OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖамила Эргашева
Асар номиЗулфизар (қисса)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Ўзбек/мустақиллик адабиёти
Бўлимлар
   - Миллий адабиёт
Муаллифлар
   - Жамила Эргашева
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Қиссалар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
Ҳажм263KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2012/11/29
Манбаhttp://forum.ziyouz.com/ind...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журнали, 2011-йил, 8-сон


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Зулфизар (қисса)
Жамила Эргашева

Ҳаво ниҳоятда дим эди. Осмон юзига кир чойшаб ёпилгандек оқ булут қоплаган, қуёш хира фонус каби зўрға кўзга ташланади. Куз. Сўнгги япроқларини тўкаётган дарахт шохлари совқотган каби алланечук дийдираб туради.

Зулфизарнинг юраги сиқилиб кетди. Машинадан тушгач, чуқур-чуқур нафас олди, аммо юрагини сиқаётган беҳаловатликдан халос бўла олмади, ўпкасининг қай¬сидир бурчакларига тоза ҳаво етиб бормаётгандек эди. У тезроқ уйга етиб боришни истади. Келаётганини қизига айтмай яхши қилган экан. Ҳозир уйга кирадию, ётади. Чарчоғи ёзилгач, овқат қилади, Феруз мактабдан қайтгач, Фарангизни боғчадан олиб келади. Қизига кечга яқин қўнғироқ қилади: “Мен келдим, невараларим билан ўтирибмиз”.

Калит одатдагидан қийинроқ буралди. Темир эшик “ширқ” этиб очилди.

“Ие,булар уйдами, дейман?” ҳайрон бўлиб ўйлади у, бўсағадаги бесаришта пойабзалларга кўз ташларкан. Қизи ҳам, куёви ҳам бу пайтда ишда бўлишлари керак эди. “Тинчликмикин?!”

Қизи касал бўлиб қолганда ҳам бир кун ишдан қолмас эди, фақат болаларининг тоби қочгандагина ноилож қоларди.

Ётоқхонадан ғудурлаган овоз эшитилди. У шошиб эшикни очди:

– Сора!

Ағдар-тўнтар бўлиб ётган тўшакда кўзлари ола-кула бўлганча шошиб-суриниб кийинишга ҳаракат қилаётган ярим яланғоч куёви билан Соранинг энг яқин дугонасини сочлари тўзиб ётган ҳолда кўрди-ю, турган жойида тошдек қотиб қолди. Етмиш икки томирини куйдирган аланга келиб томоғига тиқилгандай бўлди, оғзи қуриб, тили танг¬лайига ёпишиб қолди. Секингина ортига бурилиб, бемадор қўллари билан деворга суяна-суяна, ошхонага йўл олди: Сув! Бир қултумгина сув...

Челак турадиган курси ёнига зўрға етиб борди. Столдан пиёлани олиб, сувга энгашган маҳал ўнг елкасида симиллаган оғриқ турди. Оғриқ лаҳза сайин зўрайиб борарди. У амаллаб бир ҳўплам сув ичди-да, секин ортида турган ўриндиққа ўтирди. Оғриқ ёйилиб, кўкрак томонга ўтди ва юракнинг қайсидир бурчагига жойлашиб олди. Кўп ўтмай юракда даҳшатли оғриқ бошланди. Бу шундай кучли оғриқ эдики, нафас ҳам ололмай қолди ва гурсиллаб полга йиқилди...

Нашатир спирти ва камфора ҳиди анқиб ётган хнада ўзига келди. Тошдек оғир қовоқларини зўрға кўтариб, боши устида унга қараб, алланималар ҳақида баҳслашаётган оқ халатли одамларни кўрди. Кўксидаги оғриқ нафас олишига ҳам йўл бермас эди.

– Ўҳ, ўлиб қоламан ҳозир!..

– Оғрияптими? Тезроқ оғриқни қолдириш керак, морфий!

Оғриқ аста-секин тарқай бошлади. Пешонасини муздек тер қоплади. Ҳорғин вужудини уйқу элитди. Атрофида ғимир-ғимир қилиб юрганларнинг овозлари олислардан келаётгандек, элас-элас эшитила бошлади. Сўнг кимдир келиб, уни ташқарига олиб чиқди. У турган жой ям-яшил адирлик экан. Адир тепасида оппоқ либосдаги бир кампир гоҳ қўлларини кўкка чўзиб, гоҳ пешонасини ерга уриб, Оллоҳга илтижо қилиб ётган эмиш. Зулфизар бир амаллаб ўша тепаликка чиқиб борди. Ёвшанларнинг шитирлашиданми, хаёли бўлинган кампир бурилиб, унга қаради. Унинг ёшланиб турган кўзлари меҳрга тўла эди. Кампир унинг ёнига келиб, аста юзларини силади:

– Ай, болам-а! Овора бўлган болам-а!

Бу унинг момоси – Улкан кампир эди. Унинг қўллари худди тириклик пайтларидагидек лой ва тупроқдан тарс-тарс ёрилиб кетган, дағал, аммо иссиққина эди.

Улкан кампир узоқ вақт чўнтакларини титкилади, сўнг узр сўрагандай, унга юзланди:

– Сенга берай десам, ҳеч нарсам йўқ экан, болам. Йўқчилик қурсин... Абдурасулим жонталаш бўлиб ётганда эшон “Жонга жон, садақа радди бало. Бир жонлиқ айтинг”, деди. Айтадиган ҳеч вақоимиз йўқ эди. Иложсиз турган пайтимда кўзимга сен кўриниб кетдинг. Ўшанда қўлбошдайгина чақалоқ эдинг. Бир сенга, бир ярадор шердай инграб ётган акангга қарадим. Невараларимнинг тўнғичи, уни отангдан ҳам кўпроқ яхши кўрардим. Ётиб қолган кунидан буён “Шугинанинг дардини менга бер” деб, Оллоҳдан сўраб ўтиргандим. Оллоҳ мен шўрни олмади, пешонангдаги ёзуғларни охиригача кўр, дедими... Эшоннинг гапидан кейин тишимни тишимга қўйиб, ўрнимдан турдим-у, йўргак пўргагинг билан даст кўтариб, акангнинг устидан айлантирдим:

– Ё, меҳрибон Оллоҳим, шу қизнинг жони акасига садақа бўлсин. Садақамизни қабул қилгин, – дедим.

Улкан кампир чуқур “уф” тортди. Қалбидаги ан¬дуҳдан юзлари қоп-қора бўлиб кетди.

– Аммо Оллоҳ садақамни рад қилди. Сени эмас, Абдурасулимни олиб кетди. Ўшанда сени олиб кетганда шунчалар овора бўлмасдинг...

Унинг томоқлари қақраб кетди.

Улкан кампир бўйнига кумуш қўнғироқчалар осилган чиройли кўзачада сув узатди:

– Ол, ич, болам!..

Сув муздек эди, у ютоқиб ичди, аммо ҳеч чанқоғи босилмади. Кампир эса индамай нари кетди.

– Сен энди дам ол, – деди кетаётиб.

У ростдан ҳам жуда чарчаган эди, оёқларини олдинга узатиб юборди, зилдек бошини юмшоқ майсалар устига қўйди. Димоғига ўт-ўланларнинг ажабтовур ёқимли ҳиди урилди. Булутлар ортидаги баҳор қуёши оҳистагина қиздираётган юзларини майин шабада силаб ўтди. У шу алпозда узоқ ётди, юз йилми, минг йилми...

* * *

Бундан кўп йиллар аввал қишлоққа муаллим бў¬либ қайтган қизидан ғурурланган Ойсултон Улкан кампирга таъна қилган эди:

– Мана, моможониси, сиз бир замонлар садақа қилган қизингиз бинойидек муаллим бўлиб келибди.

Улкан кампир маҳзунгина жилмайди:

– Ҳа-а, йўқчилик-да, болам. Кўз олдимда жондан азиз неварам шамдек сўниб борарди. Эшон бобо жонига жон беринг, деганларидан сўнг ўзимни йўқотиб қўйдим. Хаёлимда жонлик сўраб, минг эшикка кириб чиқдим. Уйда ўзимизнинг дардисар жонимиздан бўлак ҳеч нарсамиз йўқ эди. Эшон бўлса “ўзингизга азиз бирон нарсани айтинг”, деб турибди. Бир пайт кўзим шу гўдакка тушди: уч ўғилдан кейин тилаб олган қизимиз... Шартта ўрнимдан турдим-у...

Ойсултон ҳам ўтган кунлар ёдига тушиб, бир сў¬лиш олди:

– Йўғ-е, хола, сиздан сира хафа бўлганим йўқ. Шунда топқирлигингизга қойил қолганман. Кейин... Шу чақалоқ Абдурасулимнинг ўрнига қолгандай қанча пайт эмизгим келмай юрди. Ҳа-а, нима дейсиз, ҳар ким ўз кунига гаров экан-да...

Бу суҳбат Зулфизарни ҳам ранжитмади:

– Жуда чиройлимиди Абдурасул акам?

– Ҳа, ҳар елкасига бир ўтов тиккудек жуда абжир чобоғон эди. Қишлоқнинг бор қизи унга ошиқ эди. Қоши-кўзлари сеникидек ловуллаб турарди.

– Лекин сендан минг марта эсли эди, – Улкан кампир бу маҳзун суҳбатнинг осойишта маромини бузди.

– Мен нима қилдим?– норози оҳангда тўрсайиб олди Зулфизар.

– Ўқиб, муаллим бўпсан, хўп қибсан. Аммо эркакка ўхшаб хўб сочларингни кесиб ташлаганинг нимаси? Қишлоққа яланг оёқларингни ширдайтиб, тўрт қарич кўйлак билан қандай кириб келганингни ҳеч ақлимга сиғдира олмаяпман, эртага мактабга ҳам шу уст-бошда бормоқчидирсан ҳали?

– Нима бўпти, момо, ахир мен муаллимаман!

– Муаллим элдан чиқиб кетиши керакми, – баттар қаҳрланди момо. – Ўқимишли одам сувдан ба¬ланд,ажриқдан паст, ҳокисор, нима бўлса, кўп билан, эл билан бўлиши керак. Буёғи уруш, қорахат олмаган уй қолмади. Илгари бир уйдан ўлик чиқса, ўн уй “Уруғим, томирим” деб кўк кияр эди. Ҳозир бутун қишлоқ азадор, азадор қишлоқни оралаб шу кийимда юришингга сира рози эмасман.

Ёлғизгина ўғли билан девдай-девдай икки неварасини урушга жўнатиб, на яхши, на ёмон хабар ололмай ўтирган кампирга эътироз билдирмоққа ҳеч ким журъат қила олмади. Хонага нохуш жимлик чўкди. Бир пас ўтиб, Зулфизар ҳовлига чиқди. Томида ўт-ўланлар қовжираб ётган уйлари ниҳоятда ғарибона, мискин эди, момоси билан онасига ўхшаб... Агар отаси билан акалари уйда бўлганда... Тезроқ тугай қолсайди шу лаънати уруш!

Зулфизар момосидан қанча норози бўлса ҳам, эртаси куни мактабга ўзбекча кўйлак-лозиму рўмолида кетди.

Мактаб колхоз идораси ёнида жойлашган тўрт хонадан иборат кўримсизгина бино бўлиб, унинг муаллими ҳам, раҳбари ҳам ўтган йили урушдан оқсоқ бўлиб қайтган Жўра деган йигит эди. Зулфизарни кўриб суюниб кетди:

– Яхши бўпти. Анчадан буён бир муаллим юборинг¬лар, деб юрган эдим. Қимирлаган жон борки, далада. Аммо халқнинг боласига ҳеч бўлмаса бошланғич таълимни беришимиз керак-ку. Бугунги вазият, уруш вақтинчалик, эртага тугайди. Урушда йўқотган йигитларимиз ўрнига қолган болаларни саводсиз қилиб улғайтиришга сира ҳаққимиз йўқ.

– Рост.

– Муаллимнинг қўлларини мушт қилиб куюнчак¬лик билан гапириши унга ёқди. Унинг ранглари униқиб кетган кителидан ғалати ҳид келиб турарди, қон ва тер ҳидига ўхшаш ачимсиқ бир ҳид.

– Ҳамма ёшдаги болаларни бир синфга йиғиб, ўқитиб ётган эдим. Энди уларни бўлиб ўқитамиз.

– Хўп.

Унга энг кичик ёшдаги болаларни берди. Анчадан бери оҳакланмаган синфхона зах ва қоронғу, тинимсиз дарс қолдирадиган болаларнинг кўпчилиги касалманд, нимжон, синфда дарс бўйи йўтал овози тинмас эди. Бутун синф биттагина китобдан фойдаланар, кўпчилик болаларда дафтар-қалам ҳам йўқ эди.

Момосига ҳасрат қилган эди:

– Кўктош-да унинг давоси. Тўртта кўктош топиб, яхшилаб куйдирсанглар, қанча оҳак бўлади, – деди Улкан кампир.

Болалар бир дунё кўктош йиғиб келишди. Ўтин топиб, тош куйдирган ҳам ўзлари бўлишди. Биргалашиб, бутун мактабнинг ичи-сиртини оҳаклаб ташлашди.

Жўра муаллим уни мақтаб қўйди:

– Сен қизда ажойиб ташкилотчилик қобилияти бор экан-ку.

Кўп ўтмай уни колхоз идорасига чақиришди:

– Сизни партияга қабул қилмоқчимиз. Маҳаллий хотин-қизлар орасида ҳам партияга садоқатли кадр¬ларни кўпайтиришимиз керак.

Отасидан қорахат келганига бир ой ҳам бўлгани йўқ эди, мактабга колхоз партия ташкилоти котиби бориб, эртага райкомга боришини айтди.

– Сағал ўзингга қараб чиқ. Райкомдагилар, бизга кимни тавсия қилаяпсизлар, дейишмасин яна, – кета туриб қўшимча қилди котиб.

Эртаси куни Зулфизар уйдан одмигина кийиниб чиққан бўлса-да, мактабга келиб, қайта кийиниб олди. Уст-бошини алмаштираётиб, хаёлан момосининг олдида ўзини оқлаган бўлди: “Иш, иш-да, момо. Талаб қилишгандан кейин илож йўқ. Зиёли одам ўзининг ташқи қиёфасини кўркам, замонавий тутиб юриши зарурат. Ҳа-а, сиз буни қаердан ҳам тушунардингиз...”

Аммо райкомдагилар уни шундай хайрихоҳлик билан кутиб олишдики,қайтишаётганда қорахат келгандан буён тишларини тиззасидан олмай, жим ўтирадиган бўлиб қолган момоси ёдидан ҳам чиқиб кетди. Эрталаб уйдан кийиб чиққан кийимлари мактабда қолган эди, мактабга бурилиб ўтирмади. Бу пайтда у ерда ҳеч ким бўлмаслиги аниқ эди.

Эшикни очган заҳоти қандай хатога йўл қўйганини тушунди. Улкан кампир унга бир қаради-ю, юзини четга бурди. Унинг бир лаҳзалик нигоҳида қаҳрдан ҳам кўра жирканиш аломатлари босимроқ эди.

Зулфизар уст-бошини алмаштириб, Улкан кампирнинг ёнига чўкди. Қоқ суяк елкаларидан қучиб, сўлғин терилари осилиб ётган юзларидан ўпди:

– Момо, мени кечиринг. Мен бугун райкомга бордим. Мени партияга қабул қилишди. У ерга лозим, рў¬мол¬ларда бориб бўлмайди. Идорадан янгича кийиниб чиқинг, де¬йишди. Шунинг учун, мажбурият туфайли...

Момо индамади.

Зулфизар ҳазил билан момосининг аразини ёзмоқчи бўлди:

– Абдурасулнинг ўрнига сен ўлиб кетсанг, яхши бў¬ларди, денг.

Момо яна индамади. Унинг фақат юраги эмас, суяк¬лари ҳам ўт бўлиб ёнарди. Абдурасул жон талашиб ётганда бадавлат бўлган экан, ёнида нордай ўғли, бирин-кетин бўй етиб келаётган неча невараси бор эди. Мана, ўғлидан қорахат келди. Мамарасул билан Мамараимдан на хат бор, на хабар. Ҳувуллаган уйда уч муштипар қолди. Ўшанда юраги бутун экан, шартта ўрнидан туриб, йўргакдаги гўдакни бемор боласининг бошидан айлантира олди.Энди-чи? Энди осмон олис, ўғли ва неваралари жон олиб,жон бераётган жойлар ундан-да олис.

Камига манави қиз ҳам думи юлинган товуққа ўх¬шаб...

– Момо... – Зулфизар ялинчоқ оҳангда эмраниб, момосини қаттиқроқ қучди.

Улкан кампир бир силтаниб уни ўзидан итариб ташлади:

– Нарироқ тур, дардим сен эмас!

Онаси пастки лабини тишлаб,бош чайқади: “Қўй, керак эмас”.

Кечки қуёшнинг майин нурлари хонани зўр-ба¬зўр ёритиб турарди. Зулфизар Улкан кампирнинг оёқ¬ларини қучоқлаганча ғужанак бўлиб пойига ётиб олди:

– Момо, уч ой аввал Манзуранинг отасидан ҳам қора хат келган эди. Энди билишса, мина портлаган жойда қолиб кетган экан. Командирлари уни ўлдига чиқариб, уйларига қора хат жўнатишган. У эмаклаб-эмаклаб, ўз қисмига етиб олибди. Ҳозир госпиталда экан, хат ёзибди, яқинда уйга қайтаман, дебди. Момо,бу уруш, урушда ҳар нарса бўлиши мумкин. Мен отамнинг ўлганига сираям ишонмаяпман, кўнглим айтиб турибди, эрта-индин ўзи кириб келади.

Улкан кампир унинг сочларини, юзини силади.

Зулфизар бурилиб, момонинг кўзларига қаради. Кампирнинг хавотир тўла кўзларида умид учқунлари пайдо бўлганди.

– Бугун райкомда айтишди, лаънати Гитлернинг армияси орқасига қарамай қочаётган эмиш, тез орада уруш ҳам тугар экан. Ғалаба билан қайтган ватандошларимизни ёруғ юз билан кутиб олишимиз керак, энди шунинг тайёргарлигини кўришимиз лозим, дейишди. Ҳали замон отам билан акаларим кириб келишади. Ана ўшанда бизни қийнаб, шундай ўтирганларингиз учун афсус қиласиз. Кейин акаларим бу уйни бузиб ташлаб, катта уй қуришади. Албатта, икковимизга алоҳида хона бўлади, мен дарсимни қиламан, сиз менга қараб ўтирасиз. Сигир оламиз, уни ўзим соғиб, сизга сут пишириб бераман, қатиқ увитаман, эрталаблари қаймоқ еймиз. Акаларим токларимизни кўтаради, ёз бўйи дастурхонимизда узум бўлади. Мен майиз қилиш йўлларини ўргандим, қиш учун майиз қиламиз.

Унинг юзларини силаётган муздек кафтларга аста-секин ҳарорат иниб борарди.

* * *

Палатани аллақандай дорилар ва хлорнинг ўткир ҳиди тутиб кетган эди. Зулфизарнинг нафаси қайтди, бу ҳолат унга ҳали тирик эканлигини англатар эди. У кўрпа остидан секин қўлларини чиқариб, бармоқларини бўйин томирига қўйди, юраги ҳеч нарса бўлмагандай бир текис уриб турарди. Оёқларини қимирлатиб кўрди, аммо танасининг оғирлигини умуман сезмади. У дорилар таъсиридан вазнсизлик ҳолатига тушиб қолган эди.

Шу чоқ эшик очилиб, қўлида чойнак кўтариб олган қизи кўринди. Эшикдан хонага турли хил овқатларнинг ёқимсиз ҳиди ёпирилиб кирди. Унинг кўнгли айниди. Зулфизарнинг тўшагидаги ҳаракатни илғаб қолган қиз югуриб бошига келди:

– Она, онажон!..

– Деразани оч... – бурнини жийириб ўтинди у.

Қизи шошиб деразани очди.

Деразадан ёпирилиб кирган мусаффо ҳаво хонадаги ёқимсиз ҳидларни сиқиб чиқарди. Палатанинг доғ-дуғ бўлиб кетган деворлари, сим каровотлар, илвираб кетган юраклар бир зум ёддан чиқди. Она ва қиз тоза ҳаводан тўйиб симирди.

– Онажон, тузукмисиз? Ҳамманинг юрагини ёрдингиз-ку, – у юмшоққина кафтларини онасининг пешонасига қўйди.

– Менга нима бўлди?

– Буни сиз биласиз-да, Офтобойим... – ўпкаланди Сора. – Шунчалик ҳам бўладими, одам? Бораяпман деб, бир оғиз қўнғироқ қилиб қўйсангиз бўлмасмиди? Кўчада шундай бўлиб қолганингизда нима бўларди?

– Шундай бўлишни билибманми? – Гуноҳкорона ўтинди.

– Ҳеч ҳолингизга боқмадингиз-да, она. Икки марта инфаркт ўтказган одам бўлсангиз... Сиз йўлда эмас, уйда ўтирганингизда ҳам ҳамиша эҳтиёт бўлишингиз лозим. Сиз бўлса... куёвингиз телефон қилса, юрагим ёрилиб кетишига бир баҳя қолди. Уям шошиб қолганидан “Тез ёрдам” қаерга олиб борса, шу ёққа эргашиб кетаверибди. Ўзимизнинг докторимиз бор, шунга олиб боринглар, де¬йишни ҳам эпламаган. Энди қўзғатмай турайлик, деяпмиз. Сал ўзингизга келсангиз, кейин ўзимизнинг клиникага олиб ўтамиз.

Палатага пешонасидаги сочлари буткул тўкилиб кетган ўрта ёшлардаги доктор билан ҳамшира кирди.

– Сора Анатольевна, беморни чарчатаяпсиз! – Кулимсираб танбеҳ берди доктор. – Ўзи зўрға жаҳаннамнинг остонасидан қайтариб келдик. Аммо бамайлихотир бўлишга ҳали эрта.

Сора индамади.

Доктор Зулфизарнинг ёнига келиб, қўлларидан тутди:

– Хўш, опажон, аҳволларингиз яхшими?

– Шукур...

– Юрагингиз ўзини эслатиб яна эркалик қилмаяп¬тими?

– Сағал... Аммо кечагидай эмас.

– Яхши. Ҳозир яна укол қилиб қўйишади, бу укол ухлатади. Ухлаб, дам олинг. Айни пайтда сизга ҳеч кимнинг ҳамдардлиги, ачиниши ёрдам бермайди. Кўзларингизни юмиб, қимирламасдан ётинг, фақат яхши нарсаларни ўйланг, ҳеч ким билан гаплашманг.

У Зулфизарнинг қўлларини оҳистагина тўшак устига қўйиб, Сорага юзланди:

– Сора Анатольевна, илтимос, бу киши онангиз эканликларини бир муддат ёддан чиқаринг. Бу киши бемор, сиз шифокор, муносабатлар ҳам шу тушунча доирасида бўлиши керак. Ташқарида ўн-ўн беш одам турибди, бири қўйиб, бири ичкарига киришни сўрайди. Илтимос, шуларга жавоб бериб юборинг. Сиз билан бизга халақит беришмасин.

– Хўп, доктор!

Зулфизар гуручи сув кўтармайдиган қизининг ўзи тенги бир шифокор, эҳтимол илмий даражаси ундан ҳам пастроқдир, бераётган танбеҳ ва кўрсатмаларни индамайгина қабул қилишидан билди-ки, аҳволи жуда жиддий.

* * *

Шу кун тонгни Зулфизар уйғотди. Кеч ётган бў¬лишига қарамай, жуда эрта уйғонди. Тўшакдан аста сирғалиб туриб, ҳовлига чиқди. Боботоғ ортидан секин тонг ёришиб келарди. Янги тонг қўнғир туман орасида аста тарқалиб борарди. Осмон этагида ёлғиз милтиллаб турган юлдузга қараб, отаси ва акаларини ўйлади. Уни ҳам шу юлдуз каби ёлғиз ташлаб кетишди... Қулоғига қаердандир йўқлов эшитилди. Йўқловга диққат билан қулоқ солиб, бу овоз юрагидан чиқаётганини англади. Даҳшатга тушди.

Ажаб бу йўқлов унинг қалбида ҳозир увиллай бошладимикин ёки азалдан бормиди? Қачон, қачон унинг қалби ўзига аза оча бошладийкин, қачон? Ё балки энг бошиданоқ, ҳув ўша дамларданоқ бу юраги унга нималардир деб тавалло этгандир? Ахир доим ақлига қулоқ тутиб иш қилди, бошқалардан бир калла бўлса ҳам баланд, бир қадам бўлсада илгари юрди. Ўша пайтлар унинг мана ҳозир ич-ичидан элас-элас сас каби йўқлаётган, уними ё ўзиними кўмаётган қалбига қулоқ солгудай эдими? Энди нега бунча бўзлади бу юрак? Оғриқдан... бари оғриқдан бўлиши керак... Лекин барибир нега келиб-келиб шу бугунга келиб-биринма бирин, худдики уни маҳв этмоққа қасд этган лак-лак бешафқат қўшин каби умрининг ҳар бир лаҳзаси, ҳар они дабдурустдан, шовуллаб, шувиллаб кўз ўнгидан ўта бошлади? Тушига кирган момоси-чи? Гўдак эмас-ку, она қолиб, ота қолиб моможонга талпингудек... Ўзи момо бўлса, неваралари, қизи, ўғли... Уффф... бу яна ким бўлди? Ие, котибми?

