OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖамила Эргашева
Асар номиЖазо (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Жамила Эргашева
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм30KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2010/06/07
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Жазо (ҳикоя)
Жамила Эргашева

Тўшакда ётиб қолган одамнинг кунлари сира ўтмайди, узун бўлади. Тунлари ундан-да узун бўлади. Ойша хола офтобрўяда ётиб, энди кўзи илинган экан. Кўча томондан келаётган шовқин-сурондан чўчиб уйғонди. Бир нафас бутун вужудини қулоққа айлантириб, дарвоза томон тикилди. Сўкинаётган эркак, қарғаб йиғлаётган аёл овози баравар эшитилар, ундан бирон нарсани англаб олиш қийин эди:
— Яна Робия шўр таёқ еяётган бўлса керак-да, — ўзича тахмин қилди.

Шовқин-сурон бир одим пасайгач, боласини кўтариб келини кириб келди.
— Вой момо-эй, эшитдингизми, кўчада қиёмат-қойим бўлди.
— Ҳа, нима гап? — Ойша хола ўрнидан туриб ўтирди, — ким жанжал қилаяпти?
— Робия холанинг укаси уйдан магнитофонини ўғирлаб чиқаётган экан, Робия хола ҳам ишдан қайтиб келиб, ўғирликнинг устидан чиқиб қолибди. Магнитофонни жойига қўй деса, йўлдан қоч деб итариб юборибди. Бечора йиқилиб қолган жойидан туриб, магнитофонга ёпишибди. Укаси кўзи қонга тўлиб, уриб-тепиб ётибди, магнитофонни қўйиб юбормайди. Бечоранинг соғ жойи қолмади. Охири қўлидан тортиб олиб кетди.
— Бечора!... Ҳеч ким Робияга ёрдам бермадими?
— Ким ҳам аралашарди? Анави уканинг кўзи қизариб, опани билмай ётибди-ку. Аралашган одамни аярмиди?
— Эсиз!..

Робия унинг қиз дугонаси. Ўзи яхши қиз эди, қадди-басти келишган. Аммо бечоранинг бахти чопмади. Икки фарзандли бўлганда эри ошқозон саратонидан вафот этди. Ўзиям бошқача йигит эди. Фарзанд доғида куйган қайнона-қайнотаси унинг уйидан чиқолмай қолди. Йиғлаб-йиғлаб, яна ўзлари-ўзларига тасалли беришарди:
— Эй, ношукур банда! Бир ўғлингни олган бўлса, мана сенга икки ўғил ташлаб кетди-ку!

Робия шу чолу кампирдан «фойда»га қолган икки ўғилни олиб, бошқа эрнинг этагидан тутиб кетолмади. Бола боқди, қўлидан келганча қайнона-қайнотасининг, қайин-бўйинларининг хизматини қилди.

Бу орада онаси ўлиб, отаси бошқа рўзғор қилди. Бир нашаванд укаси бор эди. Янги бека шарт қўйди: ё шу нашаванд ўғлингизни ҳайдайсиз ё мен кетаман!

Хотини ўлиб, уч-тўрт йил ёлғизликнинг азобини тортган ота ўғилни ҳайдади.

Ўғил ҳеч иккиланмай Робиянинг уйига келди. Онасини эслади. Отасидан арз-дод қилди. Йиғлади:
— Менгаям шундай юриш ёқмайди. Ишсизман. Хотин кетиб қолган. Ўғлимни соғинаман. Уйда ўтирсам, отам эзади. Сўнг мажбур кўчага чиқиб кетаман. Бир даволатиб, иш топиб, хотиним билан яраштириб қўядиган одам бўлса, шу занғарни бутунлай ташлаб кетардим. Худо урсин, опа, ташлайман.

Робия табиатан кўнгилчан шўрлик. Йўқ, дейин деса, укаси. Қаёққаям борсин, акалариникига борса, янгалар аждаҳодан баттар. Опаларникига борса, поччалар бор.
— Майли, ука, сен оиламиздаги энг аълочи, энг тиришқоқ бола эдинг, агар ўзинг истасанг, ўзинг ҳаракат қилсанг, шу оғу ўлгурни ташлаб кетасан. Мен сенга ёрдам бераман.

