OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖек Лондон
Асар номиТун фарзанди (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Саргузашт адабиёти
Муаллифлар
   - Жек Лондон
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонСаиджалол Саидмуродов (Рус тилидан)
Ҳажм53KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2014/03/27
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Тун фарзанди (ҳикоя)
Жек Лондон

Атрофни қоронғулик чулғаган бўлса-да, ҳаво дим эди. Бунақаси ҳатто Сан-Франсискода ҳам камдан-кам бўлади. Эски Алта-Ино клубининг очиқ деразасидан кўчанинг ғовур-ғувури шундоққина қулоққа чалинади. Ичкарида порахўрликка қарши курашиш ва агар унга барҳам берилмаса, шаҳар жиноятчиларга тўлиши тўғрисида баҳс кетарди. Башариятнинг тубанликлари, хусуматлари, ахлоқий бузуқликларига ҳар турли мисоллар келтирилди. Охирида кимдир ўтган кунги воқеани ёдга олди ва ўша машъум куннинг тунида рингда ўлдирилган машҳур навқирон боксчи ЎБраен номини ҳеч ким тилдан қўймади. Бу исм ичкаридагиларни жонлантириб юборди. ЎБраен тўғрисўз, хушхулқ йигит эди. Ичмас, чекмас, сўкинмас ва ёш маъбудлар сингари кўркам эди. Ҳатто рингга ҳам ибодат китобчаси билан кўтариларди. Китобча кийимхонадан, палтосининг чўнтагидан чиқди… вафотидан сўнг.

У беғубор ва хушсурат, қайсики, одамни тарк этиб, ўрнида туйқус кексалик пайдо бўлганда уни беихтиёр ўзига ром этадиган ёшликнинг тимсоли эди. Бу кеча биз ушбу умрнинг баҳорига интилдикки, Орзу кела солиб, барчамизни дераза ортида ғазаб-ла шовқин солаётган шаҳардан олислардаги ўзининг салтанатига олиб кетди. Бардуел бизга ўқиб бермоқчи бўлган Торонинг мисраларида бундай кайфиятнинг еллари бирмунча эсиб турарди. Лекин айнан у эмас, тақирбош, хўппасемиз Трифден кечамизнинг хаёлий қаҳрамони сифатида намоён бўлди. Аввалига унинг ҳикоясини эшитиб ўзимиздан, овқатдан сўнг неча стакан вискининг бошига етди экан, деб сўрадик, бироқ кейин бу ҳақида ўйламай ҳам қўйдик.
— Бу воқеа минг саккиз юз тўқсон саккизинчи йилда бўлганди, ўшанда ўттиз бешда эдим, — сўз бошлади Трифден. — Билиб турибман, хаёлларингизда чамалаб кўряпсизлар… нимаям дердим, ҳақиқатдан юз ўгиролмайсан — ҳозир қирқдан ўтдим, афти-ангоримга қараб эса ўн йил кўпроқ бериш мумкин. Шифокорлар ҳам айтишяптики… жин урсин, бу оқ халатлиларни!

У таги чуқурроқ стаканни оғзига олиб келиб, ҳовурини босиш учун аста симирди.
— Аммо мен ёш эдим… қачонлардир. Ҳа, ўн икки йил аввал сочларим сийқа эмас, қуюқ, ўзим эса бақувват, келишган, хипча эдим. Энг узун кун ҳам мен учун ғоят қисқа туюларди. Сен эслайсанку, Милнер, биз сен билан анчадан бери ош-қатиқмиз. Ўзинг айт, зап азамат эмасмидим?

Милнер бош силкиди. У Трифден каби тоғ муҳандиси бўлиб, Клондайкда ризқини териб юрарди.
— Сен ҳақсан, қария, — деди Милнер. — Ўша оқшом қандайдир мухбир танноз тўполон кўтарганида ўрмон кесувчиларни боплаб таъзирини берганинг сира ёдимдан кўтарилмайди. У пайтда Слевин сафарда эди, — батафсилроқ тушунтирди бизга Милнер, — унинг иш бошқарувчиси ўзининг гумашталарини Трифденга рўбарў қилганди.
— Энди эса аҳволимга қаранглар, — деди аламнок Трифден. — Олтин васвасаси мени не кўйларга солди. Чўнтагимда неча миллионлар борлиги ёлғиз Яратганга аён, қалбим эса бўм-бўш, томирларимда бир томчи-да қайноқ қон оқмайди. Энди мен нақ медузаман — бир тоғора совуқ илвираган хамир… Вуй-й!

Унинг овози қалтираб кетди ва яна тасалли учун вискига талпинди.
— У вақтлар аёллар мендан кўз узишмасди. Ҳозиргача оила қурмаганим ғалати кўринади… Ҳаммаси ўша қизни деб… Айнан ўша ҳақда сўзлаб бермоқчиман. Мен уни оқ танлилар истиқомат қиладиган жами масканлардан минг мил — балки, унданда узоқроқдир — олисларда учратдим. У менга ҳозиргина Бардуел ўқиб берган Торонинг мисраларидан — илоҳлар, ёруғ кунда дунёга келганлар ҳамда қора тунда туғилган малоикалардан парча келтирганди.

