OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИсажон Султон
Асар номиМансуб-1984 (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Исажон Султон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм56KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/08
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Мансуб-1984 (ҳикоя)
Исажон Султон

Бу манзараларни мен билан бирга униб-ўсган тенгдошлариму биздан бир неча ёш катта-кичиклар, ўқитувчилар, ота-оналар жуда яхши билишади. Орадан ўттиз йилга яқин вақт ўтди. Шунча йил ичида ҳам ўша яшаб ўтилган кунлар эсдан чиқмабди. Кеча кечқурун бола-чақа билан бирга овқатландик, телевизор кўрдик, у ёқ-бу ёқдан гаплашгандай бўлиб, сўнг биргалашиб ўғлимнинг тайёрлаган дарсларини яна бир бор кўздан кечириб чиқдик. Ўғлим литсейнинг илк синфида, фанларга жуда қизиқадиган йигитча, боз устига, ўрганиши керак бўлган илмлар анчагина, шукрки, мактабида ҳам, уйда ҳам ҳамма шароит унинг бемалол ва енгил билим олишига йўналтирилган... ниҳоят, уйқуга ётдик.

Уйқу олдидан... тўсатдан эсга келди у воқеалар.

Ажабки, эсга келишига арзийдиган бир сабаб йўқ эди!

Туйқусдан, хотирамнинг туб-тубларидан ўша дала шийпонининг оҳаклари кўчган деворлари, ер бағирлаб ўсган пастак беҳилару қуруқшаган заиф узумлар чирмашган ёғоч ишком... тупроғи ўйдим-чуқур йўллар, бандигача чангга ботган калта янтоқлару қамишлар ўсган йўл четлари, тубида озгина зангор тусли суви илондай эгилиб-буралиб оққан чуқур зовур бир сонияга қалқиб чиқди.

Уйқу кочиб кетди. Бир ўзим ҳовлига тушдим. Ичкарида болалар ухлашяпти. Битта мен бедор...

Ой ҳаволаб кетди.

Макон кимсасиз эди. Зоғ кўринмайдиган у кенгликларда қолиб кетган ингичка, узун гавдали ўн тўрт яшар ўспирин менга ҳайиқиброқ қараб турарди.

У ер қишлоғимиздан эллик чақиримча узоқдаги чўл ҳудуди эди. Ҳаётимда чўлни илк бора шунда кўрганман. Тупроғи ғалати эди. Йўлларнинг четида чанг қалин оқиш қатлам ҳосил қилган, ҳар тарафда янтоқлар ўсган, шийпоннинг қаршисида, йўлнинг у томонида чуқур зовур ҳам бор бўлиб, ичидаги қамишлари типпа-тик, оппоқ попилтириқлари катта-катта, узоқ-узоқларгача чўзилиб кетган эди. Нарироғида ҳаддан ташқари бепоён дала, унда ўсган пастак ғўзалар, қатқалоқ бўлиб кетган тупроғи узра катта-катта ғўдириш кесаклар кўзга ташланар, хуллас, қаровсиз бир жой эди у.

Эл-юрт у ерларни «Мансуб» деб атар эди. Нимага бундай ном берилганини билмайман. Шийпоннинг қачонлардир оқланган деворларига ҳам кимдир кўмир билан катта-катта қилиб «Мансуб-1984» деб ёзиб қўйган эди.

Бизларни – еттинчи «А» синф болаларини, ёндош «Б» ва «В» синфлар билан бирга олиб келган тахталари синиқ эски юк машинаси гуриллай-гуриллай тўхтагач, бирин-кетин сакраб тушиб, теваракка қизиқиш билан аланглаганча онамиз думалоқлаб берган, орасига нон, туршак, майиз солинган кўрпа-тўшагимизни кўтариб чанг босиб ётган айвонга ташидик. Нон, қоғоз қопларда макарон, бидонда ёғ, қозон-капгирларни туширганимиздан кейин, юк машинаси қайтиб кетақолди.

Ҳаммаёқни чанг қоплаган эди. Ён-веримизда толлар ўсган, улар ҳам чангга ботган, атрофда мевали дарахт кўринмасди. Фақат, шийпон ёнида эгри-бугри битта беҳи бор экан, мевалари кичкина-кичкина, тошдай қаттиқ. Нарироқда бениҳоя улкан далалар ястаниб ётибди, четларида баҳайбат толлар шовуллайди. Шийпон иккита катта-катта хонадан иборат экан, ўрин-кўрпамизни кўтариб кириб, жойлаша бошладик. Шийпон теграси айлана айвон, атрофи сассиқ ҳидли сарғиш қанор қоп матоси билан ўраб чиқилибди, хоналарга сиғмаганлар ўша айвонга жойлашишди.

Кейин шундоққина ерга тушириб кетилган нонларни ва қоғоз қоплардаги нарсаларни ичкарига ташидик, шийпон атрофини тозаладик. Бу орада аср вақти ўтиб, шом кира бошлади. Қип-қизил қуёш бепоён далаларнинг адоғига ўтиб, оҳиста уфққа яқинлашди. Чумолиларга ўхшаб, теваракни бир айланиб чиқдик. Шийпон ортидаги кафтдай экинзорга кимдир помидор, бодринг экибди, бодрингларнинг палаклари жонсизланиб-сарғайиб, илвирай бошлабди. Помидорлар ҳали қуримаган, бу экинга сув бўлса бас, кеч кузгача ҳосилини бераверади, аммо ернинг кучи етмаган шекилли, ҳосили майда-майда, кўм-кўк. Нарироғида иккита-учта узум мева солибдию солган жойида чирибди, наридан-бери тикланган ёғоч ишкомга ўралиб-чирмашган ҳолида қотиб қолибди.

