OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг

5 / 5 (1ta baho berilgan)


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖек Лондон
Асар номиОқсоқоллар иттифоқи (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Саргузашт адабиёти
Муаллифлар
   - Жек Лондон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонСаиджалол Саидмуродов (Рус тилидан)
Ҳажм58KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2013/06/28
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


Нашр белгилари
«Ёшлик» журналининг 2012 йил 9-сонидан олинди


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Оқсоқоллар иттифоқи (ҳикоя)
Жек Лондон

Казарма биносида ҳаёт-мамот масаласи ҳал бўлаётган бир одамни суд қилишарди. Бу – Оқбалиқ дарёси соҳилларидан келган чол эди. Чолнинг кўрилаётган иши бутун Доусонни оёққа турғизди, нафақат Доусонни, балки оқим бўйлаб иккала томонга минглаб чақиримларга чўзилган Юкон ўлкасини-да жунбушга келтирди. Денгизда қароқчилар, қуруқликда талончилар айшини сураётган бир замонда англосакслар аллақачонлар итоаткор халқлар ҳаётига қонунни сингдириб бўлишганди ва бу қонун шафқациз эди. Лекин Имбернинг ишига келганда қонун илк дафъа мурувватли бўлиб кўринди. Бу қонун оддий ҳисоб-китоб нуқтаи назаридан қаралганда мутлақ жиноят билан тенглаша оладиган бунақанги жазони мўлжалламаганди. Жиноятчи олий жазога маҳкум, бунда иккиланишга ўрин йўқ асло; бироқ жазо қатл билан якунланса-да Имбер бор-йўғи ўзининг бошини кундага қўя оларди, холос; бўйнида эса кўпларнинг ҳаёти қарз бўлиб қолаётганди.

Аслида Имбернинг қўли шу қадар қонга ботгандики, унинг қурбонлари саноқсиз эди. Ўлка аҳолиси қўналғада тўхтаб ёки печка ёнида ялқовланиб, мундштук бурқситганча бу чол тушмагур нечтасининг ёстиғини қуритганини чўтга солиб чамалашарди. Бахтиқаро қурбонларнинг барчаси ҳеч бир муболағасиз оқ танлилар эди; улар якка-якка, жуфт-жуфт ва тўдалашиб ҳалок бўлишди. Қотилликлар шунчалик маъносиз ва асоссиз эдики, узоқ вақт мобайнида Қироллик отлиқ полицияси бу жумбоқнинг тагига етолмади. Ҳатто дарё бўйида олтин қазилиб, доминион ҳукумати аҳолидан ўз бойликлари учун солиқ йиғиштириб олгани губернаторни жўнатганда ҳам ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича қолди.

Бироқ энг катта жумбоқ шу бўлдики, Имбернинг ўзи Доусонга – одил суд ҳукмига бош эгиб келди. Баҳорнинг охирроғида, Юкон ўзининг муз кишанларини ечишга уриниб ҳайқириб-бўкирганда мўйсафид ҳинду муз устидаги йўлидан бурилди-да, қирғоқ тепалигидан амал-тақал ўтди ва саросима ичида шоҳкўчада тўхтади. Чолга кўзи тушганларнинг бари пайқашдики, у анчайин кучдан қолган. У гандираклаб ёғоч уюмига етиб борди-да, чўкди. Ён-веридан ўтиб кетаётган оқ танлиларнинг адоқсиз оқимига разм солганча уззукун шу ерда ўтирди. Кўпчилик унга қараш учун бот-бот ўгирилишар, ғалати афт-ангорли бу кекса сиваш баъзиларни ўйга толдирарди. Кейинчалик ўнлаб кишилар ҳиндунинг ғайриқиёфаси уларни ҳайратга солганини эслаб, кун бўйи зийракликларидан гердайиб юришди.

Шундай эса-да асл қаҳрамон Митти Диккенсен бўлди. Митти Диккенсен бу юртларда эзгу умидлар-у чўнтагида бир даста доллар билан ҳозир бўлганди, аммо чўнтакдаги ақча ила умид ҳам ҳавога учди. Штатларга қайтишга маблағ йиғиш учун у «Холбрук ва Мейсон» даллоллик идорасида ҳисобчи курсисини эгаллади. Айни «Холбрук ва Мейсон» идорасининг рўпарасида Имбер жойлашиб олган ёғочлар уюми ётарди. Диккенсен уни нонуштадан аввал деразадан кўриб қолди, нонуштадан сўнг қайтиб келиб яна деразадан мўралади: кекса сиваш ҳалигача ўша ерда ўтирарди.

Диккенсен тез-тез деразадан назар ташлаб турди; кейинроқ у ҳам зийраклигидан фахрланиб юрди. Митти Диккенсен сал хаёлпарастроқ эди, шунгами, у қўзғалмай ўтирган кекса мажусийда сиваш халқининг тимсолини, англосакс босқинчиларига боқиб турган тушуниксиз хотиржамликни кўрди.

Соатлар бир-бирини қувалашар, Имбер эса қилт этмай ўша ҳолатда ўтирарди. Диккенсен бир пайтлар шоҳкўча ўртасида чана келиб тўхтаганини, устида шундай ҳаракациз ўтирган кимсани эслади; унинг теграсида ўткинчилар уймаланишар, ҳамма уни дам оляпти, деб ўйлар, кейин эса унга қўл теккизиб кўришганда мурдага айланганлиги маълум бўлди – совуқда тарашадай қотиб қолганди. Жасадни тўғрилаш учун – йўқса тобутга сиғмасди – уни гулхан ёнига келтириб, музини туширишга мажбур бўлишганди. Диккенсеннинг бу ўйлардан эти жимирлаб кетди.