Булар Голстедга ўрнашиб олганимдан сўнг юз берди. Голстед сойи қанчалик олтин тўла ўра эканлиги хаёлимга ҳам келмаганди. Қоятоғдан Катта Бандикўл орқали шарққа «юриш» қилдим. Шимолда Қоятоғ нафақат тоғ тизмаси, балки ўтиб бўлмас чегара, девордир. Қадимда дарбадар овчилар бу тоғдан камдан-кам ўтишган, аммо бундай юраги бутунларнинг аксари йўлдаёқ бандаликни бажо келтиришарди. Шунинг учун ҳам бу машаққатли йўл ҳисобланар ва мен ушбу йўлни босиб ўтишга бел боғладим. Бундай жасурликдан ҳар ким фахрланса арзийди. Ҳозир ҳам ҳаётимдаги бошқалардан кўра шу ишимдан кўпроқ ғурурланаман.

Мен ўзга оламга тушиб қолгандим. Унинг бепоён кенгликларини ҳали биров текширмаган, бирор оқ танли одам оёғи тегмаган, ҳинду қабилалари эса бу ерларда ўн минг йиллар илгариги ибтидоий шароитда кун кўришарди… Негаки улар ўшанда ҳам ҳозиргидек оқ танлилар билан баъзи-баъзи ҳоллардагина савдо муносабатларига киришишарди. Вақти-вақти билан алоҳида ҳинду гуруҳлари шу мақсадда тоғдан ўтишарди. Лекин Гудзонов кўрфази Компанияларига ҳам манзилга етиб, бу жойларни эгаллаш насиб этмади.

Энди қизга қайтайлик. Мен агар Калифорнияда бўлганида дарё ҳисобланадиган, номсиз, бирорта харитага киритилмаган сой бўйлаб юқорига кўтарилдим. Кўз ўнгимда гоҳ баланд тош деворлар билан ўралган, гоҳ яланг хушманзара водий намоён бўлди. Яйловлардаги ўт-ўланлар одамбўйи чўзилган, майсазорлар гулларга бурканган, ҳар-ҳар ердаги қорақарағайларнинг шох-шаббалари тарвақайлаб кетганди. Елкаларига залворли юклар ортилган итларим батамом кучдан қолишди, панжалари қонталаш бўлиб кетди. Мен қандай бўлмасин ҳиндулар қўналғасини излашга тушдим. Улардан чана ва ит ҳайдовчиларни ёллаб, биринчи қор билан йўлда давом этиш умидида эдим.

Мени кузнинг охири бўлса-да бу ерларда гулларнинг очилиб тургани ҳайрон қолдирди. Чамаси, мен субарктик Американинг қаеридадир, Қоятоғдан юқорироқда тургандим, ҳақиқатда эса ҳаммаёқда бошдан-оёқ яшил гилам тўшалганди. Қачон бўлмасин бу ўлкаларда оқлар пайдо бўлади ва бу далаларга буғдой сепишади.

Ниҳоят, гулхан тутунига кўзим тушди, итларнинг акиллашини эшитдим — ҳиндуларники — ва қўноққа етиб бордим. Бу ерда тахминан, беш юзтача ҳинду бўлиб, гўштни сурлашга мўлжалланган устунлар сонидан кузги ов мавсуми омадли келганини тушундим. Xудди шу ерда уни, Люсини учратдим. Уни шундай чақиришарди. Ҳиндулар билан фақат имо-ишора орқали гаплаша олдим. Мени улкан вигвамлар — гулхан ёниб турган тарафи очиқ чодирга бошладилар. Вигвам оловранг буғу терисидан эди. Ичкарида озодалик ва саранжомлик ҳукм сурарди. Бундай саришталикни ҳали биронта ҳинду чайласида кўрмагандим. Ётаржой янги кесилган қорақарағай шохларига тўшалганди: бир қучоқ мўйна устидан оппоқ парқувдан тайёрланган адёл солинганди. Бундайин адёлни биринчи кўришим эди. Унинг устида оёқларини чалиштирганча Люси ўтирарди. Қорачадан келган, ёнғоқранг. Уни қиз деб атадим. Йўқ, у аёл эди, шукуҳли, камолотга эришган буғдойранг амазонка. Кўзлари эса мовий эди. Ҳа, мана ўшанда мени нима сеҳрлаган: унинг кўзлари, кўм-кўк — нигоҳларида дарё мовийлиги-ю, само кўклиги қоришиб кетганди, гўё. Айниқса, уларда қуёш нурларига чўммаган қайноқ хушчақчақлик жилваланар, уларда чуқур инсонийлик билан бирга… қандай тушунтирсам экан… чексиз назокат бор эди. Тағин нимани айцам экан? Бу мовий кўзларда донишманд-файласуф хотиржамлиги янглиғ оташин азобни ҳам, ғам-андуҳни ҳам, осудаликни ҳам ўқидим.

Бирдан Трифден ҳикоясини тўхтатди.
— Биродарларим, сизлар, балки, мени ортиқча ичиб қўйди, деб ўйлаётгандирсизлар. Асло. Бу кечликдан кейин бешинчиси. Мен мутлақо ҳушёрман ва тантанавор руҳдаман. Ахир, ҳозир мен билан ўтмишдаги бахтиёр ёшлигим гаплашяпти. Айни замондаги «қария Трифден» эмас, ёшлигим тасдиқламоқдаки, бу кўзлар бир пайтлар мен кўрган энг ажиб кўзлар эди: шундай хотиржам ва шу билан бир вақтда маъюс, доно ва синчков, кўҳна ва жўшқин, мамнун ва илтифотли. Йўқ, дўстларим, уларни тасвирлагани сўз тополмайман. Келинглар, яхшиси, у ҳақида гапириб бера қолай, ўзларинг тушуниб олаверасизлар…

Люси ўрнидан қўзғалмай, қўл узатди. «Ёт киши, — деди у, — сиз учун хурсандман».

