OʻzLib elektron kutubxonasi
Бош Сахифа Асарлар Бўлимлар Муаллифлар
Bosh Sahifa Asarlar Boʻlimlar Mualliflar
 
Асарга баҳо беринг


Асарни сақлаб олиш

Асарни ePub форматида сақлаб олиш (iBooks ва Kindle каби ereader'ларда ўқиш учун) Асарни PDF форматида сақлаб олиш Асарни OpenDocument (ODT/ODF) форматида сақлаб олиш Асарни ZIM форматида сақлаб олиш (Kiwik каби e-reader'ларда ўқиш учун) Icon book grey.gif

Асар тафсиллари
МуаллифЖек Ритчи
Асар номиСтатистика барибир статистика-да! (ҳикоя)
ТуркумларКутубхона
Xалқлар
   - Жаҳон/Америка адабиёти
Бўлимлар
   - Сараланмаган
Муаллифлар
   - Жек Ритчи
Услуб
   - Наср
Шакл
   - Ҳикоялар
Ёзув
   - Кирил
ТилЎзб
ТаржимонДилшодбек Асқаров (рус тилидан)
Ҳажм24KB
БезатишUzgen (admin@kutubxona.com)
Қўшилган2011/07/18
Манбаhttp://www.ziyouz.com/index...


iPad асбоблари
Bu asarni ePub versiyani saqlab olish


Мазмун
Бу асар Ўзбек электрон кутубхонасида («OʻzLib»да) жойлашган. OʻzLib — нотижорат лойиҳаси. Бу сайтда жойлашган барча китоблар текин ўқиб чиқиш учун мўлжалланган. Ушбу китобдан фақатгина шахсий мутолаа мақсадида фойдаланиш мумкин. Тижорий мақсадларда фойдаланиш (сотиш, кўпайтириш, тарқатиш) қонунан тақиқланади.



Logo.png





Статистика барибир статистика-да! (ҳикоя)
Жек Ритчи

-Мен ҳам шу мамлакатнинг фуқаросиман ва солиқ тўлайман!-қичқирдим мен.-Ҳамма нарсани олдингидек қилиб тиклаб беришларингни талаб қиламан!

-Ўзингизни босинг, жаноб Уоррен,-деди сержант Литтлер истеҳзо билан.-Тиклаймиз. Бирор нима топиш ёки топмаслигимиздан қатъи назар.

У «бирор нима» деганда политсия икки соатдан бери излаётган хотинимнинг жасадини кўзда тутганди.

-Сизларга қийин бўлади!-дедим мен.-Қаранг, ҳовлимни расво қилиб ташладинглар! Одамларингиз бутун боғимни ағдар-тўнтар қилиб ташлашди! Уй олдидаги гулзорни қаранг! Энди эса ертўламни кавлашмоқчи!

Аммо ошхонамда қулайгина жойлашиб олган Литтлер киноя билан «ҳм» деб қўйди ва луқма ташлади:

-Қўшма Штатларнинг ҳудуди уч миллион йигирма олти минг етти юз саксон тўққиз квадрат милга тенг.

Гап оҳангидан унинг бу рақамларни айнан мана шундай ҳолатлар учун ёдлаганини сезиш мумкин эди.

-Гавайи ва Аляскани ҳам қўшиб ҳисоблагандами?-сўрадим мен кесатиб.

Сержант эътиборсиз қўл силтади.

-Уларни ҳисобга олмаса ҳам бўлаверади. Тоғлар ва текисликлар, шаҳар ва саҳролар, дарё ва кўллар етади... Аммо бир нарса аниқ-статистикага қараганда, хотинини ўлдирганлар жасадни аксарият ҳолларда уйи яқинига беркитишади.

«Албатта», ўйладим мен. «Жуда ишончли-да. Жасадни, масалан, ўрмонга кўмсанг, эртами-кечми кимдир топиб олиши мумкин. Ҳа, статистика билан баҳслашиб бўлмайди».

-Ҳовлингиз майдони қанча?-заҳархандалик билан сўради Литтлер.

-Юз элликка олти юз фут. Боғни шу ҳолга келтиргунча қанча тер тўкканимни биласизми ўзи? Одамларингиз боғни кавлаб ташлашди.