Ҳа, ўша кун... Ўша куни ҳам котиб келиб, эртага райкомга боришларини айтиб кетди:

– Номзодликдан ҳақиқий аъзоликка ўтасан. Идорада бўламан,эртароқ кел. Соат тўққизда бюро, пиёдага анча йўл, – кетаётиб олдингидек қўшимча қилди: – Уст-бошингга ҳам қара.

Бу гапдан директорнинг ғаши келди:

– Одамнинг баҳосини кийим-бошига қараб бер¬май¬дилар-ку.

– Тўғри, Жўра муаллим, сиз кўп нарсани биласиз. Аммо, яна бир нарсани билиб қўйсангиз,зиён қилмайди. Яъни зиёли коммунист ташқи қиёфаси билан ҳам оддий чўпондан фарқ қилиб туриши керак.

Директор котибнинг гапларини охиригача эшитиб ҳам ўтирмади. Қўл силтаб хонадан чиқиб кетди. Унга Зулфизарни партияга ўтказаяпмиз, деб, йиғилишма-йиғилиш судрайверишлари сира ёқмасди. Буни у яшириб ҳам ўтирмайди.

Ҳатто Зулфизарнинг ўзига ҳам айтган:

– Сен жуда яхши муаллимасан. Бировнинг боласини шунча яхши кўриб, қалбининг қўрини бериб, сабоқ ўтиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Яхши муаллим бўлиш учун эса коммунист бўлиш умуман шарт эмас.

Янги ўқув йилидан учинчи муаллим бўлиб, уларга қўшилган Хадича ҳам Жўра муаллимнинг фикрини маъқуллади:

– Ростдан ҳам яхши муаллим бўлиш учун партияга кириш шарт эмас. Менимча, кўпроқ мансабга интилган одамлар партияга ўтишади.

Ўзига ҳамфикр топилгани ҳам директорни тинчитмади:

– Ўқувчиларни яхши бир муаллимдан айиришаётганликларига кўзим етиб турибди.

Бу гаплар Зулфизарнинг ҳам кайфиятини бузди.

Партия аъзоси бўлиш ҳар қанча олиймақом бўлмасин, ёнидаги ҳамкасблари шундай деб тургач, одамга хурсандчилик татирмиди?

Зулфизар бу гапни котибга айтган эди, у жи¬ғибийрон бўлиб кетди:

– Бўлмаса, партияга кимни ўтказиш керак? Партия сафлари сендек жонкуяр, ўз ишининг устаси, фидойи кадрлар билан мустаҳкамланмаса, у қандай қилиб қудратли бўлади? Қандай қилиб ғояларимизни оддий инсонлар қалбига, онгига сингдирамиз. Бу ғояларни бир рус аёли келиб, бизнинг қишлоқ хотин-қизларига тушунтирса, у ҳар қанча билимдон бўлмасин, қабул қилдириш жуда қийин кечади. Аммо ўша гапларни ўз ҳамқишлоғи айтса, осонгина қабул қилади. Шу оддийгина ҳақиқатни тушуниш шунчалар қийинми? Фронтдан қон кечиб қайтган дейман, бўлмаса, ўзим билардим уни нима қилишни!

...Тонг ёришгач, Зулфизар даҳлизда ўтириб, котиб берган китобларни бир-бир варақлади. Кийинди, ўқишдан қайтгандан буён анча ўсиб қолган сочларини силлиққина қилиб тараб,орқасига бир ўрим қилиб ўриб қўйди, билакдек зулф нозик белида қулф урди.

Худога шукрки, унга осон-осон саволлар беришди. У гапираётганда бюро аъзоларининг унга ҳавас ва меҳр билан қараб туришлари уни янада бийрон қилиб юборди. Айниқса рус тилини ўрганиб, болаларга рус тилидан ҳам дарс бераётганини улар жуда маъқуллашди.

– Сиз энди қиз бола эканлигингизни унутинг. Сиз энди партиянинг аскарисиз. Партия лозим кўрган жабҳада ишлашга доимо тайёр бўлинг, – деди бюродан сўнг суҳбатга чақирган бир киши. – Баъзан ишингиздан ташқари топшириқлар берилса, виждонан бажаринг. Бу сизнинг коммунистик бурчингиз.

– У жуда катта одам, – деб тушунтирди котиб ташқарига чиқишгач, – Кадрлар бўйича ҳамма масалаларни шу одам ҳал қилади. Ана, сен ҳам назарга тушдинг.

Тонг саҳардан туриб, қишлоқдан туман марказигача, у ёқдан қишлоққача пойи-пиёда келиб, кун бўйи оёқда тик турган бўлса ҳам учиб келаётган Зулфизар қишлоққа киргач, ғалати бўлиб кетди. Аввал олдиларидан почтачи Салим чўлоқ чиқди. Худди кўрмагандай саломига ҳам алик олмасдан юзини тескари буриб ўтди. Сўнг... Қаердандир увиллаган йўқлов овози эшитилди. Кунига неча уй азахонага айланиб, қишлоқнинг ҳар бурчида йўқлов айтилиб ётган бўлса-да, негадир унинг юраги “шув” этиб кетди. Шошиб уйлари томон югурди.

– Вой, болам, кўзимнинг нури, болам,

Белимнинг қуввати,қалбимнинг қўри, болам.

Энди нима қиламан...

Бошимни қай тошларга урайин,

Мозорингни қаерлардан излайин,

Отинг ўчсин, уруш, отгинанг ўчсин!..

Муштдеккина бошини қаттиқ ерга уриб фарёд чекаётган бахтсиз аёл унинг онаси эди. Ранглари мурданикидай оқариб кетган момоси ҳамон қоқсуяк оёқларини маҳкам қучоқлаганча тиззасини тишлаб ўтирарди. Унинг нурсиз кўзларидан ёшлар шашқатор бўлиб қуйилар, аммо у шу қадар бемажол ёки беэътибор эдими,бу ёшларни артиб ҳам қўймасди.

Ўқдек учиб кирган Зулфизар титраб-қақшаб онасини қучоқлаб олди:

– Энажон, ким? Нима?! Нега бундай ўтирибсизлар? – Ўзи ҳам уларга қўшилиб, йиғлай бошлади.

– Аканг, қизим, акажонинг! Мамарасулдан ажралиб қолдик. Энди нима қиламиз, болам!

Орадан ҳафта ўтиб, Улкан кампир ҳам омонатини топширди. Ювиб, кафанлагани кирганлар момога кўп ачинишди:

– Икки тиззаси ҳам момоталоқ бўлиб кетган экан, ювиб бўлганимиздан кейин ҳам кўзларидан оққан ёшни кўрдик. Шўрлик, чин дунёга йиғлаб кетди.

Уйнинг ним қоронғу бурчагида бир оғиз ҳам гапирмасдан ўтирса ҳам шу мусибатли кунларда Улкан кампир оила учун улкан қоя бўлгани ўтирган ўрни бўшаб қолгандан кейин билинди.

Момоси бор эди, умрларида кўрмаган аллақайси юртларда юрган бўлсалар ҳам, отаси, акалари бор эди. Бирин-кетин келган уч жудолик юракларига беадоғ оғриқ ва қўрқув солди. Ҳовлида бир хазон шитирласа ҳам Зулфизарнинг юраги қинидан чиқиб кетгудай бўларди.

Шу оғир кунларда Хадича унинг ёнидан кетмади. Тушгача мактабга бориб келар, сўнг намозшом тушгунча уларникида ўтирарди.

Бир куни ёринчоқда маккажўхори майдалатиб қайтаётганда Жўра муаллимдан гап очди:

– Жўра ака жуда яхши одам, ҳар куни сени сўрайди. Эркак-да, ёнингга келолмаса... Лекин ўзини қўярга жой топа олмай юрибди.

Зулфизар индамади.

– У сени яхши кўради, – бир пасдан кейин қўшимча қилди Хадича.

Буни Зулфизар яхши биларди, аммо минг яхши одам бўлса ҳам йил ўн икки ой ранги ўчиб кетган ҳарбий кийимда бир оёғини судраб юрадиган Жўра муаллимни ҳеч қачон ўзига муносиб кўрмасди. Эрта-индин уруш тугайди. Отаси, акалари қайтиб келади. Тўкин-сочин, яхши кунлар бошланади. Улар шаҳарга кўчиб кетишади. Зулфизар бахтини ўша ёқлардан топади.

– Ҳой, эшитяпсанми? – Хадича уни уйғотмоқчи бўлгандай туртди.

– Ҳа.

– У сени яхши кўради, – такрорлади Хадича.

– Нима бўпти?

– Унга турмушга чиқишингни истаяпти. Агар рози бўлса, совчи қўяман, деди. Мана шу оғир кунларда отанг ва акаларинг келгунча бошларингда бир эркак киши бўлгани яхши-да. А, нима дейсан?

– Қўйсанг-чи!

– Ундай дема, Зулфизар! – ялинишга тушди Хадича. – Унга жудаям раҳмим келади. Соғлиғи йўқ, онаси ҳам ўтиб кетди,бир уйда бир ўзи яшайди.

– Раҳминг келаётган бўлса, ўзинг тег! У менинг тенгим эмас, – ижирғанди Зулфизар.

– Жон деб тегар эдим, у бебаҳо инсон, лекин у мени эмас, сени сўраяпти.

– Қўй шуни!..

Жўра муаллим барибир одам қўйди. Совчилари қу¬руқ қайтгач, ўзи кўнгил ёрди:

– Урушдан қуруқ суратим қайтган эди. Ҳали ҳаё¬тида бирон қизнинг қўлини ҳам ушлаб кўрмаган, қалби орзуларга тўла не бир йигитларнинг парча-парча бў¬либ, юзлаб бўлакларга бўлиниб кетганини кўрдим. Бу бўлакларни йиғиб, дафн қилишнинг ҳам иложи йўқ эди. Бунга ҳеч кимнинг вақти ҳам йўқ эди. Мени ортга қайтаришди, аммо мен ўша қирғинбаротлар ҳамон давом этаётганини яхши биламан. Ўқларнинг визиллаб учган овозлари, бомба портлашлари, аскар йигитларнинг инграшлари қулоқларимнинг остидан сира кетмайди. Шу ҳолда одамзод нимагадир қизиқиши мумкинми? Йўқ, албатта. Аммо, ишонсанг, сен мени ўша тубсиз чоҳдан юқорига олиб чиқдинг, мени ҳаётга қайтардинг. Сени яхши кўриб қолдим. Агар йўқ десанг... Йўқ, мен буни кўтара олмайман. Хўп, дегин. Ишон, бир умр бошимда кўтариб юраман.

Қаршисида яланғоч новдадек қалтираб турган йигитга нисбатан кўнглида заррача рағбат туймади. Унинг дийдаси қаттиқ эди.

– Мени кечиринг, Жўра ака. Мен ҳали ўқи¬моқ¬чи¬ман.

– Бирга ўқиймиз.

– Йўқ, бунинг иложи йўқ, – у шартта ўрнидан туриб, хонадан чиқиб кетди. Аччиғи келди. “Ҳар ким ўз тенгини билса экан! Энди Зулфизар келиб-келиб, шу чўлоққа... Ё, тавба-ей!”

Шундан кейин ҳам Хадича кўп қистади:

– Бунча тошбағир бўлмасанг? Юришини қара, адо¬йи тамом бўлди, шўрлик.

Аммо ўзи Зулфизарни бошқа безовта қилмади.

Уруш тугаб, мактабга янги муаллимлар келгач, у туман марказидаги мактабларнинг бирига оддий ўқитувчи бўлиб ўтиб кетди.

Зулфизар елкасидан юк тушгандай енгил нафас олди.

Хадича хафа бўлди:

– Мен уни яхши кўрардим, – деди бир куни кутилмаганда.

Зулфизар ҳайрон бўлди:

– Мени унга кўндирмоқчи бўлиб, шунча асабимни бузганларинг тил учида экан-да...

– Мен уни ҳамиша яхши кўрганман. Унга тег, унга раҳм қил, деб сенга ялиниб юрган пайтларимда ҳам яхши кўрганман. Ўша тер ва қон ҳиди сингиб кетган кителини жойнамоз қилишга тайёрман ҳамиша. Уни яхши кўрганимдан, унга раҳмим келганидан, унинг бахтли бўлишини жуда-жуда истаганимдан ялинганман сенга. Ким билан бўлса ҳам майли, бахтли бўлсин шу йигит, дедим.

– Энди-чи?

– Энди... Билмадим, бу ёғи нима бўлади? Юрагидаги яралар битгач, учрашиб қолсак, агар унгача биров-ярим чаққонойлар илиб кетмаса, ҳаммасини ўзим айтаман.

– Оббо сен-ей! Кўнглинг кетган ошни мақтаб бировларга тавсия қилиб юришингнинг маъниси нима? Худди ўзинг энди ўн етти ёшга кирган пари-пайкарсан. Ҳали сенинг қўлингни сўраб, Бойчибор минган неча Алпомишлар келади. Лекин сен пайсалга солиб, кечикиб қолма, ўзингни ҳам ўйла.

* * *

Зулфизар ярим тунда уйғониб кетди. Вақтни билиш учун аввал атрофга, сўнг ойнинг заифгина нурлари сизиб кираётган деразага қаради. Қаршидаги каравотда қизи ухларди. У бир муддат қизига тикилиб қолди. Бегона тўшак ноқулайлигиданми, у бир пасда бир неча бор ағдарилиб олди. Зулфизар уни ростдан ҳам жуда эрка ўстирган, ҳаётида бирон ноқулайлик бўлмаслигига ҳаракат қилган. Энди!.. Э-э, худо, авлоддан авлодга бойлик мерос бўлиб ўтишини,хасталик ўтишини биларди, аммо бахтсиз қисмат ҳам мерос бўлишини билмаган экан. Агар шундай бўлмаганда Зулфизарнинг тақдири қизида такрорланиши шартмиди? Бир замонлар ўзи тақдирнинг талхўр насибасини татиб кўрганда бунчалар эзилмаган эди, аммо қизининг ағдар-тўнтар бўлиб ётган тўшаги унинг ҳаётини издан чиқариб юборди, худди поезд рельсдан чиқиб кетгандай... Эрини ярим тунда ўйнашига қўшиб ҳайдаганда ўзига ўзи тасалли бера олган эди: “Бир кам дунё, деганлари рост. Менинг камим шу эр бўла қолсин, энг муҳими,жоним соғ, болаларим бағримда. Тирик ва саломат бўлсанг,бахт, омад, бойлик ўзи сени излаб топаверади”.

Гарчи кейинчалик ҳаёти бекаму-кўст бахтга тўлиб ўтмаган бўлсада,эрсиз қолганига сира афсусланмади.

Эрталаб Сора уни уйғоқ ҳолда кўриб, суюниб кетди. Нам сочиқ билан юз-қўлларини артиб, овқатлантиргач, хонага бир қизни бошлаб келди:

– Онажон, бу қиз менинг шогирдим,илмий иш қиляпти. Жуда билимли, зийрак қиз. Мени бир зарур масала бўйича клиникага чақиришаяпти. Шундай бораман-у, қайтаман. Бу қиз мен келгунча сизга қараб туради, – сўнг қизга тайинлади. – Доктор билан ҳамширалардан ташқари ҳеч ким кирмасин.

– Бу қизни ташвишга қўймагин, болам. Аҳволим яхши, ўзим ётавераман, – хижолат бўлди Зулфизар. – Келгунингча шу ернинг докторлари қараб туришар...

– Йўқ, она, сизни шундай ташлаб, хотиржам кета олмайман. Ёнингизда ўзим бўлмасам ҳам, ўзимнинг ишонган одамим туриши керак.

Ҳамшира укол қилиб кетгач, энди кўзи илинаётган эди, эшик “ғийқ” этиб очилгани эшитилди. Зулфизар негадир хавотирланиб эшикка қаради. Остонада узоқ хасталикдан турган бемордек ранглари сўлғин, қарашлари ҳадик-хавотирга тўла Ғанишер турарди.

– Ассалому алайкум.

Шогирд қиз ўрнидан туриб, бир Ғанишерга, бир беморга қараб қолди. Ғанишер унинг нигоҳларидаги иккиланишни сезиб,изоҳ берди:

– Сиз бир айланиб келинг, бу кишига ўзим қараб тураман.

Қиз бир дақиқа ҳаяллаб турди-да, сўнг индамай чиқиб кетди. Нима ҳам десин, куёв бўлса.

Ғанишер унинг қаршисидаги курсига ўтирди:

– Мени кечиринг.

Бошқа пайт бўлганда юзига бир шапалоқ туширарди. Ҳозир бунинг иложи йўқ. У индамай юзини девор томонга ўгириб олди.

– Тўғри, ичингизда қарғаётгандирсиз, турқинг қўр¬син сен итнинг, деётгандирсиз? Лекин бу сиз ўй¬лаганчалик итлик эмас. Билсангиз, аҳволингизни кў¬риб, ўзимнинг ҳам бўларим бўлди. Сизга бир гап бўл¬ганда, ўзимни кечиролмасдим...

– Ўша “бир гап” бўла қомапти-да, – шартта унинг гапини кесди Зулфизар, аммо ўз овозининг хасталигига қарамай бундай кескир чиққанидан ўзи ҳам ҳайрон қолди.

Куёвига нафрати шунчалик кучайган эканки, бор алами куч бўлиб бўғзидан отилди гўё.

– Аслида бу шунчаки тасодиф эмас. Мен дуч келган хотинга ёпишиб юрадиганларданам, уйимга, тўшагимга ҳар кимни судраб келадиганлардан ҳам эмасман. Лекин барибир бир нарсани тан олишим керак. Анчадан буён кетмоқчи бўлиб юрган эдим. Ҳеч жазм қила олмаётгандим. Охири кетсам, аввалроқ кетишим керак экан, сизни инфаркт олдирмай...

– ... – Нега кетмоқчи эдинг, демайсизми?

Унинг миқ этмаганидан нимагадир баттар қизишди индамас куёви, сўнг қирқ қайта қайтариб, ёд олгандек деди:

– Қизингиз мени ҳеч қачон яхши кўрмаган!

Зулфизар икки чаккасидаги томирлари гуп-гуп лў¬қиллай бошлаганини сезди: гапини қаранг бунинг? Шу ёшида “севди-севмади” эсига тушибди-да, орада икки бола туғилиб, бўйи бўйинг билан тенг бўлиб қолганда-я?

Жирканиб, юзини терс ўгирди. Аммо ичидан нимадир барибир куёвига нисбатан бу қадар бешафқат бўлмасликка ундаб турарди. Ҳар не бўлганда ҳам ўғлидан-да меҳрибони шу эди, боласининг ортидан боласидек... Унинг ичидан кечаётган хавфли хаёлларни сезгандек Ғанишер ҳам дадиллик билан гапида давом этди:

– Менимча, у пул,мол-дунё, шон-шуҳратдан бошқа ҳеч нарсани яхши кўра олмаса керак. Уйланган кунимдан буён кўпроқ пул топай, тезроқ илмий ишимни ёқлай, номзод бўлай, доктор бўлай, деган ташвишлар билан яшаб келаяпти. Болаларнинг олдида ҳам ўрним йўқ. Қўшниникига чиқиш учун ҳам онасидан рухсат сўрайди. Шу пайт ёнгинасида ўтирган ота эса улар учун бир жонли ҳайкалдан бошқа нарса эмас. Албатта-да, уй онаники, машинани она олган, она ҳайдайди, она оғзиларидан чиққан ҳар бир истакни муҳайё қилади. Бу ёқдан сиз, у ёқдан боболари тўлиб-тошиб келади. Менинг ота-онамда дуо билан меҳрдан бўлак ҳеч нарса йўқ. Ўзим шунча йилдан бери илмий ишимни ёқлай олмай сарсонман. Маошим тушлигим билан йўл кирамни зўрға қоплайди. Бу уйда доимо кераксиз буюмдек ҳис қиламан ўзимни.

У анча пайт жим қолди. Бу орада Зулфизар ўйларди: индамайгина шунча гапни ичига ютиб юрган экан-да, ғалча. У бир умр шу ғалча эркакларни ёмон кўрди. Илк бор турмушга чиққанида шу сабоқ бўлмаганмиди? Айнан мана шундай мулойим супурги эрлар бир кун келиб албатта тузлиғингга тупурмай қўймайдилар. Яна кетар чоғи ҳамма айбни ўзингга юклаб, қорага чаплаб ташлайди. Ўзлари эса пахтадек оқ. Ахир қилгани ҳам, энг яхши кўргани ҳам шу қизи бўлди. Чунки қизнинг ўзи шунга арзийди. Унга ўхшаб адашмади, ўзи севди, ўзи тегди ва... энди фақат ўзи куйиши керакми? У она бўлиб индамай бир четда қараб тураверсинми? Қизини сўрагувчилар кўп бўлди. Ўзи бир қиз, ҳусни ўн қиз эди-да Соранинг. Ҳозир ҳам кўрган кўзни куйдиргудек. Аммо негадир бироз эркакчасигами-ей фикрлайди. Эри-хотин ажралиб кетишса ҳам, Сора бир зум ота эътиборидан четда қолмади, эрка, дангалроқ бўлиб ўсди. Шу лапашанг эрига ҳам оёқ тираб туриб олгани учун ҳам узатишганди. Бунинг нимасини севиб қолган экан: шу ақли, шу ҳусни билан?! Бу шўртумшуғам шўр-шўрлаб туриб олди-да. Ўшанда ота-онасининг камбағаллигини ўйлаганмиди? Шу қиз менга лойиқми ўзи деганмиди? Ораларидаги фарқни, тафовутни энди билибдилар-да? Олтин балиқчаси жонига тегибди-да? Зулфизар ўзини бу ўйлардан ҳар қан¬¬¬ча тийишга ҳаракат қилмасин, яраланган она шер каби фарзандининг куйига ана шундай аламли ўйлар фарёди бўлиб бўғзини қўрғаб, саннаб ташлашдан тийиб турарди. Умуман, нимаям деб қарғасин? Ўта маданиятли бўлишнинг шуниси ёмон-да, ғазабинг бостириб келганда ҳам тилингни тишлаб тураверасан, анча пайт жим бўлиб қолган куёв яна хижолатли томоқ қирди. Энг муҳим гапни айтиш учун тараддудланаётган эди чамаси. Ниҳоят ёрилди:

– Мени кечиринг, назаримда мен ўз муҳаббатимни топгандайман. У ҳаётини менсиз тасаввур қила олмайди. У худди онамга ўхшайди, мени тушунади, мени аяйди. Мен унга уйланишга қарор қилдим. Сиздан ягона илтимосим, Сорага ҳеч нарса деманг. Даволаниб чиққанингиздан сўнг ўзим айтаман.

Ҳар нима бўлганда ҳам Зулфизар хиёнаткор куёвдан бундай айблов ва кескин қарорни кутмаган эди. Агар Ғанишер у ўйлагандай каловланиб ўзини оқлаганда эҳтимол ҳали бери жаҳлидан тушмаган бўларди. Ўзича бу оғриқли тишни қизининг ҳаётидан қандай қилиб оғриқсиз ҳолда олиб ташлаш режасини топа олмай ётганди. Аммо куёвнинг кутилмаган қарори уни шошириб қўйди. Назарида қизи, неваралари катта шаҳарда ёлғиз,беқаров қолгандай қўрқиб кетди. У қошларини чимириб, ижирғангандай киноя билан Ғанишерга қаради:

– Ўзингизнинг нафсингиз, ҳою ҳавасларингиз учун болаларингизнинг кўнглини яримта қилиб кет¬моқ¬чимисиз?

– Болаларнинг кўнглида мендек отага умуман эҳ¬тиёж йўқ.

– Сиз шундай деб ўйлайсиз, яъни сиз қандай ўйласангиз, шундай кўрасиз. Эҳтимол ҳозир уларнинг сиз билан умуман ишлари бўлмаётгандир. Улар ҳали бола-ку. Улар учун ўз ташвишлари, ўз дунёларидан бўлак ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ. Аммо ташлаб кетсангиз, аниқ, бўшаб қолган ўрнингизга қараб “дод” деб юборишади. Ана шунда, уларга жуда кераклигингизни билган дақиқаларда ортингизга қайта оласизми? Балки унгача бу оилада ҳам “ота” деб этагингизга ёпишгувчи бегуноҳ фарзандлар дунёга келар. Ана шунда нима қиласиз?

Зулфизар табиатан жуда яхши нотиқ эди. Истаса, гўдакдек бегуноҳ одамни ҳам, шайтонга дарс бергувчи товламачини ҳам ўз йўриғига сола олар, шу истеъдоди билан ишлаб юрган пайтлари неча юзлаб рўзғорларни сақлаб қолган эди. Осмондан келаётган куёв унинг гапларидан кейин жим бўлиб қолди.

Эшикдан кириб келган доктор ўртадаги ёқимсиз суҳбатга нуқта қўйди:

– Ие, Сора Анатольевна қаерда? Сиз кимсиз, сизни палатага ким киргизди? – чинакамига уришиб кетди у.

– Мен куёвлариман. Қараб тургандим...

– Сора Анатольевна шифокор бўлгани учун беморнинг ёнида бўлишига рухсат берганмиз, бўлмаса, ўзимизда ҳам қаровчилар етарли. Боя ҳамшира укол қилган эди, сиз туфайли бемор ухлаёлмай карахт бўлиб ётибди. Қани, тез чиқинг палатадан.

Ғанишер палатага қандай мардоновар кириб келган, шундай учиб чиқиб кетди. Ўзини беобрў қилиб ҳайдаб чиқарган доктордан миннатдор бўлди. Агар шу доктор кириб келмаганида, ким билади, бу қайнонаси...

