OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

3 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИсажон Султон
Асар номиБоқий дарбадар (роман)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Исажон Султон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Романлар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм264KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/30
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
«Шарқ юлдузи» журнали, 2010-йил, 6-сон


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Mundarija

Logo.png





Боқий дарбадар (роман)
Исажон Султон

БИРИНЧИ ҚИСМ

Ибтидо

... Жазиранинг топ-тоза мовий осмонида бир парча оқ булут сузмоқда эди. Бу булут бундан етти ҳафта бурун Қизил денгизнинг чучук сувли оқимлари устида пайдо бўлган, тинимсиз эсувчи баҳри муҳит еллари уни Арабистон чўлларига қадар қанотларида авайлаб олиб келишиб, чўл шамолларига топширган эдилар.

Саҳронинг қурғоқ шамоли ҳозир уни эҳтиётлик билан суриб бормоқда эди.

Пастда, ер юзида – шаҳарнинг баланд-паст кўчаларида бугун оломон тўпланган эди. Пешаналарига ва садоқларига типпа-тик турган одам бошли шер тасвири туширилган, халқ «Махес» деб номлаган Ўлим лашкари бугун бир одамни қатл учун олиб кетмоқда эди. Номининг ўзиёқ кишиларда қўрқув ва даҳшат уйғотадиган бу аскарлар на ота-онасини, на қариндош-уруғини билар, гўдаклигидаёқ яқинларидан тортиб олиниб, номаълум томонларга – саҳро ичкарисига олиб кетилар, вояга етганидан сўнггина Ўлим лашкари сафига келиб қўшилар, уларнинг иблисона шафқатсизлиги ҳақида одамлар орасида бир-биридан мудҳиш турли гап-сўзлар юрар эди.

Қатл учун тепаликда махсус жой тайёрлаб қўйилган, маҳкумнинг оёқларига, қўлларига елкаси аралаш зил-замбил кишанлар урилган бўлиб, залворидан жуда қийналиб қадам ташлар, ҳансираб нафас олар, теваракдаги одамларнинг ҳазил-мазах аралаш айтган сўзлари қулоғига гоҳ кириб, гоҳ эшитилмай қолар эди.

Қизил денгизнинг чучук сувли оқимлари узра бино бўлган оқ булут парчаси ана шу маҳкумнинг боши узра соя ташлаб келаётган эди.

Маҳкум – бир Муборак Киши эди.

Ким билсин, балки ҳозир унга Илоҳ фаришталари ёрдамга келгану чўян кишанларнинг оғирлигини балки сезмаётгандир ҳам? Теваракдаги оломон «Қани сенинг худойинг? Нега у сенга мадад бермаяпти?» деб қичқирар ва кулар эди.

Кулаётган бу бадбахт оломон орасида бир этикдўз ҳам бор эди.

* * *

Этикдўз бугун азонда кулбасининг ёнидаги дарахт шохларида қоп-қора чумчуқлар тўпланиб олганини кўрди. Бошқа дарахтларда чумчуқлар йўқ эди. Булар эса айнан унинг лойсувоқ уйининг ёнига тўпланишган, на овоз чиқарар, на дон-дун терар, фақат синчков боқишар ва ниманидир кутишарди.

Аммо нимани?

У туни билан мижжа қоқмай чиқди. Эрталаб турганида ҳам вужудида чарчоқ ҳис қилди. «Бугун энди ухлолмасам керак, – деб ўйлади у. – Энди то кечгача мудроқ босиб юришга тўғри келади».

«Агар кундузи нимадир содир бўлмаса, – деди унинг ичидан совуққон ва шафқатсиз бир овоз. – Тўғри айтдинг, агар кундузи нимадир рўй бермаса, албатта мудроқ босиб юрасан».

«Ҳеч нарса рўй бермайди, – деб эътироз билдирди этикдўзнинг ақли унга. – Ўлим лашкари бугун анави кишини қатл этади. Агар аскарлар қизиққонлик устида шаҳарнинг ҳам кулини кўкка совуришмаса...»

«Улар шаҳарнинг кулини кўкка совуришмайди, ўзинг ҳам яхши биласан, – дея яна эътироз билдирди овоз. – Сен ташқарида нимани кўрдинг?»

«Ҳеч нарсани».

«Ёлғон. Сен дарахтга қўниб олган қора чумчуқларни кўрдинг».

«Нима бўпти, ҳар кунги оддий чумчуқлар...»

«Аммо, Ҳазрат нима деган эди?»

«Ҳазрат деган эдики...»

«Ҳазрат деган эдики, ойнинг ўн учинчи кунида, жума куни учиб келадиган қора чумчуқлар аслида мудҳиш ва қаттол бир қарғишнинг юкини олиб келишади...»

«Ўчир овозингни», – деди қатъий қилиб этикдўз, сўнг яна дарчага қаради.

Қора чумчуқлар ҳануз унга термилишарди.

Этикдўз қирқ уч ёшига нисбатан анча қаримсиқ кўринадиган, озғин, ҳаракатчан бир одам эди. Ота-онасидан фарқли ўлароқ, унга омад кулиб боқди – отасидан қолган эски тегирмонни ижарага бериб, маблағ топди ва судхўрлик билан шуғулланди. У қаноатли ва тежамли инсон бўлиб, ҳар бир куни қатъий ҳисоб-китоб ва ўлчов асосида кечгани боис, теваракдагилар ўта хасис, бировга зарари ҳам, фойдаси ҳам тегмайдиган одам сифатида билишарди. Шаҳарда бойлар ва камбағаллар кўп, қуллар ва чўрилар эса ундан ҳам кўп, бироқ этикдўз на бой, на камбағал – ўртамиёна бир одам эди.

Ҳазратнинг башоратини у ҳозир яна эслади.

Ҳазратнинг Башорати

Ҳазратни у бундан ўттиз уч йил аввал учратган эди. Ҳазрат ёлғизоёқ йўлдан асосини тутганича келаркан, бола адир ёнбағрида қамишдан най ясаб ўтирар, сал нарида қўйлари ўтлаб юришарди.

Ҳазрат шу атрофдаги дарахт шохларида қора чумчуқларнинг тўпланиб олганини кўрди.

Бошқа қушлардан фарқ қилиб, булар на дон-дун терар, на сайрар, на шохдан-шохга учиб-қўнар, фақат, кичкина сарғиш кўзларини тикканча ниманидир сабр-тоқат билан кутишарди.

Ҳазрат ранг-қути ўчганча, болакайга қараб туриб:

– Ўғлим, отинг нима? – деб сўради.

Болакай исмини айтди. Кейин ёлғиз бу йўлчига қизиқиб қараб, сўради:

– Сиз узоқдан келяпсизми?

– Жудаям узоқдан, – деб жавоб қилди Ҳазрат, унинг ёнига ўтириб, қўлини болакайнинг елкасига қўяркан.

– Чарчадингизми? – деди бола.

Чол бош ирғади.

Қайдадир тўрғай сайради. Болакай кўкка боқиб, тўрғай ҳазратнинг боши устида айланиб сайраётганини кўрди.

– Бу чумчуқлар кўпдан бери шу ердами? – деб сўради Ҳазрат.

Болакай елка қисди.

– Ҳимм... Бугун жума, ойнинг ўн учинчиси... – ниманидир ўзича ҳисоб-китоб қилди Ҳазрат. Сўнг болага ачиниб қараб турди-да: – Ўғлим, гапимга диққат билан қулоқ сол, – деди. – Ойнинг ўн учинчи кунида, жума куни учиб келадиган қора чумчуқлар аслида мудҳиш ва қаттол бир қарғишнинг юкини олиб келадилар. Шу гапимни зинҳор ёдингдан чиқарма.

Бола бу гапни тушунмади, шу боис ҳам чолга анграйиб қараб қолди.

Ҳазрат анча сукутдан сўнг:

– Худонинг даргоҳи кенг, ўғлим, тавба қил, – деди, оғир тин олиб. – Аслида ким ўйлабди, сендай маъсум, ишонувчан бир болакайга шунақа тақдир насиб этишини... Бу қисмат энди ўзгармайди, чунки бугун денгизнинг соҳилга яқин ерида, сув остида янги бир булоқ кўз очди, унинг сувлари шўр сув билан аралашмасдан, қирғоқ яқинида чучук оқимларни пайдо қилди. Тонгда эса муборак бир киши дунёга келди, унга соя солиш учун яратилган дарахт мева тугди... Вақт-соати етганида у билан албатта учрашасан. Сени дунёда ҳеч ким рўпара келмаган бир тақдир кутаётгани балки бежиз эмасдир, бир ҳикмати бордир... Тавба қил, шояд Парвардигорнинг ўзи раҳм айласа...

Сўнг ўрнидан турди.

– Сен-ку авомнинг кўзида зоҳиран бир дуо туфайли шундай қисматга маҳкум этиласан. Аммо умринг мобайнида ўз ҳаёти давомида илоҳий муждани рад этиб, дарбадарликни бўйинларига олган саноқсиз кишилар оломонини кўрасан. Уларнинг ҳаёти сеникидан заррача ҳам ўзга бўлмайди, бироқ сендан фарқ қилиб, оғир ва азобли ўлим топишади. Лекин тарихда сенинг номинг қолади, бошқалар эса айнан шу қисмат билан яшашса-да, ер юзидан беному нишон супурилиб кетишади...

– Сиз кимсиз, ота? – деб сўради болакай.

– Менинг отим – Ҳазрат, – деди чол. – Вақт-соати келиб, гапларимни ҳали яна эслайсан, бўтам.

Шу воқеадан сўнг бола то улғайгунига қадар бунақа қора чумчуқларни қайтиб кўрмади. Кўрганлари эса, учиб-қўниб дон-дун териб юрадиган оддий чумчуқлар эди.

Дуойибад

Қуёш найза бўйи кўтарилди. Шаҳардаги қатл томошаси давом этмоқда эди.

Атрофдаги дарахтларнинг шохлари қора чумчуқларга тўлиб кетган, улар оломонга ва этикдўзга маъносиз кўзларини тикканча, ниманидир кутган каби қинғайиб қараб туришарди.

Этикдўзнинг ғайрати жўшиб кетди, у ҳам оломонга қўшилиб маҳкумни мазах қила бошлади.

Маҳкум кўринишидан ҳаддан ташқари ҳолдан тойган эди. У шундоққина этикдўзнинг девори ёнига келиб қолди.

Мана, у бир дақиқа кўзларини юмди, ҳолсизликдан гандираклаб кетди.

– Имиллама, имиллама! – деб чуввос солар эди оломон.

Маҳкум бир дамгина нафас ростлаш учун этикдўзнинг деворига суянди.

– Ҳали сен менинг деворимга суянадиган бўлдингми? Имиллама! – деб қичқирди этикдўз ҳам ва шиддат билан олға интилиб, уни икки қўллаб итариб юборди. Муборак киши ерга йиқилиб тушди, аммо лом-мим демай келаётган Ўлим лашкарининг жаллодларидан иккитаси уни яна оёққа турғизишди.

Этикдўз ўзининг қилган ишидан мамнун, тиржайиб турар эди.

Шунда...

(... Эй Худо, шу ишни бекор қилдим... Балки, ростдан ҳам, Ўзига яқин бир одам бўлса-я? Осмондаги анави оқ булут изидан қолмасдан эргашиб юргани-чи? Бу кишининг айтганлари шак-шубҳасиз амалга ошади... шу қадар муборакки, ҳали туғилмасиданоқ у сув ичадиган булоқ, унга соя солиб, меваси билан таомлантириши лозим бўлган дарахт яратиб қўйилган эди, деган гаплар-чи?.. Лекин менда ҳам айб йўқ. Ҳамма ёқда айғоқчилар изғияпти... уларнинг назарига тушмаслик учун номига бўлса-да койиб қўйишим керак. Аслида... бошқаларни хавф остига қўйиб мужда олиб келадиган киши муборак бўлармиди?! Амалдорлар қилмишимни кўришди, эрта-индин суриштирувлар бошланади, жосуслар барча воқеаларни оқизмай-томизмай етказишади... ва ҳеч ким менга тегмайди...)

Шунда Муборак Киши қуйи эгилган бошини кўтарди, унинг тиниқ ва нурафшон нигоҳи билан этикдўзнинг олазарак кўзлари тўқнашди.

Ва у этикдўзга қараб шундай деди:

Тургин ва равона бўлгин!

( «Мен-ку имилламайман, аммо сен маҳшар куни келишини узоқ кутасан...» – дейилди унга.

«...Энди сен то қиёматга қадар ер юзида бетиним дайдишга маҳкум этилдинг», – дейилди унга.

«Ҳамда сенинг қиладиган ишинг – ҳеч нарса, ҳеч нарса, фақат ҳеч нарса», – дейилди унга).

* * *

Шу куни у шаҳар тепалигида ўзи судраб келган кишанларига ўраб-чирмаб қатл қилинди ва Тангри таолонинг яна бир маҳбуби ана шундай бир тарзда ўлдирилди.

Айтадиларки, қатлдан сўнг оломон унинг кимлигини аста-секин тушуниб ета бошлаган ва Муборак Зотга қўл кўтарган бадбахтни у ердан ҳайдаб чиқаришган. Этикдўз шу кетганича бадар кетган ва орадан юз йил ўтгачгина ватанига қайтиб келган. Аммо одамлар уни яна олдиларига солиб қувлашган. Йиллар ўтгани сайин у ўзининг қиёматга қадар ўлмаслигини англаб ета бошлаган, ҳеч бир юмушнинг унинг учун аҳамияти қолмаган. Неки қилмасин, бари беҳуда бўлиб чиқаверган... Ва, асрлар бўйи унинг қисмати ер юзида фақатгина бесамар дайдишдан иборат бўлиб қолган.

Бадавийлар

Тарихда араб саҳроларида самум олдидан кезиб юрган бир одамни кўрганлари ҳақида гап-сўзлар бор.

Самум одами деган афсонавий одам аслида ўша – дуоибад этилган ва охири кўринмайдиган издиҳомнинг бу дунёга келиб кетишига то қиёматга қадар гувоҳ бўлишга (ва ўзи ҳам кетишни орзу қилишга) маҳкум этикдўз экани ҳақида ривоятлар бор. Аслида самум – Саҳрои Кабирда эсадиган ва жон зоти борки, барини куйдириб-эритиб ҳалок қиладиган қайноқ шамол, бироқ, айнан шу шамоллар орасидан чиқиб келгани учун ҳам араб бадавийлари уни самум одами деб атаганлар.

Айтадиларки, бир куни самум одами саҳро бадавийларининг олдига келиб, ўзининг шамоллар ва ҳодисалар тилини билишини айтади. Бадавийлар унга ишонмайдилар. Самум одами ерда ётган япалоқ бир тошни кўрсатиб, дейди:

– Бу тош аслида Ҳиро тоғида бино бўлган, уч юз йил олдин қоядан ажралиб тушган, баҳор ёмғирларининг селлари оқизиб водийга олиб келган. Унинг аслида, орангиздаги бир одамнинг ажалига сабаб бўлиши учун яратилган. Бу ердан етти кунлик масофада қоялардан узилиб, саҳронинг ўртасига келиб қолиши бежиз эмас. Кун келиб, шу қисмат албатта рўй беради. Балки кимдир бу тош билан кимнидир жонига қасд қилар, балки кимдир унга қоқиниб йиқилар? Ҳатто саҳродаги мана шу саноқсиз қум зарраларининг ҳар бирининг ўз қисмати бор. Худди сизнинг ва менинг қисматим каби...

Бадавийлар айтдиларки:

– Ажабо, сенинг қисматинг бизникидан фарқли эмасмиди?

Деди:

– Унда сиз Иблиснинг яратилиш ва гуноҳ қилишининг тарихини биласиз. Қанчалар бадбахт бўлмасин, Иблиснинг борлиги инсон боласи учун яхшидир. Оловнинг мавжудлиги темирнинг тобланиши учун лозим бўлгани каби. Чунки оловда тобланган темир янада мустаҳкам ва ишончли бўлади.

Дедилар:

– Иблис алайҳиллаъна Парвардигоримизнинг синови эканини яхши биламиз. Сенинг қисматингдан ҳикмат нима?

Деди:

– Қанчалар узоқ умр берилса-да, бу оламдаги ҳамма нарса кун келиб совурилиб, йўқ бўлиб кетишининг тирик гувоҳи бўлишим менинг ҳикматимдир.

(Айтадиларки, у ана шундай деб ёлғон гапирарди. Ёлғонига ўзи ҳам ишонмаса-да, Тангрига яқинроқ бир банданинг шафоатидан умидвор эди. Бироқ, кўп йиллик бу умидворлигининг саҳродаги шу қум зарралари каби совурилиб кетишини ҳам яхши биларди).

Бадавийлар дедилар:

– Сен бизнинг қисматимизни ўзингникига тенглаштирмагин. Бизнинг қисматимиз – шу саҳрода яшаб, Парвардигорга ибодат қилиш ва ажалимиз етганида, жонимизни Ўзига топширишдир. Сен эса – Тўғри Йўлни билган одамга қўл кўтарган ҳамда жазоингни шу дунёнинг ўзида олган одамсан. Нарсаларнинг яратилиши ҳақидаги ҳикматларинг аслида кераксиз, чунки ажал қай кўринишда бўлмасин, албатта етиб келади. Ўлимнинг қаерда ва қай тарзда етишининг кўпам аҳамияти йўқ – имонимизнинг бут бўлиши биз учун кифоя. Шу боис ўзингни илмли ва ҳатто, Пайғамбарларга бериладиган ҳикмат эгаси қилиб кўрсатмагин. Тургин ва равона бўлгин!

Ҳамма жойда у ана шундай қувғинга дучор бўлар эди.

У ибодат қилар эди, аммо ибодатининг қабул бўлмаслигини ҳам билар эди.

Чўлларни тўзғитган шамол тепага кўтарилиб эса бошлаганида уни кўриш мумкин эди – бунга шу ерда қўй боқиб юрган чўпонлар, қурту қушлар ва ўт-ўланлар гувоҳ бўлдилар.

Шамолда узилиб тушган бир шох-шабба ҳам уни кўрган бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Денгизлар узра сузган булутлар унинг изтироблардан хабардор эсалар, не ажаб?

Тоғларнинг этагидан бошланиб, водийлар бўйлаб бир неча кунлаб эсадиган, денгиз юзасидан то қитъаларнинг этакларигача шўр ҳаволарни қанотларида олиб келадиган ёки саҳроларни яллиғлантириб-эритиб, қайноқ ҳароратга кўмадиган самум шамоллари ҳам уни кўрганига шубҳа йўқ.

Айтадиларки, у яна бир неча юз йил Тангри Таолонинг бошқа бир билимли ва барҳаёт бандасини – Хизр алайҳиссаломни излаб дунё кезган. Шу боис уни яна Қизил денгиз соҳилларида кўришган. Мусо алайҳиссаломнинг саватидаги балиқ денгизга тушиб сузиб кетган жойда йиллаб ўтирган.

У ҳолда, Хизр алайҳиссалом оламда бундай бадбахт яшаётганидан албатта хабар топгандир? Лекин рўпара келганларми-йўқми – ҳеч ким билмайди.

Учрашганида ҳам – Хизр алайҳиссаломдан мужда кутолмаслигига унинг ақли етган, албатта. Чунки қисматларни фақат ва фақат Парвардигоргина белгилайди.

Балки, ёруғ оламда бир Иблис ва бир ўзи бундай тақдирга эгалигидан ваҳимага тушиб, юзлаб йиллар тавба қилгандир? Ва ўзининг яратилиши ҳам аслида бир ҳикматга ишора эканидан умидвор бўлиб, Парвардигордан раҳмат илинжида дунё кезар?

Иброний уламолари буни яхши биладилар. Биладилару аммо у ҳақда сўз очишдан ўзларини тиядилар.

* * *

Умрибоқий бу чол ҳақида унчалик ишониб бўлмайдиган бошқа ривоятлар ҳам бор. Шунингдек, уйлангани ёки фарзандлари бўлгани ҳақида ҳам ҳеч гапирилмайди. Қалбида мудҳиш безовталик ва қўрқув ҳукм сурган одам учун кимнидир севиш, оила қуриш, бола-чақа кўриш каби инсоний неъматларнинг аҳамияти қолармикин?

Дарбадар чол ҳақида билганларимиз – шу. Балки тарих китобларини варақласак, йиллар чанги орасидан тақдири Иблиснинг тақдирига ўхшаб кетадиган бу бадбахт ҳақида бошқа маълумотларни ҳам топишимиз мумкиндир. Бироқ, билганларимизнинг ҳаммасини айтишдан биз ҳам ўзимизни тиямиз, қолаверса, буни ножоиз деб ўйлаймиз. Чунки...

...чунки ҳозиргина саҳро бағрида бир карвон тўхтаб улгурди. Карвоннинг йўловчилари кўп эмас, уларнинг юзлари сафар машаққатларида қорайган, дағаллашган...

Саҳродаги Карвон

Юксакларда оғир ва қат-қат булутларни ҳайдаб келиб, тоғларнинг юксак қоялари олдида қолдирган шамоллар ҳозир Осиё саҳролари узра эсмоқда эди. Жонсиз туюлган барханлар орасида тин олиш учун тўхтаган карвон чодирларини тикиб улгурган, энди шамол ранг-баранг матоларни юлқаб ўйнар, саҳронинг сариқ қуми оғир қўзғалиб тўлқинланарди. Оёқ остида ўрмаловчи тезчопар чумолилару калтакесаклар ғайриоддий бир сезги хусусияти билан бу шамолнинг оддий эмаслигини сезганлари боис қум остига кўмилиб олган эдилар, саҳронинг бошқа фуқаролари – илонлар ва эчкемарлар ҳам ўз билганларича яшириндилар. Фақат ўжарроқ ва кескирроқ ўқилонгина саксовул шохида қимир этмай турар, шох билан бирга чайқалар эди.

Шамол яна эпкин урганида, саксонларни қоралаб қолган карвонбоши чол неварасига узоқларда қимир этмай туриб қолган булутларни кўрсатиб:

– Ўша ерда тоғлар бор, болам, – деди. – Булутлар чўққилардан ўта олмай туриб қолди, энди ёмғирларини ўша ёққа тўкади. Тангри нимани хоҳласа, ўша бўлади.

– Шамол-чи, ўта оладими? – деб сўради невара.

– Шамол ўта олади, чунки у кўзга кўринмас ҳаводан иборат. – деди Чол. – Аслида шамол ҳам, булуту ёмғир, ҳаво ҳам Худонинг махлуқи, болам. Улар Парвардигорнинг амрини бажарадилар. Жумладан, сену мен ҳам.

– Мен Худонинг амрини қандай бажараман? – деди невара

– Фикрлаяпсанми, демак, бажаряпсан, – деди карвонбоши. – Пилладан капалак чиққанини кўрмаганмисан?

– Жуда кўп кўрганман.

– Фикр ана шунақа нарса, – деди Чол. – Олдин ниманидир кўрасан, ундан ўша нарса ҳақидаги фикринг пайдо бўлади.

– Худди капалакка ўхшаб, а?

– Парвардигорнинг даргоҳи кенг, у кўп нарсаларни сирлар пардасига яширган. Одамлар уларнинг баъзиларини биладилар, баъзиларини билмайдилар. Дунёда кўзга кўринмас жонзотлару ҳодисотлар мўл. Уларни одам кўрмайди холос, лекин баъзи жонзотлар кўради.

– Сиз буларнинг тилини қандай англай оласиз? – деб сўради болакай.

– Одам боласидан бошқа ҳамма бир тилда гаплашади, ўғлим, – деди оқ¬соқол. – Аслида, бундай сирларни қанча кўп англаганинг сайин шунча чуқур сукутга толасан. Чунки баъзи билимлар ҳатто ҳалокатли бўлади, болам.

– Шамол ҳозир нима деяпти? – деб сўради ўғлон.

Чол мийиғида жилмайиб, деди:

– Шамолми? У гапирмайди, балки қанотида билимларни ташиб юради. Керак жойига қараб керак нарсангни олаверасан...

* * *

...Отахон шамолнинг тоғларда авлиё билан суҳбат қурганини, шаҳри Ҳайбар харобаларининг қумларини тўзғитиб-сочиб ўтганини неварасига айтмади. Зеро, чолнинг ҳадиги бор эди. Шамолларнинг турларинию вазифаларини у яхши биларди. Лекин, буниси бағрида ёмғирларни олиб келувчи раҳмат эпкини эмасди. Гулларни тўкувчи ва меваларни чанглантирувчи ризқ шамоли ҳам, марҳамат шамоли ҳам, фаслларни ўзгартирувчи мавсум шамоли ҳам эмасди. Аксинча, бошқа эпкин эди, унинг эсишида жазо шиддати борга ўхшарди. Шу боис ҳам бу ҳақда индамади, аксинча, агар шундай бўлиб чиқса, ўзига ҳам, қавмига ҳам, шу болакайга ҳам марҳамат етажагидан умидланди.