Қўпол шимоли-ғарб лаҳжасини биласизларми? Қай аҳволга тушганимни фараз қилаверинглар. Мен оқ танли аёл кишини учратдим, лекин унинг лаҳжаси… Дунёнинг нариги бурчагида оқ танли аёлга дуч келиш ажойиб, бироқ, Xудо хайрингни бергур, унинг лаҳжаси кўнгилни ғаш қилар, қулоқни бузуқ оҳангдек батанг қиларди. Барибир аёл жозибали эди. Қулоқ солинг, ўзларинг амин бўласизлар.

У ишора берганди шу заҳотиёқ ҳамма чиқиб кетишди. Ҳиндулар унга қабила бошлиғига бўйсунгандай сўзсиз бош эгишарди. У эркак ҳиндуларга мен учун чодир тикишни ва итларимга ғамхўрлик қилишни буюрди. Буйруқ бажо келтирилди. Улар ҳатто мокасинимнинг боғичига ҳам қўл теккизишмади. Улар бу аёлда Итоат Этиш Керак Бўлган сардорни кўришарди. Бу ерлардан минг мил нарида ёввойилар қабиласини оқ танли аёл бошқармоқда, деган ўйдан ларзага келдим.

«Ёт киши, — деди у, — ўйлашимча, сиз бу водийга қадами етган илк оқ танлисиз. Ўтиринг, гурунглашамиз, кейин эса таомга. Қаёққа йўл олдингиз?»

Яна унинг талаффузи ғашимга тега бошлади. Бунга эътибор қилманглар. Ишонтириб айтаманки, парқув адёлга чўкиб, бу дилбар аёлга қулоқ берганча ўзим ҳам буни ўйламай қўйдим.

Бу водийда бир ҳафтача бўлдим. У ёқларда қолишни унинг ўзи таклиф этди. Ит, чана ва ҳайдовчиларни ваъда қилди. Унинг чодири бошқаларникидан алоҳида, дарёнинг юқори қирғоғида бўлиб, бир нечта ҳинду қизлар унинг хизматида эди. Биз у билан суҳбатлашардик, тинмай суҳбатлашардик, бу то биринчи қор тушиб, чана юргизишга имкон бўлмагунча давом этди. Люсининг айтишича, у чегарада туғилган экан, қашшоқ кўчманчилар оиласида. Биласизларми, уларнинг ҳаёти қанақа: меҳнат, меҳнат, боши-кети кўринмайдиган қора меҳнат…

«Мен оламнинг гўзаллигини пайқамасдим, — сўз бошлади Люси. — Бунга вақтим йўқ эди. Билардим, у ёнимда, кулбамиз атрофида, аммо нон пиширишим, супуриб-сидиришим, ҳар хил юмушларни бажаришим керак эди. Гоҳида ўлгудек эркинликни истардим, айниқса, баҳорда, қушлар навоси ақлдан оздираёзганда. Яйловларда оёқларим шабнамдан ивимагунча югургим, ўрмонга кириб, узоқ-узоқларга кетгим, довонга чиқиб, у ердан олисларга тикилгим келарди. Дараларда, кўллар бўйида санғишни, қундузлар, олачипор гулмоҳилар билан дўстлашишни, олмахонлар, қуёнлар, турли жониворлар орқасидан писиб бориб, уларни кузатишни, сир-асрорларидан воқиф бўлишни хоҳлардим. Менга шундай туюлардики, гарчи вақтим бўлганида ҳам майсалар устида ётиб, жонзотлар биз одамлар билмаган нарсалар ҳақида пичирлашаётганига қулоқ солган бўлардим».

Трифден стаканини тўлдирмагунларича кутиб турди.
— Бир сафар эса шундай деганди:

«Мени ёввойи ҳайвонлардек ой нурида, юлдузлар ҳамроҳлигида тунлари дайдиш истаги қийнарди, зулматнинг муздек баҳмали баданимни эркалаши учун ортимга қарамай югургим келарди. Қайсидир оқшом, оғир, жазирама кундуздан сўнг — шу куни нимага қўл урмай, ишим юришмади — бутунлай ҳолдан тойдим. Отамга аҳён-аҳёнда тунлари сайр қилгим келаётганини билдирдим. У ажабланиб менга бақрайиб турди-да, икки дона хапдори берди ва жойимга ётиб, мириқиб ухлаб олишимни маслаҳат берди. Шундан буён ўз истакларимни бировга ишонмайман».

Уларнинг хўжалиги оғир аҳволга тушиб, оила камбағалликка юз тутди ва улар Сиетлга кўчиб ўтишди. У ерда Люси иш куни асрга татигулик ва меҳнати оғир, тинкани қуритадиган фабрикадан иш топди. Бир йил ўтиб, арзон ресторанга официант сифатида ишга кирди.

