OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИсомиддин Пўлатов
Асар номиЧол (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Исомиддин Пўлатов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм10KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/01/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Чол (ҳикоя)
Исомиддин Пўлатов

Қашшоқликка тоқатим йўқ. Қашшоқ одамни кўрсам ичим эзилиб кетади. Ёрдам берсам дейман-у бунга қурбим етишига шубҳам бор. Аввалига, бирда ярим ночор одамларнинг суҳбатини тинглаб, таъсирланиб ҳам кўрдим. Қарасам, олчоққа, сафсатабозга айланиб қолаётгандекман. Ахир ўйланг, суҳбатдошингиз бор дардини айтиб берса-ю сиз унга қараб, «е, тақдир-да жўра» деб қўя қолсангиз, бўлмайди-да.

Аслида қашшоқ одам, деб кимни айтамиз? Еярга нони йўқ, бошпанасиз, кимсасиз одамними? Бир қарашда шундай. Чунки жамики моддиятдан мосуво одамнинг ҳолига ачинмаслик ноинсофликдай туюлади, кишига.

Онам ҳар хил пишириқ, ширинликлар сотарди. Мен ҳам қўшилиб, бозорга борардим. Очиғи, унчалик ҳам менга сотувчилик ёқмаса-да, бозорни яхши кўрардим. Менга сотувчи бўлишнинг ёқмагани – харидордан пул олиш. Унга мақтаб-мақтаб насангизни ўтказасиз-у пул оласиз. Ўша жараёнга сира тоқатим йўқ. Негадир, қизариб кетавераман. Айниқса, бирор қишлоқдошингиз ёки танишингизга сотиш жуда қийин. Xуллас, сотувчиликни ўргана бошладим. Бора-бора онам ҳам бунга кўникди чоғи, мени ҳар куни эрталаб уйғотиб, ўзи билан эргаштириб кетарди.

Сиз ҳам сотувчилик қилган бўлсангиз, биласиз, эртадан кечгача тик оёқда туриб савдо қиласиз-у харидорнинг камситиши, нарсангизни писанд қилмаслиги, ерга уриши асабингизга тегади. Тўғри, ҳар касбнинг машаққати бўлади, лекин сотувчининг машаққатида фарқ бор-да. Тасаввур қилинг, ўқитувчини ўқитгани учун мақтайсиз, рағбатлантирасиз, руҳий қўллаб-қувватлайсиз. Ёки шафёрга ялинасиз, хушомад қиласиз, илтимос қилиб айтилган жойга олиб боришини сўрайсиз. Аммо сотувчининг на молини, на ўзини мақтайдилар. Аксинча, қанча унинг хизматини ёмонласангиз шунча фойда кўрасиз. Шуям инсофданми, ахир?! Фикримча, ўшанда сотувчилик қилганимда қанчалик қийналганимни тушунтира олдим, деб ўйлайман.

Сотувчиликнинг яна битта аҳамиятли томони бор. Яъни, ҳар беш минутда олдингизга келиб, «пора» олиб кетадиган тиланчилар. Бундай «шараф» на ҳайдовчига, на ўқитувчига берилган. Тиланчи савдонг бўлаяптими, йўқми, сўраб ўтирмайди. Шундай келади-ю қўлини узатади. Қўрқасиз, узатилган қўлни қуруқ қайтаришга. Чунки Xудодан умидингиз бор. Балки шуям яхшидир, баъзида билиб-билмай тарозидан уриб қўясиз, баъзида арзимаган молингизни юқори баҳога сотасиз ва ҳоказо. Савоб ҳам керак-ку одамга. Арзимаган чақа билан қашшоқлашиб қолармидингиз. Ҳа айтганча, хаёлпарастлик ҳам эви билан-да. Одам деган шунчалик «ўтлаб» кетадими? Гапни қашшоқлар ҳақида бошлагандик-ку.

