OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИсажон Султон
Асар номиҚўриқчи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Исажон Султон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм25KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Қўриқчи (ҳикоя)
Исажон Султон

«
...Мени шу ўлдирди, шу!..
Сами Ренчбер
»

Кенг, ҳайҳотдай даланинг қоқ ўртасида қўриқчи қаққайиб турар эди.

Узоқдан қаралса одамга ўхшаб кўринарди. Устига эски-туски, йиртилиб увадаси чиққан пахталик кийдирилган, бошида қулоқчини ҳам бор. Оёқ-қўлларига бир нималар осиб қўйилган, улар қуёшда йилтираб, шабадада қўрқитувчи овозлар чиқаради. Сал эпкинда ҳаволанадиган тасмалари узунасига осилиб ётипти.

Дала кенг, ҳозиргина теваракни мавжлантириб еллар эсиб ўтдилар. Буғдойзор сокин шовуллайди. Бошоқлари бўлиқ-бўлиқ, ҳар бирида йигирма тўрттадан ўттизтагача дони бор. Қурий бошлаган ўткир учлари эпкинда бир-бирига тегиб шитирлайди. Шу сабаб, ҳаво тўлқинланган маҳали буғдойзордан ғалати овозлар чиқади.

Беқарор дашту туз шабадаси қўзғалса, қўриқчи жонланиб кетади. Қўлларига осилган тунукаларни тарақлатиб, тасмаларини йилтиратиб шовқин сола бошлайди. «Ҳой! Ким кўрибди? Ким эшитибди?» деб овоз чиқаради у. «Билиб қўйинглар, – дейди. – Ҳамма нарсанинг ўғриси – мана шу шабададир! Экинларнинг жонинию рангини, булутларнинг алвонини ўғирлаб уфққа қараб қочади у!»

Ҳар куни бир киши ўғлини етаклаб мана шу буғдойзорга келади. Қирқдан ошган, устидаги тўнию дўпписи ҳам эски. Келиб дала атрофини айланади, бошоқларнинг ҳосилини чамалайди. Ўғли ҳали ёш, отасининг ортидан эргашиб юрса-да, бу юмуш уни қизиқтирмаслиги, зериктиргани сезилади.

Даланинг пастроғидан атрофида турли ёбон ўтлари ўсган йўл ўтган. Ўт-ўлан устига оқиш чанг қўнган. Нарироқда эса кичкина дарёча ва чакалакзор бор, дарёчанинг суви қорамтир, оқиши шиддатли.

Қўриқчи

Мана, шабада хиёл эсиб ўтдию тина бошлади.

Бепоён дала бир тўлқинланди.

Қушлар учишади кўм-кўк самода. Иссиқдан ҳовур кўтарилади. Чирс-чирс дея овоз чиқаради қуриётган ўт-ўлан. Гоҳо устимга майда чумолилар ўрмалаб чиқишади. Улар мендан ҳайиқишмайди, чунки жуда баҳайбат бир ниманинг устига чиқиб боряпмиз деб ўйлашади, қўриқчи эканимни билишмайди. Шабада эсганида чиқадиган овозларга ҳам бефарқ, чунки эшитишмайди.

Теграмда сап-сариқ маккапоялар шитирлайди.

Шитирласа севиниб кетаман, чунки шабада эсаётган бўлади. Шабада эсганида ўзимдан турлича қўпол овозлар чиқара бошлайман.

Асл ким эканимдан бехабарман, бироқ, жуда муҳим бир вазифани адо этаётганимни биламан. Йўқса, мени шу ерга қаққайтириб қўярмиди худойим? Теварагимда содир бўлаётган ҳодисаларни кузатаман. Гоҳо илғаганларимдан хабар бергим, огоҳлантиргим келади, аммо сасим ўзим истаган маҳалда чиқа қолмайди. Овоз чиқара олишим, экинларнинг ҳосилларини чўқиб-чўқилаб кетадиган ёввойи қушларни ҳуркитишим учун шабада ва қуёш керак. Йўқса бир шарпа каби экинзор ўртасида қаққайиб тураман, холос.

