлар қайтадилар: рухсат бўлмабди. Ҳар икки томонда ҳам йиғи-сиғи кўтарилади. Хотинлар аскарларни ёзғирадилар, қарғайдилар.

Ниҳоят, нариги томон бир тўхтамга келади – отани шундоққина чегаранинг ёнига кўмишга қарор берадилар. Бутун бу маросимни бериги томон ҳаяжон ва кўзларда ёш ила кузатиб туради. Қабр кўмилади, устига тупроқ уйилади, туғ тикилади.

У қадим озар туғини эслатади.
– Они вставили ни Иранский, ни Азербайджанский флаг, – дейди особист.
– Мы за них не отвечаем, это тепер капиталистическая страна, а они – наши классные враги, – дейди Катта. – Ничего, посмотрим.
– Уларнинг ҳеч гапдан хабарлари йўқ, – дейди кейин. – Иккала томон бирлашамиз деб қирилиб кетаверадилар – бирлашинглар деб қутқу соламиз-у, кейин билдирмай фойдаланамиз. Ишимиз ўхшамай қолса, ҳеч бўлмаганда сотиб юборамиз. Автономияни Шимолий Ироқдаги нефтга алмашганимиз каби. Особист, дунёнинг қандай тақсимлаб олингани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисан? Ҳар бир мамлакатда энг камида битта порох бочкаси бор, ундан ўнлаб мамлакатлар ўзларининг манфаатлари йўлида фойдаланишга уринадилар. Халқлар эса, мана – кўриб турганингдай, чегараларда урф-одат, тил, миллат деб юраверадилар, бизлар ўйлаб чиқарган ғоялар учун қурбон бўладилар, улар қаҳрамон деб эълон қилинади, у қаҳрамонлар ҳам бир йўқолиб - бир чиқиб туради... Аслида... тил ҳам, миллат ҳам бир кун келиб йўқ бўлиб кетади. Куч қолади, куч!
– Ундай порох бочкалари бизда ҳам бор, – деди Особист, ўйчан.
– Во! Ана ўшалардан бошқалар фойдалана олмаслиги учун, биласанми, қанақа ақлли бош керак, – кўрсаткич бармоғини ҳавога нуқиди Катта. – Тем более, бунака кичкина мамлакатларни катта ўйинлардан соғ-омон олиб чиқиш учун бошида даҳо туриши керак, даҳо!

Бу орада майит қабрга қўйилгач, нариги томондагилар ҳам, бериги томондагилар ҳам кета олмайдилар, яна чегарага тақалиб келадилар.

Энди сўз қотишга ҳад йўқ, икки томон ҳам бир-бирига жим қараб туради.

Бир маҳал бериги томондан бир бахши чиқади. Бу тўй-томошаларда ҳар турли қўшиқларни айтиб юрадиган анчайин бир қўшиқчи эди. У созини олади, нолали куй таралади, кейин тўсатдан хиёл хирқираган овозда куйлаб юборади:

    Фикрингда кечалар ёта билмирам,
    Бу фикри бошимдан ота билмирам...
У томон ҳам, бу томон ҳам бир қалқиб кетади. Нола чегарани қўриқлаб турган йигитларнинг боши узра учиб ўтади, нариги томондагиларнинг қулоқларига урилади:

    Кечалар фикрингда ёта билмирам
    Бу фикри бошимдан ота билмирам...
    Найлайинки сана чата билмирам...
Сафнинг бошида турган эркакларнинг бири, кейин қолганлари қўшиладилар энди бу шарқийга:

    Айрилиқ, айрилиқ, омон айрилиқ,
    Ҳар бир дарддан ўлар ёмон айрилиқ...

Энди бу нолага хотин-халаж, нариги томон ҳам қўшилади - озарнинг асрлар бўйи куйлаб келган қўшиғи бу ерда бир миттигина халқнинг армон сози бўлиб чегара узра ҳаволанади. Чегаранинг у ёғидагилар ҳам, бу ёғидагилар ҳам бир жону бир тан бўлиб шу дард қўшиғини айтадилар.

Ким қайда кўрган мотамда қўшиқ айтилганини? Лекин булар айтадилар:

    Узундур ҳижрингда қора кечалар,
    Билмирам, ман каби хара кечалар.
    Вурубтур қалбима яра кечалар,
    Айрилиқ, айрилиқ, омон айрилиқ
    Ҳар бир дарддан ўлар ёмон айрилиқ...

Чоллар, кампирлар, эркаклару аёллар, йигитлару кизлар, болалар куйлашади бу қўшиқни.

    Айрилиқ, айрилиқ, омон айрилиқ,
    Ҳар бир дарддан ўлар ёмон айрилиқ...

... Шу куни Особист ўзининг бошлиғига Каттанинг империячилик қарашлари хусусида билдиришнома ёзади, суҳбат матнини тўлиқ илова қилади, давлат сирларидан ва стратегик режалардан гапираётганини огоҳлантиради, орадан бир кун ўтгач, Катта Бош бошқармага чақирилади ва шу бўйи йўқ бўлиб кетади.

* * *

... Йиллар ўтади. Энди бу қўшиқ озар қўшиғи бўлмай қолади, уни ўзбеклар, олтойлилар, афшарлар, болқорлар, бошқирдлар, гагаузлар, долғонлар, хажарлар, қозоқлар, қоратовлилар, қорачойлар, қашқайлар, татарлар, қўмиқлар, нўғойлар, солорлар, уйғурлар, сахалар, сибирлар, тофалар, тувалар, туркманлар, ўринғойлар, хўтанлар, чувашлар, шоҳсеванлар, шорслар, бахали, эйнанли, нафар, хуросонийлар, пичоқчилар, темиртошлар, ғойриллар, қоракўзлар, кенгерлилар, тунгуслар... куйлашади.

Яна орадан вақт ўтиб, бу қўшиқнинг тарихи ҳам бошқа воқеалар сингари мозий қатларига кўмилади.

Ҳамда севги ҳақидаги маҳзун ва ширин қўшиққа айланиб кетади...