Шунингдек, бу кеча, ҳамма ухлаган маҳали саҳро ичидан чиқиб келган бир одам билан қурган суҳбати ҳақида ҳам лом-мим демади. Ҳолбуки, тунги суҳбат жуда кўп нарсаларни ойдинлатувчи суҳбат бўлган эди.

– Бизлар кўп йиллар аввал йўлга чиққанимизни биласан, – деди Чол, тунги йўловчига. – Сен туғилмасингдан икки минг йил аввал бошланган бу дарбадарлик. Сафар манзилини биладиганлар ўша маҳалларда дунёдан ўтиб кетдилар. Тахмин қила оладиганлар ҳам аллақачон тупроққа айланганлар, балки уларнинг зарралари ҳозир шамолга қўшилиб учиб юрган бўлса не ажаб... Биз учун ҳеч ерда қўним йўқ, дунёнинг қаерига борсак чодир тикиб, Аллоҳ хоҳлаганча вақт турамиз, кейин яна дунё кезишга равона бўламиз. Бола-чақаларимиз ҳам дарбадарликда туғиладилар ва шу қисмат билан ўладилар.

– Бир ерда муқим ҳаёт кечириш билан тинимсиз дарбадарлик ўртасида қанчалар фарқ бор? – деди меҳмон. – Буни менга Ҳазрат айтган эди. «Сен-ку авомнинг кўзида зоҳиран бир дуо туфайли шундай қисматга маҳкум этиласан. Аммо умринг мобайнида ўз ҳаёти давомида илоҳий муждани рад этиб, дарбадарликни бўйинларига олган саноқсиз кишилар оломонини кўрасан. Уларнинг ҳаёти сеникидан заррача ҳам ўзга бўлмайди, бироқ сендан фарқ қилиб, оғир ва азобли ўлим топишади. Лекин тарихда сенинг номинг қолади, бошқалар эса айнан шу қисмат билан яшашса-да, ер юзидан беному нишон супурилиб кетишади», – деган эди.

– Ҳа, эшитганман, – деди чол, тин олиб. – Дарвиш бу гапида айнан бизни назарда тутмаганмикан деб қўрқаман гоҳо... Аслида кўпгина ҳикматлар мажозга ўралган бўлади. Сенинг бадавийларга айтганинг гапларда ҳам мен бир ҳикмат кўраман. Ким билсин, балки кун келиб сенинг исминг ҳам муқаддаслашар? Ҳаётида қутлуғу муқаддас ҳеч нарсаси қолмаган одамларнинг ёхуд бизга ўхшаган қавмларнинг мисоли бўлиб қоларсан? Бизга эса, Тангри таоло шунча йиллик дайдишлардан сўнг, ниҳоят, бир марҳамат кўрсатар, ўзининг мулкидан энг кўримсиз, энг қақраган бир бурчакни ватан қилиб берар?

– Одам боласи борки, барҳаётликни орзу қилади, – деди меҳмон. – Мен эса абадият билан жазоландим. Мен учун на ватан, на миллат, на элат, на тил қолди. Дунёни кезаркан, бутун бошли миллатларнинг йўқ бўлиб кетганини, ўрнига бошқаларининг келганини кўрдим... Аслида, сиз мендан кўра хушбахтроқсиз. Чунки, қисматингизга дарбадарлик битилган бўлса ҳам, бир неча йилдан кейин Унинг раҳмати томонга равона бўла оласиз. Менга эса у йўллар беркилган, қопқалар ёпилган, тавбамдан ва пушаймонимдан наф йўқ.

– Лекин ўзинг қачонлардир, бир мунажжим менинг дардимни энг ҳикматли йўсинда ифодалади, энди одамлар қисматимдаги ҳикматни шояд англаб етсалар, деган эдинг-ку?

– Унинг исми Гвидо Бонатти, – деди меҳмон. – Бонатти фоллар ва тушларнинг муаллақ эканини англаб етган илк киши эди. Умрининг охирида тафаккур ўрнига майхўрликка ва фолбинликка берилгани учун, черковнинг буйруғига кўра тириклай ёқиб юборилди. Афсуски, у ҳақиқатнинг юза қатламини кўра олди, холос. Фикр қилганида балки яна кўп нарсаларни фаҳмлаган бўларди...

– ... Сен билан бир неча марта учрашдик, аммо нима учун бундан энди гап очяпсан? – деб сўради чол, узоқ сукутдан сўнг. У меҳмоннинг мақсадини пайқагандек эди.

– Мен Тиёншон этагидаги яна бир одам билан видолашмоқ истайман, – деди меҳмон. – Ким билсин... қайта кўришиш балки насиб қилар, балки насиб қилмас...

Тиёншон Бағридаги Ғорда Истиқомат Қилувчи Авлиё

Айтишларича, бу авлиё Тиёншон этагида бир юзу йигирма йилдан буён ибодат қилар эди. Ғор оғзида анжир ўсган эди, у ҳар куни янги мева тугарди. Қилган ибодатларига мукофот ўлароқ ҳамда авлиёнинг тирикчилик илинжида чалғимаслиги учун берилган бир иноят ёхуд мўъжиза эди балки бу анжир.

Бу ердан ўтганларнинг баъзилари, ғор оғзининг икки томонида икки баҳайбат шернинг турганини кўришган. Бошқалар эса кулча бўлиб ўралиб олган илонни, бургутни, ҳатто аждарни кўргани ҳақида ривоятлар бор. Баъзилар эса ҳеч қандай жонзот йўқлигини, бир тутамгина, аммо нигоҳи ғоятда нурафшон қарияни кўрганларини айтадилар, қария шу даражада кексайган эдики, худди укпардай ҳилвираб қолган эди.

Бошқа бировлар эса, Тангрига яқин зотларнинг унинг ҳузурига суҳбат учун келиб турганларидан хабар берадилар.

Дарҳақиқат, авлиёлар – Парвардигори оламнинг марҳамати ва мукофотига сазовор кишилар эканига шак-шубҳа йўқ. Авом уларнинг ҳикматларини англашга ожизлик қилиши ҳам рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Бизлар англаб ета оладиган даражада баён қилинган бошқа бир ҳақиқат эса мана бундай:

Бир куни авлиёнинг ҳузурига баланд бўйли, узун сочлари елкасига тушган, ялангоёқ бир одам кириб келади ва ундан мўъжиза кўрсатишини, агар кўрсатмаса, ўлдиражагини айтиб таҳдид қилади.

– Қандай мўъжиза кўрсатишимни истайсан? – деб сўрайди Авлиё ундан.

– Билмадим, ишқилиб, ғайриоддий бир нарса бўлсин, – дейди келгувчи.

– Унда, у мўъжизани нимага сабаб бўлишини хоҳлайсан?

– Сенинг ростдан ҳам авлиё эканингга ишонишим учун.

– Сен ўзинг дунёда нима исташингни билмасанг, мен бечора банда қаердан ҳам билайин, – деб жавоб берган Авлиё. – Қара, оламда ҳамма нарса мукаммал бир тартиб билан ҳаракатланиб турипти. Баҳорда бу ердан турли-туман наботот униб чиқади. Саноғини Тангридан бошқа ҳеч ким билмайди. Шунча набототнинг униши учун керак бўлган сувни томчи-томчисигача ўлчови билан булутлар олиб келиб ёғдирса, ҳатто сен қудратини кўриб ҳайратланишинг ёки эски тупроқларни ичидаги бор-йўқ жасадлари билан ювиб, бошқа жойларга озуқа бўлиши учун олиб кетадиган ёхуд ҳар иккаласи учун ҳам бўронлар эсса, селлар оқса... Қуёш керагича қиздирса, дов-дарахту ўт-ўланнинг чангланиши учун қанча асалари ва ҳашарот керак бўлса, шунчаси яратилсаю гулларни чанглантиришидан ташқари яна бол ҳам тўпласа ва ўзининг мавжудлиги ва ҳаёти билан яна унинг қудратидан хабар бериб турса... Сен айтаётган мўъжиза мана шу низомга қарши равишда, шу тартибни бузиб пайдо бўладиган ҳодисадир. Айт-чи, эй Тангримнинг бандаси, биргина менинг авлиё эканимга ишонишинг мана шу низомнинг бузилишига арзийдими?

– Бу кам, – деди чақирилмаган меҳмон ўйланиб. – Яна нималарни айта оласан?

– Унинг берган неъматларидан бемалол фойдалансанг, ихтиёрингга сенинг минадиган отингдан кўра минглаб карра мукаммалроқ бошқа бир отни – вужудингни ато этган бўлса. Оламдаги ҳар бир жон ўзининг вазифасидан бошқа яна бир вазифани бажариб келаётганининг ҳикматини кўр. Мукаммал бир лашкарга ўхшайдиган, ғоятда ихчам яратилган асалари ўзининг эҳтиёжидан минглаб карра кўп бол тўпласа, бир дарахт, насл қолдириши учун керак бўладиган меваларнинг минглаб мислини тугса, бир балиқ минглаб увулдириқ ташласа, бир наботот ўзининг униб-ўсишидан ташқари ё емиш, ё даво бўлса... ва фақат сенгина буларнинг ҳаммасидан еб-фойдалансангу ҳосиланг бўлмаса... устига-устак, шу ҳолингда яна мўъжиза талаб қилсанг... Ҳаётингнинг бошидан охиригача, гўдаклигингдан то кексайгунинггача ҳаёт ҳикматини, Унинг марҳаматини англолмасдан, Унинг пардалари ортидаги сирларига бир марта боқолмасдан дарбадар кезсанг-у, сенинг бу тутуминг мўъжиза талаб қилишингга ҳуқуқ бера оладими?

Меҳмон ерга ўтирди, қиличини ҳам ерга қўйди.

– Бу гапларни олдин ҳам эшитганман, – деди у. – Мен сендан ҳақиқатни билишни истайман.

– Унда эшит, – деди авлиё. – Мен ҳатто ўзимга емиш тополмайман, шу боис Тангрим раҳм қилиб, ғор оғзида анжир ўстириб қўйган. Агар шу анжир қуриб қолса, унда менинг ҳолимни кўр. Соғлом ҳолимда ҳам Тангрим яратган ҳавога, сувга, озуқага муҳтожман. Мабодо вужудимга бир касаллик илашса, ундан ўзим халос бўлолмайман, дарҳол дардимга даво истаб, Парвардигоримга ёлвораман. Халос бўлиш у ёқда турсин, бу касалликнинг аслида нима эканини ҳам билмайман, жоним қийноқда қолгани учун ҳам Тангримга йиғлаб-сиқтайман. Менинг бу ғорда эканиму емишим анжир экани – бечоралигимни кўрсатадиган ҳолат эмасми? Ҳамма нарсада ўзим Тангримга муҳтожману сен мўъжизани Ундан сўрашнинг ўрнига, мендан сўрайсанми?

– Энди тўғри айтдинг, гапларингга ишондим, – деди меҳмон, сўнг қиличини қинига солди. – Лекин яна битта саволим бор, шунга жавоб бермагунингча кўнглим ўрнига тушмайди. Айтадиларки, сенинг қўриқчи шерларинг бормиш, менга – сени ўлдиришга жаҳд қилган одамга уларни гиж-гижлашнинг ўрнига нега ҳурмат билан кутиб олдингу буларни битталаб тушунтирдинг?

Авлиё деди:

– Тангри таоло бир бандасига парчинланиш, яна бирига мўғул аскарининг қиличи, бошқа бир қулига эса дор ёғочи орқали ўлимни раво кўрган эди. Яратган Эгам ажалимни сенинг тимсолингда юбордимикин деб қўрқдим...

Келгувчи узоқ ўйланди. Сўнг шундай деди:

– Унинг наздида қадру қиймат топган бандаларидан бири эканлигингга, оддий кишиларга билдирмаган сирларидан Ўзи хоҳлаганларини сенга билдирганига шак-шубҳа йўқ. Бироқ, менинг ким эканимни нега пинҳон тутганини англаб етолмадим. Унинг бу иродасида яхшилик борлиги аниқ-равшан, шояд менга ҳам бир хайр етса деб умид қиламан...

ИККИНЧИ ҚИСМ

Уч соатдан сўнг, Атлантика уммони узра мисли кўрилмаган қудрат билан бўрон қўзғалиши олдидан дунёнинг тўрт бурчидаги тўртта маконда ана шу тарих ва ана шу воқеалар рўй берган эди.

Орадан уч соат ўтгач, сокин ҳаволарнинг кўзга кўринмас мавжларидан бошланган ва тобора кучайиб борган шамолнинг, осойишта тўлқинланаётган сувларни ўнлаб қулоч баландликка кўтариб гирдоблар ҳосил қилган ҳолда ичидаги жонзотларига қўшиб инсонлар маконига – қуруқликка қараб итқитувчи, йўлида учраган нарсани ғорат қилиб борувчи кучли бўронга айланиши кутилмоқдайди.

BOENG 787 DREAMLINER. ЙЎНАЛИШ: АМЕРИКА – МАРКАЗИЙ ОСИЁ

Замонавий қудратли ҳаво лайнери бир маромда гувиллар, салондаги уч юз чоғли йўловчининг кўпи мудрар эди. Ҳозир у Атлантика уммони узра тўққиз чақирим баландликда, соатига саккиз юз эллик километр тезликда учиб бораётган эди. Лайнер тўрт соат олдин автопилотга ўтказилган, шу боис унинг ўн икки кишилик экипажи дам олмоқда, фақат, салондаги тўққиз стюардесса қиз тушлик тарқатишга тайёргарлик кўрмоқдайди.

Учиш барча кўрсаткичларга кўра мўътадил кечмоқда эди.

Аслида, бундан уч соат аввал дунёдаги энг катта метеорологик кузатиш станциялари Атлантика уммони узра бўрон бошланаётганидан огоҳлантиришди, тахминларга кўра у мавсумий бўронлардан фарқ қилар, одатий «метеорологик рўй¬хат»даги пўртаналар тунда, Ойнинг тортиш кучи оқибатида сув сатҳининг кўтарилиши маҳалида рўй берарди, бу эса куппа-кундуз куни бошланмоқда эди. Хитой ва Мўғулистон узра туриб қолган иссиқ ҳаво оқимининг шиддат билан юқори кўтарилиши оқибатида Япония ва Австралия саринликларининг ҳамда уммон юзасидаги совуқ ҳавонинг марказга интилиши оқибатида унинг «йўли» жуда узун бўлиши тахмин қилинмоқда, катта тезликда эсувчи шамолларни қўзғатиши кутилмоқдайди.

Соҳиллардаги турли давлатларга бу ҳақда ўз вақтида етарлича маълумот берилган, тўқсон олти миллион квадрат километр юзада сокин-осойишта тўлқинланаётган уммондаги барча сайёҳлик, ов, илмий-тадқиқот, ҳарбий ҳамда сувости кемалари (одатда, энг кучли бўрон маҳалида ҳам эллик метр чуқурликда сокинлик ҳукм сурса-да) ҳамда йўналиши шу бўрон ҳудуди билан кесишадиган йўловчи ҳаво учоқлари огоҳлантирилган, фазодаги сунъий йўлдошларнинг баъзилари жосуслик ишидан ташқари, бўрон йўналишини кузатишга ўтказилган эди.

Бўрон ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда учоқнинг компьютерига ҳам етиб келди, автопилот учоқ йўналиши ва учиш қуввати меъёрларига керакли ўзгаришларни киритиб, бу ҳақда мониторга ёзув ҳам чиқариб улгурди.

Хуллас, ўз бағрида турли сирларни сақлаган бу асов уммоннинг бугун жунбишга келиши кутилмоқдайди.

Ҳаво лайнерининг бизнес салонидаги мониторга огоҳлантирувчи ёзувлар турли тилларда қалқиб чиқди, лекин бу йўловчиларга хизмат кўрсатиш савиясининг қай даражада юқори эканини кўз-кўз қилиш учун қилинган тадбир эди, турли табиий офатлар вақтида учоқни бошқаришнинг энг самарали усуллари бундан эллик йил олдин ишлаб чиқилган, шу боис у оз-моз чайқалишлардан бошқа хавф туғдирмасди, бироқ, йўловчилар учун авиакорхона ишининг қай даражада йўлга қўйилгани ва учувчиларнинг қай даражада моҳирлигининг аҳамияти катта бўлгани учун, компания шунақа Пи-Ар тадбирини йўлга қўйган эди.

Лайнердаги уч юз чоғли йўловчининг бири, инсонни такомиллаштириш масалаларига бағишланган халқаро анжумандан юртига қайтаётган киши – бутунжаҳон Генетик тадқиқотлар ассамблеясининг фахрий аъзоси профессор Зиё ҳам бу огоҳлантиришни ўқиди-да, кенг дарчадан ташқарига қаради.

Улар ҳавога кўтарилган Денвер шаҳри аллақачоноқ кулранг пастликларда қолиб кетган, учоқ аллақачон Атлантика уммони ҳудудига кириб келган эди.

Уфқ топ-тоза, тўққиз чақирим пастда эса кул ранг тусли уммон, бағридаги наҳангларию миллионлаб тур ва кўринишдаги жонзотлари, сув юзасида сузиб юрган ва қачонлардир теранликларга ғарқ бўлган кемалари, шаҳарларию қишлоқлари, балки Нуҳ алайҳиссалом тўфонидан қолган харобалари билан ... ястаниб-тўлқинланиб ётар эди.

Уммон гўё тарихга ўхшар эди! Гўё бутун кечмишлар ана шундай сокин ва тил-забонсиз, бепоён тарзда, вақтсизу маконсиз долғаланмоқдайди.

Қайлардадир олис-олисларда, сийрак туман билан қопланган ва бундай юксакликдан элас-элас кўзга ташланадиган материкнинг сарғиш саҳросида лўлилар карвони тин олиш учун тўхтаган эди.

Бироқ, учоқ ҳозир саҳро узра учиб ўтаётган бўлганида ҳам бундай баландликдан уларни кўриш амри маҳол эди.

Саҳродан кейин водийлар бошланар, яна минглаб чақирим масофада эса оқ қорларию кўк музликлари билан бағрида бутун дунё тараққиётининг сирларини яширган Тиёншон тоғлари виқор тўкиб турарди.

Тиёншон тоғларининг бағридаги бир ғорда авлиё тафаккур билан машғул эди. Сал олдин ёмғир савалаб ўтган, ғор оғзида ўсган анжирнинг яшил баргларида ва жигар ранг меваларида катта-катта томчилар туриб қолган эди.

Маданиятлар, цивилизациялар, сиёсатлар, фикрий ва ғоявий курашлар, улкан ижтимоий ҳодисалар, мегаполислар, тутунга ўралган шаҳарлар ва яшил қишлоқлару далалар қаторида майда-чуйда тирикчилик ташвишлари билан тинимсиз ҳаракатланаётган одамлар издиҳоми... бутун олам тортишиш кучини енгиб, фазога йўл олишга тайёрланаётган фазовий кемалар, ниначилардай ҳар томонга имиллаб учиб бораётган маҳаллий учоқлар, инсон боласининг аянчли гердайишларига сабаб муҳташам қасрлару автомобиллар... тўққиз чақирим пастда, материкларда қолиб кетган эди.

Унинг назарида дунёнинг айланиши тезлашиб кетгандек, тушуниш ва бош¬қариш қийин бўлган ғалати жараёнлар қайнаб-тошаётгандай туюлди.

Халқаро анжуман унинг қалбини ларзага солган ва орадан ўн икки соат ўтганига қарамасдан, ҳануз таассуротларидан қутулолмаётган эди. Анжуман уй¬ғотган ҳаяжонлару шов-шувлар ҳали-вери тинадиганга ўхшамасди. Дунёнинг энг машҳур олимлари ҳам ҳайрат ва ҳатто саросима ичида эдилар.

Инсонни такомиллаштириш йўлидаги уринишлар минглаб йиллардан бери давом этиб келаётган бўлса-да, бугунги ҳодиса башариятнинг барча изланишларини хотималаб, янги паллага қадам қўяётганидан далолат бериб намоён бўлган эди.

Ҳамма гап, бир томони Хитойга ва иккинчи томони Мўғулистонга туташиб кетган, Тиёншондан Олтой тоғларига қадар бир ярим минг чақирим масофага чўзилган ёй мисоли ястаниб ётган Гоби чўлидаги Инсон такомили марказида етиштирилган сунъий жонзотларда эди. Куйтэн-Найрамдал чўққиларидан ва Отгон-Тенгри Уул водийсидан юзларча чақирим масофада жойлашган мазкур марказда кўп йиллардан буён инсонларни сунъий урчитиш, генларини такомиллаштириш ва клонлаштириш борасидаги тадқиқотлар олиб борилаётганини кўпчилик биларди. Шунингдек, бу тур тажрибалар дунёнинг кўпгина ўлкаларида қатъиян ман этилгани боис, ҳали қонунлари заиф мамлакатга атайин кўчирилганига ҳамманинг ақли етиб турарди. Дунёга ёйилиб кетган мазкур тадқиқот тизимининг она бўғини бўлмиш бу марказ инсониятга кутилмаган бир натижани тақдим этган ва «Хўш, ана энди нима қиласан?» деб саҳролар аро боқиб турган улкан бир кўз мисоли, жимит инсон болаларининг тутумларига қизиқсиниб қараётгандай туюлмоқдайди.

Сунъий урчитилган одам аслида ким? Уруғланган бир она ҳужайранинг шиша идишларда мукаммал ривожланиши учун керак бўлган ҳар қандай шароит яратиб берилган ва муттасил кузатувлар остида инсон боласининг пайдо бўлиш жараёни ғоят аниқлик билан кузатиб бориладиган бундай изланишлар доимо боши берк кўчага кириб келмоқда, башар ақли етмаган қандайдир таъсирлар боис улар мажруҳ, кар, соқов ва яшашга ноқобил равишда олам юзини кўрган бўлсалар, улардан бири ҳеч кутилмаганда мукаммал бўлиб ҳаётга келган эди.

На отасини, на онасини биладиган бу жонзотнинг ҳужайраларидаги қарта¬йишга сабаб ген олиб ташланган – унинг вужуди ўз-ўзини тўлдириш орқали муттасил янгиланмоқда ва тахминларга кўра, ғоят узоқ умр кўриши кутилмоқда эди.

Бошқа барча чақалоқлар каби йиғлаган, инжиқлик қилган, гўдаклигида теграсига қизиқсиниб боққану мурғак зеҳнида «у ким – бу нима» деган саволлар бемисл кўп ва тез содир бўлган, ўзининг қайдан бино бўлганию ким эканини юзларча марта сўраган, хуллас, барча чақалоқлар каби униб-ўсган бўлса-да, бу ҳодисадан азбаройи илмий тажриба юзидан ҳамма нарсани сир тутган олимларнинг ўзлари ҳам ҳангу манг эдилар.

Гўё инсониятнинг тадрижий тараққиёт йўлини босиб ўтаётган бу сунъий урчитилган одам балоғат ёшига ета бошлаганида, ўзининг фавқулодда мантиқ ва фикр қувватига эга эканлигини намоён қилган эди. Ҳали фанга маълум бўлмаган қандайдир бир хусусият ила у теграсидаги нарсаларнинг молекуляр бутунлигини буза олиш қобилиятига эга бўлиб, қаршисида на пўлат, на темир, на шиша тўсиқ бўла оларди. Шунингдек, ўзак ҳужайраларни ўстириш борасида олинган барча ютуқлар унда жамулжам бўлган эди. Аслида оддий инсон боласига ўз-ўзини тиклаш салоҳияти азалдан ато этилган, масалан, бирор жойини кесиб олса, бу жароҳат маълум вақтдан сўнг битиб кетади. Сунъий одамда мазкур хусусият такомиллаштирилган, ҳатто ички аъзоларини ҳам тиклай олишига умид боғланмоқда эди.

Аввалбошда на отаси, на онаси, на ватанию миллати, на қариндош уруғию ака-укаси бўлган бундай мукаммал жонзотларни оммавий равишда кўпайтириш йўлга қўйилароқ, хатарли ҳудудларда, конларда, ҳаёт учун хавфли маконларда, вулқон тубларидаю сув остида – хуллас, ҳақиқий инсонларни қўллаш ҳам эстетик, ҳам инсоний қадриятлар туфайли мумкин бўлмаган ишларда ишлатиш кўзда тутилган эди. Ген соҳасидаги ютуқлар уларни ҳали ҳомила эканликларидаёқ нурланишларга, касалликларга ёхуд бошқа таъсирларга чидамли қилиб ўстириш имконини бермоқда эди. Ижтимоий қадрият қозонишларига ҳақ-ҳуқуқлари йўқлигини таъкидлаш мақсадида ҳатто исм бериш ҳам кўзда тутилмаган, рақамлар билан ифодаланишлари етарли эди.