Шу кеча раҳматлик онаси тушига кирди. Бошига қоп-қора гулдор рўмол ёпди. Кўнгли ғаш бўлди, бошимдаги шунча қора кунлар каммиди, деб сиқилди. Аммо таъбирлар китобини кўрса, қора либос обрў экан.

Укасини махсус шифохонага жойлади. Ўзича хурсанд. Кунора дугонасининг олдига ўтиб, қувончини бўлишади:
— Дугона, мен тамом бўлган бир инсонни ҳаётга қайтараяпман...

Ойша, гарчи оиласида банги бўлмаса ҳам бангилар ҳақида кўп эшитган. Ўзича ҳовлиқиб юрган дугонасига қараб, ачиниб кетарди:
— Унинг одам бўлмайди. Буни қора ажал дейдилар, унинг сиртмоғидан омон чиққан одамни эшитмаганман.
— Ундай дема, — хафа бўлиб кетарди Робия. — Ҳали кўрасан.

Кўришди.

Опа шўрлик укамни даволатдим, энди бир иш топсам, келинни келтириб берсам, деб елиб-югуриб юрган кунлар бир тўйга бормоқчи бўлиб, тахмоннинг тагидан ўзи қўйган тугунчани ахтарса, йўқ! Бир умр ўзимга, келинларимга деб йиққан тилло тақинчоқлари эди. Шифонернинг қишки кийимлар турадиган бўлмасини ҳам қиш келгунча ҳеч очмасди, қараса, палтоси, телпаги, иссиқ жемпери ҳам йўқ. Меҳмонхонасининг бир четида болаларига атаб қўйган бир қути катта-кичик лаганлар турарди. Қути ҳам бўм-бўш.

Робия «дод» деб юборди:
— Мен сени даволатдим, яхши бўлиб келди, деб юрсам, сен нималар қилиб қўйдинг? Мен бир умр йиғиб терган дунёмни икки ойда совуриб йўқ қилдингми, инсофсиз?! Чиқ, йўқол уйимдан!

Ойшанинг ёнига келиб кўз ёш тўкди:
— Дугона, мен бу нарсаларни бир сўмлаб пул йиғиб, битталаб олган эдим. Биласан-а? Нима олсам, сен билан бирга танлаб олганман. Бу нонкўр икки ойда йўқ қилибди.
— Ўзини йўқ қил. У уканг бўлса ҳам, тамом бўлган одам. Одам эмас, офат. Ана, отанг қарасин, опалар қарасин. Бева бошинг билан сенга нима? Аммо у «йўқ» бўлмасди. Робиянинг эшигида йиғлаб ўтираверди.

Робия бир оқшом оиласидагиларни маслаҳатга чақирди.
— Ҳайдаб юбор!.. — маслаҳат берди ота.
— Милисага топшириб қутил, қамоқда ўлиб кетсин, — дейишди бир овоздан акалар.
— Ҳовлингнинг бир четида турса турибди-да. Бир коса ёвғонни итга ҳам берасан, бу уканг-ку, — таъна қилди катта опа.
— Бу бечора касал-да. Ўзи-ку ташлайман дейди, ташлаёлмайди. У куни пул сўраб борган экан, шундай йиғлади бечора, «Қани, қўлимдан келса, ташлаб кета олсам», дейди, «Опамга ҳам кўп зиён-заҳмат етказдим, хумори тутганда, бутун жони жаҳоним қақшаб оғрийди. Қандай қилиб ўғирликка қўл урганимни билмай қоламан», дейди. Даволатаман, деб ётқизган касалхоналарингда ҳам хизматчилар қора дори етказиб бериб турар экан. Олдида биров таклиф қилиб турган-да, бу бечора қандай қилиб ташласин. Менинг эрим ёмон, бўлмаса, ўзим қарар эдим савоб учун, — иккинчи опанинг берган маслаҳати шу бўлди.

Шундан буён банги ука Робияникида. Робия ҳовлининг бир четидаги майда-чуйда сақланаётган уйни унга берди.