«Азалдан, — деди бир куни менга Люси, — хаёлпарастроқман. Лекин қозон-товоғу фабрика ва арзонгаров ресторанларда хаёлпарастликка ўрин бор деб ўйлайсизми?»

Ўн саккизга тўлганда Жунода ресторан очмоқчи бўлган кишига турмушга чиқди. У кишининг озроқ жамғармаси бўлиб, Люсига бойваччадек кўринганди. Люси уни севмасди — буни доимо таъкидларди — аммо қиз чарчаганди, машаққатли меҳнат жонига текканди. Бунинг устига Жуно Аляскада жойлашган. Люси бу мўжизавий ўлкага кўчиб ўтишга жон-дили билан рози бўлди. Бироқ умидлари саробга айланди. Эри арзон ресторан очди. Тез орада Люси унинг нима сабабдан уйланганини англаб етди: мақсад — текин хизматкорга эга бўлиш экан. Люси барча юмушларни — мижозларга хизмат кўрсатишдан тортиб идиш-товоқ ювишгача бир ўзи бажаришига тўғри келди. Қолаверса, кун бўйи жиз-биз қиларди. Шу тарзда тўрт йил яшади.

Ифлос қовоқхонага банди қилинган ва нақд тўрт йил мобайнида заҳмат чекишга мажбур бўлган бу ёввойи, ибтидоий сезгига мойил, озодликка ташна ўрмон мавжудотини кўз олдингизга келтираверинглар!

«Ҳаммаси шунчалар маънисиз эдики, — деди у. — Кимга керак бунақа ҳаёт? Мен нима учун дунёга келдим? Наҳот яшашнинг маъноси ишлаш, ишлаш ва яна ишлаш бўлса? Ётганингда ҳам чарчаган бўлсанг, уйгонганингда ҳам чарчоқни ҳис қилсанг, кунлар бир-бирига икки томчи сувдек ўхшаш бўлса, бундан нима наф?» Баъзи риёкорлардан мангу ҳаёт ҳақида эшитган бўлса ҳам ўзининг ердаги ҳаёти боқийликнинг гарови бўлишига ишонмасди.

Идеал ҳаёт орзуси уни тинч қўймасди. У бир қанча китобларни ўқиб чиққан бўлса-да — айнан қайсиларини, билмайман — «Денгиз бўйи кутубхонаси» туркумидаги романлар бўлса керак, улар ҳам орзуларини озиқлантирарди, холос.

«Гоҳида, — дерди Люси, — ошхонадаги дим ҳаводан бошим шундай айланардики, агар мусаффо ҳаводан бир сипқормасам, ҳушимдан кетаёзардим. Деразадан бошимни чиқариб, кўзимни юмардим ва тасаввуримда ажиб манзаралар пайдо бўларди. Шундай туюлардики, аста юриб кетяпман, атрофимда эса сукунат, озодалик: на чанг, на ғубор. Ўтлоқларда жилғалар шилдираб оқади, қўзичоқлар чопқиллаб юришибди, сабо гулларнинг муаттар ҳидини барчага улашаяпти, борлиқ қуёш нурларига чўмган. Сигирлар тиззабўйи сувга тушиб олишган, сойда қизлар чўмилишяпти, баданлари оппоқ, нафис. Xаёлимда Аркадиядаман. Бу ўлка ҳақида қайсидир китобда ўқигандим. Балки — орзу қилардим — йўлнинг муюлишида бирдан совутлари қуёшда ялтираётган от минган рицар ёки қордай оппоқ отда малика пешвоз чиқар. Нарироқда қандайдир қасрнинг миноралари гавдаланади. Ёки кейинги бурилишда нуқрадек оппоқ, фавворали афсонавий саройни кўраман деб, ўй сурардим… Кўзимни очгач эса ошхонанинг бўғиқ нафаси тағин юзимга урилар, Жейкнинг, эримнинг овозини эшитишга мажбур эдим: «Нўхотни нега сузмаяпсан? Кун бўйи кутиб ўтираманми?» Соҳир ўй-орзулар! Эҳтимол, маст арман-ошпаз жанжал кўтариб, ошхона пичоғини бўйнимга тираганда, мен эса темир ҳовонча билан бошига туширганимда, аммо ундан аввал қўлимни қизиб турган печда куйдириб олганимда уларга ҳаммадан кўра яқинроқ тургандирман.

Мен беҳаловат, қувноқ ҳаётни, чиройли буюмларни орзу қилардим… аммо хаёлимга тез-тез шундай фикр келардики, пешонамга бахт битилмаган, қисматим фақат пишир-куйдиру қозон-товоқ ювишдан иборат. Айни дамда Жунода айш-ишрат авжига чиққан. Бошқа аёллар ўзларини қандай тутаётганларини кўрдим, лекин уларнинг ҳаёт тарзи заррача бўлсада мени ўзига жалб эта олмади. Мен пок бўлишни истардим; билмадим, нима учун. Идиш-товоқ ювиб ўласанми ё анов аёллардекми — барибир эмасми?»

Трифден бир зумга оғзига талқон солиб олди, фикрини бир жойга тўпламоқчидай эди.
— Ҳа, мана қандай аёлни учратгандим: у ёввойи ҳиндулар қабиласининг сардори эди, бир неча минг квадрат мил территорияга эгалик қиларди. Бу осонгина амалга ошганди, гарчи унинг ўзига қозон-товоқлар ичида яшаб, шу ерда рихлатга кетишдек туюлса-да.