Одам боласини исм билан эмас, рақам билан ифодалаш ўтган асрдан: Польшанинг Дахау қамоқхонасидан ҳамда Япониянинг Хитой чегарасидаги Харбин яқинида жойлашган исмсиз зиндондан одамзотга маълум. Уларнинг ижтимоий аҳамият касб этмасликларини ўзларидан ҳам кўра атрофдагиларга таъкидлаш муҳимроқ эди. Бироқ, қамоқхоналардаги тажриба одамлари – азалдан давом этиб келгани каби, ота ва онадан туғилган, ҳақиқий инсонлар эдилар, тажрибахоналарда сунъий равишда дунёга келтирилган ва генлари ўзгартирилган жонзотлар эса, гарчанд кўринишию тутуми инсондан фарқ қилмаса-да, барибирам ғайриинсоний мавжудот деб ҳисобланмоқдайди.

Бундай тажрибалар муваффақиятли тугагач, дунёда инсоннинг олий ирқ бўлиб қолиши ва яна бир ирқ – на исми, на тили, на қадриятлари ва на миллати номаълум, аммо ҳам жисмоний, ҳам ақлий жиҳатдан инсондан бир неча баравар устун қуллар ирқининг пайдо бўлиши кутилмоқда эди!

Бироқ, анжумандаги олимларни, шунингдек, Профессор Зиёни саросимага солган нарса бошқа! Шов-шувлар, ген ва ўзак ҳужайра муҳандислиги эришган ютуқлар ортидан чўмган жимлик... мангу барҳаёт инсон яратиш йўлидаги уринишларнинг ҳисоботлари ортидан, мукаммал ирқ яратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг илк ютуғи ҳисобланган бу мукаммал жонзот ақлни шоширувчи ва ҳеч кутилмаган бир хулосага келган эди!

Халқаро Анжуман

Шимолий Америкадаги улкан аэрокосмик марказлардан бирида, сўлим дарё ёқасидаги уч қаватли муҳташам саройда келажак инсонини яратиш борасидаги тадқиқотларнинг навбатдаги якуни ўқиб эшиттирилмоқда эди. Анжуманда инсон генетикаси ва руҳияти борасида донғи кетган энг машҳур олимлар иштирок этаётган бўлса-да, нутқлар ҳамда ҳисоботлар жуда суст бормоқда, салқин залда кенг-қулай оромкурсиларда ўтирган илм аҳли нурланишларнинг ҳамда янги технологияларнинг одам генига ва эмбрионига таъсири ҳақидаги узундан-узоқ нутқларни анчайин зерикиш билан тингламоқда эдилар.

Анжуманнинг шов-шувли қисми Гобидаги Инсон такомили марказининг ҳисоботи эканини ҳамма биларди. Шу боис, бир неча йиллардан бери боши берк кўчага кириб келаётган масофавий бошқариш ва руҳиятга оммавий таъсир усуллари ҳақидаги ҳисоботлар, айтарли янги гап йўқлиги учун ҳам қизиқиш уйғотмаётган эди.

Осиёдаги Инсон такомили маркази юқори технологияларни қўллаш орқали инсон вужудини такомиллаштириш муаммолари билан шуғулланишидан кўпчилик хабардор эди. Марказ жойлашган чўлнинг Олтойга туташ жойи фазо нурланишларини кузатиш учун энг мақбул, шунингдек, ғайриоддий ҳодисалар энг кўп содир бўладиган жойлардан бири эканлиги ўтган асрдан бери фанга маълум. Бир неча мамлакат ҳудудига кириб борган ва мўғуллар Шамо, хитойлар Алашан, уйғурлар Жунғор деб атайдиган бу улкан чўл қишда қирқ даража совуғию ёзда эллик даражали жазирамаси билан ҳам машҳур эди. Ер юзида турли-туман иқлимларни яратиб қўйган Парвардигори олам, мана шундай саҳроларни ҳам яратиши билан, кишиларга «Бас, ер юзини кезинг ва тафаккур қилинг» деб огоҳлантираётган эди гўё.

Ўзидан жуда кучли электр қуввати чиқариб, ён-веридаги ҳар қандай жонзотни кўмирга айлантирадиган улкан тўмтоқ саҳро қурти – олғой-хорхой ҳақидаги хабарлар келди Профессорнинг хаёлига. Олғой-хорхой фақат Гобида яшайди. Тана тузилишини шаффоф ҳолга келтира олади, гоҳ кўриниб-гоҳ кўринмаслигининг сабаби шунда...

Марказ вакилининг ҳисоботи соат иккига белгиланган эди. Белгиланган вақт¬да саҳнага қотмадан келган мисрлик занжи олим чиқиб келди, унинг чиқиши қарсаклар билан қаршиланди. Бу одам сунъий урчитиш ва клонлаштиришнинг генетик муаммолари борасида тенги йўқ даҳо экани ҳаммага аён эди.

– Муҳтарам анжуман аҳли, – деб сўз бошлади даҳо, сокин ва осойишта овозда. – Мен, генетика мутахассиси Георг Мендел, умримнинг қирқ йилини шу фаннинг турли чигал масалаларини ечишга сарфладим. Жонли борлиқларнинг ген ўрамлари қаршисида соатлаб термилиб ўтирган онларимда доимо шууримда «Яратган Парвардигоримнинг низомини бузишга уриниб, хато қилмаяпманми?» деган савол кўндаланг турди. Миллионлаб вариантларни таҳлил қилар экан, исталган ҳар бир комбинациядан ўхшаши йўқ бир махлуқ бино бўлишидан ҳар дaм чўчиб яшаганимни сизларга билдирмоқчиман...

Салонга жимлик чўкди. Ҳамманинг диққат-эътибори генетиканинг шу даҳосига қаратилди.

– Умрим ўтгани ва ген тилсимларига қадам-бақадам яқинлашиб борганим са¬йин, у «гуноҳ қилмаяпманми?» деган саволга айлана борди, – деб давом этди олим. – Зотан, бу ерга тўпланган муҳтарам жамоанинг ҳар бирига мазкур савол кўпдан таниш эканига шубҳам йўқ. Умрининг уфқларини кўриб турган бир олим учун эса бундай саволларнинг аҳамияти ғоят улкан ва ҳатто мудҳиш тус олишини ҳаммангиз яхши биласиз. Генларни ўзгартириш борасидаги тадқиқотларимизда муттасил олға силжиётганимизни эътироф этиш билан бирга, кутилмаган натижаларга рўпара келаётганимизни сизга маълум қилмоқчиман. Бу натижаларни шарҳлашни ўзингизга ҳавола қилган ҳолда, диққатингизни экранларга қаратишингизни сўрайман!...

Шу орада қолган чироқлар ҳам ўчиб, саҳнадаги улкан монитор ёришди.

Мониторда шиша хона ичида кўзлари катта-катта бир одам кўринди. У теваракка олазарак аланглар, нимадандир жуда безовта эди.

– Бу – олти юз олтмишинчи рақамли одам, – қоронғилик ичидан овози келди олимнинг. – Тўртинчи ҳалқа DNA ўрамларига ўтказилган таъсирлар натижасида у нурланишларга чидамли бўлиб дунёга келди. Бу геномнинг нуқсони – у кўр. Чунки оддий шароитда яшай олмайди, қуёш нурлари вужудига ҳалокатли таъсир кўрсатади.

Монитордаги тасвир ғойиб бўлиб, ўрнида бошқаси пайдо бўлди.

– Мазкур жонзот фавқулодда қобилиятларга эга ҳолда дунёга келиши кўзланган эди. Дарҳақиқат, унинг суяклари ғоят эгилувчан, лекин вужуди бундай эгилувчанлик учун лозим бўлган катта миқдордаги маъданларни етказиб беролмагани учун ҳалокатга маҳкум.

Тасвирлар алмашар, манзара ҳам нохушлашиб бормоқда эди.

– Мана буниси эса барҳаёт жонзот, – деб давом этди олим. – Австралия тошбақасининг генлари билан чатиштириш орқали дунёга келган бу одам жуда узоқ яшайди. Афсуски, тескари қонуниятлар яна панд берди – ҳарчанд узоқ яшаса-да, унда ақл нишонаси йўқ.

Тасвирлар бирин-кетин алмашар, ҳар бир сунъий етиштирилган одамда яшай олишига тўсқинлик қилувчи бир нуқсон намоён эди.

– Ўтган йигирма йил мобайнидаги изланишлар натижасида мингдан зиёд мана шундай жонзот дунёга келтирилди, – деб давом этди олим. – Кўриб турганингиздек, муваффақиятлар билан енгилишлар нисбати теппа-тенг. Сирасини айтганда, ақл даражаси бугунги кун одамидан бир неча баравар юксак ва мангу умр кўрадиган одам яратиш фикри шу қадар жозибадорки, бу кўрганларингиз мажруҳларнинг ва ноқисларнинг дунёга келтирилишининг гуноҳу савоби ҳақида ўйлаб кўришга на вақт бор, на истак.

Гуноҳ деганимизда, наинки бизнинг аралашувимиз туфайли дунёга мажруҳ бўлиб келган жонзотларни, балки уларнинг йўқ қилинишини ҳам назарда тутяпман – тасвирда кўрганингиз бу жонзотларнинг аксарияти ҳозир ҳаётда йўқ, баъзилари ўз-ўзидан ҳалок бўлган, баъзиларини эса азоб-уқубатга қолмасликлари учун ўзимиз йўқ қилганмиз. Эвтаназия масаласи дунёда ҳануз ҳал қилинмаган муаммо бўлиб тургани чоғда, ушбу жонзотларни йўқ қилиш одам боласининг жонига қасд қилиш билан бараварми-йўқми, деган саволимиз ҳам ҳануз ечилмасдан қолмоқда. Табиийки, ҳаво мавжуд бўлмаган жойларда, сув остида, кучли нурланишларда, вулқонларнинг тубларида бемалол ишлай оладиган ва тадқиқотларимизга кўмак берадиган бир насл бунёд этилса, инсониятнинг кўп мушкуллари енгиллашган бўлур эди. Масаланинг эстетик томонларини ҳам ҳал қилишимиз, бутун дунёдаги барча халқлар билан биргаликда якдил қарорга келишимиз лозим – булар инсонми, инсон эмасми? Бугунги кунда тажрибахоналарда сон-саноқсиз жонзотлар устида турли-туман тадқиқотлар ўтказилмоқда, минглаб ҳайвонларнинг тана хусусиятлари, ички аъзолари, ҳар хил таъсирларга муносабати ўрганилмоқда. Биз бу жонзотларга илму фан тараққиёти йўлида қурбон қилиниши лозим бўлган тажриба материали деб қараймизми ёхуд инсон дебми? Тадқиқотларимиз янги, барҳаёт насл олиш йўлидаги заҳматлар сифатида олқишланадими ёки инсоният устидан ўтказилган ғайриинсоний тажрибалар деб лаънатланадими – бу савол ҳам очиқ қолмоқда...

Тасвирда шиша хонадаги ғоят катта бошли одамнинг сурати қалқди, ён қисмида унинг тартиб рақами, дунёга келтирилиш вақти ҳамда ёзувлар пайдо бўлди:

«Мен кимман?»

«Отим нима?»

Лабораторияларда, зирҳли шиша идишларда дунёга келган ва ғайриоддий хусусиятлари билан бир қаторда, нуқсонлари билан ҳам одамни қўрқитадиган турли-туман сунъий одамлар анжуман аҳлига, балки бутун инсониятга ана шундай – нигоҳларида тушунмовчилик, азоб, қийноқ акс этган ҳолда жим, изтироб ила боқмоқда эдилар.

«Мен кимман?»

«Отим нима?»

Балки уларнинг тадқиқотлар натижасида айқаш-уйқаш бўлиб кетган мияларида бошқа турли саволлар ҳам кўпдир, лекин энг асосий савол барибир шу бўлиб қолмоқда ва бутун инсониятга қарата берилмоқда эди.

«Мен кимман?»

«Отим нима?»

Бир оз вақт ўтгач, уларнинг ўрнини баланд бўйли, сочлари узун, кўркам бир йигитнинг тасвири эгаллади.

Бу – тадқиқотларимизнинг энг юксак чўққиси, оддий инсонга нисбатан ғоят узоқ умр кўрадиган барҳаёт жонзот, – деб давом этди олим. – Сиз узоқ йиллардан бери орзиқиб кутган ва илмий орзуларингизни ўзида мужассам этган мукаммал мавжудот шу! Аввалги нусхаларнинг барча фазилатлари унда мужассам. Ген турли-туманликларнинг бундай зафарли ҳалқасини топишда осиёлик бир ҳамкасбимизнинг жуда катта кўмаги бор, у одам ҳозир орангизда, барҳаёт инсоннинг вужудидаги DNA ҳалқасининг сири ҳозирча шу одамгагина аён. Бу кишининг фан тараққиётига қўшган ҳиссаси, бир маҳаллар Осиёдаги кичкинагина ҳужрасидан чиқмаган ҳолда, ақл кучи ила уммон ортида яна бир қитъа борлигини кўра олган ёки турли ҳисоб-китоблар орқали фазода Урандан сўнг яна бир сайёра борлигини илғаган икки буюк олимнинг ҳиссасидан кам эмаслигини таъкидлаб ўтмоқчиман. Мен тилга олиб ўтган кишилар нигоҳ етмас олислардаги нарсаларни ва ҳодисаларни ақлу тафаккур кучи билан кўра олган эдилар. Тадқиқотларимизни боши берк сўқмоқлардан олдинга олиб чиққан киши – генетиканинг асосчиси Грегор Мендел кашф этган қонуниятлар билан Шарқ шеъриятидаги аруз вазни баҳрларидаги феъл турланишлари орасидаги боғлиқликни мантиқий моделлаштириш орқали кашф этган ва ген ўрамларининг энг мақбул комбинацияларидан бирини топган ҳамкасбимиз профессор Зиёдир. Мен муҳтарам профессордан ўрнидан туришини илтимос қилмоқчиман. Айни дамда, илм ва тафаккурнинг бундай юксаклигига етиб келган шу заковат қаршисида бош эгмоқчиман, сизлардан ҳам бу кишини шарафлашингизни сўрайман.

Профессор даҳонинг бу сўзларидан таъсирланиб ўрнидан қалқди. Даҳо минбарнинг ён тарафига ўтиб, саҳнадан туриб таъзим қилди. Олқишлар ва шовқин тиниб, профессор Зиё ўз ўрнига қайтиб ўтиргач, даҳо минбарга қайтиб, сўзида давом этди:

– Диққатингизни шу масалага қаратмоқчиман: барчамиз ҳозир инсоният келажагини ўзгартириб юборишга қодир улкан ва таҳдидли бир жараён қаршисида турибмиз. Бу жараённинг аҳамияти ва хавфи шунчалар улканки, яқин истиқболда ҳукмронлик янги ирқ қўлига ўтиб, ривожланишнинг мисли кўрилмаган палласига кирамизми ёки одамзот икки ирққа – ҳақиқий ва сунъий инсон деб номланган ирқларга бўлинган ҳолда тараққиётда давом этадими – айтолмаймиз. Бироқ, ҳаяжонланишингизга ҳали эрта. Чунки ақлда ва ҳаёт кечиришда оддий инсонлардан устун бўлиб дунёга келадиган бундай жонзотларнинг фикрлаш мантиғини ҳам олдиндан айтиб бера олмаймиз.

Мен сизга хабарини берганим барҳаёт киши, илму фаннинг бутун тарихи давомида Тангрининг иродасига исён ўлароқ, яъни, у белгилаб берган ҳаёт-мамот ва тақдир чегараларидан жасурона сакраб ўтиб, ҳалокатли барча таъсирларга чидамли ва жароҳатланган аъзосини тезда тузата оладиган, боз устига, ақлу тафаккур жиҳатидан сизу биздан бир неча баравар устун ўлароқ дунёга келди! Бу геномнинг DNA ҳалқаларида австралия калтакесагининг генлари мавжуд, фавқулодда регенерация қобилияти ана шу генлар боисдир.

Бошқа ҳалқада сиз Осиё чўлларида гоҳ-гоҳ пайдо бўлиб турувчи улкан тошбақа генларини кўрасиз, калтакесак генлари билан чатишгани боис улар ҳам ўзларини янгилаш хусусиятига эга – янгиланиб турадиган DNA ҳалқалари бу одамнинг барҳаётлигини таъминловчи асосий омилдир.

Шу ўринда сизларни – кунимиз илму фанининг энг закий ва истеъдодли кишиларини чин юракдан ғалаба билан табриклаш ўрнига, барҳаёт кишининг кутилмаган қарори ҳақида хабардор этишни лозим топдим.

Гап шундаки, барҳаёт одам анжуман бошланишидан бир неча кун аввал тажрибахонамизнинг бетон деворларидан ва қўриқлаш қурилмаларидан бемалол ўтиб озодликка чиқиб кетган, ҳозир Осиё чўлларининг қайсидир қисмида дайдиб юрган бўлса эҳтимол. Хамелеон генлари унга тана тузилишини ва кўринишини ўзгартира олиш хусусиятини ато этган – фазовий қурилмаларнинг кучли камералари уни саҳродан излаб топа олмади, инфрақизил «кўзлар» ҳам кўра олмади. Шу боис уни ҳозир Гоби ҳудудида деб фақат тахмин қила олишимиз мумкин, холос.

Тажриба хонасига кирганлар қалин ва мустаҳкам зирҳли ойнанинг ҳам, тўқсон сантиметр қалинликдаги бетон деворнинг ҳам бус-бутун эканини кўрдилар. Улар шиша идиш ичида сунъий одам қолдирган электрон хатни топдилар, ижозатингиз билан, ҳозир сизга шу мактубни ўқиб эшиттираман.

Мурожаат

«...Мен бу мурожаатимни оламдаги барча тафаккур қилувчи жонзотларга қарата йўлламоқдаман.

Мазкур мурожаатни йўллашдан аввал, ўзимнинг яратилишим ҳақида кўп фикр юритдим.

Бутун бу теваракнинг мукаммал бир низом ва тартиб асосида ҳаракат¬ланишини, набототнинг, сув ости дунёсининг, табиат ҳодисаларининг қатъий ва мукаммал ўлчовларини кўриб-англаб, мулоҳаза қилгач, мазкур силсила аро ўз ўрнимни топишга ҳаракат қилдим.

Ўзимнинг мукаммал эканимни, бутун ер юзи ақл бовар қилмайдиган тарзда менга бўйсунаётганини, табиатда бундай тафаккур қобилиятига эга бошқа бир жонзот йўқ эканини кўрдим.

Бироқ, нақадар мутафаккир эсам-да, Ер юзи ва Коинот ичра ўз аҳамиятимни англаб олишга қийналдим.

Узоқ муддатли ва чуқур мулоҳазаларим сўнгида шуларни айтмоқчиман.

Аввало, ушбу теваракнинг, самоларнинг, табиатнинг ва охир-оқибат фикрловчи инсон наслининг ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолиши эҳтимолдан ғоятда узоқ нарсадир. Бу оламни албатта к и м д и р яратгандир!

Дунё – мислсиз эврилишлар, ўзгаришлар ва огоҳлантиришлар маконидир. Ҳар нарса, ҳар ҳодиса бир огоҳлантириш, бир тимсол бўлиб хитоб қилиб турмоқдадир.

Бунчалар қувватли тартиб берилган ва қатъий қоидалар асосида ҳаракат¬ланаётган табиат бизсиз ҳам мукаммал равишда ўз ҳаётида давом этмоқда, ўзгар¬тиришларимизга ва кашфиётларимизга муҳтожлиги йўқ.

Асрларни тўзғитиб эсаётган вақт шамолида инсон бунёд этган ҳар қандай нарса албатта бузилиб-пайҳон бўлиб кетмоқдадир. Ҳаёт учун қулайлик туғдиради деб ҳисобланган нарсалар табиатнинг мутлақ низомини бузмоқдадир. Атрофдаги ҳар бир нарсанинг низоми ва муроди бўлгани ҳолда, мен ўзимнинг мавжудиятимдан бир мақсад кўрмаётирман. Теваракдаги ҳар нарсанинг ҳосиласи бўлгани ҳолда, мен нима ҳосила беришим кераклигини билмайман!

Бутун бу борлиқларни яратган к и м д и р менинг дунёга келишимни нечун истади, деган саволга ҳам жавоб тополмаяпман!

Ўзимдаги мукаммал қобилиятлар, ғайриоддий хусусиятларнинг барча-барчасини мушоҳада этган ҳолда, уларнинг менга бежиз берилмаганини англасам-да, яратиш ва яратилиш каби улкан жараён ичида нималар қилишим кераклигини англай олмаяпман!

Шу боис, бу маконни аввало Уни излаб топиш ва бутун олам яратилишининг сабабларини Ўзидан сўраш учун тарк этмоқдаман.

Бу маконда бўлишим Унинг мени яратишдан кўзлаган иродасига мос келгани тақдирда, албатта қайтаман. Мос келмагани тақдирда эса, мос келадиган макон ва замон излайман...»

Монитордаги тасвир ўзгаришлари тўхтади.

Ҳамма жим эди – нотиқ ҳам, аҳли анжуман ҳам.

Дунёнинг энг истеъдодли олимлари чуқур ўйга толишган, дунёвий интилишлару ташвишлар унутилган, бу барҳаёт одам излаётган ҳақиқатнинг ҳайбатидан қалблари ларзага тушиб ўтирар эдилар.

Осиё. Ғ-22 «Raptor» Ҳарбий Учоқлари

Айни шу маҳалда Гоби узра занжи даҳонингу анжуман аҳлининг етти ухлаб тушига кирмаган воқеалар содир бўлмоқдайди.

Йиғин бошланишидан бир соат аввал, Гобига туташ мамлакатлардан биридаги муваққат ҳарбий базадан «Ваҳший» деб ном олган бешинчи авлод Ғ-22 Raptor русумли жанговар учоқлар ҳавога кўтарилди. Ҳозир улар саҳрони аниқ катакларга бўлган ҳолда, турли-туман кузатиш қурилмалари орқали ҳар бир қадамни жуда синчковлик билан кузатиб-ўрганиб бормоқда эдилар.

Кўриниши баҳайбат ваҳший қушга ўхшагани учун ҳам уларга шундай ном берилган эди, кичкина қанотларнинг ост қисмидаги саккизта жанговар ракета худди улкан қушнинг чангалига ўхшаб осилиб турар, бурун қисмидаги компьютерли мўлжал тизимининг қуроллари баҳайбат тумшуқни эслатарди.

«Ваҳший»нинг ўз-ўзидан нишонга олувчи ўта синчков қурилмалари саҳродаги ҳар бир жонзотнинг ҳаракатини инсон нигоҳидан юзларча бора сезгирлик билан қайд этар, компьютердаги нишон билан таққослар ва нишон теграсидаги қизил ҳалқа кўк рангга алмашар, яъни қайд этилган нарса хотирадаги қиёфага мос эмаслиги билдирилар, учоқларнинг ҳар бири бир вақтнинг ўзида камида бешта нишонни мана шундай «ушлаб» тура олиш қобилиятига эга эди.

Айни вақтда қандайдир йўллар билан воқеадан хабар топган бошқа ўлкаларнинг ҳарбий машиналари ҳам Гоби ҳудудига кириб келмоқда эдилар. Улар орасида «Қора акула» деб ном олган, қанотларида иккита «ҳаво-ҳаво» ва олтита «ҳаво-ер» типидаги ракеталар осиғлиқ машҳур «Миг» ҳам, «Кфир» ҳам, «Торнадо» ва «Мираж» ҳам бор эди.

Қизиғи шундаки, жанговар машиналарнинг биронтасида танув ишоратлари кўринмас, фазо алоқаси орқали фақатгина ўз раҳбарияти билан алоқа қилар, бошқа ҳар қандай чақирувларга жавоб беришлари тақиқланган эди.

Бу учар ўлим машиналарининг мукаммал қурилмалари ҳаво ҳудудида бир-бирларини аллақачон кўрганларига қарамай, гўё бехабардай учиб бормоқда эдилар.

Уларнинг ҳар бирига саҳродаги номаълум кишини топиш, иложи бўлса тутиб келтириш, иложи бўлмаган тақдирда эса барча қуроллардан фойдаланган ҳолда тамомила йўқ қилишга буйруқ берилган, номаълум кишининг давлат хавфсизлигига таҳдид қилаётгани, жуда хавфли экани айтилган эди, шунингдек, унинг бошқа мамлакатларнинг ҳарбий кучлари қўлига ўтиб кетишининг олдини олиш, мабодо шундай бўлгани тақдирда, номаълум кишини қўлга киритган бегона ҳарбий учоқни ҳам тамомила йўқ қилиш вазифаси юклатилган эди.