Кеч кира бошлади. Бу ерда электр токи йўқ экан, ўқитувчилардан кимдир бориб, трактор мойи билан ишлайдиган движокни юрғизиб келди. Ҳаммаёқни саларка ҳиди тутди, ҳар ер-ҳар ерда хира чироқлар ёнди. Ўқитувчиларимиз томга чиқиб, симдан антенна ясашди, эски радио бор экан, бир амаллаб гапирадиган қилишди.

Сўнг ҳаммамиз сафга тизилдик. Иброҳим домла ётоқнинг тартиб-қоидаларини тушунтирди. Чойчи, нончи, фаррош тайинланди. Шийпон биқинидаги кичкина хонага ўқитувчилар жойлашишди. Кечга овқат пиширилмади, ҳаммага яримтадан нон ва бир қошиқдан шакар тарқатилди, бакка бир сиқим қуруқ чой ташлаб қайнатиб, шу билан қаноатландик. Қоронғи тушганидан сўнг шийпон атрофида юриш мумкин эмас, деди Иброҳим домла. Ҳаммамиз ичкарига кириб, ҳар ким ўз жойига бориб жойлашди. Шу тариқа, мен туғилиб ўсган қишлоқнинг еттинчи синф болаларининг баракдаги илк куни бошланди.

* * *

Эртасига эрталаб соат олтида Иброҳим домла хонама-хона юриб, бизларни уйғотди. Куз тонги салқин, қалин тупроқ шудрингдан нам эди. Қишлоқдагилар қаттиқлиги боис «тош этик» деб ном берган этикларимизни кийиб, ташқарига чиқдик. Ўтлар шудрингдан эгилиб қолган, далалар адоғидан катта қизил қуёш бош кўтариб чиқаётган эди. Болалар бирин-кетин юз-қўлларини юва бошладилар. Ариқдаги сув зах, шўр, унда юз ювиб бўлмас, терини ёриб юборарди. Артезиан қудуғи бор экан, бир бола дастасидан босиб сув чиқариб турса, иккинчиси ювинади. Бу орада чой ҳам қайнади. Қатор тизилишиб турамиз, ҳар биримизга биттадан нон, пиёламизга шакар солиб берилди. Этакларимизни ерга солиб, бошқа бир этакни дастурхон қилиб нонушта қилдик. Чойдан ҳам саларка таъми келар эди. Сал ўтмай «Ҳамма сафлансин!» деган буйруқ бўлди. Узун-қисқа бўлиб саф тортдик. Домла норманинг қирқ кило эканини, бу ерда еган-ичганимизни оқлашимиз кераклигини, нормани бажармаганлар кечқурун «штаб»га чақирилишини, теролмаганлар ҳамманинг олдида шарманда қилинишини айтиб огоҳлантирди, кейин олдинга ўтиб йўл бошлади. Далага йўл олдик. Йўлнинг чети чуқур зовур, кета-кетгунча катта-катта кесаклар қалашиб ётибди. Ораларидан янтоқ, қиёқ, қанақадир ўтлар ўсиб чиққан, баъзилари гул ҳам очган, гуллари хира қизғиш-кўкимтир, тиканлар эса баланд ўсган, улар ҳам оч сафсар тусда гуллабди.

«Зовур жуда чуқур экан-а? Бунақа чуқур зовурни занжирли мошина ковлаган,» дейди Зокир. Гапи рост, баҳайбат кесаклар ўша мошинанинг иши.

Ғўзалар ер бағирлаб ўсибдию битта-иккита кўсаги очилганича қотиб қолибди. Бўйи бир қарич, холос.

Бирин-кетин қаторларга тушдик. Мен пахта териб ўрганиб кетганман. Аммо бу ернинг пахтаси тош босмас экан. Каттакон қуёш илғар-илғанмас тепага кўтарилади. Ҳаво исиб кетди. Дала адоғида ҳам камишзорлар ястаниб ётибди. Тавба, мунча кўп бу ерда қамишлар? Эгатлар орасидан янтоқлар бош кўтарибди. Янтоқ сувсиз жойда ҳам ўсавераркан-да? Йўқ, илдизи нам қидириб жуда чуқурга кетади. Бу ернинг янтоқлари ҳам пастак-пастак. Энсиз, камбар барглари қалин чанг билан қопланган.

Бир-икки соатдан кейин ёнимдаги Зокир атрофга аланглаб, «Қорин очқаб кетди-ку, нон ейсанми?» дейди. Ортимга қарадим, Иброҳим домла тол тагида ўтирибди. «Э, кўрмайди, ора узоқ-ку» деб, Зокир этагининг ичидан бир бурда нон олиб узатди.

Салдан кейин тушлик вақти бўлди. Менинг терган пахтам ўн етти кило чиқди. Шийпонга қайтдик. Онам пиёла, коса, қошиқ бериб юборган, уни ётар жойимнинг бош томонига, ёстиғимнинг тагига рўмолга ўраб жойлаб қўйганман. Тушликка макарон шўрва тарқатилди. Овқатланишга бир соат вақт берилди. Иброҳим домла шийпон орқасида ётган эски темир ғилдиракни олиб келиб, тол шохига сим билан остирди. Шу тариқа занг ясалди, пичадан сўнг болалардан бирининг қўлига темир бериб, «Чал!» деди. Бола илжайиб, темир билан ғилдиракни бир урган эди, қаттиқ даранглаган овоз чиқди. Занг чалинди, яна далага жўнадик.

