OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИсажон Султон
Асар номиИсмсиз қаҳрамон ҳақида ҳикоя
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Исажон Султон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм16KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Исмсиз қаҳрамон ҳақида ҳикоя
Исажон Султон

«
Бу ҳикоя тарихда аждодларимиз саналмиш кўҳна хун халқининг бир исмсиз бир қаҳрамони ҳақида.
»

Тўртинчи асрнинг бошида, от йилида ханзу сулоласининг аскарлари ва хунлар[1] яна тўқнашдилар. Бунга ханзуларнинг[2] хун ерларига ўқтин-ўқтин ҳужум қилганлари ва чўпонларнинг баъзиларини ўлдириб, мол-ҳолини талон қилганлари сабаб бўлди. Бу махалда хун ҳоқонлиги қийинчиликларни бошдан ўтказмокда эди. Аскар заиф, отлар оч эди. Боиси – қишнинг ғоятда совуқ ва ёғинли келгани, тўпланган озиқнинг баҳорга етмай тугагани эди. Шимолий чегарада нотинчликларнинг зўрайгани боис, хунлар ҳоқони у ерга қўшин юборди, ортидан ўзи ҳам етиб борди.

Олти кун давом этган жанг натижа бермади, лой ва балчиқ жангни оғирлаштирди. Устига устак, ханзулар сон жиҳатдан хунлардан анчагина кўп эди, аскарий тайёргарликда ҳам хунлардан қолишмасди. Фақат, хунларда жанг хисси кучли эди, бир хун аскари ҳайқирганида ўнлаб ханзунинг юрагида қўрқув уйғотар, саросимага соларди. Ханзулар билан бир уруғдан булган Чин ҳоқонлиги савдо ва тижоратни тобора кенгайтириб, кучайиб бормоқда, ханзулар ўзларига кўра кам сонли хунлардан ана шу жанговарликлари туфайлигина ҳайиқиб туришарди.

Жангнинг олтинчи куни эрталабдан яна ёмғир қуйди. Шусиз ҳам балчиққа айланган теварак бешбаттар сувга бўкди. Аскарнинг чодирларидан чакка ўтган, ётар пўстаклари ҳўл эди.

Намгарчилик туфайли ханзу қўшини томонда ҳаракат сезилмаётганди. Бир неча хун аскари от чоптириб ханзулар қўшинининг олдинги сафигача бориб қайтиб келишди, лекин ханзулар бунга жавобан ҳеч нима қилишмади.

Буни кўрган хун аскари кулар ва «Ёмғирни ўқ деб ўйладингизми, ҳали ҳақиқий ёмғирни энди кўрасиз» деб қичқирар эди. Ханзулар бунга жавобан ҳам жим эдилар.

Тушдан сўнг сийрак туман орасидан сарғимтир доғдай булиб қуёш кўринди. Аскар тушлик қилиб бўлган эди. Яйловда бир неча ханзу аскари кўринди. Улар ялтир-юлтир матолардан кийим кийган, ўзларига шу қадар оро берган эдиларки, хун аскари ўртасида яна кулги кўтарилди.

Ханзулар аскарга яқинроқ келишга юраклари бетламай, ўқ етадиган масофадан бироз узоқроқда туриб қолишди. Бир нималар деб бақиришар, аммо нималар дейишаётганини тушуниб бўлмасди. Қўшиннинг ичкари қисмидан уларнинг тилини биладиган бирини топиб келишди. У жимиб қолган ханзуларга қараб бир нима деб қичқирди, ханзулар ҳам унга жавоб қайтаришди.
— Бугун уришмаймиз дейишяпти, - деди тилмоч.
— Ол-а! Оналари қоринларини тўйдириб, яхшилаб ухлаб олганларидан кейин ёзда, салқингина бир жойда уришишга кўнишармикин ? – деб кулишди хунлар.
— Бу намгарчиликда уришишдан наф йўқ, сиз бир паҳлавонингизни, биз бир паҳлавонимизни ўртага чиқарайлик, шулар уришишсин. Қайси томон енгса, ўша томон жангни қозонган ҳисобланади, дейишяпти.
— Оббо, айёрлигини қара-я! Шунақа йўлга ўтишиптими энди? Ўзи, неча баҳодири бор экан уларни? – дейишди хунлар. – Айт, биздан энг ушоқ аскар чиқади, улар бўлса энг ишонган баҳодирларини опкелишсин.