«Исён кўтариш соати етиб келганди. Ўша кунлари сўзлари ҳалигача ёдимда бўлган газета парчаси қўлимга бехос тушиб қолди». У менга Торонинг «Инсон фарёди» китобидан парча келтирди:

«Ёш қарағайлар жўхоризорда йилдан-йилга бўй чўзади, бу мен учун қувонарли ҳол. Биз ҳиндуларни маданийлаштиришимиз лозим, деб айтамиз, лекин бу уларнинг ҳаётини ўнгламайди. Жанговор ҳамда мустақиллигича қолиб, ўрмонда танҳоликда кун кўраётган ҳинду ўзининг Xудоси билан алоқани йўқотмади. Вақти-вақти билан онда-сонда учрайдиган, ўзига хос мулоқот — табиат-ла тиллашиш бахти унга насиб этади. Унга юлдузлар яқинроқ, бизнинг майхоналаримиз эса бегона. Қалбининг ўчмас нури хира кўринади, чунки у биздан олисларда. У кўзни қамаштирадиган, бироқ зарарли ва узоққа бормайдиган шам алангаси билан рақобатга киришган нурсиз, аммо ҳимматли юлдузлар ёғдусига монанд.

Қардошлик ороллари аҳолисининг кундуз ёруғида дунёга келган илоҳлари бўлган. Аммо улар тунда туғилган Xудоларга нисбатан жуда қадимий эмас…»

Люси буларни сўзма-сўз айтди, жумлалар унинг оғзидан шукуҳли эшитиларди.

«Ана шунақа. Қолгани ертиб олинган экан, — қўшимча қилди Люси аччиқ алам билан. — Бу фақатгина газета парчаси эди, холос. Торо — буюк донишманд. У ҳақида кўпроқ билишни истардим».

Люси жимиб қолди, онт ичаманки, бир дақиқадан сўнг: «Мен унга муносиб умр йўлдош бўлардим», — деганида унинг юзи гўдакникидек беғубор эди.

Кейин, сўзида давом этди:

«Бу жумлаларни ўқиб бўлдиму менга нима бўлганини англаб етдим. Мен тун фарзанди эдим. Умрим бўйи кундуз болалари орасида бўлдим, аслида эса зулматга тегишли эдим. Мана, не боис бундай ҳаёт — қозон кавлаш, идиш-товоқ орасида ивирсиш кўнглимга ўтиришмайди, мана не боис ой шуъласи остида яланғоч бўлиб чопгим келади. Жунонинг ифлос майхоналари мен учун эмаслигини тушуниб етгандим. Ана шунда ўзимга-ўзим: «Бас, етар», — дедим, афтодаҳол уст-бошимни ечиб, ташқарига чиқдим. Жейк тўхтатишга уринди.
— Нима қилмоқчисан?
— Ўрмонга кетаман, ўз маконимга.
— Ҳеч қаёққа кетмайсан, — елкамдан тутиб, ушлаб қолмоқчи бўлди. — Ошхонадаги ҳароратдан ақлингни йўқотибсан. Бирор кулфатга йўлиқмасингдан мени эшит.

Мени эса унга револвер ўқталдим, кичкина колт-44 ва: «Мана менинг жавобим», — дедимда жўнаб қолдим».

Трифден стаканни бўшатиб, яна қуйишларини сўради.
— Биласизларми, кейин у нима қилди? У пайтда йигирма икки ёшда эди. Лаънати тўрт йилини ошхонада ўтказди, энди эса барча йўллар очиқ эди. Бу сафар ишратхонага бориб ўтирмади. Тўғридан-тўғри соҳилга. Менимча, Аляскада сув йўли билан саёҳат қилишни афзал кўришади. Айни шу дамда ҳиндулар қайиғи Дайига жўнаётганди — бундай нусхадаги қайиқни кўргансизлар, ёғочни ўйиб ясалади, энсиз, чуқур, узунасига олтмиш фут. Люси ҳиндуларга қўлидаги бор чақани узатиб, қайиққа ўтирди.

«Соҳир хаёлот? — деди у. — Соҳир хаёлот ижобати илк дақиқаларданоқ бошланди. Қайиқда мендан ташқари учта оила ҳам бор эди. Қимирлашнинг иложи бўлмасди. Оёқ тагида ит ва болакайлар ўралашишар, қайиқ олдинга силжиши учун ҳамма бирма-бир эшкак эшиши лозим эди. Икки томонимиз эса қорли тоғлар билан ўралган, улардан ҳам юксакроқда булутлар онда-сонда қуёшни яшириб туришади. Сукунатни айтмайсизми! Ҳайратомуз осойишталик! Ора-сира узоқ-узоқларга, дарахтлар орасидаги овчилар қароргоҳидан чиқаётган тутун юқорига ўрлайди. Бу саёҳат боғ сайрини эслатар, орзуларим ҳақиқатга айланишига кўз тика бошлагандим. Қандлайдир мўъжиза юз беришини кутардим ва бу чиндан-да рўёбга чиқди.

