OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИсомиддин Пўлатов
Асар номиЖувон (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Исомиддин Пўлатов
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм15KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/01/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Жувон (ҳикоя)
Исомиддин Пўлатов

У аёл гоҳ-гоҳида ишхонамизга келиб турарди. Балки уни шунчаки аёл десам, бироз ёши ўтинқираб қолгандек таассурот уйғотар сизда. Чунки, аёл дейиш нисбий тушунча. Ўн етти ёшли қизни ҳам, етмиш ёшли онахонни ҳам аёл дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам уни аёл эмас, жувон дейиш маъқулдай. Қолаверса, маданийроқ. Ишқилиб, жувон ҳақида ишхона ходимларининг бирортасида тугал, аниқ фикр йўқ эди. У келарди, ҳазил-ҳузул қиларди, кетарди. Компютерда ўтириб нима иш қилишини ҳам ҳеч биримиз билмасдик. Ўша куни у анча вақт ушланиб қолди. Тумандан қатнаб ишлагани учун ишдан эртароқ чиқиб, уйига қайтиши керак.

Айтганча, унинг эри йўқ эди. Демак, жувон ҳақида ниманидир билардик. Қолаверса, юзлари шевада айтганда бироз қораширғай, сочлари эса жингалакка мойил, доимо ясан-тусан қилади, бўйи ҳам калтароқ. Жуда кўп куларди. Тушуниш қийин, кўп куладиган одам ҳақида ҳар хил хаёлга бориш мумкин: у сиздан ниманидир яшираяпти, сиз билан қалинлашишни хоҳлаяпти, ёлғон гапираяпти, ўзини ўнғайсиз сезаяпти… ва ҳоказо. Лекин бизнинг жувонимизга бу тахминларнинг барчаси тўғри келарди. Яна шу гап – уни яхши билмасдик!

Ишхонада энг кичиги мен ва Азиз. Ёшимиз ҳам тенг, битта институтни битириб, бир жойда ишлаётгандик. Жувоннинг қилиқлари бизга ёқарди. Унинг ғашига тексак, тегажоғлик қилсак ҳам индамасди. Бизни ёш бола биларди… ё унгаям бу ёқарди. Биздан уч-тўрт ёш катта бўлса-да ўзимиз тенги кўриб ҳазиллашаверардик. Сочидан тортиб, бурнига тегинардик. У сохтақовоқ билан «ҳужум» қиларди. Биқинимиздан «бошқача қилиб» ўйиб оларди.

Жувон ростдан ҳам сирли эди. Xаёлимда унинг ичида дарди бордек туюларди. У менга баъзида «ёрилмоқчидек» бўларди. Аслида кимнинг ҳам дарди йўқ? Ахир эридан ажраган аёл бўлади-ю дарди бўлмасинми? Нега ажрашган, бунинг қандайдир сабаби бор-ку. Ўша қандайдир сабаб албатта унинг дарди бўлса керак. Балки эрига кўнгли бўлмагандир ёки эри ургандир, ёки бошқа нарса, нима бўлсаям, бизнинг жувон азоб чеккан. Буни сезардим. Кўп қийналгани шундоққина сезилиб турарди. Ҳимоясиз, суянчсиз аёлни фарқлашдан осони борми? Улар ё кўзингизга тик қараб гапиради ёки аксинча. Бу унинг танлаган йўлига боғлиқ, албатта.

Ҳа, ўша куни эрталаб келганидаёқ унинг кайфияти яхши эмаслигини сездим. Шунинг учунми, берилиб ишлади. Кун қайтаётган бўлса-да жувон қайтишни ўйламасди. Дераза ойнасидан ғира-шира бўлиб бораётган осмонга қараб-қараб қўярди.
– Нима, бугун уйингизга кетмоқчи эмасмисиз? – Азиз бетакаллуфлигига бориб жувонга савол берди. Жувон анойи эмас. Кўпни кўрган аёллардай жавоб қайтарди:
– Икки бўйдоқ мени бирор жойга таклиф қилсаларинг-чи?
– Бўпти, бизникига борамиз. Ош қилиб берасиз, ўтирамиз… - Азиз яна сурбетлик қилди.