Кечгача ўн беш кило тердим, жами ўттиз икки бўлди. «Штаб бўлади, домла пахтасини теролмаганларни уради» дейишарди. Шийпонга етиб бориб, юз-қўлимизни ювгач, домла қўлида қоғоз билан чиқиб келди, «Мадвалиев, Акбаров, Тожалиев, Маҳмудов, Муҳаммаджонов... толнинг тагига ўт ҳамманг! Сенларга овқат йўқ! Қолганлар қозон бошига марш!»
– Энди уради! – деди қўрқа-писа бир бола.
– Менга калтак ўтмайди, – деб мақтанди бошқа бири. – Отамдан калтак еявериб пишиб кетганман.

Синфдошлар овқатланиб бўлишгунча тол тагида типпа-тик туравердик. Ҳамма овқатланиб бўлгач, Иброҳим домла бизларни қаторлаштириб тизди. Кўзларини ўйнатиб, саф бошида турган боланинг олдига келди.
– Нимага кам тердинг?

Бу саволга қандай жавоб бериш мумкин? Ростини айтсам, ҳозир ўнта жавобни қаторлаштириб қўя оламан. Ўшанда-чи? «Тергим келмади, белим оғриди, пахта тош босмас экан...» Лекин, ўшанда домланинг ҳайбатидан жавоб беришга ҳолимиз йўқ эди. Зуғуми шиддатли эди.
– Нега кам тердинг?

(Яъни, истамадингми? Дангасалик қилдингми?)

Болалар жим.

Иброҳим домла тўсатдан боланинг кулоқ-чаккасига қарсиллариб шапалоқ туширди.
– Нимага?
– Бўлди, домла, урманг! Тераман-тераман, - деди бола, қўрқиб, юзини ушлаб. Кўзидан дув ёш оқиб кетди.
– Терасанми? А, терасанми?
– Тераман, домла, тераман!

Домла иккинчи болага ўтди:
– Нега кам тердинг?
– Қорним оғриди, домла.
– Қорнинг оғриса, нега айтмадинг? Баҳона қилаётгандирсан?
– Йўқ, домла, ростдан оғриди.
– Бекор айтибсан!

Қарс! Учинчисига навбат келди.
– Нимага кам тердинг?
– Сен-чи, нимага кам тердинг? Еган нонингни оқлашгаям етмапти-ку терган пахтанг? Қарс!

Навбат менга келди.
– Нимага кам тердинг?

Домла туғёнда эди, жавобни ҳам кутмасдан тарсаки тортди. Кўзимнинг олдидан ўт сочилиб кетди, лабим ёрилди, қулоғим шанғиллаб кетди.
– Билиб қўй, эртагаям кам терсанг, абжағингни чиқараман, тушундингми? Энди ҳамма ухлашга! Ўн беш минутдан кейин чироқ ўчади!

Ҳамма дўпир-дўпир ўз жойига чопди. Шийпоннинг ён томонидаги домлалар хонасида шам ёнди. «Ҳозир ароқ ичишади», деб шивирлади болалардан бири. Салдан кейин ростдан ҳам чироқлар ўчди. Домлалар хонасидаги шам кучлироқ ёғду тарата бошлади, қошиқларнинг тарақлаши, кулги овозлари эшитилди.

Болалар у ёқ-бу ёқдан гаплашиб ётишипти. Тўсатдан эшик очилди, Иброҳим домланинг овози келди:
– Ҳамма ухласин! Нимани гаплашяпсан?

Кимдир ёлғондакам хуррак отди. Домла унинг кимлигини билолмайди, чунки қоп-қоронғи. Кимдир пиқ этиб кулди. Ҳамма чарчаган экан, тез орада бир хилдаги сокин нафаслар эшитила бошлади, болалар бирин-кетин уйқуга кетишди. Анчадан кейин ёнимдаги Раҳим шивирлади:
– Ўртоқ, ухлаганинг йўқми?
– Йўқ, – дедим.
– Шийпоннинг орқасида ажина бормиш!
– Йўғ-э!
– Ростдан! Ини зовурнинг нарёғида экан.

Ажинанинг ини бўлиши ақлга сиғмайди.
– Юр, ўртоқ, чоптириб келайлик, – деб ялинади у салдан кейин.

Мана, нимага ажинадан гап очибди? Бир ўзи чиққани қўрқар экан-да?

Роса ялинтиргач, биргалашиб ташқарига чиқамиз.

Чанг кенгликлар ой нурида оқариб кўринади. Кимсасиз, ютаман дейди бу макон. Тол тагига борамиз. «Қибла тарафга қараб чоптирма, гуноҳ бўлади», дейман. Раҳим менга орқа ўгириб, чоптира бошлайди, шунда янтоқлар орасидан бир нима лип этиб ўтади, апил-тапил, жонимиз борича орқага қараб кочамиз. Балки тулкидир? Лекин жимжит, ойдин бу кенгликлар бизни қўрқитади, ҳайиқтиради, ваҳимага солади.

Раҳимнинг қўрқоқлиги эртасига ҳаммага ошкор бўлади, лекин ҳеч ким унга «қўрқоқ» деган тамғани осмайди. Чунки, ажинадан ҳамма қўрқади.

Тонг уйқуси жуда қаттиқ ва тотли. Саҳар салқинида кўрпага маҳкам бурканиб, ширин тушлар кўриб ётганингда занг овози келади.

Турамиз. Саҳарлаб ҳаммаёқда яна саларка иси анқийди. Чой қайнабди, бак биқир-биқир қиляпти. Яна қаторлашиб нон-шакар олгани борамиз. Яна гуруҳ-гуруҳ бўлиб ўтирамиз, биттамиз бориб темир чойнакда чой олиб келамиз. Нонушта қилиб улгурмасимиздан домланинг овози келади:
– Сафлан!