* * *

Ниҳоят йиғлаб-юпаниб ғалаба кунларига ҳам етиб келишди. Ҳамманинг тинка-мадорини қуритган уруш тугади. Ҳаётларида бирон ўзгариш юз бермаган бўлса-да,ҳамманинг кайфи чоғ,худди шахсан ўзи Рейхстагга ғалаба байроғини қадаб қайтгандек мамнун эди.

Бундан беш йил аввал машиналарни тўлдириб-тўлдириб, урушга кетган йигитлар энди бирин-сирин, бугун биров, эрта яна кимдир, индин ҳеч ким, кутаётган одамлар зиқ бўла бошлаганда елкасига юк халта осиб олган, ҳорғин кўзлари соғинчга тўла яна кимдир қишлоққа кириб келарди.

Қишлоқ четидан ўтган кичкинагина ариқ кўп¬ригидан туман марказига элтувчи узун яйдоқ йўл томон кескин бурилиш бўлиб, шу туфайли кўприкдан ўтиб қаралмаса, бу узун йўлдан қишлоққа келаётган одамни кўриб бўлмасди. Қишлоқ қариялари кўприк ортидаги толлар соясидан ўзларига жой қилиб олишди. Ким бир парча шолча, ким жанда кўрпача, ким эски бир жабдуқ олиб чиқиб, эрта тонгдан қора кечгача шу ерда ўтиришни одат қилди. Қишлоққа қайтган аскарларнинг биринчи суҳбати ана шу қарияларга насиб қилар, биров-ярим келиб қолса, уларнинг атрофида тупроқ чангитиб юрган болакайлар дарҳол чўп отларини миниб, аскарнинг уйидан суюнчи олгани чопишар эди. Соғинчга айланган умидвор қишлоқ қийқириб келаётган болаларни кўрганда қувончдан бир қалқиб кетгандай бўларди. Ҳамма кутарди. Урушнинг биринчи кунлариданоқ қора хат олиб, беш йилдан бери азалик кийимини ечмаганлар ҳам, неча вақтлардан буён на яхши, на ёмон хабар олмаганлар ҳам, урушга бергудек ҳеч кими бўлмай, урушга ҳеч кимини бермаганлар ҳам-ҳамма бутун вужуди билан йўлга қарарди.

Мамараим ғалабадан роса бир йил ўтгач, уйга қайтди. У қайтгунча Зулфизар қишлоқнинг катта одамига айланган, уни мактаб директори қилиб тайинлашган эди. Ойсултон хола ўғлини бағрига босиб туриб, ҳушини йўқотди. Йўқотишлар, йўқчиликлар, зориқиб йўл қарашлар уни бутунлай ҳолдан тойдирган эди. Ҳалиям кўнглидаги “милт” этган умид унга матонат бағишлаб, ўғлига рўбарў келгунча оёғида тура олишига сабаб бўлди.

Уй бир пасда қўни-қўшни, қариндош-уруғ билан тўлиб кетди. Хотин-халаж қий-чув қилиб,Ойсултон холанинг юзига сув сепа-сепа ўзига келтириб олишди.

Оқшом чўкиб, келди-кетди узилгач, уйда она-болалар ёлғиз қолишди. Зулфизар елиб-югуриб ҳамма жойни тартибга келтирди. Ҳовлига шолча тўшаб, шолчанинг гирдини айлантириб кўрпачалар солди. Қишлоқ оқшоми жуда гўзал эди. Айниқса, азиз одамларинг ёнингда бўлса, бу гўзаллик янада тўлақонли ва завқли бўлади.

Зулфизар қанча ўктам қиз бўлса ҳам акасидан тортиниб турар, кўнглининг қайсидир бурчида “ростдан ҳам шу одам менинг акаммикин?” деган хавотир сира кетмасди. Сабаби, акаси урушга кетаётганда жуда ёш, устки лабларини эндигина майин тук қоплаган ўспирин эди. Бугун кўрпачага оёқларини узатганча, ёнбошлаб олган кишининг овозлари ҳам, қарашлари ҳам улар кузатган ўша ўспиринга заррача ўхшамас эди. Фақат у ёдга солаётган хотиралар, соғинч ва меҳр тўла нигоҳлар “Мен сенинг акангман” деб турарди. Унинг олдида Зулфизар яна ўзини ёш қизалоқдек ҳис қиларди:

– Агар кўчада қаршимдан чиқиб қолсангиз, мен сизни умуман танимас эдим, – ниҳоят кўнглидагини айтиб қўя қолди у.

– Сен ҳам анча улғайибсан. Бекор юрмай, ўқиб олибсан, баракалла, – сўнг кулиб қўшимча қилди: – Директор бўлибсан.

– Номига директорман-да. Ўзи тўрт киши ишлаймиз. Мен ҳам ҳамма қатори дарс бераман, фақат жавобгарлиги зиёда.

– Шуям катта гап-да.

– Мени вилоятдан ўқишга юборишмоқчи эди, онам ёлғиз деб, кета олмадим. Мана, энди сиз борсиз, ўқишга бораверсам ҳам бўлаверади.

– Бўлади, синглим, – мамнун бош ирғади ака. – Шунча пайт онамга қараб, рўзғорни эплаб ўтирдинг, раҳмат сенга, буёғига ўзимга ташла ҳаммасини.

Болаларига термилиб, жимгина ётган Ойсултон хола ака-сингилнинг меҳрибонлигидан, ўғлининг жўмард¬лигидан хурсанд кулимсиради:

– Сен буни кўп талтайтирма. Тоғанглар “акаси келсин” деб юришганди. Энди қирқ минг қалин, қирқ қўй оламиз-да, узатиб юборамиз.

– Бекоргинани айтибсиз, мен сизга молмидимки, сотсангиз.

– Удум-да, мени ҳам сотишган, энди сени сотамиз, акангга ҳам бировни сотиб олиб берамиз, – баттар жиғига тегарди онаси.

– Она, бундай хунук гапни ҳазил қилиб ҳам айтманг, илтимос. Одамни сотишмайди-ку ахир, ҳеч қачон сотишмаган ҳам. Беш-тўрт сўм қалин пули беришса, шуниям қизининг рўзғорига нимадир қилиб жўнатган. Сотади, де¬йилса, одам ғалати бўлиб кетади.

Она кулди:

– Сени сотмаймиз, кимни севсанг, шуни сотиб олиб берамиз.

– Қўйинглар. Менга бунча ёпишдиларинг!..

– Бўпти, бўпти. Бу масалани ёпамиз... – Гапни бошқа ёққа бурди Мамараим.

Улар ярим тунгача шу зайл гаплашиб ўтиришди. Онаси билан акаси ётган жойларида ухлаб қолишгач, Зулфизар кўрпа олиб чиқиб, уларнинг устига ташлаб қўйди. Ўзи ичкарига кириб ётди.

Бу оила уруш тугаганини, ҳали унинг яралари битмаган бўлса-да, шу осуда тунда илк бор ҳис этишди. Болаликдан саҳармардонда туришга одатланган Зулфизар ташқарига чиққанда гимнастёркасини елкасига ташлаб олган Мамараим бир томони нураб кетган эски тандирнинг бошида турарди. Гарчи саратон чилласи бўлсада, тонг салқингина эди. Зулфизар шошиб юз-қўлини ювди-да, акасининг ёнига бориб, салом берди. Назарида кечадан бери шунчалик кўп вақт ўтган эдики, юраги соғинчдан ёрилай деб турарди.. Қиз бола бўлмаганда акасини қучоқлаб олишга тайёр эди.

– Яхши дам олдингизми, акажон?

– Ҳа, раҳмат. Хўроз қичқириғидан уйғониб кетдим. Ҳали тўлиқ уйғонмаган эдим, бир пайт от кишнашини эшитдим. Тушиммикин, ҳушиммикин деб, ёнбошимга қарасам, муштдайгина бўлиб онам ётибди. Урушда баъзан қишлоқларга яқин бориб қолсак, қўй-қўзиларнинг маъраши, хўрозларнинг қичқиришларини эшитсам, юрагим кенгайиб кетгандай бўлар эди. Кўз олдимга қўй-қўзилар ўтлаб юрган ям-яшил адирларимиз келарди. Одамзод қизиқ бўлар экан, ажал нақд, оёқларимиз ости тўла мина,қулоқларимиз остида ўқлар визиллаб учиб ётибди, аммо бирон кун, бирон дақиқа уйга қайтиш, тинч, осуда ҳовлингда чалқанча ётиб, юлдузларга термилиш, адирларда яланг оёқ югуриш орзуси кўнгилдан кетгани йўқ. Командирларимиз “Она Ватан учун олға!” деб жангга солишганда ҳамиша кўз олдимда мана шу қадрдон қишлоқ, ерга қапишиб мунғайибгина турган мана шу уйимиз пайдо бўлар эди, – Мамарайим тандирга қаради. – Бу ўша биз қўйиб кетган тандирми? Қара-я, ҳеч нарса қилмапти.

– Ҳа, энди... Уйда тандир-тандир нон ейдиган одам бўлмаса... онам икккаламиз ўчоққа бир нон пишириб олсак, тўрт кун еймиз. Шу тандирни олиб ташлай деб қанча уриндим, онам қўймади, – Зулфизар ерга қаради.

– Нега олиб ташламоқчи эдинг?

– Энам, қачон қарасам, тандирни қучоқлаб йиғлайди. Сенинг ҳам ичинг куйик, менинг ҳам ичим куйик, Тандир она Худодан болаларимни сўраб бер, деб, йиғлайверарди. Охири бир кун кетмонни олиб, тандирнинг бошига келдим, яна бир марта шу ерга келиб йиғласангиз, шу тандирни чопиб ташлайман, дедим.

– Бечора энагинам!... – чуқур хўрсинди Мамараим. – Биз иккаламиз отамнинг, акаларимнинг ўрнини билдирмай, онамни авайлаб, юрагидаги яраларга малҳам бўлишимиз керак.

– Ҳа-а...

Райкомдагиларга Зулфизарнинг ўқиш ҳақидаги режаси маъқул тушди:

– Фақат Тошкентга эмас, вилоят партия қўмитаси Москвадаги олий партия мактабига маҳаллий хотин-қизлардан бирон номзод суриштираётган эди. Борасиз, ўқийсиз, турар жой билан таъминлашади. Маошингиз берилади. Хуллас, бу жуда катта имконият!

Зулфизар райкомдан чиққанда айни туш маҳали эди. Терак учига қадалиб қолган саратон қуёши еру осмонни аёвсиз қиздирар, дов-дарахтлар, йўллар, одамлар ҳансираб нафас олар, ана шу оташгоҳ ичра Зулфизардан бахтли одам гўё дунёда йўқ эди. Бир томони бепоён адирлар билан туташ яйдоқ йўлда кетиб борар экан, дамба-дам рақсга тушаётгандек айланар, назарида у эмас, унинг атрофида, унга ҳавас қилиб дунё айланаётгандек эди.

Мамарайим ҳовлининг бир четида сувоқ учун лой тайёрлаётган экан, ҳамон ўғлининг дийдорига тўймаган Ойсултон хола ҳам унинг ёнида гап бериб ўтирарди. Зулфизар уларни кўриб, дарров суюнчилади

– Эна, ака! Мени Москвага, олий партия мактабига жўнатишаяпти.

Ойсултон холанинг қовоғи солинди:

– Ўқиб, яна ким бўлмоқчисан? Шаҳар олиб берасанми? Бир дипломинг бор, ишлаяпсан, яна нима керак сенга? Бировингни Худодан сўрай-сўрай, шу томонлардан зўрға олиб келдим. Энди сенинг дардингда куйишим қолганмиди? Ҳеч қаерга бормайсан.

Акаси эса хурсанд бўлди:

– Ундай деманг,эна. Қизингиз урушга кетаётгани йўқ-ку, ўқишга кетаяпти. Москвада ўқиб келса, камида бир туманни сўрайдиган арбоб бўлади. Нодирабегимлар ҳам сизнинг қизингиздай бировнинг эрка қизи бўлган. Қаранг, ҳам арбоб, ҳам шоира бўлиб, тарихда номи қолди.

Ойсултон хола қатъий бош чайқади:

– Қўй, болам. Менга шунинг арбоблиги умуман керак эмас. Жойи чиқса, узатсам, тиниб-тинчиб, ўзи билан ўзи бўлиб кетганини кўрсам бўлди. Ўзи икковгиналаринг бўлсанглар, биринг Ироқда, биринг йироқда... Йўқ, мен бунга чидай олмайман.

– Узатишга улгурасиз, эна. Ҳали ёш, индаманг, ўқиб келсин. Тўй қилишга шошаётган бўлсангиз, мана, мен уйланаман, – у кулиб Зулфизарга кўз қисиб қўйди. – Кейин, келин-неваралар уйингизни тўлдириб юборади. Хўп денг, энажон, ўқиб келсин шу қизингиз!

Зулфизар ўқишга кетгунча акаси уйнинг у ёқ бу ёғини шуваб, қўшни тоғанинг қизини қозон-товоғига эга қилди.

...Ва шу тариқа Москва таҳсили ҳам бошланиб кетди. Биринчи дарсда уруш ва унинг қаҳрамонлари,ғалаба ва уни таъминлаган буюк куч ҳақда ёқимсиз мунозара бўлди. Муаллим – сийрак сочлари сап-сариқ, уккиникидек кўзларида қандайдир ёвуз туйғу кўриниб турган ранги совуқ киши “Урушда қатнашган ҳар бир аскар шак-шубҳасиз қаҳрамон, лекин буюк ғалабани буюк рус халқи таъминлади”,деб айтди. Зулфизар рус тилини яхши тушунса-да, ҳали эркин мунозара қила олмас эди. “Нега? Менинг отам билан акам ким учун, нима учун жон берди?” деган саволи бўғзида қолиб кетди. Лекин биринчи қаторда ўтирган узун бўйли туркман йигит ўрнидан туриб кетаверди: “Бу гапингиз Ўрта Осиёдан келиб, қон дарё бўлиб оққан жанггоҳларда жон олиб, жон берган йигитларга нисбатан беҳурматлик эмасми?” деди.

– Мени кечиринг, муҳтарам зот, – муаллим мазах қилгандай қўлларини кўксига қўйиб, бошини эгди. – Исми шарифингиз?

– Оғамурод Сапарович!

– Ҳа, Оғамурод Сапарович! Мен жуда афсусдаман, аммо бу айни ҳақиқатнинг ўзи. Масалан, бир умр пахта даласидан чиқмаган, кетмондан бошқа қуролни ушлаб кўрмаган ёки бир умр молнинг изидан юрган чўпонда ҳарбий стратегия, тактика, манёвр каби малакаларни шакллантириш учун қанча вақт керак, биласизми? Бир аср! Остонада турган душман сизни бир аср кутиб турармиди? Асло! Тўғри, сизнинг қондошларингиз ҳам бу урушга ташланди, аммо улар Улуғ Ватан ҳимояси учун қаердадир жонли девор, қаердадир душманнинг кўзига катта армия бўлиб кўриниш вазифасини бажарди, холос. Шубҳасиз, уруш қурбонсиз бўлмайди, қурбонлар кўп бўлди. Сизлардан ҳам,бизлардан ҳам, душман томондан ҳам кўп қурбонликлар берилди. Мен юқорида таъкидлаган фикримни яна бир карра таъкидлашни истайман, яъни ғалабани буюк рус халқи берган қурбонлар таъминлади.

Шу билан мунозара мавзуси тўғридан тўғри Ўр¬¬та Осиёга кўчиб кетди. Муаллим 30-йилларда Ўзбекистонга келган экан...

– Далада ишлайдиган аёлларнинг бошида 30-40 сантиметрлик цилиндрга ўхшаш бош кийими. Бу цилиндрни неча хил рангли рўмолни ўраб-ўраб ясашар экан. Қанча вақт далама-дала юриб, бу бош кийими ишлаганда халақит беришини уларга тушунтира олмадик. Шуни кийиб ишлаганларга иш ҳақи берилмайди, дедик охири. Энди бизнинг қорамиз кўринса, ҳалиги цилиндрларни бошларидан ечиб, шох-шаббаларнинг тагига яшириб қўйишарди. Кетишимиз билан яна ўша лайлак уяларини бошларига қўндириб олишарди. “Вой, жонининг фойдасини билмаган халқ-ей!” деб роса жиғи-бийроним чиқарди. Гап йўқ, ажойиб халқ экан бу ўзбек деганлари, – у кўзларини артиб-артиб роса мириқиб кулди, унга қўшилиб, бутун аудитория кулди. Аудитория тинчигач, у кўзларини ишқалаб-ишқалаб, узр сўради: – Орангизда, шубҳасиз, ўзбек ўртоқларимиз ҳам бор, узр. Аммо шу нарсани айтишим керакки, меҳнатларимиз зое кетмади,ҳозир уйда ўтирган кампирлардан бўлак ҳеч ким цилиндр киймайди. Ўзбек қизлари Москвада таълим олмоқда. Мана, сизга жонли мисол, – у ҳамманинг диққатини Зулфизарга қаратди. – Исмингиз нима?

– Зулфизар...

– Зулписар? Ўзингиз жуда гўзал қиз экансиз. Аммо тўғрисини айтганда, бу исм сизга унчалик ярашмаяпти. Келинг, сизга янги чиройли исм қўямиз. Масалан, Зинаида! Зина! Зиночка! Айтиш ҳам осон. Отангизнинг исмлари?

– Абдиқодир...

– Зинаида Абдуқодировна! Йўқ,бунчалик мурак¬каб¬лаштириш-нинг нима кераги бор? Абдиевна бўла¬қолсин, Зинаида Абдиевна! Қаранг, қандай жарангдор ва улуғвор! Ўтиринг, Зиночка! – Муаллимнинг совуқ юзига мамнуният ифодаси қалқди.

Танаффусга чиқишгач, Зулфизарнинг атрофини талабалар қуршаб олди:

– Зина, Зиночка! Сизларда ростдан ҳам цилиндр кийиб юришадими?

– Унинг усти ростдан ҳам лайлак уяга ўхшаш очиқ бўладими? Нега?

Бу қизиқувчанлик бир томондан унинг нафсониятини оғритса, иккинчи томондан изза қиларди. Аслида аёлларнинг салла ўраб юришларини унинг ўзи ҳам жуда ёмон кўрарди, лекин шу саллани деб бу тахлит изза бўлиш!.. Унинг ўктамлиги тутиб кетди. Ҳаммани гап билан қайириб-қайириб ташлади:

– Керак бўлса, гўзал Афродита билан Клеопатранинг бошида ҳам цилиндрга ўхшаш қалпоқ кўрганман. Бу шаклдаги кийим аёл кишининг юзини чўзинчоқ қилиб кўрсатади. Бунинг устига бошингизда узунчоқ юк турса, унинг тушиб кетмаслиги учун ҳамиша гавдангизни тик тутиб юришингиз керак. Шунинг учун бизнинг аёлларимизнинг қоматлари гўзал, юришлари чиройли бўлади. Қолаверса, Ўзбекистон жуда иссиқ юрт. Бошни иссиқдан сақлаш учун ҳам шундай бош кийим кийилган.

Унинг гапларини кимдир жўяли топди, кимдир масхара қилди. Хуллас, Зулфизар момоларининг “лайлак уяси” учун бир марта яхшигина қизарди. Шу-шу ўзи ҳам кийим-бошига янаям кўпроқ эътибор берадиган бўлди. Белларида қулф уриб турган сочларини тубидан қирқиб ташлади. Бироз қорамағизлигини ҳисобга олмаса, у талабалар ичида энг гўзал қиз эди. “Зулписар” бўлиш ҳам жонига тегди. Паспорт бериладиган маҳкамага бориб, исми-шарифини ҳам “Зинаида Абдиевна” деб ўзгартириб келди.

Уни уч-тўрт “осиёлик” дўстларидан ташқари ҳамма яхши кўрарди. “Зина, Зиночка” деб ҳамма атрофида парвона бўлса ҳам ўзининг “осиёлик”лари бир четда тўрсайиб туришар, зарур бўлиб қолганда ҳам янги исми билан атамасди.

– Шуларга яхши кўриниш учун ота-онангиз қўйган исмдан воз кечдингизми? Бу хиёнат, гўзалим! – деди Оғамурод очиқдан-очиқ. – Тўғри, бизда ҳозирча Россиядаги саноат тараққиёти йўқдир, аммо урф-одатларимиз, кийинишимизнинг бу тараққиётга қандай алоқаси бор? Бизга саноатни олиб киришса, устимиздан кулмасдан, саноатга қўшиб бизга бегона бўлган урф-одатларини ҳам тиқиштирмасдан олиб киришсин.

Зулфизар ҳам гапини бериб қўйишни истамасди:

– Биринчидан, мен ҳеч кимга хиёнат қилганим йўқ. Балоғат ёшига етган ҳар қандай фуқаро ўзига исм танлаш ҳуқуқига эга. Иккинчидан, рус халқи улуғ халқ. Бу халқдан фақат саноат тараққиётини эмас, қандай яшашни ҳам ўргансак, зиён қилмайди...

Бундай тортишувлар баъзан ярим тунгача давом этар, Оғамурод қизишгандан қизишар, тортишаётган рақиби қиз бола эканлигини ҳам инобатга олмас, бир сафар ҳатто “ Ҳай, исми-шарифингизни шуларга мослаштириб олдингиз, энди миллатингизни ҳам ўзгартиринг”, деди.

Зулфизар ҳам гапдан қолмади:

– Америка фуқароларининг паспортида “миллати” деган жойга “Америка фуқароси” деб ёзилар экан. Ажаб эмаски, яқин вақтлар ичида бизларнинг паспортимизда ҳам “Совет Иттифоқи фуқароси” деган ёзув пайдо бўлса! Ана ўшанда бу ўзбек, бу туркман, бу рус деган улуғлашлар ҳам, камситишлар ҳам бўлмас эди.

– Мен бундай сиёсатга бутунлай қаршиман. Бу сизга ўхшаган лаганбардорлар ўйлаб топган посангидан бошқа нарса эмас – у қўл силтаб даврадан чиқиб кетди.

Улар тортишганда сира бир-бирини аяб ўтириш¬масди, аммо барибир бир жойнинг одамлари эмасми, шунча қарама-қарши фикрлашига қарамай Зулфизарнинг қалби шу йигитни кўрганда беихтиёр унга қараб талпинишини ҳис этарди.

Тўғри, йигитнинг қарашлари, ҳаддан зиёд тўпори ва чўрткесарлиги унга ёқмас, жинними бу, олий партия мактабининг ўқувчиси эмиш, деб қош чимирса-да, ич-ичидан аслида унинг ҳеч ким ва ҳеч нарсадан тап тортмай ўз фикрини айтишининг ўзиданоқ жаҳлдан ҳам кўра ҳаяжондан қизариб, бўзариблар кетарди. Аммо кўзлари ва қарашлари кишининг жонини шартта суғуриб олгудек ёвқур қарашли Оғамурод кесатиқ билан уни гўзалим деса-да, барибир унинг хаёли Зулфизардан-да баланд, осмонда эди. Фақат ҳар икковининг ҳам шу битта осмонга борар йўллари негадир айро, шундай кафтдаги чизиқлардек, битта кафтда, аммо барибир айро эди. Зулфизар, барибир қиз бола экан-да, юраги ториққанда, уйини, онаси, момосини соғинганда негадир ўкраб-ўкраб йиғлагиси келар ва ҳар йиғлагиси келганда негадир айнан Оғамуроднинг елкасига ўзини ташлаб, отасига хархаша қилган қизалоқдек ичидагиларни айтиб-айтиб, ҳўнг-ҳўнг қилишга тийиқсиз майл ҳис этар, ҳатто бир гал йигитнинг хонасига кўзлари йиғидан қизариб борганди ҳам. Аммо... бу ташрифидан биринчи галда ўзи ниҳоятда хижолат бўлиб кетди. Оғамурод шўрлик-ку, тилига ўткир бўлгани билан қиз болага қандай муомала қилишни билмайди, чоғи, батамом лом-мим деёлмай қолди. Ахийри иккаласи ҳам вазиятдан чиқиш йўлини топишди. Зулфизар дудуқланиб, кеча унинг семинарда айтган фикрига қарши эканлигини билдирди. Оғамурод ҳам “Тупурдим ўша семинарга” демади, жон жаҳди билан фикрини ҳимоя эта бошлади. Ахийри улар Маркснинг “Капитал” асари ҳақида баҳслашишдан нарига ўтмай, ажрашишди. Бўлди, қарор қилди Зулфизар, энди бундай аҳмоқона хаёлларга бормайман. Уят бу, уят! Яхшиям Оғамурод ичимдаги гапни пайқамади, яхшиям... Аммо кейин ўша,бир боргина берилган имкониятда у йигитга салгина ишора билан бўлса ҳам унинг ўзига ёқишини бу мусофир юртларда унга фақат Оға мадад бўлиб юрганини айтмаганига, айтолмаганига кўп пушаймон бўлди, кўп...

Бир куни аудиторияда ўқитувчи билан қаттиқ тортишиб қолди. Ўша ранги мурданикидек совуқ ўқитувчи эди. У Совет Иттифоқи ва ундаги суверен давлатлар, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳақида гапираётган эди.

Бирдан Оғамурод қўл қўтариб ўрнидан турди. Зулфизарнинг юраги “шув” этиб кетди: “Ҳозир бу яна бир нарсани бошлайди”.