-Жаноб Уоррен, тез орада сизни боғ эмас бошқа жиддийроқ нарса ташвишлантирмаса деб қўрқаман.

Мен деразадан ташқарига қарадим. Детектив Чилтон раҳбарлигидаги гуруҳ ҳовлининг орқа тарафини ўра қилиб ташлаётганди.

Мени кузатиб турган Литтлер бош силкиди.

-Ишонаверинг, биз ўз ишимизни яхши биламиз. Бутун боғингизни кавлаб чиқамиз, камин ичидаги кулни текширамиз...

-Биз мойли иситгич ишлатамиз,-унинг гапини бўлдим мен.-Менга қаранг, мен хотинимни ўлдирганим йўқ ва унинг қаерда эканлигини ҳам билмайман.

-Унинг йўқлигини қандай изоҳлайсиз?

-Ҳеч қандай изоҳим йўқ. Тунда нарсаларини йиғиштириб, хайр-маъзурни насия қилиб жўнаб қолган. Аксарият кийимлари йўқ бўлиб қолганини сезгандирсиз?

-Унинг қанақа кийимлари бўлганини мен қаердан биламан?-Литтлер Эмилининг суратига кўз ташлади ва пешонасини тириштирди.-Жаноб Уоррен, ростини айтинг, унга нима учун уйлангансиз?

-Табиийки, севганим учун!

Агар хотинимнинг суратини кўрганингизда эди, сержант нима учун менга ишонмаётганини дарҳол тушунган бўлардингиз.

-Билишимча, унинг ҳаёти юз минг долларга суғурта қилинган. Сизнинг фойдангизга.

-Хўш, нима бўпти?-Тўғри, суғурта ҳам аҳамиятга эга эди, аммо Эмилидан унинг минғир-минғирларидан зерикканим учун воз кечгандим.

Мен унга турмуш қуришни таклиф қилганимда, тўғрисини айтиш керак, ишқ-муҳаббатдан ёниб-куймаётгандим. Нима учун унга илакишиб қолганимни сўрамоқчимисиз? Ўзим ҳам билмайман. Менимча, бўйдоқлик қирқдан ўтган эркакнинг жонига теккач шундай қилса керак. Иккимиз битта фирмада ишлардик: мен бош ҳисобчи, Эмили котиба эди. Камтар, уятчан, тузукроқ кийинишни ҳам билмайдиган, иккита сўзни бир-бирига қўшиб айтолмайдиган бу қизнинг ақли ҳам фақат аёллар журналларини ўқишгагина етарди, бу ҳам баъзи-баъзида. Қисқаси, никоҳга фойдали битим сифатида ёндашадиган эркак учун мос қиз эди.

Бу хурлиқо қонуний хотиним бўлгач, ярим йилда шаллақи ва доим ҳеч нарсадан қониқмайдиган мавжудотга айланганини кўриб ҳайратдан ёқа ушлаб қолдим.

-Муносабатинглар қандай эди?-сўради Литтлер.

«Жуда ёмон», ўйладим ичимда, аммо бошқача жавоб қайтардим:

-Жанжаллашиб турардик. Бошқа оилаларда бўлгани каби.

-Қўшниларингиз эса сизлар тинмай жанжаллашганингларни айтишди.

Қўшнилар бу -Фред ва Вилма Триберлар. Уйимиз бурчакда жойлашгани учун улар менинг ягона қўшниларим, Моррисларнинг ҳовлиси анча узоқда бўлгани учун Эмилининг шанғиллашларини улар эшитишмасди. Яна билиб бўлмайди. Хотинимнинг вазни ортгани сари унинг овози ҳам ўткирлашиб бораётганди.

-Триберлар сизларнинг деярли ҳар оқшом бақир-чақир қилганингларни эшитишган.

-Аввал ўзларига боқишсин. Улар фақат хотинимнинг овозини эшитишган, мен ҳеч қачон бақирмаганман.

-Хотинингизни охирги марта жума куни кечки пайт олти яримларда кўришган.

Ҳа, у дўкондан музлатилган товуқ олиб келганди. У шундан бошқа овқатни эплай олмагани учун нонушта ва кечки овқатни ўзим тайёрлар, тушликни эса ишхонада қилардим.