Тасир-тусир этакларимизни оламиз, сафланамиз.
– Бугун ҳам норма қирқ кило! Ҳайда!
– Ҳайда!

Кечаги ўн гектарлик даланинг терилмаган қисмидан эгатга тушамиз. Иброҳим домла бугун шийпонда қолган, биз билан Тўхтасин домла келган. У, қўлида толхивич, этигининг қўнжига тарс-турс урганча у ёқдан-бу ёққа юради.

Пахталар нам. Кўпроқ териб қолиш керак, тош босади. Кун исиганида қуриб, енгил бўлиб қолади. Иброҳим домланинг қўли қаттиқ экан, қулоғимнинг ости ҳалиям оғрияпти. Зокир пахтасига кўсак аралаштиради, кесак ҳам қўшади.
– Билиб қолса, ўлдиради! – дейман.
– Кеча нариги синфдан битта бола қўшган эди, ҳеч ким пайқамади, – дейди у. – Сен ҳам қўшақол.

Ростдан ҳам, биров билиб ўтирибдими? Катта кесакни майдалаб, пахта орасига қўшиб юбораман.

Тарозибон сезмайди. Тележка устидаги синфдошимиз эса, кўрса ҳам индамайди. Йигирма икки! Кечгача яна ўн саккиз кило терсам бас. Этик оёғимни шилиб юборибди, юрсам ачишади.

Шийпонга қайтамиз. Яна қатор тизилишиб, овқатга навбат кутамиз. Макарон шўрва экан, макаронлари оппоқ эмас, қорамтир, катта-катта.
– Мадвалиев, Абдуллаев, Акбаров, Мамасолиев, Деҳқонов, Ғойипов, тол тагига!

Номи тилга олинганлар бир четда хомуш туришибди. Тилга олинганлардан бири, Одил – кўзлари қоп-қора, жуда кўнгли тоза, аммо гавдаси кичкинагина бола, ҳаммадан кўра кўпроқ жавдирайди. Домла у ёқдан-бу ёққа ўтганида ортидан ҳайиқиб-қўрқиб қарайверади.

Қоронғи тушади. Жазолаш маросими бошланади. Бутун синф бир томонга, айбдорлар бошқа томонга тизилишамиз.

Одил, домла яқинлашганида қўрққанидан йиғлаб юборади.
– Домла, қаеримга урсангиз ураверинг, аммо бошимга урманг! – дейди йиғламсираб, бошини қўллари билан тўсиб. – Мен бултур олмадан йиқилиб тушганман, бошимга урсангиз миямнинг ичи оғриб қолади.
– Бекор айтибсан! – дейди домла, қарс этиб шапалоқ туширади. Уришни мунча яхши кўрмаса? Одил вой-войлаб, бошини ушлаб қолади. Боши ростдан ҳам оғрийди, синфда дарсда ҳам баъзан оғриб қолишини биламан.
– Нимага кам тердинг? Нимага?
– Ни-ма-га?

Ҳамма жазосини олиб бўлди.

Бугун палов экан. Лекин бемаза, гўшт ўрнига картошка солинган. Очқаганимиз боис тез-тез еб оламиз. Лаганнинг остида бироз қолдирамиз. Ерга ўтириб олганмиз, этакларимизни дастурхон ўрнига солганмиз. Домла айланиб-айланиб юради, кейин хонасига кириб кетади. Ичкарига лаганни билдирмасдан кўтариб кирамиз, жазоланганлар совиб қолган ошни тез-тез еб олишади. Шийпон қоровули бир лаган ош кўтариб, домлалар хонасига йўналади.
– Гўштларини кўрдингми? – дейди Зокир, пичирлаб. – Ҳамма гўштни ўзларига солишибди.

Одил хафа, индамай ётиб олган.
– Қалайсан, Одил?
– Бошим... – дейди у. – Миямнинг ичи оғрияпти, ўртоқ.
– Менга қара, – дейман. – Ҳозир кичкинамиз-ку, а? Лекин, ўнинчи синфларни кўрдингми? Тоғамлар мактабни битиришганидан кейин Тўхтасин домлани уришибди. Шошмай тур, биз ҳам катта бўлайлик, Иброҳимни урамиз.

Одил тўсатдан жонланади.
– Бошига ураман, – дейди, кўзлари чақнаб. – Мен ҳам бошига, тош билан ураман, ўртоқ!
– Ҳозир чироқ ўчади, – дейди кимдир.

Чироқ ўчади.
– Беҳи ейсанми? – дейман Одилга.
– Йўқ, ўртоқ, мазам бўлмаяпти, – дейди у.
– Беҳи есанг, оғриғи қолади, – дейман. Одил индамайди. Нарида, қоронғилик ичида пичир-пичир эшитилади. Болалар ҳали-вери ухлагиси келмайди. Кимдир уйқуга кетди, кимдир гаплашиб ётипти. Дарчадан ой кўзга ташланади, у бепоён кенгликларда жим кезинади.

* * *

Яна тонг отади. Яна жунжиктирувчи салқин шамол. Занг чалинади. Этиклар кийилади.
– Синф, сафлан!

Сафланамиз. Одил энг охирида чиқади. Кўзлари қизариб кетипти.
– Ҳалиям тузалмадими? Айт, бошқа домлага, – дейман.
– Йўғ-э, – дейди Одил. У Иброҳим домладан жуда қўрқади. – Анави барибир эшитиб қолади, кейин яна уради.

Одилнинг қўнгли айнийди, боши айланади. Еган нарсасини қайт қилади.
– Еттинчи синф! Марш далага!