Бир куни растамизга бўйи узун, кўзи кўк, озғин одам яқинлашди. Бошида дўпписи бор. Эскириб кетганидан Шум боланинг дўпписига ўхшаб, фақат таппи ёпишгагина ярайди. Эгнидаги костюми ювилавериб униқиб кетганидан асл ранги қорами, кулрангми, билиб бўлмайди. Уч-тўрт жойига чок тушган бу костюмнинг тугмаларига эътибор қилдим. Тўртта тугмаси тўрт хил рангдаги ипда қадалган. Бир сўз билан айтганда, ғарибона.

У бизга бир-икки қараб-қараб ўтди. Бу ҳол такрорланаверди. Мен ҳам атай унга ҳеч нарса беришни истамадим. Негадир, кўриниши ёқмади. У онам териб қўяётган бир-биридан ширин пишириқларга қараб, ютақиб қўярди. Онагинам ўз ишига берилиб кетганиданми, тиланчи чолни пайқамади. Энгашиб ширинликларни олаётганида чол ўзини танишдек тутиб, онамнинг эътиборини тортиш учун бизга қараб турди. Энди чидолмайман. Жаҳлим чиқди. «Э, бор кет!» сенсирадим отамдан катта одамни! Сурбетлик ҳам эви билан-да! Ҳали савдоям қилмаган бўлсак…

Менинг дўқ урганимни эшитган онам бошини кўтарди. «Нима гап, болам? Кимга бундай деяпсан?» Онам у ёқ, бу ёққа қаради. Қаршимизда серрайиб қолган, бироз қизаринган бобойни кўриб, кимга бақирганимни англади чоғи, онам ҳам хижолатда қолди. Изза бўлган одамнинг ҳолатига тушиб, менга шундай қаттиқ тикилдики, бутун жасоратим-у шижоатимдан асар ҳам қолмади. Оналар доим ҳам эмас, гоҳида шундай қарайдилар ва мана шу қараш кўп нарсани ҳал қилиб қўяди. Бу қарашда оналик меҳр-муҳаббати, раҳм-шафқат кўринмайди, аксинча, ғазаб, хавотир, ярим нафрат сезилиб туради. Бу нигоҳ юрагингизни-да тешиб ўтади. Онамнинг мендан ҳафсаласи пир бўлиб, чолга ўгирилди.
– Тошмурот бова, келинг, келинг, - деди онам менга яна бир қўпол қараш қилиб. – Кечирасиз-да, энди, бола-да бу, танимаган. Узр, сизни кўрмапман. Яхши юрибсизми, қийналмаяпсизми?
– Яхшиман келин, раҳмат! – деб ғўлдираб қўйди бобой. – Ҳиштима (ҳеч нарса) қимайди, майли уришманг, жигитчани. Энгашиб бошимни силаб қўйди. Очиғи, қўлининг кир ва ориқлигидан бироз ғижинсам-да бошимни тутиб бердим. Онамдан қўрқиб қолгандим.

Бобой ёнимиздан кетаркан, онам бир қанча ширинлик ва пишириқларни елим халтага солиб, қўлига тутқазди. Чол қайта-қайта раҳмат айтиб, расталар оралаб кетди.

Онам энди мени адабимни бериб қўйишига тайёр туриб, кўзига мўлтирадим. Аслида ҳеч нарсани тушунмаган бўлсам-да, ўзимни тушунгандай тутиб, танбеҳга розилигимни билдирдим. Рост-да, бу чолнинг кимлигини қаёқдан билибман? Онамнинг ётиғи билан тушунтиришларига қараганда, қишлоғимиз четида турадиган, ҳеч кими йўқ, қаровсиз одам экан. Қолаверса, ўша чол бобомнинг жўраси бўлганини билиб олдим. Онам ўша куни кўп яхши гапларни қулоғимга қуйишга ҳаракат қилди.

Бизни тарк этган чолни кузатиб турдим. У расталар оралаб орқа томонга ўтди-ю биздан олган бўрсилдоқ пишириқни ютоқиб-ютоқиб, чайнамай юта бошлади. Каттакон оғзига пишириқлар бутунлигича сиқиб кетаётганди. Унга ҳайрат ва ҳаяжон билан қараб турганимни пайқаб қолди-ю, менга қараб, кулиб кўзини қисиб қўйди. Тезда юзимни буриб олдим. Қашшоқликка тоқатим йўқ…