Таажжуб, жувон «яхши» деб кулиб қўя қолди. Аввалига бу гапларга унчалик эътибор қилмаган бўлсак-да ростдан ҳам у қайтишни ўйламай қўйди. Аёлнинг феъли ғалати-да. Янада берилиб ишга киришди. Ишхонада учовимиз ва қоровул қолди.

Азиз ниманидир ўйлаб ичи ёнаётганди. Нима қиларини билмай, у ёқдан бу ёққа бориб кела бошлади. Бироз олдин жувонни уйга таклиф қилиб қўйганидан ўнғайсиз аҳволга тушаётганди. Ўзи у шунақа – доим шошади. Мен ҳам атай унга қарамадим. Ташқарига чиқиб кетди. Яна қайтиб кирди. Яна чиқиб кетди. Мениям чақирди.
– Нима қиламиз? – cўради.
– Ўзинг биласан, сен таклиф қилдинг, - бўладиган воқеани ўйлаб олдиндан терга ботдим.
– Ов, асабимга тегма, нима қиламиз, айт! – шеригим ҳам нима қилишни билмаётганди. – Балки ҳазил қилгандир, бирор танишиникига кеца керак. Кирайлик-чи, сўраймиз. Кетмаса, таваккал, хонага бораверамиз. Битта коняк, озроқ колбаса, майда-чуйда олсак бўлар… Чўнтагини ушлаб қўйди.

Кабинетга кирсак, жувон компютерларни ўчираётган экан. Биз билан кетишни хоҳламас, деб умид қилдик. Фикри ўзгаргандир. Икки «гўдак»ни бир қўрқитиб қўяй дегандир. Йўқ, ундай эмас экан. «Кетдик, йигитлар» деб бизни олдига солди. Йўл-йўлакай бироз олдин режалаштирган нарсаларимизни дўкондан харид қилдик. Жувон ёнимизда тургани учун яна бошқа майда-чуйдалар ҳам қўшилди. Яхшигина бозорлик бўлди. Агар бу нарсаларни дўстим иккимиз майда чайнасак, бирор ҳафтача яшардик. Ҳе… арзимабдими.

Подездга кириб зинадан кўтарилаётганда хонамизнинг аҳволини кўз олдимга келтириб, юрагим орқага тортиб кетди. Қарийб бир неча ойдан буён ювилмаган идишлар уюлиб қолган. Супурилмаганига ҳам ҳафталар бўлган. Эсимда, яқинда бир-иккита курсдошлар келганда уйни супургандик. Латта-путталар, кўрпа-тўшаклар бошқа жинс вакиллари кўзи тушадиган ҳолатда эмасди, албатта. Қўполроқ қилиб айтганда, уйимизга моғор ҳиди уннаб қолганини ўшанда сездим. Энг ёмони, бу ўйларни зинадан кўтарилгунимизча ўйладим. Илгарироқ хаёлимга келса бўлмасмиди?

Жувон бизнинг кулбага кира солиб, бурнини жийирди. Очиқдан-очиқ жирканганини яширмади. Аввалига ярми узилиб ётган пардаларга, сўнг чала йиғилган кўрпа-тўшакка бир-бир қараб чиқди. Ошхона томондан келаётган нохуш ҳиддан кўнгли ағдарилгудек бўлди. Ҳайронман, хонамизга жувон киргунича бунчалик расво уйда яшашимиз бирор марта бўлсин сезилмаган экан.
– Узр, бўйдоқчилик, айбга буюрмайсиз, - гапни бурмоқчи бўлдим. Ҳозир эслашга қўрқади, киши. Уни шу аҳволда ўтиришга таклиф қилдик.

Жувон бизни уйимиздан чиқариб юборди. «Бир айланиб келинглар» деди. Ошнам билан кўча муюлишидаги дўконга қараб юрдик. Кўчада писта чақиб, ўзимизча нималар қилишимизни ўйладик. У менга сен бошла деди, мен унга аввал сен бошла, дедим. Бирор соатча ташқарида турдик. Негадир уйга киришга унчалик шошилмасдик. Жувон бизнинг хонамизни тартибга келтириши одатий ҳолдек, кўчада айландик.