Eнди ҳовлида турган нарсалар бирин-кетин йўқолиб битди: қозон, ўчоқ, нарвон...

Робия йўқотишдан ҳам, даволатишдан ҳам тинмади. Нималаргадир эришди ҳам. Ука орада тўрт йил чекмади, намоз ўқиб, ишлаб, маошларини опасига бериб юрибди.

Робия собиқ келининикига кўп борди, у келмади. Охири ёши ўтиброқ қолган бир қизга уйлантириб қўйди. Қизнинг бир оёғи оқсоқ экан. Нима бўлса ҳам эрининг усти-бошини ювиб, қозонини қайнатиб ўтирадиган бўлди.

Аммо нима жин урди-ю, опанинг кўнгли тинчиган жойда, ука яна эски ҳунарини бошлаб юборибди. Хотинини уриб-сўкиб ҳайдади, бир бечоранинг не бир орзу ниятлар билан қилган сепларини сотиб, дори олди.
— Бирга чекиб юрган ошналари кўролмасликдан қилган. Бу ташлади, уйланди, ишли бўлди, биз ҳалиям овора бўлиб юрибмиз, дейишган-да. Укам айтади, ўзлари бир тийинга зор, ҳар куни менга бепул олиб келишади. Йўқ десам ҳам қўйишмайди, дейди. Ўргатгандан кейин ҳаммаси йўқ бўлибди.

йшанинг унга раҳми келиб кетди:
— Эсиз шунча харажатларинг. Шу ноинсоф ўлсайди, қутулардинг.

Робия надомат билан бош чайқади:
— У эмас, наркотик сотувчилар ўлсайди. Биз билмаймиз, шаҳарда қанча хонадонларда очиқдан очиқ сотишар экан. Бир аёл бор дейди, семиз, ҳамма томони тилло, сақич чайнаб ўтирар экан. Борса, ишдан қайтган ўғлини қарши олгандай «Ҳа, келдингми, болам, кел» деб кутиб оларкан. Бир сўм кам бўлса ҳам «Йўқ, бу кам, яна топиб кел» деб қайтариб юбораркан. Эҳ, дугона, аёл кишиям шундай ифлос бўладими? Шу болаларнинг ўрнига ўз фарзандларини қўйиб кўрмасмикин?!
— Вой, виждонсиз-эй!
— Укам қандай бола эди, эслайсанми? Ҳаммадан кўп беш оларди. Математикадан унинг олдига тушадиган бола йўқ эди. Отам мактаб учун берган тангаларини йиғиб, онамга рўмол совға қилган эди. Ҳаммамиз қойил қолган эдик, ўша пулни олти ой йиққан экан... — у кўзига ёш олди.
— Биламан, дугона, ҳаммасини биламан. Лекин менинг кўпроқ сенга раҳмим келади. Бу дунёга келиб, болаларингу, банги укангнинг ташвишидан бошқа нарса кўрмадинг. Болалар-ку ўзингники, боқсанг, бир кун ҳузурини кўрасан. Аммо уканг... Шунча меҳнатинг, заҳматингга яраша яхши бўлса экан.
— Қандай ҳам яхши бўлсин?! Мен сенга айтсам, янги кўчиб келган қўшнинг ҳам шу савдо билан шуғулланар экан.
— Йўғ-э, — Ойшанинг кўзлари ката-катта бўлиб, ўрнидан туриб ўтирди. — Сенга ким айтди буни?
— Ҳамма айтаяпти. Ҳар доимгидай ҳаммадан охири мен эшитдим. Бечора Зилол опа шу ҳовлида яйраб юрарди. Бу келиб қайтадан қурди. Ҳовли тўйига чақирганда бу қурилишни кўриб ҳамма ёқа ушлади. Менга ўхшаганларнинг кўз ёшлари эвазига қутуриб, тайёр уй-жойни бузиб, қайтадан қуриб ётибди.
— Аниқми шу?
— Албатта аниқда, одамлар бир нарсани билмасдан гапирмайди. Ҳеч қаерда ишламаса, қўш-қўш машина, шоҳнинг саройидек уй-жой. Туришларидаги кибр-ҳавони кўрсанг...
— Йўғ-э?
— Ҳа. Шуни эшитгандан буён оромим йўқ. Ётсам-турсам шу ярамасни фош қилиш йўлини ўйлайман. Нима дейсан, Ойша, прокуратурага ёзиб берайми?
— Ойшанинг юраги ғамга тўлиб кетди. Биларди, бу балои офатни ўзи яшаб турган шаҳарнинг қайсидир бурчакларида сотишларини, кўринишидан одамга ўхшаган, аммо ўзи ваҳший ҳайвондан ҳам баттар кимлардир шу савдонинг орқасидан кун кечиришини... лекин, шундайгина ўзи яшаб турган ҳовли деворининг ортида кимдир ана шу кир иш билан шуғулланишини тасаввур қилиб кўрмаган эди. Э-э, Худо, наҳот энди шу ипирисқи, виждонсиз билан бир ҳаводан нафас олса, ўғли, неваралари шу одам билан бир кўчада юрса?!
— Самарқандда биров-ярим кўчар бўлса, ҳовли-жойини кимга сотишни маҳалла-кўй ҳал қилар экан. Қўни-қўшни маҳалламизга ҳар хил одам аралашиб қолмасин деб шундай қилади. Бизда-чи? Ҳеч ким билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ким кўчаяпти, ҳовлисини кимга сотаяпти? Кўчиб кетаётган кишига нима? У бу ерда яшамаса нима, ким кўпроқ пул берса, шунга сотиб кетаверади-да. Балога изидагилар қолади.