Оёқ остидаги нам тупроқ этиклар пошнаси остида оғир-оғир сочилади.
– Ўртоқ, бир гап айтайми? – дейди Одил. – Мен Замирага хат ёзувдим.
– Йўғе? Нима деб ёздинг?
– Шеър ёздим, – дейди Одил. – Кўрсатайми?
– Нимани кўрсатасан?
– Хатни-да.
– Э жинни! Бермадингми?
– Ёздим холос, берганим йўқ. Ўқиб устимдан кулворса-чи?

Одил этигининг қўнжидан букланган қоғоз чиқаради. Катак дафтар варағига ёзилган тўрт мисра шеърни ўқийман.
– Қишлоқ маззайди-я, – дейди Одил. – Бодринг-помидорлар пишиб ётарди, узиб шакароб қилиб ер эдим. Отам иш буюриб кетарди, дарров бажариб қўярдим-да, кейин мазза қилиб ётардим.
– Қаерда ётардинг? – дейман. Одилнинг онаси куйинчак, озғин аёл, Одилга иш буюрмай туролмаслигини яхши биламан.
– Қуриган супургиларни дасталаб, бостирманинг устига босиб қўйганмиз, – дейди Одил. – Нон билан беҳи олиб, китобим билан устига чиқиб кетардим, орасида ўзимга жой қилиб олган эдим. Ўша ерда нонни еб, маза қилиб китоб ўқиб ётардим.
– Пахтангни тер, домла қараяпти.
– Энгашсам бошим айланяпти-да, – дейди Одил, кейин чўнқайиб олиб тера бошлайди. Анчадан кейин қарасам, ўтирган бўлади.
– Мен бўлмай кетяпман, ўртоқ, – дейди у.

Домла этигига хивични тарс-тарс уриб, яқинимизга келади.
– Домла, Одилнинг мазаси бўлмаяпти.
– Бекор айтибсан, – дейди у. – Нима қилди?
– Бошимнинг ичи оғрияпти, – дейди Одил.
– Иброҳим домла урди-ку кеча? Одил олмадан йиқилиб тушган, бошига урса мияси оғрийди.

Тўхтасин домла ўйланиб қолади, кейин Одилга «Пахтангни йиғиштириб, юр мен билан,» дейди. Одилнинг ранги оқариб кетган, аммо шодланиб, менга кўз қисади.
– Бор шийпонга, тушликда гаплашамиз, – дейди домла. Тушликкача йигирма бир кило тераман. Борсак, нон-макарон олиб келадиган юк машинаси Одилни олиб кетган бўлади. Ўртоғимнинг кетгани дилимни эзади, ёлғизланиб қоламан.

* * *

Бир неча кундан кейин совуқ тушади. Зовур тубидаги сув зангор тус олади. Умуман, кузда сувларнинг тўқ зангор тус олишини ўша ерда кўрганман. Якшанба куни ювиниш куни деб эълон қилади домла. Якшанба куни тушгача терасанлар, тушдан кейин тозалик куни. Қанақа тозалик бўлиши мумкин бу ерда? Тушгача болалар барибир кам теришади, домла норманинг ярмини белгилаган бўлса-да, бугун штаб бўлмаслигини ҳамма билади. Тушдан сўнг ким ариқ бўйида, ким челакка сув олиб ювинамиз. Кейин чой ичамиз. Кечки овқатгача анча вақт бор, қорин очқайди, яшириб қўйган нонларимизни олиб еймиз. Шу маҳал Зокир «зовурга балиқ ушлагани тушмаймизми?» деб қолади. Зовур жуда чуқур, тубида бақатўнлари билтанглаб, озгина сув оқади. Қамишларни ушлаб-ушлаб, энг пастигача эниб борамиз. Сув ичида қорамтир илонбалиқлар сузади. Тушишдан чўчиймиз, аммо балиғини тутиб олгимиз келади. Зоҳид тикандан қармоқ ясайди. Нам ерни кавлаб чувалчанг топамиз, тиканқармоққа илиб, сувга ташлаб кута бошлаймиз. Балиқ илинмайди. Аммо кўриб турамиз: шошмай, бамайлихотир сузади. Қора, ингичка, узун балиқ у.

Салдан кейин шамол эса бошлайди. Пастак дарахтларнинг шохларини юлқилайди, хира жигарранг япроқларини узиб чирпирак қилиб чангу тўзонга қўшиб кўтарилиб кетади. Ҳаммаёқ чангга тўлади, дарахтларнинг нега паст ўсганини шунда тушуниб қоламан – шамол туфайли экан. Далаларнинг бепоён пахтазорларидан кўтарилган оппоқ, ёқимсиз чангу тўзон ҳамма ёқни энлаб кетади. Зовур ичида бўлганимиз учун унча сезилмаётган экан, тепага кўтарилганимизда манзарани кўриб ҳайрон қоламиз. Бир томон осмон бўйи чанг, шийпон томонга ҳали етиб бормаган, аммо шамол шиддати зўраймоқда.

Ҳаво янада совиб кетади. Қат-қат қора булутлар тўпланиб келади, шамол сусаяди-да, бирданига ёмғир қуйиб юборади. У баҳорнинг ёмғирларига ўхшамайди, муздай, тишларимиз такирлаб, шийпонга қайтамиз. Бизга ўхшаб ёмғирда қолган беш-олтита бола ҳўл мушукка ўхшаб мунғайиб ўтиришипти. Ёмғир оқариб кўринаётган шийпонни, «Мансуб-1984» деган ёзувни, улкан кесак харсангларини, калта ўсган бақувват қиёқларни, дарахтларнинг баргларини йилтиратиб-тозалаб, бир хилда ёғади. Йўллар, кесаклар, оқиш тўзон қоплаган дов-дарахт қорайиб қолади. Томчилар ёнимиздаги ариқнинг зангор сувида кичик ҳалқалар ҳосил қилади. Шамол тиниб, шабадага айланган, бу – ёмғирнинг шабадаси... осмонга қарасам булутлар янада пасайибди, ораларида оқиш доғлар кўзга ташланади, аммо хўмрайган, эзувчи само.
– Оббо! Энди эрталабгача тинмайди, – дейди Зокир.

