OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИсажон Султон
Асар номиОйдинбулоқ (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Исажон Султон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм16KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/02/13
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Ойдинбулоқ (ҳикоя)
Исажон Султон

Қишлоқ четидан уйга қайтаётган эдим. Сўқмоқдан юриб, пастликка тушдиму атрофини жингулларнинг қалин девори ўраган, қари, бужур тол барглари шитирлаб турган Ойдинбулоқ ёнидан ўтдим.

Бу булоқ болалигимдан бери бор. Суви кумушдай. Милтиллаб оқиб ётади. Болалик чоғларимда иссиқ нонни шу булоқ сувига ботириб ер эдим. Бу бужур тол у маҳаллар жуда улкан эди. Кирғоғида оламда йўқ майсалар ўсар, улар таратган бўй ҳам жаннат бўйи монанд эди.

Бугун шу булоқ ёнидан ҳеч ўтиб кета олмадим. Бир нима ўша томонга тортаверди. Буталар оралаб ўтиб, булоқ ёнига келдим.

Ўша-ўша бужур тол. Шохчаларида ҳануз қушлар чуғурлашаётир.

Ойдинбулоқ ҳануз милтираётир. Булоқ кўзчасига битта япроқ тушиб қолибди, гирдобдан чиқиб кетолмай, чириллаб айланаётир.

Толнинг очилиб қолган ғадир-будур, қизғиш, яланғоч илдизи орасига шамол хазонларни тўплаб, уйиб қўйипти. Юрагам жизиллаб, бир япроқни қўлимга олдим. Карангки, шамол унга хат битиб кетган экан.

«Бу кун заволлидир», деб битибди шамол япроқ сиртига.

Ойдинбулоқ сокин жимиллаётир. Булоққа энгашиб сув сиртида аксимни кўрдим — ундан чаккаларига қиров оралаган, юзларига ажинлар тушган киши менга жим қараб турар эди. Хаёлим тўзғиб кетди. Бир маҳаллар... бир маҳаллар шамол худди шу ерга, худди шу япроқларга ўшандаям хат битиб кетмасмиди? «Бу кун шарафлидир» деб битмасмиди ўшанда?!

У маҳаллар мен ўн етти-ўн саккиз ёшли ўспирин эдим!

У маҳаллар олам беҳад кенг, Ойдинбулоқ беҳад катта, бу бужур тол сояси дунёни энлагудек эди.

Ўшанда...

Ўшанда... бу булоқ ёнида мен Паризодни учратган эдим!

Эслаяпману... ўзимни худди ўн етти яшар бўз йигитдай сезаётирман...

Ахир, ўшанда... олам бошқача эди, биродарлар!

Паризодни тўсатдан кўрдим. Сигирга ўт ўриб келаётган эдим. Қуёш бота бошлади. Адашиб қолган асаларилар ўтлар орасида бўғиқ ғўнғилларди.

Қайдандир янги ўрилган беда ҳиди, янги соғилган сут иси анқирди.

Ойдинбулоқ ёнига бурилдиму... ўша ерга бир нур тушиб турганини кўриб қолдим. Нур самодан ёғилмас, Ойдинбулоқдан таралар эди.

Ойдинбулоқ ёнида бир пари турар эди.

Унинг либоси... Нимасини айтай, ер қизлари бундай либосни тушларидаям кўрмайдилар.

Кўзлари юлдуз эди. Бундай фусункор кўзларни оламда фақат мен кўрганман. Бошқалар ҳам кўрганларида, худди мен каби девона бўлар эдилар.

Ў, бу оламда унинг ўхшаши бормикин? У ер қизи эмас, кўк қизи эди. Балки, пари дугоналари билан чўмилгани тушгану мен кўриб қолиб, қочишга улгуролмагандир? Қайдам... Ўша маҳалда жойимдан тўхтаб қолдимми ё олдига қараб юрдимми — эслолмайман.

Фақат, угина ёдимда.

Сув томчилари ой ёғдусида қандай товланса, у ҳам булоқ ёнида шундай товланиб турар эди. Ҳа, эсладим — ахир, у бошяланг эди-ку? Нега ҳуркиб, учиб кетолмай турганини энди англадим: унинг рўмоли менинг ёнгинамдаги бута шохчасига илиглиқ эди. Аниқ-тиниқ эслайман: ҳарир, нурдан тўқилгандай рўмол эди.