Оролдаги илк қўналғамиз, балиқ овлаётган шумтакалар, ҳиндулардан бири турган жойидаёқ пайкон отиб қулатган баҳайбат буғу! Ҳамма ёқ гулга бурканган, қирғоқдан нарироқда ўтлар одам бўйи, қалин, диркиллаб турибди. Бир қанча қизлар билан тепаликка чиқиб, маймунжон ва турфа хил илдизмевалар тердик, нордон, лекин хушхўр. Бир жойда мева билан қорин тўйғазаётган улкан айиққа йўлиқдик. У ҳуркиб кетиб, бўкирди ва бизга ўхшаб ура қочди. Гулхан атрофидаги ўйин-кулги, буғу гўштининг сўлагингни оқизадиган ҳиди! Ғаройиб! Ниҳоят мен ўз қондошларим билан бирга эдим, менинг жойим уларнинг орасида эди. Ўша оқшом уйқуга кетар эканман, чодирнинг бир четини кўтариб, виқорли тоғлар ортидан жилмайиб қараётган юлдузларга тикилдим, туннинг шивир-шивирига қулоқ солдим ва умримда илк бора ўзимни бахтиёр сездим. Эртага ҳам, унинг эртасига ҳам, умрбод шундай бўлиб қолишини билиб турардим. Ортга қайтмасликка қарор қилдим. Қайтмадим ҳам.

Хомхаёллар! Буларнинг нима эканлигини эртаси куни билдим. Биз энига ўн икки-ўн беш милдан кам бўлмаган дарёнинг ваҳимали ирмоғидан сузиб ўтишимиз керак эди. Ирмоқнинг ўртасига етганимизда довул кўтарилди. Тунни қирғоқда катта бўрибосар билан ёлғиз ўтказдим, негаки бирор кимса тирик қолмаганди».
— Фараз қилинг, — деди Трифден ҳикоясини тўхтатиб, — қайиқ ағдарилиб чўкиб кетди. Ичидагиларнинг барчаси ҳалок бўлди. Биргина Люси итнинг думига илакишганча қирғоққа чиқиб жон сақлаб қолди. Кўзини очганда жимитдек қумлоқ саёзликда эди.

«Ҳайриятки, бу орол бўлиб чиқди, — деди у. — Мен ўрмон оралаб ичкарироққа юравердим. Кўрган одам ниманидир ахтаряпти, деб ўйлаши тайин эди. Аста қадам санайвердим. Ичимда қўрқувдан асар ҳам топилмасди. Ахир, мен тун фарзанди эдим. Ўрмоннинг ваҳимаси мени қўрқитолмасди. Оролга тушганимнинг иккинчи куни излаганимни топдим. Ўрмон ичидаги тор сўқмоқда ярим вайрона кулбага кўзим тушди. У анчадан бери ҳувиллаб ётган кўринарди. Том ўпирилиб тушганди. Каравот устидаги кўрпа-ёстиқ чириб битган, ўчоқ ёнидаги хум ва қозонни ис босиб кетгнанди. Энг қизиғи ҳали олдинда эди. Дарахтлар орасидан нима топганимни хаёлингизга ҳам келтиролмайсиз. У ерда қачонлардир дарахтга боғланган саккизта от скелети ётарди. Отлар, афтидан, очдан ўлган, улардан бир уюм суяк қолганди, холос. Ҳар бир отнинг белига хуржун ортилган экан, шекилли, суяклар орасида каноп қопчиқлар ивирсиб ётарди, бу қопчиқларда эса буғу терилилари, уларнинг ичида эса… сиз ўзингиз нима бор деб ўйлайсиз?»

Люси энгашиб қорақарағай новдалари тагидан тери хуржунни олди. Оғзини ечиб умримда кўрмаган бир дунё олтинни қўлимга тўкди: бу ерда катта миқдордаги олтин қум зарралари бор эди, рангидан софлиги ва бирон марта ювилмаганлиги билиниб турарди.

«Сен тоғ муҳандисиман дединг, — мурожаат қилди менга Люси, — бу юртни яхши биларкансан. Мана шу рангдаги олтин олинадиган бирорта сой номини айта оласанми?»

Мум тишлаб қолдим. Олтинга ҳеч қанақа кумуш аралаштирилмаган, тоза эди. Олтин сифатини Люсига айтдим.

«Тўппа-тўғри, — тасдиқлади, — мен бир унсиясини ўн тўққиз доллардан пуллаяпман. Элдорадо олтинларига ўн еттидан ортиқ беришмайди, асл баҳоси эса ўн саккизга яқин. Суяклар орасидан саккиз қоп олтин топдим, ҳар бирида юз эллик фунтдан !»
— Чорак миллион доллор! — ҳайқириб юбордим.
— Ўзимнинг хомчўтим бўйича ҳам шунча. Мана сизга хаёлот! Шунча йил молдек ишладим, озодликнинг таъмини татиб кўришим биланоқ — уч кун ичида бир дунё саргузашт! Бу олтинларни қўлга киритган одамларга нима бўлган экан? Мен тез-тез бу ҳақида бош қотирардим. Юк ортилган отларини дарахтга боғлаб, ер юзидан изсиз йўқолишган. Уларнинг қисмати нима билан тугаганини биров билмайди, шундай экан мен, тун фарзанди, ўзимни уларнинг ҳаққоний меросхўри хисоблайман».