Робия яна саволни такрорлади:
— Ёзайми, дугона?

Ойша ўйланиб қолди. Ёлғиз ўғил ўстирган аёл эмасми, бир умр юрак ҳовучлаб ўтган. Энди аввалгидай ўғлининг изидан югуриб юролмайди, қўлидан бир юмуш келса келмаса, кўнглини минг хил хавотир кемириб, Аллоҳга нола қилиб ётаверади.
— Дугона, ёзиш қийин эмас. Аммо бу хил нокаслар ишига пухта бўлишади. Ҳамма томонни пул билан боғлаб қўяди. Ёзсангу, уйидан ҳеч нарса чиқмаса, сенга ўчакишиб қолса-чи?
— Э-э, мени нима қила оларди? Оддий ўқтиувчи бўлсам, қўлимдан синф журналини тортиб оладими?
— Ўғилларинг-чи? Ўғилларингни йўлдан урса-чи? Авраганга кўнмаса, уч кун қоронғу уйга қамаб, томирига юқори дозада дори юбораркан. Ана сенга тайёр наркоман. Кимга додингни айтишни билмай қоласан.

Робиянинг ранги ўчиб кетди:
— Худо сақласин. Бу дунёда неки савоб иш қилган бўлсам, шу болаларимга деб қилдим. Аммо лекин бу одам билан бир кўчада яшай олмайман. У кўчмаса, ўзим кўчиб кетаман. Укамни қара, шундай очофатларнинг қурбони-ку. У касал, лекин унга ҳеч кимнинг раҳми келмайди, аксинча ундан нафратланади, ҳазар қилади.
— Худо бир нарса деб қўйгандир, дугона, — уни юпатган киши бўлди Ойша.
— Бундайларга ҳам Аллоҳнинг боққан балоси бордир. Шошмай тур-чи!

Робия жавраниб-жавраниб, гувраниб-гувраниб кетди. Ўзи билан бечора Ойшанинг оромини ҳам олиб кетди.

Ойша кун бўйи ўзи бир марта ҳам кўрмаган янги қўшнини шу ердан кўчириб юбориш режасини тузди. Ҳар сафар ўзи тузиб, яна ўзи бузди. Сабаби аён, ҳаромдан келган бўлса-да, дунёси дунёларга сиғмай ётган одам тўшакда ётган бир ногирон аёлнинг режаси билан, янги сотиб олиб, йиллаб қайта қурган уйини ташлаб кетармиди?

Кечқурун ўғлига ҳасрат қилди:
— Одилжон, янги келган қўшнилар қорадори савдоси билан шуғулланар эмиш.