Бир нима дейишга тилим ожиз, вужудим бу самовий малак олдида тош қотган, фақат кўнглим англамсиз бир бахт ҳисси билан тобора тўлиб борар эди. Балки, мени шу ҳис чалғитиб-алдаб қўйгандир? Мен уни кўриб қолганимдан нақадар бахтиёр бўлсам, унинг кўзларида шу қадар хавотир, ҳуркаклик бор эди. Дам рўмолига, дам менга қарар эдию аммо қимир этишга журъат қилолмасди.

Париларнинг тилсими рўмолида бўлади. Рўмоли қўлга олинса, улар ҳеч қаёққа учиб кетишолмайди!

Бир қадам қўйдиму рўмолини қўлимга олдим.

Шунда унинг нигоҳидаги ўзгаришларни кўрсангиз эди! Оҳу кўзлардаги ҳуркаклик қўрқув ва ғусса билан алмашди. Бошчасини куйи эгди, шўрлик. Узун киприкларга икки томчи ёш маржондай бўлиб сизиб чиқди.

Титраб кетди, титраб!

Ўшанда қалбимни қоплаб келган бахту саодатни умримда яна туярмикинман? Юрагим тоза ва тиниқ туйгулар билан лиммо-лим тўлди, худди самоларда учиб юргандай бўлдим.

Ўн етти яшар йигитча мард келади. У маҳаллар ғайратим осмонга сиғмасди. Бу кўк қизининг ғуссаси бир раҳмимни келтирса, бир қонимни қиздирар эди. Парининг жодусимиди ё қалбимдаги туғёнларнинг натижасими, билмадим, бироқ шу хилқат қошида тиз чўкким, унга жонимни фидо қилгим келди. Ҳа, унга фақат жонни фидо қилиш керак эди. Унинг қошида фақат тиз чўкиш керак эди. Унинг пойида хушбахтликдан жон таслим қилишнинг ўзи ҳам бемисл бир саодатдай туюларди.

Ҳисларнинг мана шу бўрони ичра, юзим мисдай қизиб, рўмолини унга узатдим. Ана энди бу гўзал чеҳрадаги ўзгаришни кўринг! Ҳозиргина ёш инган киприклари пирпирарди, катта, қоп-қора кўзлари болаларча қувонч билан боқди, қалдирғоч қанотидай қошлари ҳайронлик билан ҳимрилди. Рўмолини ола, ҳилпираб нари борди, менга яна бир бора миннатдорчилик билан боқди... Сўнг, кўкка парвоз қилди.

Ойдинда чўмилган булоқ, бужур тол ёнида — заминда бир ўзим қолавердим.

Кўнглимни ёмон бир гашлик қоплаб олди. Теграмни қуршаган афсонавий манзара оддий бўлиб қолди, қайдадир қурбақа қуриллади. Безовта зағчалар чуғур-чуғур қилишди.

Шом қўнган эди. Азиз бир нимасидан айрилган каби, ортимга қарай-қарай, кўнглимда бениҳоя ёлғизликни туйганча ўз йўлимга кетдим.

Ахир, мен уни етти ёшимда учратган эдим! Ўн етти ёшли ўспиринга баҳорда оппоқ гуллаган буталар ҳам қиз боланинг кўйлагидай бўлиб кўринмайдими?!

Воҳ, дил ёмон эзилди. Томоқдан овқат ўтмай қолди. Бағримни ерга бериб индамай ётаман. Кўз олдимдан Паризод сира кетмайди. Нимага рўмолини бердим-а? Ер юзида уни учратган фақат мен эдим-ку? Ахир, у кўкдан фақат мен учун тушган эди-ку? У фақат менинг, менинг Паризодим эмасмиди?

Кейин...

Кейин ҳарбий хизматга кетдим. Хизматдан қайтгач, уйландим. Қолгани ўз-ўзидан кетаверди: аввал ўғлим, сўнг қизим туғилди, бу ёқда ота-она кексайди, кунлар, ойлар, йиллар шу тариқа зувиллаб ўтиб кетди.

Йигирма-йигирма беш ёшимдаям Паризодни кўп қўмсадим. Баъзан бировга билдирмай Ойдинбулоққа бораман, бужур тол остида жим ўтираман. Қайнаб чиқаётган сув ой нурида живирлайди, шабада бултурги хазонларни шилдиратиб ўйнайди, булоқ кўзига тушиб қолган бир япроқ чириллаб айланади. Мўъжиза инсон умрида бир мартагина рўй беришини билсам-да, ортга қайтишни ҳеч истамадим.

Ўша сурур, ўша хушбахтликни қўмсайман.