Куз совуқлари ана шундай бошланади. Болалар айвондаги ўринларини ёйиб, ўзларига жой солиб, кўрпанинг тагига кириб кетишган. Қарасангиз кулгингиз қистайди: қатор кўрпалар остидан бошлар чиқиб турибди, кўзлар чақнайди. Қанор қопнинг бир четини кўтариб қўйганмиз, бу ердан ёмғир остидаги далалар, йўллар, толларнинг қари таналарию шохлари, зовур бўйидаги ёмғир остида силкинаётган қиёқлар кўриниб туради.

Узумзор ёнида овқат пишяпти. Домлалар ғўнғир-ғўнғир гаплашишмоқда. Бугун чироқ бўлмасмиш, чунки ёмғирда симларда қисқа туташув рўй бериб, ёнғин чиқиши мумкин экан.
– Мазза! – дейди Зокир, кўрпасини иягигача тортиб. – Мен ёмғирдаю шамолда, очиқ айвонда кўрпага ўраниб ётишни яхши кўраман, ўртоқ.

Ҳаво булут бўлгани учун шом эрта қўнади. Атрофни қоронғилик босмасидан овқатланиб оламиз. Бориб, коса-товоқларимизни ювиб келамиз.
– Ҳамма ётсин! – деган дўриллаган овози келади Иброҳим домланинг.

Ҳамма ётиб олган, аммо уйқу қайда? Кун бўйи пахта терганимизда, чарчаганимиздан дарров кўз илинарди. Ҳозир уйқу йўқ. Домлалар яна ўз хоналарига тиқилиб олишган, у ерда шам ёғдуси липиллайди. Шомдан олдин қишлоқдан кимдир мототсиклида тойғона-тойғона келган, у ҳам домлаларнинг олдида. Ҳар замонда кимдир томоқ қириб қўяди, бу сиёсат учун – домлалар уйғоқ, ҳушёр, нафасингни билиб ол демоқчи. Кимдир ниманидир гапиради, кимдир қиқир-қиқир кулади, кулгиси шу қадар зўрки, ҳеч ўзини тўхтатолмайди.
– Қачон қайтар эканмиз қишлоққа?
– Қайтиб нима қиласан, у ерда ҳам ҳамма далада, – дейди бошқаси. – Нима қиласан уйга бориб? Эрталаб мактабда бошингни қотирасан, уйда мингта иш.

Рост айтади. Совуқлар тушиб қорлар ёққанидан сўнг далада пахта қолмайди. Аммо илк қорда ҳам терса бўлади, қор совуғи қолган-қутган кўсакларни ёриб юборади. Халқ ана ўшаларни ҳам теради. Кейин ғўзапоя мавсуми бошланади. Тракторлар ғўзаларни бир хилда қирқиб-ётқизиб кетаверади, гоҳо ғўзапоялар орасида ҳам пахта терган кунларимиз бўлган. Уларни кишилар даста-даста бойлаб уйларига олиб кетишади, ғўзапоя – тандирга, ўчоққа яхши ўтин бўлади. Кеч куз, ғўзапоя мавсумига ҳам оз қолди. Ҳозир онам сингилларим билан кўсак чувиётган бўлиши ҳам мумкин.

Болалар бир нималарни шивирлаб гаплашишмоқда, домла эшитиб қолса яна бақириши мумкин.

Тўсатдан қоронғилик ичидан бир шивир тарқалади, қаторлашиб ётган болалар орқали тўлқинланиб, менгача етиб келади, улкан ётоқ жим бўлиб қолади, баҳайбат бир нима қоронғилик ичида осилиб-ҳаракатланаётганга ўхшайди.
– Болалар, Одил ўлиб қопти!
– Одил... ўлиб... қопти?

Қайдан келди бу хабар? Мототсиклли киши олиб келдими уни?

Қоп-қоронғи. Жимлик. Ёмғир ҳам, шамол ҳам тинган. Деразада домлаларнинг хонасидаги шам ёғдуси липиллайди.

Одил?

Ҳеч ким бир нарса демайди. Болалар саросимада.

Одилнинг менга айтган сўзлари эсимга келади.

Ана у... қўлларини бошини тўсиб ялиняпти: «Домла, жон домла, бошимга урманг.. мен олмадан йиқилиб тушганман... урсангиз миям оғриб қолади!»

Ана у... эгатлар орасида, ранги оппоқ, Тўхтасинга эргашиб, менга кўз қисяпти.

Ана у... «Ўртоқ, мен Замирага хат ёздим...» Ичимдаги жуда улкан, ҳайбатли бир нарса бўшлиққа айлана бошлайди. Юрагимнинг туб-тубидан бир йиғи келади. Қоронғида ҳеч ким кўрмайди деб, шундай бўлса-да кўрпага бошимни буркаб, ўз-ўзимдан йиғлаб юбораман.

* * *

Эртасига турганимизда теваракни қор қоплаб олган бўлади. Иброҳим домла хомуш, улкан гавдаси эгилган, қошларининг ўртасида тугунча, у ёқдан-бу ёққа юради.

Иброҳим домла қамалармиш!