Трифден сигара тутатиб ўйга чўмди.
— Биласизларми, кейин у қандай йўл тутди? У ҳамма бойликни яширди, фақатгина ўттиз фунт олтинни чўнтагига жойлаб соҳилга қараб кетди. Соҳилга яқинроқ жойдан сузиб ўтаётган қайиқни тўхтатиб, Дайидаги Пет Xили факториясига жўнади. Керакли аслаҳа-анжом сотиб олиб, Чилкут довонини ошиб ўтди. Бу минг саккиз юз саксон саккизинчи йили, Клондайк олтин кони очилмасидан саккиз йил аввал, Юкон соҳиллари ўлик саҳрога эврилмасидан илгари бўлганди. Люси ҳиндулардан ҳайиқарди, шундай бўлса-да кўлни сузиб ўтиб, қуйи Юконда биринчи учраган қўналға томон дарё бўйлаб пастга тушди. Бир неча йил саргардон юрди. Кейин эса биз учрашган жойга келиб ўрнашди. Бу жойлар унга ёқиб қолди. Ўзи айтганидек, бу масканда «водий юрагида тизза бўйи алвонранг гулсафсарлар орасида савлат тўкиб турган эркак буғу»ни кўрганди. У ҳиндулар орасида яшаб қолди, уларга табиблик қилди, ишончга кирди ва аста-секин уларга йўлбошчилик қила бошлади. Шундан бери фақат бир марта иссиқ ўрнини тарк этди: ёш ҳиндулар гуруҳи билан Чилкутдан ўтиб, яшириб қўйган олтинларини ковлаб олди-да маконига қайтди.

«Мана, шу ўлкада кунимни кўряпман, ёт киши, — ҳикоясини тамомлади Люси, — манави эса менинг энг бебаҳо хазинам».

Люси бўйнига осиб олган буғу терисидан тикилган нишонсимон халтачани олиб, уни очди. Ичидан ёғ босган шойига ўралган, вақт ўтиб сарғайган, яғири чиқиб кетган, Торонинг жумлалари ёзилган газета парчасини чиқарди.
— Xўш, бахтлимисиз? Ҳаётингиздан мамнунмисиз? — сўрадим. — Чорак миллион доллар билан Штатларда ҳам ишламай яшашингиз мумкин. Сизга бу ерда кўп нарса етишмаса кераг-ов.
— Унчалик эмас, — жавоб берди Люси. — Мен Штатлардаги биронта аёл билан ўрин алмашмасдим. Менинг жойим шу ерда, ўзимга ўхшаганлар орасида. Тўғри, шундай дақиқалар бўладики, — унинг кўзларида юқорида айтилган надоматни кўрдим, — ёнимда Торо бўлишини астойдил хоҳлайман.
— Сабаб?
— Унга турмушга чиқиш учун. Бора-бора ўзимни ёлғиз ҳис қиляпман. Мен ҳам ожизаман, оддий аёлман. Бошқа тоифадаги аёллар, худди мен каби уйдан қочиб кетиб, ҳайратланарли жасурликлар кўрсатган, масалан, аскар ёки денгизчи бўлган аёллар тўғрисидаги миш-мишлар қулоғимга чалинган. Улар аломат аёллар. Улар эркакшода аёллар, чин маънодаги аёл кишида бўладиган эҳтиёжга муҳтож эмаслар. Улар муҳаббат ўтида ёнмайдилар, бола кўришни хоҳламайдилар. Мен бўлсам, айнан ушбу тоифаданман. Ўзингиз баҳо бериб кўринг, наҳот эркакка ўхшасам?

Мутлақо. У зиғирча бўлса-да эр кишига ўхшамасди. У тўлачадан келган, мовий кўз, дилбар, қорамағиз аёл эди.
— Наҳот мен аёл киши бўлмасам? Ҳа, мен ҳам бошқа аёлларга ўхшайман. Шуниси ғалатики, тун фарзанди бўла туриб, севгига келганда ўз-ўзимга ўхшамай қоляпман. Ўйлашимча, инсон доимо ўзи кабиларни севади. Менда ҳам шундай бўлди.
— Наҳот бирон … — оғиз очдим.
— Асло, — гапимни бўлди. Нигоҳларидан билдимки, ҳақиқатни гапираётганди. — Бир мартагина эр қилдим — энди уни хаёлларимда «Ҳўкиз» деб атайман. У ҳозир ҳам Жунодаги қовоқхонасида бўлса керак. Ўша ёқларга йўлингиз тушса, йўқлаб қўйинг. Унинг мен айтган лақабга қанчалик лойиқ эканлигига ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз.

Икки йил ўтиб «Ҳўкиз»ни излаб топдим. У чинданда Люси таърифлагандек экан. Боқибеғам, бақалоқ — ҳақиқий ҳўкиз. У аранг оёқ судраб, ўзининг емакхонасида мижозларига югириб-еларди.
— Ёнингизда суянч бўлгани аёл кишининг қўли етишмас экан, — дедим унга.
— Қачонлардир бўлган ҳам эди.
— Вафот этдими?
— Ҳа, вафот этди. У ҳар доим ошхонанинг бўғиқ ҳавоси сабаб ақлидан озишини такрорлайверарди. Шундай ҳам бўлди. Кунларнинг бирида менга револвер ўқталди-да, сивашлар билан қайиқда қочиб кетди. Довул туриб, ҳаммаси сувга ғарқ бўлди.