– Кечирасиз, қандай суверенлик ва иттифоқ ҳа¬қида гапиряпсиз? Мен, масалан ўзимни суверен давлатнинг эмас, бир мустамлака давлатнинг фарзанди деб ҳисоблайман. Бизни олдин чор Россияси босиб олган эди, Россияда социалистик революция ғалаба қозонгач, биз социалистик Россиянинг мустамлакасига айландик. На байроғи, на туғроси, на Давлат мақомига эга бўлган она тили бўлмаган, ота-бобоси ўқиган алифбосидан ҳам воз кечишга мажбур бўлган мамлакатни озод мамлакат дейиш мумкинми?

Ўқитувчи бошчилигида бутун аудитория унга қар¬ши турди.

– Чиқ дарсимдан! – Охирида ўшқириб юборди ўқи¬тувчи. – Нонкўр! Бундан кейин қорангни ҳам кўр¬майин.

Бутун аудитория сув қуйгандай жимиб қолди:

Яхшими-ёмонми, йил бошидан бери ёнларида юрган бир тенгдошларининг тақдири ҳал бўлаётган эди. Аммо Оғамуроднинг ён бериш нияти йўқ эди. Ки¬тоб-дафтарларини жилдига солиб, эшикка йўналди. Остонага етгач, ортига бурилиб, ўзи ҳайдалган аудиторияга, сўнг ўқитувчига қаради:

– Кечирасиз, мана кўраяпсизми, миллатингиз шаънига айтилган бир оғиз гап сизга қанчалар оғир ботди. Шуни унутмангки, ҳар бир миллатнинг ўз ғурури, иззат-нафси бор.

Уни бошқа ҳеч ким кўрмади. Хонадаги шахсий буюмлари шундайлигича турганлигига қараганда, у уйига кетмаган эди.

– Уни қамаб юборишган, – шивирлабгина бир-бир¬ларига ўз гумонларини айтишар эди курсдошлар.

– Ажаб бўпти! Тилини тийиб юрмагандан кейин шундай бўлади.

Орадан олти ойлар ўтгач, онаси билан акаси келиб, раҳбариятга учрашишди, бирон бир маълумот олишолмагач, дод-фарёд билан ўғилларининг нарсаларини йиғиб, жўнаб кетишди. Оғамурод ҳаммадан кўп Зулфизар билан тортишар эди. Ҳаттоки бир гал:

– Мен сизни ёмон кўраман, – деган эди юзига қа¬раб очиқдан очиқ, – сизга раҳмим келади.

Оғамуроднинг бу гаплари қанчалик дилига ботмасин, ўзининг унга нисбатан туйғулари туфайли қан¬¬чалик ич-ичидан номус этмасин, аммо барибир шу йигит йўқолиб қолгандан сўнг, Зулфизар анча вақтгача гарангсиб юрди. Аста-секин ўзига кела бошлагач эса кўнглида атрофидагиларга, муаллимларига нисбатан бир ҳадик пайдо бўлди. Аммо бу ўткинчи туйғу эди. Кўп ўтмай у яна гуруҳнинг энг пешқадам, энг севимли аъзосига айланди. Болалигидан шундай, қаерда, қандай шароитда бўлмасин, у биринчи бўлишга интилар,бунга эришмагунча тиниб-тинчимас эди. Биринчи бўлиш ун¬га жуда ёқар эди.

Диплом ҳимоясидан олдин, уни деканатга чақи¬ришди:

Деканнинг ёнида гуруҳ раҳбари ҳам ўтирарди.

– Зинаида Абдиевна! – деди бир қўлини фронтда қолдириб келган декан. – Таҳсил давомида сиз ти¬ришқоқлигингиз, одобингиз, ташкилотчилигингиз б謬лан ҳаммамизнинг меҳримизни қозондингиз. Сизни узоқ бир вилоятга юборишга кўзимиз қиймайди. Кураторингиз ҳам шу ерда ишда қолишингизнинг тарафдори.

Зулфизар юраги гупирлаб уриб кетди: “Наҳотки? Ит¬тифоқнинг юраги – Москвада яшаб, ишлаш!”

– ...аммо, – гапида давом этди декан – биз Ит¬тифоқнинг ҳар бир бурчида ўз одамимиз, кўз-қулоғимиз бўлишини истаймиз. Сизни вилоят партия қўмитасига юборамиз. Буни сиз “ўқиб, уйимга қайтдим” деб эмас, “мени вилоятда ишларни яхшилаш учун юборишди” деб тушунингизни истаймиз.

Бу ҳам унга билдирилган катта баҳо, ишонч эди.

Юраги бўғзига тиқилиб қолгандай, нафас олиши қийинлашди. Қалби ғурур ва қувонч ҳиссига тўлиб кетди. Бу туйғу вилоят партия қўмитасига борганда ўз-ўзидан мамнуният ҳиссига айланди.

Ёз. Нам ҳаво иссиқ ва дим эди. У нарсаларини йиғиштириб, йўлга отлангунча толиқиб бўлган эди. Аммо самолётдан тушгач, уйга эмас, тўғри вилоят партия қўмитасига борди. Биринчи котиб йўқ экан. Ташкилий кадрлар бўлими бошлиғи Николай Владимирович уни “Иккинчи”нинг ҳузурига олиб кирди. “Иккинчи” – қалин қошлари қовоқлари устига осилиб тушган ўрта ёшлардаги рангпар киши ўзини Александр Иванович деб таништирди.

– Ажойиб ўхшашлик, – деди у Зулфизарнинг қўл¬ларини сиқиб кўришар экан. – Мени кўрганлар доим нега исми-шарифингиз русча, ўзингиз осиёликларга ўхшайсиз, дейишади. Сиз эса Осиё гўзали, аммо исмингиз Зинаида! Жуда яхши, Зиночка, энди сизга берадиганларимиз билан таништирай: лавозим, уй, хизмат машинаси, ҳайдовчи, яхши маош. Сиздан сўрайдиганимиз – садоқат ва иш. Бўладими?

Зулфизар хушнуд жилмайди.

– Албатта, Александр Иванович!

“Иккинчи” унга бироз синовчан тикилиб турди-да, бироз истиҳола билан қўшимча қилди:

– Яна бир гап. Албатта, бу ўта шахсий масала, аммо сиз билан биз коммунистик партиянинг аскарларимиз, бизнинг ўзимиз ҳам, шахсий туйғуларимиз ҳам партияники. Коммунистик этика деган гап бор. Унга асосан раҳбарлик лавозимида ишлайдиганларнинг анкетаси тоза ва ибратли бўлмоғи лозим, яъни судланмаган, оилали!.. Шу боисдан зудлик билан турмушга чиқишингиз керак. Агар кўнглингизда бирон одам бўлса, уни айтинг. Аммо сизга уйланадиган одам сизнинг иш вақтингиз чегараланмаганлигини, сиз замонавий раҳбар эканлигингизни, рашк қилиб ишингизга халал бермаслигини...

Николай Владимирович қўшимча қилди:

– Сиз фақат анкета бўйича уники, аслида жисмингиз ҳам, қалбингиз ҳам партияники эканлигини яхши билиши лозим. Шундай номзодингиз бўлса, айтинг.

Бояги такаллуфлар туфайли Зулфизарнинг юзларига ёйилган табассум жойида қотиб қолган, бирдан кайфияти тушиб кетган эди: “Бундай эрни қаердан топади?”

– Аммо, сиз хавотирланманг. Агар бирон аниқ режангиз бўлмаса, бизга қўйиб беринг.

...Уни ўша куни кечки пайт қишлоққа ярқираган оппоқ “Волга” олиб келиб қўйди. Бу унинг хизмат машинаси эди.

Улар топган номзод – ёши ўттизларга етган, пешонасидан сочлари сийраклашиб чўзинчоқ юзларига улуғлик бағишлаб турган бир камсуқумгина йигит эди. Тўй-тантана ҳам қилиб ўтиришмади. Расмий идорада никоҳларини қайд қилдиришгач, шаҳардаги янги уйларида уч-тўрт киши бўлиб ўтиришди. “Биринчи”, “Иккинчи”, “Кадр”, вилоятдаги қандайдир ташкилотда раҳбар бўлиб ишлайдиган қайнотаси, куёв ва ўзи, онаси билан қайнонаси бўлак хонада ўтиришди. Кампирларнинг қистови билан меҳмонлар кетгач, мулла чақириб, шаръий никоҳ ўқитилди. Никоҳдан кейин қайнона Зулфизарни бағрига босиб, бироз кўз ёш қилди:

– Айланиб кетай сиздан, болам сизга омонат. Ўзи яхши йигит, илмга жуда берилганиданми, ҳеч бировга юқуми йўқ, пича бўшроқ. Бир кун ёнида ўтирсангиз ҳам ундан бир оғиз гап ололмаслигингиз мумкин. Лекин кўнгли тоза, ғубори йўқ.

Зулфизар кулди:

– Холажон, менга айнан шундай одам керак-да ўзи. Ишимиз оғир, баъзан кечроқ қайтишим бор, баъзан айтмасдан узоқ қишлоқларга кетиб қолишим бор. Шундай пайтда ҳориб-толиб келган ҳолимга бу кишиям жаҳл қилиб, тергаб бошласа, кейин менга жуда қийин бўлади.

Ойсултон хола қизининг бу қадар эркинлигидан янги қуда олдида хижолат тортди:

– Нима, тергамайди деб ўйлаяпсанми? Албатта тергайди, эрман-ҳар нарса дерман, дейишган.

– Йўқ, йўқ, менинг боламнинг қўлидан бировни тергаш келмайди. Ўзига тўғри бўлса, бўлди-да. Аёл зоти энг аввал ўзи учун шаънини асрайди.

Зулфизар иложсиз ҳолда раҳбарларининг топ¬ши¬риғини бажараётган бўлса-да, шу тахлит, томдан тараша тушгандек бировнинг хасмига айланаётганидан кўнгли жуда хижил эди. На бир изҳори дил, на бир мардона шарт айтмай, индамай уйига, ҳаётига кириб келган одам унга ҳеч ёқмади. Аммо, чидаш керак. Кўнглига яқин бирон инсон бўлмагач, ким билан яшашининг нима аҳамияти бор? Қайнонасининг гапларини эшитиб, бироз кўнгли ёришди: меҳрибон, ақлли аёл экан. Кетишга чоғланаётган қайнонаси билан қайнотасини ётиб қолишига ундади:

– Кеч бўлиб қолди, ётиб қолинглар, хона кўп, холам онам билан гурунглашиб ётадилар.

Нодир ҳам ёмон йигит эмас эди, ичмайди, чек¬майди,ёмон гапи йўқ. Ярим тунгача ёзув-чизуви билан банд. Қорни очса, индамай ўзи чой қўйиб ичаверади. Барибир бу ҳолат Зулфизарнинг кўнглини илита олмасди: “Эркакка ўхшамайди, латта!” Аммо эрига нима ҳам дейди: “Билганини қилсин!”

Ўғли туғилгач,эри бирдан ўзгарди. Хотинининг эмизикли болани онасига ташлаб, ўзи ярим тунгача ишда юришларига ҳеч кўника олмай қолди. Ўша куни олис тоғли қишлоқларга боришганди. Ярим тунда қайтди. Ҳайдовчи у томонга ўтиб, эшигини очаётган эди, дарвоза олдида эри кўринди. Зулфизар зим-зиё тунда ҳам эрининг юзи қаҳрли эканини билди. Ҳайдовчининг олдида вазиятни юмшатиш учун эрига ўзича такаллуф қилган бўлди:

– Ҳа, дадаси,хавотирландингизми?

Эри эса... юзига тарсаки тортиб юборди.

– Нега, нима учун?! – Зулфизар жойида қотиб қолди.

– Мен... остонада ҳам бегона эркакка билагини ушлатадиган аёл билан ортиқ яшай олмайман.

– Қандай бегона эркак?! У ҳайдовчим-ку! – чин¬қирди Зулфизар.

– Ҳайдовчинг эркак эмасми?

– Майли, эркак ҳам дейлик, аммо қандай савияси паст одамсиз? Наҳотки мен ўзимни шу ўқимаган ҳайдовчига тенг кўрсам? Жуда чарчаган эдим, машина баланд бўлгани учун ”ушлашиб юборинг” дедим.

– У эса ҳузур қилиб билакларингиздан ушлади!..

– Сиз сиёсий кўр феодалсиз!

Ўша тун тўшаклар бўлинди.

Эрталаб Нодир узр сўради.

– Зулфизар, мени кечиринг. Мен сизни ростакамига яхши кўриб қолганга ўхшайман. Энди кетмасам бўлмайди. Хавотирланманг, никоҳимиз тураверади. Анкеталарга ҳам бемалол “Оилалиман” деб ёзаверасиз. Сўраганларга “Эримни Тошкентга ишга чақиришди, илмий иш қиляпти”, дейсиз. Мен Тошкентга кетаман. Фақат илтимос, Ботиржонни эҳтиёт қилинг, унга сизнинг меҳрингиз, эътиборингиз керак.

“Кетманг!..” дейишга ғурур йўл бермади. Аммо юрагидан нимадир узилиб кетгандай бўлди. Индамади, ҳатто кузатгани ҳам чиқмади. Неча кун юрар йўлидан адашган девонадай ҳаловатини йўқотди. Ўзига келган кун англадики, ўша “Феодал” йигит ҳаётининг бир бўлагига айланиб бўлган, унга ўрганиб қолган эди. Ҳамиша атрофингда ўралашиб юрадиган жонзотга ўрганиб қолгандай...

Муҳаббатсиз бошланган турмуш муҳаббатга ўхшаш илиққина муносабатлар пайдо бўлгач, шу тариқа бузилиб кетди.

* * *

Ботиб бораётган қуёшнинг бир чети кўриниб турарди. Касалхона ҳовлиси айланишга чиққан беморлару, йўқловчилар билан гавжум. Укол таъсиридан зўрға кўзини очган Зулфизар ёнида жовдираб ўтирган қизини кўриб, эзилди. Бемадор қўлларини узатиб, аста қўлидан тутди:

– Сора, сен бахтли бўлишинг керак.

– Онажон, у нима деганингиз?

– Мен учун ҳам, аканг учун ҳам!..

– Қўйинг, ўша бангини гапирманг. Ҳамма нарсани сотиб, сизни кафангадо қилган шу. Энди ҳовлини сотасиз-да, қўшним уйини сотаяпти, шу ерга кўчиб келасиз. Билганини қилсин. Ўзингизга дори олмай, пенсиянгизни ҳам шу аҳмоқнинг наркотигига бериб юрганингизни биламан, она! Ўшани деб шу кўйга тушдингиз. Энди бўлди, ҳаммасига нуқта қўяман.

– Сен болам, ўзингни, ўзингнинг бахтингни ўйла. Акангнинг тақдири учун мен жавобгарман. Кеча-кундуз иш деб чопиб юрмасдан шу болага озгина эътибор, вақт ажратганимда шу кўргуликлар бўлмасди. Бизнинг давримизда ота-онанинг бир кучи болаларининг устини бутлаб, қорнини тўйғазишга кетар эди. Шундаям ҳафтада бир марта ёвғон ича олмасдик. Устимиздаги кийим ювилса, қуригунча кўрпага кириб турардик. Мен боламга энг сара кийимларни кийдирдим, танлаб-танлаб едирдим. Пул шундайгина токчада турарди, ҳисобини сўрамас эдим. Сўраш, тергаш керак экан, уни ёмон болалар йўлдан урди. Момонгни ҳам, мени ҳам доғда қолдирди.

– Йўқ, она, ўша шароит менда ҳам бор эди. Нега мен гиёҳванд бўлмадим. Нега?! Билсангиз, ҳамма нарса одамнинг ўзига боғлиқ.

– Сен ахир қиз боласан. Наҳотки, қиз бола бўп туриб...

– Она, менинг рус мактабда ўқиганимни унутманг. Бизнинг қизларимиз ўзбек мактабларидаги ўғил болалардан баттар эди. Чекиш, ичиш, йигитлар билан юриш улар учун одатдаги эрмак эди. Мактабнинг орқасидаги овлоқ ҳовлиларнинг ҳожатхонасига бориб, нечтаси кайф билан ухлаб қоларди. “Акам учун куйиб юргани етади, хавотирланмасин” деб мен буларни сира сизга айтмас эдим.

Зулфизар унинг бармоқларини қисиб қўйди: “Раҳ¬мат”. Анча жим ётиб, яна ўзини айблади:

– Отасининг олдида ҳам юзим шувут бўлди. Кейинроқ бўлса ҳам отасига хабар қилганимда келиб, олиб кетарди. Даволатиб, тўғри йўлга солиб юборармиди? – Хаёлига келган фикрдан кўзлари “ярқ” этиб очилди. – Ҳалиям айтсаммикин? Мен унинг иш жойини биламан. Бориб, ёнимга айтиб кел, болам. Ўлиб-нетиб кетсам, аканг шўрлик... Хотини ҳам ҳайдаб юборган, кўчада итдай ўлиб кетмасин.

Сора индамади. У акасини жуда ёмон кўрарди. Шу ака учун қайси бир жойга бориб, кимларнидир айтиб келгандан кўра... Аммо онаси айтганини қилмай қўймайди.

– Майлими, қизим? – эмранди она.

– Хўп, – у тўрсайиб олди.

Зулфизар ҳорғин қовоқларини юмди. Ҳозир бошида ўша, бир тарсаки уриб, муҳаббат изҳор қилган, аммо муҳаббатини ҳимоя қилишдан қўрқиб қочиб кетган лапашанг Нодир пайдо бўлганда ҳам унинг кўзларига қарамаслик учун шундай кўзларини юмиб олар эди.

Аммо кўзларини юмиб бўлса-да, ҳозир ўша одам билан гаплашиши шарт. Ўшанда, у кетиб қолган дамлар бироз бўшашиб сиқилганини айтмаса, тез кунда ишга шўнғиб, уни кўнглидан бутунлай чиқариб юборган эди. Ҳатто боғча опалар “Ўғлингизнинг дадаси келиб, кўриб кетди”, деганда ҳам қалби бир энтикмади. Шу одамга балки биз керакдирмиз-а, деб ўйламади. Унинг қаердан келиб, қаерга кетгани, нималар билан шуғулланаётгани билан умуман қизиқмади. Баъзан кимдир хушомад қилибми, “Эрингиз Тошкентдаги фалон илмий текшириш институтида ишлаётган эмиш”, “Ҳалиям уйланмаган эмиш”, “Ниҳоят уйланибди бечора” каби маълумотларни етказишганда ҳам узоқ бир қариндошлар ҳақидаги гапдек “ҳа”, дея қўл силтаб қўя қоларди. Ҳақиқатан ҳам ўша пайтлар унинг иши жуда кўп эди. У ер-бу ерда ўз жонига қасд қилган ҳар бир факт учун Марказком олдида тик туриб жавоб беришарди. Айни пайтда барча туман ва қишлоқларда шундай ҳолатларнинг олдини олиш масаласида тинмай йиғилишлар ўтказар эди. Унинг йиғилишларидаги сўровларда эркак раҳбарлар ҳам дағ-дағ титраб туришар эди. Ҳурмат-иззат, такаллуф ва тавозелар ҳам шунга яраша эди. Шундай бир пайтда бир замонлар юзига тортиб юборган тарсакидан хижолат бўлиб, “мен сизни яхши кўриб қолибман, шекилли”, дея кетиб қолган эркак учун ғусса чекиб юрармиди?

Энди эса... Ҳаммаси ортда қолди. У минбарни муштлаган дам юзлаб эркак йиғилган мажлис илкис қалқиб кетган даврлар,бир оғиз такаллуфини мукофот деб билган одамлар-бир эртак энди. Энди, гиёҳванд ўғил,беҳол, бемадор вужуд ва бор шарбати сиқиб олинган анордек пўкиллаб қолган юракдан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Энди ўша, бир замонлар “Ўғлимизни эҳтиёт қилинг”, дея ўтиниб кетган бўшанг одамнинг ёрдамига муҳтож бўлиб ётибди. “Топширсам эди”, муаммоларнинг ечимини шу ниятда кўрди. Лекин у жуда мулойим, меҳрибон одам, ўғлини яхши гап билан йўлга солади. Ботир ҳам гиёҳвандликдан буткул чарчади. “Бошқа чекмайман” деб юз марта қасам ичади, аммо кайф хуруж қилган дам ўзини идора қила олмай қолади. Унга ҳозир қатъиятли, меҳрибон бир суянчиқ керак. Ана шунда шунча йилдан бери азоб берган офатдан балки бутунлай қутилиб кетади.

* * *

Зулфизар энди тушликка чиқай деб турганда, ички телефон жиринглаб қолди. Уйга кетаётган пайт яна бирон муаммо чиқибдими, деган хавотирда гўшакни кўтарган эди, “Кадр”нинг овози эшитилди:

– Зинаида Абдиевна! Тушликка чиқаяпсизми? Бизнинг хонага бир кириб ўтсангиз, дегандим.

Ҳар қандай вазиятда ҳам бу одамга йўқ, дейишнинг иложи йўқ. Вилоятда унинг мавқеи шу даражада баланд эдики, ҳатто “Биринчи” ҳам бирон муҳимроқ қарор қабул қилишдан олдин, албатта унинг фикрини сўрарди. Зулфизарга бирон марта ҳам терс гапирмаган бўлса-да,бу одам Зулфизарнинг кўзига жуда хавфли бўлиб кўринар эди.

Хонада “Кадр”дан ташқари оқ-сариқдан келган узун бўйли, тепакал бир киши ўтирарди. Зулфизар уни бир қарашдаёқ уни танидию,бирдан дув қизариб кетди, Аммо тезда ўзини қўлга олиб, юзига жиддий, ҳукмронона, шу билан бирга илтифотли тус берди. Ичида эса бир нарса тиқиллай бошлади. Бу одам? У бу ерда нима қилиб ўтирибди? Тоғ тоғ билан учрашмайди, дегани шу экан-да?

“Кадр” ўрнидан туриб, мулозимат кўрсатди.

– О! Идеология маликаси, хуш кўрдик. Ўзим чақирмасам, кирай ҳам демайсиз? Сизнинг атирларингизни бир ҳидлаш учун йўлакларда тентираб юришга мажбур бўлаяпмиз. Бу нима деган гап ахир?

– Қўйсангиз-чи, Николай Владимирович, – хижолат бўлди Зулфизар, – очилмаган духиларим бор. Истасангиз, биттасини совға қиламан.

– Йўқ, азизам, менга сизнинг табиий ифорингиз билан омухта бўлган духи керак. Борди-ю, духи билан сизни хонамга кўчириб келсам, вилоятда идеология ишларини барбод қилган бўламан. Бу эса асло мумкин эмас. – У ним табассум билан уларнинг суҳбатини тинглаб ўтирган меҳмонига юзланди. – Сенга айтган Осиё гўзали шу киши, аммо кўриб турганингдек, айтганимдан ҳам гўзал, оқила ва талабчан, – сўнг Зулфизарга ўгирилди. – Танишинг, менинг энг яқин дўстим Анатолий Абрамович! Фазилатлари жуда кўп: меҳрибон дўст, қўли гул хирург, энг муҳими доно тадбиркор, уни бир чўпнинг устига хўрозқанддай қилиб ўтирғизиб қўйсангиз ҳам, тадбир ишлатиб, сиз билан мендан кўпроқ пул топади. Нуқсонлари ҳам бор, қизларни, айниқса маҳаллий қизларни жуда яхши кўради.

Ажаб, меҳмон ҳам худди Зулфизар каби аёлни биринчи кўриб тургандек тутди ўзини. Лом-мим дейишга ожиз одамдек хижолатомиз қўлларини ёзди:

– Шарқ қизлари гўзал бўлишса,бунда менинг айбим нима? Ахир гўзалликнинг қошида худолар ҳам тиз чўкишган.

Зулфизар ялт этиб Анатолийга қарадию, дарров кўзини яширди. Ажаб! Уни бунчалик абжир, сўзга уста деб ўйламаган экан. Индамагандан қўрқ, деб шуни айтишса керак-да? Ваҳоланки бундан бир йил бурун Зулфизар тўсатдан кўричак бўлиб қолган, табиийки уни вилоятдаги энг нуфузли шифохонага зудликда етказишган ва шахсан Анатолий Абрамовичнинг ўзи уни операция қилган эди. Гарчи шифохонада уч кунгина ётган бўлса-да, у ҳар қандай бемор каби табибига боғланиб қолишига улгурган, индамас, лекин кўзлари кулиб турувчи, ақллилиги қарашларидан аён, озода, бақувват қўлларини гоҳ унинг пешонасига қўйиб кўриб, гоҳ беморининг томирини ушлаб, унинг неча йиллардан буён эркак қўли тегмаган вужудини бироз сескантирган, бироз титратган, энг қизиғи, Зулфизар, кап-катта раҳбар, шу биргина шифокорнинг қаршисида ожиз, беҳимоя қушчадек жавдираб, ундан кўз узолмай қолган, шифокор атрофида гиргиттон бўлиб турган ҳамшираю навбатчи дўхтирларга кўрсатма бераётган чоғдагина унинг бироз бўғиқ ва босиқ гапиришини билиб олган, бу овоз унинг қулоқларига ҳам хуш ёққан эди. Аммо оёққа туриши билан шифохонадан ёв қувгандек, ҳатто халоскори билан хайрлашмай чиқиб кетганди. Иш! Иш кутиб турмайди! Мавсум! Режа пасайиб кетибди, э Худо, унинг ялпайиб ётиши-чи? Топган вақтини-чи бу кўричакнинг? Шу тариқа Зулфизар бу сирли шифокорни кейин бир ё икки бор ғалат энтикиш билан эслади. Эсладию, дарҳол унинг суратини хотиридан ўчирди. Бемаънилик! Касаллик, арзимаган дард бўлса ҳам, барибир одамни ожиз қилиб қўяркан, деди. Ишга шўнғиди ва уни буткул ёдидан чиқарди-қўйди, тамом.