Бу хушхабар ҳар ёққа таралади. Юраклироқ кимдир у ўтган жойга бориб, изига тупуради.

Ортидан бошқа хушхабар тарқалади: бугун қишлоққа қайтар эканмиз.

Шийпон тўс-тўполон бўлиб кетади. Ҳаммаёқ ифлос, лой. Ўрин-кўрпалар йиғилган. Болалар ғўнғир-ғўнғир гаплашишади. Ҳамма юк машинасининг келишини кутмоқда.
– Ғалати бўляпти-ку, а? – дейди Ғани.

Шу ўн-беш йигирма кунда жуда қалин дўст бўлиб қолганимизни тушунгандай бўламиз. Бир-биримиздан айрилгимиз келмайди. Лекин, барибирам қишлоққа қайтамиз.

«Мансуб-1984» ортда қолиб кетади. Қор қоплаган далалари, ғоят чуқур зовуридаги ингичка балиқлари билан, узоқлаша-узоқлаша кўздан йўқолади. Юк машинаси тойғона-тойғона гуриллаб, ғилдираклари остидан лой ота-ота бизни қишлоққа, ота-онамиз бағрига сургалайди. Ортимизда чуқур-чуқур излар қолмоқда, уларга кўлмак сувлари тўпланмоқда. Еттинчи синфнинг ўша йилги терим мавсуми ана шундай ниҳоясига етади.

* * *

Кейинги йил саккизинчи синф бўлиб яна ўша томонларга ётоққа олиб кетилдик. Бу гал у ерлар илк сафардаги каби нотаниш таассуротларни уйғотмади. Бу сафар ўқитувчилар ҳам бошқа эди, лекин ўша ер, ўша шийпон, ўша чой қайнатиладиган бак... Айвон атрофи бу сафар қора мумқоғоз билан ўраб чиқилган эди, кундузи кирсангиз ҳам қоп-қоронғи бўларди, қоқилган тахталарининг зирапчалари кўлга кирарди. Ёруғ тушиши учун ҳар ер-ҳар ерини йиртиб туйнукчалар очилган, кун ўтгани сайин болаларнинг шўхлиги оқибатида йиртиқлар сони кўпая-кўпая, ахийри ҳилвираб-осилиб ётган ҳолга келди. Ҳозир ўша жойдан уч-тўртта мактаб боласининг қочиб кетганини ҳам эслайман. Уларнинг исмлари хотиримда йўқ, аммо ҳали тонг ёришмасдан яримта нонни белига тугиб, тупроғи ўйнаб кетган кимсасиз йўллардан, домлалар мабодо қувиб қолишса кўрмасин дея толлару зовурларнинг қамишлари орасида яширина-яширина, кун бўйи эллик чақирим йўл босиб, ҳориб-чарчаб қишлоққа кириб боришгани, эртасига эса ўша тахталари синиқ юк машинаси қочқинларни яна шийпонга олиб келиб ташлагани ҳам эсимда. Шумшайиб турган синфдошларимизга қараб, қочган еринг шу бўлдими деб кулганларимизни ҳам эслайман.

Йиллар ўтди. Ҳаётнинг долғалари ҳаммамизни шиддат билан турли томонларга қараб оқизиб кетди. «Мансуб-1984» ҳам унутилди, дала адоғидаги шовуллаган толлар, ер бағирлаб ўсган беҳилар, тупроқ йўллар, чуқурдан-чуқур зовурлар... ҳамма-ҳаммаси, эсланганида тутун кўзни ачиштиргани каби дилни бир ачиштириб йўқолди-кетди.

Мен ҳам қирқни ҳатлаб, элликка қараб кетмоқдаман.

Иброҳим домла ҳали ҳаёт, қариб-мункиллаб, беш вақт намозини канда қилмайдиган қадди букик художўй чолга айланган, қошлари ўсиб, кўзларини тўсиб қўйган, бармоқлари қалтирайдиган бўлиб қолган. Унинг зуғумлари, ўшқиришлари ва уришлари ҳам ўсмирлик шиддатларига қўшилиб жуда олисларда қолиб кетди. «Мансуб-1984»га қўшилиб, ҳеч қачон эсланмас бўлиб, узоқ болаликнинг долғалари ичра ғойиб бўлди.

Ҳеч қачон эсланмас дедимми? Йўқ, қирқ тўрт ёшимда, тўсатдан эсга келди у.

Ажабки, эсга келишига арзигулик бир сабаб ҳам йўқ эди!

Ахир, орадан ўттиз йилга яқин вақт ўтди-ку?

Тафаккурим ой нури каби ёритган хотираларим орасидан ўша сўқмоқ, ўша шийпон, чуқур зовурлар, ер бағирлаб ўсган беҳи, теграсига қанор қоп матоси қопланган айвон, ерга қапишгандай ғўзалар, зовур ичида билтанглаган бақатўнлару ингичка узун илонбалиқлари билан кўз олдимда туйқусдан қалқиб чиқди у! Ўша ерда, шийпон қошида ингичка гавдали, майсадай заиф бир болакай менга қараб турар эди!

Сочлари меникидай қоп-қора, кўз-қошлари худди менинг ўзим... оёғида қўнжи қайирилган «тош» этик, устида пахталик, озғин елкалари туртиб чиқиб турибди. Ортида эса ўша чуқур зовур, четларидану тубларидан ўсиб чиққан қамишлар шовуллаб чайқалмоқда. Осмонни хира булутлар тамомила энлаб-қоплаб олган, битта-иккита ёмғир томчиси тупроқ йўлларига кулранг нуқтачалар ҳосил қилиб томчилайди.