Теваракда эса, бот-бот мени қўрқитадиган ҳодисалар рўй бермоқда.

Буғдойлар сарғайиб, пояларидан сув қочган, бўлиқ-бўлиқ бошоқлари эгилиб қолган. Ораларидаги ёввойи ўтларнинг поялари ҳам сувсизликдан сарғайибди. Тўп-тўп уруғли баъзи ўтлар уруғларини сочиб юборган. Баъзиларининг қаттиқ пўстлоғи ажралиб тушиб, қуруқ тупроқ устида ётади.

Ҳўв нарида кичкина дарё бор. Ичидаги қора балиқлари анча каттарган, муздай сувдан бошларини чиқариб, теваракка индамай боқишади.

Буғдойзор ёқалаб ўтган йўлда битта йўлчивин учиб юради, гоҳо келиб устимга қўнади.

У йўлдан карвонлар ўтадилар. Йўлнинг нарёғи яна буғдойзор, теварагига айлантириб маккалар экилган.

Япроқлари узун-узун, ҳошияси оч сариқ, яшил эти қуруқшаб-сарғая бошлаган.

Карвоннинг туялари пишқиради, аравалар ғийқиллайди. Қайларгадир – уфқ қирмизи тусда яллиғланиб, қуёш ботадиган томонларга кетиб боришади. Шабада ҳам ўша томонга қараб эсади. Экинларни эгиб-синдириб ўтганида, бари ўша томонга қараб ётиб қолади. У эсганида мен ҳам қўлларимда осиғлиқ тунукаларимни тарақлатиб шовқин соламан, ортидан югурмоқчи бўламан, лекин оёғим ерга чуқур тиқиб қўйилган, жойимдан жилолмайман.

Нарироқдаги тол устида қушлар гурр этиб ҳавога кўтарилишадию чах-чахлаб фиғон солиб айланишади. Чунки, тол шохига бир илон ўралиб чиқиб боради.

Илон

«Мен оқ илон, оппоқ илон эдим» – дейди у.

«Ойдинда ётар эдим.

Асли маконим ариқ бўйидаги чакалакзор эди. Ҳар оқшом у ерда ажойиб воқеалар рўй берарди.

Ҳар оқшом чакалакзор қошига бир ой қизи келар эди. У бир бек йигитга қаттиқ кўнгил қўйган эди.

У маҳаллар ариқ кичкина, теварагида ялпизлар ўсган, сувлари ўйнаб-ўйнаб оқар, томчилари ой нурида жилвираб устимга сачрар, хуш ёқувчи ой нурини вужудимга сингдириб ётаверар эдим. Ой қизининг чиройи бек йигитнинг юрагига ой каби ёғду сочса керак, деб ўйлар эдим. Чунки гаплашганларида қизнинг ҳусни йигитнинг юзида ёғдуланар эди.

Икковлон бир нималарни узоқ гаплашар эдилар. Хаёлларга, орзуларга лиммо-лим, ҳаётнинг ажойиботларидан, лаззату фароғатларидан, севги-муҳаббатдан сўйлар эдилар. Бир-бирларисиз яшай олмасларини айтардилар.

«Мана шу ойга, шу кечага қасам, шу шарқираб оқаётган сувга шу юлдузларга қасам – мен сизни албатта бахтли қиламан...», дер эди бек йигит.

Жуда узоқларда, жуда баландларда ой нур сочар эди. Унга боқиб, ширин хаёллар ҳам сурар эдилар. Мен ҳам ойга қарар эдим, аммо у кўзимга олисдаги ёруғ ва улкан доғ бўлиб кўринарди, холос.

(…Ҳой бек йигит, қасамнинг нима эканини билмасдан нега тилингга олдинг? Ичган қасамларинг кўк тоқига кўтарилиб кетишини, у ерда шамширга айланиб, бошинг узра осилиб туришини билмасмидинг? Бир силтаниб тушса борми... тақдирнингу ризқларнинг, воқеаларнинг ипларини кесиб-узиб юборса-я, деб қўрқар эдим…)

...У маҳаллар мен ёш илон эдим. Улар ҳам ёш, навқирон эдилар.

