OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифИван Бунин
Асар номиЮз рупия (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Рус адабиёти
Бўлимлар
   - Классицизм
Муаллифлар
   - Иван Бунин
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонОлима Набизода
Ҳажм5KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/10/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Юз рупия (ҳикоя)
Иван Бунин

Мен бу аёлни бир куни эрталаб меҳмонхона ҳовлисида кўриб қолдим. Меҳмонхона кўҳна голландча иморат бўлиб, океан соҳилидаги ям-яшил кокосзор бағрида жойлашган эди. Ўша кунлари ўзим ҳам шу жойда дам олаётган эдим. Кейин ҳар куни уни шу ерда кўрадиган бўлдим. У айвондан икки қадам нарида бўлган уйнинг енгилгина, иссиқ сояси тушиб турган жойда қамиш креслода ярим ётган ҳолда ястаниб оларди. Баланд бўйли, маллатоб, қийиқ кўзли, канопдан тикилган куртка ва тор шим кийиб олган дастёр йигитча шағал ётқизилган йўлка бўйлаб ялангоёқ ғарт-ғурт қадам ташлаб келарди-да, кресло ёнидаги столчага патнисни қўяр, патнисда тилло пиёлада чой бўларди. Дастёр қуруқшаб, ботиқ лунжи томон тортилиб кетган лабларини қимирлатмасдан тавозе билан бир нималар дерди-да таъзим бажо келтириб, яна қайтиб кетарди. Аёл эса ярим ётган кўйи похол ёлпиғич билан ўзини аста-аста елпир, қора бахмалдек ғаройиб киприкларини бир маромда пирпиратар эди... У ер юзида яратилган қайси тоифадаги махлуқот оиласига мансуб?

У обдон тобланган, данакдек аёл эди. Қаҳрабо кўкраклари, елкалари, қўллари ва оёқлари тиззасигача яланғоч бўлиб, баданига, сонларига кўм-кўк ялтироқ мато ўраб олганди. Сариқ оғочдан ясалган сандалига лакланган қизил тасма тортилган, оёқчаларининг қизилга бўялган тирноқлари тасма орасидан кўриниб турарди. Қатрон сочлари бошига ғанак қилиб турмакланган, бу дағал кўриниш унинг болаларча маъсум қиёфасига асло мос эмасди. Қулоқчаларининг солинчакларида ғовак тилла сирғалар тебранарди. Қоп-қора киприклари ақл бовар қилмас даражада узун ва ғаройиб эдики, Боғи Эрамда гулдан гулга учиб-қўниб юрган капалакларни эслатарди; улар жаннатий ҳинд гулзорларида ҳам гоҳида хаёл мисоли кўзга ташланиб қоларди... Гўзаллик, ақл-идрок, аҳмоқлик каби сўзлар асло унга ёпишмасди, гўё барча инсоний хусусиятлар унга бегона эди. Дарҳақиқат, у бошқа сайёрадан келиб қолган жонзотга ўхшарди. Соқовлик - унинг сўзсиз суврати эди. У ярим ётган кўйи миқ этмасди, қоп-қора бахмалдек киприк-капалакларини бир маромда пирпиратар, елпиғич билан ўзини аста-аста елпир эди...

Бир куни эрталаб меҳмонхона ҳовлисига рикша[1] жадал кириб келди. Одатда, мен мана шу рикшада шаҳарни сайр этиб қайтардим. Дастёр йигитча айвон зинапоясида истиқболимга пешвоз чиқиб таъзим бажо келтирди-да, паст товушда:
— Сер, юз рупия[2], - деди инглизчалаб.

Бу – уша санамнинг бахоси эди. Афсус…

1944, 24 май


  1. Рикша - ҳаммол тортиб юрадиган ғилдиракли безакдор аравача, унда йўловчи ёки юк ташиш мумкин /тарж. изоҳи/.
  2. Рупия - Ҳиндистон, Индонезия ва бошқа Ҳинд океани ҳавзасида жойлашган мамлакатларда пул бирлиги; харид қуввати ҳар хил /тарж. изоҳи/.