Бир оздан сўнг Диккенсен сигара чекиб, шамоллагани кўчага чиқди. Дақиқа ўтиб Эмили Тревис пайдо бўлди. Эмили Тревис латофатли, нозикниҳол ойимтилла эди, Лондон ёинки Клондайкда бўлишидан қатъи назар миллионларга эга тоғ муҳандисининг арзандасидек кийинарди. Митти Диккенсен сигарасини дераза токчасига ташлаб, шляпасини андак кўтариб қўйди.

Улар ўн дақиқача валақлашди. Бирдан Эмили Тревис Диккенсеннинг елкаси оша қараб қичқириб юборди. Диккенсен шошиб ўгирилдию, сапчиб тушди. Имбер кўчани кесиб ўтиб, қиздан кўзини узмай соядай уларнинг пешонасида турарди.
– Нима керак? – журъатланди Митти Диккенсен овози қалтираб.

Имбер нимадир деб минғиллаб, Эмили Тревисга яқинроқ келди. У қизни бошдан-оёқ синчиклаб кўздан кечирди. Айниқса қизнинг ипаксимон қўнғир сочлари ва ол ёноқлари чолда алоҳида қизиқиш уйғотди. У нигоҳини узмай қизни айланиб ўтди, гўё отнинг бўй-бастини ёки қайиқни ўрганаётгандай. Ногаҳон у ботаётган қуёшнинг нурлари қизнинг қизғиш қулоқларидан ўтиб шуълаланаётганини пайқадию, таққа тўхтади. Кейин яна унинг юзларини «текшириш»га тушди ва қизнинг мовий кўзларига узоқ тикилиб қолди. Тағин ниманидир тўнғиллаб, бир қўли билан нозикойимнинг билагидан ушлаб, иккинчиси билан тирсагини букиб кўрди. Ҳиндунинг юзида нафрат ва ҳайрат акс этди, пўнғиллаб Эмилининг қўлини қўйиб юборди. Сўнг бўғзидан қанақадир товушлар чиқариб, қизга орқа ўгирди ва Диккенсенга нимадир деди.

Диккенсен унинг сўзларини тушунмади, Эмили эса кулгудан ўзини тиёлмади. Имбер қошларини чимириб дам Диккенсенга, дам Эмилига сўз қотар, улар фақат бош силкиб қўйишарди. Энди улардан нари кетмоқчи бўлганди, қиз кимнидир чақирди:
– Ҳей, Жимми! Бу ёққа келинг!

Жимми кўчанинг нариги тарафидан яқинлаша бошлади. Бу оқ танлилар каби кийинган, бошига Элдорадо азаматларининг кенг соябонли катта шляпасини қўндириб олган дароз, бесўнақай ҳинду эди. Тутилиб-тутилиб Имбер билан гаплашди. Жимми ситхадан эди; ўлканинг ичкарисида яшайдиган қабилалар тилида фақатгина энг оддий сўзларни биларди.

– У Оқбалиқ қабиласидан, – деди у Эмили Тревисга. – Меники унинг тилини яхши билмайди. У энг катта оқ танлини кўрмоқчи.
– Губернаторни, – тўғрилади Диккенсен.

Жимми Оқбалиқ қабиласидан бўлган одам билан яна бир неча сўз алмашдию, юзи таажжуб ва ташвишли тус олди.
– Унга капитан Александер керак, деб ўйлайман, – деди Жимми. – Айтишича, у оқ танли эркакни, аёлни, болани, кўпгина-кўпгина одамни ўлдирган. Ўзи ҳам ўлишни истайди.
– Ақлдан озган, шекилли, – деди Диккенсен.
– Бу нима дегани? – сўради Жимми.

Диккенсен бош чаноғини тешмоқчидек бармоғини чаккасига тиради-да айлантирди.
– Балки, балки, – деди Жимми ҳамон оқ танлиларнинг каттасини сўраётган Имберга ўгирилиб.

Қироллик отлиқ полициясидан миршаб етиб келди (Клондайкда улар оциз юришади), у ҳам Имбернинг талабини эшитди. Миршаб кенг яғринли, девкор, оёқлари бақувват давангир эди; Имбер қанча новча бўлмасин, миршаб ундан ярим калла баланд эди. Кўзлари совуқ ва кўк, нигоҳи теран, келбатидан ҳув, ўша асрлар оша аждодлардан ўтиб келаётган ўз кучига бўлган ишонч ёғилиб турарди. Қойилмақом жасорати ёшини яшириб турарди – у ҳали ёш бола эди, силлиқ ёноқларида қизиллик қизалоқнинг юзидаги каби тезлик-ла югурарди.

Имбер эндигина миршабга разм солди. Ёш миршабнинг иягида шамшир дами қолдирган чандиқни кўриб ҳиндунинг кўзларидан ўт чақнади. Шалвираган қўлларини миршабнинг сонига олиб борди ва унинг мушакдор оёқларини пайпаслади. Бармоғи билан гавдасини чертди, кейин ўспириннинг елкаларини совут мисол қоплаб турган бақувват мушакларни ушлаб кўрди. Уларнинг атрофида аллақачон ўткинчилар тўпланишганди – олтин изловчилар, тоғ аҳолиси, янги ер эгалари – барчаси узун оёқли, кенг елкали ирқ фарзандлари. Имбер гоҳ унисига, гоҳ бунисига кўз ташлаб, Оқбалиқлар тилида нимадир деди.
– Нима деяпти? – сўради Диккенсен.
– У айтдики – бу кишиларнинг барчаси миршабга ўхшаган дароз, бир тоифадан экан, – таржима қилди Жимми.