– Илтимос, Толик, ўз айбингни оқлаш учун худоларни гуноҳкор қилма, – ҳамон вайсарди “Кадр”, – ундан кўра бўйдоқман, уйлантириб қўй, кейин ҳеч кимга қарамайман, де. Биз айбингни ўчирайлик, – у кула-кула Зулфизарга юзланди. – Маълумот учун яна бир нарса: у бўйдоқ. Лекин буни нуқсонлари рўйхатига ҳам, фазилатлар рўйхатига ҳам киргиза олмаяпман. Сиз нима дейсиз?

Икки эркакнинг бу тарздаги тагдор гаплари Зулфизарнинг нафсониятига тега бошлади. Аммо ўзини қўлга олиб, ним табассум билан жимгина тураверди: бошқа нима ҳам қила олар эди?

– Дарвоқе, бизнинг маликамизнинг ҳам бошлари очиқ. Агар фаришталар омин, деб, сизлар турмуш қурсаларингиз, социалистик жамиятда ажойиб ибрат намунаси бўларди.

“Буниси энди ошиб кетди! Ишда камчиликка йўл қўйган бўлса, уришсин, сўксин, аммо шахсий ҳаётига бу хилда аралашув!..”.

– Кечирасиз, Николай Владимирович, онамнинг тоб¬лари йўқ эди. Дори олиб бормоқчи эдим, – у қовоғини уюб олди.

Гапи бўлингани “Кадр”га ёқмади:

– Шундайми? Биз сиз билан тушлик қилмоқчи эдик-ку. Ҳа, майли, боринг. Аммо бир шарт билан, эртага ўзингиз бизни тушликка олиб борасиз.

Зулфизар индамади.

Эшик олдига етгач, секингина бош эгиб “Яхши қо¬линглар” деди-ю, хонадан чиқиб кетди.

Москвадан қайтгандан буён бирон гапи икки бўлмаган, қаерга борса, ҳадик ва ҳурмат билан кутиб олинган Зулфизар “Кадр”нинг бугунги муомаласидан ўзини йўқотиб қўйди. Бир нарса дейин деса, бутун обкам, жумладан Зулфизарнинг тақдири ҳам унинг қўлида. Демаса, очиқдан очиқ, бу хил “ҳукмронлик”! Аммо бундан ҳам баттари анов ярамас дўхтирнинг индамай, уни “Кадр”нинг илмоқли гапларига ўлжа қилиб ташлаб қўйиши бўлди. Ўзини ким деб ўйлаяпти у? Хўп майли, гап нишаби бу тариқа кечмаганда, Зулфизар ўлибдими, фурсатдан фойдаланиб, унга миннатдорчилигини билдирарди. Агар ёдидан чиққан бўлса, улар таниш эканлигини “Кадр”нинг олдида айтарди. Аммо эркак бўлиб Зулфизарни танишини яширибдими, демак, шундай бўлиши керак экан-да. “Кадр”нинг олдида шахсий муносабатларни билдириш хавфли, ҳа, жуда хавфли, буни Зулфизар яхши билади. Шунинг учун ҳам дўхтирнинг ўзини бу тарзда тутгани ҳам... уни... Зулфизарни ўйлаб қилган ҳаракатидир?

Шунга қарамай, барибир тушликдан кейин ҳам юрагининг сиқилиши тарқамади. Кечга яқин Хадича келди. Қизлигида бир тутам чучмомадеккина бўлиб юрадиган Хадича турмушга чиққач, тўлишиб, очилиб кетган эди. Унинг чақнаб турган кўзларига қараб, Зулфизарнинг бироз кайфияти кўтарилди:

– Жўра акам сени нима билан боқаяпти, кундан кунга семириб бораяпсан? – ҳазил қилди у дугонасини бағрига босаркан.

– Шу аканг ўзини боқсаям... топгани мактабидан бери келмайди. Ҳали у ерини ямайди, ҳали бу ерини. Эскини ямайман деб, эрим бечоранинг эси кетди.

– Ниманинг ҳисобига бунча семираяпсан, бўлмаса?

– Ўзим-чи? Икки ставка дарсим бор. Керак бўлса, ойлигим директорникидан икки баравар кўп.

– Унда яхши, хурсандман. Кеч бўлганда ойлигим кўп деб, мени ресторанга таклиф қилиб келмагандирсан, ҳойнаҳой?

– Э-э, қўйсанг-чи, сенинг кўнглингни топишга йўл бўлсин. Акангнинг дарди билан юрибман. Ёнимизда янги мактаб қурилаяпти, шу ёққа директор қилиб ўтказиб бер. Бўлмаса, бечора эрим шу эски мактабни сонга соламан деб ажалидан беш кун бурун ўлиб кетади. Ўзи мазаси йўқ. Урушнинг асоратлари аста-секин юзага чиқаяпти.

– Яхшилаб қара, даволансин.

– Ўн беш кун бир жойга бориб дам олиб келсанг, руҳингда қандай ўзгаришлар бўлади. Бу киши тўрт йил қон кечиб, жон олиб, жон бериб юрган. Ҳалиям қулоқларим остида снарядларнинг портлашлари, жон бераётган ас¬карларнинг инграшлари эшитилиб туради, дейди. Минг эҳтиётлаб қараганим билан...

– Ҳа-а... – дугонасининг гапларидан оғир бир сўлиш олди.

Уларнинг суҳбатини телефон қўнғироғи бузди.

– Эшитаман, – Зулфизарнинг хаёли ўзида эмас эди, “Кадр”нинг овозини эшитиб, бирдан хушёр тортди. – Лаббай, Николай Владимирович!

– Зинаида Абдиевна, ишлаётганмидингиз?

– Ҳа, Николай Владимирович!

– Бугунги таклифим ҳақда ўйлаб кўрдингизми?

Зулфизарнинг юраги “шув” этиб кетди:

– Қайси таклифингиз? – билиб турган бўлса-да, билмаганга олди.

– Анатолий Абрамович ҳақида айтаяпман. Аммо лекин сиз Толикка жуда ёқиб қолибсиз. Тушликдан бери ўн марта телефон қилди, қачон учрашамиз, деб.

– Қўйсангиз-чи, биз бошқа-бошқа дунё одамларимиз. Бундай гап бўлиши мумкин эмас.

– Ие, бу гапни сиз айтаяпсизми? Айтаётганларингиз ўзингиз тарғиб қилаётган “миллати, ирқи, мансуб бўлган динидан қатъий назар...” деган идеологиянгизга қарши эмасми?

– Николай Владимирович, илтимос қиламан, мени қийнаманг. Мен у кишининг миллати, ирқи ҳақида бир нарса деяётганим йўқ. Агар кўнгил қўйсам, хабашга ҳам тегишим мумкин. Аммо тушгача танишган одамга кечқурун турмушга чиқа олмайман-ку.

– Зинаида Абдиевна, сал ошириб юбормаяпсизми?

– Ҳа, балки ошириб юбораётгандирман, мени кечиринг, аммо...

– Бу сиёсат учун керак, муҳтарама Зинаида Абдиевна. Сиз билан биз партиянинг аскарларимиз, ҳар дақиқада ўзимизни унга қурбон қилишга тайёр туришимиз шарт. Менимча, шу билан бу масала ҳал. Бундан Марказкомнинг ҳам хабари бор. Улар сиз билан бизни олқишламоқда.

Зулфизарнинг устидан бир челак қайноқ сув қуйилиб кетгандай бўлди. Унинг ранги қумдай оқариб кетган эди. Нима бўлганда ҳам!.. У қўғирчоқмидики, истаган одамларига совға қилиб юборишаверса? Унга қараб, Хадича ҳам қўрқиб кетди.

– Ким, Зулфизар? Сени кимга беришмоқчи?

– Анатолий Абрамович деган жарроҳга! – ўзига ўзи гапираётгандай кўзларини номаълум нуқтага тикиб жавоб қилди у.

– Анатолий Абрамович? Вилоят шифохонасидаги жарроҳлик бўлими бошлиғими? – Хадичанинг кўзлари катта-катта бўлиб кетди. – Ахир у жуҳуд-ку. Жуҳудга теккан одамнинг етти пушти куйиб кетади. Сен шунга рози бўласанми?

– Бошқа иложим йўқ.

– Нега, нега?! Бу сенинг ҳаётинг, ахир. Унга хў¬жа¬йинлик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Зулфизар дугонасининг ғазабга тўлиб кетган кўз¬ларига маюсланиб қаради:

– Акс ҳолда ишдан кетишим керак.

– Кет, кетавер. Нимага керак шу иш сенга? Оддий муаллим бўлсанг ҳам, онанг билан бир ўғлингни боқа оласан.

– Одамлар-чи? Ишини эплай олмагани учун ҳай¬дашди, деб кулишмайдими?

– Жуҳудга тегсанг-чи, бундан баттар кулмайдиларми?

Зулфизар индамади.

– Тўғри, юзингга қараб кула олмасликлари мумкин, аммо ортингдан “қаҳ-қаҳ” отиб кулишади, нафратланишади. Мусулмонлик номига доғ туширди, дейишади.

– Ноиложман, Хадича! Қолаверса, ўзга миллат билан тақдирини боғлаган бир менми? Хонлар етти иқлимдан гўзал қизларни олиб келиб, уйланишган. Мен унинг миллати бошқа эканлигини айтмаяпман. Уни умуман билмайман, ҳатто дурустроқ гаплашиб ҳам кўрмаганман.

– Билсанг... унга тегишинг ҳам мумкинми?

– Нима бўпти? Дугонажон, мен даҳрийман, аммо сен сиғинадиган Худонинг олдида ҳам ҳамма бир хил мақомга эга банда. Мусо яҳудийларнинг пайғамбари, Исо христианларники, агар Оллоҳ бу миллатларнинг бандаларини ёмон кўрганда, уларга пайғамбарлик мақомини бермаган бўларди. Тўғри, мен бу масалаларни унчалик чуқур билмайман, аммо Худо одамларни ўзбек, ўрис, яҳудий деб ажратмайди, уларнинг мўмин ва мунофиқлигига қараб ажратар экан, шуни биламан.

– Онанг билан акангга нима дейсан?

– Уларга тушунтиришни сенга юклайман.

– Йўқ.

– Бу ҳамма замонларда бўлган, азизам. Партия мендан мана шу арзимас қурбонликни сўраётган экан, мен бунга тайёрман. Ўша эркакни севиб, ардоқлаб, одамларга ажойиб оила намунасини намойиш қи¬ламан.

Аслида Зулфизар бу гапларни Хадичага эмас, ўзига айтаётган, бўғзига тиқилиб, исён кўтараётган ўзлигини ишонтирмоқчи бўлаётган эди. Аммо ҳар қанча ўктамлик қилиб, дадил-дадил гапирмасин, ич-ичидан нимадир узилиб, силласи қуриб бораётганини ҳис этиб турарди. Гарчи бир томондан қаршисида очилишга шай турган бахт ва ишқ эшиги қаршисида юраги гупирлаб уриб ётган бўлса-да, аммо ич-ичида нимадир бешафқат тарзда бу ёқимли титроқларни “бу мумкин эмас, асло!” деб шарт-шурт сидириб ташлаётгандек бўлар, шу билан бирга у ўзини ўзи “мен нима ҳам қила олардим, талаб шундай” деб чалғитишга уринар, бироқ у кўзлар, у нигоҳлар, у мулойим, ҳа, кучли, бақувват, аммо ипакдек майин, вужудингга тегса жон ато этгандек бир ёқимли туйғу уйғотувчи у қўллар измига ўзини бутунлай, бир умр ташлаш истаги хиёнаткор иблисдек, уни мазахлаган каби туйғуларини номаълум, кишининг эсида қолмайдиган, аммо нима бўлса ҳам эшитгинг келаверадиган куйни чалган каби туйғуларининг торини “тинг-тинг”, “жинг-жинг” чалиб қўяр ва Зулфизар шу торлар титроғининг ўзиданоқ барчасини қандай бўлса шундайлигича, шароит оқимига ташлаб қўйишни истар, аммо негадир дугонасига ичини ёролмас, куёвликка номзод бу жуҳуд дўхтирга ўзи ҳам беэътибор эмаслигини тан олиш гўёки ўзини ўзи сазойи этишдек туюлиб, баттар айбдорлик ҳиссини туярди.

Икки дугона ўртасидаги узоқ давом этган нохуш жимликни Зулфизарнинг ўйчан овози бузди:

– Қишлоқни соғинибман. Сизларнинг супаларингда ётиб, юлдузларни томоша қилишларни... Бор бойлигимиз эгнимиздаги биттагина чит кўйлак бўлса ҳам биздан бахтли одам йўқ эди ўша кунларда. Мактаб-чи? Кўктош куйдириб оқлатганларимдан кейин қандай чиройли бўлиб кетган эди. Қанийди, бир умр ўша мактабда қолиб кетганимизда...

– Ҳа...

– Энди эса, ўша сочлари қирқ ўрим Зулфизар йўқ. Мен Зинаида Абдиевнаман! Сен эҳтимол,билмассан, мансаб, шон-шуҳрат жуда ёмон нарса. Пастликдан туриб, чўққига қарасанг, чўққи жуда чиройли кўринади, кўнглингда ҳавас пайдо бўлади. Аммо чўққида туриб, пастга қарасанг,юрагингни ваҳима босади, тушиб кетишдан қўрқасан. Менда ҳам ҳозир шундай ҳолат. Пастга тушишдан, одамларга масхара бўлишдан қўрқаман. Бунинг устига, русларнинг бизнинг қизларимизга паст назар билан қарашларига чидай олмайман. Бу ерда ўзбек қизларининг нималарга қодир эканлигини кўр¬сатиб қўйиш учун ҳам ўтиришим керак.

– Яхудийга тегибми?

– Қўйсанг-чи бу гапни. Уям Худонинг бандаси, сен билан мен каби тенг ҳуқуқли фуқаро. Кел, яхшиси бирон кун қишлоққа борайлик, сизларникига,бизникига, мактабга!.. Ҳеч кимга айтмай, секингина... Қайтадан бола бўлиб... Агар ўша супаларинг турган бўлса, бир кеча ётиб ҳам қоламиз.

Хадича унга ғамгин тикилди:

– Супанинг эгаси ўтиб кетди-ку, супа қолармиди? Онам шўрлик ҳар йили сомоншувоқ қилиб, ялтиллатиб қўярди. Акаларим бузиб,жойига ёғочдан кароват қилишди.

– Майли, ўша кароватда ётамиз. Осмон, юлдузлар турибдими, ахир?

– Майли. Сен вақт топсанг агар...

– Менга қара, Хадича, энамга сен айт,тушунтир. Ўқувчиларингга тушунтиргандай, ҳижжалаб, ишонарли қилиб!..

– Иложим йўқ, – кўзларини юмганча бош чайқади Хадича, – буни мендан сўрама.

У бу гапни шундайин қатъият билан айтдики, Зулфизар бошқа ҳар қандай ўтинч ножоиз эканлигини тушуниб етди. Қаҳри келди. “Тумшуғидан нарини кўрмайди. Бутун дунё бир-бири билан қуда-анда бўлиб ётибди. Бу эса бир эрдан чиққан дугонаси учун фожиа ясайди. Шу курсида ўтириб турсам, энг аввало шуларнинг обрўйи эмасми?”

– Хўп, айтмасанг, ўзинг биласан. Фақат жуҳуд эканлигини ҳам айтма. Рус деб ўйлай қолишсин.

– Бир кун кимдир ҳақиқатни айтади-ку, барибир.

– Айтишганда куёвларига кўникиб бўлган бўлади.

...Эртаси куни Анатолий Абрамовичнинг ўзи қўнғироқ қилди:

– Алло!..

– Эшитаман... – Зулфизарнинг овози титраб кетди. Гарчи улар деярли гаплашишмаган бўлса-да, бу одамнинг овозини бир оғиз сўзидан таниган эди.

– Ассалому алайкум, Зинаида Абдиевна! Соғ-саломатмисиз? Мен Анатолий Абрамовичман.

– Танидим.

– Биз бир учрашишимиз керак, Зинаида Абдиевна!

– Нега?

– Сизга айтадиган муҳим гапларим бор.

– Ҳамма гапни сиз учун айтиб бўлишган, – гарчи суҳбатдошининг таклифи унга жуда ёқаётган бўлса-да, Николай Владимировичнинг такаббурлиги жуда нафсониятига текканидан мавриди келганда чақиб-чақиб олгиси келаётганди.

– Қўйинг, бу гапларни. Менинг айтмоқчи бўлаёт¬ганларим бутунлай бошқа нарса. Илтимос, йўқ деманг.
— ... Кечки пайт шаҳар четидаги кичкинагина ҳовлига боришди. Уларни ёши ўтинқираган бир киши кутиб олди. Ҳовли шинам ва ораста эди. Ҳовли ўртасига қўйилган айлана столга оппоқ дастурхон ёзилиб, унга гул, ҳўл мевалар ва иккита шам қўйилган эди. Улар ичкарига киришгач, кутиб олган киши узр сўраб, “зарур ишларим бор эди” деб, ҳовлидан чиқиб кетди. Анатолий Абрамович чаққонлик билан илтифот кўрсатиб, уни столга ўтирғизди, ўзи ҳам ҳам костюмини ечиб, ўриндиқнинг елкасига кийгизиб қўйди-да, ошхонадан таом сузиб келди.

– Зираворлар солиб димланган балиқ!..

– Балиқ?! Бу таомни яхши кўришимни қаердан билдингиз? – ҳайрон бўлган Зулфизар хурсандчилигини яшира олмади. Йўқ, севимли таоми дастурхонга тортилганиданмас, кимдир унинг кўнглини топиш учун шунчалик ўлиб-тирилаётгани учун хурсанд эди. – Ҳарқалай, дўстингиз бу таомни яхши кўришимни билмас эди.

– Ҳа, у билмас экан. Аммо шуни унутмангки, разведкачилик қобилияти бўлмаган одам жарроҳ бўла олмайди. Сиз жуда катта одамсиз, сиз билан ресторанларга бориб бўлмаса... Шундай бўлгач, шу уйга олиб келишга тўғри келди, бу тоғамнинг уйи, у ёлғиз яшайди,озгина бўлса ҳам кайфиятингизни кўтарар деб, суруштирув ишларини ҳам олиб бордим... – У бироз энгашиб, қўлини Зулфизарнинг қўллари устига қўйди. – Мени кечиринг, Зинаида Абдиевна... – Зулфизар шошиб қўлларини тортиб олди. ¬– Мен сизга бу тарзда эришишни сира ҳам истамаган эди. Менга мажбурият билан эмас, севиб-севилиб турмушга чиқишингизни истайман. Сабаби... Мен сизни яхши кўраман.

Зулфизарнинг потирлаб кетаётган юраклари кўксига сиғмай, буғзига тиқилди. Қаршида титраб-қақшаб ўтирган одам гарчанд ўзга миллат одами, ўзга бир тилда изҳори дил айтаётган бўлса-да,бутун вужудини ёқимли титроқ эгаллаб олган, назарида у бу дақиқаларни,бу одамни бир умр кутган-у,эндигина етишгандек эди. У индамай ерга қаради, нима десин, нима ҳам дея олар эди?

– Агар юрагингизда менга нисбатан ҳеч қандай рағбат бўлмаса, Коляга ўзим айтаман, сизга ортиқча тихирлик қилмайди. Аммо мен жудаям истайманки, менга бир имконият берсангиз, сизни бахтиёр қилиш имкониятини... Ахир сиз жуда гўзалсиз, сиз умрингизни, ўзингизни бу хилда ишга фидо қилишингиз асло мумкин эмас, сиз севишингиз, севилишингиз керак. Одам ахир робот эмас, жонли мавжудот...

Улар узоқ гаплашиб ўтиришди. Тўғрироғи, Анатолий Абрамович гапирди, у тинглади.

Ойсултон хола янги куёвни кўрганда Зулфизар илк бор қишлоққа яланғоч оёқларини ширдайтириб, тиззасидан баланд кўйлак кийиб борганида Улкан кампир тушган ҳолатга тушди.

– Бу яна нимаси, қизим? – дея олди зўрға.

– Мен уни яхши кўриб қолдим, эна.

– Энди ўрисга тегасанми, болам,элга кулгу бў¬либ?..

– Эна, Оллоҳнинг олдида ўрис-ўзбек деган гап йўқ, ҳаммамиз Худонинг олдида бирдек бандамиз.

Ойсултон хола индамади. Нима ҳам десин? Ёш бола бўлса экан, қўлидаги ўйинчоғини олиб қўйса ёки ичкари хонага қамаб қўйса?

Шу билан неча кун гапирмади, бир кўнгли қиш¬лоққа кетиб қолай, деди, шу қизнинг ҳам, тепакал куёв бўлмишнинг ҳам юзини кўрмайин, деб. Аммо неварасини кўзи қиймади. Зулфизар саҳардан ярим тунгача ишда, бола овора бўлади.

Орадан бир ҳафта ўтиб, эшиги оҳиста тақиллаб, куёв бўлмиш кириб келди:

– Онажон, ассалому алайкум, – деди у ўзбек тилида дудуқлана-дудуқлана.

Ойсултон кампир жуда қайсар аёл эди. Юзини тескари бурди.

Куёв бўлмиш момонинг ўзига ўхшаш соддагина исёнидан кулди:

– Мен сизни чойга таклиф қилгани келдим, – яна бўғинлаб-бўғинлаб ўзбекча гапирди.

Унинг изидан кирган Зулфизар ҳам кулди:

– Энажон, куёвингизнинг қўлида ўттизта ўзбек ишлайди. Ўзбекистонга кўчиб келганига ўн саккиз йил бўлган. Бу одам шу пайтгача бир оғиз ҳам ўзбекча гапирмаган. Мана, сиз учун қийналиб бўлса ҳам ўзбекча гапиряпти. Юринг энди, бирга чой ичайлик.

– Ичаверинглар!

– Турмасангиз, иккаламиз икки қўлтиғингиздан даст кўтарамиз-да, дастурхоннинг бошига олиб борамиз. Кейин...

Ростдан ҳам устига бостириб келаётган қизи билан куёв бўлмишни кўриб, момо сапчиб ўрнидан турди. “Энди шунга қўлини ушлатиб!..”

У яна ён босди. Нима қилсин,боласи-да.

* * *

Ярим тун. Палатанинг қия очиқ деразасидан кираётган муздек шабада дарпардаларни оҳистагина ҳилпиратиб ўйнайди. Қизи тўшакда ғужанак бўлиб ухлаб ётарди. Кўнгли нотинч, асаблари таранг кишилар ғужанак бўлиб ётади, деб эшитган эди. Бунинг кўнгли нимадан нотинч?

Унинг ётиб қолганиданми? Ахир бу биринчи марта ётиб қолиши эмас-ку? Ёки эрининг хиёнатларини сезиб юрганмикан?

Зулфизар қизини ҳеч қачон ожиз,иложсиз, нотавон ҳис қилмаган. Сора онасига ўхшаш ўктам, ғайратли қиз бўлиб ўсди. Отасидан тадбиркорликни олган. Ёш бўлса ҳам “Йўқ, ҳеч вақом қолмади” деган жойда бир йил ўйнаб-кулиб яшашга етгулик жамғармаси бўлади ҳамиша унинг. Эри бўлса аксинча, жуда кўнгилчан, бўшанг. Топган беш-тўрт сўм маошини икки кунда сарфлаб қўйиб, кейин бўм-бўш чўнтак билан бўшашиб юраверади. Шундай вазиятда болалар ундан пул сўраса, бу пул ундан эмас, хотинидан чиқса ёки кейинги сафар болалар ундан эмас, оналаридан пул сўраганда, ўзича эзилади, асаби бузилади. Айбни ўзининг бўшанглигидан эмас, хотинидан ахтаради. Бордир албатта, Сорадан ҳам айб ўтгандир. Ҳамиша пулсиз шумшайиб ўтирадиган эр билан ҳисоблашмаган жойлари кўп бўлгандир. Аммо у эри айтганидек ҳамма нарсадан пулни устун қўювчи молпараст, такаббур, бемеҳр аёл эмас. Агар эрининг шундай, унинг тўшагида, яқин дугонасини ундан афзал билиб, унга хиёнат қилганини билса!..

“Йўқ, у буни кўтара олмайди” ўйлади бир олам ан¬дуҳ билан Зулфизар.

Азим шаҳарда, тўрт хонали уйда икки боласи билан ёлғиз, сўппайиб қолишни тасаввур қилиб, кўнгли ғамга тўлиб кетди. Шундайгина бориб,қизининг сочларини силагиси келди, аммо қанийди ўрнидан туролса,бемажол қўллари унинг бошига етса экан.

– Ўв-в, – ичида бир бўри “ўв” тортди. Оғзидан бир аланга чиқиб кетгандай бўлди. – Ўв-в!

Унинг омон-омон давронларига йўқлов айтаётган бўри ҳам ўзи каби кекса ва нотавон эди.

Ўзининг оёқлари ҳамиша узангида бўлди, ҳамиша қўлида жарақ-жарақ пул эди, ҳеч қачон бекор, ёлғиз қолгани йўқ. Ярим тунда ишдан келиб, ҳали вужудида симиллаб турган чарчоқлар тарқамасдан ишга югурарди. Аммо оёқлари узангида, ўзи шунчалар банд бўлса ҳам юрагидаги ҳувуллаган бўшлиқ ҳамиша ўзини билдириб турарди. Айниқса Ботир гиёҳванд бўлиб қолгач, бу бўшлиқ ҳамиша ютиб юборай-ютиб юборай, дерди. Ёлғизлик ёлғиз худойимга ярашган деб, бежиз айтишмаган экан.