Тилмоч бу гапларни ханзуларга уларнинг тилида етказди, улар ўзаро бижир- бижир қилишиб бироз туришди-да, ортга қайтиб кетишди, кейин ўттиз чоғли бўлиб қайтиб келишди. Ораларида бўйи икки метр келадиган семиз бир ханзу ҳам бор эди. Ана ўша баҳайбат ханзу чопонини ечиб, олдинга чиқди-да, бир нималар деб бақирди.
— Шу ошқовоқ уларнинг энг ишонган баҳодиримикин? – деб кулишди хунлар. – Қани, ким чиқади ханзуга?

Ҳамма гувв этиб ўрнидан туриб кетди. Ҳамманинг ханзу паҳлавонини енггиси келарди.
— Мен чиқаман! – деган қичқириқ эшитилди. Қичқирган – қотма жуссали, аскар орасида Митти деб лақаб олган йигит эди. Унинг исмини биров билмас, ҳамма Митти деб чақирар, айтишларича, ҳеч кими йўқ, яқинларининг сурувини ханзулар талаб ўлдириб кетгач, аскарга ўз ихтиёри билан қўшилган бир бўзбола эди.
— Йўқ, сен ҳали кичкинасан, - дейишди аскарлар унга. – Яхшиси, Эрбой баҳодир борақолсин.

Кўплаб жангларда чиниққан, пешанасида ва иягида чандиғи бор Эрбой баҳодир ўрнидан қўзғалиб, «мен уни бир қўлим билан ер тишлатаман» деди илжайиб.

Лекин Митти сакраб отига минди-да, ханзу баҳодири кутиб турган томонга қараб ниқтади. Миттининг оти бақувват эмас эди, лойда тойғониб-тойғониб йўртиб борарди.
— Тўхта, орқангга қайт! – деб бақиришди қолганлар, аммо бўлар иш бўлган, агар Митти ортга қайтса, бутун қўшин шарманда бўларди.

Мана, ханзу баҳодири билан Митти отдан тушдилар. Майдон ўртасида бир-бирларига бақамти келдилар.

Жанг бошланди.

Ханзу сермаб қилич солар, лекин Митти эпчиллик билан чап берар, жавобан пайдар-пай ҳамла қиларди. Ҳозирча ханзунинг совути Миттининг енгил қиличининг зарбаларини ўтказмаётган эди. Икки метрлик баҳайбат ханзу ярашмаган ва бесўнақай ҳаракатлар билан уни жароҳатлашга уринарди.

Кейинги галдаги кучли зарба Миттининг елкасини кесиб ўтди. Митти букчайиб қолди-да, ортига тисарилди. Хун аскари гувиллаб бир чайқалиб олди, ханзулар шодланиб қий-чув қилдилар.

Ерга эгилиб колган Митти бирданига жонланди. Қаддини ростлади-да, шиддат билан рақибига ташланди. Кутилмаганда у олдингидан ҳам кучлироқ ҳужум қила бошлади.

Аллақандай тушунарсиз бир ҳодиса рўй бермоқда эди. Яраланган аскар ҳолсизланиб йиқилишнинг ўрнига баттар кучга тўлиб кетганди. Бундан эсанкираган ханзу ортига тисарилди, кетма-кет яна зарб еди. Кейинги зарба унинг бўғзига санчилди, семиз ханзу ерга, балчиққа беўхшов ағдарилиб тушди.

Кейин эса яна кутилмаган ҳодиса содир бўлди. Митти сал наридаги ханзунинг учқур отига сакраб минди-да, ханзулар томонга елиб кетди. Хаш- паш дегунча етиб бориб, биринчи ханзуга қилич солди, қолганлари шоша-пиша чекиниб, камондан мўлжалсиз ўқ уза бошладилар, уларнинг бир нечтаси Миттининг елкасига, белига санчилиб қолди, лекин бу ўқлар Миттига ари чаққанчалик таъсир қилмаганга ўхшарди, у қуюндек бўлиб ханзу аскарларининг бир нечасини ағдарди, қолганлари эса пала- партиш қоча бошладилар.

Хун аскари гувиллаб ўрнидан қўзғалди, худди Аму каби шиддат билан, селдай бўлиб ханзу устига оқди.