Митти Диккенсен паст бўйли эди, шу боис Тревис хоним қошида бундай савол берганига пушаймон бўлди. Миршаб буни пайқаб, гапни бошқа ёққа бурди.
– Бунда бир гап бор, шекилли. Уни капитаннинг ҳузурига олиб бораман. Унга айт, Жимми, мен билан юрсин.

Жимми тағин кекса ҳиндуни сиқувга олди, Имбер бир нима деб тўнғиллади, лекин юзидан мамнуниятни уқиш мумкин эди.
– Ундан сўра-чи, Жимми, қўлимни ушлаганда нималарни ўйлаган экан?
– Унинг айтишича, сиз қўрқоқ эмассиз.

Бундай жавобдан Эмили Тревис ҳузурланиб кетди.
– Айтдики, сиз скукум эмассиз, шундай нозиксизки, худди мурғак боладек. У сизни қўллари билан минг бўлакка бўлиб ташлаши мумкин. Манов миршабдек азаматни дунёга келтира олишингизга лол қоляпти.

Эмили Тревис кўзларини тик қадаб туришга ўзида қатъият топа олди, аммо юзлари алвон тус олди. Митти Диккенсен эса анорга айланди, ёш миршабнинг юзи эса лолазорга.
– Ҳой, сен, қани, юр-чи, – деди бирдан миршаб оломонни елкаси билан тисариб.

Шу тариқа Имбер ўз ихтиёрига кўра барча-барчасига иқрор бўлган ҳамда кейин у ердан қайтиб чиқмаган Казармага келиб қолди.

Имбер қаттиқ толиққан кўринарди. У қартайиб қолган, умид учқунлари ўчган, бу унинг ранг-рўйидан маълум эди. У мункайиб, кўзлари нурсизланиб қолганди; сочлари оппоқ оқариши лозим эди, бироқ қуёш ва ёғин-сочин сочларини шунақанги куйдиргандики, энди улар туссиз, патакка айланганди. Атрофидаги ҳодисаларга унда зиғирча қизиқиш топилмасди. Xона олтин изловчиларга, овчиларга лиқ тўлган, уларнинг ваҳимали шовқинлари Имбернинг қулоқлари остида қирғоққа урилган денгиз тўлқинларидек шовулларди.

У дераза ёнида ўтирар, лоқайд нигоҳи дам-бадам кўз олдида намоён бўлган, юракни энтиктирадиган манзарада тўхтарди. Кўкни булутлар эгаллаган, чор атроф рутубатга чўмган. Юконда баҳорги тошқин бошланганди. Музлар эриб, шаҳарни сув босганди. Шоҳкўчадан икки тарафга ҳеч тиним билмас кишилар эшкак эшишарди. Гоҳ у, гоҳ бу қайиқ кўча томондан Казарма олдидаги сув босган ҳарбий майдонга қайрилар; яқинроққа сузиб келиб кўздан йўқолар, Имбер қайиқ ёғоч деворга урилганини сезиб турар, эшкакчилар бинога дераза ошиб кирар эдилар. Кейин эса сув шалоплатишиб юқори қаватга кўтарилишаётгани эшитиларди. Шляпаларини ечишиб сувга бўккан денгизчилар этигида хонага кириб, судни кутаётган оламонга қўшилиб кетишарди.

Ҳиндунинг муносиб жазоланишидан мамнун бўлаётган бу кишилар унга ёвқараш тикилишар экан, Имбер уларнинг удумлари, мезонлари, Қонуни, қайсики яхши замонда ҳам, ёмон замонда ҳам, тошқину очликда, кулфатни-да ўлимни писанд қилмай азал-азалдан яшаб, асрлар давомида қўлланиб келинаётган Қонун борасида ўй сурарди.

Аллаким столни тақиллатди; ғала-ғовур тиниб, зал сув қуйгандек жимиб қолди. Имбер столга муштлаган нусхага эътибор қаратди. Бу кимса ҳокимлик қудратига эгадек туюлди, бироқ Имберга бошқаси, сал нарироқда ўтирган кенг манглайли барчасининг устидан бошлиқ бўлиб кўринди. Стол ортидан яна биттаси туриб, қўлига анчагина қоғозларни олди-да баланд овозда ўқий кетди. Кейинги саҳифага ўтишдан аввал у бармоқларини тупуклаб, бир томоқ қириб оларди. Имберга унинг сўзлари бегона, аммо қолганлар тушунар, қошлари ўртасида чуқурча пайдо бўларди. Баъзан шундай дарғазаб бўлишардики, ҳатто биттаси Имберни ҳақорат сўзлар билан сийлади, аммо стол ортидаги киши столга муштлаб, тингловчининг унини ўчирди.

Ваъзхон узоқ жавради. Унинг зерикарли маърузаси остида Имберни мудроқ босар, баённома ниҳоясига етганда қария аллақачон туш кўраётганди. Кимдир уни оқбалиқликлар тилида исмини айтиб чақирганди, чол уйғониб, синглисининг ўғли – қачонлардир ўз қабиласини ташлаб, оқ танлиларга қўшилиб кетган ҳинду йигитга кўзи тушди.
– Сен, шубҳасиз, мени эслолмайсан, – деди ҳинду йигит саломни ҳам насия қилиб.
– Йўқ, эслайман, – жавоб қайтарди Имбер. – Сен Xаукансан. Кўп йиллар бурун бизни тарк этгандинг. Волиданг ҳам омонатини топширганига анча бўлди.
– У кексайиб қолганди, – ўзини оқлади Xаукан.