-Шахсан мен Эмилини охирги марта ухлашга ётаётганимда кўрганман. Эрталаб қарасам, у йўқ экан.-Ертўлада ер ўядиган ускунанинг овози эшитилди ва мен эшикни ёпдим.-Айтганча, агар сир бўлмаса, гувоҳ ким?

-Трибер хоним.

Вилма билан Эмилининг ўртасида ҳеч қанақа фарқ йўқ. Иккаласи ҳам товуқмия аёллар. Кўзлари нимагадир доим ёшланиб юрадиган Фред эса тузук эркак. Бунинг устига, шахматни яхши ўйнайди ва мени қатъиятли эканлигим учун ҳурмат қилади.

-Ўша тунда,-гапида давом этди Литтлер,-жаноб Трибер уйингизда даҳшатли чинқириқни эшитган.

-Даҳшатли?

-У шундай деди.

-Шунақами? Вилма ҳам эшитгандир?

-Йўқ, у ухлаётган бўлган.

-Моррислар ҳам бу «даҳшатли» чинқириқдан уйғониб кетишибдими?

-Йўқ, уларнинг уйи сизнинг уйингиздан анча узоқда.-Литтлер чўнтагидан трубкасини олди.-Трибер хотинини уйғотмоқчи бўлган, аммо кейин фикридан қайтган. Ўзи эса ухлай олмаган. Тунги иккиларда эса ғалати товушни эшитган. У дераза ойнасидан қараб, боғда чуқур кавлаётганингизни кўрган. Шунда у хотинини уйғотган, шундай қилиб бизда нақд иккита гувоҳ бор.

-Ҳа, шулар етказибди-да!

-Ҳа. Бунақа катта қути сизга нима учун керак бўлиб қолди?

-Бошқаси топилмади. Барибир бу қути тобут учун кичиклик қилади.

-Трибер хоним эртасига кун бўйи шу ҳақда ўйлаган. Сиз хотинингиз «бир оз муддатга» кетганини айтганингиздан кейин у сиз хотинингизни... бўлакларга бўлиб кўмиб юборганингизга ишонч ҳосил қилган.

-Эмилининг ўрнига нима топдинглар?

-Мушук жасадини,-минғирлади Литтлер.

-Тушунарли,-бош силкидим мен.-Демак, мени ўлган мушукни ўз боғимда кўмганим учун жиноятда гумон қиляпсизлар.

-Жаноб Уоррен, сиз дастлаб бирор нарса кўмганингизни рад қилаётгандингиз.

-Мен қаердан билай, аллақандай мушук...

-Кейин эса мушук табиий ўлим топганини айтдингиз.

-Унақамасми?

-Бу хотинингизнинг мушуги. Кимдир унинг бўйнини қайириб ташлаган. Бу шундоқ ҳам кўриниб турибди.

-Биласизми, менинг ўлган мушукка қарайдиган одатим йўқ.

-Менимча, сиз хотинингизни бир ёқли қилгач, мушукни ҳам ўлдиргансиз,-деди Литтлер трубкасини силкитганча.-Чунки у хотинингиз ҳақида эслатиб турарди. Балки мушук сиз жасадни қаерга кўмаётганингизни кўриб қолган, охир-оқибат эса у бизга ёрдам...

-Сержант, гапингиз кулгили чиқяпти.

Унинг юзи қип-қизил бўлиб кетди.

-Мутлақо! Ҳайвонлар эгаси кўмилган жойни кавлагани ҳақида эшитганмиз.

Литтлер ер кавлайдиган ускунанинг овозига қулоқ солди.

-Бизга одам йўқолгани ҳақида хабар беришса, биз бир-икки ҳафта кутамиз. Одатда, йўқолган одамнинг пули тугаб, уйига қайтади.

-Унда кутиш учун сизларга нима халақит берди? Ишончим комил, бир неча кундан кейин Эмили қайтади. У ўзи билан юз доллар олиб кетган, холос.

Сержант инкор маъносида бош чайқади.

-Аёл йўқолиб қолганида эри тунда ер кавласа биз кутиб туролмаймиз.

Мен ҳам кутиб туролмасдим. Ахир Эмилининг жасадини бир умр сақлаб туролмайман-ку. Шунинг учун Триберлар олдида мушук саҳнасини ўйнашимга тўғри келди.