Шу боланинг дарди-азоби унинг жони-жаҳонини минг бўлакка бўлиб ташлади. Столни бир муштлаган дам минг¬лаб эркак йиғилган мажлис сапчиб турадиган амалдор хоним ўғлининг исмини эшитганда, минг томонда сочилиб ётган жонини бир жойга жам қилиб, зўрға ўрнидан турадиган бўлди. Шундай чиройли уй, машина, мансаб, тавозе-такаллуфларсиз оддийгина пахсадевор уйда, оддийгина қишлоқ муаллимаси бўлиб яшаса, ёнида ўғли соғ-омон бўлса! Атрофида келини, неваралари... Оталари ишдан қайтганда чопқиллаб олдига чиқишса...

Уйда Зулфизарнинг беш-олтита портретидан бош¬қа ҳеч нарса қолмади. Қўлга илинадиган нарса борки, ўғли ўғирлаб чиқиб, сотди. Хумори тутиб, қалтираб қолган дам Зулфизарнинг ўзи, деворда осиғлик гиламими, қулоғидаги сирғасими, боласига ичи ачиганидан ўзи берган кунлари ҳам бўлди.

Шунинг учун ҳам куёвининг қилмишига “э-э!..” дея олмади. Кўз ўнгига қизи, неваралари келди. Елкаларида ўзларидай навқирон ғусса билан... Унинг ўзи юраги тамом бўлган саргардон аёл эди. Энди Соранинг ғамини кўтара олармиди.

* * *

Кечки пайт “Биринчи” чақиртирди. Хонада “Иккинчи”, “Кадр” ўтирган эди. Зулфизарга негадир “Би¬ринчи”нинг кайфияти йўққа ўхшаб кўринди. Ҳамма йиғилгач, бар¬моқлари билан силлиқ сочларини орқага тараб-тараб, ўрнидан турди:

– Ўртоқлар, юқоридан телефонограмма олдик. Хўш, унда бизнинг эътиборимиздан четда қолиб, соц¬иа¬листик турмуш тарзимизни бузиб келаётган баъзи диний расм-русумлар, одат ва анъаналарни барҳам топтириш вақти келганлиги айтилган. Ҳақиқатан йўлда кетаверсангиз, йўлнинг икки томони ялов илинган ходага тўлиб кетган. “Ҳа?” десангиз, “Шаҳид!” дейишади. Йўлдами, чўлдами бирон ҳалокат туфайли биров ўлса, ерга томган қонини қириб олиб, йўлнинг четига шу қириндини кўмиб, атрофини ўраб, ялов кўтариб қўйишади. Одам ўлмаган, одамзоднинг қони тўкилмаган ер борми? Ҳар бир шаҳид ўтган одам учун тўрт-беш квадрат жойни ўраб, ялов кўтараверсак, ер юзида яшаш, деҳқончилик қилиш учун эмас, оёқ қўйишга ҳам жой топилмай қолар эди. Зиёратгоҳлар бор: “Сулаймон ота”, “Кокилдор ота”, “Тўқсон ота” ва ҳоказо. Бу “ота”лар ким бўлган? Улар нима каромат кўрсатган, халқ учун нима хизмат қилган? Буни ҳеч ким билмайди, қизиқмайди ҳам. Ҳар чоршанба куни ким товуқ қўлтиқлаб, ким қўй етаклаб, давлатнинг ишини ташлаб, шу зиёратгоҳлар атрофида ин қурган текинхўрларни боқиш учун югуради. Ҳай, биродарлар, масалан, Сулаймон ота қаерда яшаган-у, бу ерда унинг қабри нима қилади, дейдиган бирон ақлли одам йўқ.

Мана шундай тушунмовчиликларга барҳам берадиган вақт келди. Бир томчи қон учун кўтарилган яловлар олиниб, ўрни ижтимоий фойдали ерларга қўшилсин. Кимлиги номаълум “ота”ларнинг зиё¬ратгоҳлари жойлари текислаб ташлансин.

Ҳайит кунлари қабристонларимиз йиғи-сиғи қилган хотин-халажга тўлиб кетади. Бу кунлари қабристонга чиқиш ман қилинсин. Ундан кўра йилда бир кун хотира куни деб эълон қилиниб, юртимизда яшайдиган ҳамма миллат вакиллари қабристонларга бориб, ўтганларни хотирласин, қабр атрофларида ободонлаштириш ишларини олиб борсин.

Диндорлар ин қуриб олган мачитлар ёпилсин.

Зинаида Абдиевна! Бу кеча мана шу фикрлар сингдирилган ажойиб бир маъруза тайёрлайсиз. Эртага вилоят бўйича барча ташкилот раҳбарларини, фаолларни йиғамиз. Бир ярим минг кишилик йиғилиш бўлади. Эрталаб соат еттида маъруза билан танишиб чиқишим керак.

Яна бир гап. Вафот этган биродарларини сўнгги йўлга кузатиш, кўмиш маросимлари ҳақида ҳам ўй¬лаб кўрадиган вақт етди. Биров ўлса, жағ-бошини бойлаб, яланғоч ҳолда ётқизиб қўямиз. То узоқ-яқин қариндошлар йиғилиб, қабр тайёр бўлгунча ўлик шу ҳолда ётаверади. Биров ярим яқини сўнгги бор кўриб қолай деб, юзини очса, қўрққанидан юраги ёрилади. Биз ҳам чиройли кийимлар кийгизиб, муносиб тарзда сўнгги йўлга кузатсак бўлмайдими? Йигирма метр оқ сурпга ўраб, қабрга ташлаймиз-у, қайтамиз. Уч-тўрт йил ўтмай қор-ёмғир остида нам тортган лаҳад ўйилиб, ичига одам тушиб кетади доим. Нима кўп, ёғоч кўп. Тўртта ёғочдан ажойиб тобут ясаш мумкин. Наҳот,бир умр меҳнат қилган инсондан тўртта ёғоч азиз бўлса?! Жаноза нимага керак, ҳеч ким тушунмайдиган аллақандай арабча сўзларни ўқиб ўтирмасдан, чиройли бир митинг ўтказайлик, марҳумнинг фазилатларини эслайлик. Тўғри, бу таклифларни эртанги йиғилишда айтиш шарт эмас, аммо ўз бирларимиз ичида намуна сифатида қўллаб, халқни шунга тайёрлаш, ўргатиш керак.

“Биринчи” гапларини тугатгач, маррага етгунча нафаси бўғзига тиқилиб қолган спортчидек чуқур нафас олди, сўнг “бўладими?” дегандай, “Иккинчи”га қаради. “Иккинчи” “ихтиёрингиз” дегандай елка қисиб қўйди.

– Тушунарлими? – “Биринчи” нимагадир шошарди. – Ҳеч кимда бошқа таклиф бўлмаса, йиғилиш тамом.

– Шошманг, – мулойимгина оҳангда уни тўхтатди “Кадр”: – Балки эътирозлар бордир?

Ҳеч ким эътироз ҳам билдирмади.

Эртаси куни йиғилиш жуда жанговар руҳда ўтди. Ҳар бир фаолга қатъий топшириқлар берилди. Ўзаро пичир-пичирларни айтмаганда ҳеч ким эътироз билдирмади. Аммо ижро қийин бўлди. Ҳар бир яловнинг ортидан ўнлаб одам бош кўтарди. Зиёратгоҳларни бузиш ундан ҳам қийин бўлди. Биронта ўзбек бульдозерчи бу ишни ўз зиммасига олмади. Одамлар орасида “Фалон зиёратгоҳнинг устига бир ўрис бульдезорини солган экан, қаердандир икки илон чиқиб, бўйнига чирмашибди. Бу ишнинг бошида турган парткомнинг бадани ола-чалпоқ пес бўлиб қолибди” каби ваҳимали гаплар тарқалди.

Ҳайитдан бир кун аввал ҳамма қабристонлар фаолларга бўлиб берилди: “Ҳайит куни қабристонга ҳеч ким чиқмасин. Ўтганлар фақат Хотира куни зиёрат қи¬линади”.

Зулфизарга ўзларига яқинроқ қабристонни беришди. Фаоллар яхши ишлашибди, катта қабристон ваҳимали тарзда ҳувуллаб ётар эди. Фақат қаб¬ристоннинг бир бурчагида беш-олти қорайган кўринди. Зулфизар анча берида турган бўлса ҳам уларни дарров таниди. Ҳа, улар қўшни кўчада яшашарди. Онаси ҳамшира эди, ўтган йили “Ўғлим институтни фақат “5” баҳоларга битириб келди, бир дурустроқ иш топиб беринг, ёлғизгина болам, бори-йўғим, бор давлатим шу”, деб Зулфизарнинг олдига келган эди. Зулфизар ҳам ҳафсала қилмади. Аёл бир сафар ўғлини ҳам етаклаб келди. Яқинда автоҳалокатга учраб!..

Онаизор қабрни қучоқлаб, дод-фарёд солар, атрофидагилар уни қабрдан бир амаллаб кўтариб олар, у яна юлқиниб ўзини қабр устига отар эди.

Зулфизар чуқур хўрсинди. Кўнглида зиммасига юкланган топшириққа нисбатан эътироз пайдо бўлди: “Бу шўридага ўғлингни бугун эмас, хотира куни ёдла”, деб қандай айтиш мумкин! “Дўппайган тупроқ уюмлари оралаб, бир-бир босиб изига қайтиб бораркан, худди ортидан биров қувлаётгандай кўнглига ваҳима тушди, қадамлари тобора тезлашиб, охир оқибат қабристондан деярли чопиб чиқди: “Кимни қачон зиёрат қилиш ҳар кимнинг ўз хоҳиши эмасми? Наҳотки шу масалада ҳам партиядан изн сўраш керак бўлса?”

Энг ёмони ўша кунлар онаси омонатини топшириб қўйди. Гарчи онаси билан лоақал ҳафтада бир марта ўтириб, дурустроқ гаплашишга вақт топа олмаган бўлса ҳам онаси ҳаётидаги энг катта суянчиқ эканлигини кўзлари бутунлай юмилган кун билди. Шошиб қолди. Аввал акасига, сўнг ишхонага қўнғироқ қилди: “Онамдан ажралиб қолдим”.

Акаси, янгаси, жиянлари билан олдинма кейин уйига бир қишлоқ одам кириб келди. Кекса холаси изиллаб йиғлаб, “Вой, эгачим-эй, ҳалиям шундай ётибдими? Чиқиб туринглар, ечинтириб, маҳрам сувга олиш керак”, деб ҳаммани чиқариб юборди.

Бир пайт уни ҳовлидан сўрашаётганини айтишди. Нимагадир бир нохуш хабарни сезгандай юраги “шув” этиб кетди. Остонада кимдир уни супанинг бир четида ўтирган “Биринчи”нинг ёнига олиб борди. Кун иссиқ бўлишига қарамай қоп-қора костюм-шим кийиб олган “Биринчи” уни ҳовли четига бошлади:

– Зулфизар, – у ҳамиша “Зинаида Абдиевна” деб мурожаат қиларди, – синглим,бандачилик... Она дунёдаги энг улуғ давлат, энг азиз неъмат, уни бериш осон эмас. Энди бардам бўлинг, Худо сабр берсин.

– Раҳмат.

– Хў-ўш, мени кечиринг, топшириқ десамми, омонат десамми, бир гап бор. Шу... момони янгичасига дафн этсак. Кафан ўрнига чиройли уст-бош, тобут... Жаноза ўрнига митинг... Нима дейсиз?

Зулфизарнинг оёқлари остидаги ер силжиб кетгандай, боши айланиб кетди. У бор кучини йиғиб, мувозанатини ушлаб қолди. Онасининг юраклари уришдан тўхтаган дам энг катта давлатидан ажраб қолганидан қанча эзилса, муқаррар айтиладиган мана бу топшириқни ўйлаб, ундан кўпроқ эзилган эди. Онаси азиз меҳмон, у қачон бўлмасин, кузатишини билар эди. Аммо бу хилда кузатишни истамас эди.У ёшга тўлган кўзларини илтижо билан “Биринчи”га тикди:

– Мен шу лавозимни деб энамни жуда кўп хафа қилдим. Жуҳудга тегдим, вақт-бевақт ёнларида бўла олмадим, ҳамдардлик қила олмадим. Энди сўнгги йўлга ҳам уларнинг иродасига қарши ҳолда, элга ҳан¬гома қилиб кузатайми?

– Синглим, бу раҳбарларнинг топшириғи...Мен бир ижрочиман,холос.

– Ака, – деди эмраниб. Расмий қилиб “Саидмурод Камолович” деб ўтиришга ҳоли йўқ эди. Юраклари иложсизликдан ўртаниб кетди, – ахир бу вилоятда сиздан катта ким бор? Ўзингиз мусулмон бўла туриб, нега менинг энамнинг мусулмончилигига қарши борасиз?

– Мени кечиринг, аммо сиз бунга мажбурсиз.

– Менга қаранг, мен ўлсам, иш либосида, ёғоч тобутга истасангиз, темир тобутга солиб, жаноза ўқитмай, митинг ўтказиб, кўминг. Лекин илтимос, энамга тегманг. Энамнинг партияга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

– У сизнинг, партия етакчисининг онаси... Агар топ¬ши¬риқ бажарилмаса, сизни ҳам, мени ҳам қў¬йиш¬майди.

– Ижозат беринг, жон ака, энамнинг ҳурматини ўр¬нига қўяйин.

“Биринчи” бош чайқади:

– Иложи йўқ. Айтинг, момонинг энг чиройли либосларини кийдиришсин. Тобутга буюртма берилган. Энди бораверинг, – котиб “гап тамом” дегандай изига бурилиб, нари кетди.

Зулфизар худди ёш болага ўхшаб турган жойида ўтириб олиб, ер тепиб, бақириб-бақириб йиғлагиси келди. Бу қандайин хўрлик ахир, на онасини муносиб тарзда кузата олади, на йиғлаб аламидан чиқа олади? Шуми унга партия берган имтиёзлар! Она бўлиб, тўрт оғиз гурунгига муяссар бўлиши қийин бўлса-да, қизининг юриш-туришидан, мартабасидан суюниб юр¬гани учун унга аталган мукофот шуми? Ўшанда биринчи бор ўнг елкасида пичоқ санчилгандай оғриқ туйди, оғриққа чидай олмай инграб юборди. Оғриқнинг зўриданми, бўғзига тиқилган аламданми, кўзларидан дувиллаб ёш тўкилди. Турган жойида унсиз йиғлаб-йиғлаб, сўнг бирдан ўкириб юборди:

– Эна-ам, вой энам, энам-ам! Эна-ажоним!

Юрагининг туб-тубидан яна бир ўкирик чиқди:-

– Вой, шўр бошим... Нотовон жоним...

Энди у ўзига йўқлов айтаётган эди.

Кимдир келиб, қўлтиғидан кирди. Суяб, онасининг бошига олиб келишди. У хонага кириши билан хонанинг шиплари йиғидан кўтарилиб кетгандай бўлди.

– Вой, энам-ей...

– Вой, холажоним!

У хона ўртасида бир муддат серрайиб турди-да, сўнг онасининг кийимлари турадиган шкафга юзланди. Шкафни очиб, бир текис илиниб турган кийимлар орасидан онаси яхши кўрадиган чинор баргли помбархит кўйлакни, фақат тўйларда ёпиладиган оппоқ рўмолини олди. Кейин марҳумани ўраб ўтирган хотин-халажга қараб: “Энди,эгачилар, ярим соатга чиқиб турсангизлар, онамни сўнгги йўлга тайёрлайлик”, деди мардона.

– Уйи тайёр бўптими? – холаси “ялт” этиб унга қа¬ради.

– Ҳа, – гапни қисқа қилди у.

Хонада ўн чоғли аёл қолди. Хола улардан учовини танлаб олди:

– Энди, хафа бўлманглар, сингилларим, эти, суяги деган гап шу ерда керак. Маййитни ўзининг суяги ювиши керак.

– Мен бегонаманми? Менинг аммам бўладилар, – изиллади чиқариб юборилаётган янгаси. Унинг отаси марҳумага амаки эди.

– Ҳа, сен ҳам сингил эдинг, – деди хола унинг гапини бўлиб. – Лекин ҳозир сен келинсан. Сендан тортинади. Чиқ. Ювмасанг ҳам, шунча йил бирга яшадинг, хизматини қилдинг. Нима олган бўлсанг, шу хизматлардан олгансан. Энди, ташқарига чиқ.

Кийинтирар палла яна хола жанжал қилди:

– Иби, бу нима кўргилик? У дунёда бунга помбархит кўйлак нимага керак?

– Шундай қилиш керак, – деди Зулфизар имкон даражасида хотиржам, буйруқ оҳангида. – Бутун вилоят бўйича раҳбарлар ўтирибди. Тошкентдан ҳам одамлар келишади.

– Келишса келишаверсин, опамнинг нима кийиши билан уларнинг қандай ишлари бор?

– Четга ўтинг, хола! – қўлига ёпишаётган холасини бир силтаб нари суриб қўйди-да, онасини кийинтира бошлади. – У менинг энам, увол-савоб ҳам меники.

Онаси жуда сўлим аёл эди, кийинтиришгач, юзларига қизил югургандай янада сулув аёлга айланди. Қип-қизил духоба кўрпа устига ётқизилгач, эндигина уйқуга кетган маликага ўхшаб қолди.

Зулфизар унинг устидаги ёпинчиқни кўксига тортиб, юзларини очиб қўйган эди, бир четда тўрсайиб турган хола “дод” деб юборди.

– Ювилгандан кейин юзини номаҳрамлар кўриши мумкин эмас, ҳай кофир!

– Хола, илтимос, мениям, ўзингизниям чарчатманг. Мен бир нарса деяпманми, демак, шуни билиб айтаётган бўламан ва айтганимни қиламан.

– Билганингни қил. Лекин одам эмас экансан. Тупурдим сенинг мансабингга, – хола йиғлаб ташқарига чиқиб кетди.

боғлаб олган акаси кутиб турарди. Кўзлари қизариб кетган ака қовоқларини уюб, ичи бураб оғриётган одамдай энгашибгина турарди:

– Энамни Сулаймон отага қўямиз. Ҳамма суягимиз ўша ерда. Бу энамнинг сўнгги васияти.

– Шу ердан қабр тайёрлашаётган эканлар-ку.

– Йўқ. Энамнинг сўнгги тилагини бажармасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мен энамни қишлоққа олиб кетаман. Эна меники, обкоминг менинг ишимга аралашмасин.

Бошқа гапнинг ҳожати йўқ эди.

– Ўзингиз биласиз, ака. Каттага бир оғиз айтиб қў¬йинг.

– Ҳе-е, сенинг каттангни ҳам, каттачилигингни ҳам!.. Кун қизимасдан йўлга тушиш керак. Умидворлар хўшлашиб олсин.

...Қип-қизил духоба ёпилган ёғоч тобут машинага ортилганда Зулфизар ўзида йўқ эди. Жанозасиз йўлга чиққан марҳумани кузатгани келганлар ёқа ушлаб, эшикка беҳол суяниб қолган Зулфизарга нима деб тасалли беришни билмасди.

Чиройли машиналарда қабристон томон йўл олган катталар юк машинасининг оёғига қараб ўтиришни лозим топмасдан олдинга ўтиб кетишди.

Қабристонда анча кутиб қолишга тўғри келди. Ҳаво жуда иссиқ, қабрлар устида қовжираб турган ўт-ўланлар азалий дунёнинг маҳзун қўшиғини айтиб ётарди. Тириклик чоғларида уй-жой, бола-чақа, от-улов, мол-ҳоли билан дунё-дунё майдонларга сиғмай, ўрни келганда бир парча ер учун талашиб-тортишиб, ёқа йиртишиб яшаган одамларнинг ҳар бири бу ерда нари борса, икки қулочгина ерга қаноат қилиб, жимгина сукут сақлаб, ёнма-ён ётишар эди.

Митингга йиғилганлар бетоқат бўла бошлади. Қўшнининг қўшнига сояси тушмайдиган бу даргоҳда шоҳу гадо баробар, минг лавозимдор киши келса ҳам ҳеч ким ўрнидан туриб кутиб олмайди, бу салтанатда ёлғон хушомад, тавозелар йўқ. Тунд сукунат, дим ҳаво йиғилганларнинг юрагини сиқиб юборди. Ниҳоят кўча муюлишида юк машинаси кўринди. Машинанинг изидан бир тўп қишлоқдошлар етиб келишди. Қабристон дарвозаси олдида машинадан ҳашаматли ёғоч тобут ўрнига устига духоба ёпилган ихчамгина тол тобут туширилди. Қора костюм-шимларда терлаб кетган “катталар” нима гаплигини англаб етгунча, тобут одамлар елкасида нам тупроқ уюлиб турган қабр бошига етди. Мамараим маййитнинг устига ёпилган духобани кўтарди, тол тобутнинг устида ғожари гиламга ўралган марҳума бир тутам қизғалдоқдек бўлиб ётарди.

Ҳаммаси тушунарли, ўғил онасини ўз уйига олиб кириб, қадимий урф-одатлар бўйича ювиб-тараб, кафанлаб, жаноза ўқитиб чиққан.

– Марҳуманинг тоғаси борми? – сўради қишлоқ¬нинг оқсоқоли.

– Мен тоғасининг ўғлиман, – полвон келбат бир йигит тобутнинг ёнига келди.

– Менинг отам ҳам тоға эди у кишига, – яна бир йигит унинг ёнидан турди.

– Маййитни уйига қўйиш сизларнинг хасмингиз, – оқсоқол уларга изн берди.

Ғожари гилам ичидан оппоқ ғумбак чиқди. То¬ға¬ларнинг бири қабр ичига кирди, иккинчиси ичкарига узатди. Шу топда оломон гўё иккига бўлингандек эди. Бири айтгани бўлмаганидан қаҳрланган, иккинчиси қавмини муносиб тарзда кузата олганидан мамнун. Аммо бу ерда яна бир учинчи тоифа ҳам бор эдики, улар бир томондан бир бегуноҳ муштипарнинг бекафан, бежаноза кетмаганлигидан енгил тортса, иккинчи томондан эртага бўладиган муқаррар гап-сўзларни ўйлаб, саросимага тушиб туришар эди. Булар бир четда гоҳ қизариб, гоҳ бўзариб турган “Биринчи” ва унинг ёнидаги маҳаллий раҳбарлар эди.

“Иккинчи” заҳрини ютиб тура олмади:

– Бу сизнинг “ғоя”нгизми? Бу ўлкага маданият олиб кириш ниҳоятда қийин эканлиги яна бир бор исботланди.

– Менинг ҳеч нарсадан хабарим йўқ, – шоша-пиша ўзини оқлади “Биринчи”.

Митинг ҳам совуққина ўтди. Ҳамқишлоқлар митинг ёпиқ деб эълон қилингандан кейин қабр бошида қолишди. Қишлоқ оқсоқоли биринчи фотиҳани ўқигандан кейингина одамлар тарқалди. Қабр бошидан кетишар экан:

– Одамлар, марҳума қандай инсон эди? – деб сў¬ралди.

– Солиҳа аёл эди.

– Яхши инсон эди, – ҳар жойдан шундай жавоблар эшитилди.

– Одамлар, Ойсултон хола қандай инсон эди? – яна сўралди.

– Мўмин аёл эди.

– Меҳрибон аёл эди...

Бу савол-жавоб Ойсултон хола қолаётган янги дунё учун айтилаётгандай кайфият уйғотарди кишида.

– Мўмин аёл эди, меҳрибон аёл эди.

Бу сўзларнинг акс-садоси бошлари оппоқ Кўҳитанг тоғлари тўшига урилиб, Мамараимнинг қулоқлари ос¬тида жарангларди.

“Ҳа, энагинам мўмин, меҳрибон аёл эди”.

Улар Зулфизарнинг уйига қайтиб бормади.

Ака-сингил бир онага икки уйда маърака ўтказди.

Маъракалар ўтиб бўлгач, Зулфизар онаси билан бирга энг яқин қариндошларидан ҳам ажралиб қолганини тушунди. Ўликнинг дастурхони узун деганлари рост экан, унинг уйига кимлар келиб, кимлар кетмади. Аммо энг яқин қариндошлари бир келиб, далда бўлишмади.

Акасининг қилганларини эшитиб, қанча гапга қолган бўлса-да, сира хафа бўлгани йўқ. Хаёлига келмаган чорани топгани учун акасидан хурсанд бўлди, акс ҳолда, бир умр виждон азобида яшашга тўғри келарди.

Қариндошлар эса “Зулфизар мусулмончиликдан батамом чиқибди. Олдин бинойидай эрини қў¬йиб, ўрисга теккан эди, энди онасини бежаноза, бекафан,ёғоч қутига солиб кўммоқчи бўлди”, деб ундан буткул юз ўгиришди.

Ўзи ҳам кўп вақтлар қишлоққа бора олмай юрди, журъат топмади.

* * *

Ухлатувчи дорилар толиқтирганиданми, унинг ҳеч кўз очгиси келмасди. Ўзи уйғоқ бўлса ҳам, кўзларини юмиб ётарди. Сора секин бошига келиб, елкасига оҳистагина туртди:

– Онажон!

– Ҳа, – у зилдек қовоқларини базўр кўтарди.