Чамаси қўшнилар ўртасидаги ғивир-шивирлардан Одилбекнинг ҳам хабари бор шекилли, индамай қўя қолди:
— Қўйсангиз-чи, она, қаердаги ёлғон ваҳима гапларни топиб юрасиз?
— Ёлғон эмас, болам, ҳамма шундай деётган эмиш.
— Э-э, айтаверишади-да, она. У киши бўлажак ҳожи, — мийиғида кулди Одилбек. — Унинг исми-шарифини Ҳажга кетгувчилар рўйхатида кўрдим.

Ойша ўғлининг юзидаги ижирғаннамо ифодани кўздан қочирмади. «Ҳа, ўғлимнинг ҳамма нарсадан хабари бор, фақат онасининг ваҳимачилигини билгани учун унинг кўнглидан нималар ўтганини англаб турганини, энди ёлғонлаш шарт эмаслигини тушуниб етди:
— Э-э, онажон, оқ қўйни ҳам, қора қўйни ҳам ўз оёғидан осадилар. Ҳар ким охир-оқибат ўз қилмишлари учун бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам жавоб беради. Биздан ҳам катта хатолик ўтган, девор дармиён ҳовли кимга сотилаётгани билан қизиқмаганмиз, ҳовлини олаётган одамни ўрганмаганмиз.
— Майли, шундай ҳам дейлик, аммо кўриб-билиб туриб шундай кимсанинг Ҳажга боришига йўл қўйиб, томошабин бўлиб тураверасизларми?
— Онажон, ўзингиз ўқимишли, ақлли аёлсиз. Олдиндан бир нарса деб бўлмайди. Шошмай туринг-чи. Яна бундай гапларни ҳар жойда гапириб юрманг. Улар жуда хавфли одамлар...

Шу кеча Ойша ухламади, ухлаёлмади. Ўкириб юбормаслик учун лабларини қаттиқ тишлаб, кўзларини шипга қадаганча ётаверди. Кўзларига тўлган ёшлар юзининг икки чеккасидан оқиб кетаверди, кетаверди.

Ҳаж!.. Бу зиёратни у бир умр орзу қилди. Бировларга айтишдан-да уялиб орзулаган пайтлари бўлди. Байтуллоҳдай муборак жойни зиёрат қилишга ҳаққим бормикин деб андиша қилган пайтлари кўп бўлди. Илгари «Бибиларнинг оши» деб сумалакни ҳам ҳар ким пиширишга журъат қилавермасди. Уларнинг кўчасида фақат унинг онаси йилига уч марталаб сумалак пиширарди. Бирам ширин бўларди бу сумалак. Эрта саҳар пайти сумалак бўлинаётганда ҳовлилари коса-товоқ кўтарган одамларга тўлиб кетарди. Қозон қанчалик катта бўлмасин, ҳеч кимга товоқчадан зиёд сумалак тегмасди. Кимдир бемор қариндошига, кимдир талаба фарзандига қўшимча улуш олмаса, онаси ҳамманинг оиласига тенг бўларди. Бир йили қўшни хола ўзига теккан улушга қаноат қилмаганми, ўзи буғдой ўстириб, сумалак пиширган. Сумалакни тонг отгунча қайнатиб, ковлашибди, аммо сумалак кўм-кўк, тархўш бўлиб тураверибди. Кединининг айтишича, қўшни хола кун ёришмасдан, ҳамма сумалакни челакларга сузиб олиб, анҳор сувига оқизиб юборибди. Ҳаж зиёрати ҳақида ўйлаётиб, баъзан Ойшанинг ёдига қўшни хола пиширган сумалак воқеаси тушади-ю, юраги «зирқ» этади: «Байтуллоҳга боришга ҳаққим бормикин-а?»

Нима бўлганда ҳам Ойша эл Ҳажга жўнаётганда бир ёнади, эл Ҳаждан қайтаётганда бир ёнади. Бармоқ букиб, олдида турган вазифаларни бир-бир санайди: энг аввал ўн йил олдин қуриб бошлаган иморатини битказиши керак, ахир келинни кўпқаватли уйга туширмайди-ку, кейин ўғлини дипломли қилиши керак, кейин уйлантириб, уйини ҳам, ўғлини ҳам эгалик қилса, бўлди! Кейин топгани ўзиники, жамғариб Ҳажга бориб келади. Буёғи ўғлиям қараб турмас...