Гоби бўйлаб шу маҳал ўттиздан ортиқ ҳарбий ҳаво кемаси турли кенгликларда, бир-биридан турлича узоқликда ва турлича баландликда учиб бормоқда, махфий алоқа каналлари орқали турли тилларда нур тезлигида маълумот алмашилмоқда эди.

«Ваҳший» саҳро ҳудудига кириб боргач, марказ билан боғланди:

– Pharaoh, i am Mahes. («Фиръавн», мен – «Махес».)

– Mahes, i am Pharaoh. Report me about the situation! («Махес», мен – «Фиръавн». Вазиятни маълум қилинг)

– Pharaoh, course is forty five, altitude is thousand miles. («Фиръавн», курс қирқ беш, баландлик минг мил).

– Ok. Continue the fly. («Яхши. Учишда давом этинг»).

Ер юзидан бир неча юз километр баландликда, яқин фазо кенгликларида жим айланаётган ўнлаб сунъий йўлдошларнинг кузатиш қурилмалари ҳам Ердан олинган буйруқ асосида ўз «кўз»ларини Гоби томонга тиккан, илм-фаннинг турли янгиликларини мужассам этган мураккаб техника ҳозир саҳро узра учиб бораётган ҳарбий учоқларнинг йўналишини қайд этиб, маълумотларни Ердаги учишни бошқариш марказига пайдар-пай билдириб бормоқда эди.

Орадан икки соат ўтганига қарамай, кутилган натижага ҳали ҳеч ким эришолмади. Яқинлашаётган офат ҳақидаги хабар учоқларнинг пилотларига ўз вақтида етказилган бўлса-да, булар турли оғир шаротларда жанг қилишга мўлжалланган ҳарбий машиналар бўлгани боис, бўрон ҳеч кимни ташвишлантирмаётган эди.

– Mahes, I am Pharaoh. If target detection inform as soon as possible. Turn on tracking system. («Махес», мен – «Фиръавн». Нишонни кўрган заҳотингиз хабар беринг. Таъқиб тизимини ёқинг).

– Yes, sir. (Хўп бўлади, сэр).

– Report the air speed. (Учоқ тезлигини билдиринг).

– Air speed is two hundred twenty miles. (Учоқ тезлиги соатига икки юз йигирма мил).

– Ok. (Яхши).

– Mahes, the sand storm is approach to you. Angle is sixty six degrees, storm speed is thirty eight miles. («Махес», сизга қум бўрони яқинлашмоқда, олтмиш олти даража, бўрон тезлиги ўттиз саккиз мил).

– I see. (Тушундим...)

Гоби бўйлаб жунбишга келаётган бўроннинг илк учини биринчи бўлиб «Ваҳший»нинг учувчилари пайқадилар. Ғайритабиий сарғиш-қизғимтир булут ердан кўкка ва чапдан ўнгга, кўз етадиган ерга довур энлаган ва бу қум бетиним чирпирак бўлиб айланганча тобора юксалиб бормоқда эди.

– Pharaoh, we see the approaching of sand storm. («Фиръавн», биз қум бўрони яқинлашаётганини кўряпмиз).

– Mahes, please continue the performance of tactical task. And report the information about the storm. («Махес», жанговар вазифани бажаришда давом этинг. Бўрон вазияти ҳақида билдириб туринг).

– Yes, sir… (Хўп бўлади, сэр...)

* * *

«Фиръавн» – аслида, қудратли бир мамлакат ҳарбий разведкаси бошлиғининг махфий исми бўлиб, ҳозир у сунъий йўлдош алоқа марказининг зирҳли ертўласида ўтирар, унинг қаторида яна ўн икки киши турли манбалардан келаётган маълумотларни таққослаш билан банд эдилар.

Гобидаги Инсон такомили маркази тадқиқотлари кўп йиллардан бери шу ҳарбий қисмнинг назоратида ва ҳомийлигида эди. Илм-фаннинг асосий мақсадларидан фарқли ўлароқ, генетика марказига ҳарбий хусусиятга эга, турли таъсирларга чидамли сунъий урчитилган одамларни оммавий равишда кўпайтиришнинг самарали усулларини ишлаб чиқиш вазифаси ҳам қўйилган бўлиб, олтинчи авлод жанговар учоқларида ана шундай жонзотлардан фойдаланиш режалаштирилмоқда эди. Нурланишга чидамли, босим ўзгаришларига ва ҳаво етишмовчилигига парво қилмайдиган, ўз-ўзини фавқулодда тез тиклай оладиган ва энг асосийси – ғайриинсоний бундай мавжудотлар ўлка ҳарбий қудратини мисли кўрилмаган даражада орттириши турган гап эди, шу боис, муваффақиятли етишиб чиққан сунъий одамнинг тажрибахонани осонликча тарк этиши «Фиръавн»¬ни қаттиқ ташвишга қўйди, боз устига, бошқа мамлакатларнинг жанговар учоқлари ҳам танув белгиларини яширган ҳолда мазкур мамлакат ҳудудига кириб келмоқда эдилар, мабодо улардан биронтаси барҳаёт кишини қўлга олса борми, у ҳолда инсонни мукаммаллаштириш йўлидаги барча ютуқлар ва шунга боғлиқ куч-қудрат бошқаларнинг қўлига ўтиб кетиши мумкин эди. Гобига бир эмас, бир нечта ҳарбий машина юборилишининг ва ҳар қандай шароитда ҳам у одамни топишга буйруқ берилишининг сабаби мана шунда эди. Ҳаво ҳудудига бегона жанговар учоқларнинг кириб келиши эса фавқулодда ҳолат бўлиб, мабодо барҳаёт одам бошқаларнинг ихтиёрига ўтиб кетса, у ҳолда бегона учоққа қарата ўт очиш ва йўқ қилишга буйруқ берилган эди. Учоқлар ҳозир «ҳаво-ер» русумидаги ракеталар ва термик бомбалар билан қуролланган, бундан ташқари, етти мингта электромагнит ўқ заҳираси билан катта калибрли пулемётлар ҳам уларнинг тумшуғида таҳдидли осилиб турар, буларнинг бари биттагина эмас, минглаб кишиларнинг кулини кўкка совуришга етадиган бемисл қудратга эга эди.

Аксига олиб, Гоби узра қумнинг жунбиши кутилмоқда, Атлантикадан келган ҳаво оқими тобора шиддатланиб, саҳрода қум бўронларини ҳосил қилмоқда эди. Бу ҳолат жанговар вазифани амалга оширишни оғирлаштирарди, дунёдаги ҳеч бир кузатув қурилмаси ҳали қум бўрони остидаги нишонни кузата олиш қобилиятига эга эмас, бунинг устига, қумлар учоқлар учун ҳам жиддий хавф туғдирарди – «Фиръавн», учоқларнинг бўрон ҳудудига кирмаслигига ва бўрон шиддатлангунига қадар ишини битиришига умид қилаётган эди.

Ҳозир инфрақизил, радар ҳамда нейтрон мониторларида Осиё чўллари узра «Ваҳший»ларнинг шарпалари кўриниб турарди, улар худди бургут мисол шов¬қинсиз ва тез, ўзаро бир хил масофада ва бир хил тезликда учиб борар, улардан тахминан икки юз мил масофадаги бегона ҳарбий учоқлар ҳам шу ҳудуд сари катта тезликда йўналмоқда эдилар.

Boeng 787 Dreamliner. Профессор Зиё.

Лекин бу воқеалардан ҳали ҳеч кимнинг хабари йўқ... профессор Зиёнинг қулоғи остида ҳали-ҳануз мурожаатни ўқиб эшиттирган занжи олимнинг сокин ва бир оз тушкун овози жаранглаб тургандек эди.

Дарҳақиқат, сўнгги технологиялар ва илму фан ютуқлари татбиқ этилиб урчитилган, касалликларга чалинмайдиган, оддий кишилардан кўра узоқ умр кўрадиган, мантиқ ва фикр қуввати ҳам кучлироқ бўлган сунъий урчитилган инсоннинг ана шундай хулосага келиши ғоят кутилмаган ва фавқулодда бир ҳолат эди.

Барҳаёт одам бу ҳаётни рад этиб, Яратганни излаб топишни ихтиёр қилган экан, бошқа томондан, Парвардигори олам истаган тарзда дунёга келган инсонлар келажак сари мутлақо бўлак бир йўлдан илгарилаб бормоқда эдилар. Пул ва бойлик ўйинлари, иқтисодий ва ижтимоий ҳийлалар, маъдан, нефть, газ ва ҳарбий ўйинлар қаторида кишиларни шайтоний ҳудудлар сари тортқиловчи оммавий кўнгилхушликлар, умумий маданият ғоялари, бутун-бутун халқларнинг, миллатларнинг ва юртларнинг ихтиёрига қасд қилишдан то ақл бовар қилмайдиган ғайриинсоний алдамчиликларгача – ҳамма-ҳаммаси инсониятни иблисона келажак ва абадий жаҳаннам сари етаклаб кетмоқда эди.

«... Яна бир қанча вақт ўтгач, дунёда на ватан, на миллат ва на тил тушунчаси қолади, деган башоратлар наҳотки ҳақ бўлса? – деб ўйлади Профессор. – Бу жараён балки аллақачон бошланиб улгургандир? Араб давлатлари ҳам, Европа ҳам бирлашди. Яна қанчадир вақт ўтиб рўй берадиган иқтисодий ва ахборот хуружларидан кейин мамлакатларнинг чегаралари йўқолиб кетса, бошқариш иплари тўғридан-тўғри капитал қўлига ўтса, яъни ер юзини қитъалараро ширкатлар бошқарса-чи? Ҳақиқий глобаллашув ана шунда авж олса, қаерда иқтисод гуллаб-яшнаса, одамлар ўша ерга тўплана бошласа... ва вақт-соати келиб, қадриятлар емирилиб-тамом бўлса-чи?..»

Булар – профессорни ташвишлантирган ҳалокатли тараққиёт йўлининг дебочаси, бор-йўғи бир қисмигина эди, холос.

* * *

...Профессор Зиё тиззасига қўйиб ўтирган кичкина компьютернинг монитори ва учоқ монитори бараварига огоҳлантирувчи овоз чиқарди. Профессор эгилиб, уларнинг бири – учиш хизматининг огоҳлантириши, иккинчиси эса ўғлидан келган хат эканини кўрди.

Учиш хизмати Атлантика уммони устида бўрон бошланганидан хабар берган эди. Орадан ярим соат ўтмай, унинг тезлиги соатига икки юз километрга чиққан ва энига тахминан беш юз километрни энлаган ғоятда кучли ҳаво оқими шиддат билан қуруқлик томонга ҳаракатланмоқдайди.

Профессор Зиё шамолларнинг ҳосил бўлиш сабабларини яхши биларди. Бу аслида Европа, Хитой ва Мўғулистондаги жазирама ёз туфайли рўй берди. Европада қирқ, Хитойда қирқ олти ва Мўғулистонда эллик икки даража ҳарорат икки ҳафтадирки туриб қолган, бу мисли кўрилмаган кўрсаткич эди. Бугун кундузи миллионлаб куб километр қайноқ ҳавонинг Австралия, Хитой ва Атлантика ҳудудларидан Гоби томон силжий бошлагани қайд этилди, табиийки, уммонлар ва ҳатто мамлакатлар устида бўрон ва гирдобларнинг юз бериши кутилаётган, қурбонларнинг олдини олиш учун эҳтиёт чоралари ҳам зудлик билан кўрилаётган эди.

Профессор ўғлининг мактубини очди.

Авлод

«Ассалому алайкум!»

...Бугун онамнинг хокисор ва азиз қадамларининг изи қолган ҳовлимизда эканман, Парвардигори оламга имон келтирган барча кишиларнинг, аввало сизнинг ва онаизоримнинг ҳаққига кўзларимда ёш билан дуо қилгач, ушбу мактубни битмоқдаман.

Ота, сиз аввало – кимлигим ва нималигим ноаён бўлган, бир бурда нонимни на ўзим ея оладиган, на бир қултум сув ича оладиган ҳолимда, йиқилсам тура олмай чириллаб йиғлаганимда, узун кечалару кундузларингизни менга бағишлаб, нимагалигини ўзим ҳам билмай кулганимда қувонгансиз, инжиқлик қилиб йиғлаганимда кўзингизга дунё тор бўлган, ўзингиз емай менга едирган, ичмай менга ичиргансиз, оёққа қўйиб, тарбият бергансиз.

Тангри Таоло фитратимга сиздай муҳтарам зотга таслимият хусусиятини ҳам сингдирибдики, шу кунгача айтганларингизнинг ҳаммасини имконим борича, қўлимдан келганича адо этишга уриниб келдим.

То эсимни таниб, қутлуғ нарсаларнинг нима эканига ақлим етгунига қадар мен учун имоннинг, виждоннинг, инсофу адолатнинг, кучу қудратнинг тимсоли ҳамда қўрғони бўлдингиз. Ҳар сўзингизни, иродангизни ва ҳукмингизни мутлақ адолат деб билдим.

Эсимни танигач эса, зотингиз ҳақида Аллоҳ Таолонинг буйруғидан хабар топдим. Болалигимдан бери эшитадиганим «отангга тик боқма, сўзига сўз қайтарма, қаршисида қўлингни қовуштириб, бошингни эг», деган оддий ҳақиқатларнинг моҳиятини шундагина тушуниб етдим. Қўлимдан келганича хорлик қанотини паст тутдим, айтилганларнинг барини адо этишга уриндим.

...Найлайинки, сизга бир бечора ўғил бўлсам, Тангримнинг бир бечора қулиман. Баҳорда теварак жўшиб, гулу гулзорлар барқ уриб, ўт-ўлан жонланганида... бир ҳукми илоҳий ила тупроқ қаъридаги маъданлар бирданига ҳаракатга келсаю бирлашиб ўт-ўланлару дарахтлар илдизидан юқорига кўтарилса, турли-туман бирикмалар ҳосил қилиб, қон томирларига монанд томирларида оқса, тўпланиб суву шарбат бўлса, ҳаммасининг тагзаминидаги қудратни сезиб-илғаб турсам... осмондаги сокин-оғир булутлар бирданига тузилишларини ўзгартирсалар... турли шамоллар уларни турли томонларга олиб сурсалар... уммонларни самоларда кездириб қўйган бу қудратни кўрганимда ҳар сафар ваҳимага тушаман.

Кенглигига ақл бовар қилмас улкан курраи заминни муаллақ суздириб қўйсаю қайноқ сувларда, дарахт танасининг ғовакларида ва ҳатто тошларнинг ичида ҳам ўзининг қудратига далолат бўлсин ва инсон боласи кўрсин учун жонзотларни яратган бўлса, теваракдаги ҳамма нарса бир иродадан жамланганига далолат қилса ва фақат Ўзининггина бир эканини намоён қилиб, энг кичик заррани ҳам бўлакларга бўлиб ташлаган бўлса... ақлим бу ҳайбат ва қудрат қаршисида қўрқувдан зир-зир титраса... еру кўкларни бир қилиб ўраб, сувлардан қуруқликларни чиқарган, сувлардаю қуруқликларда саноғини ёлғиз ўзигина биладиган тур ва сондаги миллионлаб махлуқларни миллионлаб кўринишда яратиб қўйган ва буларнинг барини одам боласига ватан килиб берган бўлса... шуларни англасаму ўзимнинг ҳақирлигимдан хабардор бўлсам... қандай қўрқмасдан тура олай?

Шу ҳолимча, барча аъзоларимни менга билдирмай тарбият қилиб камолга етказса, вужудимга бир хасталик илашса, ўзим сезмаганим ҳолда вужудимга жойланган ҳимоячиларим у балолардан асраса, боз устига, улар туфайли мен чеккан азият ва сабр учун мукофоту ажр берса, осмонлару ердан ризқимни комил қилиб юборгани ҳолда.... яна бир нарсага шукрлар қиламанки, мендай ожиз бир бандасини Ер юзининг исталган жойида ва ер юзи бино бўлганидан то қиёматга қадар истаган вақтида дунёга келтира олардию аммо, авваламбор, ваҳший қабилалар орасида эмас, динсизу инсофсизлар орасида эмас, мўминлар мамлакати бўлмиш шу юртда, шу тупроқларда бинога келишимни ихтиёр қилди, абадий музликлар ёки саҳрою чўлларни эмас, жаннатмонанд мана шу юртни Ватан қилиб бериб, шу юртда дунёга келишимни истадики, бу ҳам ҳикматсиз эмаслигига ишончим комил.

Ҳикматларининг яна бири шундаки, Парвардигори Олам баъзи инсонларини бошқаларга мукофот қилиб яратган. Баъзиларнинг дунёга келишлари, ҳаётлари бошқалар учун ўнлаб-юзлаб хайрлар келтиради. Сиздай кишини менга ота қилиб танлагани ҳам Тангримнинг менга бир мукофоти, марҳаматидир. Бутун оламга донғи кетган, инсоният тарихининг зулматларида нур таратиб турган улуғ мутафаккирлар ҳаётга келиб яшаб ўтган тупроқда олам юзини кўришимни ирода этганида яна бир ҳикмат, яна бир рамз кўраман.

Не мукофотки, ҳақирлигимга қарамай, мени Ўзи севган, амалларидан Ўзи рози бўладиган халқ орасида бунёд этди. Балки мен Унга шу тилда мақбул сўз айта олишим учун мана шу миллатдан қилиб, шу тупроқда яратгандир?

Улуғ Тангри дунёда ҳеч нарсани қолдирмайди. Ҳатто қиёмат келмасидан туриб ҳам водийу тоғларни, саҳрою қумларни, шаҳару қишлоқларни, маданиятлару тамаддунларни, сайёралару юлдузларни супуриб ташлайди. Энг қаттиқ ва мустаҳкам маъданлардан энг гўзал ва кўркам чечакларгача – ҳаммасини тупроққа қориштиради. Халқлару миллатларни, давлатлару элатларни ҳам тўзонга айлантиради.

Бир куни ҳамма нарса туб-тубидан ўзгаради. Ер ер бўлмай қолади, осмон ҳам, тоғу уммонлар ҳам, набототу ҳайвонот ҳам, қуёш ҳам бўлмайди. Барча маданиятлар, тамаддунлар, инсон боласи эришган барча ютуқлар хас-хашакка айланиб йўқ бўлиб кетади. Ҳақиқатлар ва сирлар пардалари очилади, кўклардан фаришталар тушиб келадилар. У кунда биз бошқача кўринишда, бошқача бир шаклда бўламиз.

Ана шу кунда мен ўз жонажон тупроғимда, ўз жонажон миллатим билан бирга бўлишни орзу қиламан.

Менга юрт шу имонимни ҳимоя қилишим, уни ёт таъсирлардан сақлай олишим, шоядки Тангрим фарзанд ато этса, уни айнан шу руҳда, айнан шу ҳақиқатлар билан тарбиялашим учун керак. Шу жойда Имон билан Ватан деган нарсаларнинг бирлашганини кўраман. Зотан, руҳ танасиз бу дунёда мавжуд бўла олмаганидай, имон ҳам Ватансиз мавжуд бўла олмаслигини кўраман.

Ватаним дея жон таслим қилганлар, «Эй Ватан» дея денгиздай тўлқинланган халқлар, душман тажовузи остида «Ватан» дея қирилиб кетган минглаб инсонлар тақдирида шуларни кўраман: улар бир парча тупроқ учун эмас, бу тупроқларда унган дов-дарахтлару бағридаги маъданлар учун эмас – айнан шу – имонининг ва миллат руҳининг қўрғони бўлгани учун ҳам жон таслим қилганлар, деб ўйлайман...

* * *

Менинг назаримда, бу тупроқлар ўзининг сирларини ҳаммага ҳам очавермайдигандек туюлади.

Жоҳилларнинг кўзига кичкина пастак ҳужралару қум босган шўрхок ҳовлидан бошқа нарса кўринмайди. Шу кичкина ҳужрада шу халқнинг битта боласи ўз тафаккури билан фазони қамраганини тасаввур қилиши маҳол.

Бутун дунё маҳдудлик қоронғилигида экан, чўлу биёбондаги кишиларнинг ақл кучи нима сабабдан бунчалар кучли эканига ҳайратланаман.

Авваллари жангу жадаллар ва шаҳарлар тарихига қизиққан бўлсам, эндиликда улардан ҳам юксакдаги тафаккур тарихи мени ўзига тортмоқда. Дунёвий илму фан тадқиқотларидан бошланиб самовий илмларгача қамраб олган ўша сўқмоқларда давом этмоқчиман.

Менимча, бу айтганим ҳам маънавий бир мамлакатдир. Шундай бир мамлакатки, ҳеч ким у ерга ҳеч қандай қўшин билан кириб келолмайди. Кириб келса ҳам, саратон ҳароратида чўғда бозиллаб турган қумғону пастак лойсувоқ уйдан бошқа нарсани кўрмайди. Чунки, ҳамма ерда кўзга кўринмас Искандар девори бор. Унинг ортидаги фозиллар шаҳри, ундаги нафис мажлислар фақат шу ерда ўсиб-унган, шу маданият булоғидан қонган одамгагина намоён бўлади.

Айтадиларки, бир шам атрофида уч парвона айланиб учмоқда эди. Улар шам алангасининг нима эканини билмоқчи бўлдилар. Биринчиси шам томон учди ва қайтиб келиб деди: «У – жуда ёруғ бир нарса экан!» Иккинчиси янада яқинроқ учиб борди, аланга унинг қанотларини куйдирди, қайтгач айтдики: «У – куйдирувчи бир нарса экан». Учинчиси аланга ичига кириб, оташ ичра ғойиб бўлди. Нимани кўрганидан ва нимани ҳис қилганидан ҳеч кимнинг хабари йўқ. Аслида у, нимани билишни истаган бўлса, ўшанга ета олди!

Бундай билимларга эришувчилар ўзлари эришган билим ҳақида гапира олиш имкониятидан маҳрум бўладилар. Шу боис ҳам билувчи сукут сақлайди.

Мен ана шу учинчи парвонага ҳавас қиламан.

...Теварагимиз рамзларга ва тимсолларга тўладир. Ҳар бир ўт-ўлан ақл қулоғига, сиз назарда тутган тафаккур боис, баланд овоз билан хитоб қилиб турмоқдадир. Тошларнинг ва жамики махлуқларнинг ҳам имон келтириб қичқиришини эшита олиш учун илм ва тафаккур керак.

Инсонлар узоқ умр кўришни истайдилар, лекин бу оламда узоқ умр машаққат ва заҳматдан иборат эканини ҳам яхши биладилар. Дунёда узоқ муддат қолишни истаганлар тобора яқинлашиб келаётган кексалик заҳматларидан қутулиш йўлини тополмайдилар. Топганларида ҳам дунёнинг ўзи бир куни йўқ бўлиб кетишини идрок қилмайдилар.

Ота, абадий дарбадарликка маҳкум бир одам ҳақида айтган ривоятингизни эслайсизми? Мен ҳозир дунёнинг ҳар бир мамлакатида, ҳар бир гўшасида, ҳалол ва имонли кишилар билан бир қаторда, ана шундай дарбадар инсонларни ҳам кўрмоқдаман... Шундай дарбадарликка мубтало бўлмасликнинг йўлларини изламоқдаман. Кун келиб, руҳим самоларга қараб йўл олганида, мукаммалликка эришган зотлар билан бир қаторда бўлишни орзу қиламан.

Такомилга эришганлар нега сукут сақлаган эканлар? Тангрим ўз хоҳишини инсонлар хоҳиши билан бирлаштиришини биламан. У бир қулини меърожга, яъни фазо бўшлиқларига эмас, ундан ҳам юксакка – ўзининг аршига кўтаради. Унга «Дунёда истаганингча қол», дейди, қул эса бор-йўғи олтмиш уч йилгина яшашни афзал кўради. Бирига бутун бойликларини берадики, бойликлар у ўтган ерда ўзидан хабар бериб-нидо қилиб туради, жамики ҳайвоноту қушлар тилини билдиради, ҳодисаларни бўйсундиради... бирини сувда ёки ҳавода ҳаракатлана оладиган қилиб қўяди, бошқаси бир вақтнинг ўзида қирқ жойда ҳозир бўла олади, яна бири қудрат фаришталари билан, яъни зилзила ҳосил қилувчи, бўрон кўтарувчи, тошларни ёрадиган ўсимликларни қулоғидан тортиб чиқарувчи, шамоллар уфурувчи, сайёраларни ва юлдузларни маҳкам ушлаб турувчи бандалари (ёхуд Тангри таолонинг биз билмайдиган ва биздан яширилган бошқа жонзотлари) билан суҳбат қуради, бирига мангулик билан қўшиб ҳеч кимга ато этмаган билимларини беради ҳамда ўзининг пайғамбарларидан бирини у билан учраштирадики, барҳаёт бандасининг борлигидан одамзот фақат шундагина хабар топади...