Орадан бир мунча вақт ўтиб, икковлон келмас бўлди. Кечалар соғиниб-соғиниб кутар эдиму аммо сира дараклари йўқ эди. Бу орада ариқнинг сувлари нимагадир тўлиб-тоша бошлади, кенгайиб, чакалакзорни ҳам энлади. Ҳақиқатан ҳам ғалати бир нималар рўй бермоқда эди. Дарёга айланди, ичида катта-катта балиқлари ҳам бор, қорамтир сузгичларини секин-секин қимирлатиб сузиб юришарди. Яна аллақанча вақт ўтгач, қуёш тиғида нақшларим хиралашиб, ой нурини ўзига сингдиролмас бўлдим.

Энди емиш истаб дала-тузни кезар эдим. Пўст ташлаганимда, устимдан ўз-ўзидан сидирилиб тушган тўнимнию кўрган кунимни мана шу ерларда қолдириб узоқларга бош олиб кетай десам... кетолмасдим. Шу дала-тузда, шу дарёю чанг-чунг йўллар ёқасида дунёга келган, шуларга томир-томиримдан боғланган бўлсам, қайга ҳам кетай?...

Буғдойзор оралаб судралиб борар эканман, ўша икковлонни далада кўриб қолганимниям айтайми? Ўша баркамол бек йигит эски тўнининг барини қайириб кетмон чопар, ойнинг қизи эса эгатлар четида боласини эмизиб, алла айтар эди:

    Бозор боргувчи эй бойлар,
    Отамга салом денглар,
    Отам мани сўраса,
    Юрибди омон денглар,
    Қошиқда оши денглар,
    Кўзида ёши денглар...

Йигит дарёдан сув ҳам очар, сув бўтанаю лойқа, дала четидаги қари тол танасида эса қушлар чийиллар эдилар.

Емиш излаб юрган нолон бир илон бўлсам найлайин? Тол танасига ўралиб чиққанимда, қушлар потирлаб ҳавога кўтарилдилар. Иккитагина жиш полапон туклари тиккайган ҳолида оғизларини очиб чийиллай бошлашди, ёнида чўтир тухумлар ҳам борийди. Полапончалар ҳайиқиб эмас, балки мени емиш беради деб ўйлаб, қизил тилчаларини чиқариб чийиллашарди.

Қушлар

«Нима қилайлик, оқиш бир илон қуруқшаб кетган буғдойзорлар оралаб судралиб, тол шохидаги уяга чиқиб келди, – дейишади безовталаниб самога кўтарилган қушлар. – Уядаги митти, хол-хол тухумларни чақиб ичди, хайриятки, полопонларга тегмади. Полопончалар қизил оғизчаларини очиб тинмай чийиллашди, илоннинг эса нафси қониб, ёнгинасида ўралиб ётди. Тол устида шовқин солиб, чах-чах уриб айланавердик.

Дала эгасининг хотини боласини эмизар экан, ҳазин-ҳазин оҳангда бизларни ҳам қўшиғига қўшди:

    Қаро қуш қичқириб ўтди, уясида илон кўрди,
    Балиқ бағрини чок айлаб, азим дарёда қон кўрди...

Бу қўшиқни шабада илиб олиб, теваракка мавжлантириб ёйди...»

Карвон

«Тупроғи ўйнаб кетган йўлдан ҳорғин-ҳорғин борамиз,» дейишади карвондагилар.

«Қаторасига бир-бирига туташган мош, ловия, тариқ далалари ўртасидан ўтамиз. Кўпчилигининг қоқ ўртасида қўриқчиси қаққайиб турган бўлади. Баъзи далаларнинг ҳосили бўлиқ, баъзилариники оз, қуруқшаган.