Имбер жавобни ҳам эшитмай пинакка кетди, бироқ Xаукан елкасидан силкиб уйғотди.
– Манави одам нималар ўқиганини сенга билдирмоқчиман. У сен қилган барча жиноятларни, қайсики, о тентак, капитан Александерга иқрор бўлганларингни ўқиб эшиттирди. Сен яхшилаб ўйлаб кўриб, шулар тўғри ёки нотўғрилигини айтишинг даркор. Сенга шундай амр этилди.

Хаукан миссионерлар орасида кун кўрар, ёзув-чизувни ўшалардан ўрганганди. Айни дамда анов ваъзхон ўқиган юпқа қоғозларни ушлаб турар – уларга Имбернинг Жимми кўмагида капитан Александер ҳузурида айтган барча сўзлри туширилганди. Xаукан ўқишни бошлади. Имбер пича тинглади, юзида таажжуб пайдо бўлди ва дарҳол жиянининг сўзини бўлди:
– Бу менинг сўзларим, Xаукан, улар сенинг лаб-ларингдан учиб чиқяпти, қулоқларинг эса сўзларимни эшитмаган.

Хаукан мағрурона илжайди, фарқи очилган сочларини силаб қўйди.
– Йўқ, о Имбер, улар қоғоздан чиқяпти. Тўғри, қулоқларим уларни эшитмади. Сўзлар қоғоздан чиқиб, кўзим орқали миямга етиб боради, сўнгра лабларим уларни сенга етказади. Мана, улар қаердан чиқади.
– Шунақа дегин. Демак, улар қоғозда? – шивирларди Имбер ва қоғозни эгаллаган белгиларга ҳадиксираб кўз ташлаб, ушлаб кўрди. – Бу ғаройиб жоду. Сен, Xаукан, чинакам афсунгар экансан.
– Қўйсанг-чи, – деди йигит калондимоғлигини яширолмай.

Хаукан таваккалига бир варақни танлаб олди-да, ўқий бошлади:
– "Ўша йили, муз кўчишидан илгари, бола етаклаб олга бир оқсоч чол пайдо бўлди. Уларни ҳам ўлдирдим, ўшанда чол жони борича ўкирганди…"
– Бу бўлган гап, – деди Имбер ҳаяжонланиб. –У узоқ қичқирди, қаршилик кўрсатди, ўлишни истамаганди. Бироқ сен буларни қаердан биласан? Сенга оқ танлилар бошлиғи айтган, чоғи? Уларни ўлдирганимни ҳеч зоғ кўрмаганди, буни фақат оқ танли бошлиққа айтгандим.

Хаукан ранжигансимон бош чайқади.
– Буларнинг бари қоғозга ёзилган деб айтяпман-ку сенга, тентак.

Имбер сиёҳли белгилар тўла қоғозга синчиклаб боқди.
– Овчи ерга ястанган қорга қарайди-да айтади: мана бу ердан тунов куни қуён югуриб ўтган, анави ерда, буталар орасида, қулоғини динг қилган, кейин эса нимадандир ҳуркиб расмини чизган; манави жойдан ортга қайрилиб, ирғишлаб-ирғишлаб қочиб қолган, ҳув, ана у ерда силовсин қуённи доғда қолдирган; шу ерда, оёқлари чуқур ботган ерда, силовсин узун-узун сакраб шалпангқулоқни қувиб етган; қолганига фақат силовсиннинг излари кетган. Овчининг ўткир кўзлари қордаги изга тушиши биланоқ нима бўлганини айтиб бера олади, сен ҳам қоғозга қараб у ерда унақа, бу ерда бунақа бўлган ва барчасини қария Имбер қилган, деяпсан.
– Ҳа, шундай, – жавоб қилди Xаукан, – энди эса рухсат беришмагунча тилингни тийиб, жимгина қулоқ сол.

Хаукан Имбернинг кўрсатмаларини узоқ ўқиди, чол бўлса ўйга толганча, мум тишлаб ўтирди. Қабиладошининг уни ўчгач, Имбер шундай деди:
– Буларнинг бари менинг сўзларим. Булар – ҳақиқат, Xаукан. Лекин мен анчайин қартайиб қолдим. Шундай эса-да анов бошлиқ билиши даркор бўлган ҳамда аллақачонлар унутилган ишларни ёдга олаяпман. Эшит. Бир сафар Музтоғ ортидан кимса келдики, қўлларида маккор темир қопқонлар бор эди; у Оқбалиқ дарёси бўйларида қундуз овларди. Уни ўлдирдим. Кейин дарёдан олтин излаб уч киши пайдо бўлди. Уларни ҳам гумдон қилдим. Файв Фингерда ҳам одам ўлдирдим – у солда сузиб юрар, анчагина гўшт ғамлаганди.

Имбер хотирасини кавлаштириб жим қолганда Xаукан унинг сўзларини таржима қилиб турар, клерк уларни ёзиб оларди. Оломон Имбернинг чўпчаги токи малласоч ғилай киши узоқдан туриб камон билан маҳв этиладиган жойига етиб келмагунча хаёлларида майда кўнгилсизлик бўлиб туюлган бу "оддийгина" ҳикояга бепарво бўлишди.
– Жин урсин, – олдинги қатордаги тингловчилардан бири ўзини тутиб туролмади. Унинг нидосида кулфату нафрат баравар янгради. – Жин урсин, – такрорлади, – ахир бу менинг жигарим Билл-ку!

Аҳён-аҳён залда серзарда "жин урсин" янграб турди – на ҳай-ҳайлашлар, на огоҳлантиришлар малласочни тинчлантира олди.

Имбер тағин бошини хам қилди, кўзлари теварак-жавонибни илғамасди. Ёлғизгина кексалик ёшлик, жўшқинликнинг ҳадсиз бесамарлиги борасида мулоҳаза юрита олганидек чол ҳам ўй-хаёллари саҳросини кезарди.