Буларнинг олдида дунё нима? Тараққиёт нима? Ҳаммаси бирлашганида ҳам оддийгина қум зарраси каби аҳамият касб этармикин?

Ер юзида бундай мукаммалликка эришган неча киши бор эканини билмайман. Лекин, айнан шу йўл орқали – тафаккур ва илм орқали Яссавий ғорига кириб боришни, Ғавсул Ғиёс ким эканлигини билишни, чилтанлар билан суҳбат қуришни истайман. Нақшбандий билан дурадгорлик қилиб, Бухорий суҳбатларида қатнашмоқчиман. Беруний билан кўкка боқиб, ибн Сино қошида хасталиклар билан гаплашмоқчиман. Машраб билан пиёда кезиб, Темур ҳарбларини ўз кўзим билан кўрмоқчиман, Бобурнинг изтиробларини англаб, Тожмаҳалга бош қўймоқчиман.

Бутун шу тарихнинг руҳимда жўш уришини, томиримда қон бўлиб оқишини, юрагимни, ҳужайраларимни ана шу қон тўлдиришини хоҳлайман.

Отажон, бу билимларни эгаллаб, ўша билимлар сари чуқур кетмоқчи эмасман, балки шуларнинг ҳаммасини ўрганиб, яна миллатимга ва ватанимга хизмат қилмоқчиман. Зеро, ўзингиз болалигимдан кулоғимга қуйганингиздай, то ёруғ дунёда эканман, қувончиму армонларимни, бахту саодатимни шу азиз халқиму миллатим билан, кўзимни очганимдан бери амал қилиб келаётганим тутумларию урф одатлари, одобию тарбияси билан битта менга эмас, бутун оламга минглаб дарслар берган мана шу оддий ва самимий кишилар билан баҳам кўриб, уларга хокисорлик билан бош эгмоқчиман, дуоларини олмоқчиман. Муборак зотлар эришган ҳикмат қопқалари халқимнинг дуосию Тангримнинг мустажоби туфайли очилишига аминман.

Чуқур ўйлаб кўрсам, илдизлар деган гапнинг маънисига ақлим етаётгандай. Назаримда дилимнинг илдизлари шу ер ости булоқларига боғлаб қўйилгандай, узилса қурийдигандек.

Сиз имконингиз бўлса ёз ойларида келишингизни айтган эдингиз. Ҳозирча ёзни интиқлик билан кутяпман. Келганингизда фурсат топсангиз, дилимда ўйлаб юрган гапларимни сизга тўкиб солсам... агар хато қилаётган бўлсам, оталик ва мураббийлик марҳаматингиз билан тўғри йўлларни кўрсатсангиз, мабодо ўйларим маъқул бўлса, менга оқ фотиҳа берсангизу дуоингизни олсам, деб интизорман...

Тимсоллар Чархпалаги

Профессор Зиё компьютерни ўчириб, узоқ ўйга толди.

Юраги унга ўғлининг ҳақ эканини, бутун олам илгарилаб бораётган турли-туман йўллар орасида ўғлининг тутган йўли аниқроқ ва ҳақиқатга яқинроқ эканини сездириб турарди.

Кимлардир «инсон боласига бутун ер юзи ватан қилиб берилган, истаган жойида яшасин, истаган жойига борсин», деб айюҳаннос солаётган бўлса, ўғил, инсон боласи ватансиз аҳамият касб этолмаслигини билдирмоқда эди.

Бошқа кимлардир: «қаерда яшаш қулай бўлса ўша ерга бориб яшаш керак», деб даъво қилса, ўғил, тушунчаларнинг ва руҳнинг ўша ер одамлари ичига сингиб йўқ бўлиб кетиши хавфини ҳам англаган эди.

Бироқ, не ажабки, муқаддас тушунчалар ҳам турли-туман бўлакларга бўлиб ташланган эди! Бутун олам мувозанат ичида бўлгандагина ҳамма нарса қадр-қиммат касб этар, мувозанат бузилганида қадр-қимматлар ҳам ўзгариб кетмоқдайди.

Дарҳақиқат, одам боласи дунёга келиб ўсиб-унади, ейди-ичади, айюҳаннос солади, кибру ҳавога, ғурурга кетади, лекин бир куни қарабсизки, бутун дунёни алғов-далғов қиламан деган одам ҳаёт саҳнасидан секингина, мутеъгина бўлиб четга чиқади, супурилади. Бир куни қарасангиз, тўплаган бутун сарватларию мулклари унинг вужудида ўса бошлаган биттагина бегона ҳужайра қаршисида ожиз, ўзи ҳам ўша хасталик чангалида мўлтираб ётган бўлади. Тузалишга ҳеч қандай умид йўқ, дунёнинг тўрт бурчида миллионлаб соғлом кишилар ҳаёт завқини сураётган бир маҳалда бу одам қўрқув ва даҳшат ичра жони ҳалак: мабодо... умр тугаган бўлса-я?

Дафъатан... ҳамма нарса дафъатан рўй беради. Дафъатан кулфат эшик қоқади, дафъатан зилзила рўй беради, дафъатан мусибат мўралайди.... дафъатан жон чиқади...

Лекин ўғил унга, мангуликнинг ҳам бўлаклаб ташланганини билдирмаяптими!

Қадимда Олий ҳақиқатга қўл кўтарган ва қиёматгача ер юзида бесамар дайдишга маҳкум этилган барҳаёт чол ҳақидаги афсонани эслади у.

Йўқ, умрбоқий чол бор-йўғи бир тимсол, холос. Тимсолга айланганидан кейин унинг ҳаётда яшаб-яшамаётганининг ҳам аҳамияти қолмаган. Кўрган кунидан мамнун, аммо дарбадар бўлиб юрган қанча кишилар бор дунёда? Ғоялар ва фикрлар орасида у қирғоқдан бу қирғоққа сурилиб яшаётганлар... ўз қўнимини тополмасдан, бор ҳаёти ҳиссий ва фикрий дарбадарликда ўтаётганлар... севгию ишқ деб дарбадар бўлганлар... истеъдодини йўлга сололмаганлар... ва ҳатто маълум бир мақсадни ўз олдига қўйиб, қатъияту сабот билан олға интилаётган ва шу ҳолида ҳам дарбадарликка маҳкумлар... ёшлар.... қариялар... аёллар.... дарбадарлик дарслари мияларига қуйилаётган беозору беғубор болакайлар, жамалаксоч қизчалар... жаннат илинжида дарбадарликни касб қилиб олган зоҳидлар... тарих бўйлаб сочилиб кетган халқлару элатлар...

Муборак кишига қўл кўтарган осий не сабаб айнан дарбадарликка маҳкум бўлди? Не сабабдан қўли шол, кўзи кўр, тили соқов бўлмади? Не сабабдан унга айнан дарбадарлик қисмати раво кўрилди?

...Дунёда икки умрибоқий банда Тангри хоҳлаганча вақт кезмоқда. Бири – Хизр алайҳиссалом бўлса, иккинчиси – ўша умрзоқ осий. Зоҳиран иккиси ҳам дарбадар. Фақат бири Тангри таоло ирода этган ботиний юмушларни бажармоқда... иккинчиси бесамар дайдир экан, бу бесамарликдан мурод не? Осийлиги туфайли олган жазоси боисгина Тангрига ва пайғамбарига имон келтирган иккинчи умрибоқийнинг ҳикмати, боз устига, унинг одамзот наслидан экани – янада ҳайбатлироқ ҳикмат эмасми?

Ким билсин... шу маҳал балки дунёнинг қаеридадир ўша бечора чол ҳануз бесамар дайдимоқда... ва умрлари боқий бўлмаган, аммо Абу Лаҳабдан минг бора оғирроқ гуноҳларни содир этаётган бошқа кишиларни кўриб, ўз жазосининг бу оламда берилганига ҳамду санолар ўқиётган бўлса не ажаб?

Инсоният тарихи – дарбадарлик тарихи ҳамдир. Борар ерларини йўқотиб, то авлодлар алмашгунига қадар саҳродан чиқа олмай кезган бир қавмдан то қиёматга қадар дунё кезиб қиладиган иши «Ҳеч нарса, ҳеч нарса ва фақат ҳеч нарса» бўлган дайди чол ҳамда у билан тўқнаш келиши башорат берилган Дажжол... буларнинг бари тимсолларга айланиб, халқлар ва миллатларнинг онгига хитоб қилмоқда эди.

Бироқ, маҳшаргача ҳали анча вақт бор. Ҳозирча эса...

...гуруҳ-гуруҳ кишилар ҳануз қўлларида қурол билан тўқнаш келмоқдалар, ҳар икки томон ҳам ватан учун, дин учун, имон учун дея қон тўкмоқда.

...ҳанузгача баъзи инсонлар атрофдаги ҳамма нарсанинг тенги йўқ мўъжиза эканини фикрлаб кўрмасдан... дарёда оқиб келган бир тошдаги, бир қўйнинг юнгидаги, бир товуқнинг тухумидаги тасодифий нақшлар муқаддас ёзувларни эслатгани боисгина гуруҳ-гуруҳ бўлиб имонга кирмоқда ва айнан шу тарзда, гуруҳ-гуруҳ чиқиб кетмоқдалар...

Ҳозир ҳам одамлар зиёратга гоҳ-гоҳ бориб турадиган Бобо Тошбақа мақбарасининг гужумларидан ҳануз сув томчилаб турибди.

Мангу барҳаётлар макони деб ном олган шаҳри Ҳайбар эса, айнан шу мақбара яқинида жойлашган эди, деган тахминлар бор...

Бобо Тошбақа Мақбараси. Ҳижратнинг 190-йили.

...Узорида Аллоҳ калимаси бўлган тошбақанинг пайдо бўлиши хабари бир мўъжиза янглиғ яшин тезлигида тарқалди. Одатда мўъжизалар ва ғайриоддий нарсалар қандайдир улкан бир ҳодисанинг бошланишидан дарак бериб намоён бўлади. Тошбақа ҳам ниманингдир даракчиси экани аён.

Бироқ, ниманинг?

Сомон амирининг аскари тошбақани қирқ кун қидирди, лекин тополмади. Умуман, бу махлуқнинг пайдо бўлиши нақадар ҳайратангиз ва мўъжизакор бўлса, гоҳ кўриниб-кўринмаслиги ҳам шу тарз ҳайратланарли эди.

Миш-мишлар эса урчиб бораверди. Баҳорнинг ўрталарига бориб, Сангинак девори харобалари ёнида бир чўпондан хабар келди. Айтишича, тошбақани узун бўйли, сочлари елкасигача ўсиб тушган, ялангоёқ бир одам етаклаб юрган экан.

Сомон амири шон-шуҳратни яхши кўрадиган одам эди. Бу беозор махлуқнинг саройга олиниши албатта унинг обрўсини оширарди. Дарҳол аскар юборилди, борганлар ҳақиқатан ҳам девор харобалари ёнида ғалати тошбақани топишди, лекин чўпон айтган номаълум кишини учратишмади. Аслида ўша сирли одам ҳақидаги гап-сўзларнинг ўзи шубҳалироқ эди: тошбақадай имилловчи махлуқни ким ҳам етаклаб юрарди?

Мўъжизага атаб махсус бир хона бино қилинди, унинг саҳни мармардан эди, жило берилган мармарлардан ҳовузча ҳам ясаб қўйилган эди. Тошбақа ана шу хонага жойлаштирилди.

Қўшниларга қарши урушларнинг маслаҳатлари, салтанат машваратлари айнан шу жойда ўтказилар, мўъжиза тошбақа эса муқаддас нақшларини кўз-кўз қилганча, асрий сокинлиги ила гўё гап-сўзларга қулоқ солаётгандай, бу ерда қилинган дуоларнинг ижобат бўлишига сабабчидай эди.

Дарҳақиқат, тошбақа дарагини эшитган кишилар бутун теваракдан оқиб кела бошладилар. Араб ёзувини унча-мунча тушунадиганроқлар уни кўриб саросимага тушдилар. Ҳатто кўзларида дув-дув ёш ила фарёд урганлар бўлди. Юзлаб кишилар шу тошбақа туфайли имонга келиб, Аллоҳ таолонинг динига кирдилар. Буларнинг бари амирга хуш ёқар, фароғат бахш этар ва ўзини ҳатто соҳибқирон Искандардай хаёл қилар эди.

Боз устига, ғоятда узоқ умр кўрадиган ва одамни ҳайиқтирадиган қисмат соҳиби бўлмиш бу махлуқ кишида фалсафий хаёлларни ҳам уйғотарди. Чунки у ўзининг қисматини ортмоқлаб юрган кишиларни эслатарди. Ёхуд гуноҳлари елкасига юкланганларнинг тимсоли бўлиши ҳам мумкин – балки қиёмат кунида кимлардир ўз гуноҳларини елкасида худди шу беозор махлуқ сингари ортиб юрар?

Гуноҳларидан ҳам кўра... илмларини дейиш балки тўғрироқ бўлар? Чунки, барча халқларда ва барча замонларда тошбақага донишмандлик рамзи ўлароқ таъриф бериб келинмоқда-ку? Илмларини елкасига ортмоқлаб юрган, аммо у илмлардан самар топмайдиган, ғоят узоқ умр кўрадиган имилловчи бир жонзот...

Шаъбоннинг бошларида тошбақага нимадир бўлди, у овқат емай қўйди. Ўтларнинг турли-туманини олдига солиб кўрдилар, сувини алмаштирдилар. Ҳатто ҳовузга муқаддас булоқ сувидан ҳам қуйдилар – тошбақа қараб қўймади. Ғамгин нигоҳини бир нуқтага тикканча қимир этмай ётаверди.

Унинг ғамгинлигининг, бундай қисмат ила яратилишининг боисини очиқ-равшан қилиб изоҳлаб берадиган биронта кимса топилмади.

Ниҳоят, бу ҳодиса ҳам дунёдаги барча ҳодисалар сингари якун топди – бир кун тонгда машваратхонага кирганлар табиат қонунларига зид ўлароқ пайдо бўлган тошбақанинг жон таслим қилганини кўрдилар. Одамлар уни кўмишга келганида иккилана-иккилана, ҳурмат-эҳтиромини жойига келтириб, бир тепалик устига кўмиб, устига туғ қадаб қўйдилар.

Йиллар ўтиб, тошбақа ҳақиқатини биладиган авлод дунёдан ўтиб кетди. Кейинги авлод эса фақатгина ривоятлардан эшитиб катта бўлди. Тошбақа кўмилган ердан бир дарахт ўсиб чиқди, гужумга ўхшагани билан унинг баргларидан сув томчилаб турарди, лекин бу сув аччиқ ҳамда тахир бўлгани боис лаб ҳўллашга ҳам ярамади.

Сувсиз, қурғоқчил бир ердан дарахт ўсиб чиққани бежиз эмас, шу боис кишилар у ерга бориб ҳожатларини сўрай бошладилар, гужум шохларига турли латталарни боғладилар. Ишонувчан кимдир эса тошларни қалаштириб бир дахма қурди, ўзи эса у ернинг шайхи бўлиб олди. Кейинги йилларда у ер Бобо Тошбақа мақбараси деб аталадиган бўлди, тошбақапарастлар кўпайди.

Авомнинг, айниқса ҳарбу зарбларда умрини ўтказган кўчманчи кишиларнинг эътиқодларини тушуниш қийин эмас – уларнинг бу эътиқодининг замирида ҳам Аллоҳга ўзига хос муҳаббат яшириндир. Теградаги мўъжизалар кишининг ақлу шуурига хитоб қила бошлаши учун муайян бир билим ҳамда даража лозим. Авом кундалик ҳодисаларни туғилганидан буён кўра-кўра кўникиб кетгани учун ҳам, ғайриодатий ҳолатгина унинг онгига қаттиқ таъсир қилади. Теградаги ҳар бир нарса «мана-ман»деб қичқириб турса-да, кишилар бу нидоларни эшитмайдилар, аммо қалблари ғайриодатий нарсадан дарҳол қўрқувга тушади. Ғайриодатий ҳолат бир нарсанинг даракчиси эканини сезади кишининг қалби.

Одамлар у ерга келиб, чироқ ёқадиган ва ҳожатларини сўрайдиган бўлдилар.

...Бобо Тошбақа мақбараси Марв яқинида деган тахминлар бор. Айнан шу атрофда Сомон шаҳрининг қолдиқларининг топилиши ҳам буни исботламоқда эди. Сомон шаҳри эса араблар Шаҳри Ҳайбар деб ном берган, одам боласининг кўзидан яширинган саодат шаҳри ёнида экани тарихдан маълум.

Шаҳри Ҳайбар

Поёнсиз сариқ қумлар аро шамол тентирайди. Тўзғитади, айлантириб-сочиб ўйнайди, шўхлик қилади.

Баҳорда бу ҳадсиз саҳрода ёмғирлар ёғади, қумлар жўшиб-жонланади, ранго-ранг майсалар гиламдай бўлиб, эпкинларда тўлқинланади.

Саратоннинг қизғиш, яллиғланувчи жазирама осмонида гоҳ-гоҳ жонзотларни умидлантириб, оқ ва кулранг булутлар адашиб келиб қолади. Қум аро униб чиққану ипдай ҳолида сарғайиб-қувраган гиёҳлар олов эпкинида ҳилпиллайди.

Беш йилдирки, бу саҳро барханлари аро бир тадқиқотчи афсонавий мангулик шаҳрини излаб кун ўтказади.

Юзларча чақирим шарқда қозоқ чўпонларининг ўтовлари бор. У ерга эски-туски аробалардан ташқари, ҳафтада бир кўчма дўкон ҳам келиб туради. Кўчма дўкон тадқиқотчининг ҳомийларидан егулик, сув, ширин ҳидли қоғоз сочиқларгача олиб келади, кучли «Тойота Лэндкрузер» ҳафтада бир қозоқ ўтовига бориб-келиб туради. Чодирда қуёш ҳарорати билан ишлайдиган митти электр генератори, сунъий йўлдош антеннаси ва кичкина ноутбуккача – ҳамма нарса ҳозиру нозир.

Дунёда иккита яширин шаҳар бор. Бири – тахминан Бобил ҳудудларида кўкларга кўтарилган Боғи Эрам бўлса, иккинчиси – Осиё чўлларида инсон боласи кўзидан ниҳон Ҳайбар шаҳри...

Ҳар икки шаҳар ҳам инсонлар кўзига ўқтин-ўқтин кўриниб туради. Баъзан бир неча дақиқа, баъзан бир неча соатга аниқ-ойдин кўринади. Эрам боғлари аслида афсонавий Ҳефсимания осма кўшкларидир деган даъволар, ер юзида жаннат муқобилини бино қилишга уринилгани учун ҳам осмону фалакка олиб чиқиб кетилган ёхуд қай бир сиру синоат ила инсонлар кўзидан яширилган, деганга ўхшаш фикрлар бир неча юз йилки, олимларни ва қизиқувчиларни саҳроларда бесамар кезишга ундайди.

Умрибоқий ва масъуд одамлар макони бўлмиш абадият шаҳри – Ҳайбар ҳақида эса тадқиқотчилар ихтиёрида жуда оз манба бор. Бу манбалардан бирида унга «Искандар девори ортидаги шаҳар» деб таъриф берилган. Бошқасида эса фозиллар шаҳри деб номланган. Яна, андалусиялик бир ўрта аср сайёҳининг қисқа таассуротлари. Бор-йўғи шу, холос.

...Бу шаҳар чинларнинг хангзу (чангзу) қабиласининг босқини пайтида ғойиб бўлган, деган тахмин бор. Бироқ, у маҳаллар шаҳарнинг номи бошқа бўлган, Ҳайбар исмини унга араблар берганлар. Аллоҳ таоло юборган ҳақ дин ғалабасининг тимсоли бўлмиш бу шаҳар номини истило қилинган бошқа ўлкадаги бошқа бир шаҳарга беришга ва иккинчи, сохта Ҳайбарни бунёд қилишга ундаган нарса, балки ўша ғалаба уйғотган фахру сурурдир? Билиш қийин... Лекин, милоддан бир неча аср аввал бу тупроқларга бошқа душман – хангзулар ҳужум қилгани ҳам ҳақиқат. Икки маданият тўқнаш келгани он, аслида инсониятга улуғ мутафаккирларни етиштириб берган бу қабилаларнинг ваҳшати қадим элатлар учун қўрқинч бўлиб туюлгани бор гап. Узун ўрилган сочларини ҳилпиратиб, қийқира-қийқира келаётган хангзунинг қиёфаси, яъжуж-маъжуж келаётир, деган хаёлга етаклаши табиий. Бироқ, яъжужлар ва кейингилар – араб ривоятлари, ҳақиқий ривоятлар эса уларнинг соясида қолиб кетган.

У – фаровон, обод, адолат шаҳри бўлган. Халқ, хангзу тимсолида бостириб келаётган жаҳолат қаршисида не қиларини билмай довдираб қолган маҳал. Ҳали-ҳозир улар шаҳарга ёпириладилар. Ҳатто отларининг туёқлари остидан кўтарилган чангу тўзон ҳам кўрина бошлади.

Ўша маҳал биёбон ичидан икки киши чиқиб келади. Бири узун бўйли, сочлари елкасигача ўсган, ялангоёқ, иккинчиси эса нуроний бир чол эди. Ялангоёқ одам шаҳарнинг кунчиқиш томонидан келади, тепалик устига чиқиб ҳеч нарса қилмасдан ўтиради. Чол кунботиш томонидан келади, шаҳарнинг энг баланд мақбараси устига чиқади, Кўк Тангрисига ҳамду санолар айтади. Шу қадар узоқ ибодат қиладики, тиззалари шилинади. Қўллари қотиб қолади.

Шундан сўнг нима юз берганини ҳеч ким билмайди. Шаҳардагилар ҳеч нарсани сезмайдилар. Мана ҳозир етиб келиб деворларни ва дарвозаларни бузиши, ҳайқира-ҳайқира эркакларни ва кексаларни ўлдириб, болаларни ва аёлларни асир олиши кутилган аскардан дарак бўлмайди. Ҳатто чанг-тўзон ҳам кўздан ғойиб бўлади.

...Хангзу лашкарбошиси Ҳайбарни етти кун излайди. Еттинчи куни у кунботар томонда намоён бўлади. Мўрилардан осмонга кўтарилаётган тутун, ёнбағирларда ўтлаб юрган қўй-қўзиларгача аниқ кўринади.

Лашкар тун бўйи йўл босади. Субҳ юз кўрсатганида уфқда ҳеч қанақа шаҳар қиёфаси кўринмас эди. Хангзулар ҳангу манг бўлиб қоладилар. Сўнгра эса, «бу кўрганларимиз сароб», деб ортга қайтадилар. Саробий шаҳар ҳақидаги ҳикоялар хангзу сулоласи солномаларидан ўрин олади ва бизгача етиб келади.

...Кўҳна Шарқ ҳар доимо сиру синоатларга тўла бўлиб келган, лекин ўз сирларини ҳаммага ҳам очавермайди, деган ҳақиқат бутун дунёга ўрнашиб қолган. «Шарқ сирлари» деган иборанинг ўзиёқ кишиларни андак чўчитса, андак саросимага солади, ҳайиқтиради, қизиқтиради ва беихтиёр жиддий тортишга ундайди. Ҳазрат Сулаймон тилсимларининг Шарқда экани, ифритлару гапирувчи қум-тошлар, кўздан ниҳон шаҳарлару қишлоқлар, абадий лашкарлар, тушунарсиз, аммо гўзал нақшлар... ўрта асрлардаги маҳдудлик ва жоҳиллик ботқоғида уйғонолмай инграган Европа учун халоскор хаёлотдай туюлиши турган гап.

Шу боис ҳам ушбу сатрлардан айнан сирлар ва тилсимлар руҳи уфуриб туради.

Сайёҳ бу мавзуни чуқур ўрганган эди. Токи Чин ҳоқонлари сулолаларининг Осиёга босқинидан тортиб араб истилоси давридаги илмий ва шеърий манбаларгача шоён қизиқиш билан ўқиб, манбалардаги маълумотларни бир жойга тўплагач, осмони ял-ял ёнадиган, қора узумларини оқиш тўзон пардаси қоплайдиган бу сирли юртдаги афсона ва ривоятларни ҳам ўрганишга аҳд қилди. Беш йил давомида у қадимий Сомон шаҳрининг харобаларининг ўрнини топишга муяссар бўлди, Кушон подшоҳлиги даврида учрамаган ривоятларнинг айнан араблар истилосидан кейинги даврда кўпайганига эътибор қаратди, турли чўл хаёлотлари, марвлик Ҳаким ёхуд ниқоб тутган бўёқчи ҳақидаги тахминларни ҳам ўрганди.