-Шунинг учун ҳамма ёқни кавлаб ташлабсизлар-да? Огоҳлантираман, ҳар бир тош, майса, ғишт ва бошқа нарсалар ўз ўрнига тикланмаса жавоб берасизлар!

Литтлер елкасини қисди.

-Бундан ташқари, гиламда қон изларини аниқладик.

-Бу менинг қоним.-Мен бинт боғланган қўлимни унинг бурнига тирадим.-Қўлимни кесиб олдим.

-Сиз буни ўзингизни оқлаш учун атайлабдан қилгансиз.

У ҳақ эди.

Шу пайт Триберга кўзим тушиб қолди-у панжарага суянганча ишчиларнинг «бузғунчилик фаолияти»ни томоша қилиб турарди.

-Анавиларга бир-иккита ширин гапим бор!

Тупроқ уюмларига қоқилиб, ўралардан сакраб-сакраб Литтлер иккимиз Трибернинг ёнига келдик.

-Яхши қўшни экансиз!-дедим тишларимни ғижирлатиб.

У ютинди.

-Алберт, ишонинг, шахсан мен сиздан шубҳаланаётганим йўқ, аммо Вилмани биласиз-ку.

-Шу дақиқадан бошлаб шахматни эсдан чиқаринг!-Мен Литтлерга ўгирилдим.-Хотинимни айнан уйимга кўмганимни қаердан олдингиз?

Сержант оғзидан трубкасини олди.

-Жума куни соат беш яримларда сиз Мюррей-стритдаги устахонага мотор мойини алмаштиргани боргансиз. Механик квитантсияга спидометр кўрсаткичи ва иш тугаган вақтни ёзган. Шундан кейин сиз атиги саккиз мил йўл юргансиз. Устахонадан гаражингизгача бўлган масофа роппа-роса шунча чиқади. Бошқача айтганда, сиз у ердан тўғри уйингизга қайтгансиз. Шанба кунлари ишламайсиз. Бугун якшанба. Демак, жума куни машинангизда бошқа ҳеч қаерга бормагансиз.

«Бўлди, ҳаммаси мен ўйлагандай!». Агар политсия машинамни текширмаса, ўзим уларга бу фикрни тақдим этмоқчи эдим.

-Жасадни атрофдаги бирорта ташландиқ жойга кўмишим мумкинлиги ҳақида ўйлаб кўрмадингизми?

-Энг яқин ташландиқ жой уйингиздан тўрт квартал нарида. Сиз жасадни кўчама-кўча судраб юрмаслигингиз аниқ. Ҳатто тун бўлса ҳам.

Трибер аста йўталиб қўйди.

-Кечирасиз, Алберт, гулзорингиз пайҳон бўлиб бўлди, менга бир-иккита гулингиздан бермайсизми?

Мен унга еб қўйгудек қараб қўйдим ва уйга йўл олдим.

Кун ботгани сари Литтлернинг кўзидаги ишонч сўниб борарди. Соат олти яримларда ертўладаги ускунанинг овози ўчди ва ошхонада ҳамма ёғи тупроққа беланган детектив Чилтон пайдо бўлди. Унинг кўриниши ҳорғин эди.

-Ҳеч нарса! Мутлақо ҳеч нарса.

Литтлер трубкасини маҳкам тишлади.

-Аниқми? Яхши қидирдингизларми?

-Ҳамма ёқни титиб ташладик,-хириллади Чилтон.-Агар у ерда жасад бўлганида аллақачон топган бўлардик.

Литтлер менга нигоҳ ташлади.

-Лекин сиз хотинингизни ўлдирганингизни биламан!!! Сезяпман!

У сезаётгани аниқ бўлса-да, мен фақат сезгисига таяниб иш кўрадиган одамларга ачинаман.

-Бугун кечки овқатга қовурилган жигар еймиз,-дедим қувноқлик билан.-Ишингиз тугадими?

Хонага шошиб-пишиб детектив Смит кириб келди.

-Сержант, мен Трибер билан гаплашдим...

-Хўш?!-сўради Литтлер.

-Маълум бўлишича, кўл бўйида жаноб Уорреннинг ёзги коттежи бор экан.