Хаукан судланувчини яна туртди.
– Тургил, о Имбер. Сенга мазкур жиноятларга қўл урганинг ҳамда бу ёқларга Қонун излаб келишинг боисини тушунтириб бериш буюрилди.

Имбер аранг оёққа турди, мадорсизликдан оёқлари қалтирарди. Йўғон ва бироз титраган овозда гап бошлади, бироқ Xаукан уни тўхтатиб қўйди.
– Бу чол ақлдан озибди, – мурожаат қилди йигит инглизчалаб кенгпешонага. – Ёш боладай валдирамоқда.
– Биз унинг валдирашларини эшитмоқчимиз, – деди кенгпешона. – Биз уни сўзма-сўз охиригача эшитмоқчимиз. Тушунарлими?

Имбер қаҳрли қараш қилди – жияни оқ танли билан нималарни гаплашганини фаҳмлаганди. У яна тазаррусини – қайсики келгуси авлод учун бронзавий зарварақлардан жой олишга лойиқ бўлган қора танли фидойининг ғайриоддий ҳикоясини бошлади. Оломон жодулангандай тош қотди, кенгпешонали судя эса бошини қўлига тираб гўё ҳиндунинг кўнглини эшитарди. Сукунат аро тилмоч кескин бўлиб турган Имбернинг нидоси кезар, вақти-вақти билан малласочнинг "жин урсин"и ибодатхона қўнғироғидай янграрди.
– Мен ким – Имбер, Оқбалиқ қабиласиданман, – чолнинг сўзларини Xаукан бегона тилга ўгирарди; Имбернинг нутқидаги таниш маром ҳамда қироат қулоғига чалиниши заҳоти миссионерлик тарбияси-ла суғорилган тараққиёт аломатлари тўзғиб кетди ва унда одамёввойи уйғонди. – Отам Оцбаок баҳодир жангчи эди. Ҳали гўдаклигимда қуёш нурларини аямас, юрак-ларимизда шодлик кезарди. Одамлар номаълумлик-лар томон чопишмас, бегона овозлар қулоққа чалинмас, аждодлар удуми бизнинг удумимиз эди. Йигитлар қизлардан кўз узишмас, моҳпоралар-да кўзларни қувонтирарди. Аёлларимизнинг этаги тўла бола-бақра эди. Қабиламиз кўпаяр, эркакларимиз ҳам ўша замонлар асл азаматлар эди. Улар уруш ва тинчликда ҳам, очлик ва тўқликда ҳам эр киши эдилар.

У замонлар балиқлар ва паррандалар мўл эди. Итларимиз бўри зотли, юнглари қалин, на қаҳратондан, на бўрондан ҳайиқишарди. Аёзу довуллар юракларимизга қўрқув сололмасди. Пелли қабиласи ерларимизга оёқ қўйишлари замон ўртада қонли олишув кетарди. Негаки, биз асл эркаклар эдик, Оқбалиқ қабиласининг қўрғонлари; ота боболаримиз пеллилар билан курашиб келишди, тупроғимиз сарҳадларини ҳимоя қилишди. Биз уларнинг ишини давом эттирардик.

Кунлардан бир куни диёримизга биринчи оқ танли ташриф буюрди. У қорда эмаклаб келарди – мана бундай қилиб. Эти устихонига ёпишиб қолган, бунақасини сира кўрмагандик. Қаердан, қайси қабиладан келди экан, дея ҳайрон бўлардик. У норасидадек нимжон эди. Биз меҳмонни гулхан ёнига ўтқиздик. Пўстинга ўраб, ош-нон бердик.

Келгинди ўзи билан бизнинг итларимизга учта келадиган итни эргаштириб олганди. Жонивор ҳам эгаси каби кучдан қолган, юнглари калта, думи музлаб қолганди. Бу ғалати жондорни ҳам қорнини тўйғиздик. Гулхан атрофидан жой бериб, итларимизни нари ҳайдадик, йўқса бегона итни тилка-пора қилишлари турган гап эди.

Буғу ва балиқ гўштини еб, келгинди ва ити анча кучга кирди. Жир битиб, келгиндининг овози кўтарилди. Қария ва йигитларимиз устидан кулиб, қизларимизга кўз олайтира бошлади. Ити эса бизникилар билан олишар, юнглари юмшоқ ва калта бўлса-да, бир марта учта итимизни ғажиб ташлади.

Бу одамдан қайси қабиладансан, деб сўраганимизда у: "Менинг оға-иниларим бисёр", – деди-да, совуқ илжайиб қўйди. Ниҳоят кучга тўлгач, ўз юртига равона бўлди. У билан Нода, сардоримизнинг қизи ҳам кетди. Тез орада бир урғочи итимиз болалади. Бирор маротаба бундай кучукбаччаларни кўрмагандик – хумбош, бақувват жағли, калта юнгли, бунинг устига ожизу ночор. Отам бу нотавон кучук болаларини кўриб фиғони фалакка етгани ҳамон ёдимда. Отам қўлига тош олиб кучукбаччаларни мажақлаб ташлади. Икки йилдан сўнг Нода ҳам қўлида ёш боласи билан қайтиб келди.