Трифден яна стаканни тўлатиб, анчагача сукут сақлади.
— Xўш, аёлга нима бўлди? — эсга солди Милнер. — Энг қизиқ жойида тўхтаб қолдинг-ку. Кейин нима бўлди?
— Кейинми, — давом этди Трифден, — кейин ўзининг айтишича, бошқа ҳаммасида ёввойилигича қолган бўлса-да, турмуш ўртоғини ўз ирқидан бўлишини истарди. У менга рафиқа бўлишни хоҳлаётганини мулойимгина, рўйрост тушунтирди.
— Ёт киши, — деди у, — кўнглимдаги инсон бўлиб чиқдингиз. Модомики, кузда Қоятоғни ишғол этиб, бу ерларга қадам ранжида этибсизми, демак, бизнинг турмуш тарзимиз сизга маъқул экан. Қаранг, қандлай гўзал жойлар. Бундан яхшисини тополмайсан. Шу ерларда қолсангиз бўлмайдими? Мен садоқатли хотин бўламан.

У жавобимни кутарди. Тан олишим керакки, ичимда жон деб турардим. Мен ошиқ бўлиб қолгандим. Лек, кўриб турганингиздек, бўйдоқман. Ортимга ўгирилиб, айтишим мумкинки, Люси мени ўзига ром эта олган ягона аёл эди. Бироқ бўлиб ўтган воқеалар менга ўта бемаъни туюлди. Суюкли аёлим бор, дея жентлменлардек қулоғига лағмон илдим.
— У сени кутаяптими? — сўради Люси.
— Бўлмасамчи.
— Сени севадими?
— Севганда қандоқ.

Шу билан ҳаммаси тугади. Люси қайтиб бу мавзуга тўхталмади… фақат бир сафаргина… ичидаги тўфонни ушлаб туролмади.
— Биргина қош қоқсам бўлгани, — деди раҳнамо, — сен бир қадамга-да жойингдан жилолмайсан… Ҳа, бир оғиз сўзим кифоя — бу ерда умрбод қолиб кетасан. Йўқ. Мен бундай қилмайман. Агар сен хоҳламас экансан, сени ушлаб туролмайман. Менинг муҳаббатим ҳам сенга керак эмас экан.

Люси чодирдан чиқиб, йўлга отланишимга кўмаклашишларини амр этди.
— Жўнаб кетаётганинг юрагимга ўт соляпти, — деди у видолашаётиб. — Сени севиб қолдим. Агар фикрингни ўзгартирсанг, ёнимга қайт.

Мен уни ўпгим келарди, ахир, мен унинг ишқида ёнардим, бироқ юрагим бетламасди. Кейин, бунга қандай қарайди, билмайман. Унинг ўзи ёрдамга келди.
— Мендан бўса ол, — деди у, — бўса ол, кейин эслаб юриш учун.

Биз Қоятоғ этагидаги қорли водий бағрида оғиз-бурун уриштирдик. Люсини йўл четида қолдириб, итларим изидан чопиб кетдим. Довонни ишғол этиб, Катта Бандикўлдаги илк учраган постга етиб келгунимча бир ярим ой муддат керак бўлди.

Дераза ортидаги шаҳар олислардаги тўлқинлардек шовулларди. Официант найчали стакан келтирди. Жимжитликда Трифденнинг овози дафн қўнғироғидек ингради:
— Ўша ёқларда қолганимда яхши бўлармиди. Аҳволимга қаранглар.

Биз унинг оқ оралаган соқол-мўйловига, ялтирбошига, салқиган кўзларига, осилган лунжларига, бақбақаларига назар ташладик. Бу сийрат қачонлардир кучли, зуваласи пишиқ, собитқадам бўлган, эндиликда эса ниҳоятда зерикарли ва фаровон турмушдан мой боғлаган, ҳаётдан тўйган, шарти кетиб, парти қолган инсоннинг инъикоси эди.
— Ҳали ҳам кеч эмас, қария, — Бардуелнинг товуши базўр эшитилди.
— Xудо ҳаққи, қўрқоқлигимдан афсус чекаман! — Трифденнинг нидоси отилиб чиқди. — Унинг ёнига қайцам бўларди. Ҳозир ҳам ўша ерда. Мен бел боғлаб, тоғу-тошларда у билан бошқача ҳаёт кечиришим мумкин эди… Бу масканларда қолиш — ўз жонига қасд қилиш билан баробар! Лекин аҳволимга разм солинглар: ўзим бор-йўғи қирқ еттида бўлсам-да мункиллаган чолдан фарқим қолмаган. Энг ёмони шундаки, — стаканни қўлига олиб, унга тикилди, — бундай тарзда ўз жонига суиқасд қилиш жасорат талаб қилмайди. Мен ўзбошимчалигимча қолдим. Олис сафар ўйидан этим жимирлайди; тонгги аёз, муз қоплаган чаналар даҳшатидан юрагим орқага тортади.

Одатдагидек стаканнинг пешонасини лабига олиб борди. Кейин бирдан ғазаб оловида стаканни полга уриб чилпарчин қиладигандек тараддудланди. Аммо ғазаб ўрнини аввалига иккиланиш, сўнг ўйчанлик эгаллади. Стакан боз кўтарилиб, лабга тегар-тегмас тош қотди. Трифден хириллаб, ҳасрат-ла жилмайди, бироқ сўзлари тантанавор янгради:

— Тун Фарзанди учун қадаҳ кўтарайлик! У чинакамига беназир аёл эди!