Сора нимадандир тараддудланаётганини сезди. У бир зум онасига қараб турди-да, сўнг узр сўрагандай гапини айтди:

– Сиз сўраган одам келибди.

– Ким?

– Акамнинг отаси...

– Ҳа-а, кирсин бўлмаса. Йўқ, аввал бир сидра юз-қўлларимни артиб ол. Кейин...

Сора оппоқ докани намлаб, онасининг юз-қўл¬ларини артди. Оғзини чайдирди, сочларини тўғ¬рилаб қўйди.

У ташқарига чиқиб кетгач, Зулфизар ёстиғининг тагидан кичкинагина ойнасини чиқариб, яна ўзига бир назар солди: яқиндагина бўялган сочлар, пайваста қошлар, бодомқовоқ кўзлар атрофида саф тортган қуюқ киприклар ҳам вужудини ларзага солган оғриқнинг заъфарон изларини беркита олмасди. Бирдан йиғлагиси келди. Касаллик кўнглини юмшатиб ташладими, кейинги пайтларда сал нарсага хўлқаси тўлиб, кўзлари ёшланаверарди. Аммо ҳозир йиғлаши мумкин эмас! У бир амаллаб кўз ёшларини ичига ютди.

Эшикдан кирган одамни зўрға таниди. Унинг ни¬гоҳлари шу қадар сокин ва бегона эдики, беихтиёр Зулфизар ўзининг афтода аҳволидан хижолат тортди.

– Тузукмисиз? Сизга нима бўлди?

– Юрагим сағал...

– Худо шифо берсин.

Унинг на овозида, на нигоҳларида заррача ҳам¬дардлик сезилмаганидан Зулфизар яна хижолат бўлди: “Ўғлини ҳам аллақачон унутиб юборгандир. Балки мен ҳам бу ҳақда умуман сўз очмаганим маъқулдир”.

– Ботир яхшими? – анча пайтдан кейин сўради у.

– Ҳа.

– Мен яна уч ўғил кўрдим. Улар Ботирга жуда ўх¬шашади. Кўп марта уни олиб кетиб, таништирмоқчи ҳам бўлдим, лекин сиз рухсат бермайсиз, деб индамадим.

– Ботирнинг мазаси йўқ...

– Нега? Нима бўлди унга?

Унинг овозидаги хавотир Зулфизарнинг кўнглини бироз ёриштирди:.

– У... гиёҳванд бўлиб қолди.

Нодир ўрнидан туриб кетди. Дераза ёнига бориб, унга елка ўгириб ташқарига қараганча анча туриб қолди. Гарчи улар айни дамда юзма-юзма туришмаган бўлса-да, Зулфизар унинг кўзларидаги ғазаб ёлқинини аниқ-тиниқ кўргандай бўлди.

– Ҳа, мен айбдорман. Иш деб, болани кекса онамга ташлаб, бутунлай назоратсиз қолдирдим. Онам шўрлик ниманиям тушунарди. Ҳар хил баҳоналар билан уйдан чиқиб кетаверган. Онам унга ишониб ўтираверган. Гиёҳванд болалар онасининг пули кўп деб буни йўлдан уришган. Хабар топганимда ўрганиб қолган экан. Даволатдим, ялиниб-ёлвордим! Аммо ҳеч тўғри йўлга сола олмадим. Мен нажот истаб, шифохонага юборсам, у ерда бирови даволаса, иккинчиси яширинча наркотик сотар экан.

У ортига бурилиб, Зулфизарга ғазаб билан тикилди:

– Керак бўлса, ўша шифохонада бола билан бирга ётиш керак эди. Нега шундай қилмадингиз? Ахир у касал эди-ку. Мана, сиз касалсиз, ёнингизда қизингиз ётибди-ку, нега уни...

– Ҳа, ётмадим. Ётиш хаёлимга ҳам келмабди. Фақат ўзини уришдим, ялиндим. Мен айбдорман. Ҳамма айб менда. Қилган хатоларимни энг азиз нарсаларим билан-болам билан, унинг тортган азоблари билан, сувга оққан умрим билан тўладим. Энди қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Тўловга арзийдиган ҳеч вақом ҳам қолмади.

– Э-э!...

– Бу учинчи инфаркт эди. Мени уришманг, бунинг фойдаси йўқ. Умримнинг саноқли кунлари қол¬ганини билиб турибман, агар иложини топсангиз, би¬ламан,буни сиздан сўрашга сира ҳаққим йўқ, аммо уни сиздан бошқа кимга ҳам топширар эдим? Уни олиб келиб, ўзингиз қаратсангиз.

– Ҳа, ҳа! Албатта шундай бўлади, сиз буткул хотиржам бўлинг. Уни даволатиб, укаларига бош қиламан.

– Раҳмат сизга. Кейин илтимос, уни ҳеч қачон у ёқларга қайтарманг. У тузалиб кетса ҳам ўша чекишни ўргатган болалар яна йўлдан ураверади.

– Хўп, майли сиз айтганча бўла қолсин.

Нодир кетгач, яна юраги санчди. Яна укол қилишди. Уйқу аралаш вужудида симиллаб турган оғриқни ҳис этиб турса ҳам кўнгли хотиржам эди: “Худога шукур”.

* * *

Онасининг маъракалари ўтгач, эри уйга ёшгина бир қизни етаклаб келди:

– Менда ишлайди, ҳамшира. Қандайдир тоғ қиш¬лоғидан келган. Кўнгил қўйган одами ташлаб кетибди. Ҳомиладор экан, ижарадан ҳам ҳайдашибди. Бош ҳамширанинг олдида “Энди қаёққа бораман?” деб йиғлаб ўтирган экан, олиб келавердим. Уйнинг ишларига қарашади. Ўзинг айтасан-ку, одамнинг чиқити йўқ, деб. Бир хатога йўл қўйган одамни чиқитга чиқариб юбораверсак, у яна ҳам каттароқ хатоларга йўл қўяди.

Зулфизар кенг кўйлак остидан ҳам билиниб турган ҳомиласидан тортиниб,букчайибгина турган қизга қаради. Ҳуркак тоғ кийикларига ўхшаш бу қиз жуда гўзал ва болалардек маъсум эди.

– Ўқишни битиргач, қишлоғингга кетсанг бўлар эди-ку. Шаҳардан кўра қишлоққа ҳамшира кўпроқ керак. Олий маълумотли врачлардек эъзозда бўлар эдинг. – Бир ғижиниб, рус тилида эрига мурожаат қилди.- Ёшларга ҳайронман, ҳаммаси шаҳарга чопади. Шаҳарга келгандан кейин бу аҳвол!

Қизнинг ўрнига Анатолий Абрамович жавоб берди:

– Амалиётни бизда ўтаган эди. Қўл-оёғи чаққонгина экан. Қоламан десанг, қолавер, дегандим. Қўй, уни кўп қийнама.

Қиз жуда чаққон ва зийраккина эди. Ҳомиласи бўғзига тиқилаётгандай пишиллаб юрса ҳам, ҳамма ишга улгурар, ҳовли-жойни ёғ тушса ялагудек қилиб қўяр, тинмай турли хил пишириқлар, бир-биридан тансиқ овқатлар тайёрлар эди. Туққандан кейин ҳам 10-15 кунда ҳеч нарса кўрмагандай рўзғор ишларига шўнғиб кетди. Онаси бечора ҳам қўлидан келганича ғимир-ғимир қилиб бўлса-да, рўзғорига файз киритиб юрарди. Бу қиз онаси каби бедор ўтириб, ярим тунгача уни кутмаса-да, ҳамма жой озода, рўзғори бадастир эди. Зулфизар ўзининг болаларига нарса олганда, албатта, Насиба ва унинг болачасига ҳам нимадир олар, унга ўз синглисидек меҳр қўя бошлаган эди. Лекин негадир ўғли билан қизи уларни ёқтирмай қолди. Айниқса Ботир “Шу жодугарни йўқ қилинг” деб қисталанг қилаверарди доим. Бешинчи синфда ўқийдиган Сора ҳам Насибани кўрса, тўрсайиб олар, болачаси ёпишаверса, индамай туриб кетар эди. Зулфизар буни димоғдорликка йўйиб, баъзан Насибадан узр сўрар, болачани бағрига босиб,ўзи эркалаб қўярди:

– Ота-онанинг пули ва мансабига шунча такаббурликми? Э-э, Худойим-ей,бу болалар эрта бир кун бир мартабага эришиб, ўзлари беш-олти сўм пул топса, умуман ҳеч ким билан гаплашмаса керак.

Насиба эса одатдагидек ҳеч нарса демас эди.

Бир кун “сингил”нинг яна қорни дўппайиб турганини сезиб қолди.

– Бу нимаси? Буни қаердан орттирдинг?

Қиз индамади.

Унинг шу индамай туриши ҳам Зулфизарнинг асабини бузди. Иркит нарсага кўзи тушгандай жирканди:

– Бир оғиз тили-забон йўқ, аммо бу ишни қандай уддалаб келаяпсан? Наҳотки ҳеч кимга гапирмайдиган, қарамайдиган қизни ҳам кўчада тутиб олиб, шу аҳволга солиб кетаверишса? Ким у? Кимлигини айтасан менга?! Келиб,болаларига эгалик қилсин! Бўлмаса, лаш-лушингни йиғиштир-да, уйимдан йўқол!

Кечки пайт эрига заҳрини сочди:

– Анавингиз яна бола орттириб олибди.

– Йўғ-е, – кўзлари ола-кула бўлиб кетди эрининг.

– Ҳа! Илтимос, шуни уйдан йўқотинг.

– Шўрлик жуда бўш-да. Қизлар “Йигити келиб юрибди” дейишаётган эди. Яна “чув” тушибди-да. Шошмай тур, шу йигитни топтириб, ўзим бир гаплашай. Жой-пой қилиб, олиб чиқиб кетар, бўлмаса, хизматингни қилиб юрибди-да...

– Эсингиз жойидами? Мен ҳаром-ҳариш аралашган ишни ёмон кўраман, – эрининг гапини бўлди Зулфизар.

– Қанақа ҳаром, нима ҳаром?!

– Анатолий Абрамович, рус тилида тоза ва нотоза деган сўз бор. Бу сўзлар тоза ва нотоза деган тушунчадан келиб чиққан. Бизда эса тоза ва нотоза деган тушунчалардан ташқари ҳалол ва харом деган тушунчалар ҳам бор. Бу сўзларнинг сизларнинг тилингизда таржимаси йўқ. Маълумот учун, кўчадан орттирилган беникоҳ бола ҳам ҳароми ҳисобланади. Бундай ишлар қилиб юрган аёллардан жирканаман!

Эри Зулфизар билан ошиқча тортишувнинг фойдаси йўқлигини билибми, индамай қўя қолди.

Орадан бир ҳафталар ўтгач, янги гап топиб келди:

– Беш болали одам экан. Қаматиб юборишимиз мумкин, аммо у Насибани ололмайди. Насиба дугоналарига “Ўзимни ўлдирмоқчиман, боламни кимга қолдирсам экан?” деб юрган эмиш. Энди нима қиламиз?

– Ўзини ўлдирса, ўлдираверсин. Садқаисар! Мендан нари!

– Ҳар бир суиқасд учун Москвага жавоб берасан. Уйингда яшаган аёл жонига суиқасд қилса, гап-сўз кўпайиб кетмайдими? Қўй шуни, Зиночка. Юраверсин. Уйингга, болаларингга қараб ўтирибди. Агар истасанг, ишдан бўшатиб юбораман. Уйдан чиқмай ўтиради. Ортиқча гап-сўзнинг нима кераги бор? – эри жонини жабборга бериб, уни муросага чақирарди.

“Рост. Бир бола қўлида,бир бола қорнида, уй-жойсиз, кўчада қолса, бу ифлос, албатта, жонига қасд қилади. Уйида яшаган аёлнинг исёни унинг бошига қандай бало бўлиб ёғилишини тасаввур қилиш ҳеч қийин эмас”.

– Ҳаммасига сиз айбдорсиз. Қайси гўрдан шу ҳаромини етаклаб келдингиз? Нима иш қилсангиз, изида бир ишкали бўлади доим.

Бу унинг ён бериши эди.

Анатолий Абрамович уни эркалаган киши бўлиб, оҳистагина елкаларидан қучди:

– Қаердан ҳам билибман? Мен бир содда одам бўлсам, сенга яхши бўлсин, дегандим-да. Сорамиз ҳали кичкина, уй ишларига қарайдиган бир одам керак-ку, барибир. Бу қиз ҳам ҳали ёш, ғўр. Нима хато қилса, шу ғўрлиги туфайли қилган. Бутун вилоят аёллари тақдири сенинг қўлингда. Шу бечорадан ҳам мурувватингни аямай, яхши қилдинг.

– Майли, – у бир силтаниб, эрининг қўлини елкасидан тушириб ташлади, – фақат мен уйда бўлганда, кўзимга кўринмасин. Қорнини ҳам, ўзини ҳам кўрмайин.

– Хафа бўлмасанг,бир гап айтаман, Зиночка. Кўп руслар ҳам ўз она тилларида сен каби тоза гапира олмайди. Москвада таълим олиб келгансан. Бир қарашда жуда замонавий аёлсан, кийинишинг, ўзингни тутишинг... Аммо қарашларинг ҳамон эскича экан. Ривожланган мамлакатларда никоҳ, фарзанд кўриш ҳар кимнинг ўз эрки. Кимдан хоҳласа, шундан фарзанд кўраверади. Сиз ўзбеклар эса “никоҳли, никоҳсиз” деб фожиа ясайсизлар. Бошқа мамлакатларда эркин никоҳ деган тушунчалар бор.

– Э-э, кўп бошимни оғритманг.

...Эртаси куни қайтиши керак эди. Ҳамма иши битгач, тургиси келмай қолди. Кетаётганда қизи йў¬талиб турган эди, хавотирланди. Кечки 9 да учадиган самолётда ортига қайтди. Қўлида бир дунё қоғоз, топшириқлар бор эди. Бирров ишхонасига кириб, кейин уйга қайтмоқчи бўлди, аммо у ердан чиқа олмай қолди.

Уйга қайтганда, вақт ярим тундан ошган эди. Болаларини безовта қилмаслик учун эшикларни оҳистагина очиб, уйга кирди. Одатдагидек болаларига бир-бир назар ташлаб, сўнг ётоқхонасига ўтди. У ерда ҳеч ким йўқ эди: “Менинг уйда йўқлигимни била туриб, бу пайтгача қаерда юрган экан”, дея хаёлидан ўтказди.

Кийимларини алмаштириб, бир ювиниб олди. Ҳовли адоғида Насиба яшайдиган уйчаларга йўл олди: “Қаердалигини балки у билар?”, унинг эшигини қоқиб ўтирмай, деразадан борди: “ухлаб ётган бўлса, индамайман”.

Сутдек ойдин кеча, канизлари билан сайрга чиққан тўлин ой Зулфизар билан бирга деразадан ичкарига боқди. Ва!.. Кўзлари тушган манзарадан ой хижолат бўлиб булутлар ортига кириб кетди. Зулфизарнинг ойга ҳаваси келди,қани унинг ҳам кўзларини шу булутлар тўсса-ю, хиёнаткор эрини кўрмаса! Афсус! Сўнг ўша осмон бор ялтир-юлтир тошлари билан унинг бошига тўкилди.

Ойнинг оппоқ нурларига чўмилиб ётган осуда ҳовлини бир зумда қиёмат қўпди.

...– Ҳозироқ уйимдан йўқол!

Аввалига ранги қумдек оқариб, довдираб қолган аёл устига маломат тошлари отилавергач, кутилмаганда қўлларини белига қўйиб, ҳужумга ўтди:

– Ҳеч қаерга бормайман! У менинг ҳам эрим, болаларимнинг отаси. Демак, бу уйда менинг ҳам ҳаққим бор!

Бу гапни йиллар давомида бирон марта ердан бошини кўтариб, кўзига тик қарамаган тилсиз-забонсиз “қизалоқ” айтаётган эди.

Бу гап Зулфизар учун кўриб турганларидан ҳам оғирроқ зарба бўлди.

– Шу сенинг эрингми, – лаблари пирпираб кетди Зулфизарнинг. – Бўлмаса, эрингни ҳам ол-да, йўқол. Бу уй менинг уйим.

– Бу уй давлатники! – Насиба ялпайиб диванга ўтириб олди.

– Йўқол, ҳозир иккалангни ҳам ўлдираман, – Зулфизар шкафни очиб, қўлига илинган нарсани уларга қаратиб, улоқтира бошлади.

Очиқ қолган эшикдан қўрқиб кетган ўғли билан қизи кириб келмаганда Зулфизар ҳали-бери бақиришдан тўхтамасди. Унинг ёнида “ҳай-ҳай”лаб турган эри болаларга кўзи тушгач, хотинларнинг можаросига қўл силтаб, қўрқувдан кўзлари катта-катта бўлиб кетган Сорани даст кўтариб, олиб, бағрига босди. У Сорани алоҳида меҳр билан яхши кўрар, туғилганда ўнг қошининг устидаги холни кўриб, “Онамнинг ҳам шу ерида холи бор эди”, деб унга онасининг исмини қўйган эди. Қизалоқ улғайган сари отага яхудий момосини тобора кўпроқ эслатадиган бўлиб борарди. Беш-олти ёшларга киргач, ўзи танимайдиган момосининг кичкина нусхасига айланиб қолди. Отаси ишдан қайтгач, уни тиззасидан туширмас, уни исми билан эмас, ўз тилида “мам” (она) деб эркалар эди. У Сора учун ҳамиша ҳамма нарсадан воз кечишга тайёр эди:

– Бўлди, Насиба, йиғиштир лаш-лушларингни!

Насиба гап қайтармоқчи бўлиб хезланган эди.

– Бўл, деяпман сенга, – деди.

У бу гапни шунчалар қаҳрли оҳангда айтдики, шан¬ғиллаб ётган Насиба индамай юкларини йиғиштиришга тушди.

Сўнг Анатолий Абрамович Зулфизарнинг ёнига ўтди:

– Ҳозир олиб бориб ташлайман. Кейин бафуржа гап¬лашиб оламиз, ўзим сенга ҳаммасини тушунтираман. Ўзингни қўлга ол,болаларни қўрқитаяпсан, – деди ялинчоқ оҳангда.

Дир-дир қалтираб турган Зулфизар қўлидаги буюмни ерга улоқтириб, Сорани эрининг қучоғидан юлқилаб тортиб олди:

– Ўзингиз ҳам бирга йўқолинг, сиз билан гаплашадиган гапимиз қолмади.

Сўнг остонада турган ўғлини етаклаб уйига кириб кетди. Улар жуда узоқ йиғиштиринди, уларнинг шу ҳовлида ғимир-ғимир қилиб юришлари Зулфизарнинг сабр косасини тўлдириб, тобора ҳолдан тойдириб, силласини қуритиб бораётган эди. Ниҳоят дарвоза очилиб, машина ҳовлидан чиқиб кетди. Зулфизар ташқарига чиқиб, дарвозани ичкаридан маҳкамлаб қайтди.

Орадан бир соатлар ўтгач, дарвоза ортига машина келиб тўхтади. Бу вақтда аллақачон тонг ёришиб қолган эди. Келувчи дарвоза олдида анча ғимирлаб, эшикни очолмагач, улар ётган хонанинг деразасини чертди:

– Зина, дарвозани оч!

– Дадам! – ухлаёлмай ётган Сора жойидан сапчиб турди.

– Жойингга ёт, қизим. Энди у сенинг даданг эмас.

– Нега?

– Зина!.. – дераза бетоқатлик билан тақиллади. – Зина, ҳеч бўлмаса, дераза ёнига кел.

Зулфизар ўрнидан турмади.

– Мам! Дарвозангни оч.

Сора деразанинг ёнига борди:

– Дада, онам йиғлаяпти, дарвозани очмайсан, деяпти.

Қўшни келинлар чиқиб, кўчага сув сепа бошлашгач, машина изига қайтиб кетди. Олам бир пас сукунат қўйнига чўмди, аммо кўп ўтмай дераза ортидан ўтган-қайтган одамларнинг овозлари эшитила бошлади. Янги кун бошланган эди. Ҳа, шунчалик шармандачиликларга гувоҳ бўлган тун ўтди, лекин ҳайратланарлиси, ҳаёт тўхтаб қолмади, яна тонг отди, янги кун бошланди, ҳаёт давом этаверди.

Зулфизар минг йиллик хасталикдан эзилган бемордек зўр-базўр ўрнидан туриб, нонушта ҳозирлади. Болаларни турғизиб, овқатлантирди. Ўзи ҳам наридан бери овқатланган бўлиб, ишга отланди.

Шу уйга кўчиб келишганидан буён биринчи марта дарвозалари қулфлоғлик қолди. Авваллари онаси уйда қоларди, сўнг қанча пайт Насиба бўлди, хуллас, ҳовлини қулфлаб кетишга ҳеч зарурат бўлмади. Энди эса...

Зулфизар калитларнинг бирини ўғлига, бирини қизига берди. Мактабдан қайтгач, уйдан чиқмай ўтиришни қайта-қайта тайинлади, лекин ишга кўзи орқасида кетди...

Ихтиёри ўзида бўлса, бугун умуман жойидан тургудек ҳоли ҳам, хоҳиши ҳам йўқ эди. Аммо бугун бюро бор. Кеча “Кадр” кимнидир партиядан ўчириш ҳақидаги масала тайёрланаётганини айтган эди. Бормаса, бўлмайди.

Бюро ниҳоятда кескин руҳда ўтди. Ҳамиша ҳамма жойда ибрат қилиб келинган юлдузли хўжалик раҳбарини партиядан ўчириб, ишдан олиш ва қамаш масаласи кўрилди. Бу инсон ҳосилдорликни ошириш ҳисобига хўжалик аъзоларига уй-жой, ҳаммом, маданият саройи, спорт комлекси, ҳатто Бахт уйи ҳам қурган. Обрўйи райком котибиникидан кам эмас эди.

Бюрода уни порахўрликда, мавжуд гектарларни яшир¬ганликда айблашди.

– 200 гектар ерни 100 гектар деб ёзиб, ҳосил¬дорликни 70 центнерга етказдим деб, олтин юлдуз таққан қаҳрамонни кўринг! Биз бу ёқда бошқа хўжаликларни нега ҳосилдорликни 35 центнердан ошира олмайсизлар, деб қийин-қистовга соламиз, урушамиз, дўппослаймиз. Тажриба ўрганинг деб бу кишининг хўжалигида семинарлар ўтказамиз. Борганлар ҳайрон, ўзлариникидай дала, ўзлариникидай ғўза. Ҳисобот эса икки баравар кўп. Бу ёқда ҳаммом, спорт комплекси, Бахт уйи, Маданият саройи. Халқ учун шунча нарса қурди, деб юрганмиз. Ҳа, майли, Марказдагилар олдида ҳурмат қозониб, хўжаликка шунча маблағ киритиб, фалон-фалон ишларни уддалади, деб юрсак, ҳурматли Аҳмад Парпиев бу ҳаракатларнинг ҳаммасини ўз манфаати учун, яъни хўжаликдаги қариндошларини ишли, мансабли қилиш учун амалга оширган. Бир оғиз сўзи, ҳар имзоси учун катта-катта поралар олган. Одамлар бу кишининг исми-шарифини унутиб, “ота” дейдиган бўлиб қолган. Буларнинг ҳаммаси меҳнаткаш халқ назарида социалистик тузумнинг, коммунистик партиянинг обрўсини туширган. Парпиевнинг бу хил хатти-ҳаракати партияга, халққа хиёнатдан бошқа нарса эмас. Уни партия сафларидан ўчириб, ишини қонун ҳимоячиларига топшириш керак. Токи халқ хиёнаткорлар жазосиз қолмаслигини кўрсин.

Хона анча салқин бўлишига қарамай нотиқ терга тушиб кетган эди. Гапини тугатар экан, гўштдор бармоқлари билан пешонасидаги терни сидириб, биринчи котибга қаради.

“Биринчи” унга “ўтиринг” дегандай ишора қилди-да,бюро аъзоларига юзланди:

– Қани, ўртоқлар, яна кимда қандай фикр бор?

– Мол-дунёга ўчлик Парпиевнинг қонида бор. Унинг отаси ўз вақтида бу ерларга қулоқ қилиб юборилган. Партия бағрикенглик қилиб, қулоқнинг боласини кечирди, ўз сафларига олди, мансаб-лавозим берди, халқнинг тақдирини, давлат мулкини ишониб топширди. У эса бу улуғ ишончни суистеъмол қилди. Бундай муттаҳамларга орамизда ўрин йўқ, – бу одам Парпиевни энг кўп “излайдиган” обком ходими эди.

– Халқнинг хизматини қилсин деб, қизимни ҳу¬қуқшуносликка ўқитган эдим. Янги Бахт уйи қурилгач, менинг қизимга ўхшаган мутахассислар учун қурил¬ди,деб суюндим. Бу киши эса туман Бахт уйида ишлаб юрган қизини олиб келиб, мудира қилди.

...Бюрога тўпланган эллик-олтмиш одамнинг ҳар бири қўйнидаги тошни отиб қолишга ҳаракат қиларди.

“Нега? Нима учун? Кечагина шуларнинг ҳаммаси Парпиев билан бир бор саломлашишни мукофот деб билишар эди-ку. Шунча нарса қурган бўлса, сочлари оқариб кетган бу чол ўша иморатларни гўрига орқалаб кетмайди-ку!”, Зулфизар бўғзига тиқилган саволларни зўрға ичига ютиб, гоҳ сўзга чиққанларга, гоҳ узун столнинг энг охиридаги ўриндиқда ерга қараб ўтирган Парпиевга жавдираб қарарди. Ёшига хос бўлмаган чаққонлик билан ҳамиша шошиб юрадиган раиснинг юзида илгариги ўктамликдан асар ҳам қолмаган эди.