Ҳаммаси шундан бошланди. Кейинроқ калта юнгли ит билан иккинчи оқ танли келди. У ҳам бизнинг диёримизда узоқ турмади. Аммо итини қолдирди. Устига-устак энг зўр олтита итимизни ўзи билан олиб кетди. Уларни Ку-Со-Ти – онамнинг укасидан ажобтовур тўппончага алиштириб олганди – олти марта кетма-кет ўқ узадиган тўппонча. Ку-Со-Ти янги қуроли билан гердаяр, ўқ-ёйларимизни хотинлар овунчоғи дерди. Ку-Со-Ти қўлида тўппонча билан айиқ овига отланди. Эндиликда тўппонча билан айиқ овлаш аҳмоқлик эканини ҳамма билади, лекин ўшанда биз буни қаёқдан билардик? Ку-Со-Ти қаёқдан билсин эди? У айиқ қошига шаҳд-ла борди-да, тўппончасидан олти марта ўқ узди. Йиртқич бўлса бўкириб Ку-Со-Тини тухум пўчоғидай эзғилаб ташлади, асалари инидан оққан асалдай Ку-Со-Тининг мияси оқиб тушди. У моҳир овчи эди, энди унинг оиласини қорамоғига оладиган қўрғон йўқ. Биз барчамиз чуқур қайғуга ботиб: "Нимаики оқ танлилар учун яхши бўлса, бизни ҳалокатга етак-лайди", – деган хулосага келдик. Чинданам шундай. Оқ танлилар туфайли қавмимиз камайиб кетди, улар сабабли чўпдай озидик.

Кутилганидек учинчи оқ танли ҳам пайдо бўлди. У турли егуликлар ва ажиб моллар эвазига йигирмата зотдор итларимизни эргаштириб кетди. Ортидан совғалар ва ваъдаларга учиб ўн нафар овчи йигитларимиз ҳам йўлга тушишди. Аммо қаёққа – биров билмайди. Айтишларича, улар Музтоғда қор остида қолишган ёки курранинг бир чети – одам қадами етмаган Сукунат Тепаликларида ажалга йўлиққанмиш. Нима бўлган тақдирда ҳам оқбалиқликлар итлар ва овчи йигитларни қайтиб кўришмади. Оқ танлиларнинг қадами еримиздан узилмас, совға-саломларини унутишмас, ёш йигитларимизни олиб кетишни ҳам канда қилишмасди. Баъзан йигитларимиз қайтиб келишар ва биз Пелли қабиласининг ери ортидаги қийинчиликлар ҳамда хавф-хатар ҳақида жон қулоғимиз билан эшитардик, баъзан йигитларимиз ортга қайтишмасди. Шунда: "Модомики, оқ танлиларга қўрқув бегона экан, бу уларнинг кўплигидан. Бизлар оқбалиқ қавми озчиликмиз. Шундай экан, ёшларимиз ортиқ бизни тарк этишмасин", дея қарор қилдик. Лекин йигиту қизларимизни ушлаб туролмадик.

Тўғри, биз ун ва тузланган чўчқа гўштини тановвул қилардик, чойхўрликни хуш кўрардик; лек агар бу тансиқ егуликлар етмай қолса, томошани кўраверинг – жаҳлимиз чиқиб, ақлимизни йўқотардик. Келгиндилар олди-берди қилиш учун олиб келадиган матоҳларни қўмсай бошлардик. Савдо! Савдо! Биз биргина савдо-сотиқни ўйлардик. Бир йили қишда ғамлаб қўйган бари илвасинларимизни яроқсиз соат, ўтмас арра ва занглаган тўппончага алмаштириб юбордик. Шундан сўнг очлик таъзиримизни берди, қирқтача ёр-биродарларимиз баҳорга етмай узилди.

"Ана энди кучсизланиб қолдик. Пелли қабиласи ерларимизни тортиб олади", деб таҳликага тушдик. Бироқ офат биргина бизда эмаскан – пеллилар ҳам дармонсизланган, биз билан жангга киролмасдилар. Отам Оцбаок у вақтлар хийла кексайиб қолган бўлса-да, донолигини йўқотмаганди. Ўшанда отам раҳнамомизга шундай деди: "Кўриб турибсан, итларимиз ҳеч нарсага ярамай қолди. Қалин юнгларидан асар қолмади, ўз вазифаларини адо этиб бўлишди, чана ҳам тортолмайдилар. Яхшиси, уларни сўямиз, фақат бўри зотли урғочиларни ўрмонга қўйиб юборамиз. Балки шунда қалин юнгли, бақувват итларимиз авлоди яна давом етар ".

Тез орада отамнинг башорати тўғри бўлиб чиқди. Оқбалиқ қабиласи курранинг енг зўр итлари билан донг таратди. Итлари билан – одамлари билан эмас. Йигит-қизларимиз оқ танлилар ортидан номаълум сўқмоқлару дарёлар ортига ғойиб бўлишарди. Қизларимиз ортга қайтишни минбаъд хаёлларига келтиришмас, қайтганлари ҳам Нода сингари дардманд, қаримсиқ бўларди. Яқинлари даврасига қайтган йигитларимиз эса хонадонларига сиғмасдилар. Саёҳатлари давомида қўрслик ва бадфеълликдан ўзгасини ўрганишмаган, иблис сувига қул бўлишган, куну тун қартадан бош кўтаришмасди; илк учраган келгинди чақириғи билан яна бегона ўлкаларга ошиқардилар. Катталарга ҳурматни унутишган, кишини менсишмас, кўҳна урф-одатларимизни мазах қилишар, сардоримиз ва шомонимиз устидан кулишарди.

Оқбалиқ қабиласи тобора кучини йўқотар, заифлашиб борарди. Тамаки, виски, юпун кийим-кечак ўрнига мўйна ва пўстинларимизни жон-жон деб тутқазардик. Йўтал бизга ҳужум бошлаган, эркагу аёллар бирдай касалманд, кечаси сурункасига йўталиб чиқишар, овчиларимиз ўрмонга чиқибоқ қорга қон тупуришарди. Гоҳ унимиз, гоҳ бунимизнинг бўғзимиздан қон келар, оқибат кўпчилик жон таслим қиларди. Туғилиш кескин камайган, дунёга келган чақалоқлар ҳам дардчил эди. Келгиндилар биз ҳали дуч келмаган бошқа тушунарсиз хасталикларни олиб келдилар. Кейинчалик билишимча, бу касалликлар чечак ва қизамиқ деб аталаркан – биз касалликлар "шарофати" билан кузда увилдириғини ташлагандан сўнг яшашининг ҳожати қолмаган балиқ каби ҳалок бўлардик.