Элу юрт билан рози-ризолик сўрашиб чиққанмиз, жуда олисларга – шабада эсиб, йўқолиб кетадиган алвон булутлар уфқи томон кетиб борамиз.

Шабада эсса, қўриқчи даранг-дурунг овоз чиқариб, кимларнидир ҳуркитмоқчи, нималардандир огоҳлантирмоқчи бўлади. Дала эгасининг шугина ризқини ҳам гоҳ шамол пайҳонлаб ўтади, гоҳ донларини қушлар чўқиб кетишади.

Ён-веримизда битта йўлчивин ҳам учиб боради. Гоҳ тупроғи ўйнаган йўллар узра пастлайди, гоҳ баландга кўтарилади. Карвондаги болакай уни диққат билан қизиқиб кузатади. Карвонбоши минғиллаб хиргойи қилади:

    Йўл чивиннинг ҳолини юрган йўловчидан сўранг
    Биз ғариб бечорани ақли расо ёрдан сўранг...

Йўлчивин уча-уча ҳориб, ортда қолиб кетади.

Дала четида кичкина бир дарё ҳам кўзга ташланади. Соҳилидаги бир-икки туп оқиш жийданинг шохлари сув истаб эгилиб қолибди. Бу экинзор мана шу дарёдан сув ичар экан-да, деймиз ўзимизча. Дарёнинг балиқлари соҳил ёқалаб ўтиб бораётган карвонга тикилиб-тикилиб қарашади. Куйчи уларни ҳам қўшиғига қўшади:

    Биз ғариб бечорани ақли расолар билмаса,
    Кўз ёши дарё бўлиб оққан балиқлардан сўранг...

Салдан кейин дала тамом бўлади.

Яна бироз юрилса, Чўли Ироқ бошланади.

Юрт ортда қолиб кетади. Чўли Ироқ сари ичкарилаб борамиз. У теграмизни қуршаб олади, фиғон уради, онгу шуурларимизни эгаллайди, ҳамла қилади, курмакнинг ингичка қуриган узун япроғи билан юракнинг томирларини ғижжак мисол тилимлайди...»

Дарёнинг балиқлари

Дарёмиз тобора кенгайиб, суви кўпая боради, шиддати ортади.

Нарироқдан ўтаётган карвоннинг туялари, отлари оғир-оғир қадам ташлашади. Туёқлар остидан даланинг ўйнаб кетган чангли тупроғи сочилади. Бошимизни сувдан чиқариб карвонга боқамиз. Карвондагилар бизни тутиб олишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Озғин, кўзлари чақноқ бир болакай ингичка бўйнини чўзиб, бизларга ҳайратланиб термилади. Карвон устида йўлчивин учиб боради, у ҳолдан тойган, узоққа учолмай, янтоқнинг чанг босган япроғига қўнади.

Ўтиб бораётган карвон бошидаги бир киши хиргойи қилади. Нарида экинзор четида боласини эмизиб ўтирган ёш жувон ҳам қўшиқ айтади. Бу оҳанглар сувнинг мавжига қўшилади, улар таралгани он ўз-ўзимиздан йиғлай бошлаймиз. Кўзимизнинг ёшидан дарёнинг сувлари янада кўпайиб-тошади, кўпикланиб, ўзанидан тошиб чиққудай бўлиб пишқиради. Узоқ-узоқларда кўкимтир тоғлар кўзга ташланади, у тоғларнинг орасида бир жайрон бор, деб куйлайди куйчи. Ёлғизоёқ сўқмоқлардан тушиб келганида уни тутиб, бўйнидан бойлайдилар. Кўзлари ёшга тўла жайрон карвон ортидан маъюс эргашиб боради.

Қўриқчи

Ахир, кўрмаяпсизми, эшитмаяпсизми?