Бюро тугагач, Парпиев негадир Зулфизарнинг ол¬дига кирди. Зулфизар боя тақдири ҳал қилинаётган дам қўрқоқлик қилиб, бир оғиз ҳам ҳимоя қила олмаганидан хижолат бўлиб, ўзини йўқотиб қўйди.

Парпиев ҳам негадир хижолат эди.

– Мени кечиринг, Зинаида Абдиевна!

– Нега?

– Ўзимни ҳимоя қила олмай, юзларингизни ерга қаратдим. Лекин, – у кафтларини ёзиб, Зулфизарга кўр¬сатди. – Лекин қаранг, қўлларим топ-тоза, виждоним ҳам тоза.

– Биламан, – баттар хижолат бўлди Зулфизар.

– Раҳмат сизга!

Оқсоқол бошқа бир сўз демай хонадан чиқиб кетди.

Кечки пайт “Кадр” қўнғироқ қилди:

– Зинаида Абдиевна, Парпиевга адвокат бўлиб ёл¬ланибсиз,деб эшитдим.

– Бу гап қаердан чиқди? Хайрлашиш учун кирган экан, холос, – шошиб ўзини оқлади Зулфизар.

– Ҳайронман, нега тақдири ҳал этиладиган бўлим¬ларга эмас, сизнинг олдингизга киради?

– Билмадим, Николай Владимирович, аммо рости гап, унга жуда раҳмим келди, ахир халқ учун қанча хизмат қилган одам...

– Нималар деяпсиз, Зинаида Абдиевна? Ҳали сиз бюронинг қарорига қарши чиқаяпсизми? Бутун бюро аҳмоқ, фақат сиз ақллимисиз?

– Йўқ, мен ундай демоқчи эмасман...

– Сиз айнан шундай дедингиз ва бу нуқтаи назарингиз учун жавоб берасиз. Ўрни келганда яна бир нарсани айтай, кейинги пайтларда ҳулқ-атворингиз биз¬га ёқмаяпти. Уйингизда сақлаган хизматкорингиз сирка ичиб қўйганини эшитдингизми? Инсон бир буюм эмаски, истаган пайти жавонга қўйиб, керак бўлмай қолганда ахлатга улоқтириб юборилса!

Зулфизарнинг юраги қинидан чиқиб кетай деди:

– Унга нима бўпти? Наҳотки?.. – “ўлибдими?” деб сўрашга журъати етмади.

– Уни сақлаб қолишган, аммо “ички ишлар” жонига қасд қилган аёл сифатида рўйхатга олган. Ярим тунда аёл кишини икки бола билан кўчага ҳайдашга қандай журъат этдингиз? Яна вилоятдаги барча хотин-қизлар тақдирига масъул одам бўлсангиз?

– Николай Владимирович! Уни нега ва ким билан ҳайдаганимни биласизми?

– Билмайман, билишни ҳам истамайман.

– Эрчасининг тўрт хонали уйи бор, у ҳеч қачон кўчада қолмайди. Яна... унинг ўз жонига қасд қилганига сира ишонгим келмайди. Ахир у мени алдаб, эримни уйимдан олиб чиқиб кетди. Бошида пулдор эри, уйи, машинаси бўлса, жонига қасд қилишга қандай асос бор?

– Сизни ҳам ярим тунда яшаб турган уйингиздан ҳайдаб юборишса, ўша аёлнинг аҳволини ҳис этган бўлардингиз.

– Николай Владимирович, менга нисбатан ноҳақ¬лик қилаяпсиз, – гўшакнинг нариги томонидан алоқа узилганлигини англатувчи “бип-бип” деган овоз эшитилди.

Зулфизар кейинги кунга ўзи туғилиб ўсган хў¬жаликда ўтказиладиган партия ташкилоти ҳисобот-сайлов йи¬ғилишига вакил қилиб белгиланган эди. Бундай топ¬шириқлар умумий тартибда анча олдиндан белгилаб қўйилса-да, одат бўйига кетишдан аввал бирров “Кадр”нинг олдидан ўтилиб, қўшимча топшириқлар бор-йўқлиги сўралар эди. Зулфизар эрта билан туриб индамай қишлоққа жўнаб юборди. “Нима десин? Ўша жуҳудни қўярда қўймай унинг ҳаётига тиқиштирган эди. Энди аламидан ҳар хил баҳона топиб, эзишга ҳаракат қиляпти. Виждонсиз. Олса, ишини олсин!”

Хўжалик раҳбари-қирқ йиллардан бери хўжаликни бошқариб келаётган Омонқул раис Зулфизарни ўзгача бир меҳр билан яхши кўрар, у билан фахрланар, буни сира яширмас эди.

– Сизнинг ташрифингиз биз учун байрам,хуш келибсиз, – уни кўриб, хурсанд бўлиб кетди Омонқул раис. – Йиғилиш соат 2 га белгиланган. Унгача мактабга ўтиб келмаймизми? Баҳорга бағишланган бир тадбирлари бор экан. Кеча директор таклиф қилиб келган экан. Эртага Опа ҳам келадилар, агар хўп десалар, у кишини ҳам олиб ўтаман, деб ваъда қилгандим. Бугун Наврўз – Йилбоши. Шундай кунда эски қадрдонларни излаб, уларнинг кўнглини олиш савоб.

Зулфизар сиқилиб турган эди. Рози бўлди. Қадрдон мактабни кўриб, балки бироз кўнгли ёзилар...

Мактаб тадбирга жуда яхши тайёргарлик кўрган эди. Наврўзой тимсолида чиққан қизни ўзига ўхшатди: келишган, ўктам...

Болаларнинг Наврўз тарихидан шунча маълумотни қандай тўплаганига қойил қолди. “Ҳақиқатан ҳам жуда гўзал байрам экан бу. Нега бу кунни ҳеч байрам қилмаймиз?” хаёлидан ўтказди у.

Эртаси куни уни иккинчи котиб чақирди.

– Сиз нима қилиб юрибсиз? Сизни партия ташкилотининг ҳисобот сайлов йиғилишини ўтказишга юборсак, сиз диний байрамлар ўтказишга бош-қош бўлиб юрибсизми?

– Қандай диний байрам? У баҳорнинг келишига бағишланган қадимий байрам эди, холос.

– Баҳор биринчи мартдан бошланади. Сиз бутун иттифоқ учун белгиланган тақвимни билмайсизми? Кеча 21 март эди,қандай қилиб 21 март куни баҳор, Янги йил бошланади. Янги йил 1 январда нишонланади. Баҳор 1 март куни бошланади. Сиз ўзингизга билдирилган ишончни суиистеъмол қилдингиз. Мав¬қеингиздан фойдаланиб, совет турмуш тарзига қа¬ланғи-қасанғи одатларни тиқиштирмоқчи бўляпсиз. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Бунинг устига қўл остингиздаги раҳбар ходимлардан тилла тақинчоқлар талаб қилишингиз ҳақида маълумотлар бор.Одамлар орасида Парпиевга нисбатан адолатсизлик қилинди, деб гап тарқатиб юрган эмишсиз. Парпиев қамоқда ўтирибди. Айби бўлмаса, қамоққа олишармиди? Қа¬дамингизни билиб босинг, яна Парпиевнинг ёнига бориб қолманг! Шошилинч бюро чақиртираман. Бюрога қилмишларингиз ҳақида ўзим ахборот бераман.

Ҳаммаси кутилмаганда, жуда тез содир бўлди. Бир соатнинг ичида Зулфизар бутун фаолиятига ҳам, номига ҳам қора чизиқ тортилди. Ишдан бўшатилди, партиядан ўчирилди.

– Сиёсий жиноятчи ва порахўр сифатида уни қамоққа олишимиз шарт ва зарур эди, аммо балоғатга етмаган икки нафар фарзанди борлигини инобатга олиб...

У бирданига ҳеч ким ва ҳеч нарсасиз қолган эди. Унинг ёмон одати бор эди. Эрта бир кун керак бўлиб қолар деб, сандиққа 4-5 сўм олиб қўйишни билмас эди. Бюрода айтилганидек порахўр бўлганида...

Эссиз...

– Ҳар йили туғилган кунида тилла тақинчоқ олиб бермасам, кун йўқ эди. Ҳар хил баҳоналар топиб, сиқувга оларди.

– Неча марта шундай қимматбаҳо совға беришга мажбур бўлгансиз?

– Беш марта...

Бу айбловни маданият бошқармаси бошлиғи айтди. Зулфизар унинг кўзларига, ҳеч бўлмаса, бир мартагина қарамоқчи бўлди, аммо у сира ҳам Зулфизар томонга қарамади. Худди Зулфизар эмас, ўзи пора олгандай бошини ердан кўтармасди.

“Бечора. Мажбур қилишган”. Шу топда негадир ўзига эмас, унга раҳми келди.

Аслида Зулфизарнинг қўли пул кўриб, тўртовора давраларга кирганидан буён олган жами тилло тақинчоқлари бештагина эди: иккита зирак, учта узук. Шундан бир зирак билан узукни Анатолий Абрамович никоҳ куни совға қилган...

Бюродан кейин уч кун ўтгач, Хадича кириб келди. Дугонасининг ранги-рўйини кўриб, роса хижолат бўлди:

– Мени кечир, ҳамиша ўз ташвишларим билан югуриб юриб, ҳамма гапни энг охири бўлиб эшитаман. Бугун ишхонамиздан бир муаллима айтди...

– Ҳеч қиси йўқ, ҳаммаси жойида, – маъюсгина кулди Зулфизар.

– Ифлослар, сенинг умрингни, истеъдодингни ку鬬диришди. Шуларнинг йўриғига юрмай, илмий иш қил¬ганингда, энг зўр олима бўлар эдинг. Ҳа, уларга ҳам сенинг ақллилигинг ёқмаган аслида.

Зулфизар қўл силтади:

– Қўй,бу гапларни!..

Токчадан тилла тақинчоқларини олиб, Хадичанинг олдига қўйди:

– Манавиларни сотиб бер. Ишга жойлашиб, маош олгунча рўзғор қилиб туриш керак.

Хадича ҳайрон бўлиб, бир тақинчоқларга,бир Зулфизарга қаради. Сўнг тақинчоқларни эгаси томонга суриб қўйди:

– Буларни олиб қўй, – сумкасини ковлаб, бор пулини Зулфизарнинг олдига қўйди. – Маош олгунингча ўзим қарашиб тураман. Бизнинг мактабга юр. Олдингидай бирга ишлаймиз.

Зулфизар пастки лабларини тишлаб бош ирғади: “Хўп”.

Уч кундан бери уйи ичида шарпадек судралиб юриб, кўзларидан бир томчи ёш чиқмаган эди. Кўзларини юмди, аммо қовоқлари дувуллаб тўкилаётган шўртаъм ёшларни тўхтатиб қола олмади. Хадича унинг бошини қучоғига олди:

– Зулфизар, ҳали ҳаммаси олдинда.

– Йўқ, ҳаммаси тугади!

* * *

Сора бу сафар отаси келганини айтиб уйғотди:

– Онажон, дадам кирмоқчи. У ҳар кун келади, аҳ¬волингиз яхши бўлмагани учун киргизмаётган эдим. Хўп денг, бир мартагина кирсин, жуда ўтиниб илтимос қилаяпти.

Зулфизар бош чайқади: “Керак эмас”.

– Онажон, ҳеч бўлмаса, мен учун рози бўлинг. У менинг отам, фақат шу одамнинг ёрдами билан бу азим шаҳарда қироличалардай яшаб юрибман. У ҳамиша сизнинг олдингизда ўзини айбдор, деб билади. Қилган ишларидан минг пушаймон. Ўша ёввойи ҳамшира сиз бўла олармиди?

Зулфизар яна бош чайқади: “Барибир, керак эмас”. Сўнг юзини девор томонга ўгириб олди.

Сора унинг бошида туриб-туриб, палатадан чиқиб кетди. Зулфизарнинг юраги сиқилди. Қайсар қизининг айтганларини қилмай, отасини бошлаб келишидан ха¬вотирланди. Юрак ютиб, ота ва қизнинг олдинма кейин кириб келишини кутди. Астойдил Худога илтижо қилди: “Ё, мурувватли Оллоҳ, шу нобакорнинг юзи юзимга тушишидан ўзинг асра!” Илтижо қила туриб ўша “нобакор”ни жуда ҳам кўргиси келаётганини, бошини кўксига қўйиб ўкириб-ўкириб йиғлагиси келаётганини ҳис этди. Лекин... йўқ, керак эмас!

Анчадан сўнг палатанинг эшиги очилиб, Соранинг ўзи кирди. У айтганини қилдира олмаганидан,отасининг кўнглини топа олмаганидан хафа эди. Индамай каравоти томон ўтиб, жойига чўзилиб олди: “Бунчалар эркатой бу қиз! Нега? Гўдак ҳолида отанинг хиёнатини, аканинг саргардонликларини, онанинг таназзулини кўрди, шу кўргуликлар ичида яшади. Аммо қаердан шунчалар ўзбилармон, эрка бўлиб ўсди? Билимиям зўр-да, шу ёшида ким фан доктори бўла олади? Ўзи гўзал. Буёғи отаси унга маъбудага сиғингандай сиғинади. Шундан ҳамма айтганим бўлиши керак, деган кайфиятда юришга ўрганиб қолган”.

Хаёлан ўрнидан туриб, қизи тумтайганча чўзилиб ётган каравот ёнига борди, оҳистагина сочларини силади: “Мени қўй, жоним. Ўзингни, ўзингнинг турмушингни ўйла”.

Зулфизар неча кундан бери шу гапларни айтишга оғиз жуфтлар эди-ю, аммо ҳеч журъат топа олмасди. Лекин, билади, айтиши керак, токи эрта бир кун қизи ҳам ўзи каби умр поёнида ёлғизлик азобида қийналмасин. Неваралари ҳам отали-онали тўкис бўлиб улғайсинлар.

– Сора!

– Ҳа, она? – қизи сапчиб ўрнидан турди.

– Бу ёққа кел, анави курсини ёнимга қўйиб ўтир¬гин.

Сора ҳайрон бўлиб, онасининг ёнига ўтирди. Зулфизар унинг қўлларидан тутди:

– Қизгинам, сен жуда ақлли қизсан. Сен фақат ўзинг йўл қўйган хатолардан эмас, ўзгаларнинг, масалан, менинг хатоларимдан ҳам хулоса чиқара олишинг керак. Кечаги одамни кўрдинг, қандай камтар, ақлли инсон. Лекин жудаям бўшанг одам эди. Бировларнинг сўзи билан қўйдай бўлиб уйимга кириб келди, қўйдай бўлиб яшади. Унинг шу мўминлиги ғашимни келтирар эди. Шу қўй бир кун келиб менга қўл кўтарди. Бунга ҳам чидай олмадим. Атрофимдагиларнинг тавозелари кўзимни кўр қилиб қўйган эди. “Э, бор-е” дедим. Мен уни мансабга алмаштирдим. Такаббурлигим оқибатида ўғлимни етим қилдим. Мансабимдан ажралмай деб, кечаларимни ҳам, кундузларимни ҳам ишга бердим, ёлғиз ўғлимнинг гиёҳванд бўлишига сабабчи бўлдим. Агар отасидан ажралмаганимда, ахир оналаримиз эрлари “қўй” бўлса ҳам, “зўр” бўлса ҳам индамай яшайверишган-ку, мансабга шу қадар ёпишмаганимда, болам шунчалар овора бўлмас эди. Қандайдир сохта ғоялар қурбони бўлдим. Иккинчи марта эрим ташлаб кетганда ҳам партиядан ўчириб, ишдан ҳайдашганларидагидек эзилмаган эдим. Ҳолбуки, ўша аҳмоқ отангни жуда яхши кўрганман, ҳозир ҳам яхши кўраман.

– Онажон, бу гапларнинг нима кераги бор? Ўтган нарсалар учун ўзингизни қийнаманг. Ўзи зўрға қайтариб олдик.

– Мен яхшиман, сен хавотирланма. Менга қара, қизим, мен бир нарсани кўриб турибман, сен эрингни умуман назар-писанд қилмай қўйгансан. У эркак, унга эътибор-меҳр керак.

– Онажон, бу нима деганингиз? – Қошлари чимирилиб кетди Соранинг. – Мен аёлман, менга ҳам эътибор, меҳр керак. Рўзғорнинг ҳамма харажатлари менинг бўйнимда. Яна димоқ-фироқларини кўтаришим керак. Ўз-ўзидан ҳафталаб гаплашмай юрадими-ей, телевизор кўрган жойида ётиб қоладими-ей. Қилиқлари кўнглимни айнитади. Баъзан “кўзимдан йўқол” деб кўчага ҳайдаб солгим келади. Яна неча йиллаб дадамни соғиниб яшаганларимни эслаб, ўзимни босаман. Эртага ўғил уйлантиришим керак, қизимга совчи келади, шунда бошимда эркак бўлсин, дейман. Аммо унга нисбатан кўнглимда заррача илиқлик қолгани йўқ.

Зулфизар қўрқиб кетди. Икки қўллаб қизининг қўлларидан ушлаб олди:

– Йўқ, қизим, истасанг бу гапларимни васият ўрнида қабул эт, аммо эрингга бўлган муносабатингни ўзгартир. “Гуноҳи кабира” деган бир китобдан ўқи¬гандим, оқшом пайти эркак кишининг айби билан эру хотин хафалашиб қолса-ю, эркак тонг отгунча тескари қараб ётса, аёл унинг кўнглини олиб, ўзи томонга қаратмаса, аёл гуноҳкор ҳисобланар экан. Ҳа, айбдор эркак киши бўлса ҳам! Шундай, қизим, бизнинг давримизда Исломни бидъат, аёлларнинг ҳуқуқини камситган, деб таълим беришган. Аслида эса Исломда оилани асраб қолишда масъулият аёлнинг зиммасига юкланган, шу масъулиятни кўтаргани учун ҳам унинг оёқлари остидаги ерни жаннат деб атаган. Бир олим пастга туш, оиланг, болаларинг,ўзинг учун унинг ҳурматини ўрнига қўй, Эр-ярим пир, дейишган. Сен ҳам шундай деб ҳисобла. Агар шу эркакдан ажрашсанг, билиб қўй, гўримда тик тураман. Сенга ҳеч нарса қолдира олмайман, аммо истайманки, бебахт тақдирим ҳам мерос бўлмасин.

Сора ҳайрон бўлди:

– Бу нима деганингиз, онажон? Хўп, сизга ким ажрашаман, деяпти. Нега бундай гапларни айтаяпсиз?

– Муносабатингни ўзгартир. У, борди-ю, ажрашаман, деса ҳам, ажрашмайман, дейсан.

– Хўп. Вой-ей, қандайлар куёвингиз бор эди?

– Ана шу гапнинг кераги йўқ. Энди эрингга қўнғироқ қил, мен уни кўришим керак.

– Нега?

– Гапим бор.

– Эртага чақирарман. Бугун чарчадингиз, кеч бў¬либ қолди.

– Йўқ, уни бугун кўришим керак.

Орадан кўп ўтмай куёв келди. У бировларнинг гуноҳини ҳам ўз бўйнига олиб, шу мардлиги учун катта жазога маҳкум бўлган одамдай анча тушкун кайфиятда эди. Зулфизар Сорани палатадан чиқариб юборди.

– Ғанишер, ўғлим! Менинг вақти-соатим етиб бораяпти. Сиздан биттагина илтимосим бор, мендан кейин қизимни, невараларимни ёлғиз қолдирманг.

Куёв бўлмишнинг кўзлари катта-катта бўлиб очилиб кетди. У қайнонасидан бундай гапни сира кутмаган эди. Унинг ҳисоб-китоби бўйига бу амалдор кампир эрта-индин оёққа турса, уйда эмас, масъулиятсиз ота, хиёнаткор эр сифатида ишхонасида ҳам муҳокама бўлиши аниқ эди. Қачонки, қизининг тўшагида дуч келган манзара туфайли ҳаёт билан видолашмоқда.

– Нималар деяпсиз?

– Биламан, қизим бироз эркароқ. Балки у узоқни кўра олмаётгандир, балки бироз эътиборсизлик қилаётгандир. Лекин сиз эркаксиз, мард бўлинг. Аёлингизни, болаларингизни ташлаб кетманг.

– ... – Менга ваъда беринг.

Ғанишер анча вақт жим қолди. Сўнг чуқур “уф” тортди.

– Мен Сорани яхши кўраман. Болаларимни ҳам. Уларни ҳеч қачон хор-зор қилиб қўймайман.

– Демак, кетмайсиз.

– Ҳа...

– Яна бир илтимос, рўзғорингизга бошқа ҳаром-ҳариш нарсаларни аралаштирманг. Исмимни русчага ўгирдим. Икки эр қилдим. Лекин ҳеч қачон ҳаром ишга қўл урмадим.

– Биламан.

– Мендан рози бўлинг, ўғлим. Сора сизга омонат. Сизга бироз ташвиш бўладиган бўлдим. Мени онамнинг ёнига қўйишларингни хоҳлайман. У жойлар баҳорда жуда гўзал бўлиб кетади. Бепоён адирликка жойлашган қабристон ям-яшил ўт-ўланлар, қизғалдоқларга кўмилиб кетади. Адирнинг устида ётсангиз, бутун қишлоқ кафтдек кўриниб туради. Ўша қабристоннинг этагидан ўтган анҳорда чўмилиб катта бўлганмиз.

– Сиз хавотирланманг, -унинг овози титраб кетди. - Ҳаммаси айтганингиздай бўлади. Фақат илтимос, мени кечиринг. Мен туфайли...

– Ундай деманг. Бу тақдири азал.

* * *

Унинг ҳамма маъракалари қишлоқда ўтди. Жанозада одам кўп бўлди. Мамараимнинг ёру дўстлари, ҳамқишлоқлар, Соранинг, куёвнинг таниш-билишлари, қариндош-уруғлар... Зулфизар билан бирга ишлаган деярли ҳеч ким йўқ эди.

Еттидан кейин Сора ёлғиз ўзи қабристонга бориб, онаси билан хўшлашиб қайтмоқчи бўлди. Унга Хадича ҳамроҳ бўлди: “Сени ёлғиз юбормайман”.

Саратон кўксини куйдирган бепоён адирлик ҳувиллаб ётарди. Сора Хадичанинг елкасига бошини қўйиб, узоқ йиғлади. Хадича юрагини бўшатиб олсин деб, атай уни юпатмади. Йиғлаб-йиғлаб, сўнг гурунгга берилди.

– Хола, онам сизни жуда яхши кўрарди. Эрим онанг қишлоққа олиб боришимизни тайинлади, деганда, хафа бўлгандим. Бир марта олиб келиш ташвиши ҳеч нарса эмас, аммо ёнимизда бўлса, соғинган пайтларим шундайгина уйимдан чиқиб зиёрат қилиб қайтаверардим, дегандим. Энди қараб турсам, мени қишлоқ билан, қариндошлар билан боғлашни истаган экан. Зиёрат баҳона уларни ҳам излайди, деган. Яна... Сиқилган пайтлари ҳадеб бошимга келиб, йиғлайвермасин, ўзини қўлга олсин,қаттиқроқ бўлсин, деган. Бу жойларга илгари ҳам кўп келганман. Баҳор пайтлари жуда гўзал бўлиб кетади.

– Ҳа, онанг жуда ақлли аёл эди, – унинг сочларини силади Хадича. – У ўз даврининг қурбони бўлди. Юрт мустақилликка эришган бугунги кунларнинг одами бўлганида, бу саргардон кўчалардан умуман ўтмаган бўларди.

– Холажон, нега бизда маййитлар бошқа халқ¬лар¬никидай, чиройли кийинтириб, мустаҳкам тобутларга со¬либ кўмилмайди? Оддийгина қилиб, кафанлаб кў¬мишади?

– Билмадим, болам. Одамзод асли тупроқдан бино бўлган ва яна тупроққа айланади, дейишади. Бу жараён ёғоч тобутга нисбатан, кафанда тезроқ, осонроқ кечади. Ернинг остини ёғоч қутига тўлдиришнинг нима кераги бор? Ер муқаддас, у бизни елкасида опичлаб, кафтида ризқ тутиб катта қилади, фоний дунёдан ўтганимиздан кейин ҳам ўз бағрига олади. Ҳеч ким-на она, на фарзанд мурдани уйида уч кундан ортиқ сақлай олмайди. Ер эса индамай, беминнат, бетаъма,ҳеч қандай эътирозларсиз яхшига ҳам, ёмонга ҳам кўксидан жой бераверади. Шунинг учун ҳам одамзод ерни яхши кўради, онасига талпингандай унга талпинади, уни Она ер дейди, Она дейди.

Сора атрофга қаради. Аллақачон куйиб, қовжираб қолган бўлса ҳам ажабтовур дала гулларининг ҳидлари уфуриб турган бепоён олам кўнглига таскин берди. Улар ўтирган жойдан онаси туғилиб ўсган уй ҳовлиси кафтдек кўриниб турарди. Ана, тоғаси кекса гужум тагидаги супада қишлоқдошлар билан ўтирибди, дарвозадан яна беш-олти аёл келди, уларни жиянлари ичкарига бошлади...

Ҳатто қулоғига Қуръон тиловати ҳам эшитилгандай бўлди. Кўнгли янада хотиржам тортди.