Энг ачинарлиси, оқ танлилар ўлим лашкарини бошлаб келишарди, барча удумлари ажал ёқасига етакларди, нафаслари ўлим оловини пуркар, ўзларини эса жин ҳам урмасди. Уларда виски, тамаки, калта юнгли итлар билан бирга чечак, қизамиқ, йўтал ҳам бор; улар оқ танли ва улар қаҳратон, бўрондан зир титрашади; қуроллари ҳам аҳмоқона: пайдар-пай олти марта ўқ узадими-ей. Бутун бошли касалликларига қарамай улар эт олиб, кучаяверишади, қўллари ҳамма ёққа етади, барчани эзғилаб-топтайдилар. Аёллари эса сумбатидан нозикниҳол кўринса-да, аслида саботлидирлар – алпкелбат эркакларни дунёга келтиришарди. Демак, нозиктабиатлилик, касаллик, заифлик куч-қудрат ва ҳукмронлик қобиғига ўралар экан. Оқ танлилар ё илоҳ, ё иблис – бунисини билмайман. Оқбалиқ қабиласидан бўлган мен, Имбердек чол, ниманиям билардим? Фақат бир нарсани биламанки, бу жаҳонгашта оқ танлиларни тушуниб бўлмайди.

Юқорида айтганимдек, ўрмонда қушлар овози тиниб қолди. Тан олиш керак – келгандилар қуроли узоқдагини уриб туширади, бироқ отишга ҳеч вақо бўлмаса, қуролдан не наф? Болалигимда буғулар ҳар тепаликда учрар, саноғи-да ҳисобсиз эди. Энди эса ўн кунлаб тепалик ошсанг ҳам бирорта буғуни учратмайсан.

Шундай қилиб, мен, Имбер Оқбалиқ қабиласининг таназзулини, Пелли қабиласининг ҳалокатини, умуман ўлканинг барча қавм-қабиласини тугаб битаётганини кўриб, узоқ ўй-хаёлот дунёсида кездим. Шомон ва доно кексаларимиз билан мусоҳаба қилдим. Одамлар шовқин-сурони ўйлашимга ҳалал бермасин учун ўрмон ичкарисига кириб кетдим, меъдамга оғирлик қилмаслиги ва кўз-қулоғимни заифлаштирмаслиги учун гўштдан воз кечдим. Уйқуни унутиб, ўрмонда узоқ вақт ўтирдим, кўзларим ишора кутар, қулоқларим барчасини бартараф қилишга имкон берувчи сўзни илиб олишга шай эди. Тунлари шамол нола қилаётган, ёмғир кўз ёш тўкаётган бир пайтда дарё ёқасига ёлғиз чиқдим. Аллақачонлар рихлатга равона бўлган доно кексалар ва шомонлар шарпасини учратиб, улардан маслаҳат олиш ниятида эдим.

Алалоқибат шарпалар кўринди – калта юнгли жирканч итлар – ва нима қилмоқ кераклигини дарҳол англадим. Овулга қайтиб жангчиларимизга шундай дедим: "Оқ танлилар – жуда улкан қабиладирлар. Ўз ерларида емак қолмагач, бизнинг заминимизга кўз олайтиришмоқда. Улар туфайли заифлашиб, ҳалок бўлмоқдамиз. Улар еб-тўймас юқодирлар. Агарки, биз тирик қолмоқчи эканмиз, итларига қандай чора қўллаган бўлсак, ўзларига ҳам шуни қўллашимиз даркор".

Мен курашишни таклиф қилдим. Оқбалиқликлар менга қулоқ беришди, бироқ бирортаси мард бўлиб ўртага чиқмади. Йигитларимиз юраксизлик қилишди, лекин лом-мим демай ўтирган чолларнинг кўзида учқунни пайқадим. Кечқурун, овул уйқуга кетгач, яширинча қарияларни ўрмонга чақирдим. Узоқ фикр алмашиб, бир тўхтамга келдик. Заминимиз эркин нафас олган ёшлик онларимизни, шод ва фаровон кунларимизни ёдга олдик. Бир-биримизни оға-ини деб атадик, сир-розимизни фош этмасликка ҳамда тупроғимизни ёвуз келгиндилардан тозалашга қасамёд этдик. Энди равшанки, булар ахмоқликдан бошқаси эмасди, аммо ўша дамлар бизлар, Оқбалиқ қабиласининг қариялари буни қаёқданам билардик?

Уларга намуна бўлиш ва руҳлантириш учун биринчи бўлиб ўзим қотилликка қўл урдим. Юкон қирғоғига писиб беркиндим-да, оқ танлилар каноесини кутиб турдим. Қайиқда икки киши ўтирарди. Ўрнимдан туриб қўлимни кўтардим. Улар қирғоқ томон сузишди. Қайиқ бурнида ўтирган киши нима гаплигини билиш учун бошини кўтаргани замон қўлимдаги пайкон учиб бориб ҳалигининг бўғзига қадалди. Иккинчиси, қайиқ қуйруғидагиси, қуролини олишга ҳам улгурмади – найзамни гарданига санчиб қўйдим.

"Бу бошланиши, – дедим қасоскор биродарларимга. – Биз ҳали барча қабилаларнинг барча қарияларини, кейинроқ юрагида ўти бўлган йигитларини ҳам бирлаштирамиз. Ана унда ишимиз жадаллашиб кетади".