...Инсонлар кўзидан ниҳон бу шаҳар ўз сирларини очавермагач, тоқати тоқ бўлган сайёҳ энг баланд тепага чиқади ва муножот қилади. «Мен у фазилатлар шаҳрига умримнинг беш йилини бердим», дейди у. «Беш йил давомида шу биёбонда кун кечирдим. Шамолларнинг овозига қулоқ тутдим, қора совуқлардану баҳорий ифорлардан дарагини сўрадим, қумлар аро беш йил дарбадар кездим, бироқ бари зое кетди. Эй, муножоти билан Тангри марҳаматига сазовор бўлган зот! Мен бир мажусийман, сенинг кимлигингни, исму зотингни билмайман. Бироқ, модомики Тангри Таоло мендай бир гуноҳкор бандасининг илтижосини қабул этмас экан, Унинг ҳузурида юксакроқ даражага эришган сенинг дуоингни қабул айлар? Яширин у шаҳарни дуоинг боис бир кўрай, фақатгина бир бора кўрсам бас!!!»

Ажабо, бу илтижолардан руҳи енгиллашган сайёҳ шу куни хотиржам ва енгил ором уйқусига чўмади, уйқу аро эса кимдир уни уйғотади. Кўзини очганида уфқдан қуёш ял-ял ёниб чиқиб келмоқда эди. Қуёшнинг яллиғлари аро у қўл узатса етгулик масофада шаҳри абадияни кўради.

Шаҳар шу қадар очиқ-ойдин намоён бўлган эдики, ўйноқи чўл шамолининг енгил эпкинида деворидан шувиллаб тўкилган тупроққача аниқ кўринарди. Улкан, баланд дарвозаси қалин деворлар орасига мустаҳкам қилиб ўрнатилган эди. Сайёҳ бу зуҳуротдан саросимага тушиб қолади, ўзига келгач, саодат деворлари ортида яшаётган хуррам кишиларни кўриш ҳаяжонида, шоша-пиша дарвоза томонга югуради...

...Сайёҳ ўз юртига қайтгач, Осиёда кўрган-билганлари ҳақида «Менинг шаҳри Ҳайбарим» деган хотира китобини ёзади.

«Тушлар, фоллар ва қуръалар эртанги куннинг қанотларида муаллақ турувчи нарсалардир, – дейди у. – Бу муаллақлар йўйилган томонига қараб ўзгариш хусусиятига эгадирлар. Абадият шаҳри ҳам ана шундай хусусиятли шаҳардир. У ерга ким қайси ниятда борса, ўша ниятига кўра зуҳур этади. Менинг ниятим у ердаги боқийликнинг сабабларини ўрганиш эмас эди... у ерда яшаш ва камолот даражаларига эришиш ҳам эмас эди... топсам бас эди... айнан айтганимдай, уни топиш менга насиб этди, бироқ, топганларим саҳронинг сариқ қуми каби бармоқларим орасидан шувиллаб тўкилди... топганим билан топмаганим орасида фарқ қолмади... Лекин, бу воқеа менинг сокин ҳаётимни остин-устин қилиб юборди, барча билганларим ва тасаввурларим тамомила ўзгариб кетди, ҳаётимга тимсоллар ва ишоратларнинг гирдоблари бўрон янглиғ уфурилиб кириб келди...»

«Менинг Шаҳри Ҳайбарим» Китобининг Сўнгги Бобидан Парча

«...Ҳа, бу воқеа менинг сокин ҳаётимни остин-устин қилиб юборди, барча билганларим ва тасаввурларим тамомила ўзгариб кетди, ҳаётимга тимсоллар ва ишоратларнинг гирдоблари бўрон янглиғ уфурилиб кириб келди... чунки мен азалдан орзу қилган нарсаларимнинг пуч эканини ва аҳамият бермаганим нарсаларнинг ғоятда қадрли эканини айнан шу – абадий саодат шаҳрига кирганимда англаб етдим.

...Шаҳарнинг кўчаларига қора мармар ётқизилган, йўлаклар устини қалин чанг ва қуриб, тақирга айланган лой қатлами қоплаган эди. Бу, балки ёмғирларнинг ишимикин? Қалин чанг устига ёққан ёмғир лой ҳосил қилгану устига яна чанг ўтирган, шу тариқа қуруқ қатлам юзага келган... Лекин деворларни ҳам ғуборми, чангми қоплаб олган. Ҳеч қаерда одам шарпаси кўринмас эди.

Бу шаҳарда бинолар қалаштирилиб, бир-бирининг устига мингаштирилиб қурилган эди. Бизлар кўниккан меъморий гўзаллик деган нарсадан асар ҳам йўқ, кичкина эшикчалар ҳайҳотдай биноларнинг ост қисмида қинғир-қийшиқ бўлиб кўзга ташланар, кичкина кулбачаларнинг деворларида эса улкан ва қийшиқ дарчалар бор эди. Мен кўчаларни кўриб ҳам ҳайратга тушдим, бу шаҳарчадаги биронта кўча, биронта бино мулоҳаза билан қурилмабди. Ғаройиблик ақлни шоширарди, мангу барҳаёт инсонлар яшайдиган шоду хуррамлик шаҳрининг бундай бўлиши ақлга сиғмасди.

Кўчалар бўйлаб ўтиб борарканман, оддий кишилик ҳаётининг биронта нишонасини кўрмадим. На болаларнинг шодон қичқиришлари, на кулгилар, на мусиқа... Наинки овоз, одам шарпасининг ўзи кўринмасди. Гўё мангу одамлар бу шаҳарни ташлаб қайларгадир чиқиб кетишганга ўхшарди. Балки ер остида қасрлар қуришган ва ўша ерда яшашаётгандир? Бироқ ер усти турганида, ер остида яшашнинг не маъниси бор? Дарахтларнинг япроқлари оз эди, баъзиларининг шохларига гала-гала қоп-қора чумчуқлар қўниб олишган бўлиб, улар на овоз чиқарар, на дон-дун терар, фақат синчиклаб боқишганча, мени жимгина кузатишар эди.

Ҳаммаёқда ёввойи ўтлар ўсиб ётарди, ажабо, булар ҳам мангу ўтлармикин, деган хаёлга бордим ва бирининг япроғини юлқаб олдим, сал ўтмай япроқ сўлигач, нимагадир енгил тортиб, яна олға илгариладим.

Шаҳар охирига яқинлашгунимга қадар ярим соатча вақт ўтди. Нимадир содир бўлишини ақлим сезиб-пайқаб турарди. Бир ерда ярим айлана шаклида ерга ботган кўҳна арк кўрдим, энгашиб қарасам, қоп-қора сув ялтираб оқмоқда эди, сув лабида баҳайбат тошбақа ҳам бор эди, унинг кўзи кўр бўлиб, узоридаги нақшлари муқаддас ёзувларни эслатарди...

Шаҳар тугаганида эса, катта ялангликда бир тўда одамлар кўринди!

Булар қаровсиз алфозда, жим ўтирар эдилар. Баъзилари ерга аллақандай шакл¬лар чизардилар, шаклларнинг маъноси йўқ эди. Болалар, қариялар бор эди уларнинг орасида. Кийимлари титилиб-эскириб кетган, тирноқлари, сочлари ўсган эди. Баъзилари ердан потраб бўй чўзган барги кичкина ўсимликларни эриниб чайнардилар. Назаримда, уларни ҳам шаҳарни қоплаган каби чанг қоплаган, сўниқ ва рангсиз эдилар.

«Кимлар булар?» – деган ўй хаёлимга урилди дафъатан. Мангулик шаҳрида бундай афтода кишиларнинг учраши ақлимга сиғмаётган эди. Оёғи остида ўтирган болачага онаси қарамасди, ажабки, бола ҳам сўник, жим ўтирарди.

Яқинлашганимда уларнинг баъзилари бошларини буриб қарадилар... боқишларида ҳеч нима акс этмади... нигоҳларида ҳеч бир ифода йўқ... бўм-бўш эди.

«Барҳаётларми булар?!»

Ҳа, булар – бутун инсоният яралганидан бери орзу қилгани масъудликка эришган барҳаётлар эдилар! Тўп-тўп бўлиб, ҳеч нарса қилмасдан, совуқлару жазирамаларда, ёмғиру қорларда масъудлик онини – ўлим саодатини шу тариқа жим... қўрқитувчи итоаткорлик билан... хомуш... кутмоқда эдилар.

Сал ўтмай сезганим – улар қуёшни кузатар эдилар. Қуёш ботганида, ойга қараб ўтирардилар. Оёқ остларида ҳаёт жонланмоқда ва хароб бўлмоқда, теварак туғилиб-ўлмоқда... лекин бу кишилар зериктирувчи боқийликка дучор бўлган эдилар.

На тил қолган эди. На миллат... на маданият...

Юрагимни даҳшат босиб келди, бу даҳшат ҳаётий эмас, совуқ ва хўмрайган, сассиз эди. Мангуликнинг совуқ даҳшатими бу? Балки умрибоқийлар менга – ҳаёт одамига илтижо билан боққандирлару кўзлари ҳеч нарсани ифода этмай қўйганини билмаслар? Мангулик ичра гапиришни, фикрларини ва ҳиссиётларини ифода этишни унутгандирлар? Балки мангулик қаршисида фикрларнинг ҳам, ҳиссиётларнинг ҳам аҳамияти қолмагандир? Шаҳарнинг сўниқ кўчаларидан ортга қараб чопганим эсимда... қопқадан отилиб чиққаним ҳам эсимда... ҳаёт уфуриб турган қумлар кўзимга жуда азиз кўрингани, ич-ичимдан тошиб келган қувонч ва шукроналик билан тиз чўкканим эсимда... ўша пайтда ҳароратли ва қадрдон бўлган «қуёш аллақачон ботиб бўлган, шафақлари ҳам кўздан йўқолмоқдайди...»

Хотираларнинг асосий қисмини сайёҳ бундан етти юз йил муқаддам Луврда юз берган воқеа билан якунлайди, у воқеа ҳам айнан шу сўзлар билан бошланади.

Лувр. Милодий 1312-йил. «Мангу Дарбадарнинг Қайтиши» Пьесаси Премьераси

...Қуёш аллақачон ботиб бўлган, сўнгги шафақлари кўздан йўқолмоқдайди.

Бир соат аввал бошланган шов-шувли пьеса премьераси поёнига етиб қолган эди.

Луврнинг казо-казолари, боёнлари, банкирлари ва машҳур кишилари ўтирган ложада зерикиш ҳукм сурмоқда эди. Хокисорлик ва поклик тимсоли бўлмиш муборак зотга қўл кўтарган одам ҳақидаги пьеса урф бўлганига қарамасдан, ҳаётдан узоқ, ғайриодатий мавзуда бўлгани учун ҳам, қай бир сўлим гўшада мусиқа эшитиб роҳатланиш уларга афзалдай туюлмоқдайди.

Пьеса муаллифи, астролог Гвидо Бонатти боёнлар ложасида май ичиб ўтирарди. Ҳаётининг кейинги йилларида у майхўрликка берилиб кетди, эрталаб ҳам, тушда ҳам, ҳатто қирол базмларида ҳам сархуш бўлиб юрар, бугун эса пьеса бошланмасиданоқ анча-мунча отиб олган эди.

Мана, чироқлар ўчди. Биттагина хира нур толаси қолди.

Саҳнага узун бўйли, сочлари елкасига тушган бир одам чиқиб келди.

Бонатти уни таниёлмади, лекин энсаси қотиб, «пьесадаги қаҳрамон аслида қариб-қартайган, аянчли бир чол бўлиши керак эди... ўрнига нечун бу бақувват актёр чиқиб келди?» – деб ўйлади норози бўлиб.

Мангу дайди ролида чиқиб келган нотаниш бу одамнинг овози ҳам фавқулодда ўткир ва ҳаётий эди.

«...Мен Парвардигоримнинг имонли бир бандасиман! – деб ўз монологини бошлади у. – Унинг абадий барҳаётлигига ва бемисл куч-қудрат эгаси эканлигига, вужудимга кирган зарра тикан бадалига ақл бовар қилмас мукофотларни ато этадиган ва ҳамма нарсани ўраб-чулғаб олувчи ҳикматларгача бино қиладиган муборак зот эканига ҳеч қачон шак келтирмаганман... Аммо сиз мени, Азозилдан ҳам малъунроқсан, деб маломат қилдингиз!»

Залда жонланиш сезилди.

«Сиз Тангримнинг, ўзи яратган барча неъматларига яна бир чалғитувчи нарсани ўраб қўйганини кўрмаяпсизми? Нарсалару ҳодисаларни, сабабларнию натижаларни, шубҳалару ҳақиқатларни бир-бирига чирмаштириб ташлаганини кўрмаяпсизми? Ҳамма нарсаси ғорат бўлиб кетадиган бу дунёга вужуди фоний, аммо руҳи боқий инсонни юбориши билан абадиятни ҳам ўраб олганини, Унинг абадиятдан-да юксак эканинию ҳатто мангулик ҳам унинг махлуқи эканини кўрмаяпсизми?

Энг чиройли лаззатлар остига чиркинликни яширганини, беўхшов нарсаларнинг бағрида ажойиботларини сақлаганини кўрмаяпсизми? Ҳар нарсага етган ақлингиз буларга келганда оқсаб қолдию мени бадбахтликда айблаб, Азозилга тенг қўйдингизми? Аслида мен – қиёматда олиши керак бўлган жазосининг бир қисмини шу дунёда олганлардан биттасиман, холос.

Сиз саҳро ва чўлларда гуноҳларини елкасига ортиб олганларнинг тимсоли монанд бир махлуқни кўрмадингизми? Рўзи маҳшар кунида унинг қай кўринишда бино бўлишининг хабарини қайдан билақолдингизки, шу аҳволингизда масхаралаб, мени ҳам, уни ҳам ўзингиздан паст кўрмоқдасиз?

Уммон бағрида яшовчи яна бир махлуқни кўрмадингизми? Уларнинг юзтасини ёрсангиз ҳам ичи бўм-бўш чиқади, бироқ баъзиларининг ичидан сиз мақтаниб-гердаядиганингиз марварид донасини топасиз! У махлуқлар шундай кўринишда ҳамда бундай феълу атворда беҳудага яратилди, деб ўйлайсизми?

Бу дунёни маълум вақтга қадар кезиб юришга маҳкум эканим сизни адаштирдию оламнинг бир куни чанг-тўзонга айланиб кетишини билатуриб, менга мангу деб ном беряпсизми? Иблис сизга турли найранглар кўрсатиб, турли нарсаларни кўзингиз олдида ранго-ранг жилвалантириб ҳийлалар қилади. Мен юзлаб йиллардирки, юрган йўлимда Парвардигоримга илтижо қилиб гуноҳимни кечиришини сўраб ёлвораман, юлдузлар учган кечаларда, қаҳратоннинг совуқларида, шамол ва бўронларда тавба-тазарру қиламан. Шу ҳолимча, бутун туриш-турмушим билан Унинг олий ҳукмининг ва ҳақиқатининг бир тимсолиман. Тангрим ўзининг мутлақ адолати билан кимларнидир бутун инсониятга яхшилик ва тўғрилик рамзи қилиб қўйган бўлса, мен Олий Ҳақиқатга қўл кўтарганларнинг рамзиман. Агар Ўзи истаса, мени ўша уммон махлуқининг ичидаги фикрловчи қум зарраси ёхуд гуноҳларини ортиб юрувчи махлуқнинг елкасидаги мутафаккир тош шаклида яратиб қўя олмасмиди?

Сиз Тангри таолонинг қудрати ва илми нима эканини қайдан билақол¬дингизки, барча нарсани ўраб-чирмаб, бошқа бир нарсанинг ичига тиқиб ташлашидан ёки истаса, бутун шу кўклару самоларни сиқиб-ғижимлаб, майда қум шаклига келтириб қўя олишидан чўчимадингиз? Бир қурт келиб, кўз ўнгингизда кафанга киряпти, ҳамда вақти келганида кафанидан капалакка айланиб қандай учиб чиқишини сизга кўрсатиб-намоён қиляпти-ку! Ер бағридан олов отилиб чиқиб, атрофини эриган маъданга тўлдириб оқиб турипти-ку?

Сиз Тангри таолонинг жазоси нима эканини қайдан билақолдингиз? Оловда ёниш деган нарсани фақатгина ўзингиз таом пишириб-исинадиган олов деб ўйладингизу У сизнинг гуноҳларингизни тўксин деб яратгани касалликларнинг бири боис иситма хуруж қилганида, сиз билган оловдан кўра фарқли табиатга эга бошқа бир олов ич-ичингизни ёндираётганига шоҳид бўлатуриб шундай деяпсизми?

Сиз Тангри таолонинг лаънати нима эканини қайдан билақолдингизки, тоғлару сувларни, самолару ер остини зир-зир титратадиган бу сўзни менга қўлладингиз? Айшу сафо ичида, май хилватларида, Тангрим яратган сўлим боғларда сархуш бўлиб ағанаб ётган ҳолингизда, қайга бош урарини билмай юрган, аммо сиздан кўра кўпроқ нарсани биладиган бир бечорани бундай дейишга қандай ҳаддингиз сиғди? Тилингиз қандай айланди? Дилингиз қандай қабул қилди?

Мен Парваригоримдан, сиздангина паноҳ беришини сўрашдан бошқа сўз демайман. У қисматимга шуни битибдими, истасам ҳам, истамасам ҳам – албатта шундай бўлади!..»

Саҳна тамомила қоронғилик қаърига чўмди ва зулмат орасидан гулдурос қарсаклар янгради.

Қулай курсиларда ястаниб ўтирган боёнларга бу гаплар ёқиб тушган эди.

– Ажойиб! Ажойиб! – деб қичқирарди оломон.

... – Лекин бу гаплар пьесада йўқ-ку? – деди ҳангу манг бўлиб Гвидо Бонатти, ютоқиб май ҳўплаб, томоғидаги қуруқшашни босиб олгач. – Ё Парвардигор! Бундай сўзларни ким қўшди пьесага?

– Сархуш бўлиб қолибсиз, Гвидо, – деб кулимсиради ёш бир боён, у тилла занжир тақиб олган, ёнидаги соҳибжамол эса тилладан ҳам товланувчанроқ ва башангроқ эди. – Лекин ажойиб сўзлар, бунинг учун яна битта қадаҳ кўтарсак арзийди!

Бонатти, қалбидаги безовталикни май билан босиш ўрнига, анави номаълум актёрнинг ортидан тезроқ бориб-тўхтатиб, бу сўзларни қайдан олганини сўрагиси келди, бироқ нимагадир фикридан қайтди, бирданига унга пьеса ҳам, актёр ҳам бемаъни бўлиб туюлди, шашт билан суроҳийни олди-да:

– Ҳа, жин урсин, ҳардамхаёл бўлиб қоляпман шекилли, – деди ғўлдираб. – Қуяқолинг, азизим Ротшилд!

– Мен Ротшилдлардан эмасман, – деб эътироз билдирди боён, шунда Бонатти унинг ҳечам француз яҳудийларидан эмаслигини, балки норвег ёхуд швед эканини кўрди, ёнидаги соҳибжамол ҳам аллақайга ғойиб бўлган, ўрнида бақалоқ бир одам ўтирарди.

Гвидо суроҳийни бир кўтаришда бўшатди.

– Қорахаёл.... қорахаёл... – деб ғўлдиради у ва яна бир марта «Жин урсин!» деб хитоб қилди, бироқ унинг бу қичқириши бўғзидан тушунарсиз ғўлдираш бўлиб чиқди, оромкурсининг ёғоч тахтасига бош қўйганида парқу ёстиқдан ҳам юмшоқ туюлди, у тамомила мастлик уйқусига чўмди... мастлик уйқуси аро эса буржларнинг ғаройиб бир тарзда учбурчак ҳосил қилганини кўрди, етти юлдуз бир ерда ғуж бўлиб олган, саккизинчи юлдузни ер эдилар... «юлдуз юлдузни ҳам ер эканми», деб ҳайрон бўлди у уйқу аро, ҳамда етти юлдузнинг тўпланиши фалокатдан, зилзиладан ёхуд бўрон яқинлашишидан дарак экани эсига келди... унинг ақли шу ерда саҳна чироғи каби ўчди ва ўзи ҳам мастлик зулматига тамомила шўнғиб кетди... саҳнадаги нур толаси... номаълум одам... яқинлашаётган бўрон...

УЧИНЧИ ҚИСМ

Boeng Dreamliner. Бўрондан Ярим Соат Аввал.

Бўрон яқинлашмоқда эди.

Учоқ монитори яна огоҳлантирувчи овоз чиқарди: бу сафар Рейтер ахборот агентлигининг ҳар соатда янгиланиб турадиган хабарлари келган эди. Профессор хабарларга тезда кўз югуртириб чиқди:

«Атлантикада бўрон шиддати зўраймоқда, унинг тезлиги соатига икки юз эллик километрга чиқди. Уммон бўйлаб шошилинч ҳолат эълон қилинди. Кўпчилик соҳилларда улкан гирдоблар пайдо бўлиши кутиляпти. Қутқарув хизматларининг бутун кучлари бўрон фалокатларининг олдини олишга сафарбар қилинган».

«...бутунжаҳон метеорология хизмати бўрон йўналишларининг тахминий харитасини ишлаб чиқди, унинг Атлантика уммонидан ҳамда Австралиядан Осиёга қадар сурилиб бориши тахмин қилинмоқда».

«...бугун Гринвич вақти бўйича 15.00 да қўзғалган бўроннинг фазодан олинган суратларини кўриш учун VISA ёки Master Card тизимидан 3 евро тўласангиз кифоя».

«...дунёнинг турли минтақаларида саҳролар кенгайиб бормоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, Саҳрои Кабир кейинги ўн йил ичида ўттиз километрга кенгайган. Худди шундай жараён Осиё чўлларида ҳам кузатилмоқда. Мазкур чўлларнинг қумининг ўзига хос хусусияти – унда шўр миқдорининг кўплигидир».

«...баъзи дин уламолари жаҳаннамнинг абадий эмаслигига доир тахминларини эълон қилдилар. Улар ўз тахминларига «Улар жаҳаннамда абадий қолурлар, магар Парвардигорлари бошқа нарсани ихтиёр қилмаса...» мазмунидаги оятларни асос қилиб олдилар...»

“...Шунингдек, Мисрда қояларни йўниб ишланган уйлардан топилган анжомлар у ерда яшаган кишиларнинг дарҳақиқат баҳайбат гавдали, кучли кишилар бўлганини тасдиқлади. Ривоятларга кўра, уларни к у ч л и ш а м о л ҳалок қилган эди...”

«...дунёда қитъалараро ширкатларнинг пайдо бўлиши тахмин қилинмоқда, бунга ер юзидаги асосий капиталнинг якка кишилар қўлига ўтиб кетиши сабаб бўлиши мумкин...»

«...бутунжаҳон Овчилар Жамияти барча овчиларни Хитойдан келган қора чумчуқларни қириб ташлашга чақирди. Марказий Эпидемиология хизмати вакилининг таъкидлашича, улар қуш ўлатини тарқатишлари мумкин...Оддий ва одатий сарғиш чумчуқлардан фарқ қилиб, улар на дон-дун теришади, на сайрашади, қоп-қора кўзларини жавдиратганча н и м а н и д и р сабр-тоқат билан кутишади...»

«...Машҳур тарихчи олимлардан бири, лўлиларнинг қачонлардир Ҳиндистондан йўлга чиққани ҳақидаги тахминини эълон қилди. Ривоятга кўра, улар жуда улкан мақсад билан сафарга чиқадилар, аммо карвонга озиқ-овқат муаммоси кўндаланг бўлади. Ов қилиб ёхуд бошқа йўл билан бу эҳтиёжни қондиришга вақт йўқотмаслик учун сафарни тиламчилик қилиб давом эттиришга аҳд қиладилар. Йиллар ўтавергач ва авлодлар алмашгач, бутун бошли халқ нима мақсадда йўлга чиққанини унутади, улар дунё бўйлаб ватансиз ва маконсиз бесамар дайдишга маҳкум бўладилар...»

«...Урдундаги қадимий харобалардан бирида абадиятга гирифтор бўлган киши ҳақидаги ёзувлар сақланиб қолган тери парчалари топилди. Азалий ҳақиқатларга қўл кўтаргани учун қиёматга қадар дарбадарликка маҳкум этилган бу киши ҳақидаги ривоятлар ўрта аср қўлёзмаларида, шунингдек, Брокгауз ва Эфрон қомусида учрайди. Тадқиқотчилар бу ривоятнинг тимсолий эканлигини, имон ва ишончнинг мутлақ ҳақиқатларига қарши чиққан кишиларнинг фикрий ва қалбий сарсонликларга дучор бўлишларини таъкидламоқдалар».