Бахтга қарши ўғли ўқишга кирган йили қаттиқ оғриб қолди. касали йилдан-йилга зўрайиб, келин туширар йили ётиб қолди. Дори-дармоннинг кучи билан зўрға келди-кеттини кузатди. Юрар йўллари кундан кунга қисқариб борарди. Олдин оёқлари оғриса ҳам ишга бориб келарди. Кейин кунига бир марта ҳовлини бир айланадиган бўлди. Энди... Бод чалган бу оёқлар билан Байтуллоҳга бориб бўлармиди?

Ўтган йили аммаси Ҳажга бориб келди. Унга ҳам бир тасбеҳ, бир неча ҳўплам оби зам-зам келтирибди.

Ойша оби зам-зам сувини ҳўплар экан, йиғлаб юборди:
— Амма, нима ёзиғим бор экан, менга Ҳаж зиёрати насиб этмади?

Амманинг юраги эзилиб кетди. Ёшгина жияни бемор, бемадор, бировнинг ёрдамига муҳтож бўлиб ётганидан сиқилиб кетди. Ҳажга ё борар, ё бормас, лекин ер босиб, соғ-саломат юрганида катта давлат эди.
— Ношукур бўлма, жоним. Худо суйган бандасига дард бераркан. Ҳажга бормасанг ҳам, бева бошинг билан фарзанд боқдинг, ўқитдинг, уйлантирдинг. Бошига шундай иморат солиб бердинг. Ишхонангда, маҳаллада доим сени алқаб гапиришади. Доим одамларга яхшилик қилдинг. Бир мискиннинг кўнглини олиш ҳам Ҳаж зиёратидай гап экан. Сенинг қилганларинг неча зиёратга тенг эканлигини Аллоҳнинг ўзи билади. Худо хоҳласа, ҳали ҳеч нарса кўрмагандай тузалиб кетасан. Ҳажгаям борасан, Аллоҳ қудратининг олдида сенинг дардинг нима гап?

Орадан уч-тўрт кун ўтиб, қўшни томондаги девор ортидан ғала-ғовур, қаттиқ кулгилар эшитила бошлади. Қозонни ҳам девор ортига осганми, ҳаводан ширин таомларнинг хушбўй ҳидлари келиб турарди.

Ҳар доимгидай келини кўчадан гап топиб келди:
— Момо, янги қўшни Ҳажга кетаётган эмиш. Ҳаммани чақириб, ош бериб дуо олаётган эмиш.

Ойша индамай девор томонга ўгирилиб ётиб олди.

Девор ортидаги ғала-ғовур уч кун давом этди.

Тўртинчи кун яна келин гап топиб келди:
— Момо, кеча янги қўшнининг миясига қон қуйилиб, оёқ-қўли ишламай, тилсиз-забонсиз бўлиб қолибди.

Уч кундан буён тоби қочиб қимирлаёлмай ётган қайнона ўрнидан туриб ўтирди:
— А?! Нималар деяпсан?
— Бугун янги қўшни хотини билан Ҳажга жўнаб кетиши керак экан. Кеча охирги меҳмонлар билан ўтириб, бирдан ғулдираб, гапиролмай қолибди. Кейин ўтирган жойидан қулаб тушибди. Дўхтирлар келиб, миясига қон қуйилган, дебди. Кечанинг ўзида касалхонага олиб кетишибди. Аҳволи жуда оғирмиш.
— Ўзи сени Би-би-сига ишга олиш керак. Сен бўлмасанг дунё ахборотларидан буткул бехабар қолардим.

Келин хижолат тортди.
— Сувга чиққан эдим. Қўшнилардан эшитдим.

Момо негадир яқин кунлар ичида биринчи марта ўпкасини тўлдириб нафас олди:

— Бирор нарса олиб кел, қорним жуда очиб кетди...