Кейин ҳалиги икки мурдани дарёга ташладик. Каноени эса – каное энг яхши қайиқлардан эди – ичидаги буюмлари билан ёқиб юбордик. Лекин аввал буюмларни кўздан кечирдик. Тери халталарини пичоқ билан йиртиб кўрганимизда ичи тўла сенинг ўқиганларингга ўхшаган, о Xаукан, белгилар билан қопланган қоғозлар эди; чандон уринсак-да, белгиларни тушунмадик. Энди эса ақлим кириб, уларни тушуна оламан: бу, сен айтгандек – бани башарнинг сўзлари…

Хаукан каноедаги икки оқ танлининг ўлимини аранг таржима қилиб улгурдики, залда ғўнғир-ғўнғир бошланди.
– Бу тўқсон биринчи йили ғойиб бўлган почта-ку! – кимнингдир овози янгради. – Уни Питер Жеймс ва Дилени олиб кетишаётганди. Икковини сўнгги марта Ла-Барж кўлида Меттюз кўрганди.

Клерк барчасини шоша-пиша ёзаркан, Шимол тарихига янги боб қўшиларди.
– Бу ёғи оз қолди, – сўзини давом эттирди Имбер. – Нимаики каромат кўрсатган бўлсак, барчаси қоғозга туширилган. Биз қариялар ўша пайтда нима қилаётганимизни билмасдик. Биз фақат ўлдирардик; биз устомонларча ўлдирардик. Негаки яшаб ўтган йилларимиз ўз ишимизни шошмасдан битиришга ўргатган эди. Бир куни оқ танлилар ҳузуримизда пайдо бўлишди. Улар бизга ғазаб-ла тикилиб, ҳақоратли сўзлар ёғдиришди. Олтита ўспиринимизни қўлига кишан солиб, олиб кетишди. Ўшанда тушуниб етдикки, биз янада маккорона ва кўпроқ ўлдиришимиз керак. Биз дарё бўйлаб юқори ва қуйига, бегона ўлкаларга тарқалдик. Бундай таваккалчилик учун отнинг калласидек юрак бўлиши талаб қилинарди. Қариб-қартайиб қўрқувни юракларимиздан ўчириб ташлаган бўлсак-да, узоқ ва бегона юртлар олдида ҳадиксирашимиз табиий эди.

Шу тарзда жиноятларимизни амалга оширардик – шошмасдан, айёрона. Биз Чилкутда ҳам, Делтада ҳам, довонда ҳам, қирғоқларда ҳам – қаерда бўлмасин, оқ танлининг манзилгоҳи учраса ёхуд сўзмоқ солган бўлса, бир одамнинг ҳаётига зомин бўлардик. Ҳа, оқ танлилар қириларди, лекин бундан нима наф кўрдик? Улар тоғ ортидан тушиб келишар, кун сайин кўпайиб боришарди, биз чолларнинг эса, аксинча, сафимиз камайиб борарди. Ёдимда, Буғу Довонида бир оқ танли қўналға қуриб жойлашди. У паканагина эди. Уйқудалигида уч нафар қотил-чоллар ҳужум қилди. Эртаси куни уч қариянинг жасадига дуч келдим. Оқ танли эса ҳали ҳам нафас олар, ўлими олдидан, ҳатто мени лаънатлашга ҳам иродаси етганди.

Бор гап шу. Бугун бир оқсоқолнинг умри поёнига етади, эртага бошқасининг. Баъзан талай вақт ўтиб ўзимизникиларнинг вафоти ҳақида эшитиб қолардик. Ўзга қабила чоллари қуёнюрак эдилар, бизга мадад беришни ўзларига эп кўришмади. Шундай қилиб, қариялар бирин-кетин тўкила бошладик – биргина мен қолдим. Мен ким, Имбер, Оқбалиқ қабиласиданман. Отам Оцбаок баҳодир жангчи эди. Оқбалиқ қабиласи тугаб битди. Мен ушбу қабиланинг сўнгги вакилиман. Эркак ва аёллар ўз масканларини тарк этишди – кимдир Пелли қабиласига, кимдир Лосос қабиласига, аксарияти оқ танлилар юртига гумдон бўлишди. Мен анчайин қариб қолдим, жуда ҳам чарчадим. Қонунга қарши беҳуда куч сарфладим. Сен ҳақсан, Xаукан – мен бу ерларга Қонун излаб келдим.
– Сен чинакамига тентаксан, о Имбер, – якун ясагандай деди Xаукан.

Бироқ Имбер хаёлот оламига шўнғиб, қулоқлари том битганди. Кенг манглайли судя ҳам чуқур ўйга толганди: кўз ўнгидан совут кийган, қонун ўрнатувчи ҳамда бошқа халқлар тақдирини белгиловчи бутун бошли элати савлат тўкиб ўтди. Бу судя жаноблари ўз элатининг қоронғу ўрмонлар ва сокин денгиз сайҳонликлари узра арғувон шуълалар ила бош кўтарган ўтмишининг субҳини кўз олдига келтирди. У тантанавор равишда ёғду сочаётган кундуз билан алмашиб, тепаликлар оша қонга тўйинган қум мисол соя ташлаб, тун ортига югургилаётган шафақни кўрди… Ва шуларнинг барчаси ортида адолат тарозиси, қайсики Унинг номи ила иш кўрадиган ёхуд Унинг залвори остида жон таслим этувчи ҳақир инсон зотидан-да қудратлироқ, қайсики юраги шафқат тилаётган ҳакамнинг ўзидан-да кучлироқ, мутлақ ва ёвуз Қонун қад кўтарди.