Қўлимдаги жигар тушиб кетай деди. Аҳмоқ Трибер! Доим лақиллаб юради!

-А-ҳа!-қувонч билан қичқирди Литтлер.-Мен нима дегандим?! Улар қурбонларини яқин-атрофга яширишади! Статистика барибир статистика-да!

-Ҳаққингиз йўқ!!!-портладим мен.-Мен у ерга икки минг доллар сарфлаганман. У ерни ҳам расво қилишингларга йўл қўймайман!

Литтлер истеҳзоли кулимсиради.

-Чилтон, прожекторларни тайёрланг ва одамларни...-у менга ўгирилди.-Кулбангиз қаерда ўзи?

-У ерга бормаганимни жуда яхши биласиз-ку! Спидометрни текширгансиз-ку!

-Кўрсаткични орқага қайтариб қўйган бўлишингиз мумкин. Манзилни айтинг?

-Айтдим-ку!

-Нима, ёқмаяптими? Ёки бугун у ерга бориб жасадни кавлаб олиб бошқа жойга кўммоқчимидингиз?

-Бекор гап! Умуман олганда, конститутсияга кўра, мен гапирмаслик ҳуқуқига эгаман.

Литтлер бир кулиб қўйиб телефонга қўл узатди ва бир оздан сўнг коттежим манзилини аниқлади.

-Менга қаранг!-ўшқирдим у гўшакни қўйганида.-Буни шундай қолдирмайман! Мен... мен мергача бораман!

Литтлер қўлларини ишқалаганча менга кўз қисди.

-Чилтон, эртага бу ҳовлини тартибга келтириб қўйишсин.

-Ҳар битта гул, ҳар битта майсани, акс ҳолда политсияни судга бераман! Шахсан сизни ҳам! Умрингизнинг охиригача ҳам қарзингиздан қутулолмайсиз!

Улар шошилиб чиқиб кетишди, аммо менинг кайфиятим тушиб кетган эди.

Роппа-роса ярим тунда эшигим тақиллади. Эшикни очдим. Остонада Трибер турарди.

-Алберт, мен...

-Нимага уларга коттеж ҳақида гуллаб қўйдинг?!

-Кечир. Билмасдан оғзимдан чиқиб кетибди.

-Улар ҳамма ёқни кавлаб ташлашади. Шунча меҳнат... Майли, бўлар иш бўлди. Вилма ухлаяптими?

Фред бош силкиди.

-Замбарак отсанг ҳам уйғонмайди.

Мен палтомни кийдим ва биз Фредларнинг ертўласига тушдик. Эмилининг жасади ўша ерда, эски брезент тагида турарди.

Уни худди бомба тушгандек аҳволга келиб қолган ертўламга олиб келдик ва энг чуқур ўрага жойлаб, устидан тупроқ ташладик.

-Уни топа олмасликларига ишончинг комилми?-сўради Фред ташвишли оҳангда.

-Юз фоиз. Бу ерни бошқа кавлашмайди.

У менга тикилди.

-Э Худо, наҳотки мен бир йил кутаман?

-Бошқа иложинг йўқ. Лекин Вилмангни асфаласофилинга жўнатганингдан кейин қидирув тугагунча у менинг ертўламда туриб туради. Политсия энди менинг уйимга қайтиб бош суқмайди, аммо сенинг ҳовлингни тит-питини чиқариб ташлашлари аниқ. Статистика билан баҳслашиб бўлмайди.

-Жин урсин статистикасиниям! Ундан нима фойда!-Фред бошини сараклатди.-Нимаям дердим, танга ташлаганимизда сен ютдинг. Ҳалол бўлди.-У чуқур уф тортди. -Алберт, сен жиддий айтдингми?

-Нимани?

-Шахматни. Мен билан қайтиб шахмат ўйнамаслигингни айтдинг. Наҳотки шу гапинг рост бўлса?

Эртага коттежим қандай аҳволда бўлиши кўз олдимга келди ва мен «ҳа» демоқчи бўлдим. Аммо у кўзимга мўлтираб қараб турарди...

-Нима деяпсан! Албатта, йўқ.

Қувончдан Фреднинг кўзлари порлаб кетди.

-Унда мен югуриб шахматни олиб чиқай.