Нихоят, ноилож ўрнимдан қўзғаламан. Уйга қайтаману кўнглим ўша ерда — Ойдинбулоқ ёнида қолиб кетади.

Аввал-бошда бундай ҳолатлар тез-тез такрорланиб турса-да, йиллар ўтгани сайин Ойдинбулоқ ҳам кичрайиб, бужур тол кексайди, бари ўсмирлик даврининг ширин афсонасига айланиб қолди. Чамамда, ўттиз ёшимдан сўнг Ойдинбулоққа сира бормадим.

Орадан йиллар ўтди. Фарзандлар улғайди.

Яқинда болалиқдан бирга ўсган ўртоғим мени тўйга айтиб кетди. Ўғлини уйлантираётган экан. Эртароқ борақолай, деб пешиндан кейин йўлга чиқдим. Уларнинг қишлоғига кириб бораяпману дилимда ғалати туйғулар уйғонаётир. Тераклар янаям баландлашибди, толлар йўл четини буткул энлабди. Кун иссиқ. Умр сувдай оқиб ўтиб кетибди, гўё.

Шундай ўйлар билан бораётсам, ўнгдаги дарвоза ғийқ этиб очилди-да, бир қўлида гўдагини кўтарган, бир қўли билан қизалоғини етаклаган бир жувон чиқиб келди. Беихтиёр унга қарадиму... Ёпирай! Томоғим қуруқшаб, юрагим ҳаприқиб кетди. Мунча ўхшамаса? Паризод? Паризодми у?!

Қошу кўзлари ўша-ўша, юзлар ўша-ўша, нигоҳида ҳам ўша сўлим, нафис, тушдагидай сирли қизни эслатадиган нимадир бор... Шу билан бирга, унга нақадар ўхшамайди у! Қомати тўлишган, юзлари синиққан, кўзларида чарчоқ, қаддини ҳаётнинг ташвишлари барвақт эгиб қўйган... Менинг қараб турганимни пайқаб, у ҳам шу томонга бееътибор назар ташлаб қўйди. Шунда унинг ҳам нигоҳида нимадир — ҳайратми, қувончми, эсанкирашми — милт этди. Бир лаҳза, атиги бир лаҳза, холос. Кейин бирдан ўзига келгандай қизалоғининг қўлидан тортиб, толлар остидан юриб кетди.

Шунда юрак яна ғалаён кўтарди: умрнинг бетиним оқаётганини яна бир карра эслатди.

Мана, тағин Ойдинбулоқ қошидаман. Бужур тол буткул қартайган. Илдизлари яланғочланиб, пўстлоқлари кўчиб тушган. Ойдинбулоқ жуда кичрайиб қолган. Аммо кўзчасида гирдобга тушиб қолган битта япроқ ҳануз чириллаб айланаётир.

Қирқнинг остонасида туриб, энди-энди ўйлайман: йўқ, мен ўшанда айнан Паризодни учратган эдим. У менинг, фақат менинг Паризодим эди. Кўкдан мени деб тушиб келган эди. Ва диёрига қайтиб кетолмай, кимнингдир асираси бўлиб ер юзида қолиб кетган эди. Иккинчи бор учратганимда эса, у тамомила ер қизига айланиб бўлган, учгали қанотлари йўқ — қирқилган эди.

Балки, ўшанда, Ойдинбулоқда кўришганимизда у ҳам мени кўқдан тушиб келган бир фаришта деб ўйлагандир? Шу туфайли ҳам дугоналари билан учиб кетмай, булоқ ёнида қолгандир? Кейин, қирқнинг остонасида учрашганимизда эса, рўпарасида чаккаларига барвақт қиров қўнган, нигоҳида чарчоқ ва ҳаёт ташвишлари қотиб қолган одамни кўриб, унинг ҳам юраги шув этгандир? Нигоҳида лип этиб ўтган ифодаларнинг боиси, балки, шудир?

Билмадим. Дилда афсусгами, армонгами ўхшаган туйғу бош кўтариб келаётир: ахир, ўн етти ёшида кўк юзида ўзига аталган Паризод борлигига шубҳасиз ишонмаган одам топилармикин бу кўҳна оламда?

Ойдинбулоқ хазонлари менга энди умрнинг заволидан дарак бераётирлар. Кўнгилда эса ўша армон, ўша бахту саодатнинг заиф хотиралари милтираётир. Дил ёмон тўлиқиб, ёмон орзиқаётир.

Сезяпсизми, Ойдинбулоқда бир япроқ чириллаб айланаётир...