Миттининг бу ботирлиги хунларнинг қонини жўштириб юборган эди. Улар ханзулар устига довул каби бостириб бордилар. Арава ва чодирларда озиқ- овқат ва қуролларини қолдириб, ханзу аскари ортига қочди. Қизишиб кетган хун аскари уларни то йигирма чақирим масофагача қувиб борди. Ундан у ёги ўнгир эди, баъзи ханзулар қўрққанидан ва балки омон қолармиз деган умид билан жарликка сакраб, парча-парча бўлди. Қолганларини хунлар қириб ташладилар, баъзиларини асир олдилар.

Шу тариқа, ҳеч кутилмаганда хун аскари ханзу устидан ғалаба қозонди. Ханзу шармандаларча енгилди.

* * *

Ғолиб аскар қароргоҳга қайтганида, ҳоқоннинг авзойи бузуқ эди. Унинг ёнидан чиққан Лашкарбоши хунларни сафга тизди-да, шундай деди:
— Эшит, эй Хун ўғиллари! Буйруқсиз ҳамлага ўтганинг ва қароргоҳни ташлаб кетганинг учун ҳар бирингга ўн қамчидан жазо! Лекин ғалаба билан қайтганинг учун ҳар бирингга ўлжангдан ташқари, ўн олтин ва биттадан от мукофот!

Аскар бош эгди. Бу халқда ҳоқоннинг сўзи сўз эди. Мазкур жазонинг адолатли эканига эса ҳеч шубҳа йўқ эди.
— Энди қаҳрамоннинг жасадини қароргоҳга олиб келинг! – деб буйруқ берди Лашкарбоши.

Унинг зарблардан ва ўқлардан соғ жойи қолмаган жасадини тўрт киши кўтариб келди. Янги униб чиқаётган майсалар лой-балчиққа қоришган, эрта баҳорда кўпчиган ерга – она юрт тупроғига қўшин байроғини ёйдилар ва унинг устига авайлаб ётқиздилар.

Беклар билан етиб келган ҳоқон, байроқ устида ётган аскарни кўриб, отидан тушди.

Теваракдагилар жим, аскар ўз ҳоқонидан кўз узмас эди.
— Бу қаҳрамон аскарнинг оиласидан, бола-чақасидан хабар олинг ва уларни саройга келтиринг, - деди ҳоқон.
— Унинг оиласи ҳам, бола-чақаси ҳам йўқ, ҳоқоним, - деди хунларнинг лашкарбошиси. – Ҳали уйланмаган бўз йигит эди.
— Унда ота-онасидан хабар олинг, хазинадан улуш тайин қилинг.
— Унинг ота-онаси ҳам йўқ, ҳоқоним, - деди Лашкарбоши. – У етим эди.
— Исми нима экан бу мард ўғлоннинг? – деди ҳоқон, ҳайрон бўлиб.
— Унинг исми ҳам йўқ, ҳоқоним - деди Лашкарбоши. – Аскарлар уни Митти деб чақиришарди. Унинг уй-жойи ҳам йўқ. Ханзу босқин қилди деган гапни эшитиб, мол-ҳолини сотиб, яроғ ва от олиб қўшинга қўшилган экан. Бу дунёда унинг ҳеч кими йўқ, ҳоқоним. На уй- жойи, на мол-жони, на оиласи, на яқинлари…

Ҳоқон жим колди. У, бадани жароҳатларга тўла бу Ватан ўғлини қандай тақдирлашни билмай иккиланаётган эди. Сўнг эгилиб, худди она бағрида ётгандай сокин ва ором оғушидаги бу аскарнинг пешанасидан ўпди ҳамда қиличини чиқариб, унинг кўксига қўйди.

Шу ердаги бахши хунларнинг энг қадим марсиясини айтиб турди, довуллар ғалаба қозонилган маҳалдагидай гумбурлади, аскар ана шу кўҳна садо остида кўмилди тупроққа.

Унинг қабрининг устига қўшин байроғини тикиб қўйдилар. Байроқ кўп йиллар давомида, қишнинг совуқларию баҳорий ёмғирларда, ёзнинг саратонларидаю кузнинг изғиринларида ҳам Ватан учун жонини фидо этган бу ўғлоннинг қабри узра ҳилпираб турди.


  1. Хунлар – бугунги туркий халқларнинг қадимий аждодлари.
  2. Ханзулар – Тиёншон этакларида яшаган ва хунлар билан узоқ йиллар давомида уруш қилиб келган қабила номи.