Уйга кирганимизда, хонамизни ўзимиз танимай қолдик. Жувон шунча идиш-товоқни қандай ювиб улгургани-ю, чўлтоқ супурги билан хонани чиннидек қилиб супуриб қўйганига ишонмадик. Ошхонадан ҳам ёқимли ҳид келаётганди. Ош! Дастурхон ҳам ўзига хос безалган. Xонани аёл иси тутиб кетган. Фикримча, сумкачасидаги атирдан олиб сепган эди. Очиғи, уни бунчалик ораста, деб ўйламагандим. Унга меҳрим ийиб кетди. У ўзини шу уйнинг бекасидек тута бошлаганди. Биз эса ростдан ҳам унинг уйига келгандек, бегонасираб уйга кирдик.
– Яхшиям, «хозайн»ларинг чет элга кетган экан, бўлмаса иккалангизни ҳам қувиб чиқарармиди? – жувоннинг бироз олдинги ҳорғин, тушкун кайфиятидан асар ҳам қолмаганди. – Сал тозалаб ўтирсаларинг бўлади-ку. Энди у ўзини опамиздай тута бошлади.

Азизни билмадим-у лекин мен уни уйимизга олиб келганимиздан афсус қила бошладим. Аниқроғи, уялдим. Ишқилиб, хаёлимиздан ўтган нарсаларни сезиб қолмадимикан. У ўз хонадонида эришмаган бекалигини бизнинг ғариб кулбада қилишга интилаётганди. Бир кунгина бўлса-да эрли уйнинг эркаси бўлишни қумсаётгани сезилиб турарди. Шундай беозор шўхлик қила бошладики, фикримча бу «егри аёл»нинг қилиғига сира ўхшамас, аксинча, рафиқанинг, жуфти-ҳалолнинг нозини эслатарди. У жуда бахтли эди.

Паловхонтўрани сузиб келди. Ошнам овқатдан олдин яхши кетади, деб унга коняк қуйганди, қатъий рад жавобини олди. Ичига шайтон суви кирмагани учунми, Азиз ўзини мендан ҳам баттар ўнғайсиз ҳис қила бошлади. Ростдан меҳмонда ўтиргандай, гапирмай қўйди. Фақат жувон гапирди, биз эшитдик. Кайфи бўлмаса-да кўпчилик бахциз аёллар сингари дардини айтишга тушиб кетди. Лекин йиғлаб-сиқтамади, шунчаки, бировнинг тақдирини гапиргандек ҳиссиз гапириб берди. Ношуд эри, орсиз қайиноғалари, оқибати йўқ ака-укалари ҳақида хиёл жилмайиб гапириб сўзлади. Биз ҳам бу гапларга жиддий қизиқмадик, ҳиссиз тингладик.

Уйимиз бир хона-ю торгина ошхонадан иборат эди. Шундай бўлсада, биз ошхонага чиқиб ётмоқчи бўлдик. Жувон рози бўлмади. Битта хонада ётамиз деди. Ўзига, менга ва Азизга ёнма-ён қилиб жой солди. Шайтонни қаранг, яна ишини қилди: ичимизга оралади. Фикримиз бўлинди. Чироқни ўчирганимиздан сўнг, ошнам биқинимга туртди. «Қўлингни узат, индамайди» деди. Ичим музлаб кетди. Бир хаёлим қўлимни узацамми, дедим. Қўрқдим. «Ўзинг ўт!» дедим. «Йўқ, сен бошла» деди.
– Айниманглар, қаерда кўргансизлар ука опага ёмон кўз билан қараганини? – гапларимизни эшитиб турган экан. – Тинч ухланглар, қани. - Ер ёрилмади, ерга кириб кетмадик. Ҳамма гапимизни эшитибди. Роса изза бўлдик-да ўзиям. Унинг бу гапидан кейин бошқа нарсага ўрин қолармиди?

Шайтон хўмрайди… хўмрайди. Кейин деразадан чиқиб кетди. Нима бўлса бўлар, ўша оқибациз укаларининг ўрнига биз ука бўлсак, нима бўпти…