«...Ер юзидаги энг шўр денгиз – Қизил денгизнинг Арабистон ярим ороли соҳилларига яқин ерида, сув остида чучук сувли улкан булоқлар борлиги аниқланди. Бундан икки минг йил аввал пайдо бўлгани тахмин қилинаётган мазкур булоқларнинг суви ғоят тоза ва шифобахш бўлиб, денгизнинг шўр сувига аралашиб кетмасдан то соҳилга қадар оқиб боради. Соҳилдаги турли сайёҳлик ширкатлари бу сувлардан фойдаланиб, катта тижорий лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқдалар...»

«...Сидней шаҳри яқинида жойлашган келажак технологиялари марказида оламшумул кашфиёт қилинди. Бугунгача табиатда мавжуд бўлган зарраларнинг акси бўлган анти-зарралар мавжудлиги фан томонидан ўтган асрда исботланган эди. Тахминларга кўра Коинот ҳам ўзининг аксидан, яъни анти-Коинотдан иборат. Фазонинг қаеридадир Коинот ва анти-Коинот бирлашгани ва бир бирини узлуксиз акслантиргани фазонинг чексизлиги назариясига ойдинлик киритиши мумкин. Бугунгача махсус шароитларда олиб борилган тажрибаларнинг натижаси ўлароқ, умри сониянинг миллиондан бир улушига тенг бўлган анти-электрон ва анти-протон зарраси ҳосил қилинди! Ҳозирча бундай зарра табиий шароитда нималарга олиб келишини тахмин қилиб бўлмайди, чунки анти-зарра анти-муҳитдагина мавжуд бўла олади...»

«...Ўлим тўшагида ётган барҳаётликка даъвогар ёзувчи, Нобель мукофотининг лауреати Гарсиа Маркес ўзининг видо мактубини эълон қилди. Машҳур ёзувчи бир неча ойдирки, саратон касалидан азоб чекмоқда...»

Мутафаккирнинг Видо Мактуби

«Мабодо Тангри Таоло менинг тақдиримдан кўз юмса-ю, латта монанд ҳилвираб қолган шу вужудимга яна бир парчагина ҳаёт ҳадя этсайди, ҳойнаҳой, ўйлаётганларимнинг ҳаммасини айтмасам ҳам, гапираётганларимнинг ҳаммасини ўйлаган бўлардим.

Шунда... теваракдаги нарсаларни нархларига қараб эмас, қийматига қараб баҳолардим. Кўзим юмуқ маҳалда ўтказилган ҳар бир дақиқада ёруғликнинг олтмиш сониясини йўқотаётганимни идрок этган ҳолда камроқ ухлаган, кўпроқ орзу қилган бўлардим. Қолган ҳамма тўхтаб турган маҳалда юрар, ҳамма ухлаётган маҳалда ухламасдим. Бошқалар гапираётганларида, уларнинг гапларини худди шоколадли музқаймоқнинг ажойиб мазасидан лаззатланган каби, лаззат ила эшитган бўлардим.

Агар Тангри Таоло менга яна бир он ҳаёт берса... камтарроқ кийинган, қуёшнинг иссиқ нурларига фақатгина танимни эмас, қалбимни ҳам тоблаб ётган бўлардим. Эй Парвардигорим! Агар менда юрак бўлсайди, барча нафратларимни музга ёзиб, қуёш чиқишини кутардим. Уйқум билан (Ван Гогнинг орзуси) юлдузларга ҳуррият поэмасининг сувратини чизардим, озодлик қўшиғи эса менинг Ойга қилган туҳфам бўлиб қоларди. Тиканларининг аччиғини ва гулбаргларининг қирмизи ўпичларини ҳис қилиш учун кўзёшларим билан атиргулларни суғорардим.

Эй Қодир Эгам! Агар яна бир парчагина ҳаёт бўлаги танимда қолсайди, бир кунимни ҳам теварагимдаги ўзим суйган инсонларга уларни севишимни айтмасдан ўтказмасдим. Мен учун қийматли бўлган ҳар бир кишини муҳаббатимга ишонтирган, муҳаббатни севиб яшаган бўлардим. Қартайганда дилни муҳаббат тарк этади деб адашганларга, муҳаббатни тарк этганлари учун қарилик келишини тушунтирардим.

Болакайларга қанот ҳадя қилар, аммо учишни ўзлари ўрганишларига имкон берардим. Қарияларни эса, ажал кексалик туфайли эмас, хатолар ва янглишишлар туфайли келишига ишонтирардим.

Инсонлар, мен сиздан шу қадар кўп нарса ўргандимки... лекин англаганим энг буюк ҳақиқат – бутун олам тоғларнинг чўққиларида яшашни истар экан, ҳақиқий саодат у ерда яшаш эмас, у ерга кўтарилишда экан!

Шуни тушуниб етдимки, мурғак болакай кичкина бармоқчалари билан отасининг бармоғини қисимлагани он, уни ҳеч қачон қўйиб юбормасин!

Англадимки, инсон боласи бошқа бировга, фақатгина юқорига кўтарилиши учун ёрдам бераётганидагина баланддан қарай олар экан!

Инсонлар, сизлардан ўрганишим мумкин бўлган яна шунчалар кўп нарса борки... аммо уларнинг менга зарурати қолмайдиганга ўхшайди... чунки, мени мана шу ёғоч отга миндирганларида, афсуски, жонимни Ҳаққа топширган бўламан.

Ҳар доим ҳис қилганингизни гапиринг, ўйлаганингизни амалга оширинг! Агар... сенинг шу ухлашингни бугун сўнгги бора кўриб турганимни билсам, маҳкам бағримга босган ва Тангри Таолодан мени, сенинг қўриқчи фариштангга айлантиришини илтижо қилган бўлардим. Эшикдан қандай чиқаётганингни охирги бор кўраётганимни билсам, бағримга қаттиқ босиб ўпган ва янада кўпроқ меҳримни бериш учун яна қайтадан ўзимга чорлаган бўлардим. Овозингни сўнгги бор эшитаётганимни билсам, мен ҳамма гапирган гапларингни қайта-қайта, бениҳоя эшитиш учун ёзиб олган бўлардим. Агар сени кўриб турганимнинг сўнг дақиқалари эканини билсам, шундай деган бўлардим: «Мен сени яхши кўраман, аммо буни шусиз ҳам билишинг мен аҳмоқнинг хаёлимга ҳам келмабди. Ҳар доим эртанги кунимиз бор, ҳаёт бизга, ҳамма-ҳаммасини изга солиш учун яна бир фурсат бермоқда, бироқ, янглишган бўлсаму бугун ҳаммаси тугаса, сенга шуни айтган бўлардимки, сени жуда қаттиқ яхши кўраман ва ҳеч қачон унутмайман! Кекса ҳам, ёш ҳам эртага нима содир бўлишини билолмайди. Балки суйган инсонларингни сўнгги бора кўриб тургандирсан?! Шу боис, ниманидир кутма, бугуноқ бажар, чунки эртанги кун ҳеч қачон келмас бўлса, сен – биргина жилмайиш, биргина бағирга босиш, биргина ўпиш учун вақт тополмаганинг, сўнгги истакни бажаришга келганда жуда-жуда банд бўлган кунингга лаънатлар ўқийсан. Ўзингга яқин инсонларни қўллаб-қувватла, қулоқларига сенга қанчалар керак эканликларини шивирлаб айт, уларни эҳтиёт қил, «афсус», «мени кечир», «раҳмат» ва «марҳамат» деган сўзларни ва ўзинг билган ҳамма хуш каломларни айтиш учун вақт топ. Ҳеч ким сени фикрларинг боисгина эслаб ўтирмайди. Парвардигори Оламга, ҳиссиётларингни тилингга чиқара олишинг учун донолик ва куч-қувват сўраб илтижо қил. Дўстларингга улар сен учун қанчалар қийматли эканларини айт. Агар сен буларни бугун қилмасанг, эртанги кунинг ҳам худди кечаги кунинг каби бўлиб қолади. Ва агар сен буларни амалга оширмасанг, ҳеч нарсанинг аҳамияти қолмайди, қиладиган ишинг ҳеч нарса, ҳеч нарса ва фақат ҳеч нарса бўлиб қолади!

Бунинг вақти соати етди...»

Бўрондан Ўн Беш Дақиқа Аввал

Профессор Зиё хабарларнинг қолган қисмини ўқишга улгурмади, учувчилар хонасининг эшиги очилиб, стюардесса қиз кўринди, у жилмайганча ҳаммадан камарларни боғлашларини илтимос қилди, сўнг эса ҳаво ёстиқчаларидан қандай фойдаланиш, ҳалокат чоғида ўзини қандай тутиш ҳақида тавсиялар берди.

Профессор бетоқатланиб, қиздан нима гаплигини сўради.

– Бўрон яқинлашиб келяпти, – деб жавоб берди қиз. – Лекин учувчиларимиз маҳоратли, озгина ёқимсиз чайқалишлардан бошқа ҳеч қандай безовталик сезмайсиз, жаноб.

Профессор унга жилмайиб бош ирғади-да, дарчадан қаради.

Учоқ уммондан ўтиб, материк ҳудудига кирган эди. Пастда сийрак туман бўлгани боис ҳеч нимани кўриб бўлмасди. Учоқ канотларидаги қудратли моторларнинг бир маромда ишлаши унга ишонч бахш этди. Лекин, уфқда аллақандай тушунарсиз булут пайдо бўлган, у нима сабабдандир қизғимтир-сарғиш тусда бўлиб, боз устига, шитоб билан ёйилиб бормоқда эди.

* * *

Ҳавонинг турли таъсирлари натижасида эфирда пайдо бўлаётган шитирлашлар ва шовқин аро тўсатдан «Ваҳший» яна алоқага чиқди:

– «Фиръавн», мен «Махес». Нишонни кўряпман.

– «Махес», сизни тушундим. Нишон йўналишини ва тезлигини билдиринг.

– «Фиръавн», у жанубий йўналишда ҳаракатланмоқда, масофа беш мил.

– «Махес», махсус тизимни ёқинг.

– Тушунарли.

– «Махес», нишонни кузатяпсизми?

– Ҳа, кузатувда.

– Тушунарли, ракурс икки тақсим тўрт!

– Сизни тушундим. Орқа томондан яқинлашмоқдамиз.

– Ёнилғи миқдори?

– Уч тонна.

– Тушунарли, йўналиш ўнгга икки юз йигирма! Нишонгача масофани бил¬диринг.

– Масофа уч ярим мил.

Нишон – баланд бўйли, ёш ва забардаст, ялангоёқ бир йигит бўлиб, у бошини эгганча кунботар томонга кетиб бормоқдайди. Кетма-кет бошқа ҳарбий учоқлар ҳам уни пайқадилар, улар ҳам ўз марказларидан шундай буйруқ олганларига шубҳа йўқ эди – барча тизимларини жанговар ҳолатга келтирганча тезликларини ошириб, нишон кетиб бораётган жой сари йўналдилар.

Бу орада «Ваҳший» билан радиоалоқа давом этмоқда эди:

– «Махес», мен – «Фиръавн», нишонни кўряпсизми?

– Кўряпман, мўлжалда тутиб турибмиз.

– «Махес», нишон йўналишини билдиринг.

– Нишон ўша йўналишда ҳаракатланмоқда, кунботарга кетиб бормоқда.

– Икки милгача яқинлашинг.

– Тушунарли.

– «Махес», мен – «Фиръавн», ўт очишга ҳозирлик кўрилсин, тайёр туринг.

– Тушунарли. Форсажга рухсат беринг.

– Форсаж фақат буйруқ билан!

– ... «Махес», нишонни «ушлаб» турибсизми?

– «Нишонни тутган ҳолда» учиб боряпмиз.

– «Махес», ёнилғи миқдорини билдиринг.

– Ёнилғи – иккию етти.

– Сизни тушундим... Нишон йўқ қилинсин!

– Такрорланг!

– «Махес», нишон йўқ қилинсин!

– «Фиръавн», унга яқинроқ бориш керак! Нишонни тутиш тизимини ўчириб, яқинлашмоқдамиз.

– Замбараклардан кетма-кет ўт очинг!

– Нишонни тутиш тизимидан чиқдик, замбараклардан кетма-кет ўт очамиз!

– Ўт очилдими, «Махес»?

– Худди шундай, буйруқ бажарилди!

– Нишонни кўряпсизми?

– Ҳа, унга яқинлашяпман.

– Тушунарли.

– Нишон пасаймоқда, унга яқин келдим, масофа ярим мил...

– Нишон пасаймоқда? Бу нима дегани?

– У ўтириб олди.

– У ўлдими?

– Аниқлашнинг иложи йўқ. У ўтирибди.

– Тушунарли. Тезликни камайтиринг. Барча жанговар машиналардан нишонга қарата ўт очилсин!

– Бу хавфли, атрофда танув белгилари бўлмаган бошқа жанговар учоқлар ҳам бор.

– «Махес», вазиятга қараб ўт очишга тайёрланинг! Нишоннинг ўзингизга нисбатан ўрнини билдиринг.

– Чапдан етмиш даража.

– «Махес», нишоннинг вазиятини билдиринг.

– У қумга ётиб олди... Кўриш қийин, тўзон кучаймоқда... «Фиръавн?..» «Фиръавн», у ибодат қилмоқда!

– «Махес», нишонни ракеталар билан йўқ қилишга ҳаракат қилинг.

– «Фиръавн», десант туширишга рухсат беринг!

– «Махес», нишонни ракеталар билан йўқ қилинг!

– Тушундим, нишонда «ушлаган» ҳолда яқинлашяпман.

– Масофани билдиринг.

– Масофа чорак мил.

– «Махес», форсаж!

– Форсажга ўтилди!

– Ўт оч!

– Ўт очилди.

– Нишон йўқ қилиндими?

– Ҳеч нарса кўринмайди, ҳамма ёқ тўзон.

– Зарба чизиғидан ўнг томондан чиқилсин, курс етмиш беш.

– Зарба чизиғидан ўнгга чиқяпман, курс етмиш беш!..

– «Махес», қуроллар жанговар ҳолатда тутилсин. Бегона ҳарбий учоқларни нишонда тутган ҳолда, ўн беш даража ғарбга ҳаракатланилсин!

– Хўп бўлади!

Бўрон олдидан турган шамол аллақачон қумларни кўтарган, номаълум одам «ҳаво-ер» русумли ўлимчил ракеталар зарбаси ва шамол кўтарган қум тўзони ичида кўзга кўринмай кетган, ҳозир уни махсус қурилмалар ҳам кўролмаётган эди. «Ваҳший»нинг ўт очганини кўрган бошқа ҳарбий учоқлар яқин масофада турганларича тўзоннинг тарқалишини ва номаълум кишининг чиқиб келишини кутмоқда эдилар. Бу орада «Ваҳший» «Фиръавн»нинг навбатдаги буйруғини ҳам бажариб улгурди, яъни яқин орадаги «Миг»ларни лазер мўлжалига олди.

Ҳар ҳолда, бошқа жанговар учоқларга ҳам шу мазмундаги буйруқ келган бўлса керак, «Миг»лар, «Мираж»лар, «Кфир» ва «Торнадо»лар ҳам ўз вазиятларини «Ваҳший»га нисбатан ҳужумга қулайроқ бўлиши учун мослаб, айланиб ола бошладилар.

Энди бу ўлим машиналари турли қуроллардан бир-бирларини мўлжалга олганча буйруқ кутмоқда эдилар. «Ҳаво-ҳаво» типидаги ракеталар аллақачон жанговар ҳолатга келтирилган, ҳимоя воситалари ва чалғитувчи термик воситалар жанг¬га шай ҳолатда эди.

Дунёнинг энг кучли бир қанча мамлакатининг ҳарбий учоқлари ана шу тарз¬да бир-бирига қурол ўқталиб турар эди.

Махсус радиоканалда эса «Ваҳший» билан «Фиръавн»нинг сўзлашуви давом этмоқда эди:

– «Махес», нишонни кўряпсизми?

– «Фиръавн», шамол кучайиб бормоқда, ҳаммаёқ қум... тепа ҳам, паст ҳам... ҳеч нарса кўринмайди.

– «Махес», нишонни қидиринг!

– «Фиръавн», бунинг иложи йўқ, ҳеч нарса кўринмаяпти, экранларда ҳам... Бегона учоқлар бизга нисбатан жанговар йўналишга ўтдилар.

– «Махес», бошқа учоқларга эътибор қилинмасин. Биз уларни фазодан «ушлаб» турибмиз. Излашни давом эттиринг!

– Тушундим, излашда давом этамиз...

Boeng 787 Dreamliner. Бўрондан Ўн Дақиқа Аввал.

Орадан ўн дақиқа ўтганида, бағрига Профессорни ва уч юз чоғли йўловчини олган баҳайбат Boeng Dreamliner учоғи бўрон ҳудудига етиб келди.

Метеокузатув марказларининг тахминлари ҳақ бўлиб чиқди, Атлантика уммонидан то Осиё соҳилларигача бўлган ҳудудда мисли кўрилмаган шамоллар ва гирдоблар пайдо бўлган, айни пайтда Тинч, Ҳинд ва Шимолий муз уммони устидаги ҳаволар ҳам Гоби томонга сурила бошлаган эди. Шамолнинг йўли қин¬ғир-қийшиқ илон изини эслатарди – Атлантиканинг уфққа қадар энлаб ётган охири кўринмас сув ҳудудларидан бошланган бу ғалаён негадир Ўртаер денгизининг жазирама ҳудудини четлаб ўтмоқда, абадий музлар ўлкасида ҳосил бўлган эпкинлар эса, асрий қорларни тўзғитиб ва музтоғларини синдириб, йўлида қуюнлару қасирғаларни ҳосил қилганча, улкан жонли илон сингари саҳро сари ҳаракатланмоқда эди. Япония томонда эса тескари ҳаракат рўй берди – дунёнинг бу четида ҳосил бўлган эпкинлар ҳам бошқа бир илон сингари Гоби томонга тобора зўрайиб борувчи шиддат ила интилар, чўл узра туриб қолган қайноқ ҳаво юқорига кўтарилиб, тепа қатламларда тескарисига эсувчи янада кучлироқ бошқа эпкинларни ҳосил қилган эди.

Эни етмиш-саксон, юксаклиги ўн километрга етган улкан айланувчи қуюнлар – илон бошлари ўзида мислсиз қувватни жамлаган эди. Инсонлар нафас оладиган ва майин эсганида роҳат келтирадиган бу неъмат тўсатдан шаклу шамойилини ва яратилиш мақсадини ўзгартириб, офатга айланган, бўрон марказида ҳавонинг юқори ўрлаши оқибатида ўнлаб ана шундай гирдоблар ҳосил бўла бошлаган, қуюнларнинг ўзагида шамолнинг эсиш тезлиги сонияда икки юз метргача етган эди.

Қуюнларни четлаб ўтиш мақсадида, Boeng Dreamliner учувчилари ва учишни бошқариш маркази мутахассислари янада юқори кўтарилишга қарор қилдилар – бу учоқ ўн икки километргача кўтарила оларди, бўронларнинг баландлиги эса одатда ўн километрдан ошмас, бундай юксакликдаги эллик беш даража совуқда ҳаво совиб, қуюн шиддати ўз-ўзидан пасайиб кетар эди. Кучли моторлар зўриқиб гувиллади – учоқ бу қадар юксакликка тиккасига кўтарила олмас, кўтарилиши учун яна юз эллик километр масофани учиб ўтиши керак эди.

...Бу орада ахборот агентликлари бир файласуфнинг Маркеснинг мактуби ҳақидаги фикрларини, ортидан унинг ўзининг баёнотини ҳам тарқатди.

Файласуф, бу дунёда шу қадар билим ва тажрибадан ташқари, фавқулодда фикрий қувватга эга бўлган Маркесдай кишининг дунёдан кетар чоғи бундай гапларни айтишига шубҳа билдирган эди.

Ортидан келган хабарда Маркес бундай видономани ёзмаганини, бедаво дард¬га гирифтор эканига қарамасдан, мабодо ўлим они яқинлашганини сезгани тақдирда ҳам сафарга жим, лом-мим демасдан жўнашини айтган эди.

* * *

Лўлилар карвонбошиси саҳрода итини эргаштирган бир девонаваш одамни кўрди, у ялангоёқ, сочлари ўсган, қўлида асо, кунботар тарафга – ғарбга қараб илдам кетиб борарди.

Бу тани хокийнию руҳи равонни на қилай,

Бўлмаса қошимда жонон, бу жаҳонни на қилай?

Уройинми бошима етти беҳишту дўзахин,

Ломакондан хабар олдим, бу маконни на қилай?

Бу – сароб эди, лекин шу қадар ҳаққоний ва аниқ эдики, карвонбоши ортига тисарилди. Уни бошқалар ҳам кўрдилар, аммо карвонбоши қатъий қилиб:

– Кўрганингиз сароб, ишингизда давом этинг, – деб буюрди.

Ва тескари томонга ўгирилганида, осмон бўйи келадиган, еру кўкни энлаган бир қуюннинг шу томон ёпирилаётганини кўрди.

* * *

Бўрон олдидан содир бўлган ғалати ҳодисалар Авлиёни ҳам четлаб ўтмади.

Итини эргаштириб кетиб бораётган мажнунваш кишини у ҳам кўрди, фарёдини ҳам эшитди:

Ажаб Мажнун эрурман, дашт ила саҳрога сиғмамдур,

Дилим дарёи нурдир, мавж уриб дунёга сиғмамдур.

Шариат ҳам, тариқат ҳам, ҳақиқат мендадир мавжуд,

Чу султони азалдурман, ки аршу аълога сиғмамдур.

Шунингдек, авлиё унинг ортидан бораётган бошқа бир бандани ҳам кўрди...

Бу икки одам шу кез кунботар томонга кетиб бормоқда эдилар.

Шундан сўнг авлиё ғор оғзида ўсиб чиққан бир қамишни қирқиб олди, ичини тозалади, бағридан тешикчалар очди ва лабига қўйиб пуфлади, найдан дунёдан ўтиб кетган барча кишиларнинг, халқларнинг ва миллатларнинг умум армонларининг, яшаш мақсадларининг ва ҳаёт ҳикматларининг ҳикояти монанд мунгли ва қайғули нидо таралди:

Истаганлар бизни саҳрои балодан истангиз,

Водийи ҳижрон ила дашти фанодан истангиз...

Мезонул-Авзон

Профессор уфқдаги бўроннинг чирпирак бўлиб айланишига ақлу шуури лол бўлиб боқмоқда, бу асов ҳайбат ва қудрат қаршисида унинг ич-ичидан тийиқсиз ва бошқариб бўлмас хавотир бош кўтариб чиқмоқда эди.

Бу – ғайриихтиёрий хавотир эди. Теваракдаги оддий ҳодисаларнинг ўз низомидан хиёлгина четга чиқиши киши кўнглида ақлга итоат қилмайдиган ҳиссиётларни ва қўрқувларни бино қилар, онг ҳарчанд уринмасин, юрак япроқдай дир-дир титрашини қўймасди.

Унинг назарида, саҳро ҳудудларида бино бўлган ва ҳозир қайлардадир Парвардигорини излаб юрган барҳаёт одам, шусиз ҳам мукаммал низомлардан ташқарига чиқишга уринаётган изланувчилар, тобора тўс-тўполони чиқиб бораётган замонавий дунё билан мана шу шамол жунбиши ўртасида элас-элас илғанар бир боғлиқлик бор эди гўё. Инсонлар ва табиат нафас оладиган, ер юзидаги ҳаётни мудҳиш ва ўлимчил таъсирлардан қўриқлаб турадиган, улкан уммонларни ўз бағрида майин суздириб, лозим бўлган жойларга ҳеч кимга зарари тегмайдиган, балки одам боласининг завқини келтирадиган тарзда ёмғир қилиб ёғдирадиган, юзларни сийпалаганида роҳат бахш этадиган ҳаво деб аталмиш бу неъматнинг тўсатдан офатга айланиши бежиз эмас эди! Оламлар Парвардигори, агар истаса, ёруғ дунёдаги ҳар қандай неъматни балога ёки ҳалокатга айлантириб қўйиши мумкинлигини намоён қилаётгандай эди. Гуллаб-яшнаётган тирикликнинг она унсурларидан бири бўлмиш сув ҳам гоҳ-гоҳ долғаланиб, теварак-атрофни ғорат айлагувчи баҳайбат бало қиёфасига кирмоқда, бағридан саноқсиз неъматларни чиқариб-муҳайё қилиб тургувчи ер юзи гоҳ-гоҳ шиддат ила қўзғалиб, зилзилалар ҳосил қилмоқда, теранликларидан олов ва эриган маъданлардан иборат вулқонларни уфурмоқда, инсонларни совуқдан ҳимояланишига, лаззатли таом тайёрлашларига, ҳаётлари учун лозим бўладиган турли-туман асбобларни ясашларига имкон берувчи аланга ҳам гоҳо теграсидаги барча нарсани куйдириб-кул қилувчи баҳайбат фалокат шаклига кирмоқда эди. Дунёнинг тамали бўлмиш тўрт унсур ана шу тарзда – Парвардигори оламнинг қудрат-иродасига тамомила бўйсунган ҳолда ўзгармоқда ва ер юзидаги тафаккур қилувчи ягона жонзотга – одам боласига қарата ўз тилида хитоб айламоқда эди.