Карвон ўтиб, чўл ичкарисида кўздан йўқолиб ҳам кетади. Ўтларнинг рангини ўғирловчи шабада ўша томонга қочади. Маккажухориларни ва буғдойларни синдириб ўтганида ҳаммаси шабада кетган томонга қараб бир текисда ётиб қолишади. Тез орада сўлинқираб, ранглари кетади. Экинларнинг жонини ҳам олиб кетади у, алвон-алвон шафақлар яллиғланган, карвон оғир-оғир жўнаган томонларга.

Даланинг эгаси ҳосилини тўплайди.

Хотини яна ўша мунгли қўшиқларини айтади.

    Оҳ урарман, оҳ урсам, оҳларим тутсин сени,
    Кўз ёшим дарё бўлиб, балиқлари ютсин сени...

Ҳой, шошманг! Эшитяпсизми? Сезяпсизми?

Ахир, ариқ дарёга айланмоқда-ку? Балиқлари ўсиб-катталашмоқда-ку? Вақти-соати келиб, одам боласини ютар даражада баҳайбатлашганида, худо кўрсатмасин, нималар рўй беришидан хабарингиз борми? Теваракдаги ҳамма нарсани, дала эгасининг хотинини, болаларини, карвонни ҳам ютиб юборса-чи? Мана шуларни ўйлаб қўрқиб кетаман. «Эссанг-чи, кучлироқ эсақолсанг-чи» деб қичқириб ёлвораман шабадага.

Ҳосили тўплаб олинган далада узилган маккаларнинг каттакон япроқларию синган бошоқлар қолади. Эгаси уларни ҳам тўплайди. Макка илдизларини суғуриб олади, кейин ўт қўяди. Тукуч дейдилар уни, тукучлар тутаб-тутаб ёнади. Буғдойнинг сомонини ҳам тўплаб олади. Кейин майда-чуйда бола-чақаси билан бошоқларни теришади. Шундан кейин дала ҳувиллаб қолади.

Ҳувиллаган даланинг қоқ ўртасида қолиб кетаман бир ўзим.

Кўкни бир хил тусдаги булутлар бостириб-эгаллаб келади. Кузнинг эзувчи ёмғирлари ёға бошлайди.

Пилчиллаган тупроқлар ва дала йўлида кичкина кўлмакчалар ҳосил қилиб ёғади куз ёмғири. Кўлмакчалардаги сув жигарранг тусга кириб қолади. Кесакларни ивитиб-ивитиб, лойга айлантириб ёғади.

Мана шу ҳодисаларнинг қатидаги таҳдидлару ишоратларнинг ҳаммасини ўз кўзим билан кўриб тураман, айтай десам тилим йўқ, айтолмайман.

Мени бу ерга суқиб қаққайтириб қўйган киши – даланинг эгаси ҳосили йиғиштириб олинган экинзор ўртасидан суғуриб олади, марзалар четига, тутлар тагига улоқтиради. Кузнинг ёмғирлари эзгин-эзгин ёққанида, устимга томчилар читир-читир урилганида ҳайрон-ҳайрон ётаман, энди атрофимда нималар рўй бераётганини кўролмаслигимдан афсусланаман.

Кузнинг шабадаси эсади, аммо бу шабадада овозим чиқмайди.

Кўз олдимда ёмғирдан ивиган қорамтир кесаклардан бошқа ҳеч нима кўринмайди: на экинзорлар эгаси, на унинг боласи, на оқ илон, на кўз ёшидан бино бўлган дарёю на унинг таҳдидли балиқлари... на йўлчивин... на карвон...

Баҳоргача ана шундай ётаман. То баҳорда яна кимдир келиб... яна экин экмагунча, ерларни суғормагунча... келиб мени ўрнимдан даст кўтариб, ризқ етишиши лозим бўлган далалар ўртасига яна қаққайтириб суқиб қўймагунча...

* * *

...Найлайин, салгина шабадада айта олганларим шулар, холос. Қанийди янада кучлироқ эсса... янада қувватлироқ шиддат урсайди... шунда юрагимдагиларнинг барини айтиб-айтиб, бўшатиб-бўшатиб олармидим, мен – мана шу даланинг ягона қўриқчиси...

2012