Шунда унинг... кимдандир қўрқаётганини пайқайман. Қоп-қора ўйчан кўзлари ҳадиксираб, ҳайиқиб боқади мен тарафга.

Бу ҳайиқишнинг нималигини жуда яхши биламан-ку? Ахир, рўй-рост сезяпман-ку нимадан ҳадиксираётганини!

«Кел, келақол, болам, нега қўрқасан?» дейман ичимда. Овозимни у эшитади. Бош чайқайди, яна ҳайиқиб нигоҳ ташлайди. Шунда м е н д а н қ ў р қ а ё т г а н и н и сезаман. Нима учун? Катта ёшли, куч-қувватга тўлган, зуғум ўтказишга қодир киши бўлганим учунми?

Унинг бармоқлари ёрилиб-ёрилиб кетган, узун-узун бармоқлари. Уфқлар эса бўм-бўш.

Юрак-юрагимдан сезаман – у бугунги вазифасини бажариши керак. Бепоён далага бориб, ерга қапишгандай ғўзалардан тош босмайдиган, пардай енгил чанг босган пахталарни териши керак.

Мана, ҳозир этагини олади-да, индамай далага йўналади. Кимсасиз дала бағрида бир ўзи кетиб боради. Шунда ҳам гоҳ-гоҳо ўгирилиб, мен томонга ҳадиксираб қараб қўяди.

Тўхта, болажон, қўрқма! Сен қўрққан одам эмасман мен. У одам олис болаликнинг далаларида қолиб кетган. У энди ҳеч қачон сенга зуғум қилмайди, килолмайди.

Йўқ, энди айтмасам бўлмас!

Айтмасам, сира бўлмайди!

Эй, кимсасиз шийпон бағирларида бир ўзи қолиб кетган болакай! Кўзингдаги кўрқувнинг менга нақадар таниш эканини, кап-катта киши бўлсам ҳам, дилимда ҳали-ҳануз ўша қўрқув яшаётганини билсайдинг? Ҳалигача бўйним букик, айтар сўзим тилимга рўй-рост чиқмаслигини-чи? Ёшлигимнинг сўқмоқларидан ҳалигача ўша кишилар зуғум билан ўқрайиб туришганини-чи? Сен каби, мен каби сонсиз-саноқсиз болакайларнинг айни ўша маҳалларда шаҳди синдирилиб, қаноти қайирилганини, қўрқув билан шуурларига босим ўтказилганини, бўйсуниш дарслари берилганини-чи?

Теграмиздаги сонсиз-саноқсиз қишлоқларнинг ўша маҳалдаги минглаб болакайларининг, ҳозир вояга етиб, мен каби бир рўзғорнинг бошига келиб, болали-чақали бўлган кап-катта кишиларнинг - биздан аввалги ҳамда биздан кейинги синфларнинг – зуғумчи кишилар қаршисида нозикниҳол, самимиятга тўла заиф ва ҳимоясиз титраган ўша болаларининг ҳаммаси бутун бошли бир авлодга мансуб эканини, онгларнинг туб-тубигача сингиб кетган мана шу мансублик қўрқуви ҳали-ҳануз шуурлар орасидан қалқиб-қалқиб чиқаётганини ҳам айтайми? Барчамиз ана шу мазлумлар авлодига мансуб эканимизни, онгу шахсиятларимизни босиб-эзиб турган мана шу оғир м а н с у б и я т тоши остида йиллардир яшаб келаётганимизни-чи?

Эй болакай, қўрқма мендан! Ахир, иккимиз ҳам ана шу тақдирга мансубмиз-ку? Сени ўзингдан ҳам яхшироқ тушунаман-ку? Ўшанда – бундан ўттиз йил илгари, мен ҳам худди сендай эдим. У қаҳри қаттиқ одам сену менга ўхшаш ўнлаб болаларнинг қанотини қайирди, шаҳдини синдирди, мутеъликка, қўрқувга ўргатди. Ҳалигача гоҳ ҳаёт, гоҳ турмуш ташвишлари олдимга бажаришим шарт бўлган кундалик вазифаларни кўндаланг қилмоқда, уни бажармасам, шом маҳали кимдир тик турғизиб, ҳамманинг кўзи олдида аёвсиз дўппослашидан ҳалигача қўрқаман, болам.

Шошма, кетмай тур далангга! Мана... ёнингга боряпман.

Ҳозир етиб бораману ўзимга ўхшаб кетадиган қош-кўзларингни силайман, ниҳолдай ингичка, ҳимоясиз гавдангни бағримга босаман, сочларингнинг исини димоғимда ҳис қиламан! Балки шунда сен ҳам чинакам отанинг меҳрибон бағрини ҳис этарсан, кўзингдаги қўрқув ғойиб бўлиб, ўрнида ажойиб бир ёлқин – келажагига мутлақо ишонган мусаффо болаликнинг самимий ифодалари ниҳоят, уйғонар?

Бирпас шошмай тур, илтимос. Мана, ҳозир... қалбимда сим-сим оғриётган оғриқларим билан... юрагимдаги изиллаб ёғаётган ёмғирлару лой тупроқлар, яшил сувлар, изларда тўпланаётган кўлмаклар, тубида ингичка зангор ғусса оққан зовурларнинг манзаралари билан... деворларига ўйиб ёзилган ёзувларию ҳатто тилга олишга-да ҳайиқадиганим турли-туман бошқа хотираларим билан... ёнингга етиб бораман, ингичка қўлларингдан тутаман.

Сўнг, ўша илонизи, теграсида янтоқлар ўсган тупроқ йўллардан биргалашиб кетамиз... қаёқларгадир... ўғлим!

2011