Тафаккур қилувчилар учун эса янада чуқурроқда бошқа ҳақиқат яширинган эди! Яъни, бундай фалокатлару офатларсиз ҳам, ҳар дақиқада юзлаб инсонларнинг боқий руҳлари фоний вужудларинию ёруғ дунёни тарк этиб, тасаввур ета олмас абадий маконларга унсиз ва жим жўнамоқда эдилар. Бундай фалокатлар ва тўфонлар мангулик сафарига йўл олаётган кишиларнинг қалбларида ҳам рўй бераётган бўлса не ажаб? Ҳа, инсон боласи учун қиёмат жон таслим қилган онидан бошланмоқда... инсонлар ана шу қиёмат кунига дуч келмаслик учун дунёда иложи борича кўпроқ муддат туришни орзу қилмоқда... ўзларининг шусиз ҳам барҳаётликларини англаёлмасдан, вақт ўтгани сайин жулдурлашадиган вужуд либоси ичида мангу қолмоқни ихтиёр этмоқда эдилар. Бир томондан, замонавий илмларнинг чўққиси ҳисобланмиш ген муҳандислиги тадқиқотчиларга мангу одам яратиш имконини бераётган бўлса, иккинчи томондан, кашф этилган барча ҳужайралару генлар ўша кун келганида туб-тубидан парчаланиб, нобуд бўлиб кетар, янада ҳайбатлироқ ҳақиқат мана шунда эди! У кунда мезонлару вазнлар тубдан ўзгарар, барҳаётлик бошқа шакл ва мазмун касб этар... бу ҳақиқатларни олам яратилганидан то маҳшар кунигача дунёга келадиган инсонлардан фақат биттаси – энг муборагигина ўз кўзи билан кўрган эди, холос!

Ақлу тафаккур англаб ололмайдиган ана шу ҳодисаларнинг ёруғ дунё қонуниятлари каби ўз қонуниятлари бўлиб, уларни оддий одам болалари фақат ҳислари ва юраклари билан сеза олардилар. Инсонлардан мангуга яширинган бу ҳодисалар заминидаги маъноларга эришиш тафаккур тарихида жуда оз сонли кишиларгагина насиб этган эди.

Профессорнинг ёдига ана шундай мубораклардан бирининг мисралари келди. Санъатининг теранликларига турли ишораларни ва ҳикматларни яшириб кетган бу киши, умр шоми яқинлашаётганини олдиндан сезаркан, келажакдаги барча инсон болаларига асрлар ортидан, мисралар аро илтижо қилмоқда эди. Ночор қаламим остидан чиққан ва ўзим дуру гавҳар деб тахмин қилганим сатрларни ўқигувчи киши ила мени бақамти қилганинг – сенинг иноятингдир, юрагимдан ситилиб чиққан мисраларимга нигоҳ ташлаган ҳар бир кишини ўз марҳаматинг соясига олгил деб, ўқувчининг ҳаққига олдиндан дуо айламоқда ва ўзи ҳам дуодан умидвор ҳолда муножот қилмоқда эди:

Ё Раб, ушбу турфа шўхи дилфириб,
Ким онинг васлин манга қилдинг насиб.

Ё Раб, бу зарбулмасалнинг турли шўх ва дилга фириб берувчи маънолари васлини менга насиб айладинг. Энди уни:

Эл кўзига доғи маҳбуб айлагил,
Барча хотирларға марғуб айлагил.

Маъниларини элга маъқул ва марғуб қилганинг рамзларни эса:

Гарчи мақсудиға мубҳамдур баён,
Қуш тилин эл кўнглига қилғил аён.

Шундан сўнг эса бу мангу зот хокисорликнинг ва самимиятнинг ажойиб намунасини туҳфа этган эди:

Кимга ондин ҳосил ўлса муддао,
Лутф этиб Фонийни ҳам қилса дуо.
Айла онинг ҳам дуосин мустажоб,
Иккимизни оллидин олғил ҳижоб.
Табъима тушса хато бирла зилал,
Килкима саҳв ўлди эрса ё халал.
Лутф ила, ё Рабки, борин афв қил,
Номаи аъмолидин ҳам маҳв қил.
Ҳар паришон сўзки ёздим, ё Карим,
Баридин астағфируллоҳ, ал-азим.

Буюк истеъдод ва бемисл фикрий қувват ҳосиласи бўлмиш бу мисралардан орттириб сўз айтиш маҳол эди.

Дунёдан кетар кишининг бундан марғуброқ сўз айтиши ҳам маҳол эди.

Профессор Зиёнинг кўзларига ёш қуйилиб келди. Ёдида эса улуғ мутафаккирнинг сўнг мисралари худди қуюн каби чирпирак бўлиб айлана бошлади:

Ҳар паришон сўзки ёздим, ё Карим,
Баридин астағфируллоҳ, ал-азим...

Бўрон

Бағрида раҳмат ёмғирларини олиб келувчи булутларни ҳайдаб эсадиган шамол бу гал бошқа булутни – фалокат булутини олиб келмоқда эди.

Уммон устида у шу қадар зўрайдики, баландлиги ўттиз метрлик тўлқинларни ҳосил қилди, соҳилга яқин жойларда эса гирдоблар кўкка аждар каби сапчиди, миллионлаб балиқлар шу тўлқинда ҳалок бўлдилар, гирдоб уларни бир неча километр баландга кўтариб, соҳилдан юзларча чақирим ичкарига – чорва майдонларига олиб бориб ташлади.

Таиланд соҳилларига дам олишга келган сайёҳларнинг кўпчилиги тўфон остида қолиб кетди. Бир томондан ёпирилиб келган тўққиз қаватли уй баландлигидаги тўлқинлар, иккинчи томондан ҳосил бўлган улкан гирдоб соҳилнинг ичкари қисмида жойлашган отелларни ҳам вайронага айлантирди. Қизиқиш туфайли бўронга қарши чиққан ва унинг қаршисида тили калимага келмай қолган аллақандай замонавий ёшлар тўдаси ҳам хасдай совурилиб кетди, уларнинг жасадлари кейинчалик ҳам топилмади.

Дунёнинг кайфу сафо марказларидан бири ҳисобланган Таиланд соҳиллари тамомила вайронага айланди.

Шамол ва қуюн шундан сўнг Осиё чўлларидаги миллионлаб тонна қумни ичидаги жонзотлари ва набототи билан қўшиб самога кўтариб кетди, бутун самони қум булути энлади. Шунингдек, Куйтэн-Найрамдал чўққиларидан юз эллик чақирим масофада жойлашган Инсон такомили марказининг бир қаватли бетон биносини ҳам синдириб-парчалаб, хизматчиларию ертўлалари, тажрибахоналарию ақли ноқис, майиб-мажруҳ сунъий урчитилган одамлари ва фазовий алоқа қурилмалари билан қўшиб кўкларга кўтариб кетди, уларнинг ҳаммаси қум бўрони аро кўздан ғойиб бўлди.

Ичида хас-хашаклару шох-шаббалар майда-чуйда чўл жонзотларига қўшилиб чирпирак бўлиб айланаётган, гирдоблари улкан жонли илонлар каби ердан кўкка чўзилган бўрон, саҳронинг ҳар бир қадамини ғоятда синчковлик билан «титиб» чиқиб, ҳозир нишонини «йўқотиб» қўйган ва бир-бирларига ташланишга шай турган ҳарбий учоқлар томон шиддат билан яқинлашиб бормоқда эди. Ана шу тўс-тўполон ичра заминдан янги бир гирдоб «ўсиб-бош кўтариб» чиқди, унинг туби ингичка, юқориси эса эни етмиш километрлик баҳайбат аждарни эслатарди, Гоби ҳудудида жанговар ҳолатда турган ҳарбий учоқларни ана шу гирдоб бирпасда ўраб-чирмаб, ўз домига тортиб кетди.

Парвардигори оламнинг ғазаб қудратини ожизона тамсил этган бу асов ғалаён ичида қудратли ҳарбий машиналарнинг қанотлари ўша заҳоти синиб-парчаланди, қуюн уларнинг замонавий қуролларини мисқоғоз каби эзғилаб-парчалаб ташлади, зирҳларини ракеталари билан қўшиб узиб-юлқиб олди, ўқ ўтмас ойна ортида саросимага тушган ҳарбийларнинг қўрқувдан буришган юзлари бир лаҳзагина липиллаб ўтди холос, сўнгра учоқларни ақл бовар қилмас тезликда ғоят юксаклардан ерга опкелиб уриб, ер қаърига – камида юз қулоч чуқурликка аёвсиз тиқиб юборди, чуқурлар ҳам ўша заҳоти қум ва тупроқ остида кўмилиб-йўқ бўлиб кетди.

Гобига хуфёна кириб келган барча ҳарбий учоқларнинг тақдири ана шундай якун топди.

Энди бўроннинг бир учи Тиёншон кемтигидан ўтиб, янада ғайриоддий куч билан эсмоқдайди. Чўл жонзотларининг бари яшириниб улгурган эдилар. Теварак худди уммон каби тўлқинланар, саҳро бир китоб каби варақланар, балки қумларнинг янги саҳифалари очилмоқдайди.

* * *

Бағрида уч юз чоғли йўловчини олиб Атлантика уммонидан ўтиб келган ва ҳозир саҳро узра учиб бораётган Boeng Dreamliner ўн минг метрга қадар кўтарилганида, даҳшатли бўроннинг бир учи унга етиб келди.

Қум икки юз йигирма тонналик улкан ҳаво лайнерининг моторларига кириб тиқилди, дарчаларни энлади, ҳаво филтрларини тўлдириб, ҳатто ғилдираклар турадиган жойгача ва қанотларнинг бошқарув қурилмаларининг ичигача кириб борди.

Оддий қумлардан фарқ қилиб, бу қум шувиллаб тўкилиб кетаверар, энг кичик тирқишга хам кириб тўлдираверар эди. Орадан бир дақиқа ўтиб-ўтмай, учоқнинг тўртала мотори ҳам ишдан чиқди, учоқ мувозанатини сақлай олиши учун моторлар тананинг қоқ ўртасига ўрнатилган бўлса-да, дум қисмидаги юк босиб кетди, учоқ шитоб билан пастга оғиб берди – у қулай бошлади. Бошқарувнинг йўқолгани ва моторлар ишламаётгани боис шамол эпкинида гир айланди, тескари йўналишда урган бошқа бир эпкинда унинг лонжеронлари қарсиллаб узилди, сўнг ўнг қанот синди, унга ўрнатилган икки моторнинг оғирлиги боис ҳавода чирпирак бўлиб айланганча, қум қоронғилиги ортида пастда ғойиб бўлди. Роппа-роса уч сониядан сўнг иккинчи қанот ҳам узилди ва у ҳам бўрон шиддати аро кўздан йўқолди.

Шунга қарамай, қанотсиз қолган учоқ учишини давом эттирмоқда эди.

Бор-йўғи ўттиз икки сонияда учоқ ерга келиб урилди, урилган жойида улкан чуқур ҳосил қилиб, тепага қайта сапчиди, тезлик катта бўлгани учун у бир неча қисмга бўлиниб кетди, бўлаклар урилиш кучи оқибатида яна бир қанча юз метр жойгача учиб-парчаланди, парчалар орасида одамларнинг таналари ва юклар ҳам кўзга ташланар эди. Шамол учираётган қум зарралари майда парчаларни шу заҳоти кўмиб ташлади, каттароқ бўлаклар олдида эса қум уюла бошлади. Бу ҳалокатда бировнинг тирик қолганини тахмин қилиб бўлмасди – қулаш чоғидаёқ кўпчиликнинг юраги ёрилиб кетган, бақувватроқлар эса урилиш чоғида жон таслим қилган эдилар.

Тиёншон ёнбағридаги ғорда истиқомат қиладиган авлиё ҳам қўрқувга тушган эди. Парвардигори олам куч-қудратининг бир тимсоли бўлган бу офатнинг нима эканини у яхши биларди. Унинг билгани тарихга кўра, азобу уқубатлар ҳам, раҳмату баракотлар ҳам айнан шамолларнинг қанотларида келар эди.

Бир оздан сўнг урилган янада шиддатлироқ эпкин ғор оғзида ўсган анжирни – ризқ дарахтини таг-томири билан суғуриб олди ва пастликка қараб хасдай учириб кетди.

Саҳродаги лўлилар карвони ҳалиям ўз жойидан қўзғалмаган эди. Карвонбоши шамолнинг зўрайиб бораётган ғалаёнини кўриб, ҳаммани бархан ортига кўчирди, ухлаётган неварасини кўтарганча, бархан ёнбошидаги чуқурлик ичига авайлаб ётқизди, устидан тўнини ёпиб қўйди. Қолганлар лом-мим демасдан шамолнинг ҳайқиришига қулоқ тутиб турардилар, шамол уларнинг кийимларини юлқилаб-узгудай бўлиб эсмоқдайди.

Лўлилар карвонбошиси унинг, шу шўрлик кавмнинг ватан илинжида бесамар дайдишларига чек қўйиши керак бўлган шамол эканидан умидвор эди.

Карвонбоши турли халқларнинг турлича ибодатларини билар, бироқ, қайси бирининг ибодати қай тарзда қабул қилинишидан бехабар эди. Шу боис ҳам у энг сўнгги пайғамбарнинг ибодатини қилди: кўзларига қум тиқилган ҳолида кунботарга қараб шундоққина қум узра чўк тушди. Ва агар бу шамол умрларига ниҳоя қўядиган бўлса, ҳаёти дунёдаги умрини хотималайдиган бир ибодатни адо этишга киришди.

* * *

Шамол еру кўкни энлаб роппа-роса бир кеча эсди. Шундан сўнг ғалаён аста-секин тинди.

Тиёншон ва Олтой ёнбағирларидаги ўрмонларнинг аҳволи ачинарли эди: сарв¬қомат арчалар қоқ бўлиниб-синиб кетган ва айқаш-уйқаш бўлиб уйилиб ётарди, уларнинг остида ҳалок бўлмай қолган ва яраланган ҳайвонларнинг бўкиришларию чийиллашлари теваракни тутиб кетган эди.

Саҳродан келган қум бўронлари авлиёнинг ғорини абадиян бекитиб ташлади. Бироқ, шу маҳалда ичкарига кирган одам ҳайрат бармоғини тишлаши шубҳасиз эди: ичкаридаги ҳаво сарин ва енгил, гулларнинг ислари анқиб турар, авлиё эса сажда қилган ҳолида жонини Ҳаққа топширган, балки кўпчилик орзу қиладиган гўзал ўлим эди бу.

Олтой тизмаларининг этагидаги Отгон-Тенгри Уул водийсидан юз эллик чақирим масофадаги Инсон такомили маркази жойлашган ерни ҳам қум теп-текис босиб тушган эди. Қум узра гоҳ кўриниб-гоҳ кўринмовчи улкан тўмтоқ қурт – олғой-хорхой, тушунарсиз равишда имиллаб ўрмалаб борарди.

...Тенериф саҳроларида яна бир баҳайбат тошбақа пайдо бўлди, у ортмоқлаб олган тошнинг узоридаги нақшлар муқаддас ёзувларни эслатарди... ким билсин, балки яна минглаб кишилар шу ёзувни кўриб, имонга келсалар не ажаб?

Саҳрода ҳеч қандай из қолмади, барчаси худди тарих каби супурилиб кетди.

Шамол лўлилар карвонини ҳам қум билан тамоман кўмди, уларнинг аёллари, болалари ва ҳатто уловлари ҳам қалин ва оғир қум қатлами остида қолиб кетдилар.

Лўлилар карвони кўмилган жойдан юз эллик километр ғарбда улкан учоқ қолдиқлари саҳро бўйлаб сочилиб кетган эди, қум уларни ҳам теп-текис қилиб босиб тушди. Қараган кўзга шу топда ҳеч нарса кўринмас, уфқларга қадар сарғиш-қизғимтир қум энлаб ётарди: на учоқ, на учоқнинг йўловчилари ва на Профессор Зиё...

Хотима

Янги очилган қум саҳифасида саҳро бўйлаб бир банда ёлғиз кетиб бормоқдайди.

У баланд бўйли, узун сочлари елкасига тушган, ялангоёқ бир одам эди.

Бу одамни кейинги асрларда янада кўпроқ эслайдилар. Уни гоҳ дарбадарликка маҳкум инсонларнинг, гоҳо эса тақдирларнинг ва халқларнинг тимсоли сифатида тилга оладилар.

Ва унга Боқий дарбадар деб ном берадилар.

Ўйлашга Ундовчи Асар

«Боқий дарбадар»нинг жанрини муаллиф роман деб белгилабди. Эҳтимол, айни ҳол диди анъанавий романлар руҳида тарбият топган ўқувчида эътироз уйғотар ҳам. Ахир, бунда яхлит бир воқеа бўлмаса, кўп планли сюжет асосида воқеликнинг кенг эпик манзараси тасвирланмаган бўлса, марказида қаҳрамон турмаса... – нимаси роман?! Жаҳон адабиёти тажрибаларидан, хусусан, Ғарбда ярим асрлар илгари бошланган “янги роман” бобидаги изланишлардан озми-кўпми хабардор ўқувчида эътироз туғилмасаям керак. Зеро, «Боқий дарбадар»да анъанавий эпосга хос воқеабанд сюжет ўрнида сиртдан бир-бирига боғланмай турли макон ва замонда, гоҳ реаллик, гоҳи хаёлотда кечувчи воқеалар тасвирланган, марказида рисоладагидек қаҳрамон турмаган бўлса-да, уларни бир нарса – ҳаётнинг маънисию башарият тақдири ҳақида ўйга толган муаллиф шахси бирлаштиради, яхлит бутунликка – романга айлантиради...

Исажоннинг битиги анъанавий йўлда ёзилмагани ақлга тайин, лекин уни модернизм ё постмодернизмга тааллуқли этишга-да қийналади киши. Модернистик асар дейин деса, унда ҳам турфа услублар – кўҳна диний ривоятлардан тортиб ҳозирги «интернет тили»гача, ҳам турфа жанрлар – қадим диний дидактикадан тортиб урфдаги «боевик»кача... қуроқ-қоришиқ бирбутунлик касб этаётибди. Ҳай, постмодернистик асар деб қўя қолай деса, муаллиф оламу одам ҳақидаги ўй-ташвишларини ифода этмоқ учун бадиий модель – постмодернистлар инкор қилган метаривоят яратиб қўйибди... Ҳолатдан чиқишга уриниш деманг-у, назаримда Исажон ўзи билган биздагию хориждаги ижодий тажрибаларнинг барини ичдан ўтказибди – бугун ўзини қийнаб турган муаммоларнинг бадиий идрокию ифодаси учун мақбул шакл излапти, изланишлари синтезга олиб келибди.

Дарвоқе, ғарбда урф бўлган «изм»лар маънавиятимиз учун зарарли дегувчиларнинг ташвишлари, албатта, асоссиз эмас. Марғуб томони шуки, Исажон ўша «изм»лардан мақбул шаклни олгани ҳолда, ўзи миллий заминда собит турибди. Жиллақурса бир жиҳатни олайлик: постмодерн кайфият дегани миллатлару миллий маданиятлар қоришувини кўзда тутади, шундай заминдан униб чиқади. Ёзувчимиз эса бу руҳ-кайфиятни бутун вужуди билан инкор қилади, профессор Зиёнинг ўғли каби «ўзи севган, амалларидан Ўзи рози бўладиган халқ орасида» яралганига шукрона келтиради, рўзи маҳшарда «ўз жонажон тупроғида, ўз жонажон миллати билан бирга бўлишни орзу қилади»; Ватанни «иймонининг қўрғони» деб билади, «дилининг илдизлари шу ер ости булоқларига боғлаб қўйилгандай, узилса қурийдигандек» ҳис қилади ўзини. Ҳа, асл ижод, агар у миллий-маданий заминда воқе бўлса, асло кўр-кўрона тақлид бўлмайди. Зеро, ижодий синтез дегани бир жиҳатдан алхимияга монанд: кимёгар турли моддаларни қориштириб сар олтин олишга интиларкан, сингишмаган моддалар чўкинди бўлиб шишада қолаверади.

Ёзувчи ҳаётнинг маънисию башарият тақдири ҳақида ўйга толган, дедик. Ахир, инсон ҳаётидан маъни излаш сўнгги икки аср мобайнида адабиётнинг марказий муаммосига айланмадими? Ҳа, ҳатто модернизмнинг айрим оқимлари инсон ҳаётини ҳар қандай маънидан айро тушади деб даъво қилди ҳам, озми-кўпми шу кайфиятга тушдик ҳам. Хайриятки, ислом нури билан ёришган диллар бу кайфиятни ўзига сиғдиролмади, сиғдирмади. Жумладан, Исажон ҳам. Ёзувчи муаммонинг илдизига назар солади ва кўрадики, Яратганидан узоқлашиши баробари инсон ҳаётининг мазмуни йўқолиб бораётганини теранроқ ҳис қилган, бу ҳис муттасил кучайиб борган. Ва бу ниҳоясиз жараён. Шунинг учун ҳам романда яралмиш – инсон «тангрининг иродасига исён ўлароқ» яратган энг олий мавжудот – клон ҳам оламнинг нечоғли мукаммал яратилганини идрок этгач, «мазкур силсила аро ўз ўрнини топишга ҳаракат қилади». Аммо ҳайҳот... топмайди, тополмайди.

Шу боис ҳам дунёларга сиғмайди, оламни бунчалар мукаммал яратган Зотни «излаб топиш ва бутун олам яратилишининг сабабларини Ўзидан сўраш учун» бош олиб чиқиб кетади. У кўзлаган манзил белгили: излагани – «Унинг иродасига ва менинг яратилишимдан мақсадига мос... келадиган макон ва замон». Бироқ, ҳайҳот... у тушган йўл қаён элтади, кўзлаган манзилига етадими ва ё ўша мангу дарбадарга қисматдош бўлиб қоладими?.. Ким билади, «бутун олам илгарилаб бораётган турли-туман йўллар»нинг қай бири ҳақ йўл? Собит ишонч билан «қисматимиз шу саҳрода яшаб Парвардигорга ибодат қилиш ва ажалимиз етганида жонимизни Ўзига топширишдир» дея кундалик юмушларига машғул бадавийларми? Ва ё ёруғ оламга этак силкиб, бутун борлиғи – қалбию ақли билан Яратганга юзланган авлиёнинг йўлими?..

Асарда саволлар қўйилган, жавоб эса имкондан ташқарида, зеро, учинчи парвона мисоли «аланга ичига кириб оташ ичра ғойиб бўлган»гина – БИЛАДИ ва... ўзи «эришган билим ҳақида гапира олиш имкониятидан маҳрум бўлади...»

Аслида, профессор Зиёнинг ўғли айтмоқчи, «теварагимиз рамзларга ва тимсолларга тўладир». Ва шу румузу тимсоллар «ақл қулоғига баланд овоз билан хитоб қилиб турибди». Бироқ биз, биз эшитяпмизми шу хитобларни?! Мабодо, довонга кўтарилган сари қулоқлар битгани каби, башарият сафида юксалишимиз баробари «ақл қулоғи»миз ҳам битиб бормаяптими?!.

Қадимгилар адабиётни табиатга тақлид деганлар. Чамаси, Исажонга ҳам шу йўлдан бориш маъқул кўринибди – романни рамзу тимсолларга тўлдирибди. Бу рамзу тимсоллар тафаккуримизга қаратилган – фикр билан уларни чақишимиз тафаккуримизни чархлашига имоним комил. Асарни ўқиганда бир-биридан мураккаб саволлар кетма-кет қалқиб чиқаверса ҳам, эҳтимол. Лекин улар ичида энг муҳими, бугунги тараққий даражасию эртанги имконлари уфқининг чамасидан масруру мағрур турган ХХI аср кишиси учун энг жўн ва энг мураккаби мана булардир, балки:

«Мен кимман?»

«Отим нима?»

Дилмурод Қуронов,
филология фанлари доктори